Жек Лондон. Исёнчи (ҳикоя)

Тураман. Меҳнатга чақирар кундуз.
Ялқовликни ато қилмагин, ё, Раб!
Кундузи танамдан агар чиқса жон,
Қилган меҳнатим чун айлагил эҳсон!
Омин.
— Ҳозироқ тур, Жонни. Бўлмаса овқат бермайман!
Бу гaп болага таъсир қилмади. Бола уйғонишни сира ҳам истамас, хаёлпараст ўз хаёлий орзулари-дан ажралишни истамаганидек, ширин уйқудан ажралгиси келмасди. Бола муштларини қисиб, заиф ва тартибсиз равишда ҳавони муштларди. Бу зарблар онасига қарши қаратилган, аммо онаси бунга одатдагидек чаққонлик билан чап берар ва боланинг елкасидан ушлаб, уни қаттиқ-қаттиқ силкитар эди.
– Бор-е-е!..
Бола уйқу аралаш бўғиқ ингради-ю, аммо бу инграш тезда ғазабли қичқириққа айланди, кейин бола жим бўлди-да, кетидан алланарсалар деб ғўлдиради. Бу жон аччиғидаги қичқириқ, жаҳаннамда жон азоби чекиб ётган одамнинг аламли қичқириғи эди.
Аммо она бунга эътибор бермади. Кўзлари ғамгин, юзлари ҳорғин бу хотин кунда бўладиган бу машмашага ўрганиб қолган эди. Она кўрпанинг бир учидан тутиб, боланинг устини очиб ташламоқчи бўлди. Лекин бола мушт солишдан воз кечиб, жон-дили билан кўрпага ёпишиб олди. У каравотнинг оёқ томонида ғужанак бўлиб олиб, кўрпадан ажралишни истамасди. Ундан кейин онаси каравотдаги кўрпа-тўшакнинг ҳаммасини ерга тортиб туширмоқчи бўлди, бола бунга ҳам қаршилик кўрсатди. Онаси бутун кучи билан тортди, зўрлик қилди, кўрпа бола билан бирга ерга сирғалиб туша бошлади. Бола одатдагидек кўрпага маҳкам ёпишиб, иситилмаган уйдаги совуқдан жон асрамоқчи бўларди.
Бола каравотнинг чеккасида осилиб, полга йиқилай-йиқилай деб турарди, шунда уйқуси уча бошлади. У дик этиб ўрнидан туриб ўтириб олди-ю, йиқилмади; кейин оёқларини полга осилтирди. Шу заҳоти онаси уни елкасидан тутиб силкитди. Бола яна муштларини ишга солди, бу гал у мўлжалига кучлироқ ва бехатороқ мушт урди. Унинг кўзлари очилди. Онаси уни қўйиб юборди — бола уйғонган эди.
– Хўп, хўп, – деб минғиллаб қўйди у.
Онаси стол устидан лампани олди-да, уни қоронғуда қолдириб ошхонага чиқди.
— Ойлигингдан ушлаб қолишади, ўшанда биласан! – деди она чиқиб кетаркан.
Қоронғулик унга халақит бермади. Бола кийиниб ошхонага чиқди. Унинг оғир қадам ташлаши ориқ, нозик гавдасига ҳеч мос келмасди. Бола оёқларини оғир судраб босарди, бу эса ғалати кўринарди: унинг оёқлари ингичка ва қоқ суяк эди. У стол олдига синиқ стулни сурди-да, ўтириб олди.
— Жонни! – деди онаси норозилик билан.
Бола индамай жаҳл билан ўрнидан турди-да, чаноқ олдига келди. Бу чаноқ ифлос, мой босиб кетган, унинг тешигидан ёмон ҳид келиб турарди. Бола буни сезмасди. Чаноқдан сассиқ ҳид келиб турганлиги, шунингдек ювинди сингиб кетган совуннинг кўпирмаслиги ҳам унга табиий бир ҳол эди. Тўғрисини айтганда, совун билан ювинишга ҳафсаласи ҳам йўқ. У юзига бир неча марта сув сепди-да, шу билан ювинишни тамом қилди. У тишларини тозаламади, тиш чўткасини умрида кўрмаган. Дунёда тиш тозалашга ҳам вақт сарф қилиб ўтирадиган аҳмоқ одамлар бўлади деб ҳатто хаёлига ҳам келтирмасди.
– Ҳеч бўлмаса кунда бир марта ювинишни одат қилсанг эди, – деди ўпка қилиб онаси.
Кофейникнинг синиқ қопқоғини бир қўли билан ушлаб туриб, онаси иккита чашкага кофе қуйди. Бола онасининг таънасига жавоб бермади, чунки бy она-бола ўртасидаги ҳар кунги савдо бўлиб, она фақат бир нарсани — ҳеч бўлмаса кунда бир марта ювинишни қатъий талаб қиларди. Жонни юзини ёғ босиб кетган, йиртиқ сочиққа артди. Унинг бетига сочиқ иплари ёпишиб қолди.
– Уйимиз ишхонадан жуда узоқ-да, – деди она бола стол ёнига ўтирганда. – Биласан-ку ахир, қўлимдан келганича тиришаман. Лекин уйимиз кенг, ижара ҳақи бир доллар кам. Ўзинг биласан, бир доллар ҳам кўчада ётмайди-да.
Онанинг сўзларига y деярли қулоқ солмасди. Бу гапларни у жуда кўп эшитган. Онанинг фикр доираси жуда тор бўлиб, доим унинг бошини қотирган нарса — турмушнинг ноқулайлиги ва турган жойларининг фабрикадан узоқлиги эди.
– Ортиқча доллар — ортиқча овқат деган гaп, – деди бола, бурролик билан. – Узоқроқ йўл юрсам ҳам кўпроқ овқат ейиш яхши-да.
У нонни шошиб-пишиб ямлаб ютар, устидан қайноқ кофе ичарди. Иссиқ лойқа суюқлик кофе ўрнини босарди. Лекин Жонни буни ҳақиқий ва энг яхши кофе деб ўйларди. У умрида ростакам кофени ичмаганди.
Бир бурда нондан ташқари унга бир парча яхна тўнғиз гўшти ҳам тегди. Онаси яна бир чашка кофе қуйиб берди. Жонни нонини еб бўлиб, яна бирор бурда нон бермасмикан деб онасининг қўлига қаради. Онаси унинг мақсадига тушунди.
– Бундай очкўз бўлма, – деди онаси. – Ўз тегишингни олдинг. Укаларинг нимани ейди?
Жонни жавоб бермади. Умуман у жуда камгап бола эди. У очкўзлик билан энди овқатга тикилмади. Бола зорланмади, бу итоаткорлиги шунга мажбур қилган мактабидан ҳам баттар эди. У кофени ичиб оғзини қўли билан артди-да, ўрнидан турди.
– Шошма, – деди онаси шошилиб. – Нон четидан юпқа қилиб яна бир бурда кесиб бера қолай.
Она эпчиллик қилмоқчи бўлди. У бир бўлак нонни олиб, гўё четидан кесаётгандай пичоқ урди, кейин нонни қайтиб саватга солди-да, ўз нонидан бир бурдасини боласига берди. Она уни алдадим деб хаёл қилди, лекин у онасининг қувлигини сезди, шундай бўлса ҳам нонни ҳеч тортинмай олди. Онам касалманд бўлганидан кўп овқат ея олмайди деб ўйлар эди у.
Боланинг қypyқ нон чайнаётганини кўриб, онаси унга ўз кофесини ҳам қуйиб берди.
– Бугун нима учундир кофе кўнглимни айнитиб турибди, – деб қўйди она.
Узоқдан эшитилган чўзиқ ва қаттиқ бонг иккаласини ҳам ўринларидан сакратиб турғазиб юборди. Онаси токчадаги тунука соатга қаради. Соат беш ярим. Барча фабрика ишчилари энди уйқудан уйғонмоқдалар. Она рўмолини елкасига ташлади, бошига эски ғижимланган шляпани кийиб олди.
– Елиб юрмасак бўлмайдиган кўринади, – деди у лампанинг пилигини ичига тортиб пуфлаб ўчирар экан.
Улар пайпасланиб хонадан чиқиб, зинапоядан пастга тушдилар. Ташқари совуқ, осмонда булут йўқ. Жонни совуққа чиқиши билан бадани жунжикиб кетди. Юлдузлар ҳали чарақлаб турибди. Шаҳар қоронғу. Она-бола оёқларини оғир судраб, пиёда борардилар. Оёқни қаттиқ-қаттиқ босишга мадор йўқ.
Ўн беш дақиқалардан кейин онаси ўнгга бурилди.
– Эҳтиёт бўл, кеч қолма! – деб қоронғулик ичидан сўнгги марта огоҳлантирди она.
Жонни индамай кетаверди. Ишчилар маҳалласи жонланиб, эшиклар очилиб-ёпила бошлади. Кўп ўтмай Жонни ошиқиб ишга кетаётган одамларга қўшилди. У фабриканинг ҳовлисига кирганда иккинчи бонг чалинди. Жонни шарққа кўз ташлади ва уйлар устида эндигина оқариб келаётган тонг ёруғини кўрди. Кундузги ёруғликдан Жоннига қисмат бўлгани ана шу ғира-шира ёруғ эди. Жонни ёруғликка орқасини ўгириб, бошқа ишчилар қатори цехга кириб кетди.
Жонни узунасига қатор тизилган машиналар-нинг бири олдига келиб, ўз жойини эгаллади. Унинг олдида ип ғалтаклари солинган яшик туради, ундан тепароқда жуда тезлик билан катта дуглар айланади. Жонни ўша дугларга кичик ғалтаклардаги ипларни улаб туриши керак.
Иш қийин эмас, лекин чаққонлик талаб қилади. Кичкина ғалтаклар ипни тез-тез чуватадилар, дуглар ипни шундай тезлик билан ўрайдиларки, анқайдинг — иш чатоқ.
Жонни беихтиёр тез ишларди. Кичик ғалтаклардан бири бўшаганда, у чап қўли билан дугларнинг ҳаракатини тўхтатар, айни вақтда икки бармоғи билан ипнинг учини ушлаб оларди. Ўнг қўли билан эса худди шу вақт бошқа ғалтакдаги ипнинг учини тутиб олиб, икки ипни бир-бирига уларди. Бу ҳаракатлар икки қўл билан бир вақтда жуда тез бажарилиши керак. Кейин Жонни тез ҳаракат қилиб ипларнинг учини тугиб, дугни қўйиб юборади. Тўқувчилик ипларни улаш осон иш. Жонни бу ишларни жуда осон ва хатосиз бажаради, бундай тугунчаларни қилишга у жуда уста бўлиб қолганди, бир марта ҳатто у тушимда ип улай оламан деб мақтанган эди. Ҳақиқатан ҳам Жонни кечалари тушида мана шундай тугун тугиб чиқарди.
Баъзи болалар ишёқмаслик қилиб, ғалтакларни ўз вақтида алмаштирмай, машиналарнинг бўш ишлашига йўл қўярдилар. Аммо уста бундан доим кўз-қулоқ бўлиб турарди. Бир кун уста Жонни олдида ишлаб турган болани худди шу айби учун қулоқ-чаккасига қўйиб юборди-да:
– Жоннига бир қара! Нега унга ўхшаб ишламайсан? – деб дўқ қилди. Жоннининг дуглари тез ва тўхтовсиз айланарди, лекин у мастернинг мақтовидан хурсанд бўлмади. Ваҳоланки, бир вақтлар… Лекин бунга жуда кўп вақтлар бўлди. Уста уни бояги болага ибрат қилиб кўрсатганда, боланинг бепарво юзи мутлақо ўзгармади. Ҳа, у ибрат бўларли ишчи, буни ўзи ҳам биларди. Бу ҳақда ўзига ҳам айтишарди, айтганда ҳам кўп марталаб айтишган эди. Лекин одат тусига кириб қолган бy мақтовларнинг унга ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. Аста-секин у намунали ишчидан намунали машинага айланиб кетди. Унинг ишида бирор камчилик юз берса, бунга хом ашёнинг ёмонлиги сабаб бўларди. Энг яхши дастгоҳ ёмон маҳсулот чиқармагандек, у ҳам сира хато қилмай ишларди.
Бунга ажабланмаса ҳам бўлади. У умри бўйи мана шу машиналар билан бирга яшади. Уни машиналар тарбиялади деса ҳам бўлади. Ҳар ҳолда у машиналар ичида катта бўлди. Бундан ўн икки йил бурун шу фабриканинг тикув цехида бирдан қий-чув кўтарилди. Жоннининг онаси ҳушидан кетиб йиқилди. Онани гувиллаб турган машиналар орасида ерга ётқизиб қўйдилар. Дарҳол иккита тўқувчи хотинни чақириб олдилар. Уста ҳам ёрдам берди. Бир неча дақиқадан кейин тўқувчилик цехида битта жон ортди. Бу машиналар ғуввоси, шовқин-сурони ичида туғилган бола Жонни эди. У биринчи бор нафас олганда учиб юрган чанг аралаш қуюқ, иссиқ ҳаво боланинг ўпкасига кирди. Биринчи кундаёқ ўпкасини чангдан қутқазиш учун Жонни йўтала бошлади. Шу-шу бўлди-ю, ҳали-ҳозиргача йўталишини қўймайди.
Жоннининг олдида ишлаётган бола биқнаб йиғлар ва шилқ-шилқ бурнини тортарди. У ҳали ҳам узоқдан олайиб-олайиб қараб қўяётган устага нафрат билан хўмрайиб қарарди; аммо энди машинасида бўшаб қолган ғалтаклари йўқ эди. Бола олдида айланаётган ғалтакларни овозини баралла қўйиб сўкади, лекин унинг алaм билан ёғдирган сўкишлари узоқда эшитилмас, худди деворга урилгандек, машиналар ғуввоси орасида йўқолиб кетарди. Жонни ҳеч нapcaгa эътибор бермай қўйганди. Содир бўлаётган ҳодисаларга у бепарво қарашга ўрганган. Шу билан бирга ҳамма нарса ҳадеб такрорланаверса, жонга тегиб қолади. Бундай ҳодисаларни у кўп марталаб кўрган. Устага қарши бирор нарса дейиш — машинага қapшилик кўрсатишдек фойдасиз иш деб ўйларди у. Машиналар маълум қолипда ҳаракат қилади ва маълум бир вазифани адо этади. Уста ҳам худди шундай.
Соат ўн бирга бориб цехда аллақандай ҳаяжон бошланди. Қандайдир сирли йўл билан бу ҳаяжон бир зумда ҳаммаёққа тарқалди. Жоннининг бошқа ёнида ишлаётган бир оёқли бола қўлтиқ таёғи билан бир зумда бўш вагонетка ичига яшириниб олди. Шу вақт эшикдан фабрика иш бошқарувчиси кириб келди. Унинг орқасидан яхши кийинган бир йигит келмоқда эди. Йигитнинг эгнида крахмалланган кўйлак. Ўзи яхши кийинган бўлиб, Жонни бундайларни жентльмен деб ҳисобларди, бунинг устига у яна назоратчи ҳам эди.
Назоратчи болалар ёнидан ўтиб бораркан, ҳар бирини диққат билан кўздан кечирди, баъзан тўхтаб бир-икки савол ҳам берарди. Шундай пайтларда у овози борича бақирарди, шунда унинг юзлари кулгили бир тусда буришиб-тиришиб кетарди.
У Жонни ёнидаги машинанинг бўш турганлиги-ни кўриб қолди, лекин ҳеч нарса демади.
Назоратчи Жоннининг олдига келиб тўхтади, унинг тирсагидан ушлаб машинадан бир қадам четга тортди-да, таажжуб билан яна қўйиб юборди.
– Бир оз ориқроқ, – деб ташвиш аралаш илжайди иш бошқарувчи.
– Қоқ суяк-ку! – деди унга назоратчи. – Оёқларига қаранг. Рахит бўлса керак, тўғри, ҳозир касалнинг бошланғич даври, лекин касал эканлиги шубҳасиз. Агар уни тутқаноқ тамом қилмаса, демак сил олдинроқ тамом қилади деган гaп.
Жонни айтилган гапларнинг ҳаммасини эшитди, лекин ҳеч нарса тушунмади. Бундан ташқари, қачонлардир бўладиган, келажакдаги касаллар уни қўрқитмади. У назоратчининг ўзидан кўпроқ қўрқиб турарди.
– Қани, бола, тўғрисини айт, – деб қичқирди назоратчи Жоннининг қулоғига эгилиб… – Ёшинг нечада?
– Ўн тўртда! – деди Жонни ёлғондан кучи борича бақириб.
Қаттиқ бақирганидан ўткир, қуруқ йўтали қўзғалди. Эрталабдан бери унинг ўпкасига ўтириб қолган чанг йўтални яна ҳам кўчайтирди.
– Афту башарасига қараб, ўн олтида деса ҳам бўлади, – деди иш бошқарувчи.
– Олтмишда деса ҳам бўладиган кўринади, – деб жаҳл билан гапни шарт кесди назоратчи.
– У доим шунақа.
– Кўпдан берими? – деб тез сўради инспектор.
– Бир неча йилдан бери. Ўзи ҳеч улғаймайди.
– Яшармайди денг. Шу йиллар ичида у ҳамма вақт сизда ишладими?
– Ҳамма вақт эмас. Лекин бу бола янги қонун чиқарилмасдан анча илгари ишлар эди, – деб шошиб тушунтирди иш бошқарувчи.
– Бу ерда ҳеч ким ишламайдими? – деб қизиқиб сўради назоратчи Жоннининг ёнидаги машинани кўрсатиб. Машинада ярмигача ип ўралган дуглар жуда тез айланмоқда эди.
– Шунақага ўхшайди, – деб иш бошқарувчи имлаб устани чақирди-да, машинани кўрсатиб ниманидир қичқириб сўради.
– Машина бўш экан, – деди у назоратчига қараб.
Улар нари ўтиб кетдилар. Жонни хавф ўтиб кетганлигига суюниб, машинаси олдига қайтди. Лекин бир оёғи йўқ бола бахтсизликка учради. Ҳаммаёққа диққат билан кўз ташлаб бораётган назоратчи уни кўриб қолди-да, вагонетка ичидан тортиб туширди. Боланинг лаблари титрар, бошига оғир кулфат тушгандек кўзларини ғамгин мўлтиратиб турарди. Уста чўлоқ болани худди умрида биринчи марта кўраётгандек таажжуб билан бақрайиб қолди. Иш бошқарувчининг юзида ўнғайсизланиш ва норозилик аломатлари пайдо бўлди.
– Мен уни биламан, – деди назоратчи. – У энди ўн иккига кирган. Шу йилнинг ўзида менинг кўрсатмам билан учта фабрикадан бўшатдилар, бу тўртинчиси.
– Мактабга бораман, деб ваъда бериб эдинг-ку? – деб сўради у боладан. Бола йиғлаб юборди.
– Кечиринг мени, назоратчи жаноблари, биз жуда камбағал одамлармиз. Уйимизда иккита кичкинамиз ўлиб қолди, емоққа ҳеч нарса йўқ.
– Нега йўталяпсан? – деб сўради назоратчи, йўталгани учун уни гўё жинояткор қилаётгандай.
– Э-э, ҳечқиси йўқ, – деди бола, ўзини оқлаётгандай бўлиб. – Мен ўтган ҳафта шамоллаб қолган эдим, бўлгани шу, назоратчи жаноблари.
Иш назоратчи болани олиб чиқиб кетиши билан тугади. Ташвишланган иш бошқарувчи ҳам унинг орқасидан ғойиб бўлди. Шундан кейин цехда ҳамма нарса эски изига тушиб кетди.
Ниҳоят, узундан-узоқ эрталаб, ундан ҳам узоқ кун ўтди-да, иш тугаганидан дарак бериб бонг чалинди. Жонни фабрика дарвозасидан чиққанда қош қорайиб қолган эди. Бу вақт ичида қуёш ўзининг олтин йўлидан осмонга кўтарилган, ёрқин нурлари билан дунёни иситган, ундан кейин шаҳардаги биноларнинг паст-баланд томлари орқасига ўтиб, ботиб ҳам кетган эди.
Кечки овқат оиланинг барча аъзоларини жам қиладиган бирдан-бир восита эдики, шунда Жонни ўз укалари билан тўқнаш келарди. Бу учрашув чинакам эди, чунки Жонни жуда қари, улар эса кишига алам қиларли даражада ёш эдилар. Бу ажойиб ва эришиб бўлмас ёшлик унинг асабига тегиб, жаҳлини чиқарарди. У ёшлик нима эканлигини тушунмасди, унинг ёшлиги энди жуда узоқ ўтмиш бўлиб қолган эди. Болаларнинг ўйин-шўхликларига совуққонлик билан қараб туролмайдиган асабий ва жаҳли тез чолга ўхшарди. Жоннининг назарида, бу ўта кетган аҳмоқлик эди. У қовоғини солиб ўтириб овқат ер экан, улар ҳам тез орада ишга борадилар-ку, деб ўзига тасалли берарди. Иш уларни ипакдек қилиб қўяди, улар ҳам Жоннига ўхшаб вазмин ва жиддий бўлиб қоларлар. Барча мўмин бандалар сингари Жонни ҳам ҳамма нарсани ўз аршини билан ўлчарди.
Овқат устида онаси болаларини боқиш учун қўлидан келганича тиришаётганини ҳар хил шаклга солиб қайта-қайта пеш қиларди. Шунинг учун ҳам у қашшоқона дастурхон йиғиштирилиши билан енгил тортиб, ўрнидан туpди. Ётиб ухласаммикан ё бирпас кўчага чиқсаммикан деб бир зум иккиланди, сўнг кўчага чиқишга аҳд қилиб, ташқарига юрди. Лекин узоққа кетмади, елкаларини букчайтириб, тирсакларини тиззаларига тираб, икки кафти билан иягини тираб, эшик олдидаги зинапояга ўтириб олди.
У ҳеч нарсани ўйламас, фақат ором оларди. Унинг онги мудрарди. Шу вақт укалари ҳам ташқари чиқиб, бошқа болалар билан шовқин-сурон кўтариб ўйин бошлаб юбордилар. Электр фонаридан тушаётган шуъла ўйнаётган болаларга ёруғ тушириб турарди. Улар Жоннининг асабий ва сержаҳл эканини биладилар, лекин шундай бўлса ҳам болаларга хос шўхлик билан унинг жиғига тега бошладилар. Улар қўлларини тутишиб, бир маромда чайқалиб, Жоннининг шаънига тегизиб бемаза ашула айта бошладилар. Бошда у ғижиниб, болаларни усталардан ўрганиб олган ёмон сўзлар билан сўкди. Лекин бунинг бефойда эканлигини кўриб ва ёши катталиги эсига тушиб қолиб, обрўсини сақлаш учун яна жим бўлиб қолди.
Бу шўхликни бошлаб берган ўзининг укаси ўн яшар Вилли эди. Жонни уни яхши кўрмасди ҳам. Болаликданоқ Виллини деб доим кўп нарсалардан воз кечишга, ўз ҳиссасини унга беришга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам Жонни Вилли мендан кўп қарздор, яхшиликни билмайдиган бола деб ўйлар эди. Бундан кўп замонлар илгари, Жонни айни ўйнаб юрадиган вақтларда Виллига қараб умри ўтган эди. Вилли у вақтларда чақалоқ эди. Онаси ҳозиргидек кун бўйи фабрикада ишларди. Жонни ҳам оталик, ҳам оналик вазифасини адо этарди.
Жонни укасини деб ўзини сиққани ва нафсини тийгани, афтидан Виллига жуда фойдали бўлиб чиққанди. Юзлари қип-қизил, бақувват Вилли энди ўнга кирган бўлишига қарамай, бўйи ўн икки яшар Жоннининг бўйи билан баравар, ҳатто ундан бақувватроқ эди. Гўё акасининг ҳам ҳиссаси укасидан чиққандек эди. Ўшанда ҳам фақат жисмоний хислатдан эмас. Жонни ҳолдан тойган, руҳан эзилган, жонсиз, укаси эса соғлом, ўзини қaepгa қўйишини билмайди.
Бемаъни қўшиқ борган сари авж олди; Вилли сакраб-ўйноқлаб унга яқинлашди-да, тилини чиқариб Жоннини мacxapa қилди. Шунда Жонни чап қўли билан укасининг бўйнидан ушлаб олди ва тумшуғига бир мушт туширди. Унинг мушти кичкина, қуруқ суяк эди, аммо шунда ҳам оғритган бўлса керакки, бола чинқириб йиғлаб юборди. Болалар қўрқиб кетиб фарёд кўтардилар. Жонни билан Виллининг синглиси Женни уйга югурди.
Жонни Виллини итариб юборди-да, жаҳл билан бир тепди, кейин йиқитиб бурнини ерга ишқалади. Шу вақт югурганча онаси келиб қолди-ю, ожизлик билан Жоннидан гинахонлик қилди ва бутун оналик ғазабини сочди.
– Нега ўзи тегажоғлик қилади! – деб жавоб берди Жонни. – Чарчаганимни кўрмаяптими?
– Мен ҳам сендек катта бўлиб қолдим! – деб қичқирарди Вилли онаси қучоғида типирчилаб. Унинг лой ва қонга беланган юзларидан кўз ёшлари оқиб турарди.
– Мен ҳам сен билан тенг бўлиб қолдим, – деди йиғлаб Вилли. – Сендан ҳам катта бўлиб кетаман ҳали, ўшанда кўрасан, адабингни бериб қўяман!
– Шундай катта бўлиб қолган бўлсанг, ишга бор, – деди Жонни ижирғаниб. – Ишла энди — ишга кирадиган вақтинг келди. Ойим ишга киргизиб қўйсин.
– Ҳали у ёш бола, ахир, – деди норозилик билан она. – У ҳали жуда кичкина-ку, қандай ишлайди?
– Мен ишга кирганимда ундан ҳам ёш эдим.
Жонни яна хўп гапириб, аламидан чиқмоқчи эди-ю, лекин шаштидан қайтди. Кейин у қовоғини солиб ўрнидан турди-да, уйга кириб кетди. Ошхонадан иссиқ кирсин учун хонанинг эшиги очиб қўйилган эди. У қоронғуда ечинаркан, онасининг қўшни хотинга арз қилаётганини эшитди. Онаси йиғлар ва йиғи орасида гапини ҳам қўймасди.
– Жоннига нима бўлганини ҳеч тушуна олмай қолдим, – дерди у, – бола ҳеч бундай эмасди. У доим фаришта сингари ювош ва мулойим эди. Тўғриси, у ҳозир ҳам яхши бола, – деб шошилиб қўшиб қўйди онаси Жоннини oқлашгa тиришиб. – У ишдан қочмайди, фақат жуда ёшликдан фабрикада ишлай бошлади, буниси тўғри. Наҳотки мен айбдор бўлсам? Ҳар нима бўлганда ҳам дуруст бўлсин деб ўйлайсан-да киши!
Яна онасининг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди. Жонни кўзини юмаркан:
– Ҳа, баракалла, ишдан ҳеч қочган эмасман, – деб минғиллаб қўйди.
Эртаси куни саҳарда онаси уни яна ширин уйқусидан қўярда-қўймай уйғотди. Кетидан қорни тўяр-тўймас нонушта қилди-да, тун қоронғусида уйдан чиқиб, ишга жўнади. Жонни фабрика ҳовлисига кирганда, ғира-шира тонг отиб келарди, у ўша ёруғликка opқa ўгириб, цехга кириб кетди. Бир-бирига ўхшаган сон-саноқсиз кунлардан яна бири келди.
Лекин Жоннининг ҳаётида янгиликлар ҳам бўлиб турарди: бу бошқа ишга ўтганида ёки касал бўлганида юз берар эди. Олти ёшида у Вилли ва бошқа укаларини боқарди. Етти ёшида фабрикага ишга кириб, ғалтакларга ип ўрай бошлади. Саккиз ёшида бошқа фабрикадан иш беришди. Унинг янги иши жуда енгил эди. Жонни қўлида таёқ билан бир жойда ўтирар ва олдидан узлуксиз ўтиб турган газламанинг тахи бузилган ерини таёғи билан тўғриларди. Бу газлама оқими машиналар ичидан чиқиб, иссиқ барабанлар устидан қаёққадир нарига ўтиб кетарди. Жонни доим кундузги ёруғдан маҳрум ярим қоронғу бир жойда, кичкина газ рожак остида ўтирарди, шу тарзда у аста-секин механизмнинг бир қисмига айланиб борди.
Жонни ўтирган ернинг ҳавоси рутубатли ва иссиқ бўлишига қарамай, ўз ишидан жуда хурсанд эди, чунки у ҳали ёш бўлиб, ажойиб умид ва хаёллар денгизида сузиб юрарди. У тўхтовсиз ўтиб турган газлама оқимини кузатаркан, ширин-ширин хаёлга ботарди. Иш ҳеч қандай ҳаракат қилишни, ақлни ишлатишни талаб қилмасди; шу туфайли у борган сари камроқ хаёл сурадиган бўлди, онги борган сари ўтмасланиб, тўпослашиб борди. Ҳар ҳолда, у ҳафтасига икки доллар ишлар, бу пул эса очдан ўлмаслик учун бир амаллаб етиб турарди.
У тўққиз ёшга кирганда бу ишдан маҳрум бўлди, бунга сабаб қизамиқ билан оғриб қолгани эди. Соғайгандан кейин шиша заводига ишга кирди. Бу ерда кўпроқ пул тўлар эдилар, лекин бу ишда уқув талаб қилинарди. Бу ерда ҳақни ишлаган ишига қараб тўлар эдилар. У қанчалик тез ишласа, шунча кўп пул оларди. Бу иш уни жуда рағбатлантирди. Мана шунинг таъсири остида у тез фурсатда энг яхши ишчилар қаторига ўтиб олди.
Бу иш ҳам унча қийин эмасди: шишадан ясалган тиқинларни кичик шиша идишларга боғлаш керак эди. Жонни белига бир тутам ип боғлаб олиб, икки қўли билан ишлаш учун шишаларни тиззаси орасига қисиб оларди. Мук тушиб ўтириб ишлаш натижасида елкалари туртиб чиқиб букчайиб қолди. Кўкрак қафаси эса бир кунда ўн соатлаб сиқилиб турарди. Бу унинг ўпкасига таъсир қилди. Бир кунда у уч юз дюжина шишага тиқин боғларди.
Завод ишлаб чиқарувчиси у билан жуда ғурурланиб юрар ва заводга келган одамларни бошлаб келиб, унинг ишлашини кўрсатарди. Ўн соат ичида унинг қўлидан уч юз дюжина шиша ўтарди. Бу эса у машинадек такомилга етишди деган сўз эди. У бирорта ҳам ортиқча ҳаракат қилмасди. Ориқ қўлларининг ҳар бир ҳаракати, қоқ суяк бармоқларининг ҳар бир қимирлаши тез ва аниқ эди. Бундай иш зўр диққатни талаб қиларди, шунинг учун унинг асаблари секин-аста бузила борди. Кечалари ухлаб ётганда ирғиб-ирғиб тушар, кундузлари эса на кўнгил очар, на дам оларди. У доим асабий бўлар, қўллари томир тортишарди. Ранги касалларники сингари заҳил бўлиб кетди, йўтали кундан-кунга кучая борди. Охири у ўпкасини шамоллатиб қўйиб шиша заводидаги ишдан ажраб қолди.
Ундан кейин Жонни яна қайтиб жут фабрика-сига ишга кирди. Бу ерда Жонни тузукроқ ишга ўтказишларига умид қилса бўларди. У яхши ишчи эди. Уни аввал крахмал цехига, кейин тўқувчилик цехига ўтказишлари мумкин. Кейин гaп иш маҳсулотини орттиришда бўлиб қoлади.
Шу йиллар ичида машиналар тезроқ, Жоннининг мияси эса секинроқ ишлай борди. У энди бир вақтлардаги сингари ширин хаёлларга чўммас эди. Бир марта у ошиқ ҳам бўлган эди. Бу воқеа газлама оқимини таёқча билан тўғрилаб юрган пайтларида содир бўлганди. У ошиқ бўлган қиз иш бошқарувчининг каттагина бўлиб қолган қизи эди. Жонни қизни узоқдан беш-олти марта кўрди, холос. Аммо бунинг аҳамияти йўқ эди. Ўз олдидан ўтиб кетаётган мато устида келажакнинг порлоқ манзарасини тасаввур қиларди — у ишда ажойиб ҳунар кўрсатар, ғалати машиналар ихтиро қиларди. У фабриканинг директори бўлади, охири ўз маъшуқасини қучоқлаб, аста пешонасидан ўпади…
Буларнинг ҳаммаси бир вақтлар, Жонни ҳали унча қариб қолмаган бир замонларда, унда севиш қобилияти ўлмаган замонларда бўлиб ўтган эди. Ғиз эрга тегиб, қаёққадир кетиб қолди, унинг сезгилари эса ўтмаслашди.
Ҳа, у вақтлар ажойиб замонлар эди. Одамлар ўзларининг ҳурларга ишонган ёшлик чоғларини эслаганларидек, Жонни ҳам у вақтларни тез-тез эслаб турарди. Жонни эса ҳурларга ҳам, Санта Клаусга ҳам ишонмасди; у соддалик билан ўз олдидан ўтаётган мато устида кўзига кўринаётган ўша хаёлий келажакнинг гўзал манзараларига ишонарди.
Жонни жуда эрта улғайди. Етти ёшида, биринчи марта ойлик олиб келганда, унинг ўспиринлик даври бошланганди. Унда маълум мустақиллик туйғуси уйғонди ва она билан ўғилнинг муносабати ўзгарди. У ўз нонини ўзи топадиган, ўз меҳнати билан кун кўрадиган ва демак, онаси билан тенгдек бўлиб қолди. Ўн бир ёшида у ярим йилгача тунги сменада ишлаб, чинакам йигитлар қаторига ўтди. Кечалари қолиб ишловчи боланинг болалиги қоладими.
Унинг ҳаётида бир неча муҳим ҳодиса рўй берган эди: бир марта онаси Калифорния олхўриси олиб келди. Икки марта қайнатма крем қилиб берди. Булар унинг ҳаётидаги чинакам ажойиб ҳодисалар эди. Буларни у жуда мамнуният билан эсларди. Ўша вақтларда онаси унга тансиқ бир овқат тайёрлаб беришни ваъда қилганди. Онаси бу овқатни «сузувчи орол» деб атарди. Бу овқат қайнатма кремдан ҳам ширинроқ нарса, деган эди онаси. Ўша кунни Жонни кўп йиллар кутди. Бу умиди ҳам кўп бошқа ширин хаёллари сингари пучга чиққунча, Жонни «сузувчи орол» қўйилган дастурхонга ўтиришни узоқ йиллар кутиб юрди.
Бир кун у кўчадан йигирма беш сентли танга топиб олди. Бу ҳам унинг ҳаётидаги йирик, ҳатто фожиали бир ҳодиса эди. Танга унинг кўзларига ярқираб кўринган замоноқ, у бу пулни нима қилишини ўйлаб қўйган эди. Одатда уйда ейдиган ҳеч нарса бўлмайди. Бу пулни ўз ойлиги каби онасига бериши керак. Нима қилиши аниқ, лекин Жонни ҳеч қачон чўнтагида пул олиб юрмаган, у ширинликни жуда соғиниб қолган эди. Юраги эзилиб конфет егиси келар, конфет ейишга эса фақат бирор тантанали кунларда муяссар бўларди.
Жонни ўзини алдамоқчи эмасди, гуноҳ иш қилаётганини биларди, шундай бўлса ҳам ўн беш сентни ялло қилиб сарфлади. Ўн сентини бошқа бир кунга сақлаб қўйди. Лекин пул сақлашга одатланмаганидан пулини йўқотиб қўйди. Бу бахтсизлик Жонни виждон азобига тушиб юрган пайтларда содир бўлди. У буни тасодифий бир нарса эмас, Худонинг қаҳрига учрадим деб ўйлади. Қаҳри келган илоҳий кучнинг ғазабига учраши яқинлашиб келаётганини сезди. Гуноҳини Худо кўриб турган эди, гуноҳ қилишга сабаб бўлган пулидан ҳам маҳрум қилиб, Худонинг ўзи унга жазо берди.
Жонни бу ҳодисага ўзининг бирдан-бир қилган жинояти деб қарарди. Ўша гуноҳи ҳар эсига тушганда виждон азоби янгидан қийнарди. Бу унинг жиноий сири бўлиб қолди. Шу билан бирга Жоннидек одам бундай шароитда афсусланмай иложи йўқ эди. Топиб олган пулни яхшилаб сарф қилолмаганидан норози эди. Ўша пулга кўпроқ нарса олса бўларкан; Худонинг бундай тез қаҳри келишини билганида йигирма беш сентнинг ҳаммасини сарф қилиб, Худони алдаб қўя қолган бўларди. Ўша йигирма беш сентни у хаёлида минг марталаб қайта-қайта сарф қиларди, ҳар гал қилинган сарф бир-биридан ўринли бўлиб чиқарди.
Отасининг раҳмсиз оёқлари боланинг қалбида мангуга қолдирган, узоқ ва туманли ўтмишдан қолган яна бир эсдалик бор эди. Бу воқеий эсдаликдан ҳам кўра кўпроқ даҳшатли бир босинқирашга, одамзоднинг тушига кириб, бобои бобокалонлари дарахтларда яшаган замонларга олиб кетадиган аллақандай қўрқинчли атавистик хотираларга ўхшаган бир нарса эди. Бу эсдалик кундузлари, Жонни уйғоқ пайтларда сира хаёлига келмасди. Бу хотиралар уни кечаси, уйқуга кетар пайтларда келиб босарди. У қўрқиб уйқусидан уйғонар, шунда дастлаб каравотнинг оёқ тарафида кўндаланг ётгандай туюларди. Каравотда отаси билан онасининг кўз илғар-илғамас қораси кўзига кўрингандек бўларди. Отасининг қандай одамлиги эсида йўқ эди. Отасининг бир нарсаси эсида қолган: унинг оёқлари ўлгидек қаттиқ, туртгани-туртган эди.
Унинг ёдида ёш болалик вақтларидан баъзи нарсалар сақланиб қолган, кейинги йиллардан эса ҳеч нарса эсида қолмаган. Ҳамма кунлар бир хил эди. Хоҳ кечаги куни, хоҳ ўтган йилни минг йил деса ҳам, бир дақиқа деса ҳам бўлади. Ҳеч қачон ҳеч қандай ҳодиса рўй бермасди. Замон юришини белгиловчи бирор ҳодиса рўй бермасди. Baқт юришини тўхтатган, бир жойда турарди. Фақат тиниб-тинчимаган машиналар ҳаракат қилар, лекин тобора тезроқ айлансалар-да, барибир ҳеч қаерга жилмасдилар.
Жоннининг ёши ўн тўртга кирганда крахмал цехига ишга ўтди. Бу жуда катта ҳодиса эди. Бу шундай катта ҳодиса эдики, уни бир кечада, ҳатто бир ҳафтада ҳам унутиб бўлмасди. Унинг ҳаётида янги давр бошланди. Бу давр Жонни учун бир олимпиададек гaп эди, янги эранинг бошланиши эди. Энди Жоннининг оғзидан: «Крахмал цехига ўтганимда» ёки «Крахмал цехида ишлай бошлаганимдан кейин» ё «олдин» деган сўзлар тушмай қолди.
Жонни ўзининг ўн олтига тўлган кунини, тўқув цехига, тўқувчилик дастгоҳига ўтиш билан нишонлади. Бу ишда ҳам манфаатдорлик бор эди, чунки ишлаганига қараб ҳақ тўланарди. Жонни бу ерда ҳам ўзини кўрсатди, чунки фабрика шароити уни аллақачон такомиллашган машинага айлантирган эди. Орадан уч ой ўтгач, у икки дастгоҳда, сўнг уч, ҳатто тўрт дастгоҳда ишлайдиган бўлди.
Шу цехда икки йил ишлагандан кейин у бошқа барча ишчиларнинг ҳар биридан анча кўпроқ мато тўқийдиган, ўзига нисбатан камроқ эпчил ўртоқларига қараганда икки баравар ортиқроқ маҳсулот берадиган бўлиб қолди. Мана энди, бутун кучини сарф қилиб ишлай бошлагач, уйда ҳам тирикчилик яхшилана борди. Лекин шундай бўлса ҳам унинг иш ҳақи оила эҳтиёжини тўла қоплай олмас эди. Укалари улғайди, энди кўпроқ овқат ейишарди, мактабга қатнашарди, дарсликлар эса пулга келади. У қанчалик ғайрат билан ишлаган сари нарх-наво, тирикчилик ҳам нима учундир тобора қимматлаша борарди. Йиқилиб кетай-йиқилиб кетай деб турганига қарамай ижарага олиб туришган уй ҳақи ҳам ошиб кетди.
Жонни катта бўлиб қолди, шу сабабдан у яна ҳам ориқроқ кўринарди. Унинг асаблари жуда бузилган, ўзи сиркаси сув кўтармайдиган ва сержаҳл бўлиб қолган эди. Болалар аччиқ тажрибада кўриб, ундан ҳайиқадиган ва ундан нарироқ юрадиган бўлиб қолдилар. Онаси оиланинг боқувчиси деб уни ҳурмат қилар, шу билан бирга ундан бир оз қўрқар ҳам эди.
Унинг ҳаётида севинч деган нарса бўлмасди. У кундуз ёруғини кўрмас, кечалари эса беҳаловат ухларди. Қолган вақтини у иш билан ўтказарди, унинг онги ҳам машинага ўхшаб қолганди. Бундан ташқари у ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани билмас эди. У ҳеч нарсага қизиқмас, ҳеч нарсага интилмасди, фақат битта ширин хаёлга — ҳар куни ажойиб кофе ичаман деган хом хаёлга қаттиқ ишонарди. У руҳий ҳаётдан маҳрум бир иш ҳайвони бўлиб қолганди. Қаердадир, онгининг бир бурчида, унинг ўзи ҳам сезмаган ҳолда, қилган ишларининг ҳар бир соатидан, ҳар бир ҳаракатидан аллақандай бир асар йиғилиб қола бошладики, буларнинг ҳаммаси йиғилиб, унинг ўзини ҳам, кичкина дунёсини ҳам ҳайрон қолдирган оқибатга олиб келди.
Бир куни, кеч кўклам чоғида, Жонни ишдан одатдагидан ҳам кўра чарчаган ҳолда қайтди. Дастурхон ёнида ўтирганларнинг жуда вақти чоғ эди. Лекин у ҳеч нарса сезмади. У жим ва қовоғи солиқ ҳолда ўтириб, апил-тапил овқат еди. Болалар эса ҳайҳайлашиб, томоқларини тақиллатиб маза қилганларини билдиришар эди. Лекин Жонни ҳеч нарса сезмади.
– Нима еяётганингни биласанми? – деб сўради ниҳоят сабри чидамаган онаси. У товоққа паришонлик билан кўз ташлади, кейин онасига қаради.
– «Сузувчи орол», – деди онаси ғурур билан.
– Ҳа-а, – деди Жонни бепарвогина.
– «Сузувчи орол!» – деб баравар қичқиришди болалар.
– Ҳа-а, – деб такрорлади у ва яна бир-икки қошиқ овқат ичгандан кейин: – Нима учундир бугун овқат егим келмаяпти, – деб қўшиб қўйди.
У қошиғини қўйиб, стулни нари сурди-да, базўр ўрнидан турди.
– Мен бир оз ётай.
Ошхонадан чиқаркан, Жонни оёғини одатдаги-дан ҳам мадорсизлик билан зўрға судраб босарди. Ечиниш ундан ҳам қийин бўлиб кетди. Ҳолсизлик-дан йиғлаб юборди ва бир оёғидаги бошмоғини ечмай, ўрнига ётди. Унинг бошида аллақандай шиш пайдо бўлгандек, у тобора ўсиб кетаётгандек туюлар, бундан эса фикрлари сочилиб борарди. Унинг ингичка бармоқлари худди билагидай йўғон тортиб кетгандек, бармоқларининг учи эса пахтадек юмшоқ туюлар, фикрлари сингари бармоқлари ҳам итоат қилмасди. Бели зирқираб оғрирди, ҳамма суяклари сирқирарди, аъзойи бадани қақшаб оғрирди. Миясида миллионлаб машиналар чийиллашар, гувиллашар ва ғижирлашарди. Бутун борлиқни тўхтовсиз югуриб турган мокилар босиб кетгандай. Уйлар ярқираб турган юлдузлар орасида у ёқдан-бу ёққа гир айланишади. Унинг якка ўзи минглаб дастгоҳни бошқаради, дастгоҳлар эса борган сари тезроқ ишлар, мокилар тобора тезроқ айланарди, унинг мияси эса тобора тезроқ чўзилиб, ингичка ипга айланиб борар, бу ипни эса минглаб дастгоҳлар дугларга ўраб, тортиб кетмоқда эди.
Эртаси куни Жонни ишга бормади. У бошқа иш билан, унинг миясида гувиллаётган минглаб дастгоҳлар билан банд бўлиб қолди. Онаси фабрикага кетди, аммо олдин докторга одам юборди. Доктор Жонни қаттиқ тумов бўлибди, деди. Акасига Женни қараб турди, доктор айтганларининг ҳаммасини қилди.
Касали оғир кўчди, фақат бир ҳафтадан кейингина Жонни кийиниб, уй ичида гандираклаб зўрға юра бошлади. Яна бир ҳафтадан кейин ишга чиқса бўлади, деди врач. Якшанба куни тўқувчилик цехининг устаси уни кўргани келди. Ўша куни Жонни анча енгиллашган эди.
– Цехдаги энг яхши тўқувчимиз у, – деди уста Жоннининг онасига. – Ўрнига ҳеч кимни олмай турамиз. Яна бир ҳафтадан кейин, янаги душанбага ишга чиқса ҳам бўлади.
– Ҳеч бўлмаса раҳмат ҳам демайсан, Жонни, – деди ташвишланиб она. – Аҳволи шу қадар оғир кўчдики, ҳалигача ўзига келгани йўқ, – деб тушунтирди у устага.
Жонни букчайганича ерга тикилиб ўтирар эди. Уста кетганидан кейин ҳам у анча вақтгача шу вазиятда ўтирди. Ташқарида қоронғу тушди, овқатдан кейин Жонни бир оз ўтириш учун эшик олдига чиқди. Баъзан унинг лаблари қимирлар эди. Унинг мияси сон-саноқсиз ҳисоб билан банддек туюларди.
Эртасига ҳаво исиган эди, у яна эшик олдига чиқиб ўтирди. Унинг қўлида қалам билан қоғоз бор эди. У анчагача зўр бериб нималарнидир ҳисоблаб ўтирди.
– Миллиондан кейин нима келади? – деб сўради у чошгоҳда Вилли мактабдан қайтиб келгандан кейин. – Уни қандай санашади?
Кечга бориб ҳисоб-китобни тамом қилди. У энди ҳар куни қоғоз-қаламсиз, эшик олдига чиқиб ўтирарди. У кўчанинг нариги томонида ўсган якка-ёлғиз дарахтга узоқ тикилиб ўтирарди. У бу дарахтни соатлаб кузатар ва айниқса шамолдан шохлари қимирлаганда, барглари шитирлаганда чуқур қизиқиш билан кузатар эди. Бу ҳафтани у худди ўз ўзи билан суҳбат қилаётгандай бир тарзда ўтказди. Якшанба куни у эшик олдида ўтираркан кўп йиллардан бери катта ўғлининг кулганини эшитмаган онасини зўр ташвишга солиб, бир неча марта хахолаб кулиб ҳам юборди.
Эртасига душанба куни онаси Жоннини уйғотиш учун каравоти олдига келди. Касал бўлгандан бери Жонни яхшилаб уйқуга тўйиб олганди, шунинг учун у қистатиб ўтирмади, дарров уйғонди. У онасини қийнамади, илгаригидек кўрпага ёпишмади, у тинч ётар эди.
– Овора бўлма, ойижон, – деди у хотиржамлик
билан.
– Вой, кечга қоласан, ахир, – деди онаси, уни ҳали уйқудан турмаган гумон қилиб.
– Ухлаётганим йўқ, ойи, бекорга овора бўляпсан. Яхшиси мени ўз ҳолимга қўй. Барибир, турмайман.
– Ишдан ажраб қоласан ахир! – деди онаси.
– Турмайман, дедим-ку, – деб такрорлади Жонни, овози ҳам аллақандай ёт ва совуқ эди.
Ўша куни онасининг ўзи ҳам ишга бормади. Боланинг касали маълум бўлган касалларнинг ҳаммасидан ҳам баттароқ эди. Она безгакни, босинқираш касалларини кўрган, лекин бу жиннилик-ку. Она ўғлининг устини ўраб қўйди-да, қизини докторга юборди.
Доктор келганда, Жонни тинчгина ухлаб ётар эди. У ўшандай тинчгина уйғонди, доктор унинг томирларини ушлаб кўрди.
– Ҳечқиси йўқ, – деди доктор. – Болангиз жуда заифлашиб қолган, албатта. Қоқ суягу териси қолибди.
– У ҳамма вақт ҳам шундай эди, – деди онаси.
– Бор энди, ойижон, мен бир ухлаб олай.
Жонни буни жуда беозор ва мулойимлик билан айтди. Худди шу тарзда бепарво бола ёнбошига ағдарилди-да, яна уйқуга кетди.
Соат унда уйқусидан уйғонди ва ўрнидан туриб, ошхонага чиқди. Онаси унга чўчиб қаради.
– Мен кетяпман, ойи, – деди у, – кел, хайрлашайлик.
Она пешбанди билан юзини бекитди, стулга ўтирди-да, йиғлаб юборди.
Жонни сабр билан кутиб турди.
– Қандай кунларга қолдим! – деди ниҳоят кўз ёшини оқизиб туриб она. Кейин пешбандини тушириб, қўрқув аралаш Жоннига қаради. Унинг қарашида ҳатто қизиқиш ҳам йўқ эди. – Ахир қаёққа борасан?
– Билмайман… бирор жойга кетарман.
Кўчанинг нариги томонида ўсган ёлғиз дарахт Жоннининг кўз олдига келди. Бу дарахт унинг миясига шундай қаттиқ ўрнашиб қолган эдики, у истаган вақтда дарахтни тасаввур қила оларди.
– Ишинг нима бўлади? – деб титроқ товуш билан сўради она.
– Энди ишламайман.
– Нималар деяпсан, Жонни! – деди онаси. – Сенга нима бўлди ўзи?
Она ўғлининг гапини куфрга йўйди. Ўғлининг Худога қарши айтган сўзи диндор онани қандай даҳшатга солса, Жоннининг гаплари ҳам онанинг кайфини худди ўшандай учириб юборди.
– Ахир сенга нима бўлди, – деди у ўз ҳукмини ўтказишга сал бўлса ҳам тиришиб кўриб.
– Рақамлар, рақамлар… – деб жавоб берди у. – Рақамлар, холос. Мен кейинги ҳафта ичида роса ҳисоблаб кўрдим, ўзим ҳам ҳайрон қолдим.
– Тушунмаяпман, рақамларинг нимаси? – деди йиғламсираб она.
Жонни тоқат билан илжайди. Онаси ундаги асабийлик мутлақо йўқ бўлиб кетганидан ҳайрон қолди.
– Ҳозир тушунтириб бераман, – деди у. – Мен тинкам қуриб, ишдан чиқиб қолдим, нима сабабдан? Ҳаракатдан. Туғилган кунимдан бери ҳаракат қиламан. Жуда чарчадим, ортиқ қимирлашга тоқатим йўқ. Шиша заводида қандай ишлаганим эсингдами? Ҳар куни уч юз дюжина шишани қўлдан ўтказардим. Ҳисобимга кўра ҳар бир шиша ўн марта ҳаракат қилишни талаб этади. Бу ҳар кун ўттиз олти минг ҳаракат деган сўз. Ўн кунда уч юз олтмиш минг, бир ойда бир миллион саксон минг ҳаракат бўлади. Саксон мингни ҳатто олиб ташлай қолинг, – деди у сахийлик билан. – Ўшанда ҳам ойига бир миллион ёки йилига ўн икки миллион ҳаракат бўлади. Тўқимачилик дастгоҳи ёнида мен икки мартаба кўп ҳаракат қилдим, бу бир йилига йигирма беш миллион ҳаракат бўлади. Назаримда, мен миллион йилдан бери тўхтовсиз ҳаракат қилаётгандекман.
Мана шу ҳафта ичида мен ҳеч қандай ҳаракат қилмадим, баъзан бир неча соатлаб мутлақо ҳаракатсиз ўтирдим. Ишламасдан, бекор ўтириш, шундай жим ўтириш қандай яхши! Мен шу чоққача бахт нима эканлигини билмадим. Ҳеч қачон бўш қолмаганман. Бутун умрим ҳаракатда бўлди. Бунда қандай шодлик бўлсин? Энди ишламайман. Ҳамма вақт мана шундай ўтираман, доим дам оламан… кейин яна дам оламан.
– Вилли, бошқа укаларинг нима бўлади? – деб ожизлик билан сўради она.
– Ҳа-я, Вилли, укаларим… – деб такрорлади у.
Унинг овозида ўкинч йўқ эди. Онасининг кичик укасидан умиди зўр эканини Жонни кўпдан бери биларди, лекин ҳозир унга бу ҳам алам қилмади, энди унга барибир эди.
– Ойи, Виллини нима қилмоқчи бўлиб юрга-нингни биламан. У мактабни битириб, ҳисобчи бўлишини истайсан. Э-э, бас энди. Бошқа ишламайман. Энди у ишласин.
– Мен эса сени парвариш қилиб, вояга етказдим, оқибат шу бўлдими? – деди-да, онаси яна йиғлаб юбориб, пешбандини кўтарди-ю, аммо юзини бекитмади.
– Мени сен ўстирган эмассан, – деди Жонни ювошгина ва ғамгинлик билан. – Мен ўзимни ўзим ўстирдим. Виллини ҳам мен ўстирдим. У мендан бақувватроқ, соғломроқ ва баландроқ. Мен ёшлигимдан бошлаб тўйиб овқат емадим. Ундан кейин Вилли оч қолмасин деб ҳам ишладим. Энди бас. Энди менга ўхшаб Вилли ишласин, ишламаса — очдан ўлсин, менга барибир. Бўладиганим бўлди. Мен энди кетаман…
Она жавоб бермади. У юзини пешбанди билан бекитиб, яна йиғлади. Жонни эшик олдида бир оз тўхтади.
– Ахир мен қўлимдан келганини қилдим-ку, – деди она кўз ёшларини оқизиб.
Жонни уйдан чиқди-да, кўчадан юриб кетди. Ёлғиз турган дарахтга қараб, секин илжайиб қўйди.
– Энди ҳеч ишламайман, – деди у ўз-ўзига аста ва қироат билан. Кейин ўйчан ҳолда осмонга қаради-ю, кўзини юмди: қуёш шуъласи кўзларини қамаштирди.
Унинг босадиган йўли узоқ, лекин у шошилмасди. Мана жут фабрикаси. Қулоғига тўқувчилик цехидан гувиллаган шовқин эшитилди. У илжайиб қўйди. Бу ювошгина ва мулойим табассум эди. У ҳеч нарсадан гина қилмас, ҳеч нарсадан кеки йўқ эди, ҳатто тақирлаётган ва ғижирлаётган машиналарга қарши ҳам унда нафрат ҳисси йўқ эди. Кўнглида алам, армон йўқ, унинг бирдан-бир орзуси, чексиз истаги ором олиш эди.
Шаҳардан ташқари чиққан сари кенг далалар ёйилиб борарди. Фабрикалар, уйлар сийраклашиб бориб, охири шаҳар орқада қолди. У темир йўл ёқалаб салқин хиёбондан борарди. Унинг қадам ташлаши одамнинг қадам ташлашига ўхшамас, умуман ўзи ҳам одамга ўхшамасди, у одамнинг кулгили бир тасвири, ҳолдан тойган, абжақ бўлган бир махлуққа ўхшарди. Худди касал маймундек қўллари икки ёнига осилган, букчайган, кўкрак қафаси тор, даҳшатли бир вужуд гандираклаб борарди.
Кичик бир темир йўл бекати олдидан ўтиб, дарахт остидаги майсага чўзилди. У кун бўйи ўша ерда ётди. Вақти-вақти билан у уйқуга кетар ва уйқусида мускуллари ирғиб-ирғиб кетарди. Уйқудан кўзини очиб, яна қимир этмай ётар, қушларни кузатар ёки боши устидаги шохлар орасидан осмонга қарарди. Бир-икки марта у ҳеч қандай сабабсиз хахолаб кулди ҳам.
Ғира-шира қуюқлашиб, ҳаммаёқни қоронғулик босганда, шовқин-сурон солиб бекатга юк поезди келиб қолди. Паровоз вагонларнинг бир қисмини захира йўлга ўтказиб бўлгунча, Жонни секингина поездга яқинлашди. У бўш вагонлардан бирининг эшигини очди-да, бир амаллаб вагон ичига кириб олди. Кейин вагоннинг эшигини ёпди. Паровоз ҳуштак берди. Жонни қоронғуда қимирламай ётар ва илжаяр эди.

Рус тилидан Ф. Абдуллаев таржимаси