Августнинг охирларида Канндаги пансионга бордим; денгизда чўмилиб, табиатдан нусха кўчириб, ижод қилмоқчи эдим. Анави ғалати аёл ҳар куни эрталаб каҳва ичар, ўзи алоҳида столда ўтириб тамадди қилар, доим ўйчан, тунд қиёфада юрар, чор-атрофдаги одамларга эътибор бермас, қаҳвахўрликдан сўнг қайси гўрларгадир ғойиб бўлар, кечгача қорасини кўрсатмас эди. Пансионда бир ҳафтадан бери яшаётган бўлсам-да, ҳамон ўша аёлни қизиқиб кузатиб юрардим: қоп-қора сочлари қалин, билакдек бир ўрим сочи орқасига ташлаб қўйилган, сочлари бошини чулғаган, қадди-қомати келишган, соғлом, эгнида қора-қизил мовут кўйлак, истараси иссиқ, лекин қиёфаси тунд… Бизга ўн беш ёшлар чамасидаги эльзаслик қиз ош-овқат, чой-нон келтириб берар, бажонидил хизматимизни қиларди. Ёш бўлса-да сийналари бўлиқ, тўлишган, тўлишиб яна-да очилиб кетган, тантиқроқ, лекин ёқимтой ожиза эди. У бировнинг гапини худди ҳуркак оҳудек кўзларини пирпиратиб, жилмайиб тингларди. Уни бир гал йўлакда учратиб қолиб саволга тутдим:
– Dites, Odette, qui est cette dame?
– Quelle dame, monsieur?
– Mais la dame brune, la-bas?
– Quelle table, monsieur?
– Numero dix.
– C’est une russe, monsieur.
– Et puis?
– Je n’en sais rien, monsieur.
– Est-elle chez vous depuis longtemeps?
– Depuis trois semaines, monsieur.
– Toujours seule?
– Non, monsieur. Il y avait un monsieur…
– Jeune,sportif?
– Non, monsieur… tres pensif, nerveux…
– Et il a disparu un jour?
– Mais oui, monsieur…
«Гап буёқда экан-да! – деб ўйладим. – Энди баъзи нарсалар ойдинлашяпти. Лекин у эрта билан қайси гўрларга даф бўляпти экан? Ҳамон севгилисини излаяптими?»
Эртаси куни қаҳвахўрликдан сўнг, одатдагидек, хонамдаги очиқ деразадан шағал ғичирлаши эшитилдию пансион боғчасига мўраладим: у одати бўйича ялангбош, кўйлаги рангидаги шамсиясини кўтариб тез-тез юриб кетиб борарди. Оёғида қизил пойабзал. Мен дарҳол ҳасса
билан шамсияни олиб, унинг орқасидан эргашдим. У кўча бошига бориб Карно хиёбони томон бурилди, мен ҳам ўша муюлишдан бурилдим. Ўйладимки, ўз хаёллари билан банд бўлиб орқасига қарамайди, пойлаб бораётганимни сезмайди. Дарҳақиқат, то вокзалга боргунча орқасига бир марта ҳам назар ташламади. Вокзалда учинчи тоифали вагонга чиқаётган чоғда ҳам орқасига ўгирилиб қарамади. Поезд Тулонга борарди. Мен ҳам ҳар эҳтимолга қарши Сен-Рафаэлгача чипта олиб, қўшни купега чиқдим. Чамаси, у олисга кетаётган йўловчига ўхшамасди. Хўш, қаёққа кетяпти?.. Напулада, Тэулада деразадан бошимни чиқариб қарадим. Ниҳоят, поезд Трэйясда бирпас тўхтаган пайт яна бошимни чиқардим-у, бекатни тарк этаётган аёлни кўриб қолдим. Вагондан сакраб тушиб яна унинг орқасидан йўл олдим. Бу сафар олис масофадан таъқиб этиб боравердим. Узоқ юрдик – денгиз ёқасидаги тик жарлик ёнидан ўтган эгри-бугри муюлишлар, ёш қарағайзор оралаб ўтган нишаб тошлоқ сўқмоқ ҳам орқада қолди. Шу сўқмоқ орқали соҳилга тик кесиб чиқилса, йўл хийла қисқарарди. Ўрмон билан қопланган кимсасиз серқоя кўрфазча томон тоғ қиялаб борар, соҳилга етгач тик кесилган табиий девор ҳосил бўлар эди. Вақт пешинга яқинлашиб қолган, кун иссиқ, қилт этган шабада йўқ, игна баргли арчазордан таралаётган хушбўй ҳид димоқни ёраман дерди, атрофда зоғ учмас, тиқ этган товуш эшитилмас, фақат чағалайлар сув сатҳида юзиб юрар, онда- сонда чиғиллаб қўйишар эди. Денгизнинг очиқ бўлган жануб томони ялт-юлт этиб кўзни қамаштирар, йирик-йирик кумуш юлдузчалар сапчиб қирғоққа уриларди… Ниҳоят, у оғирлигини орқага ташлаб югурганча сўқмоқ бўйлаб ям-яшил кўрфазчага тушди. Кўрфазча тўқ қизил қоялар орасида пайдо бўлган эди. Шамсиясини қумлоққа ташлаб шоша-пиша ечина бошлади. Оёқяланг эди. Мен сертош қояга ётиб олдим, у қоя остига қорамтир гулли кўйлагини ечиб ташлади. Унга қараб, ҳойнаҳой, чўмилиш куйлакчаси хам корамтир-тунд булса керак деб уйладим. Бирок, куйлак остида ҳеч қандай чўмилиш куйлакчаси йўқ, фақат калтагина пушти сорочка бор эди, холос. Сорочкасини ҳам ечиб ташлади; у офтобда обдон тобланган, баданлари қаҳрабо тусига кирган, соғлом, бақувват эди. Қип-яланғоч ҳолда оқаришиб турган тип-тиниқ сувга кириб борди; чиройли тўпиқларини эгиб-тўғрилаб, орқаларини намойишкорона ўйнатиб, қуёшда қорайган белларини кўз-кўзлаб сувга шўнғиди. Сувда жимиб қолди, афтидан, сувда акс этаётган қуёш нурлари кўзларини қамаштирган эди. Кейин оёқларини ўйнатиб сувни шалоплатди, сув тубига чўнқайиб ўтирди, сувдан бошини чиқариб бир айландию оёқ-қўлларини кенг ёзиб сув устига ётиб олди; аста-секин юзиб қумлоқ соҳилга чиқди, тирсагини тираб қумга бошини қўйди. Кумуш тикондек ялтираб, бир маромда сокин чайқалаётган бепоён денгиз гуё уфққа сингиб кетарди. Соҳилга туташ кўрфазча ва шинамгина серқоя манзил тобора қизиб борарди. Қоядан иборат дим бўшлиқда, мўъжаз жануб ўрмонида шу қадар теран сокинлик ҳукм сурардики, пастимдаги қумлоқда кўксини қумга бериб ётган аёлнинг ялтираб турган елкаларига, икки тилим орқаларига, кенг ёйилган оёқларининг орасига урилаётган шаффоф мавжларнинг майин чалоплаши ҳам бемалол эшитиларди. Мен харсанг орқасига яшириниб олиб яланғоч гўзалликни зимдан кузатиб ётар эканман, борган сари бетоқатланиб, бу қилиқ ғирт бемаънилик, сурбетлик эканини паққос эсимдан чиқариб юбордим. Қаддимни тиклаб трубкамни тутатиб тамаки чека бошладим. Дафъатан аёл ҳам бошини кўтардию пастдан юқорига – мен томон ажабланиб тикилиб қолди. Бирок, аввал қандай ётган бўлса, ўша ҳолатда чўзилиб ётаверди. Нима қилишимни, нима дейишимни билмасдан каловланиб ўрнимдан турдим. Аёл биринчи бўлиб тилга кирди:
– Мен йул бўйи орқамдан биров эргашиб келаётганини сезган эдим. Нега эргашдингиз?
– Кечирасиз, шунчаки қизиқувчанлик… – дедим гапни айлантирмасдан.
– Ҳа, кўриниб турибди, қизиқувчан экансиз. Мен хакимда сураб-суриштирганингизни Odette айтган эди. Сизнинг рус эканингизни тасодифан эшитиб қолганман, шу боис ҳозир унчалик ажабланаётганим йўқ – ҳамма руслар ҳаддан зиёд қизиқувчан бўлади. Бироқ, айтинг-чи, нима учун орқамдан эргашиб келдингиз?
– Аввало, қизиқувчанлигим, қолаверса, касбим шунақа.
– Биламан, сиз рассомсиз.
– Сиз эса расмбоп аёлсиз. Бундан ташқари, хар куни эрталаб қаёққадир ғойиб бўлардингиз. Бу ҳол кўнглимга ғулғула солди: қаёққа? нима учун? Ҳатто нонушта қилмасдан кетардингиз. Ваҳоланки, пансион аҳли бундай қилмайди. Боз устига, турқ-атворингиз ҳам бошқаларникидан фарқ қилади, доим бир нарсани ўйлаб юрасиз. Ёлғиз бўласиз, миқ этмайсиз, қандайдир яширин сирингиз борга ўхшайди… Энди, ечинаётганимни кўриб нима учун қайтиб кетмадингиз, деб сўрамоқчимисиз…
– Текин томошани ташлаб гўрга кетармидингиз, – деди. Бирпас сукут сақлаб, қўшиб қўйди: – Ҳозир сувдан чиқаман. Бир дақиқа тескари қараб туринг, кейин буёққа келасиз. Сиз ҳам мени қизиқтириб қолдингиз.
– Ўлсам ҳам тескари бурилмайман, – деди. – Мен рассомман, қолаверса, биз ёш бола эмасмиз.
– Бўпти, менга бари бир,- деди у елкасини қисиб.
Сўнг баралла ўрнидан турди, олд тарафдан аёллик таровати рўй рост намоён бўлди. Шағални ғичирлатиб шошилмасдан олға юрди, пушти сорочкасини бошига ташлади, кейин кўйлакча бўйнидан жиддий қиёфаси кўринди, кийим ҳўл баданига ёпишиб қолди.
Мен унинг ёнига югуриб тушдим, ёнма-ён ўтирдик.
– Балки, трубкадан ташқари, папиросингиз ҳам бордир? – деб сўради.
– Бор.
– Менга ҳам беринг.
Папирос бериб, гугурт чақдим.
– Раҳмат.
Тутунни ичига тортиб олис-олисларга нигоҳ ташлади, оёқ бармоқларини ўйнатди.
– Ҳозир ҳам сизга ёқяпманми? – деб сўради кесатиқ аралаш.
– Бўлмасам-чи! – деб хитоб қилдим. – Офатижонсиз, баданингиз, сочларингиз, кўзларингиз… фақат тунд қиёфангиз ғалати кўриняпти.
– Ростини айтсам, кўнглимга ёмон бир ниятни тугиб қўйганман.
– Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлагандим. Сиз яқинда ким биландир ажрашгансиз, кимдир сизни ташлаб кетган…
– Ташлаб кетмади, итқитиб юборди. Мени ташлаб қочиб кетди. Билардим, у адойи тамом бўлган кимса эди, лекин унга кўнгил бердим. Кейин маълум бўлдики, қип-қизил битта аблаҳни яхши кўрган эканман. У билан бундан бир ярим ойча муқаддам Монте-Карлода учрашдик. Ўша оқшом казинода қимор ўйнаб ўтирган эдим. У ҳам ёнимда туриб қимор ўйнарди, кўзларини олайтириб шарчаларни кузатарди. Омади чопиб кўп ютди, бир марта ютди, икки, уч, тўрт… Мен ҳам анча-мунча ютуқни қўлга киритдим, у ҳаммасини кўриб турарди. Тўсатдан: «Тамом, пишти! Assez! – деб мен томонга ўгирилди-да: – N’est-ce pas madame?» – деб қўшиб қўйди. «Ҳа, пишти!» дедим кулиб. «Ие, русмисиз?» «Кўриб турибсиз-ку». «Ундай бўлса, кетдик – кайф-сафо қиламиз!». Унга разм солдим – афтидан азоб кўрган одамга ўхшарди, лекин хийла келишган… Кейин нима бўлганини тасаввур этиш қийин эмас.
– Ҳа, қийин эмас. Кечки овқат пайтида апоқ-чапоқ бўлиб, тинмай гап сотгансизлар, хайрлашадиган пайт келганда ажаблангансизлар…
– Тўппа-туғри. Биз хайрлашмадик, бир-биримизга ёпишдик-қолдик, ютиб олган пулларимизни совура бошладик. Монте-Карлода, Тюрбида, Ниццада яшадик. Канн билан Ницца оралиғида, йўл бўйларида жойлашган қовоқхоналарда нонушта, тушлик қилардик. Сиз у жойлардаги нарх-наволар осмонда эканини билсангиз керак?! Ҳатто маълум муддат Cap d’Antibes меҳмонхонасида ҳам яшадик, ўзимизни бой-бадавлат этиб кўрсатишга ҳаракат қилдик… Ҳамёнимизнинг таги кўриниб қолди, охирги майда-чуйдамизни тўплаб Монте-Карлога йўл олдик, лекин бу сафаримиз ҳалокат билан якунланди. У бирёқларга гум бўлиб кетиб пул топиб келар, аммо бу пуллар аввалгиларга нисбатан арзимас миқдорда – эллик, юз франкдан ошмас эди… Сўнг менинг сирғаларимни, ҳатто никоҳ узугимни, ичдан буйнимга таўиб юрадиган тилло хочимни, бир пайтлар мен эри бор хотин эдим, қайси гўрларгадир элтиб сотиб юборди…
– Албатта, эрта-индин биров жуда катта қарзини тўлайди, нуфузли, сармоядор дўстларим, таниш-билишларим бор деб ишонтирган.
– Ҳа, худди шундай бўлган. Унинг ўзи ким эди? Аниғини ҳозир ҳам билмайман. Ўзининг ўтмиши тўғрисида батафсил, аниқ гапиришни истамасди, мавзуни дарҳол бошқа томонга буриб юборарди. Ўзим ҳам бунга унчалик эътибор бермасдим. Биласиз, кўпчилик муҳожирларнинг кечмиши бир хил бўлади: Петербург, ажойиб ҳарбий қисмда хизмат, кейин инқилоб бошланади, Истанбул… Эски оғайнилари ёрдами билан Парижда гўё яхшигина мавқега эга бўлади, истаган жойга қўли етади, ҳозирча Монте-Карлода вақтихушлик қилади ёки Ниццада бирорта обрў-эътиборли дўстининг пинжига кириб олиб… Хуллас, шунақа гаплар билан қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирди. Мен бўлсам кундан кунга руҳан тушиб, ёруғ дунё кўзимга тор кўриниб борарди, у эса мийғида кулиб: «Хотиржам бўл, менга ишонавер, Парижда ҳозир биз учун елиб-югуришяпти, бопладим – нима қилганимни сенга айтиб ўтирмайман, барибир ақлинг етмайди, буёғини ўзимга қўйиб бер», деб таскин берарди.
– Хўш-хўш?
– Нима «хўш»?
У бирдан кўзларини чақнатиб менга қарадию ўчиб қолган папиросини узоққа отиб юборди.
– Сизга буларнинг ҳаммаси кулгули туюляптими?
Мен қўлидан тутиб маҳкам сиқдим.
– Шундай дейишга уялмайсизми?! Мен сизни Медуза ёки Немезида киёфасида тасвирламокчиман.
– Улар қасоскор санамларми?
– Ҳа, жуда ёвуз.
У маъюс жилмайди.
– Немезида! Яна қанақа Немезида?! Йўқ, сиз ёмон одамга ўхшамайсиз… Яна битта папирос беринг. У чекишниям ўргатди… Ҳамма нарсага ўргатди!
Папиросни тутатиб, яна олис-олисларга назар ташлади.
– Дарвоқеъ, чўмилиш учун шунча жойга келганингизни кўриб ниҳоятда ажабланган эдим. Ҳар куни бўзчининг мокисидек лўкиллаб юришдан зерикмасмикан деб ўйлагандим. Энди билсам, сизга ёлғизлик керак экан.
– Тўғри.
Қуёш тобора забтига олиб қиздирарди, ҳовур ва хушбўй ҳид кўтарилаётган қарағай шохларига қўниб олган чирилдоқлар аччиқлангандек зўр бериб чириқларди. Аёлнинг қоп-қора сочлари, очиқ елкалари, оёқлари қизиб кетганини сезиб турардим.
– Юринг, салқинга ўтайлик, кун ёндираман деяпти. Ғамгин тарихингизнинг давомини ўша ерда гапириб берасиз, – дедим.
У уйқудан уйғонгандек сесканиб:
– Кетдик, – деди.
Биз ярим доира шаклидаги кўрфазчани айланиб ўтиб, қизил коя остидаги салқин жойга ўтирдик. Бу ер ёп-ёруғ, лекин дим эди.
Мен яна унинг қўлини олиб, қўйиб юбормадим. У буни сезмади.
– Энди давоми нима бўларди? – деди. – Мен ҳақиқатан ҳам жуда хунук, шармандали ўша воқеани эслашни-да истамай қолдим. Ҳойнаҳой, сиз мени гоҳ анави-гоҳ манави фирибгарнинг кунда-шундаги жазмани бўлса керак деб ўйлаяпсиз. Ҳечам ундай эмас. Менинг ўтмишим ҳам бошқаларникидан унчалик фарқ қилмайди. Эрим дастлаб Деникиннинг, сўнг Врангелнинг Кўнгилли армиясида хизмат қилган, тақдир тақозоси билан Парижга келиб қолганимиздан кейин, албатта, шофёрлик қилди. Лекин аста-секин ичкиликка ўрганди, охир-оқибат ичкиликка шу қадар ружу қўйдики, ишдан ҳайдалиб, ялангоёқ дайдига айланди-қолди. Энди у билан бирга яшай олмасдим. Уни охирги марта Монпарнасда, «Доминика» остонасида учратдим. Албатта, русларнинг шунақа қовоқхонаси борлигини билсангиз керак? Тун, ёмғир, у бўлса йиртиқ этикда кўлмак кечиб юрибди, қаддини дол қилиб ўтган-кетганнинг ёнига чопиб боради, қўлларини чўзиб садақа сўрайди, одамларга ёрдамлашмоқчи бўлади, аслида, таксидан тушаётган йўловчиларга ҳалақит берарди, холос… Мен серрайиб колдим, ундан кўзимни узмасдим. Аста унга яқинлашдим. Таниди, қўрқиб кетди, хижолат бўлди. Сиз унинг қандай ажойиб, меҳрибон, хушмуомала инсон эканини тасаввур ҳам қилолмайсиз. Қотиб қолди, ўзини қўярга жой тополмасдан менга тикилди: «Маша, сенмисан?» Бужмайган, уст-боши бир аҳволда, соқолига устара тегмаган, ҳаммаёғини сариқ жун қоплаган, шаллоба бўлган, совуқда дир-дир қалтирайди… Ҳамёнимда бор пулимни унга бердим, ҳўл, муздек қўли билан қўлимдан ушлаб билакларимни ўпа бошлади, елкалари силкинди, товушини чиқармасдан йиғлади. Хўш, қўлимдан нима ҳам келарди? Фақат икки-уч марта ҳар ойда юз, икки юз франкдан пул жўнатиб турдим. Парижда менинг шляпа тикадиган устахонам бор, мўмайгина даромад қиламан. Бу ерга мен ҳордиқ чиқаргани, чўмилгани келганман. Мана, кўрмайсизми… Эрта-индин Парижга қайтаман. Анави фирибгарни топиб қулоғининг остига «шалва қайнатиб» қўйсам, жанжал кўтарсам – жуда бемаъни иш бўлар экан. Биласизми, мен бунинг бемаънилигини қачон расмона тушуниб етдим? Ҳозир билдим, сиз туфайли билдим. Бошимдан ўтган саргузаштни гапириб бердим-у, бирдан англаб қолдим…
– Ажаб, хушторингиз қандай қилиб жуфтакни ростлаб қолди?
– Ҳамма гап шундаки, у ниҳоятда ифлос йўлни танлади. Биз мана шу пансиончага жойлашдик, ҳозир сиз билан мен қўшниман. Сар d’Antibes мехмонхонасидан кейин бу ерда яшашни тасаввур этиб кўринг-а! Бундан ўн кунча олдин оқшом чоғи қиморхонага чой ичгани бордик. Албатта, мусиқа чалинаётган, йигит-қизлар жуфт-жуфт бўлиб рақсга тушаётган экан. Бундай манзарани кўрсам беихтиёр кўнглим айнийдиган бўлиб қолган, шу қадар меъдамга урибди. Ишқилиб, ўтирибман, пирожное еяпман, у икковимиз учун буюртма беряпти, гоҳ-гоҳ илжайиб пичинг қилади: «Қара, анавиларни қарагин, ҳақиқий маймунларга ўхшайди-я, оёқларини тапиллатиб, башарасини буриштирганини кўрмайсанми!» дейди созандаларни кўрсатиб. Сўнг бўм-бўш портсигарини очиб югурдакни ёнига чақирди, инглизларнинг папиросидан олиб кел, деб буюрди. Югурдак папирос келтирди. У хижолатомуз: «Мерси, чой ичиб бўлганимиздан кейин ҳақини тўлайман», деди. Тирноқларини кўздан кечириб ўтириб: «Қўлим дабдала бўлиб кетибди-ку! Ҳозир ювиб келаман…», деди менга қараб ва ўрнидан турдию кетди.
– Кейин қайтиб келмади.
– Йўқ. Мен бўлсам кутиб ўтирибман. Ўн дақиқа кутдим, йигирма, ярим соат, бир соат… Қандай аҳволга тушиб қолганимни тасаввур этяпсизми?
– Тасаввур этяпман…
Мен ўша манзарани яққол кўз олдимга келтирдим: стол атрофида чой ичиб ўтирибди, атрофига аланглайди, миқ этмайди, аҳмоқона аҳволга тушиб қолганини ўйлайди, хуноб бўлади… Йирик деразалардан тун қўйнидаги осмон кўринади, сокин денгиз мавжланиб жилоланади, пальмаларнинг япроқлари қорайиб кўзга ташланади, созандалар полни тапир-тупур этказиб тепади, асбобларини пуфлайди, темир ликопчаларни зарб билан уради, эркаклар товонларини бир-бирига уриштириб мусиқага мос равишда чайқалиб, рақс баҳонасида хонимларга маҳкамроқ ёпишиб, шаҳвоний нафсини қондириш ниятида бир томонларга судрайди… Қўнжи узун этик кийиб олган хизматкор кўкимтир мундирни унга узатиб, бош кийимини ечиб таъзим қилади, бир қути «Нigh Life»…
– Кейин нима бўлди? Сиз ўтирибсиз…
– Ўтирган ўрнимда адойи тамом бўлганимни ҳис этяпман. Созандалар ҳам уйларига кетди, зал бўшаб қолди, электр чироқлари ёқилди…
– Деразалар оқаришиб турибди…
– Ҳа. Ўрнимдан турай десам, оёқларимда мадор йўқ. Нима қилсам экан, нажот борми? Ҳамёнимда бор-йўғи олти франк бор, холос. Қўлимга майда тангалар ҳам илашиб чиқди.
– У ростдан ҳам ҳожатхонага йўл олади, зарур ишни адо этади, ўзининг фирибгарлик ҳаётини ўйлайди, сўнг тугмаларини қадайди ва йўлак бўйлаб оёк учида юриб орқа эшикдан кўчага чиқиб кетади… Худо ҳаққи, кимга кўнгил қўйган эдингиз?! Энди уни излаб топиб ўч олмоқчимисиз? Нима учун? Сиз бокира қизалоқ эмассиз, унинг кимлигини, ўзингиз қандай аҳволга тушиб қолганингизни яхши билишингиз керак эди. Яққол кўриниб турган бемаъни ҳаётни нега давом эттирдингиз?
Аёл сукут сақлади, елкаларини учириб қўйди.
– Кимга кўнгил берганимни ўзим ҳам билмайман. Айтадилар-ку, чин муҳаббатга эҳтиёж бор эди… Афсуски, ҳеч қачон ҳақиқий муҳаббатга дуч келмаганман… У эркак сифатида менга ҳеч нарса берган эмас, бериши ҳам мумкин эмасди, чунки аллақачон эркаклик қобилиятини йуқотган эди… Ҳа, унинг кимлигини, ўзим қандай аҳволга тушиб қолганимни билишим керак эди. Бироқ, мен билишни ҳам, ўйлашни ҳам истамасдим. Умримда биринчи марта енгил-елпи ҳаётга қадам қўйдим, орқа –олдимга қарамасдим яллама-ёрим қилиб юравердим, ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлдим, қандайдир васваса ичида яшадим. Хўш, нима учун уни топиб ўч олмоқчи бўлдим? Яна васвасага учдим, хирақасқон хаёлларга қул булдим. Ахир, мен қабиҳ, аянчли жанжалдан бошқа ҳеч нарсага эриша олмаслигимни билмасмидим? Сиз нима учун деб сўраяпсиз. Чамамда, менга ҳам унинг касофати урди, шекилли. Паст кетдим, фирибгарнинг ҳаётига шерик бўлдим; асосийси – у мени қиморхонада шармандали аҳволда қолдириб, ўзи ҳожатхона орқали кўчага қочиб чиқиб кетгани учун қасд олмоқчи эдим. Бош-кетимни йўқотиб қўйдим, қиморхона кассасига бориб ёлғон гапирдим, ялиниб-ёлвордим, эртагача сумкачамни гаровга олиб қолинглар деб илтимос қилдим, лекин сумкачамни олишмади, ижирғаниб чой, ширинлик, инглиз папироси учун тўланадиган ҳақдан воз кечишди. Парижга телеграмма жўнатдим, учинчи куни минг франк пул олдим, қиморхонага бордим – у ерда юзимга қарашмасдан пулимни олишди, ҳатто ҳисоб-китоб қоғозчасини қўлимга тутқазишди. Эҳ, азизим, мен ҳеч қандай Медуза эмасман, мен шунчаки муштипар аёлман, ожизаман. Устига устак, ниҳоятда таъсирчанман, ёлғизман, бахтиқароман. Лекин мени туғри тушунинг – ахир макиённинг ҳам юраги бўлади-ку! Мен ўша лаънати оқшомдан бўён гўё бедаво бир дардга чалинган эдим. Сизни менга худонинг ўзи етказди, энди кутилмаганда ўзимга келяпман… Қўлимни қўйиб юборинг, кийиниб олай, яқинда Сен-Рафаэлдан поезд ҳам қайтиб қолади…
– Садқаи сар, – дедим. –Яхшиси, чор-атрофга бир қаранг, анави қизил қояларни, ям-яшил кўрфазчани, ғадир-будур қарағайларни кўряпсизми? Ғачир-ғучур этган жаннатий товушларни эшитмаяпсизми?.. Энди биз буёққа бирга-бирга келамиз. Бўптими?
– Бўпти.
– Парижга ҳам бирга-бирга кетамиз.
– Хўп.
– Кейин нима бўлишини худо билади.
– Ҳа, албатта.
– Қўлингизни ўпсам майлими?
– Майли, майли…
1944, 3 июнь
Олима Набизода таржимаси