Ҳиндистоннинг биринчи Бош министри, Халқлар ўртасида Тинчликни сақлаш Халқаро Ленин мукофотининг лауреати Жавохарлаъл Неру таваллудига юз йил тўлди. Шу муносабат билан унинг «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» асаридан парча эълон қилаётирмиз.
Бу китоб ҳибсга олинганимдан кейин, Ер куррасининг катта қисми уруш гирдобига ғарқ бўлиб турган — 1944 йилда ёзилган эди. Китобда менинг ўша даврдаги кайфиятим ва фикр-ўйларим акс этган. Унда асосан Ҳиндистоннинг узоқ ўтмиши қамраб олинган ва шу боисдан у қадимий мамлакат тарихини тушуниб олишга бирмунча ёрдам бериши мумкин. Эҳтимол, ўқувчига Хиндистоннинг ҳозирги авлодига таъсир кўрсатган омиллар ҳақида тасаввур берар.
…Мен Ҳиндистоннинг тарихини ўргандим, мўътабар қадимий-адабий ёдгорликларни ўқиб чикдим. Уларга сингдирилган тафаккурнинг қудратлилиги, тилнинг бой ва ранг-баранглиги, акл-заковатнинг ярқираган қирралари мени лол қолдирди. Мозий даврларда бу ерлардан ўтиб, саёҳатномаларини ёзиб қолдирган хитойлик ва ўрта осиёлик буюк сайёҳлар билан биргаликда Ҳиндистонни кезиб чиқдим.
Шундай қилиб, кўз ўнгимда Ҳиндистоннинг юксалиш ва инқирозга юз тутиш, ғалабалар ва мағлубиятларга тўлиқ тарихининг кенг манзараси намоён бўлди.
…Эрамизнинг биринчи минг йиллиги давомида Ҳиндистонда юксалиш ва пасайиш даврлари, босқинчилар билан тўқнашувлар ва ички ғалаёнлар кўп бўлиб турган. Лекин шуларга карамай, бу барча йўналишларда тараққий этган жўшқин ва жадал миллий ҳаёт даври эди. Юксак маданият туфайли фалсафа, адабиёт, драма, санъат гуллаб-яшнайди, фан ва математика соҳасида катта муваффақиятларга эришилади. Ҳиндистон иқтисодий жиҳатдан равнақ топа бошлайди. Истиқболида янги уфқлар очилади. Янги-янги мамлакатлар билан алоқалар йўлга қўйилади. Эрон, Хитой, Ўрта Осиё билан муносабатлар мустаҳкамланади…
Ҳиндистоннинг турклар, афғонлар ва мўғуллар томонидан забт этилиши унинг Ўрта ва Ғарбий Осиё билан алоқаларининг жадал ривожланишига олиб келган. Ўн бешинчи аср (тахминан Европадаги Уйғониш даврида) Темурийлар даврида… Самарқанд ва Бухорода маданият гуллай бошлади. Ана шу муҳитда етишган, Темурийлар сулоласининг ҳукмдори Бобур ўн олтинчи аср бошида Деҳли тахтини эгаллади. Улар Эрон билан жуда яқин муносабатлар ўрнатган эдилар. Буюк Мўғул саройида иззат-икром ва эътибор қозониш мақсадида чет эллардан кўплаб олимлар ва санъаткорлар келиб туришарди. Ҳиндистонда ҳинд ғоялари ҳамда форс анъаналарини ўзида мужассамлаштирган янги меъморчилик санъати камол топди.
Акбар Ҳиндистонда буюк Мўғуллар сулоласининг учинчи ҳукмдори эди. Аслида буюк давлатни у бирлаштирди. Унинг бобоси Бобур 1526 йилда Деҳли тахтини эгаллаган бўлса ҳам Ҳиндистонга бегона, мусофир киши эди. Бу мамлакатда ўзини ёт кишидай ҳис қиларди. У шимоллик эди: у ерда ватани — Ўрта Осиёда Темурийларнинг Уйғониш даври гуллаган, эрон санъати ҳамда маданиятининг таъсири жуда кучли эди. Бобурга ўрганиб қолган дўстлар гурунги, дўстона суҳбатлар, Эрон ва Бағдоддан келтирилган нафис роҳат-фароғат анжомлари етишмас эди. У шимол тоғларининг қор ва музликларини, гўштли таомларни, Фарғонанинг чаманзорларини, меваларини қўмсарди. Бироқ мусофирлик жонидан ўтиб кетганда ҳам Ҳиндистонни тенгсиз гўзал мамлакат деб ҳисоблаган. Бобур Ҳиндистонга келгач, тўрт йилдан кейин вафот этди. Кўп вақтини жангу жадалларга, константинополлик машҳур меъморнинг хизматидан фойдаланиб, Аградаги ҳашаматли пойтахт курилишига бағишлади. Бу Константинополда буюк Сулаймон подшоҳлик қилган, шаҳарда ажойиб бинолар курилган давр эди.
…Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, жасур ва тадбиркор инсон бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур килишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар тағин ҳам диловар, тағин ҳам кўпроқ фазилатлар соҳиби бўлган. У мард ва довюрак, истеъдодли саркарда бўлиш билан бирга мурувватли ва танти, идеалист ва хаёлпараст, ташаббускор, ўз издошларининг чексиз садоқатини қозонган доҳий эди. Саркарда сифатида у Ҳиндистоннинг кенг ўрамини (территориясини) ўзига бўйсундирди, аммо у қўлдан кетмайдиган бошқача ғалабани —
одамларнинг қалби ва онгини забт этишни орзу қиларди. Акбарнинг саройида бўлган португалиялик руҳонийларнинг сўзига қараганда, унинг боқишлари кишини ўзига ром қиладиган жозибали, кўзлари эса «қуёш ёғдусида порловчи денгиз каби нур сочиб турган». Акбар фақат сиёсий жиҳатдангина битта давлатга бирлашиб қолмасдан, балки узвий равишда битта халқ бўлиб бирлашган ягона Ҳиндистон ҳақидаги қадимий орзуга руҳ бағишлади. Ўзининг 1556 йилда бошланган ва узоқ давом этган, деярли эллик йиллик ҳукмронлиги даврида ана шу мақсад сари интилди. Бошқа ҳеч кимга бўйсунмайдиган, мағрур ражпут бошлиқларини ўз томонига оғдирди. У, ражпут қизига уйланган бўлиб, шу тариқа, ўғли ва тахт меросхўри Жаҳонгир ярим мўғул (ўзбек), ярим ҳинд-ражпут эди. Жаҳонгирнинг хотини Шоҳжаҳон ҳам ражпутлардан бўлган. Шундай қилиб, турк-мўғул сулоласи ирқий жиҳатдан турк ёки мўғулларга қараганда ҳиндларга яқинроқ бўлиб қолди. Акбар ражпутлар билан фахрланар, маънавий жиҳатдан ўзини уларга яқин ҳисоблар эди. Никоҳлар, шунингдек, бошқа воситалар ёрдамида давлатини анча мустаҳкамлашга хизмат қилган ражпут ҳукмрон синфлари билан иттифоқ тузди. Ундан кейинги ҳукмронлар даврида ҳам давом этган бу мўғул-ражпут ҳамкорлиги фақат давлат тузуми, мамлакатни идора этиш ва қўшинларга таъсир этибгина қолмай, балки санъат, адабиётда, Ҳиндистоннинг бутун ҳаётида чуқур из қолдирди. Мўғул аъёнлари аста-секин ассимилиацияга дучор бўлдилар, ражпут ва бошқа ҳиндларга форс маданияти ўз таъсирини ўтказди.
Акбар атрофига ўзи ва орзу-истакларига садоқатли ажойиб инсонлар зумрасини тўплади. Уларнинг орасида машҳур ака-ука Файзи ва Абул Фазл, Бир Бал, рожа Ман Сингх ва Абдураҳимхонлар бор эди. Унинг саройида турли диний эътиқоддаги кишилар, хонлар бор эди. Янги ғояларни ўртага ташлаган ёки янги кашфиётлар қилган зотлар учрашар эдилар. Унинг турли қарашларга эркин йўл қўйиб бериши ва ҳар қандай эътиқодни рағбатлантириши шу даражага бориб етардики, бундан ўта диндор мусулмонлар ғазабга келишарди. У, ҳатто, барчага мос келадиган янги аралаш дин яратиш ҳаракатида ҳам бўлган. Худди унинг ҳукмронлиги даврида Шимолий Хиндистонда ҳиндлар билан мусулмонларнинг маданий қўшилиши сезиларли даражада илгарига қараб силжиган эди. Акбарнинг ўзи, шубҳасиз, ҳиндлар ўртасида ҳам, мусулмонлар ўртасида ҳам бирдай эъзозланар эди. Мўғул сулоласи ҳақикий ҳинд сулоласи сифатида чуқур илдиз отди.
Акбарнинг турли билимларга ҳаваси ниҳоятда зўр, хоҳ диний, хоҳ дунёвий бўлмасин, доимо ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ҳаракат қиларди. Техник ихтиролар, ҳарбий ишлар билан қизиқарди. Айниқса, жанговар филларга кўпроқ эътибор берарди, қўшинларида улар асосий ўринни эгалларди. Унинг саройида бўлган португал руҳонийлари: «У фақат ҳарбий ва сиёсий масалалардагина зукколик кўрсатиб колмай, шунингдек, техниканинг турли соҳаларида ҳам донишлигини намойиш қилиб, жуда кўп нарсалар билан қизиққан, уларни ўрганишга интилган, — деб гувоҳлик беришади. — Ўзининг билимга чанқоқлигидан, оч қолган киши ҳамма овқатни чайнамасдан лиққа-лиққа ютганидай, ҳаммасини бирваракай ўрганишга ҳаракат қиларди».
Бироқ, унинг қизиқувчанлиги бир қанча соҳаларга ёйилмагани, олдида пайдо бўлган баъзи жуда муҳим муаммоларни таҳлил этишга интилмагани кишини таажжублантиради. Буюк Мўғул сифатида обрў-эътибор қозонгани, қуруқликдаги давлат сифатида унинг империяси қудратли бўлгани билан денгизда заиф эди. 1498 йилда Васко да Гама «Яхши умид» бурнини айланиб ўтиб, Каликутага етиб келди. 1511 йили Албукерк Малаккани босиб олиб, Ҳинд океанида Португалия ҳукмронлигини ўрнатди. Ҳиндистоннинг Ғарбий қирғоғидаги Гоа португал тасарруфига ўтиб кетди. Буларнинг ҳаммаси португалларни Акбар билан юзма-юз тўқнашувга олиб келмади. Бироқ португалияликлар денгиз орқали Маккага йўл олган, ораларида кўпинча ҳажга борувчи император хонадони аъзолари, аъёнлар бўладиган ҳиндларни асир олиб, уларнинг озод этилишига пул талаб килиб, қамоқда сақлар эдилар.
Акбар қуруқликда қанча қудратли бўлмасин, португалияликлар денгизда устун эканликлари равшан эди. Ҳиндистон ўтмишда маълум даражада денгиз йўлларини ўз назорати остига олгани туфайли улуғворликка ва қудратга эришган бўлса-да, континентал давлатнинг денгиздаги куч-қудратига етарли эътибор бермаслигини тушуниш қийин эмас. Акбар янги-янги ерларни забт этиш билан овора эди, гоҳ-гоҳ унинг китиқ патига тегиб турсалар-да, португалияликларга аҳамият бермас, улар билан шуғулланишга вақти ҳам йўқ эди. Бир пайтлар кемасозликни ривожлантиришни ният қилди, аммо бунга денгиз қўшинларини мустаҳкамлаш эмас, шунчаки эрмак деб каради. Сўнгра, мўғул кўшинлари, бошқа ҳинд давлатлари қўшинлари каби артиллерия соҳасида Усмонли турк империясидан келган ажнабий мутахассисларга суянар эди. Артиллерия бошлиғи Румихон унвонига эга бўларди (Рум — шарқий Рим, яъни Константинополдир). Мазкур чет эллик мутахассислар маҳаллий кишиларни ҳарбий ишга ўргатар эдилар. Ўз-ўзидан савол туғилади: нима учун Акбар ёки бошқа кимдир ўз фуқароларини чет элга ўқишга юбормаган, нима учун унинг ўзи илмий-тадқиқот ишларини раг батлантириш йўли билан артиллерияни такомиллаштиришга қизиқмаган?
Яна бир ғоят характерли ҳолат. Руҳонийлар Акбарга босма Тавротни, шунингдек афтидан, бир қанча бошка босма китобларни ҳам тортиқ қилишган. Нима учун у ўзининг давлат ишлари, шунингдек, қанчадан-қанча ташаббусларига катта наф келтириши мумкин бўлган китоб босмасига эътибор бермагани бизга қоронғу.
Яна бир мисол — соат. Мўғул аслзодалари ўртасида унга талаб катта бўлган. Соатлар португалияликлар, кейинчалик эса инглизлар томонидан Европадан келтириб турилган. Четдан олинадиган соатлар бой-боёнларга мўлжалланган зебу зийнат буюми ҳисобланар, оддий халқ эса қуёш, қум ва сув соатлари билан қаноатланарди. Ҳатто пружинали соатлар тузилишини билиб олиб, уларни Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга уриниб ҳам кўрилмаган. Агар Ҳиндистонда кўплаб қўли гул ҳунарманд ва усталар борлиги ҳисобга олинса, техникага бу қадар қизиқмаслик кишини лол қолдиради.
Акбар XVI асрда, Европада олға ҳаракат килувчи кучлар, инсоният ҳаётида инқилобий юксалиш пайдо бўлган даврда яшади. Бу кашфиёт туфайли Европа аввал аста-секин, кейин эса, жадал суратда илгарилаб кетди, XIX асрда эса шундай сакраш қилдики, натижада янги дунё яратди. Европа табиат кучларини жиловлаб, улардан ўз мақсади йўлида фойдаланаётган бир даврда, оғир карвон ва мудроқ Осиё оғир инсон меҳнатига суяниб қарор топган ҳаёт тарзига амал қилиб келарди.
Буни қандай тушуниш мумкин? Бу саволга бир хил жавоб бериш қийин, чунки Осиё жуда кенг ва хилма-хил. Ҳар бир мамлакат, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонга ўхшаган йирик мамлакатлар мустақил таҳлил этишни тақозо этади. Хитой, шубҳасиз, ўша даврда ҳам, ундан кейин ҳам анча маданиятли бўлган, унинг халқи ҳар қандай Европа халқларига нисбатан маданиятлироқ ҳаёт кечирган. Хиндистон ҳам ташидан сарой ҳашаматини кўрсатибгина қолмай, балки савдо-тижорат, ҳунармандчилик, халқ амалий санъати равнақ топганлигидан далолат бериб турарди. Европа мамлакатлари у ерга бориб қолган ҳиндлар учун кўп жиҳатдан қолоқ ва ғариб кўриниши мумкин эди. Шунга қарамасдан, Европада тобора аниқроқ намоён бўлаётган жўшқинлик Ҳиндистонда мутлақо сезилмасди.
Тараққиёт ташқаридан қилинган ҳужумга нисбатан кўпроқ ички заифлик туфайли инқирозга юз тутади. У, маълум маънода эскириб, ўсиб-ўзгариб турган дунёга бошқа бирон нарса беришга курби етмаслиги ёки унинг вакили бўлган халқ сифат жиҳатидан айниб, ўзига юклатилган вазифани шараф билан адо этишга ярамай қолиши сабабли заифлашиб қолиши мумкин. Шундай бўлиши ҳам мумкинки, ижтимоий тузум олға қараб ҳаракат қилишга тўғаноқлик қилади ва бу ҳаракат тўсиқ бартараф этилган ёки мавжуд тузумга қандайдир жиддий сифат ўзгариши киритилгандагина амалга ошади. Ҳинд тараққиётининг таназзулга учрагани турк ва афғон истилосигача етарлича аниқ-равшан эди. Истилочилар ва улар келтирган янги ғовларнинг кўҳна Хиндистон билан тўқнашувлари янги ижтимоий воқеа-ҳодисаларнинг пайдо бўлишига олиб келдими, шу билан у ақл-идрокни кишанлардан озод қилдими, янги куч-ғайратларга кенг йўл очиб бердими? Маълум даражада шундай бўлди, санъат, меъморчилик, тасвирий санъат, музика ва турмуш тарзига янги руҳ таъсир этди. Аммо бу таъсир етарли даражада чуқур бўлмади, бир мунча юзаки кечди, ижтимоий тузум ўзгаришсиз қолаверди. Баъзи масалаларда у ҳатто яна камроқ ўзгарувчан бўлиб қолди. Ҳиндистон европача маънодаги феодал мамлакат эмас эди, лекин унинг мудофаасининг асосини ташкил этган ражпут уруғ жамоалари ўзига хос феодал тартибига кўра тузилган эди. Мўғуллар давлати ҳам ярим феодал, аммо кучли мустабид марказга эга бўлган давлат эди. Бу монархия Ражпутан феодализмидан устун турарди.
Агар Акбарнинг порлоқ ва синчков ақли ижтимоий масалаларга қаратилган бўлганида, у жаҳондаги бошқа мамлакатларда кечаётган воқеаларнинг моҳиятини тушуниб етишга ҳаракат қилганида, ижтимоий ўзгаришларга катта ҳисса қўшган бўлур эди. Бироқ у ўз империясини мустаҳкамлаш билан жуда банд эди, унинг олдида кўндаланг бўлиб турган асосий муаммо бетўхтов тарқалиб бораётган ислом динини миллий дин ва халқнинг урф-одатлари билан муросага келтириш ва шу йўл билан миллий бирликка эришишдан иборат эди. У динни ақл-идрокка суянган ҳолда талқин қилишга уринарди, бир мунча вақт ҳинд воқелигини ғоят даражада ўзгартириб юборишга муваффақ ҳам бўлди. Аммо бундай масалага бевосита ёндашиш одатдагича муваффақият келтирмади.
Шундай қилиб ҳатто Акбар ҳам Ҳиндистоннинг ижтимоий ҳаётига жиддий ўзгаришлар кирита олмади, ундан кейин эса, у яратган ўзгаришларга интилиш муҳити ва ақлий изланишлар барҳам топди, Ҳиндистон яна ўзининг турғун, барча янгиликларга гунг ҳаётига қайтди?
Акбар ўз империясини шундай мустаҳкам қурган эдики, унинг давлати уқувсиз ворислари даврида ҳам юз йилча яшади. Деярли ҳар гал мўғул сулоласининг хукмдори вафотидан кейин тахтга даъвогарлар ўртасида марказий ҳокимиятга путур етказувчи урушлар бўлиб турди. Лекин сарой мустаҳкамлигича қолар, улуғ мўғуллар бутун Осиёга ва Европага довруғ таратган эдилар.
Анвар Каримов таржимаси
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 11-сон