1
Замин ёнарди. Олислардан гуриллаган, қарсиллаб ёрилган, даҳшатли вулқондек отилиб чиқаётган аланга кўкка ўрлар, чор атрофга олов селини пуркаб, ёйилиб, кучли оташ қайнамини ҳосил қиларди. Осмонни қоплаган қуюқ тутун қора булутдек ҳаммаёқни зимистонга айлантирган, мисли кўрилмаган даҳшатли ёнғиннинг шуъласидан фалак ҳам қонга бўялгандек қизариб кетганди.
У қора терга чўмиб, жони ҳалқумига келганда пайдо бўладиган қўрқув олдида ғира-шира кўринган чўққи сари жонининг борича, телбаларча югурарди. Ҳайбатли ёнғин ҳар томонга чўзилган узун қизил тиллари билан йўлида дуч келган жами нарса борки, ҳаммасини кулга айлантириб, шитоб билан бостириб келмоқда эди. У охири етиб келди ва жон ҳолатда чўққига тирмашди. Унинг юз-кўзи, қўл-оёқлари қонга бўялди. Аммо у оғриқни сезмасди. У фақат чўққига чиқиб олиб, ёнғиннинг куйдириб кул қилишидан сақланиб қолишнигина ўйларди.
У чўққига чиқиб олди ва ҳансираб кетганидан тик туролмай ўзини ерга ташлаб, чалқанча ётди. Бироқ шу заҳотиёқ баданининг қизиб кетаётганига чидай олмай, ўрнидан сакраб туриб кетди. Ёнғин чўққига ҳам тирмашиб, унинг атрофини қамал қилиб қуюндек айланарди. У борган сари торайиб бораётган аланга қамалига қараб, умидсизланди. “Эй худоё, худованди карим, менга ўзинг раҳм қил” деди у, қўлларини осмонга кўтариб. Шу аснода нимадир унинг қўлларидан енгилгина тутиб олиб, аланга гирдобидан олисга осмон бўшлиғига кўтариб чиқиб кетди. У юқорига қараёлмасди. Аммо бир туриб, қанотларнинг силкиниш овозини эшитгандек, яна бир туриб эса гўзал бир қизнинг сиймосини кўргандек бўларди. Шу тарзда талай ер-жаҳонни қоплаган ёнғиндан асар ҳам қолмаганди. Унинг остида ям-яшил водийлар кўринди. “Қутулдим, деди у ичида, лекин мени кўтариб кетаётган қандай нарса экан?” У охирини ўйлашга улгурмади. Уни қисиб тутиб турган қўл бўшаб кетди. У ерга қараб отилган ўқдек тушиб бормоқда. У бақириб-чақирар, оёғи юмшоқ чаманзорликка енгил текканда ҳам ўзини билмай типирчиларди…
Усмон афанди икки қўли кўкси устида, боши ёстиқдан тушиб кетган ҳолда чўчиб уйғонди. У дарҳол ўзига келолмади. Бошини ёстиққа ўнглаб, шифтга тикилганча яна бироз ётди. Юраги эса қаттиқ ураётганди. У ўз уйида каравотида ётганини билиб, дўзах азобидан қутулгандек чуқур уф тортди, сўнг тирсакларига таяниб, кўтарилиб ўтирди.
Қора босибди, қўлим юрагимнинг устида бўлиб қолибди, деди уй ичидаги ним қоронғиликка қараб, шом вақтида осонгина қора босади, деб эшитгандим, ўзим ҳам бемаҳал ухлаб қолибман.
У аста ўрнидан туриб, чироқни ёқди. Оёқ-қўллари эса ҳали ҳануз титраб турарди. Бутун аъзойи бадани терлаб кетганди. У ювиниш хонасига кириб, сувни шариллатиб қўйиб ювинди. Совуқ сув унинг асабларини тинчлантириб, аслига келтирди. У кўйлагини кийиб, ёзув столи олдидаги ўриндиққа келиб ўтирди.
У столининг бир четида тартиб билан тахлаб қўйилган дафтарларнинг энг устидагисини олиб варақлаб, керакли бетини топгандан кейин эндигина диққат билан кўз югуртириб турганди, эшик аста тақиллади. У дафтардан кўз узиб, овоз чиқармасдан юриб, эшик олдига келди ва кузатиш ойнагидан қаради. Лекин, кўзига ола-яшилликдан бошқа ҳеч нарса кўринмади. Эшик яна тақиллади. У ҳозир ҳамма одамга касалдек ёпишиб олган эҳтиёткорлик туйғуси билан занжирни тўрт энлик қилиб тўғрилаб, эшикни қия очди.
Сиз Усмон афанди бўласизми? дея сўради гавдасининг ярмигина кўринган бир аёл.
Шундай, мен Усмон афанди бўламан, хоним.
Кечирасиз, хоним эмас, бекам, – деб тузатди меҳмон, – кирсам бўладими?
Албатта бўлади, қани – марҳамат.
Усмон афанди ўнғайсизланди, хижилликни билдирмаслик учун эшикни тезда очиб, ҳурмат билан бир четга ўтиб турди.
Хушбичим қомати яшилранг гулли, энг янги модада тикилган кўйлакка жуда ярашиб кетган қиз кулимсираб кириб келди. Усмон афанди шошилиб, жойидан қимирлаёлмай қолди, қизнинг бағоят гўзаллиги унинг эс-ҳушини йўқотаёзганди.
Сизни овора қилиб қўйдим, узр, Усмон афанди, деди қиз унинг бошидан-оёғигача тезда кўз югуртириб. Унинг шишадек ярқираб турган юзида ширингина бир табассум балқиди, кечирасиз, ўзимни таништирмадим. Исмим Замира, “Қизиқарли хабарлар” газетасининг мухбири бўламан.
Қиз қўлидаги кафтдай келадиган кичкинагина ҳамёнидан яшил гувоҳномани чиқариб узатди. Усмон афанди шубҳага ўрин қолдирмай, ишонч билан қизни ичкарига таклиф қилди:
Ҳожати йўқ, Замирахон, усиз ҳам сизга ишонаман… мен “Қизиқарли хабарлар”нинг мухлисларидан бириман…
Ўтирсам бўладими, Усмон афанди?
Кечирасиз, мен сизни ўтиришга таклиф қилишни ҳам унутиб қўйибман… Бемалол. Қани, марҳамат, Замира бекам.
Замира бека Усмон афанди таклиф қилган ўриндиққа келиб ўтирди.
Эҳтимол, сиз бу бекам кеч кириб қолганда мени қандай юмуш билан қидириб келганикин, деб ўйлаётгандирсиз, шундайми? деди қиз мухбирлик гувоҳномасини ҳамёнига солаётиб.
Очиқ кўнгиллик билан айтилган бу сўз Усмон афандининг ҳушини жойига келтиргандек бўлди.
Ундай эмас, бекам, аксинча, бағоят хурсандман. Сизни илгари кўрмаган бўлсам ҳам, сиз билан танишиш шарафига муяссар бўлиб турганимдан бағоят хурсандман, деди у ўрнига келиб ўтириб.
Сиздан илтимос, агар малол келмаса, мени, яхшиси, бекам демай оддийгина қилиб Замира деб атасангиз.
Агар шундай аташ сизга маъқул бўлса, илтимосингизни рад этолмайман. Аммо, мени ҳам оддийгина қилиб Усмон деб чақиришингизни сўрайман.
Шундай бўлгани яхши. Киши ўзини эркин ҳис этади, бўпти, келиш¬-дик-а?
Келишдик.
Кечирасиз, Усмон ака, деди қиз хурсандлик билан кулимсираб, биз мухбирлар мана шундай ҳар қандай ерга майли, қарши олсин-олмасин киришга одатланиб кетганмиз. Кириб олгач, мухбирлик касалимиз қўзиб, тинчлик бермайди. Мени бу нарсалар, қиз столдаги тахлоғлиқ турган дафтарларга имо қилди, қизиқтириб қолди. Менимча, сиз каттароқ бир нарса ёзаётганга ўхшайсиз. Саволим ноўрин бўлса, жавоб бермасангиз ҳам ранжимайман.
Сиз мени нотўғри тушунибсиз, Замира. Мен ёзувчи эмас, ўқитувчиман.
Буни биламан. Лекин ёзувчилик ҳам қўлингиздан келади. “Сирли сигнал” ҳикоянгиз ҳажми жиҳатидан кичик бўлса-да, бироқ ўша асарингиз билан фан-техника соҳасига ҳақиқатдан ҳам бир туртки берган эдингиз.
Мен бор-йўғи бир мартагина ёзиб кўрган эдим, балки охиргиси ҳам шу бўлиб қолиши мукин, хаёлимга келган бир фикр қўлимга қалам олишга мажбур қилган эди, холос. Сиз қизиққан бу дафтарлар ўқувчиларнинг топшириқ дафтарларидир.
Топшириқ дафтарлари?!
Хато англамадингиз, Замира.
Топшириқ дафтарлари! Замира бека ҳайрон қолганлигидан ўрнидан туриб, қўли билан дафтарларни босиб қўйди. – Қизиқ, жуда қизиқ. Илм-фан камолотга етган XXI асрда яшаётган одамга XIX, XX асрлардаги ўқиш-ўқитиш усулларига сингиб кетган одатни учратиш ниҳоятда қизиқ туюлар экан. Ҳозир биздаги ўқиш-ўқитиш ишлари телевизор, электронли ҳисоблаш машинаси орқали олиб борилаяпти. Юзлаб ўқувчи-ўқитувчини бир ерга жам қилиб оларкан, яъни унуми паст, вақти ҳам беҳудага кетадиган ишларнинг тугаганига анча йиллар бўлди. Ажаб, сиз ҳали ҳам ортга чекинмоқчи бўлсангиз…
Чекиниш дедингизми? Йўқ, мен бу фикрингизга қўшилолмайман, Усмон афанди ўрнидан даст туриб, бироз қизишган ҳолда у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Электрон-ҳисоблаш машинаси жуда тараққий қилиб, ялпи тарзда қўлланила бошлади. Буни бизнинг ҳозирги илм-фан такомиллашган давримизнинг бўй-басти, дейиш мумкин. Аммо, маориф ходимлари электрон- ҳисоблаш машинаси ўқувчиларнинг, айниқса, бошланғич, тўлиқсиз ўрта мактаб ўқувчиларининг зеҳнини ошириш йўлида тўсиқ бўлмоқда, деб ёшлар, ўсмирлар орасида бу машинани ишлатмаслик фикрини олға суришмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг, бу нарса худди уста кўрмаган шогирддек ёки бўлмаса машқ машғулотидан ўтмаёқ тўғридан-тўғри электрон-ҳисоблаш машинасига таяниб, сайёралар аро учаман, деганга ўхшаган гап эмасми, ахир? Ёхуд, аксинча, бизнинг учувчиларимиз жиддий машқ ва синовлардан ўтади.
Замира кулиб қўйди. Унинг кулгиси юракни ларзага соладиган ёқимли мусиқага, кулгидан янада очилиб кетган нурли чиройи эса бамисоли гуллар ғуж бўлиб очилгандаги гулзорга ўхшаб кетарди. Унга мафтун бўлиб қолган Усмон афанди бу кулгидан, унинг билинар-билинмас тебранган тол чивиқдай нозик қоматидан кўзини узолмай қолди.
Мен сиз билан баҳслашмоқчи эмасман, Усмон ака. Менинг бу соҳада биладиганларим ниҳоятда оз, деди қиз кулгидан тўхтаб, эслашимча, дунёда биринчи бўлиб электрон-ҳисоблаш машинаси 1946 йили Америкада дунёга келган экан. Унинг ҳажми 300 куб инглиз қурилмаси бўлиб, 170 квадрат метр майдонни ишғол этган экан ўшанда. Оғирлиги ҳам 30 тонна бўлган экан. Унга 18800 дона вакуум лампа ўрнатилган экан. Энди кўз олдингизга бир келтириб кўринг-а, шундан кейин бир асрга яқин вақт ичида бу машина кирмаган соҳа қолмади, ҳисоб. У жамиятни тараққий эттирди. Бизга ҳозир 20-30 йил илгариги ишлар ибтидоий нарсалардек туюладиган бўлиб қолди. Мен кўрган ҳисоблаш машинасининг энг кичиги жўхори донасидек келади, эҳтимол, ундан ҳам кичиклари бордир. Электрон-ҳисоблаш машинасидаги бу тараққиётни телевизор ҳамда электрон-ҳисоблаш машиналари ёрдамида ўқиган ўқувчилардан етишиб чиққан олимлар вужудга келтиргани, шубҳасиз. Хуллас, шуни айтмоқчиманки, электрон-ҳисоблаш машинаси инсон тафаккур иқтидорининг, сизнинг гапингиз билан айтганда, ўсмирлар зеҳнининг очилишини, яъни тараққий этишини асло тўсиб қололмайди.
Усмон афанди юришдан тўхтаб қолганди. Унинг назарида модали кийим танлаш, гўзаллиги билан йигитларни ўзига жалб қилишдан ҳузурланиш, бўш вақтини олий даражали рақсхоналарнинг рангдор чироқлари остида тўлғаниб ўйнаб ўтказишдан бошқани билмайдигандек кўринадиган бу қизнинг ўткир мушоҳадаси, хотираси уни ҳайрон қолдирганди.
Жим бўлиб қолдингиз-ку, Усмон ака, деди қиз унга қия боқиб, ёки гапларим сизни хафа қилиб қўйдими?
Усмон афанди Замирахоннинг олдига келиб, кўзларига тикилди.
Мен сиздан бундай гаплар чиқишини, ростини айтсам, сира кутмаган эдим. Гапларингиз мени лол қолдирган бўлса-да, ўзимни мунозарадан олиб қочмоқчи эмасман. Менимча, бундан кейин ҳам икковимизнинг яна-да чуқурроқ танишиб, ўзаро ишонч ҳосил қилишимизга мана шу мавзунинг ўзиёқ етарли имконият яратиб беради. Биз яна кўришиб турармиз, деб ўйлайман, Замира бекам?
Агар мендан ҳафсалангиз пир бўлмаса…
Нималар деяпсиз, қайтанга сиз мен ўйлагандан ҳам камтар экансиз, қизлардаги бундай камтарлик кишини ўзига янада жалб қилади. Энди кўнглингизга келмаса, сўрамоқчи эдим: сиз бу ерга топшириқ дафтарларини кўриш учунгина келмаган бўлсангиз керак, албатта?
“Сирли сигнал”ни ўқиганимдан кейин, сиз билан танишишни ўйлаб юргандим. Унда ўртага ташланган фикр мени қизиқтириб қолганди. Мана, танишиб ҳам олдим, ҳозир ўзимни ўзим ўйлагандан ҳам зиёда кўнгилчан ҳисоблаяпман. Чунки, сиз мени яна янги бир фикр, топшириқ дафтарларига эга қилдингиз.
Фақат қизиқиш юзасидангина…
Ҳамма иш ўзи аслида шундай қизиқишдан бошланади-да.
Кеч бўлиб қолди, ҳали овқатланмаган бўлсангиз керак?
Бир бўлак тўрт бўлса йўқ демасдим.
Ниҳоятда қовушмаган бўйдоқман. Одатда, кечқурунги овқатни ошхонада ейман. Шунинг учун бирга овқатлансак, қарши эмасмисиз?
…
Жуда яхши, бир дақиқа кутиб туринг, кийимимни алмаштириб олай.
2
Узун йўлак бўйлаб кетаётган навбатчи ходим қадамини аста ташлаб бораркан, рўпарасида кўзига чалинган тешикка қадалиб туриб қолди. У бу ерда эшик борлигини биларди. Орасига қалинлиги 50 сантиметрли пўлат тахта қўйилиб, олди-орқаси мустаҳкам қилиб ишланган бу эшик анча-мунча кучга бардош берарди. Сиртдан қараганда бўртма гул нақш этилиб сувалган йўлак давомида бир тешик бўлиб, одатда, бу тешикни пайқаш қийин эмасди.
Навбатчи йўлакнинг бошидан охиригача ташвишланиб қарагач, киссасидан рацияни олди.
Сиз профессормисиз? Ерости иккинчи қаватининг навбатчиси 3-уйнинг эшиги менга ажраб қолгандек кўринди, тешик 2-3 миллиметрча келади. Йўқ, қўл теккизганим йўқ. Сиз келгунча бу ердан бир қадам ҳам жилмайман.
Профессор кечикмади. Унинг ёнида тадқиқот ишларини муҳофаза қилиш вазифасига тайинланган, янги келган ҳарбий бошлиқ Нурил шонгвий1 ҳам бор эди. Тешикни кўрган профессорнинг ранги ўзгариб кетди.
Сиз буни ҳозиргина пайқадингизми? деб сўради у навбатчи ходимдан.
Навбатчи ходим соатига қараб қўйиб, жавоб берди:
Навбат алмаштирганимизга тўққиз дақиқа бўлди. Сиз етиб келгунча беш дақиқа ўтди. Демак, мен буни пайқаганимга тўрт дақиқа бўлибди.
Жавобингиздан шубҳаланмайсизми?
Мен ўз вазифамни аниқ биламан, ҳурматли профессор жаноблари.
Буни тунги навбатчидан аниқлаш мумкин, деди фуқароча кийинган, қадди-қомати келишган Нурил шонгвий. – Яхшиси, эшикни очиб, кириб кўрайлик.
Мен қатъий қилиб нохуш ҳолат юз берган, деб ҳисоблайман, шонгвий жаноблари. Юз берганда ҳам ниҳоятда оғир аҳволда юз берган, профессор эшик ёриғига бармоғининг учини тиқиб кўрсатди, оғирлиги 3-4 тонна келадиган, девор билан маҳкам жипслашиб турадиган бундай мустаҳкам эшикни бир томонга кўзга чалинадигандай қўзғатиш учун жуда катта куч талаб қилинади. Бу ерда қўзғатиш деган сўзни ишлатишнинг ўзи ақлга тўғри келмасди. Ё эшик қисилган, ёки девор.
Сизнинг айтганингизча бўлса, нима учун эшик ёки девор сувоқлари тушиб кетмаган?
Бундай бўлиши эшик ёки деворнинг зичлигига боғлиқ. Ёрилган жойи бундан каттароқ бўлса, эҳтимол, биз ерга тушган сувоқларни кўрган бўлардик. Профессор киссасидан қаламтарошини олиб очди-да, ёрилган жойга тиқиб қўзғотди. Дарвоқе, бир неча парча сувоқ эшикдан ажраб, тўкилиб тушди, кўрдингизми, мен ҳеч қанча кучанмадим. Ёриқнинг юқоридан тагигача ўхшашлигига қараб, берилган зарба кучини бирдай таъсир қилган ва маълум даражага борганда назорат қилинган, деб айтишга тўғри келади. Жуда мураккаб техника…
Профессор гапини якунламаёқ шартта бурилиб, “жуда мураккаб…”, “ниҳоятда хавфли” деган сўзларни такрорлаганча биринчи қаватга чиқадиган зина тарафга қараб кетди. Нурил шонгвий унинг нима қилмоқчи эканини тушунди. Эшик очадиган махфий рақам қурилмаси биринчи қаватдаги жавонга ўрнаштирилганди.
Профессор тезда қайтиб келди. Унинг қаттиқ саросимага тушиб қолганлиги шундоққина кўриниб турарди. У дам қўлларини уқалар, дам иягини силар, дам костюмининг этакларини тортиб қўярди. Тоқатсизланган Нурил шонгвий эҳтиёткорлик билан сўради:
Очилмайди-ку, эшик бузилганми, дейман?
Яна 25 дақиқадан кейин очилмаса сиз айтган хулосага келишимиз мумкин, деди профессор.
Вақт бўлди. Эшик овозсиз қўзғалиб, устки томони девордан ажралди. Бир парча қалин пўлат бетон тахта худди ерга кириб кетаётгандек пастлай бошлади. Унинг устки томони пол билан баробарлашганда, эшик пастлашдан тўхтади.
Эшикдан биринчи бўлиб кирган профессор чўчиб кетди. Унинг чеҳраси докадай оқарганди. У атрофига чексиз ажабланиш ва қўрқув билан назар ташлади. Деворга тақаб қўйилган ўтга чидамли хавфсиз сандиқ жавонларнинг биттаси ҳам кўринмасди. Уй ичи аввалгидек озода бўлиб, фақат унинг ўртасида атайлаб супуриб йиғиб қўйилгандек, икки-уч ҳовуч кул турарди.
Эй худо, бу қандай даҳшат?! профессор ақлдан озиб қолгандек у ёқдан бу ёққа югурар, деворни силар, шифтга тикиларди. Охири у кукуннинг ёнига келиб чўккалаб ўтирди, кул, ҳаммаси кулга айланиб кетибди, бизга қолгани мана шу. Бундай аянчли фожиани бизнинг нечоғли сезгир аппаратларимиз ҳам наҳотки, сезолмаган бўлса!..
Эшикдан кирибоқ йиқилган жавон-сандиқларни, бесаранжом сочилган буюмларни кўраман, деб сира ўйламаган Нурил шонгвий профессорнинг зорланишидан жиддийлашиб қолди.
– Сиз бу ишни юқори техника билан қуролланган одамлар қилган деб ўйлайсизми? – деди у профессорнинг тақир бошида пайдо бўлган тер томчиларига қараб.
– Одамлар эмас, бундай иш инсон боласининг қўлидан келмайди. – Профессор кулдан бир чимдим олиб кафтига тўкди, уй ичидаги шунча нарсани, девор-шифтларнинг бир қисмини ҳеч бир шарпа чиқармай, ис-пис тарқатмай икки ҳовуч кулга айлантириб қўйиш ҳали шу пайтгача бизда мутлақо кўрилмаган ҳодиса. Қаранг, улар ҳатто эшикка тегишмаган ҳам, аммо куч ишлатилгандек бир текисда ёриқ очиб қўйган, профессор кафтидаги кулни тўкиб юбориб, ўрнидан турди, лабораториядагилар кулни текшириб, хулосасини келтириб берсин. Икковимиз қўшни иккита уйга қараб кўрайлик. Худо билади, яна қандай ишларни кўрамиз экан ҳали…. Бурнимизнинг тагида юз берган ҳодисани сезмаган бизга энди бу ерда бир сония ҳам туришнинг ҳожати қолмади. Одамларингизга айтинг, биз узил-кесил бир хулосага келгунча ҳеч кимни бу ерга яқинлаштиришмасин.
Профессор ишхонасига киргандан кейин ҳам анчагача тинчлана олмади. Унинг тақир боши ва пешонасидаги қуюқлашиб қолган тер томчилари эрталабки қуёш ёғдусида ярқирарди. У оёқ-қўлларининг титрашини босиш учун ўтирди. Лекин яна баданига нимадир санчилгандек, бошидаги терни сидириб ташлаб, ўрнидан туриб кетди. Ёш бўлишига қарамай кўп ишларни бошидан кечирган, касбига кўра ўзини қандай тутишни биладиган Нурил шонгвий унинг тинчланишини кутиб жим ўтирди.
Мен сизга бундай товушсиз портлаш, яъни вайрон қилиш одам боласининг қўлидан келмайди, дедим. Шундайми? деди профессор шонгвийга. Шонгвий “шундай” дегандек қилиб бошини қимирлатди, биз бундай зарбага иккинчи марта дуч келмоқдамиз. Мен ўз фаразимни айтишдан аввал, сизга бир материал бераман. Сиз янги келганингиз учун, бу ердаги ишлардан тўлиқ хабардор бўлиб кетишга ҳали улгуролмадингиз. Материал сизни биз биринчи маротаба йўлиқ¬қан воқеанинг жараёни билан таъминлайди, профессор иш столининг тортмасини титраб турган қўллари билан тортиб очди, манг, ўқиб чиқинг, кўп вақтингизни олмайди.
Нурил шонгвий 12 бет келадиган бу материални тезда кўриб бўлди. Лекин унинг чеҳраси тўсатдан кучли рақибга дуч келиб қолгандек бир зумда ўзгариб кетди.
Мана энди сиз билан менинг нимадан гумон қилганлигим ҳақида бемалол гаплашишимиз мумкин бўлади, деди ўзини бироз босиб олган профессор, воқеанинг биринчи бор юз берганига бир ойча бўлиб қолди. Ўша вақтда тадқиқотларимиз ўрни муваффақиятли ишлаб чиқилган қўлингиздаги материалда изоҳлаб ўтилган “Шафақ 301” лойиҳаси ўғирланиб, шаҳар ташқарисидаги “Илонли” деб аталадиган ташландиқ қўриққа яшириб қўйилган. Лойиҳа бошқалар томонидан олиб кетилишидан олдин, тасодифий бир аҳволда яна бизнинг қўлимизга қайтиб келди, бироқ шуни ҳам эътироф қилмай бўлмайди-ки, лойиҳа ўғирланиб яна ўз қўлимизга қайтиб келгунча, биз бу ўғирланиш ҳолатини сезмадик. Бехатар жавонда қўл излари ҳам кўринмади. Бу иш биз учун ечилмас жумбоқ бўлиб қолди. Бугун худди шунга ўхшаб кетадиган аҳволга яна дуч келдик.
Нурил шонгвийнинг қошлари чимрилди. У ниманидир эслашга урингандек бармоқлари билан пешонасини силаб, ўйланиб қолди. Бироз жимликдан сўнг бошини кўтариб сўради:
Ҳурматли профессор, материал ҳам, сизнинг айтиб берганларингиз ҳам менинг ёдимга бир ишни солмоқда. Мен яқинда болалар журналида босилган бир фантастик ҳикояни ўқиб қолдим. Ҳикоянинг номи “Сирли сигнал”. Унда, исми ёдимда қолмабди, бир боланинг эски радиони таъмир қилаётиб, кутилмаганда бошқа бир тўлқинни қабул қилиб, шубҳали гапларни эшитганлиги, шу шубҳа бўйича “Илонли” деган ерга бориб, тадқиқот мавзуи бизники билан ўхшашиб кетадиган ниҳоятда махфий бир материални топиб олганлиги, сўнгра бояги “Илонли”нинг осмондан тушган ғайри одамлар томонидан портлатиб юборилганлиги айтилган. Бу бир тасодифий ўхшашликми, нима деб тушунмоқ керак? Сиз ҳам ҳозир “Илонли” деб аталадиган жой номини гапиргандек бўлдингиз. Материалда ҳам…
Профессор “шошилманг” дегандек, қўлини кўтарди:
Бу ҳикояни фантазия деб бўлмайди. Унда ёзилган воқеалар бадиий тўқималар билан анча-мунча ўзгартирилган эса-да, моҳиятда шу сафарги сирли воқеа айнан баён қилинган. Тасодифий ҳолда материални қўлга туширган бола менинг ўғлим бўлади.
Ўғлим дедингизми?! Нурил шонгвий ҳайратини яширолмай беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
Шундай, менинг ўғлим, профессор шонгвийнинг ҳайрон қолишидан ўнғайсизланиб изоҳ берди, 52 ёшда уйланганман, ўғлим ҳозир 14 ёшга қараб кетди…
Нурил шонгвий кулимсиради.
Менинг ўрнимдан туриб кетганимни бошқача тушунибсиз, ҳурматли профессор. Ҳозир олимларимизнинг кўпчилиги кечикиб тўй қилишмоқда, уйланмай ўтиб кетаётганлари ҳам оз эмас, менингча, буни тушунса бўлади. Мени ўғлингизнинг бу ишга аралашиб қолганлиги кутилмаганда жуда ҳайратга солди.
Бу ҳам шундай бир тасодиф. Аммо бу тасодиф бизни ғоят катта йўқотишдан сақлаб қолди.
Ҳикоянинг муаллифи сизларга танишми?
У ўғлимнинг муаллими, исми Усмон.
Демак, ўғлингиз бу воқеани Усмон афандига айтиб берган…
Махфий идора шу куни тонг саҳардаёқ “Илонли”га бориб, юз берган воқеадан из қолдирмади. Махфийлик қаттиқ сақланди. Кейин ўғлим болалик қилиб бу ишни муаллимга айтиб қўйган. Биз буни ҳикоя эълон қилингандан кейингина билдик.
Усмон афанди билан гаплашиб кўрдингларми?
Ҳожати йўқ эди. Гаплашсак гап кўпайиб, махфийликнинг ошкора бўлиб қолишига сабаб бўларди. Мухбирларни ўзингиз биласиз, уларнинг “ҳид олиш” сезгиси баланд бўлади. Шу боис биз индамадик. Фантазия шакли билан бу реал воқеа одамларда фақат фантастик таъсиргина қолдирган, холос. Бу ҳақда ҳозиргача бошқача ўй-фикрда бўлган ҳолатлар пайқалгани йўқ.
Аммо бугун…
Кечирасиз, шонгвий жаноблари, гапингизни бўлдим. Бундай сирли ҳаракат, унсиз портлатиш, профессор дераза орқали осмонга ишора қилди, фақат шуларнинг қўлидан келади. Менимча, бугун содир бўлган воқеа “илонли”да юз берган воқеанинг давоми, ҳар иккала воқеанинг илдизи бир. Лекин улар яна енгилди. 3-уйга қўйилган “Шафақ-301”нинг асл нусхаси эмас. Ўзгартириб кўчирилган нусхаси эди. Аслида лойиҳа дастлабки воқеадан кейингина кўчириб кетилган. Ҳозир “Буғдо”нинг ерости тажрибахонасида “Шафақ-301” ясалиб, синовга шай қилиб қўйилган. Биз учар ликопчаларнинг келишини кутмоқдамиз.
Нурил шонгвий ўйланиб қолди. Профессорнинг кейинги гаплари уни анча хотиржам қилган бўлса-да, агар олди олинмаса бу хотиржамлик узоққа чўзилмаслиги унга аён бўлиб қолганди. Лойиҳани ўғирлашга икки марта уринган бу ғойибий одамлар учинчи, тўртинчи марта ҳам ҳаракат қилиши мумкин эди. Шу нарса равшанки, улар ҳам хато қилишаркан, бу уларнинг ҳам ожизлик томонлари борлигини яққол кўрсатиб турарди. Нурил шонгвий зўр бериб ўйланар, ўйларининг охирига етолмасди. Унга фақат биргина нарса аниқлик киритиши мумкин эди. У ҳам бўлса, бундан кейин, йўқ, ҳозирдан бошлабоқ ҳушёр туриш, ҳар бир қадамни пухта ўйлаб босиш эди.
3
Ҳашаматли “Семурғ” меҳмонхонаси. Кенг, айлана рақс майдонининг ўртаси, атрофи қушларнинг сувга қўниш олдидаги тасвирий ҳайкаллари билан тўсилган сунъий кўл бўлиб, унча баланд бўлмаган фавворалардан нафис шойидек ёйилиб, отилиб турган сув шовқини ичида суст ёнаётган рангдор фонусларнинг шуъласида ғуж бўлиб очилиб ётган нилуфарлар кишига ҳузур бағишларди.
Дунё яралгандан буён кишиларнинг нозик ҳис-туйғуларини уйғотиб, чексиз лаззатдан баҳраманд этиб келган мусиқанинг ёқимли оҳанги охирлаши билан Усмон афанди Замиранинг оппоқ билагидан енгилгина тутиб, ўзлари овқатланаётган хос уйга қараб юрди.
Мумтоз мусиқаларни жуда ёқтираман, деди Усмон афанди қизга бошини бироз эгиб, бундай машҳур куйларнинг яратилиши ўша даврдаги одамларнинг бузилмаган соф, табиий муҳитда яшаганлиги билан боғлиқ бўлса керак.
Менингча ҳам шундай, қиз унинг фикрига қўшилди, муҳит тасаввур, сезги мусиқа ижодиётида зарур бўлган муҳим омилдир. Мумтоз мусиқаларнинг киши қалбини ларзага келтирадиган сеҳрли кучга эга бўлиши ҳам шунга боғлиқ. Афсуски, ҳозир муҳитнинг булғаниши бизнинг ҳар қандай тадбирларимизга қарамай, меъёридан тез бўлмоқда. Агар жамият тараққиёти мана шу тарзда давом этадиган бўлса, бир асрга етмаёқ, биз табиий муҳитни кўргазмахоналардагина кўрадиганга ўхшаймиз, чамаси. Бунинг яна бир оқибати инсоният ҳалокатини ҳам тезлаштирмайдими? – деб ўйланиб қоласан киши.
Қўйинг, кўнгил хуш бўлиб турганда дилни ғаш қиладиган гапларнинг кераги йўқ, деди Усмон афанди қизни хос ҳужрага бошлаб кираётиб, менинг бугун кайфиятим яхши, ниҳоятда хурсандман. Сизни жаз мусиқали рақсхонага таклиф қилмаслигимга сабаб, у ерда кишининг мияси гангиб қолади. Бор овози билан бақирадиган қўшиқчилар, кечада ичиб маст бўлиб қолган бекорчилар олдингизга келавериб ҳоли-жонингизга қўймайди. Бу ер жуда тинч, айниқса, янгидан танишганлар учун. У қизга маънодор қараб қўйди, бемалол суҳбатлашиб ўтиришга қулай жой экан.
Замира бека гапириш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, нақшланган девордаги атиргул дастасидек карнайдан хизматчининг овози эшитилди:
Хоним, афандим, хизматларингизга тайёрман, бирор нарса лозимми?
Усмон афанди Замирага савол назари билан қаради. Қиз столдаги егуликларни имо қилиб, ҳеч нарса керакмас дегандек бош чайқади.
Раҳмат, деди Усмон афанди, лозим бўлса, чақирамиз…
Раҳмат, афанди.
Усмон афанди Замиранинг стол устига имо қилгандек шўх, ўйноқи кўзларидан, бош чайқаганда очиқ, оппоқ бўйинларига ёйилиб тушган тўлқинли қўнғир сочларидан кўзини узолмай қолди. У уч кундан бери мана шу соҳибжамол қиз билан кечки овқатда бирга эди. Кийинишига алоҳида диққат қиладиган бу мухбир қизга ҳар қандай ранг ва ҳар қандай бичимдаги кийим ярашарди. Усмон афанди қиз билан кўришганда, олдида янгигина очилган бир дона қизил гул тургандек бўларди. Қиздан анқиб турган анбар исларидан боши айланиб, кўзлари хуморлашарди. Замира уни гўзаллиги билангина эмас, гап-сўзларининг жозибалиги билан ҳам ўзига аллақачон ром айлаганди.
Нега бунча тикилиб қарайсиз? деди Замира ўзига ярашган мулойимлик билан.
Сизни менга йўлиқтирган қисмат рухсорингизга шундай қарашни буюрган бўлса менда не гуноҳ? деди Усмон афанди ҳам мулойимлик ила кулимсираб.
Агар мана шундай, бир-биримизга тикилиб ўтирадиган бўлсак, унда қилишимиз мумкин бўлган ишлар қолиб кетмасмикан?
Майли, кейин тўлдириб олармиз.
Йўқ, мен туфайли ишларингиз узилиб қолишини истамайман.
Замира хафа бўлганлигини билдириш учун, чеҳрасида ясама жиддийлик билан четга қараб олди. Қизнинг хафақон чиройи ҳам ўзига шунча ярашарди. “Унга ўйлаш ҳам ярашса керак, дейман” деб кўнглидан ўтказди Усмон афанди.
Мени сизни хафа қилиш ниятим йўқ. Майли, имконият борича сизга тикилмасликка тиришаман, деди у қиздан бир нафасга кўзини узиб. Сўнгра салқин ичимлик қуйиб қизга узатди.
Замиранинг юзидаги ясама жиддийлик ўрнини табассум эгаллади:
Мен сизнинг бошланғич мактаб ўқувчиларига электрон-ҳисоблаш машинасининг ишлатилиши зарарли эканлиги ҳақидаги қарашларингизни бир бошдан ёзиб чиқдим.
Шундай денг, жуда тез-ку-а!
Мен ҳар қандай ишни ўз вақтида қилишни яхши кўраман.
Жуда соз, Усмон афанди мамнунлик билан қўлларини уқалади, мен сизга қандай раҳмат айтишимни ҳам билмайман. Қани эди, менинг бу нуқтаи назарим “Қизиқарли хабарлар”да босилиб чиқса, унда, албатта, бундай ҳол жамоатчилик орасида катта шов-шувга ҳам сабаб бўларди.
Бунга шубҳа йўқ. Сизнинг ўй-фикрларингиз дастлаб менга ҳам кулгили туюлганди. Кейин мени қойил қолдирдингиз. Мақоламни илҳом-иштиёқ билан ёздим. Одамлар ҳам аввалига ғалатироқ ҳис қилиши мумкин, аммо кўп ўтмай унинг қадрига етмай қолмайдилар.
Мақоланинг мавзуси қандай қўйилган, оригинални бир кўрсам бўладими?
Албатта кўриб чиқасиз, шундан кейин мавзу устида биргаликда ўйлаймиз.
Замира оригинални олишга шошилмади. Унинг ўйчан чеҳрасида тўсатдан қандайдир бир гапни айтиш-айтмаслик ҳақида иккиланиш ҳолати пайдо бўлди. Қиздаги ўзгаришни сезган Усмон афанди шошилиб сўради.
Сизга нима бўлди, Замира бека?
Ҳеч нарса…
Ҳеч нарса? Усмон афанди норози бўлган ҳолда унинг сўзини такрорлади. Сиздаги маъюслик мени безовта қилмоқда, Замира бека. Мен сизни мендан кўнглидагини яширди, деб ўйламагандим. Афсус, ҳалигача менга ишонмасангиз.
Ишонмасангиз дедингизми? Замира ҳилолдек қошларини учириб, унга лип этиб қараб қўйди, мен-ку сизга ишонаман-а, ишонганлигим учун ҳам ўзим хоҳлаб ҳузурингизга келганман. Лекин, сизни мен гумонда қолдириб қўярмикинман, деб қўрқаман.
Менда шундай шубҳали бир нарсани сездингизми?
Ҳозирча йўқ. Бироқ… бироқ буни ҳозиргина билмоқдаман.
Тушунмадингиз, Замира. Аммо, қандай бўлмасин сизни ишонтиришга тайёрман, Усмон афанди бутун инон-ихтиёрини қизга топширган бир тарзда термилди.
Сиз “Сирли сигнал”ни фантастика деб эълон қилдингиз, шундайми?
Шундай.
Агар мен уни фантастика эмас, тахминан бир ой илгари бизга яқингина бир жойда юз берган воқеа десам, буни рад қилмассиз?
Усмон афандининг оғзи очилиб қолди. Унинг чеҳрасидаги ўзгаришдан бир хил ўйчанлик, андишани пайқаш мумкин эди. Буни сезиб қолган қиз истеҳзо билан кулди:
Ишонч ҳақидаги гапни мен эмас, сиз қўзғадингиз. Мен фақат шуни исботламоқчиман.
Дами ичига тушиб кетган Усмон афанди пичирлагандай сўради:
Уни ҳақиқий бўлган воқеа, дейишга қандай асосингиз бор?
Замира бека кутилмаганда кулиб юборди. Кулгининг тебранишидан унинг кўйлаги ёқасидан кўриниб турган ярим очиқ кўкси тўлқинланиб кетди. Ширин ҳиссиётдан Усмон афандининг кўзлари қисилди, боши айлангандек бўлди. Бу ажойиб келишган қомат уч кундан бери уни ҳам ақлдан оздирарди, ҳам ҳушига келтирарди.
Ишончингизга эришишим учун исбот талаб қилсангиз мен бунга ҳам рози, Замира бека кулгисини тўхтатиб ўрнидан турди, ундай бўлса эшитинг, биринчидан, у кўрсатгич бармоғини кўрсатди, менга бир эски шаҳар атрофидаги қишлоқ-кентлардан бирининг номи керак бўлиб қолди. Мен электрон-ҳисоблаш машинаси кўрсатиб бераётган манзиллар ичида тўсатдан “Илонли” деган бир қўриқнинг номини кўриб қолдим. Дастлаб эътибор бермадим, кейин нимагадир бу ном менга танишдек туюлди. Охири эсимга тушди. Сиз ёзган ҳикояда баён қилинган воқеа мана шундай номи бор бир қўриқда юз берганди. Бу ердаги хатолик шундаки, ҳикоянгизда “Илонли” билан шаҳар оралиғи 35 километр дейилган, менинг кўрганимда эса, бу оралиқ 72 километр эди. Шаҳардан 35 километр олисдаги жойда ҳозир ташландиқ қўриқ эмас, ҳатто кафтчалик ҳам бўш ер йўқ. Сиз бу нуқтага диққат қилмаган бўлсангиз керак. Иккинчидан, Замира ўрта бармоқларини чиқариб жуфт¬лади, – мен мухбирман, мени ҳамма нарса қизиқтиради. Мен ҳикоянгиздаги “Илонли” билан ҳозир биз босиб турган заминдаги “Илонли” тасодифан ўхшашиб қолган деб қарадим. Лекин, қандай қилмай бу ўхшашликни хаёлимдан нари кетказа олмадим. Охири машина билан “Илонли”га бордим. Эски ҳисоб бўйича беш му1 келадиган бу ерни икки соат қайта-қайта айланиб текширдим. Қўриқнинг ўрни текислаб юборилганди, ерни, эски уйларни бузиб, текислаттириб юбориш нимага керак бўлиб қолдийкин? Қандайдир бир изни дарҳол йўқ қилиб юбориш зарурати бўлмаса, бу ер билан ҳеч кимнинг иши ҳам йўқ эди. Мен яқин атрофдаги дарахтларнинг шу тарафга қараган шох-шаббаларининг қуриб кетганлигини пайқадим. Мен ерни метрлаб айланиб анча вақт овора бўлдим. Кутилмаганда катта бир кесакнинг остидан бир сиқим кул топиб олдим. Эсингизда бордир, сиз ҳикоянгизда воқеа юз берган вақтни совуқ кунлар эди деб ёзгандингиз. Менинг борган вақтим эса совуқ кунларнинг охирига тўғри келади, бундай пайтларда ёмғир ҳам унча кўп ёғмайди. Мен топиб олган кул шунинг учун сақланиб қолган бўлса керак. Гапимни мухтасар қилиб шуни айтмоқчиманки, кулни лабораторияда текширдим. Мен: “Кул – ўсимлик ва жониворлар (айниқса илонлар)нинг куйишидан ҳосил бўлган экан. Куйишни портлаш келтириб чиқарган. Аммо, портлагичнинг таркибини аниқлаб бўлмади” деган жавобга эришдим.
Замира бека гапини тугатиб, қўл сумкасидан кафтдай бир парча қоғозни олиб унга узатди. Усмон афанди қоғозга тезда кўз югуртириб чиқди. Бу қоғоз лаборатория текширишининг хулосаси бўлиб, беканинг тўғри айтганлигини исботлаб турарди.
Усмон афанди олдида турган қизни биринчи марта кўраётгандек, ҳалигача кўз узолмай қарарди. У қизнинг сезгирлигига, касбига бўлган муҳаббатига қойил қолиб, дуч келган масалалар устида нозик фикр юргиза олишидан, юксак иродасидан завқланарди.
Сизга бу воқеани билиш нима учун керак бўлиб қолди? деди у қиёфасини ўзгартирмай.
Нима учун керак бўлиб қолди?! Замира унинг сўзини такрорлаганча, шаҳарнинг кечки манзараси равшан кўриниб турган кенг дераза олдига келиб тўхтади ва ташқарига нигоҳ ташлаганча сўзида давом этди, инсонларнинг ўзга сайёра одамларига бўлган диққати ўтган асрдан бошлаб қўзғалди. Бу ҳақда Бермунд оролларига алоқадор сирли воқеаларни эслатиб қўйишнинг ўзи кифоя қилса керак. Учар ликопчалар ўзи хоҳлаган пайтда ер юзининг осмон бўшлиғига ёриб кириб, бизнинг ҳар бир ҳаракатимизни текшириб, яна ҳеч қандай қаршиликка учрамай қайтиб кетмоқда. Аксинча, у пайдо бўлганда шу туман ёки шу шаҳарнинг радио-телевидение, алоқа, почта-телеграф муассасалари фалаж ҳолга тушиб, жуда катта зиён-заҳматга учрамоқда. Бундай ожизликдан фуқаролар қаттиқ ваҳимага тушиб қийналишмоқда, бу аҳвол ҳозиргача давом этиб келмоқда. Ажаб, бизнинг олимларимиз учар ликопчаларнинг ҳаракатини тўса оладиган кашфиётларни яратсин-у, уни очиқ эълон қилиб, халқни ваҳимадан халос қилиш ўрнига, сир сақлаб махфий тутиб юрсин. Бир нарса қанчалик сир сақланса, унинг кушандаси шунчалик кўп бўлади. “Илонли”даги воқеа буни бизга очиқ-ойдин исботлаб беради…
Замира бека бирданига орқасига бурилди. Унинг шаҳло кўзлари чақнаб кетганди. Бу чақнаган кўзлардан боягина у айтган одамлар тақдирига алоқадор аломатлар эмас, ишқ-муҳаббатнинг учқунлари балқиб турарди. У аста юриб Усмон афандига яқинлашди. Усмон афанди бамисоли ловуллаган бир парча ўт унга томон келаётгандек бутун баданининг ҳалимдек эриб кетаётганлигини ҳис қилди. Қиз унинг олдида тўхтаб, қўлларини унинг кенг елкасига ташлади. Ақалли қизнинг қўллари учини ҳам тутишга журъат қилолмаётган Усмон афандининг титроқ босган баданига қизнинг ёниб турган бадани ёпишди.
– Сиз менга ишонишингиз, мендан сир яширмаслигингиз керак, севгилим, – деди қиз кўзларини яна-да хуморлаштириб.
Усмон афанди ажойиб бир илиқ ҳис-туйғудан азбаройи сеҳрлангандек, ўзини сарҳушдай сезди. Унда энди қизнинг ҳар қандай талабларини бажонидил қондиришдан ўзга истак қолмаганди.
4
Нурил шонгвий тадқиқот ўрнини муҳофаза қилиш вазифасига тайинланган¬лиги ҳақидаги буйруқни олганда, бошқаларга индамаган бўлса-да, тўсатдан бўлган бу ўзгаришдан ранжиди. “У ерда нима ҳам қила оламан, деб ўйлаганди. У янги вазифага расмий ўтаётган вақтда, эртадан кечгача қоғоз-қаламдан бош кўтаролмайдиган одамларни муҳофаза қиладиган нима нарса бор экан. Куним энди китоб-журнал титкилаш билан ўтиб кетадими?” У ўзича ўйланиб, бундай ҳолни фақат иззат-нафсини ерга уриш, ғурурига тегиш учун қасддан қилинган иш деган хулосага келганди. Чунки, у ерда ҳам унга ҳасад қиладиган, унинг ўрнига кўз тикиб турган одамларни йўқ, деб бўлмасди-да.
Махфий идораларнинг юқори лавозимдаги амалдорларининг қабул қилишидан кейинроқ, ўзининг янги вазифага ўтиши ҳақидаги кўз қарашини ўзгартириб юборди. Бошлиқ унга “Илонли”да юз берган воқеани гапириб бериб, унинг хафалашадиган одамлари дунё одамларигина эмас, балки, ташқи сайёра одамлари ҳам бўлиб қолиши эҳтимоли борлигини алоҳида таъкидлади. У шу билан унинг хизматдаги қобилияти билан ҳам ҳисоблашганлигини билдирган эди. Бундай вазифага эса, албатта, алоҳида тажрибага эга бўлган кўзга кўринган ходимларгина қўйилишини шонгвий эндигина англади.
У тадқиқот ишига келгандан кейин, аҳволни тўлиқ ўрганиб, зарур тадбирларни қўллади. Аммо у, бундай зерикарли осуда муҳитга сира кўниколмади. Бу ишга қовушолмай, ўзини кундан-кунга эриб кетаётгандай ҳис қиларди. У аввалги ишдаги жиддий, шошилинч, серҳаракатда ўтадиган хизматларни эслаб, янги вазифасидан бўшамоқчи бўлиб юрган кунларда воқеа юз берди. Юз берганда ҳам ҳеч қандай из қолдирмай, ҳатто қандай вақтда содир бўлганлигини аниқлаб бўлмайдиган бир ҳолатда юз берди. Илгари юз берадиган ҳар қандай иш ҳужжатидан у чигалнинг учини ортиқча машаққатсиз топа оларди ва бу чигал учи бўйлаб из босиб бориб мақсадига етарди. Бу воқеада эса чигалнинг учи у ёқда турсин, ўйлаш, фикр юритишга ҳам имкон йўқ эди. Нурил шонгвий уйнинг ўртасига тўплаб қўйилган кулнинг уларни калака қилиш учун атай шундай қилинганлигини ҳис қилиб, ғазабдан титраб кетди. Бу воқеа, дарҳақиқат, профессор айтгандек, бошқа сайёра одамларининг иши, деган дастлабки хулосага келишидан бошқа илож қолмаганди. Нурил шонгвийнинг бўшаб қолган асаблари яна таранглашди, сергакланди. Лекин, ишни қаердан бошлашни билмай, боши қотди.
Бугун эрталаб ўрнидан турибоқ унда “Илонли”га бориб кўриш истаги туғилди. Воқеадан бир ой ўтгандан кейин у ерга боришнинг ҳеч қандай қиммати қолмаган бўлса-да, шонгвий бориш қароридан қайтмади. У “Илонли”га боришини бошлиқларга айтмади, мана шу бир неча кундан буён ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмайдиган бўлиб қолганди.
Суръат ва нишонни электрон-ҳисоблаш машинаси назорат қиладиган балиқ шаклидаги енгил машина юқори тезликда ғувиллаб борарди. Қўлларини кўксига қовуштириб, юмшоқ ўринда ўтирган шонгвий яқинда юз берган аҳволлар устида ўйламоқчи бўларди. Бироқ бош-кети йўқ чигал хаёлларидан бир фикрга келолмай, сиқиларди. Машина ичи исиб кетганди, шонгвий шамол бергични очиб, бўйинбоғини бўшатиб қўйди. Уни машинанинг йўл белгиларига амал қилиб суръатни бироз секинлаштириши, ортидан келаётган машиналарга йўл бериши, бурилишлардан айланиб ўтиши қизиқтириб қолди. “Ҳозир машиналарга рул қурилмаси ишлатилмайди, деб ўйлади у ёнлаб кетаётган қўнғир рангли машинадаги сариқ сочли қизга қараб қўйиб, ўзиям кетворган чиройли қиз эканми, майли, қайтар чоғимда учраб қолса танишиб оларман”. Қўнғир машина ўтиб кетди. Шонгвий кўз қирида қараб қўйган қизга кулимсираб қўл ишорасини қилишга улгурди. “Илгари одамлар рули бор қўпол машиналарни зерикмай, қандай ҳам ҳайдаб юришган экан-а. Автомобил кашф қилиниб, 1886 йилда илк марта автомобил одам босиб ўлдирган воқеадан кейинги 80 йил ичида, дунёда 20 миллиондан ортиқ одам йўл фалокати ҳодисасида ўлган экан. Балки бу сон кейин яна ҳам кўпайгандир. Қандай ачинарли ҳол! Аммо бу одамларнинг ғайрат-шижоатига қойил қолмай бўлмайди. Агар улар машаққатдан қочиб, техника яратмаганларида, бизнинг бугунги кунимиз…” Машинанинг тўхташи унинг хаёлини бузди. Шонгвий атрофига қараб, “Илонли”га етиб келганини билди.
Нурил шонгвийнинг олдида сийрак дарахтлар орасидаги бир парча тақир ер кўзга аниқ кўриниб турарди. Унинг эшитган ва материалдан кўрганига қараганда, бу ерда эски, уч хоналик ташландиқ уй бор эди. Шонгвий тақир ерни босиб ўтиб, ўзига баланддек билинган ерга чиқиб тўхтади. Шаҳар шовқин-суронидан ҳоли бўлган бу ер тинч эди. Оралаб эшитилиб қоладиган қушларнинг сайраши, ҳашаротларнинг чириллашлари бу тинч муҳитни жонлантириб, кишига ором бахш этарди. Табиатдан ҳузурланган шонгвийнинг худди қулф солгандек ёпилиб қолган мияси очилиб кетгандек бўлди. У зум ўтмай ўзини енгил, тетик ҳис қилди ва бундан суюниб кетди. “Мен бу ерга табиатдан баҳра олиб, чарчаган асабларимдан холи бўлиш учун келганга ўхшайман чамаси, бу ҳам яхши бўлди”, деди у овозини чиқариб. Энди у ўзига тинчлик бермаётган мураккаб ишлари ҳақида ўйлай оларди. Унинг хаёлига илк бора келган нарса, – бу ер ҳақиқатан ўзга сайёра одамлари томонидан портлатиб юборилганмикин? – деган ўй бўлди. Шонгвийнинг бундай гумонга бориши, албатта, асоссиз эмас эди. Портлашни бу воқеага тасодифан дуч келган профессорнинг ўғли кўрган бўлиб, бошқа далил-исбот йўқ эди. У профессорнинг ўғли билан гаплашиш лозимлигини кўнглига тугиб қўйди.
Шонгвий тақир ерга синчиклаб қаради. Қўриқнинг ўрни билинар-билинмас даражада текислаб юборилган бўлса-да, тупроқни туртганда, у ер-бу ерда уч-тўрт энли кўтарилиб қолган қирралар кўзга ташланарди. “Бу ер балки мангу гиёҳ ўсмай тақирлигича қолиб кетар, деди у пичирлаб, профессор “Илонли”даги портлаш ҳам 3-уйнинг кулга айланиб кетганига ўхшаш тебранишсиз, товушсиз бўлган. Бўлмаса биз уни сезган бўлардик, деган эди, шунга қараганда, бу нарса ўшаларнинг ишимикан-а?”
Шонгвий узил-кесил хулосага келмай туриб, унда иккинчи бир савол пайдо бўлди: шунча қудратли бўлган бу одамлар нима учун бевосита тадқиқот ишига киришмасдан “Илонли”га келдийкин? У саволига ўзи жавоб топди: Улар биз лойиҳалаган “Шафақ”нинг учар ликопчага таъсир кўрсатишидан эҳтиёт бўлганлар. Афсуски, у пайтда “Шафақ” ҳали ясалиб бўлмаган эди, буни улар билмаган. Ундай бўлса лойиҳани ким ўғирлаб, “Илонли”га келтириб кўмган экан?..
Афандим, сайр қилиб юрганга ўхшайсизми?
Хаёлга берилиб кетган шонгвий чўчиб кетди. Унинг ёнида соч-соқоллари кумушдек оқарган, кўринишидан ҳали тетик, ўрта бўйли бир қария турарди.
Шундай, ҳурматли оқсоқол, сайр қилиб юрибман, деди шонгвий бироз эгилиб.
Кетаётсам ёлғиз турибсиз, киши қариганда одам хумори бўлиб қоларкан. Кўришиб кетай, дедим.
Яхши, кўнгил сўраганингиз учун раҳмат.
Нурил шонгвий юз қадамча нарида тўхтатиб қўйилган от-аравани кўрди. Ҳар хил модадаги енгил машиналарга маҳлиё бўлиб, эътибордан қолган от-арава қайтадан кишиларнинг назарига тушиб, шаҳар четида эътиборли улов қуролига айланган эди. Бу аравалар XVIII асрдаги рессорли аравачаларга тақлид қилиб ясалган бўлиб, баҳоси янги типдаги машинанинг нархидан қолишмасди.
Шу атрофда яшайдиганга ўхшайсиз чоғи?
Ота-бобом деҳқон ўтган эканлар, деҳқончилик менга ҳам мерос қол-ган, – қария олисдан бир-бирига айқаш-уйқаш қўшилиб, ўртасида баланд тепалик бўлгани учун устки томони оқариб турган бинони пайқамай қолиш мумкин эди, ана шу менинг ерларим бўлади. Ўзим ёлғиз, ота-боболаримнинг чироғини ўчирмай юрибман.
Фарзандларингиз йўқми?
Икки ўғил, бир қизим бор эди. Вояга етгач қуш полапонларидай учиб кетишди, тўғрироғи, уй-ўчоғлик бўлиб, қишлоқда яшашни хоҳламай, шаҳарга кўчиб, кетишди.
Нурил шонгвий қариянинг офтобда куйган чиройига соя ташлаган қайғуни кўриб унга ичи ачиди.
– Кўнглингизни яримта қилманг, отахон, деди у ҳамдардлик билдириб, илгари одамлар қишлоқдан шаҳарга оққан бўлса, энди шаҳардан қишлоққа интиладиган бўлиб қолди. Бу ҳам худди кичик машиналардан зерикиб, от-араваларга иштиёқлари ошганга ўхшаш бир иш. Ҳали кўрасиз, фарзандларингиз ёнингизга қайтиб келишади.
Дилимдагини тушунганингиз учун сизга раҳмат, қария унга миннатдорчилик билан қараб қўйди, болаларим, набираларим тез-тез йўқлаб турадиган бўлиб қолди. Илгари ундай эмас эди.
Ана кўрдингизми, бу ёлғизликка барҳам берадиган кунлар бошланди, дегани, энди хотиржам яшайверинг, шонгвий қариянинг кўнглини кўтарадиган сўзлар айтиб, қизиқсинган бир ҳолда сўради, бу атрофда сиздек катта ёшларга борган одамлар оз бўлса керак, деб ўйлайман.
Бу атрофда йўқ, қўшни қишлоқларда бор. 86 ёшга кирдим, бундай айтганда, умримнинг ярми ўтган асрга, қолган ярми бу асрга тааллуқли одамман.
Қария ўзининг гапидан завқланиб кулди. Шонгвий суҳбатни бошқа томонга қараб буришга уринди:
Сизга ўхшаш кўпни кўрган мўйсафидлар билан учрашиш, уларнинг суҳбатларини олиш имкони биздек шаҳарлик одамларда кам учрайди. Мен бугунги саёҳатимдан беҳад мамнунман. Чунки, бу саёҳат менга ота-боболаримиз яшаган маконни, унинг ҳар бир қарич ери ва гиёҳини қадрлайдиган оқ кўнгил одамга йўлиқтирди.
Қариянинг кўзлари нурланиб, чеҳраси очилиб кетди. Қадди-басти келишган, кийиниши оддий, бир қарашдан банк ходимидек кўринадиган бу йигит қарияда яхши таассурот қолдирган эди.
Бизнинг қишлоқларга сизга ўхшаб яхши баҳо берадиган ёшлар ҳозир ниҳоятда кам, деди қария самимий, – айниқса биз кексалар уларнинг назарида эскиликни ёқлагувчи жоҳиллармиз. Аммо, улар бизнинг кекса қалбимизда ота-боболаримизнинг руҳи сақланиб келаётганлигини, бу руҳнинг бизга мадад бериб, аждодларимиздан қолган табаррук изларни ўчирмасликка даъват қилишларини тушунишмайди. Бироз жиддийлашиб қолган отахон кескин бир ҳаракат билан қўлини чўзиб тақирликни кўрсатди, мана шу ерда қадимдан бир қўриқ бўларди. Кейин бу ернинг суви тортилиб кетиб, қўриқнинг эгалари ҳам шу сабабдан кўчиб кетган. Кейин нима бўлди, бундаги ҳикматни бир худонинг ўзи билади. Уйларнинг ўрни илонларнинг макони бўлиб қолди.
Агар янглишмасам, шаҳар атрофи харитасида “Илонли” деб аталган қўриқ шу эмасми?
Худди шунинг ўзи, ҳозир ҳам бу ерни “Илонли” деб атаймиз, аммо ҳозир илоннинг уруғини ҳам топиб бўлмайди.
Мен қўриқнинг номига лойиқ бирон-бир белгини ҳам кўрмадим-ку?
Текислаб юборишди. Бир кечадаёқ эски уч уйни ҳам қўшиб текислаб юборилди. Нимага халал бердийкин билолмадим. Мана шундай битта-битта йўқ қилиб, қадимий номдан айрилиб қолмоқдамиз.
– Бир ташландиқ харобани теп-текис қилиб юборишга ҳожат бормиди? Шонгвий таажжубланганлигини билдириб, қўлларини ёйди.
Қариянинг юзи буришиб, қандайдир шубҳали бир ишдан бесаранжом бўлгандек турган жойида қимирлаб қўйди.
Аввал портлатиб юборди, сўнгра текислаб ташлади, деди у овозини пастлатиб.
Портлатиб юборди?!
Шундай, портлатиб юборди, қария бировнинг эшитиб қолишидан қўрққандек чор-атрофга нигоҳини ташлаб, овозини янада пасайтирди, айтсам ишонмайсиз. Ўша куни мен уйимнинг томида эдим. Нима иш билан томга чиққанлигим ҳозир эсимда йўқ, аммо кун қайтган чоғ эди, шу вақтда худди биров қара, дегандек бўлди, шундай қарасам, мана шу ернинг устида бир оловли шар турибди, қотиб қолдим. Мен, одатда, 30 ҳисса яқинлаштириб кўрсатадиган эпчилгина дурбинимни ёнимда олиб юраман. Дарҳол дурбинни олиб қарадим, қарадим-у, чўчиб кетдим. Оловли шар ёнаётгандек кўринганди. Бирпасдан кейин унинг ичидан одамга ўхшайдиган бир нарса ажралиб чиқиб, мана шу ердаги эски уйларнинг устига тушди. Мен аввал қўшнимни топиб бўлгунча бояги нарса кўтарилиб чиқиб, шарнинг ичига кириб кетди. Шар кўздан ғойиб бўлиши биланоқ “Илонли”дан қопқора тутун кўтарилди. Лекин, шу заҳотиёқ худди биров симиргандек йўқолиб кетди. Кейин эшитсам, атрофимиздагилардан яна бир нечта одам ҳам бу тутунни кўрибди. Учрашиб қолсак шу иш устида гаплашиб қоламиз. Охири бу ерда қурилиш бошланмоқчига ўхшайди. Иш бошлаш олдидан, албатта, илонларни йўқотиш керак, деган фикрга келдик. Ғалати иш, илонларни йўқотиш учун оловли шар билан келишнинг нима кераги бор эди? Бу тўғрида ҳар хил гаплар бор…
Қандай гаплар?
Ақлга сиғмайдиган гаплар… Олис оламнинг одамлари, дейдими-ей, учар ликопчами, ишқилиб, шунга ўхшаш гаплар…
Нурил Шонгвий кулимсиради:
Улар шунча олисдан илон ўлдириш учун келмас-ов.
Шуни айтаман-да, қария унинг гапига қўшилиб бош қимирлатди, кейин бу ер текисланиб кетибди, қачон текисланганлигини ҳеч ким билмайди. Ҳозир бу ердан илон тугул, чумоли ҳам тополмайсиз. Илгари илон дегани тўлиб-тошиб ётарди. Бу ерларга илондан қўрқиб одам эмас, ҳайвонлар ҳам яқин келолмасди.
Нурил шонгвий кўнгли сезгандек, бу ерга келиб тўғри қилганлигига ич-ичидан хурсанд эди. У қариянинг сўзларига ишонмаганди. Энди аниқ бўлдики, юз берган воқеани ёлғиз профессорнинг ўғлигина кўриб қолмай, бошқалар ҳам кўрган экан. Профессор берган материалда ёзилишича, унинг ўғли ҳам “Илонли” устида пайдо бўлган ғалати юмалоқ нарсани “оловли шар” деб атаган, қария ҳам шундай атади. Шунга қараганда ҳар иккаласи (балки бошқалар ҳам) ўхшаш бир нарсани кўрган. Лекин, ўша учар ликоп эмас, учар ликопнинг ўзидан келган алоҳида бир қатновчи объект бўлиши мумкин.
Нурил Шонгвий олис-олисларга, мусаффо осмонга, заминни қиздиришга бошлаган қуёшга қараб қўзғолди. Аммо, ўйига келган мулоҳазалардан ҳали, у тўхтамаганди: профессорнинг ўғли лойиҳа солинган сумкани олиб кетгандан кейин, “оловли шар”дан тушган одам уни тополмай асабийлашган, сўнгра “Илонли” қўриқни портлатиб юборган. Агар бошқа бир одам лойиҳани ўғирлаб, улар билан алоқа боғлагандан кейин, лойиҳани бу ерга олиб келиб берганда эди, у ҳолда улар тўғридан-тўғри “Илонли” қўриққа тушмаган бўларди. У одамнинг ўзи ким? Агар шундай бир одам бор дейдиган бўлсак, бу одам тадқиқот ўрнини ҳам ва ҳеч ким бормайдиган “Илонли” қўриқни ҳам яхши билган бўлиб чиқади-да.
“Ичимизда, тадқиқот ўрнининг ўзида шундай бир одам бор, деди шонгвий узил-кесил бир қарорга келиб, улар лойиҳани қидиришмоқда. 3-уйдан гумон қилиб, лойиҳани тополмагандан кейин, уни ҳам портлатиб юборишган. Улар лойиҳани топмагунча ҳаракатни тўхтатмайди. Бу ниҳоятда хатарли рақиб”.
5
Усмон афанди “Семурғ” меҳмонхонасидаги учрашувдан кейин, бу дунёга фақат Замира учунгина келгандек, Замирасиз яшашнинг сариқчақачалик қиммати йўқдек сеҳрли туйғу ичида яшарди. Замира у сиғинадиган маъбуда эди. Замиранинг оғзидан чиққан энг оддий илтимос ҳам унинг учун муқаддас эди.
Кеча кечқурун улар яна “Семурғ” меҳмонхонасидаги хос уйда вақтларини хушчақчақлик билан ўтказишди. Қайтадиган вақтда Замира бека унга ноз-карашмалар билан оташ бўсаларни ҳадя қилгандан кейин, профессорнинг ўғли Малик билан кўришиш истаги борлигини изҳор қилди. Бу илтимосни бажаришга Усмон афандининг кўзи етгани учун бундан мамнун бўлди. Усмон афандининг розилигидан янада очилиб кетган Замира қучоғидаги зотдор бароқ юнгли итини эркалатгандек, унинг юз-кўзларини силаб қўйди.
Бугун эрталабки дарс тугаши биланоқ, Усмон афанди махсус телевизор канали орқали Малик билан кўришди. Малик Усмон афандининг у билан ўз уйида бир иш устида маслаҳатлашадиганлиги ҳақидаги таклифига аввалига иккиланди. Маликнинг “қандай иш эди”, деган саволига Усмон афанди “жуда қизиқ бир иш, келганингда биласан” деди. Маликда ҳам бу жавобга нисбатан қизиқиш пайдо бўлиб, Усмон афандининг таклифини қабул қилди.
Шаҳардан 150 чақирим олисдаги “Кўксой” деб аталадиган манзарали саёҳат туманида Замира билан бўладиган саёҳатнинг гаштини олдиндан ҳис қилаётган Усмон афанди хурсандлигидан ўзини қўйишга жой тополмай, уй ичида у ёқдан бу ёққа юрарди. Замира унга ўзининг исмини Маликка вақтинча айтмаслигини, улар Кўксойда тасодифий учрашиб қолгандек кўрсатишса, бу ҳол романтик тус олиб, кўнгилдагидек табиий чиқишлигини уқтирганди.
Усмон афанди соатига қарар экан, бирдан ҳушёр тортиб қолди: Замира нима учун Малик билан учрашмоқчи? Ундаги ўйчанлик бир-икки сония кечди. У яна соғинишдан маст-аласт ҳолатига қайтди. Бошқа ишлар устида бош қотириш унинг қалбида ёнаётган муҳаббат олдида мутлақо қиммати йўқ эди. “Нималар қилмай, барибир унинг айтгани бўйича иш қилишим керак”, деди у бошини ирғаб. Енгиллашиб қолган Усмон афанди ўзини бир нафасга бўлса-да, оромбахш хаёлларидан маҳрум қилган бояги саволдан нафратлангандек юзини буриштирди.
Малик келди. 14 ёшни қоралаган, буғдой ранг, қуюқ қора жингалак сочли, қош-кўзи ҳам сочидек қора бўлган бу бола кишида ёқимли таассурот қолдирарди.
Демак, гап бундай, – деди Усмон афанди Маликнинг айтган вақтида келганлигидан хурсанд бўлиб, унинг кўришиш учун узатган қўлини қўйиб юбормай маҳкам қисди, менинг бугун бир саёҳат қилгим келган эди. Ёлғизлик кишини зериктиради, менга ҳамроҳ бўлсанг, бирга саёҳат қилиб келсак нима дейсан?
Маликнинг саволомуз қараб турган кўзларида ҳайронлик акс этар эди. У Усмон афандининг алоҳида уйга чақириб айтадиган қизиқроқ ишни кўз олдига келтириб кўрган бўлса-да, аммо саёҳатга таклиф қилишлигини мутлақо хаёлига келтирмаганди. Касбига пишиқ, одатда, ўзини жиддий тутиб юрадиган бу ўқитувчини Малик яхши кўрарди, оралаб у билан суҳбатлашиб ҳам қоларди. Ана шундай суҳбатларнинг бирида Малик ичига сиғдиролмай келаётган “Илонли” қўриқ воқеасини гапириб берганди. Ўн кунга қолмасдан бу воқеа болалар журналида эълон қилинди. Дадаси Маликдан қаттиқ хафа бўлди, Малик ҳам ўзини Усмон афандидан тортиб юрган эса-да, бироқ, ўқитувчисига бўлган ҳурмати аввалгидай сақланиб, заррача сусайиб қолмаганди.
Малик жавоб беришга қийналиб бошини қуйи солди. Унинг йўқ, чиқолмайман, дейишдан андишага тушиб қолган Усмон афанди бирданига жим бўлиб қолди. У қандай бўлмасин Маликни Кўксойга олиб бориши керак эди. Замиранинг топшириғи бажарилмаса, бугунги саёҳат кўнгилсизлик билан тугаши, ҳатто Замира хафа бўлиб уни ташлаб кетиши ҳам мумкин эди. Бундай ҳол Усмон афанди учун бир умр висол онларидан жудо бўлиб, қийналиб ўтадиган аччиқ йўқотиш бўлиб қоларди. Ёлғончиликни эса энг тубан иш деб қоралайдиган Усмон афандига энди яна шу ёлғондан фойдаланишдан ўзга чора қолмаганди.
У ўзига маъюслик, руҳий тушкунлик тусини бериб, овозини ҳам шунга яраша мослаштириб деди:
– Сен бояги ҳикоя учун ҳалигача мендан аразлаб юрибсан чоғи. Неча марта узримни айтдим. Бугун сени саёҳатга таклиф қилишимдан мақсад ҳам сендан яна бир бор узр сўраш эди. Айтгандек, у ҳикоям бошқаларда шубҳа туғдирмади-ку?
Бу гап Маликка таъсир қилди. Бола бошини кўтариб Усмон афандининг кайфиятсиз қиёфасига кўзи тушди-да, хижолат бўлганидан қизариб кетди.
Майли, борсам борай, деди у зўрға эшитиладиган қилиб. Қаерга?
Усмон афандининг чеҳраси очилиб кетди. Ундан тарқаб кетган руҳий тушкунлик ўз аслига қайтгандай бўлди.
Кўксойга, энди унинг овози ҳам жарангли эди, дунёдаги энг машҳур саёҳатбоп жойлар ҳам унга тенг келолмайдиган Кўксойга-да!
Замира бека унга: саёҳатга зарур бўлган нарсаларнинг ҳаммасини ўзим тайёрлайман, бу эркаклар қиладиган иш эмас, сизлар вақтида чиқсаларингиз бўлгани, деганди. Шунинг учун уларнинг сафарга чиқишлари ҳам тез кўчди.
Кўксой фақат саёҳат қилиш учунгина яратилгандек, табиий манзараси киши завқлангудек гўзал, баҳаво, тоғ бағрига туташиб кетадиган ер эди. Одатда, саёҳат қилувчилар бу ерга тушдан кейин келишиб, кеч кириб қоронғи тушиши билан қайтиб кетишарди. Улар тушдан илгари чиққанлиги учун одамлар йўқ дегудек эди.
Қара, ана олдингда аждаҳодек тўлғаниб ётган ҳайбатли ўркач тоққа қара, бир-бири билан бўй талашиб тикка ўсган яшил қарағайзорларни кўр. Тошдан-тошга урилиб, шарқираб оқаётган зилол тоғ сувларига қара. Тоғ гуллари-чи, улар инчунин. Оҳ, қандай гўзал жой, қандай жозибадор!
Малик машинадан тушибоқ қўлларини кериб, табиатнинг гўзаллигини тараннум қилгундек гапириб кетган ўқитувчисига ажабланиб қараб, кулиб қўйди. Унинг назарида ўқитувчиси бугун буткул ўзгача бир одам бўлиб кўринарди.
Юр Малик, тоғ суви жонга роҳат бахш этади. Бориб юз-қўлларимизни ювайлик, шаҳарнинг диққинафас ҳавосидан бўшашиб кетган баданларимиз озод қушдек бир яйрасин. Сўнг қўшиқ куйлаймиз, чаманзорда чопқиллаган кичик боладек юмалайлик, тоққа чиқайлик.
Сойнинг ўртасида тўлқинланиб оқаётган зилол сув, ранго-ранг очилиб турган тоғ гуллари, яшилликка бурканган тоғ бағри Маликни ҳам ўзига жалб қилмай қолмади. Сув ялаб силлиқлаштириб юборган тошни босиб, бўйинларини сочиқ билан артаётган бола ўтган асрлардаги табиий манзаралари тасвирланган машҳур мой-бўёқ расмларни эндиликда чинакам ҳаётда ўз кўзи билан кўрар, атрофга тўймасдан боқарди. Унинг бу ерларда чопқиллаб юргиси, умбалоқ ошиб ўйнагиси, тоғ гулларидан териб, гулдасталар ясаб, ота-онасига олиб бориб, уларни хурсанд қилгиси келарди.
Ў-ҳў-ў, агар мен янглишмаган бўлсам, Усмон афандининг ўзларини кўраяпман, чоғи.
Орқа томонда яқин ердан эшитилган бу ёқимли овоздан иккови баравар ортларига қарашди. Улардан тўрт-беш қадам нарида бошига нафис ишланган, офтоб уришдан сақлайдиган оқ қалпоқ, эгнига модали саёҳат кийимини кийган бир қиз турарди. Кийим ва қалпоқ унга чунонам ярашиб кетган эдики, у худди эртаклардагидай муаллақ туман пайдо қилиб, ердан униб чиққандек тўсатдан намоён бўладиган Кўҳиқоф париларини эслатарди.
Замира бекам…
Усмон афанди буриламан, деб босиб турган силлиқ тошда мувозанатни сақлаёлмай қўлларини кериб, гандираклаб кетди. Бундай учрашув олдиндан белгиланган бўлса-да, қизнинг кутилмаган жойдан пайдо бўлиши уни эсанкиратиб қўйганди. Замира тезда келиб эпчиллик билан қўлидан тутиб олмаганда, Усмон афанди сувга йиқилиб тушган бўларди.
Раҳмат… раҳмат сизга, Замира бекам, текис ерга чиқиб олган Усмон афанди миннатдорлик ёниб турган кўзлари билан қизга тикилиб қарашдан ўзини тиёлмай, сиз бу ерда нима қилиб юрибсиз, қачон келгандингиз? деди йўлига Усмон афанди.
Сизларга ўхшаб саёҳат қилиб юрибман, деди Замира бека хуш чирой билан. Сўнгра у ўзига оғзини очиб қараб қолган Маликка ёқимли назар ташлади. Унинг қарашини тушунган Усмон афанди Маликни таништирди.
Машҳур профессорнинг ўғиллари билан танишганимдан жуда хурсандман, Замира бека Маликнинг олдига келиб қўлини узатди, “Қизиқарли хабарлар” газетасининг мухбири бўламан, исмим Замира, Усмон афанди билан кўпдан буён дўстман. Сиз билан ҳам агар хоҳласангиз шундай дўстлашиб қолишни истайман.
Малик мухбир қизнинг нозик қўлини тутиб кўришди. Бу қўл шунчалар илиқ эдики, унинг томирларидан оқиб ўтган таъсирчанлик бутун жисми жонини бир ҳолга солгандек ўзини оддий одам эмас, бамисоли ривоятлардаги фаришта билан учрашиб қолгандек, атрофдаги тоғлар, дов-дарахтлар, гул-гиёҳлар, сув ва чаманзорларнинг омухталигидан ўзга бир сеҳрли аламга тушиб қолгандек ҳис этарди.
Раҳмат… Мен-ку хурсандман…, дея олди Малик зўрға овозини чиқариб.
Жуда яхши бўлди, мана энди биз…
Замира бека Усмон афандининг гапини бўлиб юборди:
Мен ўзим ёлғиз саёҳат қилиб юрган эдим. Сизлар билан учрашиб қолганим ҳам мен учун яхши бўлди. Мени ўзингизларга қўшсангизлар, бирга саёҳат қилсак нима дейсизлар?
Таклифга Усмон афанди дарҳол рози бўлди. Замирага анқайиб қараб қолган Малик кулимсираб қўйди.
Биз бу кафтдай келадиган ерда вақтимизни бекорга ўтказиб юбормайлик,– деди Замира бека атрофига кўз югуртириб. Улардан 30 қадамча нарида янгигина келган уч-тўрт йигит улар томонга тез-тез қараб қўймоқда эди. Сувнинг нариги бетида бир-биридан оралиқ ташлаб иккита- иккитадан эр-аёллар томоша қилиб юришарди. Улар дастлабда бир жуфт эди, кейин икки жуфт бўлиб қолди. Бора-бора сойда одамлар сони кўпайиб қолганди. Замира улардан кўзини узиб гапида давом этди, мен бу атрофни беш қўлдек яхши биламан. Сувни ёқалаб юқорига чиқсак яна-да ажойиб манзарали жойлар бор. Сизлар у ерларни кўрганда, ишонаманки, жуда хурсанд бўласизлар.
Манзарали жойларни кўриб кетайлик, қани, қани, йўл бошланг бўлмаса Замира бекам, деди бирданига руҳланиб кетган Малик. Унга бу мухбир қиз нимаси биландир ёқиб қолганди. Болага у билан бирга юриш жуда кўнгилли туюлганди.
Улар узоқ юришди, олдиларида учраган ҳамда шиддат билан шарқираб оқаётган сой сувларидан бир-бирларининг қўлларидан тутишиб, тошларни босиб ўтишди, баландроқ тепаликлардан қўл тортишиб чиқишди, чаманзорда қувлашиб ўйнашди. Замира бека қизиқ-қизиқ гаплар айтиб икковини кулдирарди, ҳеч ким ҳорғинлик сезмасди. Малик тоғ гулларидан гулдаста тузди-ю, Замира бекага тақдим қилди. Хурсанд бўлиб кетган Замира бека унинг яноғидан ўпиб қўйди.
Усмон афандидан эшитишимча, сиз “Илонли” қўриқ деган ерда муҳим бир материал топиб олибсиз, шундайми?
Маликнинг хаёлида кулимсираб қараб турган гўзал хонимнинг саволига дарҳол жавоб беришдан бошқа ўй йўқ эди.
Дадамнинг акаси “Илонли”га яқин бир қўриқ ерда турарди, деди у ўша кунларни эсга олмоқчи бўлгандек кўзларини қисиб, мен ҳам шу ерда дам олаётгандим. Бир куни зерикиб кетиб, омбордан бузилган эски бир радиони топиб олдим-да, тузатмоқчи бўлдим. Лекин, ҳар қанча уринсам ҳам бўлмади. Охири жаҳлим чиқиб, радиони бир ургандим ундан ғижиллаган овоз чиқди. Кейин гапирадиган сигнал овози, унга уланган одам овозини эшитиб қолдим. Мен инглизчани яхши биламан. Тахминимча, бир одамга муҳим бир ишни хабар қилаётганди. Мен дадам ишлайдиган тадқиқот олиб борувчи жойнинг махфий белгисини эшитиб қолдим, шундан кейин сергакландим.
“Илонли” илонларнинг уясига айланган ер бўлса, илон чақиб олишидан қўрқмадингизми?
Қўрқсам ундан ҳам қўрқинчли иш юз берган бўларди. Дадам материал ўғирловчиларни бошқа сайёраларнинг одамлари, дейди.
Довюрак бола экансиз, бу одатингиз билан бизга ҳам маъқул келасиз, Замира бека уни мақтаб елкасидан сиқиб қўйди. Сўнгра бу ишни Усмон афандига айтиб берган экансиз-да.
– Усмон афандининг ҳикоя ёзишини ўйламаган эканман. Дадам ҳикояни ўқиб мендан қаттиқ аччиқландилар.
Бундан кейин, Замира бека ёнида ўтирган Усмон афандининг ёноқларига енгилгина уриб қўйиб кулди, мана шундай сир сақлаёлмайдиган одамларга ишониб, асло сир фош қилгувчи бўлманг.
Улар юқорига ўрлаганлари сари сой торайиб борарди. Икки томондаги ҳарсанг тошлар осилиб турган тоғ оралиғидан ўтган машина юргудек баланд-паст йўлнинг бир ёнидан саккиз-ўн метр пастда шарқираб оқаётган сойнинг овози эшитиларди. Замира бека йўлнинг айланадиган ерида тўхтади.
Ҳозир мен сизларга бугунги саёҳатимиздаги энг қизиқарли ҳунарни кўрсатаман, деди у ортидан келаётган икковини тўхташга ишора қилиб, бу сеҳргарлик деб аталади. Сизлар “Али бобо ва қирқ қароқчи” деган араб эртагини эшитгансиз. Мен ҳам Али бобога ўхшаб бақирсам кўз олдингларда бир ғор пайдо бўлади, Замира бека тоққа юзланиб Али бобога тақлид қилиб баланд овозда, сим-сим, эшигингни оч, деб бақирди.
Қизиқ иш. Уларнинг устида осилиб турган улкан бир ҳарсанг тош сув ялаб силлиқлаб юборган тахта шаклидаги тош билан бирга овозсиз аста кўтарилди. Уларнинг олдида қоп-қоронғи ғор пайдо бўлди. Усмон афанди билан Малик эса бундан қўрқув-саросимага ҳам тушмадилар. Улар ростдан ҳам бир сеҳргарлик ўйинини томоша қилаётгандек Замиранинг яна нималарни қилишини кутиб, унсиз тек қараб туришарди.Замира бека ғор оғзининг бир томонига ўтиб:
Қани, юринглар. Ғорнинг ичини кўриб чиқайлик, деди.
Улар ғорга киришлари биланоқ, ғорнинг оғзи яна аввалгидай товушсиз ёпилиб қолди. Бир неча сония ҳукм сурган қоронғилик бирданига кундуздек ёришиб кетди. Кучли ёруғликдан кўзлари қамашган Усмон афанди билан Малик кўзларини уқалаб атрофга қарашди. Ғорнинг шифтидан анчагина ажраб, гўё тушиб кетаётгандай бир қанча қўпол тош парчалари осилиб турарди. Асфальтланган ерга эса гилам тўшалган бўлиб, бундай гиламни шаҳардаги ҳашаматли меҳмонхоналардагина кўриш мумкин эди. Ғорнинг бир бурчагида диаметри икки метр келгудек бир шар турари. Унинг ойнадек силлиқ юзи ёруғликдан жилваланиб ялтирарди. Шарга тикилиб қолган Малик уни қаердадир кўргандек бўлса-да, сира ёдига келтиролмади. Усмон афанди бир у ёққа, бир бу ёққа юриб кўриб, охири ғор деворининг ёнида турган Замира беканинг олдида тўхтади.
– Биз бу ердан қандай чиқиб кетамиз? Сиз ғор эшигини очишни ҳам биласангиз керак, деди эҳтиётлик билан.
Жим бўлинг, лозим топилганда чиқиб кетишнинг иложи топилиб қолар, – деди қиз эндиликда совуқ қилиб, унга қарамасдан.
Жуда совуқ экан бу ер.
Кейин терлаб кетасиз.
Замира ғор деворидан кичик япалоқ тошни олиб, очилган бўшлиққа қараб:
Саёҳатимиз жойида бўлди, мен ҳозир ҳузурингизга бораман, деди ва бир зум кутгандан кейин япалоқ тошни жойига қўйди.
Гапириш учун оғиз жуфтлаган Усмон афанди Замиранинг совуқ, чақчайиб турган кўзларига кўзи тушиб бадани жунжикиб, юраги орқага тортиб кетди. Унга оғиз очгудек журъат ҳам, мадор ҳам қолмаганди.
6
Нурил шонгвий йўл ёқасидаги баланд иморатнинг ойнали эшиги устида алоҳида кўзга чалиниб турган “Қаҳвахона” деган ёзувга кўзи тушгандагина қорни очганини ҳис қилди. У эрта билан шошилиб икки-уч қултум сут ичибгина йўлга чиққанди.
Қаҳвахонада одам кўп эмасди. У хизматкор келтириб берган бир ликопча тортни иштаҳа билан еб, ортидан икки пиёла қаҳвани ҳузурланиб ичди. Қорнини тўйдирибоқ юришни одат қилмаган шонгвий хизматкордан бугунги газеталарни сўради, хизматкор иккита газета келтириб берди.
Шонгвий қўлига илинган биринчи газетанинг сарлавҳаларига тез кўз югуртириб чиқиб, қизиқарли бирор хабарнинг йўқлигидан юзини буриштирди. Иккинчи газета “Қизиқарли хабарлар” эди. Одатда, қайси миллионернинг қандай гўзал хонимга уйланганлиги, қаерда қандай ўғирлик юз бериб, қанчалик мол-мулкнинг йўқолганлиги, бир машҳур хоним боқиб олган боланинг турмуш тарзи ва янги қилиқлари…га ўхшаш кундалик олди-қочди хабарлар босилиб турадиган бу газетани Нурил шонгвий ёқтирмасди. Шундай бўлишига қарамай, мазкур газета тиражининг кўп бўлиши уни ҳайрон қолдирарди.
Шонгвий газетанинг биринчи бетига ҳафсаласизлик билан қараб, “Ойни этак билан ёпиб бўлмас” деган ёзувга кўзи тушиб, тўхтаб қолди. Муаллифнинг Замира исмли аёл бўлганлиги ҳам уни қизиқтириб қолди.
У аввал мақоланинг у ер-бу еридан чўқилаб ўқиди. Мақола таъсир қилдими, туташ қошлари чимирилиб, чеҳраси ўзгарди. Сўнгра гавдасини ўриндиқнинг суянчиғидан ажратиб, бироз энгашган ҳолда астойдил ўқий бошлади. Мақоланинг мазмуни тез таъсир қиладиган уколдан ҳам кучлироқ бўлди. Шонгвий газетани ғижимлаб буклаб, ерга ирғитиб юборди. Ғазабдан унинг ранги оқариб, ияги титраб кетди. Шонгвий бармоқларигача қалтираётган қўлини дам столнинг қиррасига, дам тиззасига қўйиб, лом-мимсиз анчагина ўтириб қолди. Хизматкор ундан яна нима лозим эканлигини сўраб келгандагина у чўчигандек бир силкиниб, ўзига келди ва ўзининг ҳозирги ҳолатидан норози бўлиб бош чайқади.
Шонгвий букланган газетани олиб текислаб ўз кўзларига ишонмагандек яна қайтадан ўқий бошлади: “ХХI асрнинг бошидаёқ юксак тараққиёт йўлида илдам одимлаётган жамиятимизда олимларимизнинг ҳар бир кашфиётлари фуқароларнинг хотиржам ҳаёт кечиришлари йўлида хизмат қилишига асосий мақсад этиб белгиланган бўлиши керак. Аммо, минг афсуски, амалда бундай бўлмай, ҳануз дунё ўзга сайёра одамларининг таҳдидига дуч келмоқда. Учар ликопчаларнинг йилда бир-икки пайдо бўлиши ҳам офат тусини олувчи зиён-заҳмати кишиларни ақлдан озгудек ҳолатга тушириб қўймоқда. Одамлар бу кўзга кўринмас ташқи кучларнинг зарбасидан ўзини муҳофаза қиладиган тадбирдан мангу маҳрум бўлиб ўтиб кетишармикан? Биз бу саволга, йўқ, деб жавоб берамиз. Чунки биз ҳам ўзимизни муҳофаза қила оладиган кучли тадбирларни ўйлаб топиш иқтидорига эгамиз. Бу ҳам бежиз айтилган гап эмас. Ишончли ҳужжатлар шуни тасдиқлайдики, бизнинг олимларимиз учар ликопларни жиловлайдиган янги қуролни кашф қилди…”
Муаллиф бу кашфиётнинг яратилганлигини исботлаш учун, ўғирланган лойиҳа, “Илонли” деган қўриқнинг ўзга сайёра одамлари томонидан портлатиб юборилганлигидан тортиб, лойиҳани кашфиётчининг ўғли тасодифий бир тарзда қутқариб қолинганлигини, ҳукумат доираларининг изларини йўқотиб юбориш мақсадида қўриқни текислаб юборишганини, лаборатория текшируви хулосаси қандай бўлганлигини ниҳоятда тушунарли қилиб баён қилганди. “Мен мана шу сирли воқеани мавзу қилиб фантастик ҳикоя ёзган Усмон афанди ҳамда лойиҳани сақлаб қолган машҳур профессорнинг ўғли Малик билан кўришдим. Улар содир бўлган воқеа, кашфиёт ҳақида самимийлик билан гапириб бердилар. Ваҳоланки, ҳукумат доиралари бу кашфиётни яшириб келмоқдалар. Асосий қонунимизнинг 47-моддасида: “Фуқароларининг манфаати ва уларнинг хотиржам яшашини мақсад қилиб яратилган ҳар бир кашфиёт сир сақланмаслиги керак” деб кўрсатилган. Биз хотиржам муҳитни бир кун, бир соат бўлса-да олдинроқ бошлашни истаймиз. Ажаб, ҳукумат идоралари фуқароларнинг бу орзусига нега ҳурмат билан қарамайдилар…”
Мақоланинг ўртасига Малик билан Усмон афандининг расми берилганди. Мақола далил-исбот бўлиб, ўқиган одамда ишонмасликка ўрин қолдирмасди. Муаллиф яна “Илонли” деган номни харитадан топиб бўлмаслигига шубҳаланувчилар бўлса бориб, текшириб кўришларини тавсия қилганди.
Ғазабини зўрға босиб турган Нурил шонгвий ичида: ҳар қандай қурол ускуналарни олдиндан эълон қилиб бўлмаслигини билмасмиди, деб ўзича ғойибона ҳужумга ўтгандай қилди. Шу пайт унинг калласида Замира деган бу мухбир асли ким? У профессорнинг ўғли билан қандай танишиб қолган? Агар Малик бу воқеани Замирага айтиб берган бўлса, Усмон афандига айтиб қўйганлигидан сабоқ олмаган бола буни дадасидан ҳам яширмаслиги керак эди-ку? – деган бир қатор савол пайдо бўлди. Шонгвийнинг юраги така-пукага тушиб қолди. Тадқиқот ўтказиладиган жойга қанча тез борса шунча яхши бўладигандек бир туйғу уни жойидан ғайри бир кучдай турғазиб юборди.
Нурил шонгвий машинасини бир четда қолдириб, тадқиқотлар хонаси эшигидан кирибоқ гулчи отахон билан учрашиб қолди.
Афанди, деди мулойимлик билан қўл қовуштириб, ҳамкасбларингиз сизни қидириб юришганди. Менга сизни кўриб қолгудек бўлсам бўлак ерга кетиб қолмаслигингизни айтиб қўйишимни сўрашганди…
Шонгвий шу заҳотиёқ ўзи билан рацияни олмаганига пушаймон еди. Ҳозир унга рация ҳар қачонгидан жуда зарур эди. У беихтиёр биринчи марта кўриб турган қариянинг ҳали ҳам бақувват, аммо бироз эгик гавдасига назар ташлади. Унинг соч-соқоллари қордай оқариб кетган бўлса-да, юзида ажиндан асар йўқ, чертсанг қон томадигандай ярқираб турарди. Шонгвий қизиқсинди:
Мени маъзур тутасиз, отахон, деди камоли ҳурмат билан ўнг қўлини кўксига қўйиб, мен янги келганлигим боис, сиз билан танишиш имконига эга бўлолмагандим, бу ерда анчадан буён ишлайсизми?
Саккиз йилча бўлиб қолди, афандим.
Қариянинг гавдасига мос келмайдиган йўғон овози шонгвийни ҳайрон қолдирди.
Айбга буюрмайсиз-да, отахон, неча ёшга кирдингиз?
Етмиш саккизга, афандим.
Ниҳоятда руҳий бардам, тийрак кўринасиз.
Ҳа, афандим. Умрим гулчилик билан ўтган, балки, шунинг учундир…
Қария чўққи соқолини силаб қўйиб мамнуният билан кулимсиради. Шошилиб турган шонгвийга унинг кулгиси худди мазах қилаётгандай ғалати таъсир қилди.
Ишхонасида ёлғиз ўтирган профессор Нурил шонгвийни кўрибоқ, ўрнидан туриб, гапира кетди:
Қаёққа йўқолиб кетдингиз, муҳтарам жаноблари, биз шунча қидириб дарагингизни тополмадик. Бирон ерга бормоқчи бўлсангиз қўнғироқ қилиб қўйсангиз бўлмайдими? Ўзингиз ўйламаган жойдан мутлақо кечиктириб бўлмайдиган зарур ишлар чиқиб қолади. Мен тушунаман, бироқ бирга ишлайдиган бўлгандан кейин доимо бир-биримиздан бохабар бўлиб туришимиз жуда муҳим, деди профессор шонгвийдан ўзининг ранжиганини яширмай.
Шонгвий ўзининг қаерга борганлигини, нима учун айтиб қўймаганлигини бир неча оғиз сўз билан тушунтириб, узр сўради.
Бугун бу ерда, – профессор ерости уй ичида деган маънони бирдирмоқчи бўлиб, товони билан полни енгилгина уриб қўйди, яна бир ҳайрон қоладиган иш содир бўлди. Кузатувчилар залда қадам товушини эшитиб қолганди. Ёрдамчингиз дарҳол ҳамма атрофни қамал қилишни буюрган, улар бир одамнинг ғира-шира соясинигина кўрган бўлса-да, лекин бу одам ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўлган, у ўзидан ақалли бирор из ҳам қолдирмаган. Ишхона бўлимидан текшириб кўрдик, ҳеч қандай зиён-заҳматга учраган аҳвол пайқалгани йўқ.
Нурил шонгвий иягини силаб ўтириб қолди.
– Сизнингча бундай ҳолатни қандай тушунмоқ керак? деб шошилтирди профессор.
Биринчи ҳаракат Нурил шонгвийнинг “Илонли”да туриб “уларга мослашаётган одам ичимизда бор” деган қарори тасдиқланганди. У қўлини иягидан олиб профессорга қаради.
Мен сизнинг фикрингизга қўшиламан, ҳурматли профессор. Юз берган воқеаларга ҳақиқатан ҳам ўзга сайёраларнинг одамлари қўл урган. Улар лойиҳани қидиришмоқда, лойиҳани қўлга киритиш умидини ҳам айнан мана шу бинога қаратишмоқда. Бу биз учун фойдалидир.
– Мен сизни тушунмадим, қадрли шонгвий, унинг нимаси фойдали? – профессор аччиқлангандай қараб қўйди, – улар қидиришади, қидиришади. Охири келиб “Илонли”ни портлатиб юборгандек, бутун бинони кулга айлантириб юборишади. 3-уйни эсингиздан чиқарманг, шонгвий.
– Агар уларнинг нияти шундай бўладиган бўлса, сиз билан мен бу ерда гаплашиб ўтирмаган бўлардик.
Профессор жим бўлиб қолди. Шонгвий унинг газетани ҳали кўрмаганлигига ҳам кўзи етиб сўради:
Сиз “Қизиқарли хабарлар” газетасининг янги сонини кўрдингизми?
Вақт қани шунга… Шу пайт телефонда суст, қисқа сигнал эшитилди. Профессор тугмани босиб: “Нима гап, мен сизга ҳеч кимни қабул қилмайман, демаганмидим?” деди жаҳл билан.
Ҳурматли профессор… газетада бизни ёзибди… “Қизиқарли хабарлар”… деди довдираб қолган қиз.
Газетани олиб киринг, профессор учун жавоб бераётган шонгвий экран тугмасини босиб қўйди.
Оёғининг учида босиб кирган котиба қизнинг ранги ўчиб кетганди. У профессорнинг асабийлашиб турган қиёфасига қўрқув билан қараб қўйди, қўлидаги газетани шонгвийга узатди ва унинг ишораси билан қандай кирган бўлса, яна шундай оёғининг учи билан юриб, чиқиб кетди.
Профессор мақолани ўқиб бўлди. У аввал, бу қандай иш, дегандай шонгвийга қараб қўйди, кейин бошини чангаллаганча гандираклаб бориб ўзини супага ташлади.
Ҳали синовдан ўтмаган бу кашфиёт оламга овоза бўлиб кетадиган бўлди. Биз “Илонли” воқеасини минг бир машаққатда йўққа чиқаргандик. Оҳ, бу қандай расвогарчилик, профессорнинг овози йиғламсирагандай энтикиб чиқарди, мана энди халқаро илм-фан уюшмаси махсус одам йўллаб, тўлиқ суриштиравериб бошимизни қотириб юборади. Шундай муҳим кашфиётни яшириб юрибсан, деб ҳали айблашлари ҳам мумкин. Биласизми, менинг бу ишни бошлаганимга олти йил бўлди, роса олти йил! Сир очилиб кетдими бўлди, ҳамкорлар ҳам топилади. Дўстларингиз ҳам кўпаяди, душманлар ҳам… Мана шу мухбир деган тизгинсиз махлуқларнинг бизга нима кераги бор-а!
Бирданига қариб қолгандек мункайиб қолган профессорга Нурил шонгвийнинг ичи ачишиб кетди.
Кўнглингизни чўктирманг, асабингизни бузманг, профессор жаноблари. Биз бу хабарни тарқалиб кетишини олдини, албатта, оламиз, мақола кўринишдан қўрқинчли бўлгани билан далил-исботи етарли эмас. Аммо, биз бундай кашфиётнинг мавжуд эмаслиги ҳақида исбот топиб бера оламиз, бу томонига махфийлик идораси ҳамкорлашади. Шонгвий профессорнинг ёнига келиб, елкасига қўлини қўйди, хотиржам бўлинг, менга ишонаверинг, деди у ишонч билан, кашфиёт сизга мансуб. Аммо, олдимизда яна-да, оғир аҳволларга дуч келишлигимизни ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак. Менингча, улар тактика усулларини ўзгартириб, бизга руҳий босим ишла¬тишмоқда.
Сиз яна нима демоқчисиз?
Улар лойиҳани ўғирлашга интилишмоқда. Шу бугунгиси билан уч марта уриниб кўришмоқда. Мақоланинг илгаригиси ҳам эмас, кейингиси ҳам эмас, худди уларнинг кейинги икки мартадаги ҳаракатлари орқаворотдан юз берган аҳвол остида эълон қилиниши кишини шубҳага солиб қўйди. “Илонли” воқеаси бирор одамнинг кўзига тушиб қолган, деб фараз қилган ҳолда ҳам, 3-уйнинг кулга айланишини ҳеч ким билмайди. Шунга қарамай у ерда юз берган аҳвол мақолада анча нозик ёзилган, демак, буларни шулардан бошқа одамнинг ёзиши асло мумкин эмас. Агар мақолани ўзимизнинг мухбирларимиз ёзган десак, улар эшитганларини ишончли равишда кўрсатиш учун аввал биз билан учрашган, ана ундан кейин газета ва журналларда “шамол чиқариб” довруғ солганини қатъий инкор этсак, бир қанча вақтдан сўнг жимиб қолган бўларди. Афсуски, бу сирли воқеа хусусида ҳозиргача биронта одам бизни безовта қилгани йўқ.
Малик билан ҳалиги… ким эди-я…
Ҳа, Усмон афанди,
Иккаласининг расми, Маликнинг менинг ўғлим эканлиги исбот-далил бўлолмайдими?
Расм исбот бўлолмайди, ҳурматли профессор, шонгвий қатъийлик билан бош чайқади, аммо яна шуни ҳам эътироф этмай бўлмайдики, бу мақола таъсири катта шов-шувга сабаб бўлмай қолмайди. Майли, дўст ёки душман бўлсин, ҳаммасининг диққати бизга қаратилади, бизга бўлган босим ҳам кучаяди. Бугунги аҳволда лойиҳанинг фош бўлиб қолишидан сақланиш қийин. Уларнинг кутганлари ҳам айнан шу. Кечирасиз, кайфиятингиз анчагина яхши эмас, шунга қарамай, сиздан бир аҳволни сўрашга мажбурман. Ўғлингиз Малик сизга Замира исмли мухбир қиз билан танишлиги ҳақида айтганмиди ёки шундай бир қиз Маликни қидириб уйга келганми?
Профессор қошларини чимириб ўйланди.
Аниқ бир нарса деёлмайман, аммо уйимизга келмаганига ишонаман, ўғлим ҳам қизлар билан борди-келди қиладиган ёшда эмас.
Шонгвий яна сўради:
Малик бугун уйдами?
Албатта уйда бўлади-да, бошқа қаерда ҳам бўлади, ташқарига камдан-кам чиқади.
Малол келмаса, хонимингиздан сўраб кўрсангиз ёмон бўлмасди.
Бу гапдан кейин ташвиши янада ортган профессор ўрнидан туриб, оиланинг телефон рақамларини босганди, телевизор экранида унинг ёш гўзал хоними кўринди. Ёш хоним эрининг саволига эрта билан бозорга чиққанлиги, қайтиб келса электрон тасмаси Маликнинг ўқитувчиси Усмон афандининг чақиртириши билан чиқиб кетганлигини маълум қилгани ва Маликнинг ҳозиргача келмаганлигидан хавотирланиб ўтирганлигини гапириб берди.
Жиддийликни ҳали буткул ҳис этмаган профессор нима дейишни билмай дудуқланди. Шонгвийнинг кўз ишорасини тушуниб, хонимини хотиржам қиладиган бир неча оғиз гапириб тугмани тез босиб қўйди.
Нурил шонгвий соатига қараб қўйиб ёрдамчисини чақирди.
Сиз бир минут ҳам кечикмай ўқув марказига бориб, Усмон афандининг бор-йўқлигини аниқланг, деди дарҳол кириб келган ёрдамчисига аҳволни қисқача тушунтириб, ундан кейин “Қизиқарли хабарлар” муҳарририятига бориб, Замира исмли мухбирни суриштиринг. Тушундингизми?! Ундай бўлса, тез ҳаракат қилинг.
Тоқатсиз дақиқалар бошланди. Ўқув маркази билан редакция шаҳарнинг икки четида бўлганлиги учун анча кутишга тўғри келди. Ҳар иккаласи хаёл билан банд бўлиб унсиз ўтиришарди. Профессор ўғлини ўйларди. Нурил шонгвий эса, Усмон афандининг нима учун Маликни чақирганлиги, уларнинг Замира билан қандай алоқаси борлигининг тагига етолмай хуноб бўларди. Ўн уч дақиқадан кейин шонгвийнинг чўнтагидаги рация сигнал берди:
Усмон афанди уйида йўқ экан. Қўшниларидан бири унинг эрта билан соат тўққизларда ўн тўрт яшар чамасидаги бир бола билан кетганлигини айтиб берди, аммо улар қаерга кетганлигини билмас экан. Қўшнисининг айтганларига қараганда, бу бола Маликка ўхшайди.
Профессорнинг боши хам бўлди, индамади. Шонгвий соатига қаради. Миллар ўн икки яримни кўрсатиб турарди. Кўнглига келган гумондан жиддийлаша бошлаган шонгвий тамаки чекмаса-да, ёнига солиб қўядиган ҳидли тамакидан бирини олиб, профессордан ижозат олмасдан туташтириб чека бошлади.
Ўттиз тўрт дақиқадан кейин рация сигнали эшитилди.
Таҳририятда Замира исмли мухбир бор экан. Менга унинг расмини кўрсатишди. Мухбир қиз эрталабдан буён редакцияга келмабди. Бўлимдагилар у турадиган меҳмонхона билан боғланишибди. Уларнинг айтишларича, мухбир қиз эрталаб соат еттида чиқиб кетган экан. Ҳозиргача келмабди, унинг қаерга кетганлигини улар ҳам билишмас экан.
Нурил шонгвий ёрдамчисига: мухбир қиз бўлимда қачон пайдо бўлса ўша заҳотиёқ тадқиқот марказига келсин, демоқчи бўлганди, бироқ шу заҳотиёқ ниятидан қайтди. Унда Усмон афанди, Малик ва мухбир қизнинг эрталабданоқ уйида бўлмаслиги улар ўртасида қандайдир бир муносабат бордек, уларнинг қайтиб келишлари ҳам анча мушкил ишдек бир туйғу пайдо бўлганди. Шонгвий ўзининг кечикканлигини англаб лабини тишлади. У ҳар эҳтимолга қарши редакция бўлими ва Усмон афандининг уйи атрофига кузатувчи қўйиб қўйишни ёрдамчисига тайинлади.
7
Котиба қиз бу сафар телефон орқали гаплашмай эшикни тақиллатиб кириб келди.
Ҳурматли профессор жаноблари, деди у қўрққандай эшик остонасида туриб, Халқаро илм-фан уюшмасининг телеграммасини олдим. Яна беш дақиқадан кейин уюшма раиси сиз билан гаплашмоқчи экан. Бу гапни эшитган профессор “энди менга шу етмай турувди”, дегандай ҳафсаласи пир бўлган ҳолда ўрнидан ирғиб туриб кетди. Уч соатдан буён ўғлининг қайтиб келмаётганидан чексиз қайғуриб ўтирган профессорнинг ранги докадай оқариб кетганди. У “Қизиқарли хабарлар” газетасидаги хабарларнинг халқаро илм-фан уюшмасига бундай тез етиб боришини ўйламаган эди. Зарба тўсатдан берилганди. Ҳали ишхонадан чиқиб кетмаган Нурил шонгвий ҳам бўшашиб қолди. Унинг вужудида қаттиқ ғазаб-нафрат жунбушга келиб титраб кетди. Профессорга ҳамдардлиги ошиб бораётган шонгвий агар шу енгилтак танноз мухбир қиз ўз одамларидан бўлиб, олдида турган бўлганда, ҳар қандай чекланиш бўлишига қарамай, унинг упа-элик суртилган башарасига келиштириб тарсаки туширишдан ўзини тутиб қололмаган бўларди.
У соатига қараб қўйиб, профессорни шошилтирди: Вақт ўтиб қолди, ҳурматли профессор, балки бошқа ишдир, мен чиқиб турай.
Профессор бемор одамдай инқиллаб тураётиб, қўли билан чекмай туринг, деган ишора қилди. Сўнгра оёқларини зўрға кўтариб телефон олдига келди ва керакли рақамларни кучаниб босди. Телевизор экранида ёши анчага бориб қолган бўлишига қарамай, ҳали тетик, эндигина сочларига оқ оралаган, барвастадан келган уюшма раисининг бўй-басти пайдо бўлди. У қисқа салом-аликдан кейин мақсадга кўчди:
Қулоқ сол, бобой, келган ҳисобот докладларга қараганда, бояги учар ликоплар деган бало-қазо заминимизнинг ҳаво бўшлиғида пайдо бўлибди. Бунинг шубҳали жойи шундаки, унинг бу сафарги суръати аста, ҳам жуда баланддан учиб келмоқда экан. Йўналишини ўзгартирмай мана шу суръатда учса, яна 40 дақиқадан кейин сенинг устингда пайдо бўлади. Давлат хавфсизлик органларининг ҳаммаси бундан хабардор, фуқаролар ҳам беш дақиқадан кейин хабар топишади. Қандай тадбир қўллашга келсак, бу Давлат хавфсизлик органларининг иши. Лекин, сен билан мен масъулиятимизни ҳис қилмаётибмиз. Кўрмайсанми, бу офат бизни кўзга илмай, ҳар бир келишида бош устимизда хоҳлаганча айланиб юрмоқда, келтирган зарари ҳам оз эмас. Мен олимларни яна бир бор йиғиб, бирор мувофиқ таклифлари бор-йўқлиги устида маслаҳатлашмоқчиман. Бунга сен нима дейсан, балки ўйлаган таклифларинг бордир?
Профессор нима дейишини билмай саросимада қолди, аммо жавоб қайтармай бўлмайди.
Ҳозирча йўқ, деди у шошилиб.
Буни қандай тушуниш керак?
Пишмаган хом хаёл…
Ҳечқиси йўқ, пишмаган бўлса ҳам бўлаверади.Индинга эрталаб соат тўққизда кутаман, ҳаммамиз биргаликда пишмаганни пишириб олармиз. Саломатлигинг қандай, рангинг ўзгариб қолгандек кўринади-ку?
Тумов бўлиб қолганимнинг аломати бўлса керак… Нима деяпман, бугун кайфиятим йўқроқ.
Ўзингни асрагин, бобой, ёш хониминг дурустроқ қарасин. Ҳа, дарвоқе, хонимингга мендан салом айтиб қўй. Индинга эрталаб соат тўққизда кўришгунча хайр, яна эсингдан чиқиб қолмасин.
Профессор вируси қуритилиб, тамомила йўқолганига уч йил бўлган тумов касаллигини тилга олиб, билдириб қўйишига сал қолди. Унинг пешонаси ва тақир бошида тер томчилари ялтирарди. Раиснинг ўзини тутиши ва сўз мазмунига қараганда, бояги шум хабарнинг ҳали етиб бормаганлиги маълум бўлди. У шу тобда гўё оғир юкдан қутулгандек чуқур уф тортиб яна супага чўкди.
Менга жавобми? деди шонгвий.
Профессор унга ер остидан хўмрайиб қараб қўйди.
Ўғлимнинг масаласи-чи?
Энди қуруқ тасалли билан вақтингизни олишни хоҳламайман. Менга ўйлаб олишим учун ўн дақиқа вақт керак. Кейин яна гаплашамиз.
Майли, ихтиёрингиз.
Зинадан шошилмай тушиб келаётган Нурил шонгвий учар ликоплар пайдо бўлди, деган хабарни эшитгандан тортиб, дақиқалар сайин кучайиб бораётган гумони остида мулоҳаза қиларди: Учар ликоплар одатда мақтангандек паст учарди ҳамда кўзни юмиб очгунча хоҳлаган ерга бориб бўларди. Унинг баланд ҳам секин учишида бирор сабаб бормикан. Яна 36 дақиқа вақт бор. Агар уни Малик учун келди, деб фараз қилсак-чи. У чоғда Замира ёки Усмон афандини нима деб тушунмоқ керак?
У қўрқинчли бир фикрнинг кучидан тўхтаб қолди ва бу даҳшатли хаёлни ўзидан қанча нари қилишга уринса-да, ундан қутулолмади. “Аввал махфийлик идораси билан гаплашиб кўрай, деди ичида, шаҳар атрофини, барча бурчак-тешикдан Маликни қидирайлик. Топилмаса сўнгра бир хулосага келарман”.
Шонгвий махфий хизмат идораси билан тезроқ гаплашиш учун қадамини тезлатди. Хонасига етиб келгандан кейин, қулфни махфий кўрсаткичга тўғрилаб очиб кирди. Унинг телефон гўшагига узатилган қўли ярим йўлда тўхтаб, бир варақ қоғоз устига тушди.
“Жаноби Нурил шонгвий, деб ўқиди у, сиз учун дунёдаги одамлар ўртасида юз берган воқеа-ҳодисаларнинг пайига тушиб, калаванинг учини топиш ҳар ҳолда осондир, шунда ҳам бу сизнинг толеингизга боғлиқ. Аммо, бошқа сайёра одамларига нисбатан айтганда, талай синовларга уринишингиз беҳуда оворагарчиликдан ўзга нарса эмас. Фақат тушингиздагина бизнинг изимизга тушишингиз мумкин. Бу ҳаргиз муболаға эмас. Сиз қидириб, текшириб, мулоҳаза қилиб то бир фикрга келиб бўлгунча, биз ишимизни тугатиб ер юзидан узилиб бўламиз. Бу сафар Усмон афанди ва Малик биз билан бирга бўлади. Худди мана шу дақиқаларда улар иккови Замира хонимнинг қўлида тутқун бўлиб туришибди. Агар охирги дақиқаларда Малик билан Усмон афандини қайтариб олишни хоҳласанглар, бунга улгурасизлар. Бу таклиф, албатта, шартсиз эмас. Биз эга бўлмоқчи бўлган “Шафақ 301” нинг лойиҳаси қўлимизга текканда, Малик билан Усмон афанди ҳам олдингизга қайтади. Сиз ҳам, ҳурматли профессор ҳам бизнинг техникамизнинг чексиз юқори қудратли эканлигини тушунасизлар. Лойиҳа асл нусха бўлиши, битта нуқтаси ҳам ўзгартирилмаган бўлиши керак. Бизни алдашга (бу мумкин эмас) уринсанглар алмаштиришнинг оқибати сизлар учун кўнгилсизлик билан якунланади. Мен билан боғланишингиз учун телефонингизнинг 8,1,2 рақамини мана шу тартиб бўйича босишингиз керак. Мен телефонингизни мана шу гаплашиб турган рақамлар орқали биз билан алоқа боғлайдиган қилиб ўзгартириб қўйдим. Мен билан биргина марта гаплаша оласиз. 15 дақиқа вақт бераман. Ундан ошириб юборсангиз, ўзингиздан кўринг. Мен сизни ақлли одам, деб билиб, ҳурмат қиламан. Биз энди юз кўришолмаймиз. Хайр, гулчи бобой”.
Нурил шонгвийнинг тишлари ғижирлаб кетди. Бир зум унинг кўз олдида ҳалигина ҳовлида кўринган гулчи чолнинг юз кўриниши намоён бўлиб, аламдан муштлари тугилди.
– Қари тулки, шунинг учун мийиғингда кулган экансан-да.
Сўкиниш, асабийлашиш, қизишиш билан қўлдан чиқиб кетган нарсани қайтариб олиб бўлмайди. Бу одамлар сезгирлик ва ҳаракатда шунчалик юқори ҳам тез эдики, сен масала тагига етиб бўлгунча улар ишни битириб ғолиб чиқишарди. Нурил шонгвий юз берган ишларни таҳлил қилди, кузатди. Охири “бу одам, ўз ичимизда” деган хулосага келиб, ҳали ишни қаердан бошлаш кераклиги устида ўйлашга улгурмай турибоқ, улар шундоқ бурнининг остидан чиқиб кетишди. Энди ўйлашга вақт ҳам қолмаганди.
Таваккал қилишдан бошқа иложимиз йўқ, деди, ё Малик ва Усмон афандиларга ёки “Шафақ”қа боришимиз керак. Агар лойиҳа уларнинг қўлига тушиб қолса, у ҳолда бу қуролнинг қиммати ҳам қолмайди. Гулчи чол ҳозир Замира билан бирга. Тўхта, улар Малик билан Усмон афандини учар ликопга қандай олиб боришдийкин?!..
У таваккалчилик қилиш деганда нимани таваккал қилишлигини ҳали ўзи ҳам яхши билмасди. Аммо, узил-кесил ишончи бўлмаса-да, кўнгилда хира бир умид пайдо бўлганди. У ҳозир икки ишни бажариши керак эди. Бири, профессор билан кўришиб, алмаштириш ҳақидаги таклифга унинг қандай фикрда бўлишлигини билиш, яна бири, аҳволни махфий хизмат идорасига маълум қилиб маслаҳатлашишдир. Шонгвий Маликларни қидириш хаёлидан воз кечди, ҳар қанча ахтаргани билан уларни барибир тополмаслигига кўзи етиб қолганди.
У ишхонага кирганда профессор аввалги ўрнида ўша-ўша ҳолича ўтирарди. У бошини кўтариб ҳам қўймади. Балки шонгвийнинг кирганлигини сезмагандир. Ҳозир кўнгил сўраб ўтирадиган вақт эмас эди. Нурил шонгвий профессорнинг олдига келиб, гулчи чолнинг хатини унга узатди.
Ҳурматли профессор, мен анча илгариёқ сизга бундан кейин янада оғир ишларга дуч келишингиз мумкин, деб айтгандим. Мана шундай ишга ҳам дуч келдик. Бундан қутулишнинг энг яхши чораси, ўзимизни қўлга ола билишдир. Бу хатни ўқиб чиқинг. Бундан кейин нима қилишингиз кераклиги тўғрисида гаплашайлик.
Унинг одатдан ташқари ўта жиддийлашган чеҳрасига кўзи тушган профессор индамасдан хатни олиб ўқий бошлади. Ундаги ҳар бир ўзгаришни кузатиб турган шонгвий профессорнинг бўзариб кетган юзида бирор-бир қайғу аломатини пайқамади.
Мен шундай бир ишнинг юз беришини ички туйғу билан сезиб турар¬дим, деди профессор хатни ўқиб бўлиб, кутилмаган бир хотиржамлик билан.
Сизнингча қандай қилсак яхши бўлади?
Ўғлим учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Валейкин…
Шонгвий бошқача жавоб бўлишини кутмаганди.
Албатта шундай бўлди. Менимча ҳам шундай бўлиши керак эди, деди у қувватлашга шошилиб, – сизнинг маслаҳатингизни оладиган яна бир иш ҳам бор эди. Яъни…
Айтаверинг, қулоғим сизда.
“Шафақ” синовга тайёр, шундайми?
Шундай.
Фақат учар ликоп келсагина.
Менда шундай бир фикр бор. Биз эшитган хабар ҳам хатнинг мазмунига қараганда, учар ликоп яна 28 дақиқадан кейин етиб келади. Унинг учиш суръатининг секинлашиши бу ердаги одамларнинг мақсадига етган-етмаганлиги билан боғлиқдир. У ўз одамларининг хабарларини кутмоқда, хабарни эшитган заҳоти яшин тезлигида етиб келади. Баланд учишига сабаб эса, ҳар хил эҳтимолларни назарда тутиб, эҳтиёт бўлишликдадир. Майли, қандай бўлмасин, у қатъий келади. Мен ҳозир гулчи чол билан гаплашиб, уларнинг шартига рози бўлганлигимизни билдираман. Шу билан бу иш ҳам тугайди.
Аммо, сиз бундай кам учрайдиган фурсатда “Шафақ”ни синаб кўрсангиз ёмон бўлмасмикан деб ўйлайман?
Профессорнинг, қошлари чимирилди, унинг қотган юзида ҳаяжонланиш аломатлари кўринди.
Бу синов ўғлимнинг қайтиб келишига салбий таъсир кўрсатиб қолса- чи, деди у иккиланиб.
Уларнинг ҳаракатларига қараганда, одамга зарар етказиш ниятлари йўқ, ундай ният бўлганда сизни ўғирлаб кетган бўлишарди. Улар режалари амалга ошиб, лойиҳага эга бўлишгандан кейин Малик билан Усмон афандини қўйиб юборишади. Биз ҳам бу шартни қаттиқ қўямиз.
Шонгвий профессордан гулчи чол билан Замиранинг ердан учар ликопга қандай қатнов қуроли ишлатилишни сўрамади, сўраганда ҳам профессор бу саволга аниқ жавоб беролмасди. Қатнов қуроли! Ўша кўз олдига келтириш қийин бўлган қатнов қуролига ҳужум қилиб, лойиҳани сақлаб қолиб бўлмасмикан? Профессор иккиланиб турган мана шу бир неча сония ичида шонгвийга тинчлик бермаётган таваккалчиликка уринишнинг режаси шаклланиб қолгандек бўлди. Тўғри, бу режалари тўлиқ шаклланди, деб ҳам бўлмасди. Бошқа сайёра одамларининг “Шафақ”нинг лойиҳасига одатдан ташқари қизиқиши, унинг амалий кучига ишонганлигини ҳамда ундан чўчиганлигини исботларди. Агар “Шафақ” таъсир кўрсатолса, учар ликоп яқинлашолмайди, у тарқатган магнит майдонининг таъсири ҳам бўлмайди. У ҳолда ерда туриб, энг илғор қуролларнинг ёрдамида гулчи чол ўтирган нарсага ҳужум қилиш имконияти туғилади.
Нурил шонгвий тўсатдан шаклланган режанинг кучидан жойида тура олмай, ишхонасининг у ёғидан бу ёғига юраётиб яна профессорнинг олдида тўхтади. У ҳар қанча шошилмасин, профессор “Шафақ”ни синаш фикрига қўшилмаса, режа қуруқ хаёл бўйича қоларди.
Қандай қарорга келдингиз, ҳурматли профессор? деди Нурил шонгвий ўзини жонли тутишга тиришиб.
Менга энди уни синаб кўришнинг нима аҳамияти бор? Энди бу қуролни ишлатишнинг ҳеч қандай зарурати қолмади, деди у умидсизлик билан.
Нурил шонгвийга қараб қўйиб, ўрнидан турди.
Йигирма беш дақиқа қолди, биз учун ҳар бир дақиқа жуда қиммат, деди у хатни қайтиб киссасига солаётиб, – ажаб, сиз олти йил тер тўкиб дунёга келтирган кашфиётингизнинг натижаси қандай бўлишига қизиқмасан¬гиз-а! Мен олимнинг энг қўрқадигани кашфиётининг натижасини кўролмай қолишдир, деб эшитгандим. Кечирасиз, ҳурматли профессор, мен сизда бундай қизиқишни билмаганимга ҳайронман.
Гап таъсир қилди шекилли, профессорнинг эгик боши аста кўтарилди. Унинг чеҳраси азоб, қайғу-ҳасратдан буришиб кетганди.
Тўғри айтдингиз, шонгвий, деди уф тортиб, бу жуда янги туғилган чақалоқни кўраман деб, етиб келгунча чақалоқ ўлиб кетиб, кўмилиб ҳам бўлгандек ачинарли иш. Мен таклифингизга қўшиламан.
Ундай эмас, ҳурматли профессор. “Шафақ”ни синаш учун сизнинг хоҳишингиз бўлиши керак. Менинг таклифимни яхши ният билан қилинган таклиф, деб тушунишингизни хоҳлайман.
Раҳмат, мен айнан шундай тушундим. Аммо, сиз Малик билан соғ-саломат кўришишимга ваъда беришингиз керак.
Ваъда дедингизми? Нурил шонгвий икки сонияча ўйланиб қолди, мен ваъдани муқаддас сўз деб биламан. Биз ўзга сайёра одамлари билан алоқа боғламоқдамиз, улар ҳам сиз билан менга ўхшаш Оллоҳ яратган банда. Барча аломатлар ўғлингиз ва Усмон афандининг омон қолишидан дарак бермоқда. Менинг бурчим уларни ҳимоя қилишдир.
Худо ўз паноҳида асрагай, боланинг доғи ва яратган кашфиётининг ном-нишонсиз йўқолиб кетиш хавфи орасида қалби пора-пора бўлиб кетаётган профессорнинг кўзлари намланди, боринг, мен сизга ишонаман. “Шафақ” синовга тайёр, буйруғингизни кутаман.
Кўнгли бир парча бўлиб қолган шонгвий “Илоҳим, айтганингиздек бўлгай”, дея зудлик билан чиқиб кетди. Эндиги вақт ва ҳаракат унинг ихтиёрида эди. Хавфсизлик идораси Нурил шонгвийнинг ахборотини тинглаб, алмаштириш шартига қўшилди ва ҳаракатга мослашадиган бўлди. Шонгвий гулчи чол қолдирган телефон рақамини тераётиб, яна уларнинг учар ликобига етиб боргунча ўтадиган қатнов қуролини ўйлади, лекин нимагадир унинг кўнгли равшан эди.
Телефон экранида сурат кўринмади. Шонгвий уни баланд овозидан таниди.
Мен сизни кўриб турибман, қадрли Нурил шонгвий, рангингиздаги аломатларга қараганда ишга қўшилгандек кўринасиз.
Шонгвий бу ўзга сайёра одамининг гапларини ич-ичидан отилиб чиққан ғазаб ва нафрат билан эшитди:
– Фаразингиз тўғри, деди у тишлари орасидан чийиллаб, лойиҳани қандай топширамиз, одамларимиз қандай қайтиб келади?
Бир одаминг тез суръатда учоқда Кўксойнинг 167-километридаги яйдоққа келсин, мен ўша ерда кутаман. Эсингизда бўлсин, бизни алдашга, лақиллатишга уринадиган бўлсангиз, учоқ ҳам ортига қайтолмайди.
Бизнинг одамларимиз-чи?
Хотиржам бўлинг, олдингизга соғ-саломат етиб боради.
Нима билан хотиржам қиласиз?
Биз ваъдамизга амал қиламиз. Бир жиҳатдан обрўйимизга нуқсон етказадиган ҳар қандай гап-сўзнинг тарқалиб кетишига қатъий йўл қўймаймиз.
Телефон узилди. Шу заҳоти орқадан профессор берган сигнал эшитилди.
Мен синов майдонида, учар ликоп яқинлашмоқда, буйруғингизни кутаман, деди у қисқа қилиб.
Нурил шонгвий профессор билан гаплашиб бўлиб, бошланди, деди ўз-ўзига.
8
Одамлар ҳозиргача сирли деб келишаётган бу ажойиб металл махлуқнинг ҳаво бўшлиғида пайдо бўлганлигини жуда сезгир кузатиш аппаратларининг қизил чироқлари липиллаб ёниб маълум қилди. Аммо у экранларда кўринмасди. Шундай, у нима қиламан, деса шуни қила олади. Худди яна шу сеҳрли кучи орқали одамларга унга қарши туриб бўлмайдиган қудратни намойиш қилиб, таҳдид солиб келмоқда эди. У ҳақда ҳам қўрқинчли, ҳам қизиқарли фантастик ҳикоя, романлар ёзилди. Кинолар ишланди, ақлга сиғмайдиган ривоятлар тўқилди. Кишилар уни ана шу ҳикоя, кино, ривоятлардангина билишади. Амалда уни яқиндан кўрган одам жуда кам эди. Агар шу одамлар тасаввур қилганидек, у шунча қудратли ва ғазабли бўлса, унда шу пайтгача дунё остин-устин қилиниб, ҳаётдан нишон ҳам қолмаган бўларди. Лекин, одамлар қандай яшаб келган бўлса, ҳали ҳам шундай яшамоқдалар Улар турмуш ташвишлари билан овора бўлиб юрсалар ҳам, ташқи бир кучнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратиб қолишади. Кейинчалик одамлар гарчи у ҳар сафар пайдо бўлганда оғир зарар етказса-да, унга кўникиб қолишди. Биз дунё бўшлиғини тадқиқ этмоқдамиз, улар ҳам тадқиқ қилишаётир. Бизнинг бошқаларга тегиниш ниятимиз йўқ, уларнинг ҳам бизга ўхшаб ёмон нияти йўқдир, дейдиган бўлди одамлар. Улар олимлардан хафа бўлишади. Фан-техника жуда ривожланган бир пайтда, олимларнинг бояги сирли металл махлуқини чўчитиб қўйгудек бирор янгилик ярата олмаганлиги уларнинг диққатини ошириб юборди, ҳатто ғазаблантирди. Албатта, бундай кашфиёт доимо бўлавермайди-да. Улар олимларнинг бу иш устида бош қотириб, қанчалик қийинчиликларга дуч келаётганлигини қаердан билишсин…
Нурил шонгвий мана шуларни хаёлдан кечираркан, профессорни “Шафақ”ни синовга қўйишга ундаганлигидан пушаймон эди. Ичида Малик, Усмон афанди ҳамда шартлашувга биноан тик учар учоқ билан Кўксойга кетган учувчининг омонлигини тилаб худога илтижо қиларди. У Кўксой томони ҳеч бир тўсиқсиз кўриниб турадиган 27 қаватли бинонинг устида туриб, хоҳлаганча яқинлаштириб кўрсатадиган дурбин билан ўша томонни кузатарди. Учар ликоп ўзидан одам ва ҳайвондан бошқа ҳаракатдаги ҳамма нарсани ҳалок қиладиган тўлқинни тарқатса, унинг кузатишда бирдан-бир таянадиган илинжи мана шу дурбин бўлиб қоларди. Бу тўлқин эса ҳали қўйиб берилмаганди. Учар ликоп гулчи чолнинг лойиҳага эга бўлганлигидан хабар топгандан кейингина, тўлқинни тарқатиб, одамларнинг бехатар қайтиб келишини таъминлай олади.
У пастга қаради. Учар ликопнинг келганлигидан хабардор бўлиб, тайёргарлик кўриб қўйган шаҳарда қабристондагидек жимжитлик ҳукм сурарди. Шаҳарда қайноқ ҳаётдан дарак берадиган бирор аломатни пайқаб бўлмасди. “Қандай аянчли манзара, деди шонгвий сеҳрланиб ётган шаҳарга қараб. Шу тобда неча юз минглаб одам уйларига қамалиб олиб, бошларига кутилмаганда қандай бало-қазоларнинг келишини кутиб ўтиришгандир. Мана шундай чораси第ликка хотима берадиган кунлар ҳам келармикан?” – у оғир хўрсиниб, қўлини орқасига олди.
Унга Кўксойнинг тоғи, осилиб турган ҳарсангтошлар, қарағайзорлар ниҳоятда аниқ кўринарди. Уч дақиқа олдин, у олислаб кетаётган учоқни кўрганди, энди кўролмади. Шонгвийнинг мўлжалида учоқ манзилига етиб бориб, учувчининг гулчи чол билан кўришадиган вақти бўлиб қолганди.
Шонгвий кичик чўнтагидан рациянинг сигналини эшитиб, дурбинини кўзидан туширди. Сигналнинг эшитилганлигига қараганда, учар ликоп ҳали тўлқин тарқатмаганди. Учувчи унга “қўниш жойи ноқулай бўлгани учун, очиқ ерда тўхтаб нарвон билан тушдим” деб жавоб берди.
Ҳаммаси келишилгандай бўлсин, эҳтиёт бўлинг, яна ўзингизни йўқотиб қўйманг, деди шонгвий бироз жиддийлашиб.
Учувчи билан гаплашиб бўлгандан кейин, ўзидан 57 километр олисликда, ер сатҳидан 20 метр чуқурликдаги ер ости тажрибахонасида кутиб турган профессорни хабардор қилди.
Ҳурматли профессор, учувчимиздан хабар келди. Улар учрашишди, тайёр туринг. Келишганимиздай, мушакни кўргач, бир дақиқадан кейин синовни бошланг. Одамларингиз яна мушакни кўрмай қолиб юрмасин, худди ҳамма ишимиз чиппакка чиқади-я, уларга қаттиқ тайинлаб қўйинг.
Нурил шонгвий учувчи гулчи чол билан учрашувдан кейин ишларни тахмин бўйича ўринлаштирди, шундай қилмай ҳам бўлмасди. Унинг тахминича, гулчи чолнинг лойиҳани текшириб, одамларни қайтариб бериб, ўзлари қандай бўлмасин бирор нарсага ўтириб, қўзғалгунча беш дақиқа вақт ўтарди. Ҳар эҳтимолга қарши мушак тўппончасини олволган учувчи мабодо рация ишламай қолса, мушак отиб белги бериши, бу иш уларнинг қўзғалишига кўзлари етгандагина қилиниши керак эди.
У дурбин тутиб турган қўлларининг толиқиб кетганига қарамай, бутун диққати билан Кўксой томонни кузатарди. Тоқатсизликдан унинг асаб торлари таранглашиб, боши оғриб, кўз олди қоронғилашиб кетди. Вақт эса жуда аста ўтаётгандек туюларди. Ҳатто унга мўлжалланган вақт ўтиб кетгандек эди. Тоқати тоқ бўлган шонгвий сўл қўлини дурбиндан олиб, соатига тез кўз ташлади. У чўчиб кетди. Мўлжалдаги вақтдан бир дақиқа ўтиб кетганди. Буниси қандай бўлди ёки у мушакни кўрмай қолдими?! Руҳан тушкунликка туша бошлаган шонгвий умидини профессор томонга қаратди. Агар у ҳам мушакни кўрмай қолган бўлса, профессорнинг бир қанча кузатувчиларидан бирортаси бўлса-да кўриши керак, балки улар синовни бошлаш олдида туришгандир.
Нурил шонгвий рацияни олиб тугмани босганди, чироқ ёнмади, бу унинг ишлаш кучидан қолганлигини билдирарди. Умидсизланган шонгвий толган кўзларини уқалаб қўйиб, ичини кемириб тинчлик бермаётган аччиқ бир нарсани чиқариб юбормоқчи бўлгандек чуқур уф тортди. Энди у учар ликопчанинг келганлигига, унинг ҳаммани карахт ҳолга тушириб қўядиган тўлқинни тарқатганлигига асло шубҳа қилмасди. Шунча бош қотириб қилинган ишлар амалда ҳеч нарсага ярамади. Жуда ачинарли ҳол, агар профессор синовни бошлаб юборган бўлса, “Шафақ” таъсир кўрсатолмаган бўлиб чиқарди-да, ҳамма иш шу билан тугарди. Энди Малик, Усмон афанди, учувчи соғ-саломат қайтиб келишсагина, шунинг ўзи зўр муваффақият бўлиб қоларди.
Унинг қўли беихтиёр яна дурбинга югурди. У эгри-бугри тоғ чўққиларини бир айлантириб қараб чиққандан кейин, учар ликопни кўриб қолиш умиди-да, дурбинни осмонга тўғрилади. Осмонни анча узоқ ахтарди. Дурбин кўзларида юм-юмалоқ ёруғлик кўринганди, у бирдан уни қуёшмикин, деб ўйлаб қолди. Аммо, шу заҳоти қуёшнинг орқа томонда эканлигини эслаб янада синчиклаб қаради. Ўзидан кўз қамаштиргудек кучли нур чақнатиб, олисдан худди куяётгандек кўринган буғ қозонига ўхшаш ёруғлик осмон бўшлиғига қараб ҳаракатланарди. Шонгвий уни кўздан қочирмасликка тиришиб, кузатишда давом этди. Учар ликоп шумикин? Шонгвий олдин учар ликопни олисдан икки марта кўрганди. Ўшанда у тухум шаклида ҳам ҳозиргидан катта кўринганди. “Эҳтимол унинг ҳар хил шаклдагилари, катта-кичиклари бордир, деб кўнглидан ўтказди шонгвий, охири келди. Одамларини қандай олиб чиқиб кетаркин. Бизнинг одамларимиз-чи, ҳаётмикин. Профессорнинг кашфиёти таъсир кўрсатолмади, бундан қанчалик руҳан тушиб кетгандир-а. Лекин, биз охири…”
Кичик чўнтагидаги алоқа аппаратининг сигналини эшитган шонгвийнинг қўлидаги дурбин ерга тушиб кетишига сал қолди.
Шонгвий, бормисиз, нега индамаяпсиз?
Унинг эшитаётгани профессорнинг овози эди. Ҳанг-манг бўлиб қолган Нурил шонгвий шошиб қолди. У профессорнинг овозини қайта эшитганидан кейин, рацияни юлгандек қўлига олди.
Мен… мен эшитаяпман, муҳтарам профессор, деди у шошилиб, Лекин… ростини айтсам, нима бўлганлигини билолмадим. Сиз синовни бошладингизми?
Бошлаганимга бир дақиқа-ю олти сония бўлди.
Мушакни кўрибсиз-да.
Кўрдим. Менга қаранг, шонгвий, сиз ҳозир осмонни кузатаяпсизми ёки…
Кузатаяпман.
Бирор ғайри нарсани кўргандай бўлдингизми?
Юмалоқ, ёруғ бир нарсани кўрдим. Мен уни учар ликопмикин деб ўйлаяпман.
У учар ликоп эмас.
Бўлмаса нима?
Кўринишига қараганда, у осмондан келмади, Кўксой тоғидан чиққандай бўлди. Сиз “Илонли” воқеасида ўғлим Маликнинг “оловли шар”ни кўрганлигини эшитгансиз. У пайтда “оловли шар” учар ликопдан келган эди, ҳозир эса ердан кўтарилиб, учар ликопга қараб кетмоқда.
Шонгвий эслади. Тўғри, “Илонли” воқеасида бир оловли шар ҳақида гап бўлганди. Кейин ўша ер текислаб юборилган қўриқда учрашган қария ҳам шундай шарни кўрганлигини айтганди, ҳозир унинг қўриб тургани ҳам шундай бир оловли шар эди. Агар у ердан кўтарилган бўлса, демак, уларнинг маълум бир ерда яшириб қўйган “оловли шар”и бор экан-да. У ҳолда гулчи чол билан Замира ва яна Малик билан Усмон афандилар ўшанда ўтиришгандир.
Сизга нима бўлди ўзи, буткул нафасингиз ҳам чиқмай қолди-ку?
Мен режамизга ўйламаган жойдан суқилиб кирган бу шарга нима дейишимни ҳам билмай қолдим, деди шонгвий. У ҳолда учар ликоп қаерда? Менимча, у келган бўлса керак.
Келди, бир дақиқа аввал келди, аммо анча баландликда.
Нима учун пастламайди?
Пастлаган ҳам, мен бутун кучимни ишга солдим, “Шафақ” таъсирини кўрсатди. Учар ликоп пастлашга журъат қилолмаётгандек кўринади. Ҳозир “оловли шар”нинг ҳам юқорилаш суръати секинлаб қолди. Сиз ҳали пайқамадингизми?
Нурил шонгвий тушунди. Унинг профессор билан дахлсиз гаплашиб турганлигининг ўзи ҳам кашфиётнинг кучи эканлигини исботлаб турарди, ғалаба! Улар учар ликопни енгдилар.
Сизни табриклайман, профессор, Нурил шонгвий хурсандлигидан ич-ичига сиғмай болалардек қичқириб юборди, биз ғалаба қилдик. Сизнинг “Шафақ”ингиз учар ликопни енгди.
Раҳмат. Лекин, табриклашга ҳали эрта, яна қандай ишлар бўлишини ёлғиз худонинг ўзи билади, деди профессор унинг сўзини бўлиб, сиз ҳозир Кўксойга учоқними ёки бошқа бир нарсами, хуллас, нималар бўлса юборинг, одамларни тутқунликдан халос этиш керак.
Нурил шонгвий хурсандлик ва ҳаяжондан ўзини бир нафасга унутиб қўйганди. У рация орқали дарҳол буйруқ берди. Рацияда унинг ва қарши томоннинг сўзи ҳеч бир аралашувсиз жуда тиниқ эшитиларди. Тўла қуролланган одамларни олган бошқа иккита машина шаҳар кўчасида катта тезликда кетаётганди. Кейин иккита учоқ ҳам Кўксой томонга қараб учди. Шонгвий кўринган шаҳарни жонлантирган бу кўринишларга мамнуният билан қараб турарди. У Усмон афанди, Малик ва учувчини ўйлади. Гулчи чолнинг лойиҳага эга бўлгандан кейин, улар учун аҳамияти қолмаган, бу одамларни бирга олиб кетмаслигига шонгвий ишонарди. Агар улар соғ-саломат қайтиб келсагина, бу сафарги ҳаракат ва синовни муваффақиятли ўтди, деб айтиш мумкин эди. Аммо лойиҳа уларнинг қўлига тушди. Профессор айтгандай, энди “Шафақ”нинг ҳам аҳамияти йўқолди. Кўксойга қуролланган одам ва учоқларни юбориш лойиҳани куч билан тортиб олишга уриниш учун қилинган чора эди. Энди бу ҳаракат шонгвийга кулгили туюлди. Унинг наздида “оловли шар” ҳам учар ликопдек қудратга эга, фақат унинг кичрайтирилган нусхаси эди. Бундай кутилмаган аҳволга дуч келишни ўйламаган Нурил шонгвий айни шу дақиқада режани ўзгартириб, “оловли шар”га қарши тура оладиган жанговар учоқ гуруҳини юборишни ўйлади. Бунинг учун армия бош штабининг розилигини олиш керак эди. Вақт эса ўтиб борарди, унинг устига, бундай таваккалчиликка унинг ҳам унчалик ишончи йўқ эди.
Рациядан профессорнинг овози эшитилди.
Шонгвий, кўраяпсизми, “оловли шар” ёнаяпти.
Нурил шонгвий дурбин билан “оловли шар”ни қидириб топди. У бир жойда тўхтаб ёнишда давом этарди. Ундан емирилиб чиқаётган ёнғин шамол кучидан бир томонга сузилиб, худди учар юлдузга ўхшаб қолганди. Ёнғин бирданига кучайиб ҳар томонга сочила бошлади.
Бу даҳшатли кўринишни очиқ-ойдин кўриб турган шонгвий лифт томонга қараб югурди, энди унга у ерда қиладиган иш қолмаганди.
9
Усмон афанди узоққа чўзилган уйқудан уйғониб, ўзини чордона қуриб ўтирган ҳолатда кўрди. У ёнида ўтирган икки одамга ва атрофига назар ташлади. Олдидаги катта дарвоза ўрнидаги очиқ ғор оғзидан бўртиб чиққан тошларнинг силлиқ юзи кун нурида сунъий қорамтир рангда ярқираб турарди. Ғор оғзининг сиртидан машина ғилдираги из қолдирган торгина тош йўл, тоғ ёнбағридаги кўм-кўк қарағайзорлар кўзга равшан ташланиб турарди. У ўзининг ўнгирда ўтирганлигини зўрға фаҳмлади. Ўнгир ичига тўлдириб солинган гиламга қараб таажжубланди. Ўнгирга гилам солиб қўйиш! Қизиқ, бу ерга гилам солиб нима иш қилади? Бу савол унинг шундоғам бир ҳолатга бориб қолган асаб торларини янада таранглаштирди. У бирданига пайдо бўлган қўрқув ичида ўрнидан туриб кетди. Унга эргашиб ёнидаги иккала одам ҳам ўрнидан турди. Усмон афанди уларга тикилиб қараб Маликни таниб қолди. Малик! У бу ерда нима қилади. Анави учувчи формасини кийган одам ким, мен бу ерга қандай келиб қолдим? деб ўйлади. Усмон афанди эслашга уриниб пешонасини мушти билан енгил урди. У узоқ бўлиб ўтган хотиралар ичидан баъзи ишларни худди туман ичида кўргандек хира эслай олди. Аввал кўз олдида ҳусн-жамоли таниш бир қиз гавдаланди. Тўғри, у шундай бир қиз билан дўстлашган эди, исми нимайди-я, Зарифамиди-ей, йўқ, йўқ, Замира эди. Ҳа, Замира!! Улар деярли ҳар куни учрашиб туришарди, кейин шу қиз билан Кўксойни бирга томоша қилганди. Улар билан яна кимдир бирга бўлгандек туюларди. У биров ким бўлдийкин, исмини унутиб қўйганимни қара-я! Усмон афанди ҳар қанча ҳаракат қилса-да, бошқа ҳеч нарсани эслай олмади. У ўзини туш кўргандек, уйғонибоқ кўрган тушини унутиб қўйгандек сезарди. Аммо, ўнгирда турганлиги кўрганлари туш эмаслигини билдириб турарди.
Мен билан юринг, деди учувчи кийимидаги одам биринчи бўлиб садо қиларкан, мен сизларни олиб кетгани келганман. Қани тезроқ юрайлик.
Улар эндигина ўнгир оғзига келишганда, осмондан тушган олов парчасини сачраши ва кучли иссиқнинг тафтидан қочиб яна қайта ўнгирга кириб олишга мажбур бўлишди. Кейин кўринмай узлуксиз тушаётган олов парчалари бир-бири билан қўшилиб, атрофга ёйила бошлади. Сой ичи зум ўтмай аланга гирдобида қолди. Тандирдай қизиб кетган ўнгирда ҳам эндиликда туриб бўлмасди. Улар депсинишарди, ўзларини ҳар томонга уришарди, ўнгирнинг мустаҳкам деворлари уларга йўл бермай чекинтирарди. Куйиб кабоб бўлиш жараёнида турган бу одамларга фақат ўнгир оғзидан қочиб чиқиб, ўзларини аланга гирдобига отишдан бошқа йўл қолмаганди.
Уст-бошлари куйиндилар билан булғанган, кийимлари ёнишдан, шох-шаббаларнинг тилиб юборишидан йиртилган, баданлари олов сачрашларидан куйган Усмон афанди оғриқ азобидан, кучайган аланганинг чидаб бўлмас тафтидан ўз ҳушини йўқотиб қўйиш ҳолига келиб қолган бўлишига қарамай, жон ҳолатида бор кучи билан югурарди. Аланга ёлқинлари эса беаёв оташ тилини унинг баданига санчишга улгуролмай қоларди. Олов оқими уни таъқиб этгандай тобора унинг изидан қувишда давом этар ва олдидан кутилмаганда ердан пайдо бўлиб йўлини тўсарди. Усмон афанди букчаяр, қоқилиб йиқилар, шу заҳоти ирғиб туриб, яна олдинга отиларди. Олов тафтидан аралаш қизиб кетган ҳаво томоғини бўғиб ҳолсизлантирди. Атрофида қизил нарсалардан бошқасини кўрмай келаётган Усмон афандининг кўз олди қоронғилашди. Боши айланиб, еру осмон гўё чирпирак бўлиб айланаётгандек туюларди. Оёқлари титраб, тиззалари букилди. У гуп этиб йиқилди, бармоқлари билан ерни таталаб ўрнидан туришга тиришди, оғирлашган баданини қизиб ётган ердан ажратишга мадори етмай қолди. Ўлим ваҳимасида тўлғанаётган Усмон афандининг оғзидан “Худо, ўзинг шафқатлисан” деган нидо чиқиб, жим бўлиб қолди.
У осмонда сузиб кетаётганда ҳушига келди. Гўё шунқор бамисоли жўжани чангаллаб олгандек, кимдир унинг қўлтиқларидан маҳкам қисиб тутган кўйи кетиб борарди. Усмон афанди қўрқиб кетди. Унга эртаклардаги ғоят зўр бургут уни полапонларига ем қилиш учун олиб кетаётгандек туюларди. У бош кўтариб қарашга ботинолмай, қўлтиқларидан тутиб турган нарсага яширинча кўз ташлади. Оппоқ, нозик бармоқларни кўргандан кейин, одам боласининг қушга ўхшаб учиб юришига жуда ҳайрон бўлди. Ҳайрат ичида уни мана шу учишни биладиган одамнинг оловдан қутқариб чиққанлигига кўзи етиб, нечундир хотиржамлик ҳис қилди. У қачондир бир пайтда аланга ичида қолиб туш кўрганлигини, унинг чиройини кўролмаган бўлса-да, гўзал бир қизнинг мана шундай қўлтиғидан тутиб қутқариб чиқиб кетганлигини эслади.
Усмон афанди пастда кўп машиналарнинг йиғилиб турганлигини, одамларнинг у ёқ-бу ёққа югуришиб юрганлигини кўрди. Уни кўтариб учиб кетаётган одам ҳам аста-секин пастлаша бошлади. Ердагилар ҳам уларни кўриб қолди. Бу ажойиб манзарадан донг қотиб қолган одамлар карнайдан янграган буйруқ овозидан ўзларига келиб, қуролларига қўл югуртиришди. Учадиган одам уни бир четда турган ҳарбий бошлиқнинг олдига келтириб енгилгина турғазиб қўйди.
Кечирасиз, янглишмасам сиз Нурил шонгвий жаноблари бўласиз, деди жуда нозик, хушчиройдан келган қиз ҳарбий бошлиққа қараб.
Янглишмадингиз, хоним.
Мен бу одамни олов ичидан қутқариб олиб чиқдим.
Раҳмат, бизнинг яна икки одамимиз бор эди… Нурил шонгвий гапининг охирини айтолмади. У қизнинг “уларни тополмадик” ёки “улар куйиб кетгандир” деб жавоб беришидан қўрққанди.
Сиз айтмоқчи бўлган у икки одам ҳам ҳаёт, деди қиз гуриллаб куяётган сой ичига қараб, биз бу одамларнинг олов ичида қолганлигини пайқаб, кутиб турган одамларимизнинг ёнига бормай, йўлимизни ўзгартириб бу ерга келдик.
Нурил шонгвий енгил нафас олиб сўради:
Улар ҳалиям кутиб турган бўлсалар керак.
Бу унчалик муҳим эмас, жаноби шонгвий. Лекин, сизларнинг бу ҳаракатингиз бизни уруш ҳолатига келтириб қўйиши мумкин.
Кечирасиз, хоним, бизда “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди” деган мақол бор. Сизлар неча ўн йилдан буён кўп марта шамол чиқариб, бизнинг кўзимизни очирмадинглар. Бизнинг бир марта мудофаа қилиш учун чиқарган шамолимиз сизларни уруш ҳолатига келтириб қўйган бўлса, бу ғоят адолатсизлик эмасми, хоним?
Қиз томоғини қириб қўйиб, шонгвийга лом-мим деёлмади.
Янглишмасам, сиз Замира хоним бўлсангиз керак, деди шонгвий унинг боя ўзининг исмини айтгандек талаффузига мос келтириб.
“Қизиқарли хабарлар” газетасининг мухбири бўламан, қизнинг совуқ чеҳрасига табассум югурди, афсуски, сиз бу газетани ёқтирмайсиз.
Усмон афанди бу гўзал қизни у Кўксой томонга ярим бурилиб қараган¬дагина таниганди. Бу қиз унинг уйига кирган, топшириқ дафтарларига қизиққан, сўнг “Семурғ” меҳмонхонасида учрашиб юрган қизнинг худди ўзгинаси эди. У гапиришга тамшанди, аммо шу пайт осмонда учиши, олов ичида қолганлиги тушида ҳам намоён бўлганлиги эсига келиб, қўрққанидан тили калимага келмай қолди.
Сиз менга бир нима демоқчимисиз? деди қиз унга бепарволик билан назар ташлаб.
Усмон афанди дудуқланиб қолди:
Йўқ-йўқ… ҳа, шундай… Кечиринг бекам… м-м, мен сизга раҳмат…
Малик билан учувчини қўлтиқлаб учиб келаётган “гулчи чол” кўринди. У ҳам Замирага ўхшаб шонгвийнинг олдида тўхтаб, қўлтиғидаги одамларни ерга турғазиб қўйди. Аммо у қаддини ростлаб олиб шонгвийга ўшқира кетди:
Бу яна қандай қабоҳатчилик, дарҳол профессорга айтинг, тўлқин тарқатишни тўхтатсин. Йўқса, ёнғин бу гўзал водийни култепага айлантириб, сўнг шаҳарга қараб ёйилади.
Нурил шонгвийнинг қарашларида истеҳзоли кулги ўйнай бошлади.
Кечирасиз, деди вазминлик билан, бошимиз устида ўзга кучлар бизнинг осойишталигимизга мана шундай таҳдид солиб турган бир вақтда мен бундай мардлик қилолмайман.
Шонгвийдан бу тарзда жавоб оламан, деб ўйламаган гулчи чолнинг ранги оқариб кетди:
Тентаклик қилманг, жаноб, табиатни бузиб уни издан чиқаришга ҳар икковимизнинг ҳам ҳаддимиз сиғмаслиги керак. Таҳдид соладиган нарса ўзининг борадиган жойига бориб бўлди. Жаноби профессорга тезда хабар беринг. Сизлар “Оловли шар” деб атаган нарса шу тўлқиннинг таъсиридан портлаб кетди. Ундан сочилган ёқилғи тўлқин таъсирида янада кучайиб, сизлар учун балою офатга айланади.
Мен бунга…
Биз олов ичида қолган уч одамингизни қутқариб, сизларга соғ-саломат топшириш, мана шу гўзал тоғ бағрини куйиб кетишдан огоҳлантириш учун йўлимиздан қайтдик. Шунинг ўзи сизга кифоя қилмайдими?
Шонгвий рация орқали профессорга аҳволни тушунтирди. Малик ва бошқа икки одамнинг соғ-саломат қайтиб келганлигини айтиб, уни хотиржам қилди.
Профессор қўшилган бўлса, деди гулчи чол сой ичидан тортиб то тоғ чўққиларигача кўтарилган ёнғиндан кўз узмай, энди ўт ўчириш гуруҳингизга хабар беринг, қанча тез келса шунча яхши. Ердан, осмондан бирйўла ишга киришсин.
Унинг таклифи ўринли эди. Шонгвий бу ишни ҳам бажариб бўлгандан кейин қизиқиб сўради:
Тушунолмадим, сизни бизнинг ишларимиз учун бунчалик жон куйдиради, деб ўйламаган эканман.
Гулчи чол унга михдай қадалиб туриб жавоб берди:
Биз ҳам сизлар каби Оллоҳ томонидан яратилган инсонлармиз. Оллоҳнинг қудрати билан бунёд этилган табиатни издан чиқариш, одамларга зиён-заҳмат етказиш кечириб бўлмайдиган жиноятдир.
У ҳолда уч одамимизни гаровга олганингларни қандай тушунмоқ керак?
Бу бир тадбир. Биз техника масаласида ўзимизга маълум бўлган ҳар қандай сайёранинг биздан устун туришини хоҳламаймиз. Шу орқали ҳаётимиз ва турмушимизнинг хавфсизлигини кафолатлай оламиз, у бирданига аччиқланиб кетди. Жаноби шонгвий, сиз шартга амал қилмадингиз, мен бундай бўлишини асло кутмагандим.
Сиз нимани назарда тутаяпсиз? Нурил шонгвийнинг қошлари чимрилди. У гулчи чолнинг сўзини яхши тушуниб етмаганди.
Шарт бўйича сизлар одамларни соғ-саломат олишинглар, биз ҳам дахлсиз ҳолда қайтиб кетишимиз керак эди. Биз ваъдамизни адо этиб, одамларингизни биз турган жойда қолдириб кетдик, сизлар эса бизни овора қилаяпсизлар…
Нурил шонгвий заҳархандалик билан деди:
Биз шарт бўйича иш тутдик. Сизлар лойиҳанинг асл нусхасини олдинглар, бу бизнинг ваъдамизда турганлигимиз эмасми? Энди, кейинги ишларга келсак, лойиҳа бизнинг қўлимиздаги вақтда, сизлар уни ўғирлаш учун жуда қўпол усулларни қўллашдан қайтмадинглар. Бизнинг бу қўриқхонамизни гарчи у ташландиқ бўлса-да, сизлар бутунлай портлатиб юбордингиз. У ерда яшайдиган жониворлар ҳам бутунлай йўқолиб кетди. Шу бир парча ерда энди узоқ йилларгача гиёҳ ҳам унмаслиги кундек аён. Бу экологик бузғунчилик эмасми? Сизлар 3-уйни портлатиб зиён келтирдинглар, мақсадга етолмагандан кейин тубан усулни қўлладинглар. Натижада, хотиржамлигимиз бузилди, тоғ, дов-дарахтларимиз куйди, одамларимизнинг ҳаёти ҳам хавф остида қолди. Сизлар шундай ишларни қилган бир вақтда биз қўлимиздан чиқиб кетаётган лойиҳани, яъни ўзимизнинг нарсамизни қутқариб қолиш мақсадида ҳаракат қилмай тек ўтиришимиз керакмиди? Биз ҳам ўз тадбиримизни қўлладик ва шундай қилишга ўзимизни ҳар жиҳатдан ҳақли деб ҳисоблаймиз, ҳурматли тақсир, Нурил шонгвий тилининг учига келиб қолган “гулчи чол” деган сўзни ютиб юборди. Унга бу ўзга сайёра одамини ундай аташ ноқулай туюларди.
Ўҳ-ҳў-ў, жаноби шонгвий, мен сизни ҳарбий одам, сўзга унчалик моҳир эмас, деб ўйлаган эканман. Сизга қойил қолдим. Ростини айтсам, сиз айтган нарсаларни чуқур ўйлаб кўрмаган эканман, у қандай тез аччиқланган бўлса, худди шундай тез жаҳлдан тушди. Сиз жаноби профессорга менинг табригимни, етказиб қўйинг. Ҳа, яна шу нарсани ҳам қўшиб қўйишни лозим топаманки, сизларнинг бу ғалабангларни тасодифий, вақтинчаликдир деб айтишга тўғри келади. Бизнинг бундай юксак техника билан шуғуллана¬ётганимизга неча ўн аср бўлиб қолган. Биз, барибир, сизлардан устунликка эгамиз.
Эҳтимол шундайдир. Баъзи кашфиётлар тасодифийликдан юзага келади. Бизнинг юқори даражали техника билан шуғулланаётганимизга бор-йўғи бир аср бўлиб қолди. Биз бу қисқа вақт ичида неча ўн асрлар мобайнида вояга етган деб қаралган қудратли кучни чекинтиролдик. Сизлар бу нуқтани яхши биласизлар. Шу боис лойиҳа сизлар қизиқадиган муаммо бўлиб қолди.
Гулчи чол шонгвийга анча вақтгача тикилиб турди. Унинг ифодасиз юзидан аччиқланганлигини ёки қойил қолганлигини англаб бўлмасди.
Саккиз-ўн чоғли учоқлар уларнинг боши узра гувиллаб учиб, ўтиб кетди. Олисдан ёнғинни ўчириш машиналарининг сигнали эшитилди. Нурил шонгвий сигнални эшитиб, Замира хонимга юзланди.
Замира хоним, деди у такаллуф билан, сиздан бир нарсани сўрасам бўлармикин?..
Марҳамат, Замира нозли бир ҳаракат билан қошларини чимирди, агар сизни рози қилолсам, ўзимни ғоят хурсанд билардим.
Бу ишларга алоқаси бўлмаган Усмон афандини танлаш сизга нега керак бўлиб қолди? Кечирасиз, агар бу танлашнинг нозик томонлари бўлса, жавоб бермаслигингиз ҳам мумкин.
Замира бошини орқароққа ташлаб чунонам қаҳқаҳа урдики, бу кулги овози етиб келган ўт ўчириш машиналарининг гувиллашлари ичида ҳам алоҳида жаранглаб эшитилди.
Менга унинг хаёлпарастлиги ёқиб қолди, – деди у кулгидан тўхтаб, сиз менинг кулгимни яна бошқача ўйлаб юрманг, шонгвий афандим. Ўзингиз кўз олдингизга бир келтириб кўринг, XXI асрда болаларга вазифа ишлатиб, топшириқ дафтарларини текшириб ўтириш сизга ҳузурли кўринмайдими? Мени қизиқтиргани, албатта, бу эмас. Биз дастлаб лойиҳани ўғирлаб чиқиб, “Илонли”га яшириб қўйган эдик. Одамларимиз лойиҳани у ердан тополмади. Лойиҳа шу ерда бўлса, уни тополмай қолишимиз мумкин эмас эди. Бизга лойиҳани биздан аввал бир одамнинг олиб кетганлиги маълум бўлди. Бу одам ким? Биз ҳар хил мулоҳазалардан кейин, уни текширдик, тадқиқот идорасидагилардан бири сезиб қолиб, изимиздан бориб лойиҳани топиб олиб қайтариб келган, деган хулосага келдик. Мен ўша кунларда “Сирли сигнал” деган ҳикояни ўқиб қолдим. Ундаги воқеа бошқаларга фантастик туйғу берса, биз учун ҳаққоний иш эди. “Илонли” воқеасини ўз кўзи билан кўргандек жуда аниқ-тиниқ ёзган бу муаллиф менда, “эҳтимол бу одам шу ишларни билса керак”, деган шубҳа пайдо қилди. У одам билан танишиб қўйишни кўнглимга тугиб қўйдим. Иккинчи мартадаги ҳаракатимиз фойдали бўлди. Мен Усмон афанди билан танишиб, лойиҳани олиб кетган бола профессорнинг ўғли Малик эканлигини билдим. Шундан кейин бизнинг гаровга олиш режамиз шаклланди. Усмон афанди бизга Маликни етказиб беришда ғоят яхши хизмат қилди.
Шонгвий, бу тўғри жавобга фақат “раҳмат” деган бир оғиз сўзни айтиш билангина чекланди.
Бизни нима қилмоқчисиз, жаноби шонгвий? деб тўсатдан сўраб қолди гулчи чол. Қамоққа олмоқчимисиз? Биз ҳукуматингизнинг ҳар қандай жазосини розилик билан қабул қиламиз.
Нурил шонгвий уларни нима қилиш кераклиги ҳақида ҳали ўйлаб кўрмаганди. Гулчи чолнинг “… қамоққа олмоқчимисиз?” деган сўзига яширинган таъна унинг ғурурига тегди. Унда бирданига ғолибларга хос мағрурлик, мағлубни писанд этмайдиган такаббурлик пайдо қилди.
Бизнинг қамаш ниятимиз йўқ, деди у кескинлик билан, сизлар охирги дақиқаларда одамларимизни қайтариб бериб тўғри иш қилдинглар. Биз бундай ишни қадрлаймиз. Сизлар ҳозирдан бошлаб ўзларингизни эркин ҳис қилаверишингиз мумкин. Шаҳарга қайтмоқчи бўлсангиз етказиб қўямиз. Бошқа ҳожатларингиз бўлса ҳам қўлимиздан келганча ёрдамлашамиз. Биз сизлар билан дўстона муносабатда бўлишни истаймиз.
Гулчи чолнинг чиройи бир ўзгариб аслига келди.
Ҳимматингиз учун раҳмат, деди у ғудурлагандай бўшгина, ёрдам керак эмас, ўзимиз амалини қила оламиз.
Машинада кетаётган шонгвий ўзининг охирги қароридан асло афсусланмади. Шонгвий уларга озодлик бериб, ҳар қандай мустаҳкам қамоқдан ҳам бемалол чиқиб кета оладиган сеҳрли кучини намойиш қилиш имкониятидан маҳрум қилди. У бу тасаввурни гулчи чолнинг бир зумга ўзгарган рангидан билиб олган эди.
Шонгвий хурсанд эди. Лойиҳанинг асл нусхаси “оловли шар” да куйиб кетди. Улар лойиҳага эга бўлолмадилар. Профессор эртага “Халқаро илм-фан уюшмаси”да ўз кашфиётини ҳамда унинг қудратли кучини бутун оламга тантана билан эълон эта олади. Профессорга энди кашфиётнинг куйдириш хусусиятини бошқатдан тадқиқ этишга тўғри келарди. Мана шу мавзуда келгусида одамлар учун яна бир “мўъжиза” нинг майдонга чиқишини умид қилиш мумкин эди. Нурил шонгвийга шуларни ўйлаш ва кўз олдига келтириш ҳузур бағишларди. Унинг хаёли ўзи қилаётган ишга кўчганда, кулимсираб турган чеҳраси ўзгариб, туташ қошлари чимирилди. У ўзининг ўзга сайёра одамларининг ҳаракатини кузатишда тилга олгудек бирор иш қилолмаганлигини яхши тушунарди. У фақат таваккал қилишга журъат қила олди. Бу худди талай синовларда бир сўмлик лоторея билетини олиб, кутилмаганда машинага эга бўлиб қолгандек бир иш эди. Нурил шонгвий кўп синовларни ёқтирмасди. Ўзга сайёра одамларидек бундай кучли рақибга қарши туришда ақл-фаросатга, энг юқори техникага таяниш ишончли эди.
У профессорни эслаб мамнуният билан кулимсиради. “Ана шундай олимларимиз кўпроқ бўлса, биз ўзимизни дунёда ҳам, самовий олам бўшлиғида ҳам бехатар ҳис қилган бўлардик”, деб ўйларди у. Шундай, инсоннинг хавф-хатар ичида яшаётганлиги айни ҳақиқат эди. Одамлар ўзларига ғойибдан келадиган таҳдиддан сақланиш учун ҳали яна кўп ишларни қилишга тўғри келарди. Бу Нурил шонгвийнинг бир ҳафтага етмаган вақт ичида бошидан кечирган воқеалардан чиқарган хулосаси эди.
Уйғур тилидан Ҳабибулла Зайниддин таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 3-сон