Қош қорая бошлаганда Чернь йўлидан кетаётган ёш савдогар Красилшиков жалада қолиб кетди.
У мовут чакмони ёқасини кўтариб, томчилар дув-дув томаётган картузини бостириб кийган ҳолда қўнжи узун этикларини аравачанинг ўқига қаттиқ тираб, тўсиқ орқасидаги ўриндиқда ўтирар, увишиб қолган ҳўл бармоқлари билан ивиб кетган тизгинни силтаб тортиб, югурик отни янада тез чопишга ундар, суюқ балчиқ сачратиб кетаётган чап томондаги гилдирак ёнида йирик кунгир овчи ит тилини осилтириб, бир маромда ғизиллаб борарди.
Олдинига Красилшиков аравачани тош йўл бўйлаб чўзилган қора тупрок, сўқмоқдан ҳайдади, сўқмок, кўпикланиб оқаётган кулранг бутана билан тўлгандан кейин катта йўлга бурилиб, майда шағални ғижирлатиб кета бошлади. Ён-атрофдаги дарахтлар осмон ҳам янги узилган бодринг ва фосфор ҳиди уфуриб турган қуюқ ёмғир пардаси остида кўринмай қолган эди, кўз ўнгида ёруғ шуъла қора булутларни тешиб, кўзни олгудек ярақлаб чақнар ва бўшлиққа томир оттан яшин бош устидан қалдираб ўтиб, бир лаҳзадан кейин худди қиёмат қойимдан дарак бераётгандек, даҳшат билан гумбурлаб портлар эди. От дам-бадам чўчиб тушса-да, шитоб билан йўртаб борар, ит эса қулоқларини қисиб, жон ҳолатда сакраб-сакраб югурар эди.
Красилшиков Москвада ўсди, шу ерда ўқиб, университетни битирди, аммо ёзда Туладаги бадавлат хонадонларни эслатадиган чорбоғига келгач, мужиклар орасидан чиққан помешчик-савдогарга ўхшаб юришни ёқтириб қолди ва тилла қутичага солинган сигарета чекадиган, йилтиллатиб мойланган этик, ён ёқа кўйлак, бурма камзулкиядиган, рус кишиси эканидан ниҳоятда ғурурланадиган бўлиб қолди, ҳозир эса, жала ва қалдироклар ичида, бош кийими ва бурнидан томаётган совуқ томчилар ғашини келтираётганига қарамай, қишлоқ ҳаётига хос қайноқ лаззат оғушида сармаст эди. Ёз бўйи ўтган йилги саратонда машҳур артист жононга жазманлик қилиб, июл ойида уни Кисловодскка жўнатгунча Москвада дайдиб юрганини, бекорчилик, жазирама, кесилган темир бочкалардан бурқсиб чиқаётган кўкимтир қорамой тутуни ва иссиқ кўламсиқ ҳидга тўла ўнқир-чўнқир Москва кўчаларини, Кавказга отланган Малий театр артистлари билан Троицкий нишаблигида қилинган нонушталарни, Трамблэ қаҳвахонасидаги роҳатижон ўтиришларни, сўнг ғилофи олинмаган мебеллар, қандиллар, нафталин ҳидли докаларга ўралган суратларга тўла хонасида интизорликда ўтказган тунларни тез-тез эслай бошлаганди. …
Ёзда Москва оқшомларининг адоғи бўлмайди, ўн бирларга борганда қоронғи тушади, кутиб ўтираверасан, ўтираверасан, ундан эса дарак йўқ. Ниҳоят, қўнғироқ, у кўркам ёзги либосда, нафаси тиқилиб зўрға гапиради: «Мени кечир, жоним, куни билан бошим оғриб ётиб қолдим, совға қилган чойгулингниям чайнаб ташладим, шошилганимдан олифта бир извошчини ёллабман дегин, ўлгудек очман…»
Ниҳоят, жала ва момақалдироқ наъраси пасайиб, атроф сал ёришгандан кейин, олдинда, тош йўлнинг чап томонида яқинда хотини ўлган кекса мешчан Прониннинг таниш карвонсаройи кўринди. Шаҳарга ҳали йигирма чақиримча бор, нафас ростламасак бўлмайди, ўйлади Красилшиков, от кўпикка ботиб кетган, тағин нима бўлишини ким билсин, у томонлар қоп-қорайиб ётибди, чақмоқ чақишини қаранг-а… У йўлни карвонсаройга қараб солди ва ёғоч дарвоза қанотигача отни йўрттириб келди. − Бобо! − Қаттиқ қичқирди у. − Меҳмонни қабул қил! − Аммо тунукаси занглаган ёғоч уйнинг деразалари қоп-қоронғи, сас-садо йўқ. Красилшиков тизгинни қозиққа боғлаб, пиллапоядан соябонли йўлакка кўтарилди, орқасидан лойга беланган, жиққа ҳўл ити сакраб чиқди, унинг кўриниши ваҳимали, кўзлари чақнаб маъносиз ялтирарди, − тер босган пешанасидаги картузни кўтариб қўйди, ёмғирда оғирлашган чакмонини ечиб, панжарага ташлади ва кумуш тўқали камар боғланган ён ёқа кўйлакда қолиб, қора лой сачраб, ола-чипор бўлиб кетган юзини артди, сўнг қамчиси билан почасига ёпишган лойларни уриб-уриб тушира бошлади.
Оғил эшиги очиқ бўлса-да, уй ичида ҳеч ким йўққа ўхшарди. Молларга қарашяпти, шекилли, ўйлади у ва энгашиб, ён-атрофга тикилди: жўнаб кетаверган маъқулмикин? Кечки ҳаво оғир ва намчил эди. Ёмғирда эгилиб қолган буғдойзор томондан беҳисоб беданаларнинг хушхон хониши эшитилиб турарди, жала тинган, аммо тун бостириб келар, еру осмон хўмрайган зулмат қўйнида, тош йўлдан нарида, пастак қорамтир ўрмон орқасида совуқ булутлар янада қуюқлашган, дам-бадам қизғиш шуъла ёйилиб, атрофга ёвуз тилларини чўзарди − Красилшиков даҳлизга ўтди, қоронғида пайпаслаб меҳмонхона эшигини топди. Меҳмонхона ҳам қоп-қоронғи ва кимсасиз эди, фақат қаердадир осма соатнинг чиқиллаши эшитиларди. У эшикни тарақлатиб ёпди, оёғини судраб бориб, хонадаги бошқа эшикни очди: ҳеч ким йўқ, фақат иссиқ қора шифтга ёпишган мудроқ пашшалар норози бўлгандек гувиллашди.
− Ўлиб қолишганми? − овоз чиқарди у ва шу заҳоти қоронғида сўридан сирғалиб тушаётган ҳўжаийннинг қизи − Стёпанинг болаларга хос бийрон, ёқимли овозини эшитди.
− Сизмисиз, Василь Ликсеич? Мен бир ўзимман, оқсочимиз дадам билан уришиб, уйига кетиб қолди, дадам бўлса хизматкорни олиб, иш билан шаҳарга кетувди, бугун қайтиши гумон… Момақалдирокдан ўлгудек қўркдим, бир маҳал бу ёққа кимдир келганини эшитиб, ўтакам ёрилаёзди… Салом, мени кечирасиз, марҳамат қилинг…
Красилшиков гугурт чақиб, унинг қора кўзлари ва қорамағиз юзии ёритди:
−Салом, тентаккинам. Мен ҳам шаҳарга кетяпман, мана, кўрмайсанми нималар бўлаётганини, кутиб турай деб кирдим… Сен бўлсанг, қароқчилар босди деб ўйлапсанда-а?
Гугурт ёниб битди, аммо қизнинг хижолатомуз кулимсираётган юзи, бўйнидаги кўзмунчоқлари, сарғиш сатин кўйлак остидаги кичкина кўкраклари яққол кўриниб турарди… Бўйи Красилшиковдан икки баравар кичик, худди ёш қизалоққа ўхшайди.
− Ҳозир чироқни ёқаман, − деди қиз шоша-пиша ва Красилшиковнинг ўткир нигоҳидан баттар хижолат бўлиб, стол устидаги чироққа қўл чўзди. − Сизни худо етказди, ёлғиз ўзим ваҳима қилиб ётгандим, − у майин товушда гапирар экан, оёқ учида туриб, эҳтиёткорлик билан чироқнинг кампирагини бураб, шишасини чиқарди.
Красилшиков унинг эгилиб турган қоматига тикилганча бошқа гугурт чўпини ёндирди.
− Тўхта, кераги йўқ, − бирдан у гугуртни ерга ташлаб, қизнинг белидан қучоқлади. − Тўхтаб тур, қани, менга бир қарагин-чи.
Қиз хавотирланиб, елкаси оша қаради, қўлларини пастга тушириб, унга ўгирилди. Йигит уни бағрига тортди, қиз қаршилик кўрсатмади, фақат ҳайрат ва қўрқув ичида бошини орқага ташлади. У ғира- ширада қизнинг кўзларига юқоридан назар солар экан, кулиб қўйди:
− Яна қўрқяпсанми?
− Васил Ликсеич… — қиз ялинчоқ оҳангда зўрға гапирди ва йигитнинг қучоғидан секин сирғалиб чиқишга уринди.
− Тўхта. Наҳотки мени ёқтирмасанг? Ҳар кўрганингда севиниб кетишингни биламан-ку…
− Сиздан яхши одам дунёда йўқ, — деб пичирлади қиз ҳароратли товушда.
− Ана, кўрдингми?..
Қизнинг лабларидан узоқ ўпди, сўнг қўллари пастга сирғалди.
− Васил Ликсеич… Худо хаққи, қўйинг… Отингиз дарвоза олдида қолиб кетди-ку. Эсингиздан чиқариб қўйдингизми?.. Отам келиб қолади… Қўйинг, керак эмас!
Ярим соатдан кейин у уйдан чиқди, отни ҳовлига киргизиб, бостирмага боғлади, юганини чиқарди, ҳовли ўртасидаги аравадан янги ўрилган ўт келтириб солди ва чарақлаб очилиб кетган осмондаги сокин юлдузларга тикила-тикила ичкарига кирди. Иссиқ қоронғулик оғушидаги жимжит хонага ҳамон олисдан заиф шуълалар тушиб турарди. Қиз сўри устида бошини кўксига солинтириб, ғужанак бўлиб ётар, бояги ишнинг ғалатилигидан ҳам қўрқиб, ҳам роҳат қилиб, беихтиёр иссиқ кўз ёши тўкарди. У қизнинг шўртанг кўз ёшлардан ҳўл бўлган юзидан ўпди, ўнг қўлида папирос ушлаганча чалқанча ётиб, унинг бошини елкасига қўйди. Қиз индамай, тинч ётарди; у чекиб, чап қўли билан юзига тегиб турган паришон сочларни эркалаб силади…
Қиз тезда ухлаб қолди. У қоронғиликка тикилиб ётар экан, мамнун кулимсираб қўйди: «Дадам шаҳарга кетди…» Кетиш бунақа бўлади! Ярамас чол дарров билиб олади — қотмадан келган, жаҳли тез, қалин қоши бўлса қоп-қора, кўзлари ниҳоятда ўткир, ўлгудек ичганда ҳам ақлини йўқотмайди дейишади…
У уй ичи ёришиб, шифт билан пол ўртасидаги бўшлиқ бемалол кўринадиган бўлгунча ухламай ётди. Бошини буриб, ойнага қараб, уфқ яшил тусга кираётганини кўрди, ғира-ширада стол бурчагига қўйилган Исо Масиҳнинг бир қўлини кўтариб, одамларга ўткир нигоҳ ташлаб турган улкан суратига кўзи тушди. У қизга қаради: ёнбошлаган кўйи оёқларини йиғиб, сокин ухлаб ётибди. Бечора қизалоқ нақадар дилга яқин…
Осмон батамом ёришиб, девор орқасидаги хўроз бир-икки қичқиргандан кейин у туришга шайланди. Кўкраги очиқ, сочлари ёйилиб кетган қиз ҳам сакраб туриб, ярим ёнбошлаб ўтирди ва ҳеч нарсани англамай унга тикилиб қолди.
− Стёпа, − деди у эҳтиёткорлик билан. − Вақт бўлди.
− Кетиб қоласизми? — шивирлади у гарангсиб.
Сўнг бирдан ҳуши жойига келди, қўлларини устма-уст қўйиб, кўкрагига ура бошлади:
− Қаёққа кетасиз? Энди сизсиз қандай яшайман? Мен нима қиламан энди?
− Стёпа, мен тезда қайтиб келаман…
− Дадам уйда бўлади-ку, сизни қандай қилиб кўраман?! Йўлдан нарига ўтиб, жон деб ўрмонда пойлаб турардим-у, мени уйдан ташкарига ким чиқаради дейсиз?
Йигит тишларини ғижирлатиб, уни чалқанчасига ағдарди. Қиз қўлларини кенг ёйиб, охирги нафасини чиқараётгандек ширин энтикиб, «Оҳ» деб нидо қилди.
Бир оздан кейин у кўйлагини, картузини кийган, қўлида қамчи, чиқиб келаётган қуёшга орқа ўгирган ҳолда сўри олдида турар, қиз эса сўрида тиз чўккан кўйи болаларча ҳўнграб йиғлар, лабини хунук қийшайтириб, тез-тез гапирар эди:
− Васил Ликсеич… Худо ҳаққи… азиз авлиёлар ҳақи, мени хотин қилиб олинг! Ўлгунча чўрингиз бўламан! Остонангизни ялаб ётаман! Олинг мени! Жон деб изингиздан кетар эдим, мени ким қўйиб юборади дейсиз?! Васил Ликсеич…
− Бас қил! − деди Красилшиков кескин. − Тез кунда келиб отангга учрашаман. Сенга уйланаман дейман. Эшитдингми?
У чўккалаб ўтирди, дарров йиғидан тўхтади, намланган кўзлари ярақлаб очилди:
− Алдамайсизми?
− Чин сўзим.
− Покланиш байрамида ўн олтига тўламан, − деди у шоша-пиша.
− Ана, демак, ярим йилдан кейин никоҳдан ўтишимиз мумкин экан…
Уйга келиши билан у нарсаларини йиғиштиришга тушди, кечқурун уч отли аравада темир йўлга жўнади. Икки кундан кейин у Кисловодскда эди.
1938 йил 5 октябр
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси