Уйга қайтишим билан биринчи навбатда орқа томонидан қизариб турган “тўланди” деган муҳр урилган қоғозни хотинимга кўрсатдим.
– Ана, охирги қарзимиздан ҳам қутулдик, – дедим мен.
Шириннинг кўзларидан бир ҳовуч қувонч учқунлари учиб чиқиб, атрофга сочилди.
– Вой, худога шукур-ей! Ниҳоят, бемалол ухлайдиган бўлибмиз-а!
Икковимиз ҳам шоду-хуррамлик билан кулдик. Кейин хотиним ўйчан оҳангда илова қилди:
– Теҳронда ҳар қанча яшамайлик, бошимиз қарздан чиқмаган бўлур эди. Уйимиз ҳар кун тўс-тўполон, меҳмон аримайди – лоақал ўн туман орттириб бўлмайди…
– Тўппа-тўғри, азизам. Ори рост, бу ерда дидимизга ўтиришадиган яқин ошна-оғайниларимиз йўқ. Тўғрисини айтганда, баъзан ўрганиб қолган эрмакларинг бўлмаса, киши роса зерикар экан.
Яқин қариндошларинг теварагингда бўлмаса ҳам соғинар экансан.
– Қариндошларни тилга олмай қўяверсанг ҳам бўларди. “Э, худо, ҳеч қанақа совға-салом керак эмас, хеш-ақраболарнинг юзини тескари қилсанг бас” деган гап ҳам бор-ку! Бизни бир ҳафта ҳам ёлғиз қолдирганлари йўқ. Ҳа деса у… Ҳа деса бу…
– Шунинг учун мени вилоятга ишга ўтказишларини илтимос қилдим-да. Албатта, мусофир шаҳарда одам жуда ёлғизланиб қолар экан, лекин ҳеч бўлмаганда, ишларимизни бироз бўлса-да, тузатиб оламиз-ку! Сен ҳам, ниҳоят, уй-пуйингни кўтариб, шабадаланиб оласан-ку! Гапиравериб хуноб бўлиб кетдинг, ахир. Уйни тартибга келтираман десанг, бу ерда сенга ҳеч ким тўғаноқ бўлолмайди. Энди ҳамма нарсадан мамнунсан, ҳамма нарса кўнглингдагидек, шунақами, жоним?
Мен хотинимни эркалатиб, эндигина кўксимга босган ҳам эдимки, уйга югуриб кенжамиз Меҳрибон кириб келди.
– Дадажон, сизни аллақандай бир жаноб сўраяпти. Ёнида бир хоним ҳам бор, – деди у.
– Қанақа жаноб экан? Ёнида хоними ҳам борми? – деб сўрадим мен ҳайрон бўлиб, Ширинга қарадим ва эшик томон йўл олдим.
Остонада ўттиз беш ёшлардаги бир ўртабўй эркак турган экан. Ҳар нарсадан аввал кўзимга ташланган нарса – унинг қулоқлари бўлди. Улар овоз ушлайдиган радиокарнайларга ўхшаб, олд томонга туртиб чиққан эди. Унинг кичкина кўзлари муғамбирлик билан тикилиб турарди. Унинг тарвуздек думалоққина қорни ҳам дўппайиб турар, унинг ўзи эса ўнг қўлининг бош бармоғи билан иягини ишқалаб турарди.
– Жаноб Шоҳинмисан? – деб сўради меҳмон.
– Ҳа, менман.
– Бу мактуб укангиздан. Мен яқинда у билан Шерозда учрашгандим.
У менга конверт узатди. Мен дарҳол укамнинг хатини танидим ва шоша-пиша конвертни очдим. “Мактубни олиб боргувчи одам менинг энг яқин дўстларимдан – деб мактубни келтирган одамни тавсия қилипти у. – Бир вақтлар биз у билан бирга хизмат қилган эдик. Ҳозир жаноб М. масъулиятли хизмат сафарида юрипти. У Шерозда меникида турипти. Шундай бўлиши ҳам мумкинки, у сизнинг Турбати Ҳайдарингизда қанд савдосини тафтиш қилмоғи мумкин. Ўзингдан қоладиган гап йўқ – хизмат сафарининг характерига кўра у қанд етказиб берадиган одамнинг уйида туролмайди…” Мактуб ғоятда қизғин даъватлар билан тугаган эди: “Сен қалбингдаги менга бўлган муҳаббатингнинг ҳаммасини унга бахшида эт”.
Мактубни ўқиб бўлгач, мен яна тафтишчига бошдан-оёқ разм солиб чиқдим, кейин унинг хотинига нигоҳимни кўчирдим. У эрига қараганда анча барвастароқ эди, унинг қўлларида икки ёки уч яшар бир гўдак тамшаниб ухлаб ётарди. Бир неча минут биз ҳаммамиз индамай бир-биримизга термулишиб қолдик. Қўққисдан меҳмонларнинг йўлдан келганини ва ҳойнаҳой, толиққан бўлишлари кераклигини эслаб қолдим.
– Марҳабо, марҳабо… Қани, ичкарига марҳамат, – дедим мен шоша-пиша меҳмонларни уйга таклиф қилар эканман. – Нима гап эканини билмоқчи бўлиб эшикдан бошини суққан Ширинни пайқаб қолдим ва йўл-йўлакай унинг қулоғига шивирладим: – Жаноби М. рафиқаси билан қанд савдо-сотиғини тафтиш қилгани келишипти. Мана, укамнинг мактуби, ўқиб кўр.
Мен меҳмонларни хона ичига олиб кирдим. Мактубни ўқиб, гап нимада эканини англаган Ширин ҳам меҳмонларга “хуш келибсиз” дегани уларнинг ёнига келди.
– Авваламбор, айтиб қўяйки, – деди жаноб тафтишчи эр-хотин икковимизга жиддий нигоҳ билан қараб, – менинг хизмат сафарим ҳақида бирор кимсага оғиз оча кўрманглар. Мен учун лоақал биринчи кунларда келганимдан ҳеч ким воқиф бўлмаслиги ғоятда муҳим.
Мен хотинимга қарадим. Хотиним менга қаради. Нигоҳларимиз тўқнашди. Мен пайқадим – хотиним ҳам “лоақал биринчи кунларда” деган сўзларга эътибор қилипти.
– Хотиржам бўлаверинг, – деб уни тинчлантирдим. – Ҳеч ким хабар топмайди.
– Айтинг, илтимос, менга пижама беришсин, – деб давом этди меҳмон белидаги камарини ечар экан. Менинг пижамамни кияр экан, у бирдан кулиб, шундай деди: – Пижаманинг резинкаси қорнимизга тўғри келаркан дейишимиз анча қийин-ку…
– Резинкасини тузатиб берамиз. Ҳозирча шуни кийиб туринг.
– Ҳа-я, бирорта одамни вокзалга юбориб, чамадонларимизни олиб келса бўлармикин?
– Ҳа, албатта, қани, квитанциянгизни беринг, ғир этиб бориб келаман.
– Ўзингиз борасизми? Қўйинг-е! Жуда ноқулай-ку.
– Ҳечқиси йўқ. Мен ҳаммол оламан.
Чамадон унчалик оғир эмас эди. Лекин мен уни бутун шаҳар бўйлаб кўтариб юришга хижолат бўлдим ва чиндан-да ҳаммол ёлладим. Мўъжазгина шаҳарда муаллим таниқли кимса! Бу ерда ҳар қадамда ҳушёр бўлмасанг бўлмайди, арзимаган нарса билан обрўйинг тўкилиб қолади.
Мен уйга қайтиб келганимда жаноб тафтишчи менинг тўшагимда ялпайиб ётиб, истироҳат қиларди. Унинг рафиқаси эса йўлда кийиб келган тор юбкасини ечиб, Шириннинг уйда киядиган кўйлагини устига илиб олибди-да, ухлаб ётган гўдакнинг тепасида ўтирган экан. Маълум бўлишича, қизалоқ йўлда шамоллаб қолипти. Ҳозир иситмаси жуда баланд эди.
Чамадонни аста эшик ёнига қўйиб, Ширинга ёрдамлашгани шошилдим. Шўрлик ўчоқ бошида жуда шошиб қолипти – бир самоварга қарайди, бир гурунчнинг қайнаган-қайнамаётганидан хабар олади, бир кабоб куйиб кетмасин деб, уни ағдаради…
Чамаси бир ярим соатлардан кейин биз меҳмонларни дастурхонга таклиф қилдик. Тамадди вақтида тафтишчининг рафиқаси жуда асабийлашиб ўтирди – у боласининг аҳволидан жуда хавотирда эди. Ниҳоят, чидаёлмади, шекилли, эрининг бошига таъналар ёғдирди:
– Мен сенга айтган эдим-ку – сен билан бирга келишимга бало бормиди? Ҳозир уйда бўлганимда, болага лоақал товуқ шўрва қилиб берардим.
– Кўп ташвиш қилаверманг, азизим Пари, – деди тафтишчи. – Бола йўлда шамоллаб қолди. Ҳечқиси йўқ, бироз ётса тузалиб кетади.
– Хафа бўлманг, хоним-афандим, – деди дилкашлик билан Ширин. – Бу ерда ҳам худди ўз уйингиздек гап. Мен бир зумдаёқ гўдагингиз учун шўрва қайнатиб бераман.
– Сизларни анча уринтириб қўямиз-ку…
– Йўқ, нега унақа дейсиз? Уриниши бор эканми?
Тушликдан кейин мен бориб, товуқ олиб келдим. Ширин товуқ шўрва пиширишга киришди. Кейин меҳмонларга чой дамладик.
Тафтишчининг хотини чойни тумшуғининг тагига олиб борди-ю, бурнини жийирди.
– Қутилардаги тортиб сотиладиган арзон навли чойларданми дейман?
– Адашдингиз, хоним, – дедим аччиғим келиб. – Биз ҳаммавақт “Ўкаб” навли чой ичамиз.
– Нима дейсиз? – дея эрига мурожаат қилди у. – “Жаҳон” навли чой яхшироқ эмасми? Айниқса, 353-нави. – Кейин у менга қаради. – Биласиз¬ми, биз фақат 353-сонли навни ичамиз. Бошқа навларга сира кўниколмадик-кўникол¬мадик-да!
Жаноб тафтишчи чойини ичиб бўлди-ю, яна тўшакка ўтиб, ялпайиб ётиб олди. Афтидан, у тезроқ ҳамманинг тинчишини, жиндай мизғиб олишни истамоқдайди.
– Азизим Пари, – деди у бўшашибгина, – сенга нима бўлди, ўзи? Ҳадеб зорланаверасанми? Бу чойнинг нимаси ёқмади сенга? Индамай ичавер! На илож, сафарда баъзи бир шунақа ноқулайликларга кўникишга тўғри келади.
Менинг шу бугуннинг ўзида сизлар учун 353-сонли чой олиб келаман деб ваъда беришдан бошқа иложим қолмади.
– Йўғ-е, мен унақа деяётганим йўқ, – деди меҳмон аёл. Кўринишидан хижолат чекаётганга ўхшарди. – Мунча ширин бола экан! – дея хитоб қилди у Меҳрибонга ишора қилиб. Афтидан, гапни бошқа ёққа бурмоқчи эди. – Анча босиқ, итоаткор болага ўхшайди. Худо хоҳласа, бизнинг қизалоғимиз ҳам эртага тузалиб қолади. Бирга ўйнашади. Неча ёшда ўғлингиз?
– Бешга тўлди.
– Худо ўз паноҳида асрасин. Яна бошқа болаларингиз борми?
– Бир қизалоғимиз бор эди, олти ойлик бўлмай, бу дунёдан кўз юмди. Умри қисқа экан. Зотилжам бўлди.
– Сизларни жуда қийнаб қўйдик-да…
– Нега унақа дейсиз? Қийналиши бор эканми?
Баланд хуррак оҳанглари жаноб тафтишчининг уйқуга кирганидан дарак берди.
– Тушликдан кейин бирон соат мизғиб олишни яхши кўрадилар, – деди хотини овозини пасайтириб.
– Бу жуда ҳам фойдали-да, – деб мақтаб қўйдим мен. – Айниқса, бугун, йўл юриб келгандан кейин. Сиз ҳам жиндай дам олиб олсангиз бўлармиди?
– Йўқ, уйқуга бало борми ҳозир, – у кафтини бемор қизининг пешонасига қўйди ва янада ташвишга тушиб қолди. – Шўрлик қизалоғим, ўт бўлиб ёнаяпти-ку! Уни бирон врачга кўрсатмасак, бўлмайдиганга ўхшайди. Бу ерда тузукроқ врач топиладими?
– Шу яқин ўртада битта дурустгина врач яшайди, – дедим мен ҳаяжонланаётган аёлни тинчлантириш учун. – Кечқурун қизни унинг ҳузурига олиб борсак бўлади.
Меҳмон аёл қизининг устига эгилиб ўтирар экан, мен уни синчиклаб кўздан кечириб чиқдим – башараси гўштдор, япалоқ, қошлари керилиб, чеккаларигача борган, худди хитойларнинг қошига ўхшайди, оғзи катта, лаблари дўрдоқ, бамисоли шишганга ўхшайди, бурни осилиб тушиб, устки лабига тегай-тегай деб турипти. Кўзларининг маъносизлиги ҳам, юз белгилари ҳам ақли қосирлигидан ва мутакаббирлигидан далолат бериб турибди.
Кечқурун ҳаммамиз кўпчиликлашиб, бир амаллаб гўдакнинг оғзига бир неча қошиқ шўрва қуйганимиздан кейин тафтишчининг хотини врачга отлана бошлади. Тафтишчининг ўзи бизнинг шаҳримизда қанд масаласи қанақа аҳволда эканини тезроқ тафтиш қилиб билмоқ мақсадида дарҳол ўзининг масъул ишларини бажаришга отланиш ниятида эканини билдирганидан кейин, унинг боласини кўтариб врачнинг ҳузурига мен йўл олдим.
Беморни кўриб чиқиб, шифокор боланинг шамоллаганини ва ошқозони бузилганини айтди. Шифокорнинг олдидан чиқиб, дорихонага йўл олдик. Шифокорнинг хизмат ҳақини ва дориларнинг пулини мен тўлаганимни айтиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Хоним афанди менинг ҳисоб-китоб қилишимга халақит беришга ҳам уриниб кўрмади. Афтидан, кейинчалик жаноб тафтишчининг ўзлари мен билан ҳисоб-китоб қилишлари керак бўлса ке¬рак-да.
Эртаси куни боланинг аҳволи анча яхшиланди. Бола ўзига кела бошлаши бу худонинг ажойиб махлуқининг ҳамма фазилатлари билан яқиндан танишишга муяссар бўлдик. Бу шўх қиз жуда ўйинқароқ экан – бехосдан қўлидаги стаканни Меҳрибонга қараб отди. Унинг мерганлигини айтмайсизми! Унинг кетидан қошиқни отди. Рост, стакан боланинг бошини сийпабгина ўтиб, эшикнинг кесакисига тегиб, чил-чил синди, лекин қошиқ боланинг қошига тегди – бир зумда болагинамнинг қовоғи моматалоқ бўлиб кўкариб чиқди. Тафтишчи билан хотини ўз зурриёдларининг шўхлигини томоша қилар эканлар, завқдан қотиб-қотиб кулишарди.
– Худога шукур-ей, боламиз анча тузалиб қолди-я! – дея улар шукроналар қилишди.
Қизалоқ бутунлай тузалиб кетмагунга қадар жаноб тафтишчи хизмат бурчига содиқ бўлгани важидан кун бўйи шаҳардан бери келмасди. Унинг хотини билан қизалоғи хона ичида ўтирган жойида Ширин бечорани адои тамом қилишди. Эртадан-кечгача шўрлик таом пиширар, уларни сузар, дастурхонга тортар ва яна ҳаммасини ўзи йиғиштириб оларди. Гўдак бутунлай соғайиб, оёққа туриб кетгандан сўнг меҳмонлар шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш хоҳишини билдиришди. Табиийки, мен уларга раҳнамолик қилдим.
Мен, албатта, феъли кенг мезбон сифатида шаҳар бўйлаб қиладиган саёҳатимизнинг ҳамма харажатларини ўз бўйнимга олмоғим керак эди. Извошнинг кира ҳақини ҳар хил экскурсияларнинг кириш ҳақини ўзим тўлаганимни айтишга ҳожат бўлмаса керак, дейман. Биринчи куни биз тоғ этакларини сайр қилдик. Иккинчи куни боғда сайр қилдик. Учинчи кунни Қутбиддин Ҳайдар мақбарасини зиёрат қилишга бағишладик.
Ростини айтсам, мен ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Ширин масаласига келсак, одам у бечорага қараб раҳмлари келиб кетарди. Яна бош-оёқ қарзга ботиб бўлдик. Уйимиз қуюн ўтган кулбадай нест-нобуд бўлди.
Кичкина қизалоқнинг шумликлари сира тугамас эди. Бир сония тинч туролмайди-я! Оёқ остида тўшаб қўйилган гилам устида сира қуримайдиган кўлмаклар пайдо бўлди, пардалар тортқилаб юлиб ташланган, бошдан-оёқ кир-чир бўлиб кетганди. Шиша идишлар чил-чил синган. Деворларга кубизм услубида ҳар хил сувратлар чизиб ташланган. Ўғлимнинг башарасида соғ жойи қолгани йўқ – бошдан- оёқ тирналиб кетган, ҳаммаёғи моматалоқ. Бу зулмлардан эзилиб кетган Меҳрибон бир бурчакка кириб қисиниб олган. Меҳмонларнинг эса маиший майда-чуйдалар билан иши йўқ эди. Ажиб бир хотиржамлик билан улар дам олишар, сайр қилишарди, биронта ҳам ташвиш уларнинг ҳавас қилса арзийдиган руҳий мувозанатларига соя солмас эди.
Бир куни мен меҳмон аёлнинг эрига шивирлаб гапирганини эшитиб қолдим:
– Таътилинг қачон тамом бўлади?
Юзимда лип этиб кўринган ҳайрат туйғусидан саволни эшитиб қолганимни англаган тафтишчи баланд овозда жавоб берди:
– Хизмат сафаримни айтяпсанми? Хизмат сафарим охирлаб қоляпти. Яна бир-икки кундан кейин бутун манзара мен учун аён бўлади.
Албатта, ҳар қанақа хотин ҳам, хизмат сафарининг икир-чикир томонларигача ҳаммасини билавермайди.
* * *
Меҳмонларнинг бизникида тура бошлаганига ҳам бир ҳафта тўлай деб қолди. Бир куни тафтишчининг номига телеграмма келиб қолди: “Сизлардан жуда дилгирман. Дарҳол сим қоқинглар”. Телеграммани ўқиб чиқиб, эр-хотин бир-бирларига маънодор қараб қўйишди. Кечки чойни ичиб бўлгач, улар айлангани кетишди. Бу гал мени безовта қилишни исташмади, шекилли, ўзлари ёлғиз кетишди. Одатдагига хилоф равишда улар чамадонларини ҳам ўзлари билан олиб кетишганди.
Улар кетишди. Биз эса эр-хотин икковимиз анчагача индашмай, бир-биримизга тикилиб ўтирдик. Биз зилзиладан кейин вайрон бўлган кулбасига тикилиб ўтирган одамларга ўхшардик. Шу кунларда анча-мунча ўзини олдириб қўйган Меҳрибон қўққисдан елкамга бошини қўйди-да, шикаста овозда сўради:
– Дада, жаноб тафтишчи ҳали бизникида узоқ турадими?
Мен оғзимни очишга улгурмай, Ширин унга бобиллаб берди:
– Улар кетиб нима қилади? Бу ердан ортиқроқ бирон жойни топа олишадими? Бу овлоқ жойда чақирилмаган меҳмонлардан халос бўламиз деб бекорга суюнган эканман. Энди амин бўлдим – бу жойлар Теҳрондан беш баттар экан.
– Азизим, Ширин, қўй, кайфиятингни бузма, – дедим мен. Афтидан, бу гапим жуда ножоиз айтилди, шекилли.
– Кайфиятинг деяпсанми? – Бу сўз уни ич-ичидан портлатиб юборгандек бўлди. – Мен бир нарсани билмоқ истайман. Нима учун сенинг уканг ўз меҳмонларини бизникида кутишни ўзига эп кўради? Бунақа десам, доим шунақа бўлиб келган. Сен ўз қариндошларингни ҳар нарсадан ортиқ кўрасан. Ўзингнинг оиланг билан бўлса, ҳеч қачон ишинг бўлган эмас…
Бир нарса деб эътироз билдиришга гап тополмадим. Менинг индамаганим бадтар унинг аччиғини келтирди.
– Майли, иккидан бирини танла – ё мен билан Меҳрибонни де, ёки қариндошларинг билан дўстларингни танла.
– Ширин, жоним, сен билан ўғлимни нечоғлик яхши кўришимни билмайсан…
– Яхши кўраман? Агар сен бизни яхши кўрганингда биринчи куниёқ бу тафтишчига бизники каптархона эмаслигини бир амаллаб тушунтириб қўярдинг.
– Бунақа бўлишини ким билиб ўтирипти дейсан? Мен бир-икки кун туриб, кетади деб ўйлабман-да…
Шу бир ҳафтада бир йилга қаридим. Бу мутакаббир ва виждонсиз одамларнинг олдида бамисоли оқсочдай бўлиб қолдим. Улар бўлса, фақат энг қиммат чойни ичишади, бир кун туриб қолган ёғни кўнгиллари хушламайди, энг сара гурунчни тановул қилишади. Сен бўлсанг худди уларнинг югурдагидек кетларидан югуриб юрасан. Извошга тушса, кира ҳақини сен тўлайсан, шифокорнинг ҳақи ҳам сенинг бўйнингга, дорихоначи билан ҳам сен муомала қиласан. Агар мени шу бўйинтуруқдан халос этишга қурбинг етмаса, унда мен кетаман. Кетиб кўнглим таскин топмаса бўлмайди.
Қаҳр-ғазабдан унинг туси ўзгариб кетганди. Қўллари қалтирар, овози бўғилиб-бўғилиб қолаётганди. Қўрқиб кетган Меҳрибон онасининг этагини ушлаб олиб, ҳўнграб йиғлайди. Менинг кўнглимда аллақачон тафтишчи хотини билан сайрдан тезроқ қайтиб келақолсайди, шоядки, бу ғалвалар тезроқ барҳам топса деган истак пайдо бўлганди. Лекин улар ҳадеганда қайтаверишмади. Мен кўчага чиқиб кетишга аҳд қилдим. Хотиним ёлғиз қолса тезроқ тинчиши мумкин. Бундан ташқари бола нарса бунақа можаролардан узоқроқ тургани ҳам яхши. Кўча эшик тақиллаб қолганда мен пойабзалимни киймоқда эдим. Мен эшикни очишга ошиқдим. Меҳрибон орқамдан югурди.
Эшикни очиб, остонада соч-соқоли оппоқ, ёши анчага бориб қолган нотаниш эркакни кўриб лол қолдим. Унинг олдида оёқлари тагида чамадони турарди.
– Жаноб Шоҳинмисан? – деб сўради у.
– Ҳа. Келинг, хизмат?
– Биласизми, мен М. Ман, – деб ўзининг исмини айтди меҳмон. – Қўлимда укангизнинг мактуби бор эди. Минг афсуски, икки ҳафтача аввал мен уни йўқотиб қўйдим…
– Шошманг, шошманг… Сиз жаноб М. Сиз. Ҳозир қанд савдосини тафтиш қилгани келдингиз?
– Ҳа, шундоқ. Эртага кечқурун жўнаб кетишим керак. Укангиз, билишимча, сизга алоҳида мактуб ёзган. Мен унга, албатта, сизникига кириб чиқишга ваъда берганман. Лекин сиздан илтимос – тўғрисини айтинг. Агар сизга малол келадиган бўлса, бир кунни мен меҳмонхонада ҳам ўтказавераман.
– Укам менга ҳеч нарса деб ёзгани йўқ. Сиз йўқотиб қўйган мактубни эса… Хайр, майли, бу гапларни қўяйлик. Яхшиси, қани ичкарига марҳамат. Бемалол, батафсил гаплашиб оламиз.
Меҳрибон ҳайқирганича ичкарига югурди.
– Ойижон! Ойижон! Яна битта тафтишчи келди!
Русчадан Озод Шарафиддинов таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 6-сон