Роксбороулик жаноб Баттервик анчадан бери уйқусизлик касалига чалинган. Мана ҳозир ҳам пинакка кетиш учун қилган бесамар ҳаракатларидан сўнг, тўсатдан ёдига бир алманахда ўқигани, уйқусизликни даволаш чораси тушиб қолди. Унда ухлаб қолиш учун хаёлга бир пода қўйни бирор тўсиқ устидан сакраётганини келтириб, кейин уларни санаш лозимлиги ёзилган. У шу тажрибани амалда қўллашга қарор қилди. Кўзларини юмиб тўсиқдан сакраётган қўйларни тасаввур қила бошлади. Бир юз қирқинчи қўйга келиб, жаноб Баттервик мудрай бошлади. Аммо тўсатдан Баттервик хоним гапириб юборди:
– Йозеф!
– Ҳа, нима?
– Менимча сариқ товуғимиз жўжа очмоқчи.
– Оҳ, бундай арзимас гаплар билан уйқумга ҳалақит берма! Жим бўл-да, ухла!
Кейин Баттервик яна бошқатдан қўйларини санашни бошлади: У бир юз йигирманчи қўйга келган пайт яна кўзи мудрай бошлаганини сезди, бир юз йигирма биринчи қўй тўсиқдан ошиб ўтиш учун ҳавога кўтарилганди ҳамки, эгизаклардан биттаси бақириб йиғлаб юборди.
– Болангга қара! – деб, бақирди у Баттервик хонимга. – Нега сен уни тинчлантириб ухлата олмайсан-а?
Баттервик хоним болани ухлатиши биланоқ, Баттервик, асабийлашган ва ҳаяжоланаётган бўлса ҳам, бояги ишидан давом этишга қарор қилди. Хаёлий подани кўз олдига келтириб санашни бошлади.
Эндигина олтмиш биринчи қўй хурсанчилик билан тўсиқдан сакраб ўтганди ҳамки, Баттервикнинг қайнонаси эшикни тиқиллатиб, куёвини сўроқлатди. Унинг уйғоқлигини билгач, орқа дарчани ёпишни унутганини, ҳозиргина боғда ўғрилар шовурини эшитгандек бўлганини маълум қилди.
Баттервик чойшабга ўраниб боққа чиқди. Дарчанинг ҳар доимгидек ёпиқлигини кўрган Баттервик, ётоқхонага қайтган заҳотиёқ эртага эрталаб, яхшиликча ё қайнонаси, ёки унинг ўзи уйдан чиқиб кетишини айтди.
Бўлган воқеаларга қарамай, у алманахда ёзилган тавсияга яна бир бор имкон бермоқчи бўлди. Бу сафар у икки юз қирқинчи қўйга етиб келди, бунақа, уч юзинчи қўйга етгунча у аниқ узоқ кутилган уйқуга шўнғиши аниқ эди. Лекин шу пайт қўшни боғдаги Макснинг янги ити эски уйини соғиниб, узоқ ва баланд овозда увиллай бошлади.
Баттервик ғазаб отига минган эди. Қўйларга ҳам парво қилмасдан, у қўлига илинган нарса билан Макснинг янги итини “ўққа тута” бошлади. Товоқчалар, финжонлар ва қошиқлардан сўнг итга қараб Даниэл Вебстернинг гипсдан ишланган бюсти учди-ю, ит югуриб уясига кириб кетди. Ва тонггача эски уйи ҳақида сукунатда ўйлашга мажбур бўлди. Сабр косасига охирги томчи тушганини сезиб турса ҳам Баттервик аьманахда маслаҳат берган олим тавсиясига яна бир амал қилишга уриниб кўрди. Шундай қилиб саксон иккинчи қўй ҳам эсон-омон тўсиқдан сакраб ўтганини кўриб, эндигина тушлар оламига сокин шўнғиётган маҳал, тўсатдан Баттервик хоним уйқусираб гумбурлаган кўйи кораватдан йиқилиб тушди ва бу сафар эгизакларнинг иккаласини ҳам уйғотиб юборди. Болаларнинг чинқириғига қўшимча, қайнона тепадан пастки қаватга бир вақтнинг тўрт қадам ташлаб, ҳозирги бўлган ер қимирлашини пастдаги болалари ҳам сезган-сезмаганини сўраб, учиб келаётганди.
Бўлиб турган ҳолат сўз билан тариф этиб бўлмас даражада ёмон эди. Баттервик унга бир муддат ақлдан озган кишидек қараб турди-да, кейин ёстиғини олиб, шаҳд билан орқа меҳмонхонадаги диван томон йўл олди. У ўн дақиқа ичида, ҳеч қандай алманахнинг маслаҳатларисиз ухлаб қолди. Тушида Косвольд қўчқори уни экватор бўйлаб қувлаб юрганини кўрди. Эрталаб даҳшатли бел ва бош оғриғидан уйғонди. У энди Косвольд қўйлари фақат жун ва гўштликка яхши эканини, аммо мақташга умуман арзимаслигини теран англади.
Инглиз тилидан Аидахон Бўматова таржимаси
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 6-сон.