Оилада учовлон эдилар — ота, она ва ўғил. Ота — кекса большевик, она — уй бекаси, ўғил эса ўн икки йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган эски пионерлардан эди.
Ҳаммаси соз эди.
Шунга қарамай, ҳар куни эрталабки нонушта пайти оилавий баҳс, тортишувлар қизиб кетарди.
Одатда гапни ота бошларди.
— Хўш, синфингларда қандай янгилик бор? — сўради у.
— Синфда эмас, гуруҳда, — жавоб қайтарарди ўғил. — Сизга неча марта айтдим, ада, синф — реакцион-феодал тушунча деб.
— Яхши, яхши. Майли, гуруҳ бўла қолсин. Гуруҳда нимани ўқидинглар?
— Ўқидикмас, балки ўргандик.
— Майли, ўргандик бўла қолсин. Хўш, нимани ўргандинглар?
— Биз лассалчиликнинг реформизмнинг пайдо бўлишига таъсири масаласини ўргандик.
— Шунақами? Масалалар ҳам ечдингларми?
— Ечдик.
— Қойил, зўрсизлар-ку! Қанақа, вазифаларни ҳам бажардингларми? Қийин бўлса кераг-ов?
— Йўқ, унчаликмас. Комакадемия иккинчи сессияси томонидан аграр-марксчилар пленуми билан биргаликда қўйилган кўрсатмалар асосида материалистик фалсафа вазифалари.
Ота финжондаги чойни нарироқ суриб қўйди, — кўзойнагини олиб, пиджагининг бари билан артди, ўғлига диққат билан тикилди. Оддий бола.
— Хўш, рус тилидан ҳозир нимани ўқи… Яъни ўрганяпсизлар?
— Сўнгги бир жамоа бўлиб «От думи ҳақида бир овоз билан» достонини ўргандик.
— От ҳақидами? — умид билан сўради ота. — «Нимага кишнайсан, эй серғайрат арғумоғим, нега бўйнинг букилди?».
— Отнинг думи ҳақида, — совуққина жавоб берди ўғил. — Нима эшитмаганмисиз?
Ҳей болалар, чиқайлик,
Юринг, дала-тузларга!
Арғумоқни овламоқ
Топширилган бизларга!
Атроф ларзага келсин
Қўшиқ тараннумидан.
Кўпроқ юлиб берайлик
Қимматли от думидан!
— Биринчи бор эшитяпман, бунақанги… ҳалиги… ғалати достонни, — деди ота. — Ким ёзган буни?
— Аркадий Паровой.
— Болалар бўлса керак? Сизларнинг гуруҳданми?
— Қанақа бола! Хайф сизга, ада. Тағин кекса большевик эмиш… Паровойни билмасангиз! Биз яқинда иншо ҳам ёздик — «Паровой ижодининг ғарб адабиётига таъсири» деган мавзуда.
— Менга қара, — деб сўради ота эҳтиёткорлик билан. — Мана шу Паровой ижодида шеърий ҳиссиёт негадир хом эканлигини сезмаяпсанми?
— Нега хом бўларкан? От учун кераксиз бўлган дум толасини йиғиб, уни кўрпа-тўшак саноатида фойдаланиш учун топшириш масаласи етарли тарзда бўрттириб кўрсатилган-ку.
— Кераксиз дейсанми?!
— Албатта, кераксиз.
— От қулоқларини ҳам йиғиштириб олишни мўлжалламаяпсанларми, ишқилиб? — қичқирди ота титроқ товушда.
— Нонушта қолиб кетди. Еб-ичмайсизларми? — деди яраштириш оҳангида она. Қачон қарасанг, баҳслашгани баҳслашган.
Ота узоқ вақт ўзини босолмай, елкасини қисиб ҳайратланар, ўзича нималарнидир минғирларди. Кейин бор кучини тўплаб, бу сирли болага ҳужум қилди.
— Хўш, сизлар қандай дам олаяпсизлар, нима билан вақтичоғлик қиляпсизлар?
— Вақтичоғлик қилишга вақтимиз йўқ.
— Нима қилдинглар бўлмаса?
— Курашдик.
Ота жонланди.
— Мана бу бошқа гап. Эсимда, мен ҳам ёшлигимда жуда қизиқардим. Шиддат билан олишувларнинг ўзгача гашти бор. Белдан олиш, бўйинни қайириш, оёқдан чалиш… Французча кураш, — зўр нарса-да!
— Нега французча?
— Қанақа бўлмаса?
— Оддий кураш. Қатъиятли.
— Ким билан курашдинглар ахир, — сўради ота тушкун овозда.
— Лебедевчилик билан.
— Лебедевчилигинг нимаси, тагин? — Лебедевнинг ўзи ким?
— Болаларимиздан биттаси.
— Нима, унинг хулқи ёмонми? Ўйинқароқми?
— Жуда ёмон хулқли, ада! У Деборин хатоларининг кўпларини айнан такрорлади. Махизмга, махаевчиликка ҳамда механицизмга баҳо беришда катта хатоларга йўл қўйди.
— Даҳшат-ку!
— Албатта, даҳшат! Мана икки ҳафтадирки, биз шу билан оворамиз. Бугун куч-ғайратлар шу курашга жалб қилинган.
Ота бошини чангаллади.
— Ёши нечада унинг?
— Кимнинг, Лебедевнингми? — Э, унча ёшмас, саккиз ёшларда бор.
— Бола саккиз ёшдаю, сизлар у билан кураш олиб боряпсизларми?
— Бўлмасам-чи? Сизнингча нима қилиш керак? Оппортунизмга йўл қўйиш, масалани бежаб кетиш керакми?
Ота қалтираётган қўллари билан портфелга ёпишди, рўбарў келган стулни ағдариб ўтиб, кўчага отилди. Бўш келмайдиган болакай ачиниш билан қошларини чимирди-да, унинг орқасидан қичқириб қолди:
— Яна кекса большевик эмиш…
Бир куни бечора ота газетани кўздан кечираркан, тантанавор қичқириб юборди. Она чўчиб тушди. Бола гангиганча отасига қаради. Ота Марказқўмнинг газетада босилган мактаб ҳақидаги қарорини ўқиётганди.
— Ҳм…м, — деди ота ғалати жилмайиб, — тўртинчи синф ўқувчиси Сотников Николай, буёғи нима бўлади?
Ўғил миқ этмасди.
— Хўш, кеча жамоа бўлиб нимани ўргандинглар? Ўғил ҳамон жим.
— Ёш муросасиз ортадокслар, ниҳоят лебедевчиликка барҳам бердингларми?
Сукунат.
— Бечора бола ўз хатоларини тан олдими? Дарвоқе, унинг ўзи нечанчи синфда?
— Нулинчи гуруҳда.
— Нулинчи гуруҳда эмас, тайёрлов синфида, — ғулдиради ота. — Билиш керак.
Ўғил индамасди.
— Кеча газетада сизларнинг Аркадийни, ҳалиги нимайди, Паровозовни ёзувчилар уюшмасига қабул қилишмаганини ўқидим. Нима деб ёзганди: «Эй болалар, дала-тузларга чиқайлик, от думини юлайлик»миди?
— «Кўпроқ юлиб берайлик, қимматли от думидан», — ялиниш оҳангида пичирлади болакай.
— Ҳа, ҳа. Бир сўз билан: «Янгра, тарал ҳар тараф арғумоқнинг овози» дейиларди унда. Ҳаммаси эсимда. Ҳали-ҳамон жаҳон адабиётига таъсир ўтказяптими?
— Бил… майман.
— Билмайсан? Чайналмасанг-чи, ўқитувчинг билан гаплашаётганда! «Ўлик жонлар»ни ким ёзган? Буни ҳам билмайсанми? Гоголь ёзган, Гоголь.
— Ўта айниган ва реакцион кайфиятдаги майда мутасаввиф… — севиниб тўнғиллади болакай.
— Манфий икки! — ғолибона дўқ урди ота. — Гоголни ўқиш керак, Гоголни уқмоқ керак. Ўрганишни яна ўн йиллардан кейин Комакадемияда давом эттирасан. Хўш, Сотников Николай, менга Нью-Йорк ҳақида гапириб беринг-чи…
— Бу шаҳарда ҳар жойдагидан кўра «капиталистик зиддиятлар ёрқин намоён бўлади», — деди тўлқинланиб Коля.
— Буни ўзим ҳам биламан. Сен менга Нью-Йорк қайси океан соҳилида жойлашганини айтиб бер?
Ўғил индамади.
— У ерда қанча аҳоли яшайди?
— Билмайман.
— Екатерина Иккинчи ким эди?
— Маҳсулот.
— Маҳсулот?
— Ҳозир эслаб олай. Биз ўргангандик. Ҳа! Тижорий капитал таъсири кучайган давр маҳсули…
— Унинг ким бўлганини айт. Қандай лавозимда эди?
— Биз буни ўрганганимиз йўқ.
— Шунақами? Учга бўлинишнинг қандай белгилари бор?
— Овқатларингни есанглар-чи, — деди кўнгилчан она. Ё тавба, қачон қарасанг баҳслашишгани-баҳслашишган.
— Йўқ, у менга яриморол нималигини айтиб берсин-чи? — қизишди ота.
— Куро-Сиво нималигини айтсин, қани? Бўлмаса Ганрих Птицелов қандай маҳсул эканини гапириб берсин?!
Сирли болакай ўрнидан сапчиб турди, чўзмасини чўнтагига солди-да, кўчага отилди.
— Иккинчи, — орқасидан бақириб қолди хушбахт ота. — Ҳаммасини ди-ректорга айтаман!
У ниҳоят интиқом олганди.
1934.
Файзи Шоҳисмоил таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 1998 йил, 3-сон