Люция газета сотиш билан шуғулланар, Борис эса, олти ойдирки ҳеч қаерда ишламасди. Кўпинча у телевизор қаршисида мук тушганча, йўлдош каналлардан бериладиган спорт кўрсатувларини томоша қилар, баъзида соқол олиш ҳам эсидан чикар, айниқса, кейинги пайтларда сеҳргарлик ва парапсихология ҳақидаги китобларга ружу қўйган, узоқ-узоқларга кетиш ҳақидаги аллатовур режалар ҳам туза бошлаганди. Люция эса, кайфиятига кўра, ё эрига қараб асабий тўнғиллашни бошлар, ёхуд унинг ахмокона орзуларининг эрмак қилиб ўтирарди. Тўғри, биринчи ҳолат тез-тез такрорланарди. Шунга карамай, уларнинг турмуши у қадар ёмон эмасди.
Кунларнинг ьирида Борис хотини савдо қиладиган газета дўкончасига айланиб борди-ю, узоқдан хотинининг ёнгинасида ўтирган форма кийган ёшгина эркакка кўзи тушди. Улар алланарсалар ҳақида эзилиб гап сотишарди. Улар Борисни кўриши билан аллакандай саросимага тушиб қолишди. У эса тушуниксиз уятчанлик ҳиссини туйиб , индамай ортига қайтди.
-Кеча сен билан гаплашиб турган ким эди?- сўради эртаси куни у ясама лоқайдлик билан.
-Кимни айтяпсан?
-Форма кийган анави нусхани айтяпман.
-Ҳа, уим? – деди Люция соддалик билан.- У Деян. Тўғримиздаги уйда туради.
-Вой палакат,- тутакиб кетди эри ўн дакикаларчамаси фурсат ўтгач. – пульт учун бир ҳафта илгари батарейка олгандим. Аллакачон соб бўпти. Мана, ишламаяпти.
-Нимасига ҳайрон бўласан? Кун бўйи пульт қулингдан тушмаса,- деди унга жавобан Люция.
Куни қуруқ ва иссиқ эди, қўшни хонадондан янчилган калампирнинг ҳиди анқиб турарди, ҳавони эса субҳи содиқдан бери якин орадаги қурилишдан тупроқ ташиётган самосваллардан кўтарилган чанг қоплаган эди. Борис сарпойчан болохона панжарасига суянганча уйга қайтаётган хотинининг стоянка ёнидан қандай ўтишини кузатаётганди. Аёл йўлакка киргунича ундан кўз узмай турди ва хонага қайтиб енгли кўйлагини кийди.
-Иш масаласида бир жойга утиб келишим керак, – деди у зинапояда Люция билан тўқнаш келаркан. – Тушликка сенга бўғирсоқ опкелиб қўйганман.
У чап тирсагини машинанинг очиқ дарчасига тираганича, бўм-бўш кўчалардан узоқ кезинди. Унинг сариқ “опел”идаги радио ҳам, магнитофон ҳам ишламас, ўриндиқ ғилофлари ҳам илма-тешик бўлиб кетганди. Дарахт шохлари орасидан шамол ғувилларди. Умуман олганда, Люция мен сени ҳеч качон севмаганман, дея ўйларди у рўпарасидаги кўзгуда ўз аксига сер соларкан, мутлақо севмаганман. У қулидаги сигаретини кулдонда эзғилаб газни босди.
Кутилмаганда ўнг тарафдан қип-қизил “мазда ” чиқиб қолгани у пайқамай ҳам қолди. Фақат “Мазда” унинг машинасининг ён томонига зарб урилиб, ён ойналар мингларча зарраларга айланиб шамолга сочилиб кетганида эсига жойига келди. У савқи табиий тарзда тормоз тепкисини босган чоғида кўкраги билан рулга бориб урилди ва зўр бериб сигнал тугмасини босди. Сигнал ўн сония давомида бахтсиз ҳодиса даракчисидек янграб турди. Бундан ўзи ҳам ваҳимага тушиб ташкарига отилиб чиқди.
“Мазда” ҳайдовчиси йигирма, ошиб борса йигирма ёшлар чамасидаги йигит бўлиб, саросимада қалтираб турарди.
-Нима қип қўйдинг, галварс,- сўради Борис ажабтовур босик оҳангда. “Энасини кўрибди”, ўйлади сунг машинанинг буришиб қолган кузовига қараб. Ажабланарлиси, бу фалокат уни шу қадар қаҳрини келтирмаган, юзида фақат паришон норозилик аломати сезиларди, холос. У айни пайтда шунақанги тушкун кайфиятда эдики, ўз ҳолатини ўзи ҳам яхши идрок этолмасди.
Бирдан унинг боши айланиб кетди машинасининг ёнида чўккалаб қолди. Дақиқалар бир-бирини қувиб ўтиб борар, у эса кўксидаги қаттиқ оғриқдан бўлак ҳеч нарсани ҳис этолмасди.Анчадан кейин у ён-атрофини ўраб олган текин томоша ишқибозларининг ғовур-ғувуридан ўзига келди. Уларнинг гап-сўзлари Бориснинг назарида радиоприёмник қулоғини бир тўлқиндан бошқасига созлаётган пайтда эшитиладиган маъносиз, узуқ-юлуқ шовқинни эслатарди.
– Хотинимга қўнғироқ қилишим керак,- деди у бирдан.
– Балки, меникидан телефоне қиларсиз? – деди олмон ичида турган оч яшил рангли унниқиб кетган халатдаги аёл.- мен тўғридаги уйда тураман.
Уйнинг меҳмонхонасида шундоққина деразанинг ёнида каттакон лимонни эслатувчи чироқ хирагина нур сочиб турарди. Борис қопламаси уриниб қолган диван устига беҳол чўкди. Аёл шаффоф суюқлик билан лаболаб тўлдирилган иккита қадаҳни олиб келди.
– Ароқ ичасизми?
Борис индамай кадаҳни қўлига олди. Қаердандир ўзи кўринмаётган чивиннинг ғўнғиллаши эшитиларди. Қўшни хонаданми, хонадонданми, радионинг баланд овози қулоққа чалинарди.”Армия сафларида хизмат килаётган қадрли ўғлимиз Иванга энг самимий тилаклар билдирган ҳллда…”
– Нега ичмаяпсиз, – сўради аёл ва шанда Борис унга диққат билан тикилди. Рангпар, ихчамгина, юзларнин сепкил босган аёл кишининг эътиборни иунчалик торта олмасди, аслида. Майин, тўқ сариқ сочларининг қуйи қисми оқаргани аниқ-тиниқ кўриниб турарди.
– Нега ичмаяпсиз,- саволини қайтарди у.
– Билмасам, таъбим тортмаяпти.
– Чумолилардан қандай қутулиш мумкин экан-а!
– Чумоли дейсизми!
– Уйимни майда, худди қовуриб олингандек қизғиш чумолилар босиб кетган. Деворлар, ошхонадаги стол-стулларга қараб бўлмайди. Ҳатто кўрпа-тўшакларга ҳам тўлиб кетган.
– Тўшакда?
– Ҳа.
– Хотинимга телефон қилишим керак эди.
– Анави томонда телефон.
Борис дастакни қулига олганича телефон гардишига узоқ термулиб турди. Чивинларнинг ғунғирлашига тоқат қилиб бўлмасди.
– Рақамни эслай олмаяпман.-деди у ниҳоят кулимсираб. – Ғалати-я?
– Маълумотхонадан сўраб кўринг. Лоақал исмингиз эсингизда борми?
– Борис.
– Ростданми, собиқ эримнинг ҳам исми шунақа эди.
– Ажрашганмисизлар?
– Йўқ, у ҳалокатга учраган.
– Автоҳалокат эмасми?
– Йўқ, Эронда ўлган.
Борис диванга қайтиб аёлнинг ёнига ўтирди, ароқдан бир қултум ютиб бошқа ичолмаслигини тушунди.
– Жин урсин. Ўз телефонимнинг рақамини унутиб қўйсам-а?
– Мен эса эримнинг қиёфасини эсимдан чиқариб юборганман.
– Чини биланми?
– Мен ҳамиша уни аллақандай ақидапарастлар ўлдириб кетишидан ёки уларнинг қурилишига бомбами, ракетами тушишидан қаттиқ қўркардим. Ўз-ўзимга бу ҳақда ўйламасликни ҳам маслаҳат берардим. Чунки, бунақа нарсалар ҳақида ўйласанг, гўёки сен шуни истагандай бунақа нохушликлар содир бўлиши мумкин.
– Эрингиз қандай килиб ўлганди?
– Унинг барагида газ баллони портлаб кетган.
“Бугуни никоҳ тўйларни нишонлаётган Шиме Лабор ва Весна Ивковични ўртоқлари Кажимир, Диана, Антония, Буба, Дамир ва Анте чин кўнгилдан муборакбод этади”
– Уни самолётда, аллақандай кумушсимион матодан тайерланган қопга солиб келтиришди.Унинг танаси қиймаланиб кетганди. Уни танишнинг мутлако имкони йўк эди… Биласизми, кулгили туюлиши мумкин. Бироқ, мен унинг ўлганига мутлако ишонмасдим. У худди “Санта-барбара”дагига ўхшаб бошқа қиёфада қайтиб келадиганга ўхшайди.
– Жудаям ғлати,- деди Борис қулидаги қадаҳдан яна бир қултум сипкориб. Диван устида аёл кишининг уч-тўрт соч толаси ётарди.-
жудаям ғалати.
Аёл ўксиб-ўксиб йиғларди. Борис аёлнинг юзига узоқ термилиб турди ва яшин ургандай калтис ҳаракат билан аёлни бағрига тортди. Аёл ҳам худди шуни кутаётгандай унинг қучогига отилди.
– Борис.
– Тинчлан, азизим,- шивирлади Борис.
– Энди биз яна биргамиз.
Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси