Иван Бунин. Юз рупия (ҳикоя)

ЮЗ РУПИЯ*

Мен бу аёлни бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисида кўриб қолдим. Меҳмонхона кўҳна голландча иморат бўлиб, океан соҳилидаги ям-яшил кокосзор бағрида жойлашган эди. Ўша кунлари ўзим ҳам шу жойда дам олаётган эдим. Кейин ҳар куни уни шу ерда кўрадиган бўлдим. У айвондан икки қадам нарида бўлган уйнинг енгилгина, иссиқ сояси тушиб турган жойда қамиш креслода ярим ётган ҳолда ястаниб оларди. Баланд бўйли, маллатоб, қийиқ кўзли, канопдан тикилган куртка ва тор шим кийиб олган дастёр йигитча шағал ётқизилган йўлка бўйлаб ялангоёқ ғарт-ғурт қадам ташлаб келарди-да, кресло ёнидаги столчага патнисни қўяр, патнисда тилло пиёлада чой бўларди. Дастёр қуруқшаб, ботиқ лунжи томон тортилиб кетган лабларини қимирлатмасдан тавозе билан бир нималар дерди-да таъзим бажо келтириб, яна қайтиб кетарди. Аёл эса ярим ётган кўйи похол ёлпиғич билан ўзини аста-аста елпир, қора бахмалдек ғаройиб киприкларини бир маромда пирпиратар эди… У ер юзида яратилган қайси тоифадаги махлуқот оиласига мансуб?
У обдон тобланган, данакдек аёл эди. Қаҳрабо кўкраклари, елкалари, қўллари ва оёқлари тиззасигача яланғоч бўлиб, баданига, сонларига кўм-кўк ялтироқ мато ўраб олганди. Сариқ оғочдан ясалган сандалига лакланган қизил тасма тортилган, оёқчаларининг қизилга бўялган тирноқлари тасма орасидан кўриниб турарди. Қатрон сочлари бошига ғанак қилиб турмакланган, бу дағал кўриниш унинг болаларча маъсум қиёфасига асло мос эмасди. Қулоқчаларининг солинчакларида ғовак тилла сирғалар тебранарди. Қоп-қора киприклари ақл бовар қилмас даражада узун ва ғаройиб эдики, Боғи Эрамда гулдан гулга учиб-қўниб юрган капалакларни эслатарди; улар жаннатий ҳинд гулзорларида ҳам гоҳида хаёл мисоли кўзга ташланиб қоларди… Гўзаллик, ақл-идрок, аҳмоқлик каби сўзлар асло унга ёпишмасди, гўё барча инсоний хусусиятлар унга бегона эди. Дарҳақиқат, у бошқа сайёрадан келиб қолган жонзотга ўхшарди. Соқовлик – унинг сўзсиз суврати эди. У ярим ётган кўйи миқ этмасди, қоп-қора бахмалдек киприк-капалакларини бир маромда пирпиратар, елпиғич билан ўзини аста-аста елпир эди…
Бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисига рикша* жадал кириб келди. Одатда, мен мана шу рикшада шаҳарни сайр этиб қайтардим. Дастёр йигитча айвон зинапоясида истиқболимга пешвоз чиқиб таъзим бажо келтирди-да, паст товушда:
– Сэр, юз рупия, – деди инглизчалаб.
Бу – уша санамнинг бахоси эди. Афсус…

1944, 24 май

Олима Набизода таржимаси
___________
*Рупия – Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа Ҳинд океани ҳавзасида жойлашган мамлакатларда пул бирлиги; харид қуввати ҳар хил /тарж. изоҳи/.
*Рикша – ҳаммол тортиб юрадиган ғилдиракли безакдор аравача, унда йўловчи ёки юк ташиш мумкин /тарж. изоҳи/.