— Қани, менга бер-чи. Сен эплолмаяпсан.
Хотиним пичоқни қўлимдан юлқиб олди-да, қаттиқ бўлакни чаққонлик билан қирқа бошлади. У ғаройиб шаклдан тугунча ҳосил қилди. Қоғозни буклар экан, юзига мамнун табассум қўнди.
— Шунчаки термулиб тураверма, — деди у. — Велосипедингнинг насосини олиб келиб бер.
У ғалати мослама ичига насос билан ҳавони ҳайдаркан, ажабки, у нарса инсон қиёфасига кириб борарди.
Рафиқам ачишаётган қўлларини дам олдириш учун бир нафас тўхтади.
— Менга бер-чи, – дедим унга.
— Сенсиз ҳам ўзим яхши уддалаяпман, – жеркиб берди у зириллаган товуш билан, насос тутқичидаги қўлимни итариб.
У завқ билан шаклни аста-секин тўлиқ қиёфага киришини кузатиб турди. Бизнинг кичкинагина ошхонамизда худди менинг бўйим билан баробар қиёфа қад ростлади. У яшил пластмассали костюми ва қаттиқ жағлари билан келишган ҳамда ақлли бўлиб кўринди.
— Машина учун, – тушунтирди рафиқам менга яна шатиллатиб. – Уни газетадаги эълондан ўқиб қолдим. У менинг ёнимда ўтириб, ўғриларни қўрқитиб юради.
Кулиб юбордим. Рафиқам бу сунъий қўғирчоқсиз ҳам қароқчиларнинг ўтакасини ёра оларди.
— Бу бизнинг эркатойимиз бўлади, хўп? – деди у, ясаган ўйинчоғига қувноқ табассум билан қараб. – Мен унга Генри деб ном қўяман.
Рафиқамнинг “Генри”дан роса кўнгли тўлди. Мен улар машинада бирга чиқиб кетишганида қолиб, уй юмушларини бажараман. Кечқурунлари “Генри” менинг креслойимда, оловдан хавфсиз жойда ўтиради. Унинг кеккайган қиёфаси ва мағрур табассумига ғазаб билан тикилиб, ошхонадаги у “эгаллаган” оғир стулнинг жойини ўзгартирдим.
— Шикоят қилмай қўя қол, – буни тақиқлади рафиқам. – У фойдалироқ экан. Барибир у йиқилган чоғда ҳам мен уни анави ёғоч стул устига ўтқазиб қўяман.
Рождествода, бу ажойиб умр йўлдошим мен учун бир тўплам кабоб сихлари ва картошка арткичлари сотиб олди. “Генри” эса катак-катак кепка, узун шотландка шарф ва ғаройиб ҳайдовчилик қўлқопларига эга бўлди.
— У бунга арзийди, – деди аёлим.
Руҳимда кучли ғазаб оқими кўтарила бошлади. Иккаласини ҳам, айниқса, “Генри”ни, димоғдор, мамнун иржайишларини шунақанги ёмон кўриб кетдимки! Ошхонадан кабоб сихини юлқиб олдим-да, унинг пластмассали орқасига қараб отдим. Аввал пақиллаган, кейин вишиллаган товуш чиқди, “Генри” бўшаша бошлади. Мен уни сиқдим ва тезроқ ҳавоси чиқиб кетиши учун кўкрагига урдим.
Рафиқам нафрат билан чинқириб юборди:
— Қандай журъат этдинг? – бақирди у. – Ахир у мени нақ эркакдай ҳимоя қилаяпти-ку.
Аммо шуниси аниқки, энди “Генри” мен бўлолмайди. Унинг гавдаси тобора қисқариб борарди.
— Уни қутқар, уни қутқар! – деди рафиқам инграб.
У сихни зарб билан тортиб олди-да, сумкаси ичига солиб қўйди.
Хотинимнинг асабий қичқириқларидан безиб, зарур асбобларни олдим-да, тезлик билан тузатишни бошладим. Насоснинг анчагина пуф-пуфларидан кейин “Генри” яна ўзининг тўлиқ шамойилини тиклади. Аммо рафиқамнинг нафрат тўла нигоҳини унутиш осон бўлмади. У машинага сакраб чиқиб, эшикни тарсиллатиб ёпди-да, ғилдиракларини чирқиратиб, “Генри” билан бирга ҳайдаб кетди.
Келаси шанба куни уйғонганимда тишим жуда қаттиқ оғриётган эди.
— Сени тиш докторига олиб борганим маъқул, – деди қатъий оҳангда хотиним. Унинг инқиллаб-синқиллашларимдан безор бўлгани кўриниб турарди.
— Мен сартарошга кетаяпман. Сочларимни тузатгунимча ўзингга келиб оласан.
Хотиним “Генри”ни ҳам биз билан бирга боради, деб қаттиқ туриб олди.
— Орқа кўчаларда ҳам машинани қоровулсиз ташлаб кета оламиз, – бунинг сабабини уқтирди у.
Тиш доктори томон гандираклаб борар эканман, муздай шамол эсди. Доктор менга вақтинчалик тиш пломбаси қўйиб қўйди, лекин у ҳалиям азоб бераяпти. Ёмон бир кайфиятда ортимга қайтдим. У ерда рафиқам йўқ, аммо “Генри” жилмайиб, олдинги ўриндиқда ўтирарди. Унинг бу салобатини мен кўтаролмадим.
Эшикни очиб, ясама эркакнинг қўлидан судраб олиб чиқдим. Бир дақиқага нафасимни ростлар эканман, кучли шиддатли шамол “Генри”ни қуршаб олди. Унинг дабдабали кепкаси ариқ ичига учиб тушди. “Генри” бир пастлаб, бир баландлаб учиб кетди.
Унга қараб турдим-да, ним табассум билан “Тўрт томонинг қибла!” дея хайрлашдим. Энди хотиним уни ўғирланган деб гумон қилади.
Мен эса озроқ сайр қилмоқчи бўлдим. Мен у ерда, аёлим “Генри”нинг йўқлигини билиб, қай ҳолатга тушишини кўришни хоҳламасдим. Ўзимча мағрур жилмайдим. Рафиқам шу ўйинчоқни деб ақлдан озаёзганди. Агар у “Генри”ни мен йўқ қилганлигимни билса, нақ теримга сомон тиқади-я.
Бурчак-бурчакларда айланиб юрарканман, кўчанинг нариги томонида нимадир юз берганлигини сездим. Қизиқишим ортиб, шаҳар майдончаси томон юриб кетдим ва у ерда қандай манзарага дуч келганимни бир кўрсангиз эди! Полиция ва “тез ёрдам” машиналарининг чироқлари порлаб турарди. Ҳамма ибодатхона минораси устига қараб ғувиллар, у ерда, чўққида, бир одам осилиб турарди. Мен тошга боғланиб қолган шотландча шарфдан дарров ҳаммасини тушундим. У “Генри” эди.
Полициячи унга махсус мослама орқали жон ҳолатда бақирарди:
— Энди кела қолинг, жаноб, зиналар бўйлаб пастга тушинг. Офицерларим сизга кўмаклашиб юборишади.
Оломон “Генри” шамолда чайқалиши билан инграб юборишди.
Олдинга сурилдим. “Офицер, офицер…!” Бироқ одамларнинг аччиқ ғўнғир-ғўнғирлари ичида овозим йўқолиб кетди. Улар шамол зўрайиб, “Генри”ни чўққида тебраниши билан айюҳаннос солишди. Ўзимнинг ҳам инграб юборганимни эшитдим. Қўрқувдан эмас… лекин елкаларим ўртасидаги азоб бераётган оғриқдан ихраб юбордим. Ўткир сихни танам ичига санчилиб бораётганини сездим. Ўгирилиб қарашим билан рафиқамнинг оломон ичида кўздан ғойиб бўлганига кўзим тушди. Уни ҳеч ким билмади ҳам. Барча кўзлар тепадаги фожеага қадалган эди.
Тиззаларим букилиб борарканман, “Генри”ни ҳавода оҳиста, енгил учиб кетаётганлигини кўрдим. Унинг лабларида ғолибона масрур табассум барқ урарди.
Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси
«Китоб дунёси» газетасидан олинди.