“Қулоқ сол, ўғлим. Бу сўзларни сен ухлаётган пайтда айтяпман; сенинг жажжи қўлларинг чекканг тагида, сарғиш сочларинг эса терлаган пешананг узра ёйилган. Мен хонангга ёлғиз ўзим, билдирмасдан кириб олдим. Бир неча дақиқа аввал кутубхонада газета ўқиб ўтирганимда, мени пушаймонликнинг оғир тўлқини шиддат билан қамраб олди. Мен ўз айбимни ҳис этган ҳолда сенинг жажжи каравотинг тепасига келдим.
Мана, мен нималар ҳақида ўйладим, ўғлим. Мен ўзимнинг нохуш кайфиятимни сенинг устингга гўё тўкиб юборибман. Кийинаётганингда сени сўкиб, ҳақорат қилдим, мактабга отланаётгандинг, юзингни ҳўл сочиқ билан артаётгандинг. Мен сени пойафзалимни тозаламаганинг учун қаттиқ койидим. Эгнингдан ниманидир олиб, полга ташлаганингда, ниҳоятда жаҳлим чиқиб бақириб юбордим.
Мен нонушта устида ҳам сенга ёпишиб олдим. Сен чойни полга тўкиб юбординг. Овқатни очофатларча тановул қила бошладинг. Бармоқларингни дастурхон устига қўйдинг. Нонга ёғни кўпроқ суртиб юбординг. Шундан сўнг ўйнаш учун ташқарига чиқиб кетаётганингда, мен поездга чиқиш учун шошаётгандим. Сен менга бурилиб қараб, қўлингни силкитдинг ва: “Дада, хайр, кўришгунча!” — дединг. Мен эса қовоғимни уйганимча: “Елкаларингни тўғрила”, деб жавоб бердим.
Сўнгра кун охирида бари яна қайтадан бошланди. Йўлак бўйлаб уйга одимлар эканман, сенинг соққачалар билан тиззалаб ўйнаганингга кўзим тушди. Пайпоғингда тешиклар бор эди. Мен сени ўртоқларинг олдида камситдим, олдимга тушиб уйга юришга мажбур этдим. Пайпоқлар жуда қиммат туради, агар сен шахсий пулингга олганингда бу ниҳоятда ёқимли бўларди! Англаяпсанми, ўғлим, бу гапларни мен, сенинг отанг айтяпти!
Эсингдами, кейин сен кутубхонага кирдинг. У ерда мен мутолаа билан банд эдим. Сен оҳиста қадам қўйдинг, мен эса халақит бераётганингни айтдим. Сен гангиб, эшик ёнида тўхтаб қолдинг. “Сенга нима керак ўзи?” деб кескин сўрадим мен.
Сен лом-мим демадинг, бироқ бирдан чопиб келиб, бўйнимдан қучоқлаб олиб, мени ўпа кетдинг. Сенинг қўлчаларинг мени меҳр-муҳаббат билан қисар, Худованди каримнинг кўнглингга солган бу меҳри менинг эҳтиётсизлик билан йўл қўйган муносабатимни ҳам буткул ювиб юборган, адойи тамом қилган эди. Шундан сўнг сен жажжи оёқчаларингни бир-бир босиб, зинадан юқорига чиқиб кетдинг.
Шундан кейин менинг қўлларимдан газета сирғалиб тушиб кетди, бутун вужудим даҳшатли, кўнгилни айнитадиган бир қўрқув қамраб олди. Бу одатлар мени қандай аҳволга солиб қўйди ўзи? Хархаша одати, ҳадеб койийвериш – кичкина бўлганинг учун менинг сенга берган мукофотим ана шу эди. Сени яхши кўрмайман, дейишим мумкин эмас, аммо гап шундаки, мен ёшлик чоғингдан кўп нарсани кутганман ва сени шахсан ўзимнинг йилларим билан ўлчабман.
Сенинг табиатингда эса соғлом, гўзал, самимий жиҳатлар шунчалик бисёрки, бу – митти кўнглингнинг улканлигидан далолат беради, у ҳов анови тепаликлар ортидаги субҳидам нурларига ўхшайди. Бу сенинг беихтиёр менга бирдан шиддат билан бағримга ўзингни отганингда намоён бўлганди. Сен ухлашдан олдин мени ўпиш учун кирган эдинг. Бугун бундан бошқа ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмади, ўғлим! Мен қоронғида каравотинг тепасига келиб, минг бир хижолатга тушиб, олдингда тиз чўкаман!
Бу жуда заиф ҳолда гуноҳни ювиш демакдир. Биламан, сен уйғонганингда, бу гапларнинг ҳаммасини айтганимда ҳам тушунмас эдинг, ўғлим. Аммо эртага мен ҳақиқий ота бўлмоқчиман! Мен сен билан дўст бўламан, қийналсанг, ранжисанг, бирга қийналаман, кулсанг, мен ҳам бирга куламан. Жаҳлим чиққанида, бирорта аччиқ сўз чиқадиган бўлса, тилимни тишлайман. Мен: “У ҳали бола-ку, сенинг зурриёдинг”, деган гапни худди қасамёд каби тинмай такрорлайман.
Мен сени фикран вояга етган эркак ўрнида кўрганимдан қўрқиб кетдим. Ҳозир эса, сенга тикилиб, ўғлим, каравотинг тепасида ҳорғин турар эканман, тушунаман, сен ҳам кичкинтойсан. Кечагина онангнинг қўлида, бошинг эса унинг елкасида эди. Мен сенга ҳаддан зиёд талабчанлик қилганман, сенга ҳаддан ортиқ талаб қўйганман”.
Рус тилидан Фатҳулла Намозов таржимаси