Румер Годен. Гулбадан (парча)

Таниқли инглиз адибаси Маргарет Румер Годеннинг номи (1907 — 1998) тарих ва адабиёт ихлосмандларига яхши таниш. Шоира, журналист, бир неча тарихий асарлар муаллифи сифатида у Буюк Британия ва Ҳиндистон адабий жамоатчилиги орасида ҳам ном қозонган. Муаллифнинг турли мавзудаги олтмишдан ортиқ китоблари нашр этилган.
Маргаретнинг отаси Артур Лейх Годен йигирманчи аср бошида Калкуттада жойлашган кемачилик компаниясида ишлайди. Бўлғуси адибанинг болалик чоғлари, аниқроғи, ўн икки йиллик ёшлик даври мафтункор, ривоят ва афсоналар ўлкаси бўлмиш Ҳиндистонда кечади. Маргарет ёшлигидан бу ўлкага чин дилдан меҳр қўяди. 1920 йили Годенлар оиласи Англияга қайтиб кетади, аммо Маргаретнинг Ҳиндистонга қизиқиши давом этиб, бу ерга тез-тез келиб туради. 1929 йили Калкуттада байналмилал рақс мактабини ташкил этади, айни шу пайтдан бошлаб ўзининг дастлабки асарларини яратишга киришади.
М.Р.Годен қаламига мансуб “Хитой жумбоғи”, “Хоним ва ҳукмдор”, “Қора наргис”, “Дарё”, “Ҳинд қуёши остидаги икки киши”, “Шиванинг кабутари”, “Қора тулпор” каби асарлар муаллифга катта шуҳрат келтиради, уларнинг аксарияти асосида бадиий филмлар суратга олинган.
Бугун биз эътиборингизга ҳавола этаётган “Гулбадан” асари 1980 йили яратилган бўлиб, унда буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг зийрак ва оқила қизи, ноёб ақл-заковат соҳибаси, темурий малика, муаррих Гулбадан бегимнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар муаллиф томонидан қизиқарли илмий-публицистик йўсинда ҳикоя қилинади.
Муаллиф Ҳиндистонда уч ярим асрдан зиёд вақт ҳукм сурган бобурийлар салтанатининг ёрқин намояндаларидан бири бўлган Гулбадан бегим шахсиятини ўша даврнинг мураккаб ва долғали тарихий воқеалари, тожу тахт курашлари, инсон руҳининг поёнсиз ғалаёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда, ўзига хос талқин ва маҳорат билан акс эттиради.
Мазкур ноёб асар Бобур халқаро фондининг раиси, маърифатпарвар олим Зокиржон Машрабов бошлиқ илмий экспедиция сафарлари давомида хорижий мамлакатларнинг бирида қўлга киритилиб, юртимизга олиб келинди ва у кишининг ташаббуси, саъй-ҳаракатлари билан инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилинди. “ШАРҚ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятининг китобхонлар учун навбатдаги бу ажойиб совғасини (Бундан бир мунча аввал Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ғазаллари, рубоий, туюқ, қитъа, маснавий ва фардларидан жамланган “Сочининг савдоси тушди” сарлавҳали тўплам мухлислар қўлига бориб етган эди) ўз она тилимизда ўқир эканмиз, таржимон Холида Сўфиева уни ўзбек тилига ўгиришда жуда катта меҳнат қилганлиги, имкон қадар муаллиф услубини сақлашга, айни вақтда асарнинг ўзбек китобхони учун ҳар томонлама тушунарли ва манзур бўлишига ҳаракат қилганлигини сезамиз.
Умид қиламизки, ушбу тарихий рисола бобурийлар сулоласи, хусусан, унинг беназир фазилатларга эга бўлган ажойиб вакиласи Гулбадан бегим ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимизни янада бойитишга хизмат қилади.
Қуйида мазкур асарнинг шоҳ Бобурга бағишланган боби билан танишасиз.

БОБУРШОҲ

Темурийзода аммабегимларининг Ҳиндистонга келиб кетганидан Бобур шундай хулоса чиқарди: демак, аёлларнинг бу ўлкага сафар қилишлари ва эсон-омон етиб келишлари мумкин экан. Бундан ташқари, у ўз уйини, оила аъзолари ва қадрдонларини ҳам соғинган эди. Бу ҳақда у шундай деб ёзади:
“Бу фурсатта бир қовун келтуриб эдилар, кесиб егач, ғариб таъсир қилди. Тамом йиғлаб эдим, Кобулнинг номарбутлиғини битилиб эди…”
Шундан сўнг у юқорида зикр этилганидек, фармони олий берди: “Яна бу хат етгач-ўқ, эгачимни ва ҳарамларни бат чиқариб, Нилобқача бадрақа бўлиб келинг. Керакким, ушбу хат етқач, ўшул ҳафтада ҳар неча кеч қолсалар, албатта чиқсунлар. Не учунким, Ҳиндистондин борғон черик тор ерда танқислик ҳам тортарлар, вилоят ҳам хароб бўлур”.
Бобур иродаси мустаҳкам, қатъиятли шахс бўлиб, ўз олдига бир мақсад қўйса, уни рўёбга чиқармай қўймас эди. Гарчанд у шоҳ бўлса-да, умри мудом сафар ва юришларда ўтарди. Бу юришлар давомида у бир жойдан иккинчи жойга осонлик билан кўчар эди. Унинг сафардаги асосий юки чодирлар бўлиб, улар қисқа муддат ичида моҳирлик билан ўрнатилиб, зарур бўлганда осонгина йиғиштириб олинарди. Қўшин ўзи билан олиб юрадиган жиҳозлар асосан гиламлар, лўла болишлар, чивин ва пашшаларни ҳайдаш учун ишлатиладиган хушбўй гиёҳлар тутатиладиган махсус мосламалар, китоб мутолааси учун лавҳлар ва идиш-товоқлардан иборат бўларди.
Ҳукмдор сифатидаги юришларда у аслзода шаҳзодалар сингари ўзининг нуфузи ва мавқеини ифодаловчи рамзлар: алвон рангли соябонлар, байроқлар, қўтос думидан қилинган ҳарбий туғлар олиб юрарди. Кўпгина миниатюра расмларда у ана шундай туғ остида тасвирланган. Бобур бошқа зодагонлардан ўзининг камтарлиги билан ажралиб турарди. Юришлар қанчалик оғир ва узоқ бўлмасин, бир неча ноёб китоблар ҳамиша унинг ҳамроҳи эди. У айниқса, жанговар отлар, бақувват ва чидамли туялар, қурол аслаҳа ва совутларни жуда эҳтиётлаб асрарди.
Лашкарни бир-икки соат ичида тўплаб, юришга шай қилиш мумкин эди, лекин ҳарам аҳли учун бунга деярли бир ҳафта вақт кетарди. Хотин-халажларнинг кийимлари учун мўлжалланган сандиқларсиз уларни жойидан қўзғатиб бўлмасди. Никоҳ сарполари солинган сандиқларни икки киши таёққа осиб кўтариб юришганини Ҳиндистонда ҳозир ҳам кўриш мумкин.
Аёллар кўрпа-ёстиқлар, лўла болишлар, гилам ва пардалар, чорпоялару хонтахталар, ошхона жиҳозлари — қозон-товоқ, косаю пиёлалар, патнислар, мусиқа асбоблари, болалар ўйинчоқларидан тортиб мактаб учун зарур бўлган ёзув-чизув жиҳозларигача — ҳамма ҳаммасини ўзлари билан олиб юрардилар. Қафасларда ўргатилган қушлар ва турли ҳайвонлар, бунинг устига, ҳар бири ўз юкини орқалаб олган юзлаб оқсоч ва канизаклар ҳам улардан қолмасликлари керак эди.
От ва туяларга кажавалар ўрнатилиши, бегимлар учун тахтиравонлар ҳам ҳозирланиши керак эди. Булардан кўриниб турибдики, соҳиби тахтнинг “хат етгач, ўшул ҳафтада” йўлга отланилсин, деган фармонини амалга ошириш амри маҳол эди. Шу боис бўлса керак, малика Моҳим бегим бошқалардан аввалроқ йўлга чиқиб, айтилган муддатда манзилга етиб келган эди.
Бобурнинг тўнғич ўғли шаҳзода Ҳумоюн мирзо ва Комрон мирзоға Бадахшон ва Кобулда қолиб салтанатнинг шимолий ҳудудларини бошқариш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш вазифаси топширилган эди.
Бобур Бадахшонда турган Ҳумоюн мирзога хат йўллаб, унга исён хавфидан огоҳ бўлишни, ғофил қолмасликни уқтирди. Кобулда қолган Комрон мирзога эса ўзининг аслзодалик мавқеига мос келадиган ишлар билан шуғулланишни насиҳат қилди. Комрон ўша йиллардаёқ қилдан қийиқ ахтариб, турли жанжаллар чиқариб туришга мойил эди. Аскарий мирзо бу пайтда отасининг буйруғига биноан ўз лашкари билан Бенгалияда эди. Ҳиндол мирзога эса ҳарамни Кобулдан Аграга кўчириб келиш тайинланган эди. Гарчанд Ҳумоюнни ғоят ардоқласа-да, Бобур тўртинчи ўғли Ҳиндолга ҳам алоҳида меҳр билан қарарди.
У яқиндагина Ҳумоюн билан Комроннинг никоҳ тўйларига “ўн минглаб тўёналар” тортиқ қилган, Аскарийга ноёб тулпорлар, қурол-аслаҳа, олтин ханжар ва совут юборган эди. Ҳиндолга эса, унинг ўзи каби шоир бўлишини орзу қилиб, қимматбаҳо тошлар қадалган давот — сиёҳдон, йирик дуру гавҳар билан безатилган курси ва алифбо, шунингдек, ўзининг хос буюмларидан сопига ёқут қадалган ханжар, камар ва бир нимчасини совға қилди. Лекин Бобурнинг ҳам, Гулбаданнинг ҳам хотираларида подшоҳнинг бу жажжи қизалоққа бирон нарса ҳадя этгани ҳақида сўз юритилмайди. Бу қизча отасидан бирон ҳадя кутмаган бўлса ҳам эҳтимол. Чунки унинг учун бировларга эргашиб бўлса ҳам подшоҳ отасининг ҳузурига кириш ва унинг дийдорига муяссар бўлиш ҳар қандай ҳадядан аъло кўринар эди. Шу боис бўлса керак, падари бузруквори ҳузурига бу юриш унга худди ҳаж сафаридек муқаддас ва ҳаяжонли туюларди. Негадир Гулбадан ўзининг ҳаж сафари ҳақида хотираномасининг ниҳоясидагина жуда қисқа хабар беради.
Шу тариқа малика Моҳим бегим январ ойида Ҳиндистон сари йўлга чиқди. Сафар йўли Кобулнинг баланд қоялар устига жойлашган кўплаб катта-кичик қишлоқлари орқали ўтиши лозим эди. Бу қишлоқлар қалин пахса деворлар билан ўралган бўлиб, уларни оралаб юриш маҳол эди. Йўлнинг қалин қор ва музликлар билан қоплангани йўл азобини янада кучайтирарди. Онда-сонда дарёнинг кичик кўлчаларга қуйиладиган жойларидан кесиб ўтишга тўғри келарди. Ҳойнаҳой, ёз ойларида бу кўллар сувга тўлиб, кўм-кўк манзара ҳосил қилса керак. Бутун сафар давомида Ҳиндикуш тоғининг қалин қор билан қопланган тизмалари карвон кўз олдида ястаниб ётганини тасаввур қилиш қийин эмас. Агар карвон Жалолобод орқали юрганда эди, сайёҳлар яйдоқ қир-адирлар оша ям-яшил майсалар билан қопланган воҳа орқали Ҳайбар довонининг юксак қоялар ва ўтиб бўлмас тик жарликлари бўйлаб юрган бўлардилар. Бу ерларда маҳаллий қароқчиларнинг ногаҳоний ҳужумларига ҳам дуч келиш мумкин эди. Айнан мана шу жой, янги ерга, янги иқлимга йўл очадиган дарвоза бўлиб, сафардаги аёллар уфқда кўкимтир товланиб кўзга ташланадиган бепоён текисликларни илғаган бўлишлари керак.
Моҳим бегим иккита, баъзан эса тўртта от устига ўрнатиладиган кажавада, баъзан эса маҳофада йўл босарди. Йўл текисроқ бўлган жойлардан ўтишда маҳофани кўтариб юрувчи хизматкорлар тезроқ ҳаракат қилардилар. Нима бўлганда ҳам карвон жуда секинлик билан илгариларди. Баъзан эса ўн қадамча бўлган қуруқликдаги масофани аёллар учун хавфли бўлгани боис, эркаклар Кобул дарёси орқали солларда бир неча соат давомида босиб ўтардилар. Шуниси кишини ҳайратга соладики, ўша пайтларда кўпчилик аёллар сингари Моҳим бегим ҳам сузишни биларди.
Канизаклар ва чўрилар учун махсус кажава ёки маҳофалар бўлса ҳам, уларнинг кўпчилиги отда юрарди. Баъзан жажжи Гулбадан Моҳим бегимнинг кажавасидан чиқиб, хизматкор аёл, қул ёки бирон навкарнинг эгарига мингашиб сайр қилган бўлиши ҳам керак. Махсус соқчи навкарлар, албатта, карвонни қўриқлаб бориши шарт эди.
Гулбаданнинг асосий вазифаси турли латифалар, қизиқ ҳангомалар билан Моҳим бегимнинг ўкинч тўла кўнглини қайғудан бир оз чалғитиш эди. Чунки Бобур Ҳиндистон сари юришга кетган 1525 йилда муддатидан илгарироқ, шаҳзода Фаррух мирзо дунёга келган эди. Чақалоқ нозик бўлганидан икки ёшга етмай дунёдан кўз юмади. Моҳим бегим уни подшоҳ отасига кўрсатиш иштиёқи билан ёниб турган бир пайтда ана шу кўнгилсиз ҳодиса юз беради. Шу боис Моҳим бегим куюниб, юрак-бағри эзиларди. Гулбаданнинг юмуши эса, одатдагидек, таскин-тасалли бериб унинг кўнглини кўтаришдан иборат эди. Бу эса, табиийки, осон иш эмасди.
Эҳтимол, садоқатли Сарвқад ўз қўшиқлари билан уларнинг дилларини бир оз ғамдан холи қилгандир. Эҳтимол, навкарлар ҳам юришларда айтиладиган зафарона қўшиқларини куйлашгандир. Нима бўлганда ҳам, карвон гоҳ тўхтаб, гоҳ юриб аста-секинлик билан кундан-кун илгари қадам ташларди. Кундузи йўл юриб, тунлари Бобур чопарлар ва карвонлар учун махсус қурдирган карвонсаройларда дам олинарди. Бу манзилларда от-улов учун бошпана, ем-хашак, қудуқ ва чайлалар мавжуд эди.
Кечалари карвоннинг шовқин-сурони атрофга таралади: отлар туёғининг дупури, қафасдаги паррандаларнинг дон-дун талашиб қағиллашлари, қўриқчи итларнинг вовуллашлари, карвон жойидан қўзғалгандан кейин ташлаб кетилган овқат қолдиқларини талашиб еяётган чиябўриларнинг увиллашлари узоқдан қулоққа чалиниб турарди. Шунингдек, уйқудаги ҳарам аҳлига халақит бермаслик учун паст овозда гапираётган эркаклар ва соқчиларнинг овозлари ҳам эшитилиб туради. Ҳавода эса оловга ташланган тезак ҳиди анқийди, қозонларда пиширилаётган овқат ҳиди димоққа урилади.
Эҳтимол, Гулбадан кечалари ҳеч кимга сездирмасдан ташқарига чиқиб, Ҳиндистоннинг юлдузларга тўла улкан осмонига тикилиб-тикилиб ўтирган бўлса ажаб эмас. Ҳар куни от устидаги чайқалишу силкинишлардан у ҳам, шубҳасиз, қаттиқ толиқади. Карвон пасттекислик жойларга етганда ҳаво янада мусаффо тус олиб, кишига ҳузур бағишлайди. Шимолий Ҳиндистонда феврал ойида ҳаво ҳануз совуқ, аммо кундузлари илиқ бўлади. Ҳинд дарёсидан карвон қандай ўтганини ҳеч ким билмайди. Дарёнинг нариги қирғоғига, эҳтимол, солларда сузиб ўтишган бўлишлари мумкин.
Карвон ҳозирги пайтда Мўлтон ва Панжоб номи билан аталадиган тупроғи унумдор ҳудудга кириб келаётган эди. Моҳим бегим ва ҳамроҳлари оралаб ўтадиган бу ердаги қишлоқлар ва шаҳарлар атрофи эндигина униб чиққан ғаллазорлар, гуллаётган бодомзор ва мевазорлар билан ўралган. Ҳар куни янги, ғаройиб бир ҳодисага дуч келардилар. Булар ҳақида Гулбадан ҳеч нарса ёзмаган бўлса ҳам, кундан-кун унинг нигоҳи қаршисида одамни лол қолдирадиган янги-янги гўзал манзаралар очиларди.
Афғон юртида у омоч қўшиб ҳайдаш учун ишлатиладиган тарғил ҳўкизларни кўришга одатланиб қолган эди. Бу ерда эса асосан сув чиқариш мақсадида ишлатиладиган, шохлари афғон ҳўкизларининг шохидан ҳажман уч марта йирикроқ бўлган қўтосларни учратди. Маймунлар, улар умрида кўрмаган турли қушлар, дарахт шохида ўтирган ажойиб товуслар карвон аҳлини ҳайратга соларди. У палма дарахтларини, кокос ёнғоғи ва хурмо дарахтини, шакарқамиш, нон ва папайя дарахтларини, ёнғоқларнинг бител ва арека деб аталган турларини, банан ва хурмонинг бошқача турларини ҳам учратди. Қизиқ, илгари у ҳеч банан татиб кўрганмикан?
Кечалари чор-атрофдан бузоқбоши, чигиртка ва бошқа ҳашаротларнинг чириллаши, шунингдек, пашшаларнинг ғувиллаши эшитилиб туради. Ўзлари билан бирга пашшахоналарини олиб келган аёллар хотиржам ухлайдилар. Бунинг устига, чорпоялар остига ҳашаротларни ҳайдайдиган ҳид таратувчи турли ўсимликлар шохлари тутатиладиган кулдонлар қўйилади. Баҳор ойларида ҳиндларнинг уйларидан ёки ёзги қароргоҳларидан ана шундай ҳид уфуриб туради.
Сафар тафсилотларини Моҳим бегимнинг Бобурга юборган хатидан билиб олса бўлади. Чопарлар тезкорлик билан ҳаракат қилсалар ҳам бу хатни эгасига етказиш учун бир ой, балки бундан ҳам кўпроқ вақт зарур бўлгандир.
Апрел ойининг биринчи кунида Бобур Моҳим бегимнинг Ҳинд дарёсига етиб келгани ва унинг навкарлар сардори томонидан кутиб олингани ҳақида хабар олди. Карвон манзилга яқинлашган сари ҳар сафар тўхтаган жойда унинг уч-тўрт кун қолиб кетишига тўғри келарди. Чунки кажава ва маҳофаларни кўтариб юрувчи хизматкорлар ҳам, отлар ва юк ортилган жониворлар ҳам тез орада ҳолдан тойиб қолар эди. Олға юрган сари одамларнинг юзига иссиқ ҳаво тафти уриларди, баъзан кўтариладиган тўфондан кўз очиб бўлмасди, кийим-кечак ва сочлар орасига чанг ўтирар, одамлар ва отлардан аччиқ тер ҳиди анқиб турардики, Моҳим бегимнинг атир-упалари ҳам бу ҳиддан фориғ бўлиш имконини бера олмасди. Малика ўтирган маҳофа атрофи пардалар билан маҳкам ўралгани боис унинг ичи дим ва нафас олиш маҳол эди.
Ниҳоят, июн ойининг 27-кунида карвон Аграга яқинлашиб қолди ва ана шу кундан эътиборан Гулбадан сафар тафсилотларини шундай деб давом эттиради: “Онам ҳазратлари Кўл (ҳозирги Алигарҳ) шаҳрига етиб келганларида подшоҳ бобом уч отлиқ киши билан иккита кажава юборибдилар. Биз дарҳол Агра томон йўл олдик. Подшоҳ ҳазратлари бизни Кўли Жаломийда кутиб олиш ниятида эканлар. Лекин аср намози пайтида бир киши келиб: “Бегимни икки курух нарида кўрдим”, дебди. Подшоҳ бобом ҳатто отини эгарлашларига ҳам тоқат қилмай, пиёда йўлга чиқиб, келиб онам ҳазратларини кутиб олдилар. Онам отдан тушмоқчи бўлдилар-у, лекин бобом қўймасдан ўзлари онамнинг отлари жиловидан тутиб, ўз уйларига етгунга қадар пиёда келдилар”.
“У киши ортиқча кутиб тура олмасдилар”. Афтидан, Бобурнинг Моҳим бегимга бўлган муҳаббати чексиз эди. Шу боис бўлса керак, учрашувнинг илк дамларида Гулбадан билан кўришишга ошиқмадилар. Ярим кечагача қизалоқ карвон тўхтаган қароргоҳда қолиб кетди. “Онам подшоҳ бобомнинг ҳузурига кетаётганларида, менга “Кундузи келиб, ҳазрат билан кўришгин”, деб тайинладилар”.
Гулбадан ўшанда шоҳ сулоласига мансуб аслзода бўлиш нима эканлигини илк бора ҳис қилган бўлса керак. Унинг ихтиёрига “… тўққизта туя, икки тўққиз от, иккита қўшимча кажава” юборилган эди. Бир маҳофани Кобулдан олиб келган эдилар. Умуман, онамнинг юзга яқин мўғул хизматкорлари кўп зеб-зийнатлар билан безатилган чопқир отлар минган ҳолда келдилар.
Подшоҳ бобомнинг вазири (халифа) ўз хотинлари билан бирга Навчирон деган жойда менга пешвоз чиқдилар. Мен маҳофада ўтирар эдим. Энагаларим мени кичик бир боққа туширдилар. Бир гиламни ерга ёзиб, мени гиламга ўтқаздилар. Бобонг ўзининг халифаси билан келганда, ўрнингдан туриб кўришгин, деб тайинладилар. Бобомнинг халифаси келиши биланоқ, ўрнимдан туриб кўришдим…
Бобомнинг халифаси менга ҳар бири ярим рупий қийматга эга бўлган беш минг шоҳруҳий пул ва бешта от ҳадя қилди. У кишининг хотинлари Султоним эса, уч минг шоҳруҳий ва учта от бериб, нонушта тайёр, агар овқатлансангиз, биз бандалар жуда мамнун бўлар эдик, деди. Бу таклифни қабул қилдим”. Бу вазиятда Гулбадан таклифни албатта қабул қилиши шарт эди. Акс ҳолда ўртада ноқулай вазият юзага келиши мумкин эди.
“Бир яхши жойда катта супа қилинган ва бир неча чодирлар ўрнатилган бўлиб, улардан биттасининг устки қисми майин қизил мовутдан бўлиб, ички қисми Гужарот зарбофи билан қопланган эди. Яна соябон шаклидаги олтита чодир ўрнатилган бўлиб, улар ҳам майин мовут ёки зарбофдан қилинган эди. Уларнинг ҳар бири турли рангга бўялган эди. Бошқа тўрт устунлик шоҳона чодирлар ҳам майин мовутдан тикилган бўлиб, уларнинг устунлари ҳар хил рангда эди”.
“Нонушта” деганлари нонушта эмас, балки кўпроқ зиёфатга ўхшарди. Элликка яқин қўй сўйилиб, қовурдоқ пиширилган эди. Нон ва турфа хил мевалар, шираворлар ва шарбатлар мўл-кўл эди.
Бундай зиёфатларда тухум дўлмани товуқ, ғоз ёки қирғовул қорнига сўнгра уни сўйилган қуён қорнига тиқиб, ер ўчоқда димлаб пишириларди. Сўнгра бутун бошли қўй бутунича пиёз, бодом, писта ва майиз аралаштириб тайёрланган зирвак билан улкан лаганларда дастурхонга тортилган. Унинг ёнига мўғулий девзира гуручи, қўйнинг калласи, пишлоқ ва заъфарон қўшиб тортилган.
Шоҳона патирлар энг олий нав ундан хамиртуруш, сут ва бир оз шакар қўшиб ёпилган. Зиёфат охирида хонтахта ёки гилам устига ёзилган дастурхонларга патнисларда пўчоғи арчилиб, тозалаб, тиликланган ёки устига шакар сепилган апельсин, ўрик, ёнғоқ каби мевалар тортилган. Эҳтимол, Гулбадан мангодан ҳам тотиб кўрган бўлиши мумкин, чунки ўша пайтда айни манго пишган пайт эди.
Жажжи малика бундай дабдабали дастурхон устида одоб юзасидан қаддини ростлаб, тик ўтириши лозим эди. Фақат ўғил болалар ва эркакларгагина лўлаболишларга суяниб ўтиришга изн берилган эди. Шуниси қизиқки, ўтган тунда Гулбадан мижжа қоқмай тонг оттирди. Шу боис уни уйқу тортиб, боши қуйи эгилгудай бўлса, шоҳона елпиғичларда унинг пашшасини ҳайдаб ўтирган канизаклар ёки энагаларидан бири астагина туртиб, ўзига келтириб қўярди.
“Ниҳоят, овқатланиб бўлгач, — дея ўша узоқ давом этган зиёфатни олтмиш йилдан сўнг эслаб ҳикоя қилади Гулбадан, — мен маҳофага ўтириб, ҳазрат подшоҳ бобом ҳузурига бориб кўришдим ва ўзимни унинг пойига ташладим”. Бу буюк ҳайрат онлари эди. Қизалоқ учун бу нотаниш ота нафақат қаҳрамон, балки подшоҳ, шаҳаншоҳ, ҳадиси шарифларда айтилганидек, “Аллоҳнинг ердаги сояси” эди.
“Мен ўзимни унинг пойига ташладим…” деб ёзади Гулбадан. Лекин отаси Бобур табиатан дилбар шахс бўлгани сабабли, аёллар ва болаларга нисбатан ҳамиша саховат ва мулойимлик билан муомала қиларди. “Ҳазрат кўп ҳолу аҳвол сўрадилар”, — деб давом этади Гулбадан. Қизалоқ қалбидаги ҳадиксираш ва тортиниш туйғулари аста-секин чекина боради.
Бобур ҳам ўз навбатида ғойибдан пайдо бўлиб қолган ва ўзининг оқила ва мафтункорлиги билан уни ҳайратга солаётган бу қизчага мафтун бўлиб қолган эди. “Ул ҳазрат анчагача мени бағрига босиб, тиззаларида олиб ўтирдилар ва мен ҳақир шу онларда ўзимни шунчалик бахтли ҳис қилдимки, буни тасаввур этиш қийин”.

* * *

Бобур ўз хотираларида Аграни “бесафо ва хароб ер” деб таърифлайди. Ҳақиқатан ҳам, Жамна дарёсидан эсадиган шабадага юз тутиб турадиган бу шаҳарни Қизил қалъа ва Тож Маҳал мақбараларисиз шаҳар сифатида кўз олдимизга келтириб бўлмайди. Ана шу бинолар Аграни бутун дунёга машҳур қилган. Бобур бу ерга келганда Марварид масжиди ёки Жасмин минораси ҳали қурилмаган бўлса-да, ўзининг гўзалликка, аслзодаларга хос турмуш тарзига ва, албатта, сувга бўлган иштиёқи туфайли Бобур бу ерларга ободончилик уруғларини қадаган эди. “Аграга келгандин бир неча кундин сўнг, — деб ёзади у “Бобурнома”да, — ушбу маслаҳатқа Жун суйидан ўтуб, боғ ерларини маслаҳат қилдук. Андоқ бесафо ва хароб ерлар эдиким, юз жароҳат ва нохушлиғ била андин убур эттук. Бу ернинг макруҳлиғи ва нохушли ғидин чорбоғ хаёли хотирдин чиқди. Мундин ўзга мундоқ ёвуқ ер Аграда чун йўқ эди. Неча кундин сўнг зарур бўлиб, бу ерга-ўқ илик қўюлди”.
“Аграда сув бўйига иморатлар бино қилишни буюрдилар. Тошдан ясалган бу иморатни — ўзларининг хилватхоналарини ҳарам ва боғ ўртасига солишни буюрдилар, — деб давом этади Гулбадан. — Бу бинонинг ўртасига ҳовуз ва бино атрофидаги тўрт бурчагига ҳужралар қилинди, дарё қирғоғига бир шийпон солинди”.
Бобур Аградан жануброқда жойлашган Секри ва Дўлпур шаҳарларида ҳам боғлар барпо этишга фармон берган эди. Уларни Моҳим бегимга фахрланиб кўрсатди.
“Аграга келганимиздан кейин уч ой ўтгач, подшоҳ ҳазратлари Дўлпурга кетди. Ҳазрат Моҳим бегим билан мен ҳам сайр қилиш мақсадида Дўлпурга жўнадик. Дўлпурда бир бутун харсанг тошни ўйиб, мўъжаз бир ҳовуз ясалган эди. … ҳовуз қачон тайёр бўлса, уни шароб билан тўлдираман, дер эдилар. Рона Санга билан бўлган жанг олдидан шароб ичишдан тавба қилганликлари сабабли, ҳовузни нуқул лимон шарбати билан тўлдирардилар”. Шарбат тўла тошҳовуз қизалоқ учун ҳам ажойиб туюлган бўлиши табиий.
Бу сурурли кунлар ҳарамнинг қолган қисми етиб келгунча Моҳим бегим билан Гулбаданнинг подшоҳ ҳазратлари ҳузурида ором билан ўтказган фарахбахш ва ғанимат дамлари бўлган эди. Афсуски, Гулбадан шахсан ўзи ҳақида жуда кам ёзган, ёзганлари ҳам кўпроқ шу кунларга тааллуқлидир. Айнан ана шу кунларнинг бирида Гулбаданнинг бир қўли қаттиқ лат еган эди.
Секри шаҳрида бунёд этилган боғда Бобур яна бир шийпон ва унинг устига пашшадан сақланиш учун товурхона (товур — тўр дегани — тарж.) қурдиради. Бобур бир куни бу боғда Қуръон ўқиб ўтирар экан, Моҳим бегим билан Гулбадан, уларнинг жориялари ҳамда подшоҳнинг тўртинчи хотини Биби Муборака бегим ҳам ўша боғнинг этак қисмида дам олаётган эдилар. Биби Муборака Кобулдан Моҳимбегим ва Гулбадан билан бирга келган бўлиши ҳам мумкин. Лекин унинг номи ҳеч қаерда тилга олинмаган. Эҳтимол, у энг кичик суюкли малика бўлгани ва ҳали фарзанд кўрмагани боис, Бобурнинг сафарларида, ҳатто жангга отланганида ҳам унга ҳамроҳлик қилиб юрган бўлиши мумкин. Унинг Бобурдан бошқа суянадиган бирон яқин кишиси йўқ эди, қолаверса, у сафар қийинчиликларига бардошли аёл эди. Аслида, бир оз дағалроқ бўлиб, Гулбаданнинг қўлини чиқариб қўйган ҳам у эди. “Мен ва Афғоний оғача (Биби Муборака) охирги эшик олдида ўтирган эдик, онам намоз ўқимоқ учун туриб кетган эдилар. Мен Афғоний оғачага “Қўлимдан тортинг”, дедим. Афғоний оғача қўлимдан тортган эди, қўлим чиқиб кетди, оғриққа чидолмай йиғлай бошладим”.
Юз берган кўнгилсиз воқеани тасаввур қилиш мумкин. Биринчи галда Биби Мубораканинг ўзи учун жуда ноқулай вазият юзага келган эди. Чунки у билан кичик малика ўртасида бир-бирига нисбатан ҳақиқатан ҳам кучли мойиллик бор эди.
Гулбаданнинг қўли чиғаноғидан чиқиб кетганми ёки бирон-бир майда суяги синган эдими, бирон нарса дейиш қийин. Чунки Гулбадан бунинг тафсилотини ёзмаган.
Ҳойнаҳой, билак суяги ўрнидан қўзғолиб кетган бўлиши керак. “Охири камонгарни олиб келиб, қўлимни боғладилар ва сўнг подшоҳ бобом билан Аграга қайтиб кетдик”. Бу Гулбаданнинг отаси Бобурни илк бор “подшоҳ” деб аташи эди. Афтидан, айни Ҳиндистонда қизалоқ “ғолиб”, “ғозий”, “подшоҳ” сўзларининг туб моҳиятини, ўзининг аслзода подшоҳлар сулоласига мансуб эканини англай ва бу туйғудан ифтихор қила бошлаган эди. У бутун умри давомида ана шундай шарафли мансублик ҳиссиёти билан фахрланиб яшади. Подшоҳни “ота” ёки “бобо” деб аташ унинг ўз ихтиёрида эди. Чунки у отасининг ўзига бўлган меҳру мурувватини яхши ҳис қиларди. Бироқ бундай оромбахш кунларнинг поёни кўриниб қолган эди: ҳарамнинг қолган қисми ҳам пойтахтга етиб келгани ҳақида хабар келган эди.
Аввалига ҳамма нарса жой-жойида бўлгандек, осойишталик ҳукм сурди. Ҳарам карвони бошида Хонзода бегим келарди. “Подшоҳ бобом ҳазратлари оқажоним — аммам ҳазратларини муносиб кутиб олиш учун у кишининг истиқболига пешвоз чиқиб, Навгиронгача келдилар. У улуғ зот билан бирга ҳамроҳ бўлиб келган бошқа бегимлар ҳам подшоҳ ҳузурига келиб, мамнун ҳолда он ҳазратларига ўз эҳтиромларини билдирдилар. Улар эсон-омон етиб келиб подшоҳ ҳазратлари билан дийдор кўришганлари учун шукрона қилиб, у кишининг ҳақига узундан-узоқ дуолар қилдилар ва шундан сўнг Агра томон йўлга чиқдилар.
Подшоҳ ҳазратлари бегим мақомидаги аёлларнинг ҳар бирига алоҳида турар жой ажратиб бердилар. Ёши улуғ бегимлар, жиянлар ва яна бошқа баъзи яқин қариндош бўлган хонимларга ҳарамдан ташқарида алоҳида яшашлари учун рухсат этилиб, шароит яратиб берилди.
“Қисқаси, — деб ёзади Гулбадан бу ҳақда, — ҳаммаси бўлиб тўқсон олти кишига уй-жой ва бошқа хил ҳадялар берилди”. Бундан ташқари, подшоҳ ҳазратлари салтанат бош меъморига шундай буйруқ берди: “Мен сенга бир иш буюраман, яъни менинг аммаларим, мураббияларим учун зарур бўлган ҳар қандай иш бўлса, сўзсиз бажаргин”.
Подшоҳ ҳазратлари ҳар жума куни пешин намозидан кейин аммалари ва энагаларини зиёрат қилиб турардилар. “Бир куни ҳаво жуда исиб турган пайтда онам Моҳим бегим ҳазратлари: “Бугун ҳаво ниҳоятда иссиқ, бирор жума уларни кўргани бормасангиз, бегимлар хафа бўлмаслар”, — деди. Подшоҳ онам ҳазратларининг бу гапидан ҳайратга тушиб, шундай дедилар: “Моҳим, сиздан бу гапнинг чиқиши таажжубдир. Ҳазрат Абусаид мирзонинг қизлари ўз оталари ва биродарларидан жудо бўлиб, бу ерга, менинг ҳузуримга келганлар. Агар мен уларнинг кўнглини олмасам, унда нима бўлади?”
Ҳарамнинг бир жойга жойлашиб, жамулжам бўлиши анчагина эътирозлар, рашк ва ҳасадгўйликлар, ҳаттоки баъзи ўринларда кўзёши тўкилишига ҳам сабаб бўлди. Ана шу ғалвалардан ўзини олиб қочиш учун бўлса керак, подшоҳ ҳазратлари Моҳимбегим, Гулбадан, эҳтимол, унинг сингилларидан бири ҳамроҳлигида шаҳарнинг сўлим жойларидан бирида бунёд этилган Зарафшон боғига бир оз ором олиш учун йўл олдилар. Шу кунларда Бобуршоҳнинг кўнгли хилватроқ масканни қўмсаб қолганини тушуниш мумкин эди.
“Бу боғда бир таҳоратхона қурилган эди, — дея баён қилади Гулбадан. — Уни кўрган подшоҳ бобом: “Салтанат ва ҳукмдорликдан ҳам кўнглим қолди. Шу Зарафшон боғида бир гўшада ўтирсам. Менинг хизматимга Тоҳир офтобачи ҳам етиб ортади. Подшоҳликни Ҳумоюнга берсам”, — дедилар. Шу замон онам ва отамнинг ҳамма фарзандлари бу гапдан ғамгин бўлиб, йиғлашиб, “Худои таоло сизни ҳамиша подшоҳлик мансабида тутсин, кўп йиллар ва беҳисоб асрлар ўз паноҳида асрасин, ҳамма фарзандларингиз ўз қўл остингизда камолга етишсин”, дейишди.
Бироқ ўшанда Бобурнинг кўнгли аллақандай нохушликни олдиндан сезганми ёки ҳаётдаги салбий ҳодисалар қаттиқ таъсир этганми, ҳарқалай, унинг дилида хотиржамлик сезилмас эди. Чунки, авваламбор, Гулбаданнинг туғишган укаси, Дилдор Оғача бегимнинг бағрида тарбия топаётган ягона ўғли, унинг умиди ва қуввати бўлган тўрт ёшли шаҳзода Алвор кутилмаганда вафот этган эди. Шаҳзоданинг бетоблиги кўнгилларга чуқур ғашлик солади.
“Алвор мирзонинг тоби қочиб қолди. Унинг касали қорин оғриғига айланиб кетди. Ҳаким ва табиблар даволашга қанча уринмасинлар, унинг дарди кундан кунга оғирлашаверди. Охири шу дард билан фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилди”.
Ўшанда шаҳзода Алвор тўрт ёшда эди. Бобур Ҳиндистонга келиши арафасида Дилдор бегим унга ҳомиладор бўлган эди. Суюкли ўғлининг бевақт ўлимидан Дилдор бегим ниҳоятда изтироб чекарди. “Хафалик ҳаддан ташқари ошиб кетгани боис подшоҳ ҳазратлари онамга ва бегимларга: “Юринглар, бир Дўлпурга бориб сайр этиб келайлик”, дедилар. Ўзлари кемага ўлтириб, саломатлик билан сувдан ўтдилар ва ўша куни Дўлпурга етиб бордилар. Бегимлар ҳам кемага ўтириб, сувдан ўтмоқчи бўлдилар”.
Кемалар жуда ҳашаматли эди. Чодирлар, пар ёстиқлар, ҳатто шоҳона турмуш тимсоли бўлмиш алвон ранг елканлар ҳам бор эди. Кемалар кафти юрак шаклида ясалган эшкаклар воситасида махсус эшкакчилар томонидан ҳаракатга келтирилар эди. Бундай эшкаклардан Кашмирда ҳанузгача фойдаланилади. Эшкакчилар аёллар жойлашган ва махсус пардалар билан ўралган хона ортида ўтиришарди. Кема ҳаракатини узун эшкак ушлаб олган дарға бошқариб борарди.
Дарё узра таралаётган ашула оҳанги, сув юзида бир маромда сузиш, мўътадил ҳаво Дилдор бегимнинг дилига бир оз таскин бергандек бўлди. Ўша жойда Моҳим бегимнинг кўнглидан нималар кечгани, нима деганию нималар қилгани ҳақида Гулбадан ҳеч нима демайди. У туққан онасининг бундай азадорлигини назардан қочирганми? Ахир, бу китобни ёзаётган даврида, яқиндагина у ҳам кичик ўғли Фаррухдан жудо бўлган эди-ку. Дилдор бегимнинг мусибатига, албатта, Бобур ҳам шерик бўлган. Дарё бўйлаб ташкил этилган бу сайру томоша шундан далолат беради. Бироқ тақдирга тан бермай наилож. Ёш болалар ўлими ўша пайтда кенг тарқалган офат эди. Ҳиндистонга четдан келган болаларнинг кўпчилиги ичбуруғ касали туфайли дунёдан кўз юммоқда эди. Буни қарангки, орадан кўп ўтмай, Бобур билан Моҳим бегим ҳам бу дардга мубтало бўлдилар.
Ҳарам Кобулдан чиқиб, Ҳиндистон сари йўл олганини эшитгач, ўн икки ёшидан бери Бадахшон ҳокими лавозимида ўтирган Ҳумоюн мирзо отасининг рухсатисиз, уларнинг ортидан Ҳиндистонга қараб йўлга чиқди. У Комрон мирзо билан бу масалада келишиб, кичик шаҳзода ўн ёшли Ҳиндол мирзони Бадахшонга, ўзининг ўрнига юборишга қарор қилди. Бу ҳол эса подшоҳ Бобурнинг Ҳиндол мирзони ҳарам аҳлига ҳамроҳ бўлиб Аграга келиши лозимлиги ҳақидаги буйруғини бажаришдан бош тортиш демак эди.
Бундан хабар топган подшоҳ дастлаб қаттиқ ғазабланди. Салтанатнинг шимолий ҳудудлари чегараларини хавфдан ишончли тарзда ҳимоя қилиш ва қулай фурсат пойлаб Амударёнинг нариги қирғоғига ўтиш режалари унга кўпдан буён ором бермай келарди. Бироқ энди бу режаларга путур етадиган кўринади. Энди яқин кишиларидан бирини Бадахшонга ҳоким сифатида жўнатиб, у ердан Ҳиндол мирзони чақириб олиши лозим.
Ҳумоюннинг болаларча қилган ўзбошимчалиги анчадан бери отасининг режаларини барбод қилиб келарди. Ҳиндистонни забт этишда ҳам Ҳумоюн ўз қўшини билан тезда етиб келиш ҳақидаги буйруқни бажармай, онаси бағрида эркаланиб ётиб, қимматли вақтни бой берган эди. Бунинг натижасида юриш муддати ортга сурилиб, жанг талофат билан тугашига бир баҳя қолган эди. Лекин Ҳумоюн энди эркатой бола эмас, балоғат ёшига етган йигит эди. Гарчи фарзанди тақдир тақозоси билан узоқ яшамаган бўлса ҳам, у оталик мақомига эришган киши, ахир. Шу боис унинг хурмача қилиқларидан подшоҳ отасининг дарғазаб бўлиши табиий, албатта. Бироқ бу ғазабнок ҳолат узоққа чўзилмади. Суюкли ўғли Ҳумоюн кўз олдида намоён бўлиши билан Бобурнинг эътирозларидан асар ҳам қолмади. Бу ҳақда унинг ўзи шундай деб ёзади: “… ўшул соатким, биз анинг онаси билан отини тутиб, сўзлашиб ўлтуриб эдукким, ета-ўқ келди. Кўнгиллар гул янглиғ очилиб, кўзлар чироқдек ёруди… Ва алҳақ суҳбатта бебадал эрди ва инсони комилким дерлар, ўшал эрди…”
Бобур Ҳумоюннинг Деҳлига боришига ижозат берди, бироқ Дўлпурдаги оромбахш, осойишта кунлар ниҳоялаб қолган эди. Шу пайтда Деҳлидан Ҳумоюннинг жиддий бемор экани ва “аҳволи анча оғир” экани ҳақида хабар келиб қолди. Хатда “…Ҳазрат бегим тезлик билан Деҳлига келсинлар, мирзо ниҳоятда бетоқат бўлмоқдалар”, дейилган эди.
“Бу хабарни эшитган замон онам ҳазратлари сабрсизландилар, — деб ёзади Гулбадан. — Моҳим бегим дарҳол Деҳлига жўнади. Бу орада Ҳумоюнни дарё орқали кемада бу ерга олиб келишаётган эди. Йўлда улар учрашганда, “Ҳумоюн мирзонинг аҳволи эшитганларидан кўра ўн баробардан ортиқ заиф ва мажруҳ эканини ўзларининг жаҳонни кўрувчи кўзлари билан кўрдилар. У ердан она ва бола худди Исо ва Марямдек Аграга қайтиб кетишди. Аграга етишган ҳам эдики, мен ҳақир опаларим билан бирга фаришта табиатли ҳазрат (Ҳумоюн)ни кўргани бордим.
У кишининг касали борган сари оғирлашиб борар эди. Ҳар замонда ҳазрат ҳушларига келган вақтда гавҳар сочувчи тиллари билан бизларга мурожаат қилиб, ҳамшираларим, хуш келибсизлар, келинглар, бир-биримизни қучоқлайлик, чунки сизлар билан қучоқлашиб кўриша олмадим, дердилар”.
“Подшоҳ ҳазратлари келиб беморни кўришлари биланоқ нуроний чеҳраларини қайғу ва алам туйғулари қамраб олди”. Бу туйғу борган сари чуқурлашиб борарди. Шу орада “онам ҳазратлари Моҳим бегим алам билан: “Сиз менинг фарзандим тақдирига бепарвосиз, чунки сиз подшоҳсиз, сизнинг бошқа ўғилларингиз бор, нима ғамингиз бор! Мен ғам чекмай не қилай, ахир, у менинг яккаю ягона фарзандим”, дедилар.
Бегимнинг қайғу тўла юрагидан чиққан бу изтиробни эшитгач, Бобур уни дарҳол юпатишга интилди: “Моҳим, гарчи менинг бошқа ўғилларим бўлса ҳам, уларнинг биронтасини Ҳумоюнчалик яхши кўрмайман, шунинг учун ҳам бор давлатимни, салтанатни жаҳонда ягона, нодири замон севимли, ўғлим — Ҳумоюнга бағишламоқчиман, бошқаларига эмас, дедилар”.
Шаҳзодани оёққа турғазиш учун табиблар бор маҳоратларини ишга солиб ҳарчанд уринмасинлар, ижобий натижа кўринмади. Ҳумоюн янада заифлашиб, ҳолдан кета бошлади. Аёллар уни тиббий йўл билан даволаб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилиб, бемор ҳақига дуолар ўқиб, Худога илтижо қила бошладилар.
Шарқда шундай бир эътиқод, ишонч борки, унга биноан, агар бирон кимсанинг — у аёлми, эркакми ёки ёш болами — аҳволи оғирлашиб қолса, унинг энг қадрли ва азиз нарсасини Аллоҳ йўлида садақа қилиш лозим бўлади. Агар бу садақани Яратган ўз даргоҳида қабул қилса, бунинг эвазига Аллоҳ беморнинг жонини қайтариб беради, деган тушунчага биноан аввал дуо ўқилади, ҳозир бўлганларнинг барчаси биргаликда Парвардигорга илтижо қиладилар; ундан кейин Аллоҳга муножот этувчи бемор атрофида айланиб илтижо қилади. Фарзандининг ҳоли тобора оғирлашаётганини кўриб, Бобур унга ўз жонини бахшида этди. Бош вазир ва унинг садоқатли мулозимлари бу журъатдан даҳшатга тушиб ёқа ушлайдилар: Бобур Ҳумоюн учун ўз жонини қурбонликка атади!!!
Аркони давлат ва яқинлари подшоҳни бу фикрдан қайтишини ўтиниб сўрадилар. Улар муттасил дуо ўқиб, Аллоҳнинг номини айтиб бетўхтов илтижо қилишга, Худо йўлига Бобурнинг хазинасидаги Кўҳинур номли дунёдаги энг қимматбаҳо йирик олмосни садақа қилишни таклиф этдилар.
Бунга жавобан Бобур:
“… дунё моли анинг ивазиға нечук бўлғай, мен анинг фидоси қилурменким, ҳол анга мушкул бўлибтур”, — деди. Гулбаданнинг ёзишича, “Подшоҳ ҳазратлари Ҳумоюн ётган кўшк атрофида айлана бошлади. Бу иш сешанба куни бошланди ва чоршанба ҳам илтижо билан ўтди. Ҳаво ўта иссиқ бўлганидан унинг юраги, жигар-бағри олов каби ёниб ўртанарди. Бемор атрофида айланиб, Яратганга илтижо билан тавалло қилар экан, у шундай деди: “Эй Парвардигор, агар жонга жон алмаштириш мумкин бўладиган бўлса, мен Бобурнинг жони ва борлиғини олгину Ҳумоюннинг жонини сақлаб қолгин”.
Бу ҳақда “Бобурнома”да шундай ҳикоя қилинади: “Ва андин ўтибдурким, мен анинг бетоқатлиғини тоқат келтургайман. Ўшул ҳолатга кириб, уч қатла бошидин ўргулиб, дедимким, мен кўтардим ҳар не дардинг бор…”
“Шу куннинг ўзидаёқ жаннатмакон ҳазрат подшоҳнинг тоблари қочиб қолди. Шаҳзода Ҳумоюн эса ўз бошларидан сув қуйиб, ташқарига чиқди ва соғайиб кетди”, деб ҳикоя қилади Гулбадан. Бобурнинг иситмаси тобора кўтарилар эди. Икки ёки уч ой мобайнида у дард билан олишиб ётди, аммо берган онтига амал қилиб, соғайиш чорасини қидирмади. Унинг атрофидаги аъёнлар, мулозимлар бунга ишонмас эдилар. Чунки улар ўз сардорини илгари ҳам бир неча бор ярадор, бемор, заҳарланган ҳолда кўрган эдилар. Ҳар сафар ҳам у бардош билан бирга дарддан ҳайратомуз тарзда тез фориғ бўлар эди. Бу сафар эса у соғайишдан бош тортиб, юзини девор томонга ўгирганча сукут сақлаб ётарди.
Подшоҳ кундан-кун заифлашиб борар экан, соғлиги яхши бўлиб Деҳлига жўнаб кетган Ҳумоюнга мактуб юбордилар. “У киши тезлик билан етиб келди. Қиблагоҳи билан кўришиб, отасини ниҳоятда ҳолсизланган ҳолда кўрди. Ҳасрат тўла қалби тўлқинланиб, ҳўнграб йиғлаб юборди ва табиблардан: “Мен уни соғлом ҳолда қолдириб кетган эдим, не ҳол юз берди?” дея сўради. Улар ҳам бир нималар деб жавоб берган бўлдилар. Бемор подшоҳ эса ўша ҳолатда ҳам: “Ҳиндол қаерда? У нима қиляпти?” деб сўрарди. Тинимсиз “Эҳ, афсус, минг бор афсус, Ҳиндолни кўра олмадим, деб зорланар, ҳузурига кирганлардан “Ҳиндол қачон келади?” деб сўрарди. У Ҳумоюндан кўра ўзига кўпроқ ўхшаган Комроннинг исмини нима учундир тилга олмасди. Бенгалияда отасининг салтанатини мустаҳкамлаш учун баҳодирларча жанг қилаётган Аскарий мирзони ҳам негадир эсламади. Эҳтимол, улардан кўнгли хотиржам бўлса керак. Чунки, уларга шаҳзодалик мақомининг белгилари, яъни шоҳона либослар, байроқ, шаҳзодалар саройга кириб чиқадиган пайтда тантанавор тарзда чалинадиган ноғора ва қўшин сардори боши узра кўтариб юриладиган туғ тўлиғича берилган эди.
Бобур подшоҳ “касаллик асносида онамга (Моҳимбегимга): Гулранг бегим билан Гулчеҳра бегимни куёвга узатиш керак, деб таъкидладилар”, деб ёзади Гулбадан. Дилдор бегимнинг қизлари бўлмиш у маликалар Гулбаданнинг опалари эди. Аммо Бобур Гулбаданнинг ўзи ҳақида бирон нима дегани маълум эмас. Эҳтимол, уни ҳали жуда ёш деб ҳисоблагандир. Балки ўзининг бўлажак илк рафиқаси Ойша бегимга беш ёшлик чоғида унаштириб қўйилгани ва бу никоҳнинг қандай тугаганини эслаб, севикли жажжи қизалоғига ундай тақдирни раво кўрмагандир.
Подшоҳ қизларига бўлажак куёв сифатида икки нафар чиғатой султонларининг исмларини тилга олади. Бу исмлар Моҳим ва Дилдор бегимга, аниқроғи, бобурийлар хонадонининг онахони Хонзода бегим эътиборига ҳавола этилган эди.
Бу борада Гулбадан шундай деб ёзади: “Ҳазрат оқажоним эса, (яъни Хонзода бегим): “Худо муборак қилсин, хўп яхши маслаҳат ўйлабдилар, дедилар”. Дарҳол шаҳзода ва султонларга одам юборилиб, саройга чорладилар. Уларнинг оёқлари остига поёндоз ёзилди. Уларга бир қатор куёвлик сарполари кийдирилиб, муборакбод қилдилар ва тўйни ўтказиш муддати келишиб олинди. Моҳим бегимнинг таклифларига биноан бўлажак куёвлар тиз чўкиб, салтанат соҳибига таъзим бажо айладилар.
Гулбадан доим меҳрибон, истараси иссиқ аммаси ҳузурида бўлишга ошиқарди, чунки шу дақиқаларда подшоҳ ҳазратларининг дарди яна хуруж қила бошлаган эди. Ҳумоюн подшоҳ отасининг оғир аҳволини кўриб, яна бетоқат бўларди. Гулбадан Ҳумоюн мирзони аллақачон Ҳумоюн подшоҳ дея атарди. Бобурнинг ҳоли кундан-кун оғирлашиб, муборак чеҳраси тундлашиб борарди.
Эртаси куни барча амирлар, беклар ва султонлар ҳузури муборакка чорланиб, уларга қарата подшоҳ шундай дедилар: “Кўп йиллардан бери Ҳумоюн мирзога подшоҳликни топшириб, ўзим Зарафшон боғининг бир бурчагида истиқомат қилсам, деган фикрим бор эди. Аллоҳнинг марҳамати билан ҳамма нарсага муяссар бўлдим. Фақат биргина мана шу орзуим рўёбга чиқмай турган эди. Шу ниятимни вужудим соғ пайтда рўёбга чиқарсам, деган ниятим бор эди, бўлмади. Дард мендан ғолиб келди. Сизларга айтадиган васиятим шуки, барчангиз Ҳумоюн мирзони менинг валиаҳдим деб билингиз. Унга садоқат билан хизмат қилингиз. У билан бир тан, бир жон бўлингиз. Яратгандан умидим борки, Ҳумоюн мирзо ҳам ўз кишиларига нисбатан яхши муомалада бўлади. Яна, Ҳумоюн, укаларингни, ҳамма қариндош-уруғларни, барча яқинларимни сенга, сени эса Худога топширдим. Худо барчангизни паноҳида асрасин”, дедилар.
“Бу сўзлардан, у ерда ҳозир бўлганлар, бу вазиятни кузатиб турганларнинг ҳаммаси ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Подшоҳ ҳазратларининг муборак кўзлари ҳам жиққа ёшга тўлди. Уч кун ўтгач, бу улуғ зот фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилдилар”.
Бобур 1530 йилнинг 25 декабрида ёруғ олам билан видолашди. “Фарзандлар, яқин қариндошлар ва бошқа одамларнинг бошига қора кун тушди, — деб ёзади Гулбадан бу ҳақда, ўша мусибатли кунни йиллар оша изтироб билан эсларкан. — Ҳамма фарёд-фиғон кўтариб, бетоқат бўлардилар. Ҳар ким ўзининг махфий бурчагида мана шу қора кун дардини чекарди”.
Айниқса, Гулбадан учун бу мусибат ҳаммадан ҳам оғир кечди. Айнан ана шу кейинги ойларда у подшоҳ отасини яқиндан таниган, унга нисбатан жажжи қалбининг тўридан чексиз меҳр-муҳаббат туйғулари уйғонган эди. Моҳим бегимнинг юраги бир томондан қайғуга тўлган бўлса, иккинчи томондан, ўғлининг отамерос тахтига эга бўлганидан чексиз фахрланарди.
“Эртаси куни мусулмонлар тақвими бўйича жумодил аввал ойининг муқаддас жума куни, 1530 йил 29 декабрда Ҳумоюн подшоҳ ҳазратлари тахтга ўтирдилар. У кишининг подшоҳлигини ҳамма муборакбод қилди”, деб ёзади Гулбадан бегим.
Бобурни аввалига Жамна дарёсининг қирғоғига ўзи барпо этган Ором боғига дафн этдилар. Бу боғ ҳозирги кунда Тож Маҳал қад кўтарган жойнинг рўпарасида эди. Моҳим бегим мотам ва таъзия маросимларининг тўла адо этилишини таъминлаб турди: қирқ кун мотам тутилди, кечаю кундуз қорилар қабр устида Қуръон тиловат қилдилар. Бу ишга олтмиш кишидан иборат ҳофизи Қуръон жалб этилди, кунига беш вақт намоз ўқилди. “Онам эса ҳар куни икки маҳал ош ташкил қилди. Бунинг учун эрталаб бир мол, икки қўй ва беш эчки сўйилди, кечқурун эса беш эчки сўйилиб қурбонлик қилинди. Онам ўзи тирикликларида то икки ярим йилгача ҳар куни икки маҳал таом тайёрлашга бош бўлиб, бобом мозорларига бағишлар эдилар”.
Моҳим бегимнинг бу маросимлари тугагач, Бобурнинг энг кичик хотини Биби Муборика (Афғоний оғача) унинг жасадини Кобул шаҳрига, Бобур ўзи орзу қилган Боғи вафога кўчиртириб келиб, дафн эттирди.