Иван Бунин. Кавказ (ҳикоя)

Москвага келгач, мен Арбат ёнидаги кичкина кўчада жойлашган кўзга ташланмас меҳмонхоналарга ўғримисол бекитиқча тушиб, гўшанишин, бир учрашувдан иккинчи учрашувга қадар интизорлик ичра яшардим. У эса шунча кун ичида атиги уч марта хонамга келди, лекин ҳар сафар шошилиб:
– Мен фақат бир дақиқагинага келдим, – дерди.
Юзи ишққа мубтало бўлган аёлнинг чеҳрасидаги гўзал рангпарликка хос оқариб, овози титраб, соябонини дуч келган жойга ташлаши, бетидаги тўрни кўтариб, мени қучишга шошилиши раҳмимни ва завқимни келтирарди.
– Менимча, у нимадандир шубҳаланяпти, – дерди у. – Ҳатто бир нималарни билади, шекилли, балки бирон-бир хатингизни кўриб қолдимикин, ғаладонимга тушадиган калит ҳам топганга ўхшайди… Қаҳри қаттиқ, иззатталаб феъли бор, ҳар нарса қўлидан келади, деб ўйлайман. Бир куни менга тиккасига: “Ўз номусимни, эрлик ва офицерлик номусимни сақлаш учун ҳеч нимадан қайтмайман!” деди. Энди эса нимагадир ҳар қадамимни пойлаяпти, режамиз ўнгидан келиши учун ниҳоятда эҳтиёт бўлишим лозим. У мени қўйворишга рози бўлди, ахир унга денгизни кўрмасам ўлиб қоламан, дедим. Лекин, худо ҳақи, сабр қилинг!
Режамиз дадил эди: битта поездда Кавказ соҳилига жўнаш ва ўша ерда бирон-бир овлоқ жойда уч-тўрт ҳафта яшаш. Мен у соҳилларни билардим, бир вақтлар, ёш пайтим Сочи яқинида бир муддат ёлғиз яшагандим, қора сарвлар орасида, совуқ бўз тўлқинлар бўйида ўтган ўша куз оқшомларини бир умр хотирамда олиб қолгандим… “Энди ўша ерларда, тоғ чангалзорларида, иссиқ денгиз бўйи­да сен билан бирга бўламан…” деганимда унинг ранги оқариб кетарди. Режамиз рўёбга чиқишига сўнгги дақиқага қадар ишонмадик, чунки бу бизга ниҳоятда катта бахт бўлиб кўринарди.
Москвада совуқ ёмғирлар қуярди, гўё ёз ўтиб кетгандек, бошқа қайтмайдигандек туюларди, ҳаммаёқ лой, осмоннинг қовоғи солиқ, кўчалар ҳўл, ўткинчиларнинг очиқ шамсиялари, елиб ўтаётган енгил араваларнинг силкинишдан тит­раётган соя­бонлари ёмғир остида қорайиб йилтирарди. Қоронғи, ёқимсиз кеча эди, вокзалга жўнарканман, вужудим хавотир ва титроқдан музлар эди. Шляпамни кўзларимгача бостириб, пальтомнинг ёқасини кўтариб, юзимни яширдиму вокзал ичидан ҳам, платформадан ҳам югуриб ўтдим.
Мен олдиндан буюртириб қўйган биринчи класс вагонининг мўъжазгина купесида томга тўкилаётган ёмғирнинг шовқини баралла эшитиларди. Тезгина дераза пардасини туширдим, ҳаммол ҳўл қўлини оқ пешбандига артиб, чойчақа олиб ташқари чиқиши биланоқ, эшикни ичкаридан қулфладим. Кейин пардани сал кўтариб, вагон ёнида, вокзал фанорларининг хира ёғдусида у ёқдан-бу ёққа зир югураётган турфа хил оломондан кўз узмай ўтиравердим. Платформада у ёки унинг эри билан дуч келиб қолмаслик учун мен иложи борича вокзалга эртароқ, у эса иложи борича кечроқ келишга шартлашган эдик. Уларнинг келар вақти етганди. Мен зўр бериб қоронғиликка тикилардим, аммо улар кўринишмасди. Иккинчи қўнғироқ чалинди, мен қўрқувдан музлаб кетдим. Кечикдими ёки эри сўнг­ги дақиқада қўйворгиси келмай қолдими! Лекин шу заҳотиёқ уларга кўзим тушди. Замш қўлқоп кийган қўли билан хотинининг тирсагидан тутганча кенг қадам ташлаб келаётган, бошига офицерлар картузини қўндирган, тор шинелли новча эркакка ҳайрат билан қарадим-у, ўзимни деразадан четга тортиб, диван бурчагига йиқилдим. Ёндош вагон иккинчи класс эди, хаёлан эри уни қўлтиқлаганча бамайлихотир ичкари кирганини, ҳаммол юкларни дуруст жойлаштирдими, йўқми, дегандек атрофни кўздан кечирганини, қўлидан қўлқопини, бошидан картузини ечиб, хотинини ўпганини, чўқинтирганини кўрдим… Учинчи қўнғироқ ҳушимни бошимдан учирди, шарақлаб қўзғалган поезд батамом гангитиб юборди… Поезд чайқалиб, тебраниб тезлаша бош­лади, кейин юриши равонлашиб, илдамлашиб кетди… Уни ёнимга кузатиб қўйиб, юкларини келтириб берган кондукторга музлаб қолган қўлларим билан ўн сўмлик қоғоз қистирдим…
Ичкари кираркан, у мени ўпмади ҳам, фақат диванга ўтириб, шляпасини сочларидан ажратиб оларкан, ҳазин жилмайди.
– Тушлик ҳам қилолмадим. Бунақанги қўрқинч­ли ролни ўйнагани чидолмасам керак, деб ўйловдим. Жуда чанқадим. Нарзан бер менга, – деди у, биринчи бор мени “сен”лар экан. – Биламан, у ортимдан келади. Унга иккита манзилни – Геленжик ва Гаграни айтдим. У икки-уч кундан кейин Геленжикка келади… Э, Худо олсин, бунақанги азобдан ўлган яхши…
Эрталаб йўлакка чиққанимда у ерда қуёш чарақлар, ҳаво дим, ювиниш хоналаридан совун, одеколон иси келар, умуман, эрталаб гавжум вагонда қандай ҳидлар ҳукмрон бўлса, ҳаммаси бор эди. Чангдан хира тортган, иссиқдан қизиган ойналар ортида офтобда куйган текис чўл, кенг тупроқ йўллар, хачирлар тортиб бораётган аравалар кўринар, кунгабоқарлар доира бўлиб ўраган, қўраларида алвон гулхайрилар очилган темирйўл будкалари липиллаб ўтарди… У ёғига қўрғон ва мозорлар дўмпайган яланғоч, чексиз текисликлар, чидаб бўлмас қақроқ офтоб, чанг босган булутга ўхшаган осмон кўринди, сўнг уфқда дастлабки тоғларнинг шарпаси кўзга ташланди…
У эрига қаерда тўхташимни ҳали билмайман, деб ёзиб, Геленжик ва Гаградан биттадан откритка жўнатди. Кейин биз соҳил ёқалаб жанубга қараб тушдик.
Биз қалин чинорлар, гуллаган буталар, қизил дарахт, магнолия, анорлар ўсиб ётган, ораларида елпиғичсимон пальмалар кўкка чўзилган, сарв дарахтлари қорайган бир гўшани топдик…
Мен эрта уйғонардим, у уйқудан уйғонгунча, чой ичиладиган вақт – соат еттигача ўрмон чакалаклари орасида кўтарилган тепаликлар оралаб кезардим. Иссиқ қуёш энди бор қуввати билан чарақлаб, шодиёна ёнарди. Ўрмонларда муаттар мовий туманлар ярқирар, ердан аста кўтарилиб, эриб борар, олисдаги сердарахт чўққилар ортида абадий қорли тоғлар ярақларди… Ортга эса қишлоғимиздаги жазирама, мўриларидан ёқилган таппи иси уфуриб турган бозор орқали қайтардим. У ерда савдо қизиган, оломон, от ва эшаклар кўплигидан тиқилинч, эрталаблари бозорга тоғликлар оқиб келишар, қора кўйлаклари ерга тегаёзган, бошларини қоп-қора алланима нарса билан ўраб олган черкас аёллари қизил чувакларида оҳиста су­зиб боришаркан, баъзида мана шу ўраниб олган мотамона либослари орасида қушдек ўткир нигоҳлари ярқ этиб кўриниб қоларди.
Кейин биз ҳамиша бўшаб ётадиган соҳилга жўнардик, чўмилардик, то нонуштага қадар офтобда ётардик. Шкар, оқ вино ва мевалар билан нонушта қилганимиздан кейин черепица том остидан, юпқа дарча орасидан қайноқ, қувноқ нур толалари кулбамизнинг жазирама ним қоронғилиги оралаб чўзилиб тушиб келарди.
Кун тиғи пасайиб, деразани очганимизда кулбамиз пастида, қияликда кўкарган сарвлар орасидан кўриниб турган денгиз бинафша тусга кирган бўларди, у шундай сокин, сатҳи шу қадар текис эдики, ҳеч қачон бу осойишталикнинг, бу гўзалликнинг ниҳояси бўлмайдигандек туюларди.
Кўпинча кун ботишда денгиз ортида ҳайратомуз булутлар тўдалашарди, улар шу қадар ғаройиб товланардики, баъзида у тахтага ётиб олиб, юзини ҳарир шарф билан ёпиб йиғларди. Чунки икки, уч ҳафтадан кейин яна Москвага қайтиш керак эди!
Тунлар илиқ ва зимистон эди, бир текис учаётган оловранг пашшалардан таралган тилларанг шуъла зим-зиё қоронғиликда милтиллар, ўрмон бақалари шиша қўнғироқ каби шаффоф товушда куйларди. Кўз қоронғиликка кўникканда тепамизда юлдузлару тоғ ўркачлари кўринар, қишлоқ тепасида биз кундузи пайқамаган дарахтлар намоён бўларди. Тун бўйи ўша ердан, майхонадан ноғоранинг бўғиқ тараклаши ва ҳамиша бир хил – ўткир, маъюс бир нола эшитилар, назаримда бу фиғон беадоқ бир қўшиқ, дардчил бахтиёрлик ифодаси эди.
Ёнимизда, ўрмондан денгизга қараб эниб кетган жарлик пастида, тошлар устидан саёз, шаффоф ирмоқ ирғишлар эди. Кечиккан ой тоғлар ва ўрмонлар ортидан худди қандайдир ғаройиб хилқат каби синчков боққан сирли кезларда бу ирмоқ сувлари ўзини тошларга отиб, парчалар, тўлқинланиб, бирам ажойиб жилва қилардики!
Баъзан тунлари тоғлардан даҳшатли булутлар ёпирилиб келарди, ғазабкор бўрон турарди, ўрмонзорнинг шовқинли, гўрис­тон зулматидек қоронғулигида сеҳрли яшил чоҳлар очилиб, осмони фалакда азалий қалдироқлар ёриларди. Шунда ўрмонда бургут болалари уйғониб, чи­йиллар, барс ўкирар, шоқоллар увиллар эди… Бир сафар чироғимиз ёниқлигини кўриб, ёруғ деразамиз тагига бир гала шоқол югуриб келди, улар ҳамиша мана шунақанги ёғингарчилик кунлари одамлар манзилгоҳидан паноҳ излашади, биз деразани очиб, юқоридан қараб турдик, жониворлар ярқираб тўкилаётган жала остида туришар, увиллаб, биздан нажот тилашарди… У жониворларга боққанча, севинчдан йиғларди.
Эри уни Геленжикдан, Гаградан, Сочидан излабди. Сочига келган кунининг эртасига эрталаб денгизда чўмилибди, кейин соқолини қиртишлабди, тоза кўйлак, қордек оппоқ кителини кийибди, меҳмонхонада, ресторан айвончасида нонушта қилибди, бир шиша шампан виносини ичиб тугатибди, кейин шартрез билан қаҳва симирибди, шошилмай сигарет тутатибди. Ўз хонасига қайтгач, диванга ётиб, икки чаккасига иккита тўппончадан ўқ узибди.

1937 йил 12 ноябрь

Рус тилидан Рисолат Ҳайдарова таржимаси