Ибн Баттута. Саёҳатнома

МАШҲУР ЖАҲОНГАШТА

Ибн Баттута жаҳон маданияти ва тафаккури ривожида ўрта аср араб географлари Ибн Хурдодбеҳ, ал-Яъқубий, ал-Истахрий, ал-Муқаддасий, ал-Масъудий, Ибн Ҳавқал ҳамда Абу Ҳамид ал-Ғарнотий, Ибн Фадлон, Ибн Жубайр каби сайёҳлар орасида ўзининг “Саёҳатномаси” билан алоҳида ўрин тутади. Унинг мазкур асари ўрта аср мамлакатлари, шаҳарлари, уларнинг халқлари маданияти, турмуш тарзига оид ғоят қимматли, кўп ўринларда ягона маълумотлари билан бошқалардан ажралиб туради. Академик И.Ю.Крачковский Ибн Баттутани барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ дея эътироф этади  .
Ибн Баттута лақаби билан шуҳрат қозонган Шамсуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Лавотий ат-Танжий 1304 йили Мағриб мамлакатининг Танжа шаҳрида фақиҳ оиласида таваллуд топган. Ибн Баттута йигирма икки ёшида ҳаж қилиш учун Маккага бориш, шу баҳонада у ернинг алломаларидан дарс олиш илинжида ҳеч нимага қарамай, таваккал қилиб сафарга отланган. Жасур, бироқ камбағал ёш саёҳатчи ёлғиз, яёв Тилимсон  шаҳрига етиб келади. Бу ердан Милёнага бориб, унда тунислик бир гуруҳ савдогарларга қўшилади. Шу билан унинг саёҳати бошланади. У шимолий Африканинг кўплаб шаҳарларида бўлади, Тунис, Миср, Суриядан ўтиб, охири Маккага етиб келади. Бу ерда у исломнинг бешинчи фарзини бажо келтириб, ҳаж қилади.
Сайёҳнинг янги режаси Маккадан қайтишда амалга ошади. У бу ердан Ироққа йўл олади. Ибн Баттутанинг Ироқда кўрган-кечирганлари, таассуротлари унинг Ҳиндистонга бориш орзусини қатъий қарорга айлантиради. Кўпгина Ироқ шаҳарларини зиёрат қилган Ибн Батутта Форс кўрфази орқали денгиз йўли билан Ҳиндистонга боришни режалаштиради. Шундай қилиб, сайёҳ Эрон томон йўл олади. У Эроннинг Исфаҳон, Шероз каби кўпгина шаҳарларини томоша қилади. Катта машаққат билан саёҳатининг биринчи босқичини якунлаб, Мисрга етиб боради. Энди у ҳожи-зиёратчи эмас, тўлақонли сайёҳ сифатида йўлга отланади. У янги саёҳати давомида Шом ўлкаси, Кичик Осиё, Дашти Қипчоқ, Олтин Ўрда, Ўрта Осиёнинг Хоразм, Бухоро, Нахшаб, Самарқанд, Термиз, шунингдек, Хуросон шаҳарларини бориб кўради. Айниқса, сайёҳнинг Хоразм, Самарқанд, Термиз шаҳарларига берган таърифлари ўқувчида катта таассурот уйғотади. Масалан, Хоразм ҳақида гапираркан, у “Бутун дунё бўйлаб қилган саёҳатимда мен хоразмликлардан кўра хушхулқ, олийжаноб, ажнабийларга нисбатан меҳмондўст одамларни учратмаган эдим”, дейди. Шунингдек, сайёҳнинг Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам мана шундай илиқ фикрларини учратамиз .
Сўнг Ҳиндистонга етиб боради. У ерда бир неча йил қолиб, султон Муҳаммад Тўғлоқ топшириғи билан Хитойга элчилик вазифаси билан йўл олади. Катта қийинчилик билан денгиз орқали ҳозирги Индонезия оролларидан ўтиб, Хитойнинг Пекин шаҳрига бориб етади. Пекинда ўзаро урушлар юз бериб тургани боис, Садри Жаҳон унвонига сазовор бўлган шайх Бурҳониддин Соғаржий маслаҳатига биноан ўз юртига қайтиб кетади. Шу аснода Ибн Баттута янада кўплаб саргузаштларни бошдан кечиради. Унинг саёҳати шу билан якунланмай, Гибралтар бўғози орқали жанубий Испанияга ўтиб, Гранада, Ронда, Малагу шаҳарларида бўлиб, яна юртига қайтади. Бу сафар у олдингиларидан кўра янада мураккаброқ, янада узоқроқ Африка саёҳатига чиқади. Ва ниҳоят 1354 йил бошларида 28 йиллик жаҳонгашталикни тугатиб, жами 75 минг мил (120 минг км.) масофа тай этиб, катта машаққатлар билан Фас шаҳрига келади. Ибн Баттута саёҳатининг кўлами жиҳатидан ҳақли равишда Магелланга қадар бўлган даврнинг энг буюк сайёҳига айланди. Унинг саёҳати Шимоли-Ғарбий Африкадан то Хитойгача, Ҳиндистондан то жанубий Европагача бўлган жуда катта майдонни қамраб олади.
Сайёҳнинг бу саёҳати ҳақидаги ҳикоялари султон Абу Инон ва унинг яқинларида катта таассурот қолдиради. Шунинг учун султон адиб ва котиб Ибн Жузайй ал-Калбийга Ибн Баттута ҳикояларини ва эсдаликларини ёзиб олиб, махсус китоб тузишни буюради. Ушбу китоб 1356 йил бошларида ниҳоясига етиб, ўша давр анъаналарига мос равишда “Туҳфат ан-нуззор фи ғароиб ал-амсор ва ажоиб ал-асфор” (ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа) деб номланган бўлса-да, бироқ бу ном билан эмас, “Ибн Баттута Саёҳатномаси” номи билан шуҳрат қозонган.
Ибн Баттутанинг Саёҳатномаси ўзининг қизиқарли, нодир маълумотлари билан жаҳон илм аҳлини қизиқтирмай қолмаган. Муҳаммад ибн Фатҳуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Байлуний XVII аср охирида саёҳатномани қисқартириб, “Ибн Баттута саёҳатномасидан парчалар” деб атаган. Европа шарқшунослари Ибн Баттутани айни мана шу қисқартма матн орқали таниганлар. Саёҳатномага 1808 йили немис сайёҳи Зеетцен биринчи бўлиб диққатни тортган. 1818 йили Козегартен саёҳатноманинг Ҳиндистон, Хитой ва Суданга бағишланган уч бўлагини лотин тилига таржима қилиб, нашр эттирган. Козегертен Ибн Баттута ахборотларининг ҳаққонийлигини текшириш учун бошқа географик манбаларни ҳам жалб этадики, улар билан солиштирганда китобхон Ибн Баттута саёҳатномасининг нақадар катта тарихий-географик қимматга эга эканига янада амин бўлади. Шунинг-дек, Козегартеннинг шогирдларидан бири Генрих Апец парчаларнинг Малабар соҳиллари ва Малдив оролларига бағишланган яна бир қисмини нашр эттирган. Ўша йилнинг ўзида машҳур сайёҳ Бургҳарднинг Нубияга саёҳат китоби чиқди. Унинг охирига саёҳатнома ҳақида ал-Байлуний парчаларига асосланиб ёзилган мақола, шунингдек, Бургҳард Мағриб сафарида қўлга киритган уч қўлёзма илова қилинган эди. Бургҳард вафотидан кейин саёҳатноманинг қисқартирилган нусхаси қўлёзмалари Кембриж университети кутубхонасига бориб тушди. Инглиз шарқшуноси Самуел Ли ал-Байлуний тузган парчаларнинг тўла матнини инглиз тилига таржима қилади. Аммо унинг таржималари аниқ бўлмай, баъзи жойларда асл нусханинг эркин баёнидан иборат эди. Саёҳатноманинг тўлиқ таржимаси биринчи марта 1840 йили Лиссабонда амалга оширилди. Португалиялик руҳоний А.Моура 1790 йилда Фасда бўлган чоғида саёҳатнома қўлёзмасини топиб олади ва уни португал тилига таржима қилишга қарор қилади. Моура таржимасининг биринчи жилди 1840 йили Лиссабон академияси нашриётида чоп этилган. У Миср, Сурия, Яман, Макка, Кичик Осиё ва Олтин Ўрда сафари таассуротларини ўз ичига олган эди. Бироқ Моуранинг вафоти туфайли бу иш охирига етмай қолди.
Саёҳатноманинг Барон де Слэн томонидан асл матндан французчага қилинган айрим қисмлари 1843 йили “Осиё журнали”да чоп этилди. 1848 йили француз арабшуноси Эдуард Дюларье яна ўша журналда саёҳатноманинг Малайя оролларига ва Тавалиси сафарига бағишланган бобларининг матни ва таржималарини босиб чиқарди. Бу нашр француз шарқшуноси Ш.Дефремерини қизиқтириб қолди ҳамда у Эрон ва Марказий Осиё сафарларини тасвирловчи бобларни тўла қўлёзмадан французчага таржима қилди ва 1848 йилда босиб чиқарди.
Мана шу нашрлар туфайли шарқшунослар саёҳатноманинг тўла танқидий матнини тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда уни ҳар томонлама тадқиқ этиш зарурлигини батамом англаб етдилар. Ш.Дефремери Б.Сангинетти билан биргаликда бу ишга бел боғлайди.
Шубҳасиз, Ш.Дефремери Б.Сангинетти Ибн Баттута саёҳатномаси матнини тиклаш, уни очиш ва тушунтириш юзасидан бениҳоя катта иш қилиб, 1849-1853 йиллар орасида арабча танқидий матн билан биргаликда француз тилига изоҳли таржимани нашр этдилар. Бу нашр асарнинг ундан кейинги Европа ва шарқ тилларига кўп сонли таржималари, шунингдек, матннинг ҳамма арабча нашрларига ҳам асос бўлди. Кейинчалик араб оламининг турли жойларида ўнлаб нашрлар дунё юзини кўрди.
Йигирманчи асрда саёҳатномани тадқиқ этиш ва инглиз тилига таржима қилиш ишлари билан таниқли инглиз арабшуноси Ҳамилтон Гибб шуғулланди. У 1929 йилдаёқ Лондонда саёҳатноманинг қисқача, лекин бағоят мазмунли изоҳлар билан таъминланган мухтасар таржимасини чоп этган эди. Гибб бу борадаги тадқиқотини давом эттириб, 1956-1963 йиллар орасида асар таржимаси ва изоҳларини нашрдан чиқарди.
Шарқда энг биринчи таржималардан Муҳаммад Шарифнинг турк тилига қилган таржимасини кўрсатиб ўтиш лозим. 1970 йили эса Теҳронда форс тилидаги таржимаси нашр этилди.
Ибн Баттута саёҳатлари ва ундаги қимматли маълумотларга Россияда ҳам катта қизиқиш билан қаралди. 1841 йилдаёқ Русский Вестник журналида “Россия хорижликлар назарида” рукни остида Ибн Баттута саёҳатларидан парчалар таржима қилиб берилган эди. Орадан йигирма йил ўтгач, В.Тизенгаузен қаламига оид “Олтин Ўрда тарихига оид манбалар мажуаси”да биринчи марта Ибн Баттута асаридан йирик-йирик парчаларнинг нисбатан аниқ таржимаси юзага келди.
Ибн Баттута саёҳатномасининг Дашти Қипчоққа оид қисми татар тилига таржима қилингани ҳам диққатга лойиқдир. Араб тилининг билимдони Ризоуддин ибн Фахриддин қаламига мансуб бу таржима 1917 йили Оренбург-да алоҳида китобча ҳолида нашр қилинди.
Ибн Баттута саёҳатномаси бугунги кунга қадар инглиз, француз, лотин, италян, немис, поляк, чех, ҳатто португал тилларига таржима қилиниб, нашр этилганига қарамай, юртимиз тарихи билан бевосита боғлиқ, ўша даврга оид ғоят нодир маълумотларни мужассам этган бўлса-да, ҳалигача ўзбек тилига тўлиқ илмий-изоҳли таржима қилинмаган. Фақатгина Саёҳатноманинг Ўрта Осиёга оид қисмлари таржима қилиниб, унда Ибн Баттута асарининг юртимиз тарихини ўрганишдаги мислсиз аҳамиятига эътибор қаратилган эди. Шу муносабат билан бир гуруҳ арабшунос олимлар (Неъматуллоҳ Иброҳимов, Сарваржон Ғафуров, Абдулҳаким Орипов, Акмалжон Икромжонов, Абдулҳамид Зайриев, Жаҳонгир Неъматов, Абдулвоҳид Аҳмадалиев, мазкур Саёҳатноманинг ўзбек тилига тўлиқ таржимасини амалга оширдилар. Ушбу таржиманинг ғоят қизиқ, ажойиб ҳикояларидан айрим намуналар муҳтарам ўқувчилар эътиборларига тортиқ қилинмоқда.

Неъматуллоҳ Иброҳимов,
Академик

Ибн БАТТУТА

САЁҲАТНОМА

САЁҲАТНИНГ БОШЛАНИШИ ВА ТАНЖАДАН ЧИҚИШ

Шайх Абу Абдуллоҳ шундай ҳикоя қилади: Менинг киндик қоним тўкилган ватаним — Танжадан сафарга чиқишим 725 тоқ йили Оллоҳ таолонинг ойи – ражаб ойининг иккинчи куни, пайшанбада бўлиб, Оллоҳнинг байти Каъбани ҳаж қилиш ва жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) қабрларини зиёрат қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Менинг на бирор мунис дўстим ва на бирор отлиқ ҳамроҳим бор эди. Зеро, ниятим нафсимни турли машаққатлар билан тарбиялаш бўлиб, мазкур улуғ жойларга бўлган иштиёқни қалбимга туккан эдим. Шу сабабли ўз аҳли аёлим ва дўсту биродарларимни тарк этиб, ватанимни гўё қушлар инларини тарк этганларидек ташлаб кетдим. Ўшанда ота-оналарим ҳаёт эдилар. Уларни ташлаб кетиш мен учун оғир бўлди, ўз ўрнида улар учун ҳам мендан жудо бўлиш қийин кечди. Мен ўшанда йигирма икки ёшда эдим.
Ибн Жузайй дейди: Менга Абу Абдуллоҳ (Ибн Баттута)нинг Ғарнота шаҳрида сўзлаб беришича, у Танжа шаҳрида 723 йил ражаб ойининг еттинчиси, душанба кунида таваллуд топган экан.
(Ибн Баттута:) Сафарим мўминлар амири, саховати тилларда достон, хайру карами барчага аён, фазилати ила кунлар безанган, одамлар адолати ва меҳрибонлиги соясида яйраган, диннинг ёрдамчиси ва Оллоҳ таоло йўлида унинг душманларига қарши курашувчи табаррук раҳнамо Абу Саид ибн мавлоно амирул-мўминин – қатъияти ила ширк таъсири хиралашган, қиличининг тиғи куфр алангасини ўчирган, лашкарлари салбчиларни тўзитган ва тутган йўли кураш йўлида иззат топган Абу Юсуф ибн Абдулҳақнинг замонасида амалга ошди.
Илоҳим Оллоҳ таоло унга ўз ризолигини қайта-қайта насиб айлаган бўлиб, муқаддас сағаналарини ҳаёт ёмғири ила суғорсин ҳамда барча ислом аҳли ва мусулмонлар томонидан уларни яхши мукофотлар ила мукофотласин. Подшоҳлик то даври қиёматга қадар уларнинг авлодида бардавом бўлишини насиб этсин!
Шундай қилиб мен Тилмисон шаҳрига етиб олдим. Унинг ўша даврдаги султони Абу Ташфин Абдураҳмон ибн Мусо ибн Яғмур Асан ибн Зиён эди. У ерга боришим Ифриқийя подшоҳи султон Абу Яҳёнинг икки элчиси, яъни бири Тунисдаги никоҳ ишлари бўйича қози Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр Алий ибн Иброҳим ан-Нафзовий ва иккинчиси солиҳ шайх Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ал-Қурайший аз-Зубайдийларнинг ўша ердаликларига тўғри келиб қолди. У ўз даврининг фозил кишиларидан бири бўлиб, 40-йилда вафот этган.
Мен Тилмисонга етиб борган куним мазкур икки элчи у ердан чиқиб кетишган экан. Шунда баъзи биродарлар уларга ҳамроҳлик қилишимни маслаҳат бердилар. Мен Оллоҳ таолога шу иш юзасидан истихора намозини ўқидим ҳамда Тилмисонда ўз юмушларим билан овора бўлиб уч кун қолиб кетдим. Кейин уларнинг изларидан йўлга тушдим ва Милёна шаҳрига етиб бориб, уларни ўша ерда топдим. Ўшанда ёзнинг роса жазирама кунлари эди.
Шундан сўнг улардан бирига қаттиқ дард тегди. Шу боисдан у ерда ўн кун туриб қолдик. Кейин яна йўлга отландик. Дард қозини кундан-кунга забтига олар эди. Биз Милёнадан уч мил узоқликда жойлашган серсув жойда қўним топдик ва қози жаноблари шу ерда тўртинчи куннинг чоштгоҳ пайтида жон таслим қилди. Кейин унинг ўғли Абут-Таййиб ва ҳамроҳи Абу Абдуллоҳ аз-Зубайдийлар Милёнага қайтиб, унинг жасадини ўша ерда тупроққа топширдилар. Мен уларни ўша ерда қолдириб, тунислик савдогарлар ҳамроҳлигида яна йўлга тушдим.
Улар орасида ҳожи Масъуд ибн ал-Мунтасир, ҳожи ал-Адулий ва Муҳаммад ибн ал-Ҳажар исмли шахслар бор эдилар. Ниҳоят биз Жазоирга етиб бордик ва ҳатто шайх Абу Абдуллоҳ ва марҳум қозининг ўғли етиб келгунларига қадар унинг ташқарисида бир неча кун истиқомат қилиб турдик. Сўнг улар келишгач, барчамиз Зон тоғлари сари йўл олдик.
Кейин Бижойа шаҳрига етиб бордик. Шайх Абу Абдуллоҳ жаноблари шаҳар қозиси Абу Абдуллоҳ аз-Завовийнинг уйига ва (марҳум қозининг ўғли) Абут-таййиб эса фақиҳ ва муфассир Абу Абдуллоҳ ҳазратларининг хонадонларига тушдилар. Ўша вақтда Бижойа амири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бўлиб, у сарой ҳожиби Саййидунноснинг ўғли эди.
Менга Милёнадан ҳамроҳлик қилган Тунис савдогарларидан Муҳаммад ибн ал-Ҳажар дегани шу ерда вафот этди. У жон бериши олдидан ёнидаги уч минг тилла динорини жазоирлик Ибн Ҳадида номи билан танилган кишига топшириб, уларни Тунисдаги меросхўрларига етказишини васият қилди. Мазкур хабар шаҳар ҳокими Ибн Саййидунносга етиб боргач, у тилла тангаларни Ибн Ҳадиданинг қўлидан тортиб олди. Бу мен кўрган мусулмонларнинг раҳбар ва йўлбошчилари орасида содир бўлган дастлабки зулм эди.
Айтиб ўтганимдек, Бижойа шаҳрига борганимизда иссиғим ошиб касал бўлиб қолдим. Шунда менга Абу Абдуллоҳ аз-Зубайдий ҳазратлари то тузалгунимга қадар ўша ерда қолишим мумкинлигини айтди. Бироқ мен бунга кўнмадим ва: “Агар Оллоҳ таоло менга ўлимни лозим кўрган бўлса йўлдалигимда жонимни ола қолсин. Зеро, мен Ҳижоз юртини қасд қилиб йўлга чиққанман”, – дедим.
Шунда у киши менга: “Агар йўл юришга қатъий аҳд қилган бўлсанг, уловинг ва оғир юкларингнинг барини сот. Мен сенга бир улов ҳамда чодир бериб тураман, бизга енгиллаган ҳолда ҳамроҳлик қиласан. Зеро, йўлда араб қароқчилари хавфига дуч келамиз”, – деди. Мен дарҳол унинг айтганларини қилдим. У менга ваъда қилган нарсаларни берди. Оллоҳ таоло уни бу иши учун ўзи яхши мукофотласин. Чунки бу мен учун мазкур Ҳижоз сафарида кўрсатилган энг биринчи илоҳий марҳамат эди.
Биз йўлда давом этиб Қасантина шаҳрига етиб олдик ва унинг ҳам ташқарисида қўним топдик. Кечаси кучли ёмғир ёғди, биз ўз чодирларимизни тарк этиб, ўша ердаги хонадонларга киришга мажбур бўлдик.
Эртасига бизларни шаҳар ҳокими қарши олди. У Абулҳасан деб номланувчи аслзода ва фозил кишилардан бири эди. Ҳоким менинг кийимларимни ёмғир кир қилиб юборганини кўриб, уларни ўз ҳовлисида ювдириб берди. Эҳромим ҳам эскирганини кўриб, ўрнига Баълабаккадан келтирилган янги эҳром бериб юборибди. Унинг бир тарафига ҳамён қилдириб, икки тилла динор солиб қўйибди. Бу мазкур сафарим чоғидаги биринчи эҳсон эди. Биз ўз йўлимизда давом этиб Буна шаҳрига етиб келдик ва унинг ичига кириб, ўша ерда бир неча кун турдик. Сўнг йўлдаги хавфу хатарлар сабабли савдогар шерикларимизни ўша жойда қолдириб, ўзимиз ёлғиз йўлга тушдик. Қийинчилик давом этиб, (йўлда) яна иситмалаб қолдим. Ҳолдан тойганим боис, қулаб тушмаслик учун ўзимни саллам билан эгарга боғлаб олган эдим, ерга тушгани эса юрагим дов бермасди. Биз шу зайлда Тунис шаҳрига етиб келдик. Тунис аҳли шайх Абу Абдуллоҳ ва (марҳум) қози Абу Абдуллоҳ ан-Нафзовийнинг ўғли Абут-таййибларга пешвоз чиқишиб, уларни салом-сўровлар ила илиқ кутиб олдилар. Бироқ танимаганлиги учун ҳеч ким менга салом бермади, ўша пайтда менда олдин ҳеч ҳам дуч келмаган ҳолат юзага келди, ўзимни тута олмай йиғлаб юбордим. Шу пайт аҳволимни у ердаги ҳожилардан бири сезиб қолди ва дарҳол келиб, мен билан саломлашиб, менга илтифот кўрсата бошлади. Мен унинг ширин суҳбати билан шаҳарга кириб қолганимни ҳам сезмай қолдим. Тунисда шаҳарнинг бош мадрасасига жойлашдим.
Ибн Жузайй шундай дейди: Менга устозим, қози, хатиблар хатиби, ҳожи ал-Билфиқийнинг ўғли Абул-Баракот Муҳаммад ибн Муҳаммад Иброҳим ас-Суламий шундай ҳикояни сўзлаб берди. У (ҳикоя қилиб) деди: Абу Абдуллоҳ ибн ал-Камоддан ривоят қилинган ҳайит ҳақидаги кетма-кет узлуксиз келтирилган ҳадис ривоятига кўра, бир ҳайит кечасида Андалус шаҳарларидан Балашга бордим. Одамлар билан бирга масжидда ҳозир бўлдим. Намоз ва хутба тугагач, одамлар ўзаро бир-бирлари билан саломлаша кетдилар. Мен эса бир чеккада турар, ҳеч ким салом бермас ва сўрашмасди. Шунда мазкур шаҳар аҳлидан бўлган бир мўйсафид олдимга келиб салом берди ва қуюқ кўришди. У (менга қараб): “Сизга қарасам, одамлардан яккаланиб, ҳеч ким сизга салом ҳам бермаётган экан. Шунда сизнинг ғариб-мусофир эканингизни билиб, кўришиб қўйгим келди”, — деди. Оллоҳ уни яхшилик билан сийласин.

ТУНИС СУЛТОНИ ҲАҚИДА

Мен Тунисга кирган вақтимда унинг султони Абу Яҳё ибн султон Абу Закариё Яҳё ибн султон Абу Исҳоқ Иброҳим ибн султон Абу Закариё Яҳё ибн Абдулвоҳид ибн Абу Ҳафс эди (Оллоҳ уни раҳматига олсин). Тунисда бир гуруҳ кўзга кўринган уламолар бўлиб, улардан бири ўша жойнинг қозиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн қози Абул-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ал-Ансорий ал-Хазражийдир. У асли Валенсиядан бўлиб, кейинчалик Тунисга кўчиб келган, кўзлари қисиқ эди. Улар орасида яна машҳур хатиб Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Ҳусайн ибн Алий ибн Абдурафиъ ҳам бўлиб, у беш давлатда қозилик қилган. Улардан яна фақиҳ Абу Алий Умар ибн Алий ибн Қаддоҳ ал-Ҳаворий бўлиб, у ҳам бир неча муддат қозилик қилган ва кўзга кўринган олимлар-дан саналар эди. Унинг одатларидан бири шу эдики, у ҳар жума куни намоз тугагач, Туниснинг машҳур “аз-Зайтуна” жомеси ичидаги устунлардан бирига суяниб ўтириб, одамларнинг саволларига фатво берарди. Агар фатволар сони қирққа етса, савол-жавобни тугатиб уйига қайтарди.
Мен Тунисдалик чоғим рамазон ҳайитига тўғри келиб қолди ва намозгоҳда ҳозир бўлдим. Одамлар ҳайитни ўтказиш мақсадида ўша куни жам бўлишган, энг гўзал либосларда кўркам бўлиб намозгоҳга ташриф буюришган эди. Шу пайт масжидга юқорида номи зикр этилган султон Абу Яҳё келиб қолди. У отга миниб олган, ёнида яқинлари, хос кишилари бўлиб, давлат хизматчилари эса гўзал тартибда пиёда юриб келар эдилар. Намоз тугаб, хутбалар ҳам ўқилиб бўлгач, одамлар ўз манзиллари томон йўл олдилар.
Бир муддат ўтгач, Ҳижози шарифга борадиган карвонга бошлиқ этиб Африка шаҳарларидан Иқлий аҳлидан Абу Яъқуб ас-Сусий номи билан танилган шайх тайинланди. У ернинг аксарият аҳолиси мусомидадир. Мени эса ўзларига қози этиб сайлашди. Биз зул-қаъда ойининг охирги кунларида Тунисдан денгиз соҳили бўйлаб сафарга чиқдик. Охир-оқибат Суса шаҳрига етиб келдик. У денгиз бўйида жойлашган гўзал ва мўъжазгина шаҳарча бўлиб, у билан Тунис шаҳри ораси қирқ милдир. Кейин Сафоқис шаҳрига етдик. Унинг ташқарисида моликий фиқҳига тегишли “ат-Табсира” китоби муаллифи имом Абулҳасан ал-Лахмий ал-Моликийнинг қабри бор.
Ибн Жузайй деди: Сафоқис шаҳри ҳақида Алий ибн Ҳабиб ат-Танухий шундай деган:

Қишлоғу қалъа, қасрлару намозгоҳли
Сафоқис ерлари сероб бўлсин.
Кўрфазга қараган қаср қўриқхонаси,
Унинг қасри олий ва юксак.
Зиёратига борсанг, хуш келибсан, деб
Баралла айтиб юборай деб турибди.
У гўё бир денгиз, гоҳ сувлари ортга
Чекинади, гоҳо тўлиб тошади.
Хожаси канизини кўрганда, гўё
Қучмоқчи бўлгандай, тўлдиради қуйилган сув.

Бунинг тескариси ҳақида ажойиб адиб, қойилмақом ва кўплаб шеърлар муаллифи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Тамим шундай деган:

Сафоқис. Унда яшовчига ҳаёт бўлмасин,
Ёққанда ҳам ерини бирор ёмғир суғормасин.
Бу шундай шаҳарки, унга кирганлар
Руму арабдек икки босқинчидан озор топади.
Қанча одамлар молидан айрилиб, саҳрода адашиб кетган,
Денгизда асирлигу ҳалокатдан кўз ёш тўкади.
Унда яшаганларга денгиз ҳам ошкор маломат қилади,
Ҳар гал олдига келсалар, ортга қочади.

Сўнг Қобус шаҳрига етиб, тинимсиз ёмғир ёққани боис, ўн кун у ерда қўним топдик.
Ибн Жузайй дейди: Қобус ҳақида баъзилар шундай деганлар:

Қобуснинг майин қумли томонида
Яхши тунлар ўтиб кетганига эзилмоқдаман.
Уни эслаганда қалбим гўё
Чўғ ушлаган киши қўлидаги бир парча олов.

Сўнг Қобус шаҳридан чиқиб Тарабулус сари йўл олдик. Йўлда юзтача ёки ундан кўпроқ отлиқ кишиларга ҳамроҳ бўлдик. Улар орасида камончилар ҳам бўлиб, араблар улардан қўрқадилар. Камончилар карвон ўринини ҳимоя қилиб турдилар. Оллоҳ нинг ўзи бизни араблардан ҳимоя қилди. Биз қурбон ҳайитини йўлда кутиб олиб, ҳайитнинг тўртинчи куни Тарабулус шаҳрига етиб бордик. У ерда бир муддат қолдик. Мен Сафоқис шаҳрида Тунис амалдорларидан бирининг қизига совчи қўйиб, унга уйланган эдим, Тарабулусга етганимизда, у билан бирга бўлдим. Сўнг у ердан 726-йил муҳаррам ойининг охирларида аҳли аёлим билан йўлга чиқдим. Бизга бир қанча мусомидаликлар ҳам ҳамроҳ бўлдилар. Мен байроқни кўтарган ҳолда олдинда борардим. Карвондагилар эса эса совуқ ва ёғингарчиликдан қўрқиб, Тарабулусда қолган эди. Биз йўлда Маслота ва Масрота шаҳарлари ҳамда Сурт қасрлари олдидан ўтдик. Шу ерга етганимизда бир қанча туялик саҳро араблари бизга ҳужум қилмоқчи бўлди. Қудрати илоҳий уларни тўхтатиб, бизга қарата отганларини тўсиб қолди. Кейин биз дарахтзор ичига кириб кетиб, ундан машҳур обид Барсисонинг қасри ёнидан ўтиб, Салом гумбази олдида тўхтадик. Ўша ерда Тарабулусда қолиб кетган карвондагилар бизга етиб келиб қўшилдилар. Мен ва қайнотам ўртасида жанжал чиқиб, бу унинг қизи билан ажралишга олиб келди. Мен фослик толиблардан бирининг қизига уйландим ва Заъофийа қасрида у билан бирга бўлдим. Карвон аҳлига дастурхон ёзиб, уларни едириб-ичирдим, карвон шуни деб у ерда бир кун ушланиб қолди.
 Сўнг жумодул-аввал ойининг биринчи куни Искандария шаҳрига етиб келдик, Оллоҳ у шаҳарни ўз паноҳида асрасин! Зеро у душманлардан сақланган ва ҳамиша севимли бўлиб қолувчи бандаргоҳ бўлиб, шаъни ажойиб, қурилиши асл бир шаҳардир. У ерда истаганингизча гўзаллик ва пухталик, диний ва дунёвий осори атиқалар мавжуд бўлиб, бойликлари сероб ва маънавий дунёси ўта латофатлидир. Унинг бинолари ўзида ҳашамат ва мустаҳкамликни мужассам қилган. Улуғворликда тенгсиз бўлиб, унинг қимматбаҳо тошлари орасида марваридлар жило айлайди. У ўзининг ҳайратга солувчи кўрки ила порлайди. Машриқ ва мағриб ўртасида жойлашгани боис барча ажойиботлар унда жамул-жам, барча янги ва камёб нарсалар унда топилур. Инсонлар унинг васфида узундан-узоқ сўзлар битганлар, ундаги ажойиботларга атаб қанчадан-қанча китоблар тасниф этиб, ғаройиб сўзларни келтирганлар. Бу борада ўзи учун етарли маълумот олмоқчи бўлган киши Абу Убайднинг “ал-Масолик” асарига мурожаат қилсин.

ИСКАНДАРИЯ ДАРВОЗАЛАРИ ВА УНДАГИ БАНДАРГОҲЛАР ҲАҚИДА

Искандария шаҳрининг тўртта дарвозаси бўлиб, улар: “ас-Сидра” дарвозаси, мағриб томондан келганлар шу дарвозадан кирадилар; “Рашид”, “ал-Баҳр” ва “ал-Ахзар” дарвозалари. Улардан тўртинчиси, яъни “ал-Ахзар” дарвозаси фақатгина жума кунлари очилади ва одамлар ундан қабрларни зиёрат қилиш учун ташқарига чиқадилар. У (шаҳар)нинг катта бандаргоҳи бўлиб, мен бундайини дунё бандаргоҳлари орасида фақатгина Ҳиндистондаги Кулам ва Қолиқут (Калкутта) ҳамда турк шаҳарларидан Сурдоқдаги куфр аҳли бандаргоҳи ҳамда Хитойдаги Зайтун бандаргоҳлари мисолида кўрганман. Улар ҳақида батафсил маълумот ўз ўрнида зикр этилади.

МИНОРА БАЁНИ

Шу юришим асносида Искандария минорасига боришга қасд қилдим. Шунда унинг бир томони вайрон бўлиб, бузилиб тушганини кўрдим. У тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, тепага қараб қад ростлаган, эшиги ердан баланд, эшиги рўпарасида шу эшик баландлигида бир бино қурилган. Улар ўртасига эшигига қараб юриб бориладиган ёғоч кўприк ташланган. Агар шу кўприк олиб қўйилса, минора ичига кириб бўлмайди. Эшик ичида минора қўриқчиси учун ажратилган жой бўлиб, миноранинг ички қисмида кўплаб хоналар мавжуд. Ичкаридаги йўлакнинг кенглиги тўққиз қарич, деворнинг қалинлиги эса ўн қарич. Миноранинг ҳар тўрт тарафдан умумий кенглиги эса бир юз қирқ қарич бўлиб, у баланд тепаликда жойлашган. Минора билан шаҳар ўртасидаги масофа бир фарсах. Шаҳаргача бўлган масофа узаниб кетган қуруқликдан иборат бўлиб, мазкур қуруқликни уч томондан денгиз ўраб туради ва денгиз суви шаҳар деворларигача уланиб кетади. Шу сабабли минорага қуруқлик орқали фақатгина шаҳар томондан келиш мумкин. Минорага олиб борувчи бу қуруқликда Искандария қабристони мавжуд.
750 йилда Мағриб диёрига қайтиш чоғимда ўша минорага (яна) бордим. Шунда уни харобага айланганини кўрдим. Ҳатто унинг ичкарисига кириш ва эшигига чиқишнинг ҳам иложи қолмабди. Подшоҳ Носир унинг рўпарасига ҳудди шундай бир минора қуришни бошлаган экан, ўлим бу ишни охирига етказишига монеълик қилибди. Оллоҳ уни ўз раҳматига олсин!

САВОРИЙ УСТУНИ БАЁНИ

Бу шаҳардаги ажойиботлардан бири шаҳар ташқарисида жойлашган маҳобатли мармар устун бўлиб, уни “Саворий устун” деб аташади. У хурмо дарахтларидан иборат ўрмон ўртасида жойлашган, ўрмондаги дарахтлардан баландлиги учун яққол кўзга ташланиб туради. У тўрт бурчак шаклдаги тош пойдеворлар устига қурилган ва ўта пухта қилиб йўнилган бир бўлак тош, гўё улкан ўриндиқларни ёдга солади. Аммо уни бу ерга қандай қилиб ўрнатилгани ва ким ўрнатгани номаълум.
Ибн Жузайй дейди: Баъзи саёҳатчи устозларимнинг менга етказишларича, Искандариядаги камончилардан бири ёнида камони ва садоғи билан ана шу устуннинг энг тепасига чиқиб, яхшилаб жойлашиб олибди. Бу иши овоза бўлиб, тезда уни кўриш учун ғиж-ғиж оломон йиғилибди. Унинг ишидан роса ажабланибдилар. Одамлар буни қандай уддалаганини билолмабдилар. Менимча, у бирон нарсадан қўрққан ёки бирон ҳожат талабида бўлган, шу боис, ҳайратомуз ҳаракати натижасида мақсадига етган.
У устунга бундай чиққан экан: бир ўқнинг юқори томонига ип бойлаб, ипнинг учига эса мустаҳкам арқон улаб, устуннинг тепасига отган, ўқ устуннинг тепасидан ўтиб, нариги томонига тушган. Шунда ип устуннинг энг юқорисига тўғри келган, кейин уни тортиб, арқонни ипнинг ўрнига келтирган. Сўнг бир томонини ерга маҳкамлаб бойлаган-да, нариги учидан тирмашиб чиқиб, устуннинг энг тепасига кўтарилиб олган, кейин эса арқонни тортиб олган. Ёнида арқонни кўтариб юрадиган одам ҳам бўлган. Одамлар қандай чиққанини била олмай, бу ишдан ҳайратга тушдилар.
Мен Искандарияга борган вақтимда унинг амири Салоҳиддин исмли киши бўлиб, у ерда яна ал-Лиҳёний куняси билан танилган Африканинг собиқ султони Закариё Абу Яҳё ибн Аҳмад ибн Абу Ҳафс ҳам бор эди. Подшоҳ ан-Носир уни Искандариядаги сарой ҳовлисига меҳмон туширишни буюриб, унга ҳар куни юз дирҳамдан маош тайинлаган эди. Ўғиллари Абдулвоҳид, Мисрий ва Искандарийлар ҳамда ҳожиби Абу Закариё ибн Яъқуб ва вазири Абу Абдуллоҳ ибн Ёсинлар ҳам у билан бирга эдилар. Мазкур ал-Лаҳёний ва унинг ўғли Искандарий Искандарияда вафот этдилар. Мисрий исмли ўғли эса Искандарияда ҳозирги кунгача яшаб келмоқда.
Ибн Жузайй дейди: ал-Лиҳёнийнинг икки ўғли – ал-Искандарий ва Миср исмларида ром (фол, шумланиш)да жон борлигига дуч келиниши ғаройиб ишлардандир. Зеро ал-Искандарий ўша ернинг ўзида вафот этди. Миср эса Миср шаҳарларидан бўлган жой (Искандария)да узоқ умр кўрди. Абдулвоҳид эса Андалус, Мағриб ва Ифриқия шаҳарларига кўчди ва ўша ерда қашшоқ ҳолда бир оролда вафот этди.

ИСКАНДАРИЯНИНГ БАЪЗИ ОЛИМЛАРИ ҲАҚИДА

Улардан бири Искандариянинг қозиси Имодуддин ал-Киндий бўлиб, у тилшунос олимларидан эди. У одатдаги саллалардан мутлақ фарқ қилувчи бир салла ўрардики, мен ернинг на машриқу ва на мағрибида ундан каттароқ саллани кўрмаганман. Бир куни уни масжид меҳроби ўртасида ўтирганини кўрдим, унинг салласи меҳроб ичини тўлдириб турарди. Улардан яна бири Фахруддин ибн ар-Райғий бўлиб, у ҳам Искандария қозилардан ва илм аҳлининг фозил кишиларидан эди.

ЯХШИ ФОЛ ҲИКОЯСИ

Айтишларича, мазкур қозининг бобоси Фахруддин ар-Райғий Райға исмли жой аҳлидан бўлиб, илм талаби ила машғул бўлган, сўнг Ҳижозга сафар қилган ва Искандарияга етиб келганида хуфтон пайти бўлган. У ўша вақтда қўли юпқа камбағал одам бўлган, шунинг учун бу шаҳарга то яхши бир фол эшитмагунимча кирмайман, деб унинг дарвозаси яқинида ўтирган ва дарвоза олдида ундан бошқа ҳеч ким қолмаган. Шу пайт дарвозабон унинг сустлик қилаётганидан дарғазаб бўлиб мазах қилиб: “Эй қози, киринг!” деган. Шунда у киши “демак мен, Оллоҳ хоҳласа, қози бўлар эканман”, деб (шаҳар ичкарисига кирган).
Сўнг ундаги мадрасалардан бирига кириб, илм ўрганишга берилиб, фозил кишилар йўлидан борган ва номи чиқиб, довруғи атрофга ёйилган. У тақвоси ва зуҳди билан танилиб, у ҳақидаги гаплар Миср шоҳининг қулоғигача етиб борган.
Иттифоқо, ўша кунларда Искандариянинг қозиси вафот этиб қолади, унинг ўрнига фақиҳ ва олимлардан кўпчилиги даъвогар эдилар. Улар орасида фақат унинггина бу лавозимга рағбати йўқ эди. Шунда Миср подшоҳи унга элчи юбориб, қозиликка тайинлабди.
Сўнг ходимига одамлар орасида кимда қандай хусумат бўлса, унинг олдига келишларини эълон қилдиради. Шунда фақиҳлар ва бошқалар ўзлари қозиликка энг лойиқ деб ҳисоблаган бир киши ҳузурига йиғилиб, унинг хусусида подшоҳга мурожаат қилиш, одамлар тайинланган қозидан рози эмаслар, дея илтимос қилиш устида музокара қиладилар. Шу пайт улар орасига доно мунажжимлардан бири кириб келади ва уларга қарата шундай дейди: “Сизлар бу фикрингиздан қайтинг, зеро, мен унинг юлдузига боқдим ва текшириб кўрдим. Менга шу нарса аён бўлдики, у қирқ йил қозилик қилар экан”. Шундан сўнг улар ўз фикрларидан қайтишди ва иш дарҳақиқат, мунажжим айтганидек бўлди. У қозилик даврида адолат ва ҳалоллик билан танилди.
Олимлардан яна бири Важийҳуддин ас-Санҳожий бўлиб, у киши ҳам Искандариянинг олим ва фозил қозиларидан бўлган, яна Шамсуддин ибн Бинтут-Танисий исмли шахс ҳам бўлиб, у киши ҳам машҳур фозиллардан эди.
Ундаги солиҳ зотлар сафида шайх Абу Абдуллоҳ ал-Фосий деган киши ҳам бор бўлиб, катта авлиёлардан эди. Айтишларича, ҳар сафар намози охирида салом берса, ғайбдан саломига алик олинганини эшитар экан.
Улардан яна бири Халифа куняси билан танилган, кўп кароматлар соҳиби, зоҳид, тақводор ва хушфеъл олимдир.
Менга унинг ростгўй муридларидан бирининг хабар беришича, бир куни мазкур шайх тушида Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг “Эй халифа, ўрнингдан туриб, бизнинг зиёратимизга кел” деяётганларини кўрибди. Шундан сўнг дарҳол Мадинаи шарифга бориб, Масжиди Набавий ичига Бобус-салом эшигидан кирибди ва жаноби Ҳазрат билан саломлашибди. Сўнг масжиддаги устунлардан бирига суяниб ўтириб, бошини икки тиззасига теккизибди. Бу иш суфийларда тарфиқ деб аталади. Бошини кўтариб қараса, олдида тўрт кулча нон ва бир идишда сут ҳамда бир товоқда хурмо турганмиш. Бу нозу неъматлардан ўзи ва муридлари тановул қилгач, бу йили ҳаж қилмасдан яна Искандарияга қайтибдилар.
 Улардан яна бири тақводор ва зоҳид олимлардан Бурҳонуддин исмли киши ҳам бўлиб, оқсоқ бўлгани учун исмига “ал-Аъраж” (оқсоқ) лақабини қўшиб айтишарди. У ҳам катта зоҳид ва обид зотлардан бўлиб, Искандарияда турган кунларимда у киши билан кўришиб, уч кун зиёфатида бўлганман.
Бир куни унинг олдига кирсам, менга шундай деди: “Сен мамлакатлар аро сайру саёҳатни яхши кўрадиган одам экансан-а?!”. Шунда мен “Ҳа”, дедим. Аммо ўша вақтда менда Ҳинд ва Чин мамлакатлари томон сайр қилиш хаёли йўқ эди. Шу пайт у киши менга: “Ундай бўлса, иншоллоҳ, сен Ҳинд ерида биродарим Фаридуддин ва Синд ерида биродарим Рукнуддин Закариё ҳамда Чиндаги биродарим Бурҳонуддинлар билан кўришасан. Улар билан учрашган вақтингда, уларга менинг саломимни етказ”, деди. Мен унинг бу гапидан ажабландим, чунки у бу билан мени ана шу мамлакатларга боришга ундаб қўйган эди. Кейин мен ўз саёҳатимда давом этиб, у айтган уч зот билан учрашиб, унинг саломини уларга етказдим.
У билан хайрлашаётганимда менга бир қанча кумуш дирҳамлар берди, бу пуллар доим ёнимда бўлиб, уларни ишлатишга ҳеч эҳтиёжим бўлмади, охири денгиз сафари чоғида ҳинд кофирлари мендан бошқа нарсаларим билан бирга уни ҳам тортиб олдилар.
Улар орасида шайх Ёқут ал-Ҳабаший ҳам бўлиб, у зот ҳам улуғ кишилардан эди. У Абул-Аббос ал-Марсийнинг шогирди бўлиб, Абул-Аббос ал-Марсий эса машҳур авлиё, кўплаб кароматлар ҳамда олий мақомлар соҳиби Абул-Ҳасан аш-Шозалийнинг шогирди бўлган.
Абул-Ҳасан аш-Шозалийнинг кароматларидан: Менга шайх Ёқут ўз шайхи Абул-Аббос ал-Марсийдан ривоят қилиб дедики, шайх Абул-Ҳасан ҳар йили ҳаж қилар экан ва кетишда Миср жануби томондан кетиб, ражаб ва ундан кейинги ойларда то ҳаж тугагунига қадар Макка шаҳрида истиқомат қиларкан, сўнг Мадинага келиб, қабри шарифни зиёрат қилгач, Дарбул-кабир исмли жой орқали ўз юртига қайтаркан.
Ана шундай йилларнинг бирида, аниқроғи, охирги чиқишида ходимига қараб: “Ўзинг билан кетмон, чўмич, атир ҳамда маййитга лозим бўладиган нарсаларни ол”, дебди. Шунда ходими “нега” деб сўрабди. Шайх унга “Ҳумайсаро деган жойга борганда биласан”, деб жавоб қилибди. Ҳумайсаро Миср Саъидида, Айзоб саҳросида бўлиб, у ерда суви аччиқ булоқ бор, эчкиэмар ва калтакесаклар жуда ҳам кўп. Улар Ҳумайсарога етганларида шайх Абул-Ҳасан ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқибди. У намозининг охирги саждасида турган пайтда Оллоҳ азза ва жалла унинг жонини олибди. Сўнг ўша ерга ходимлари тарафидан дафн қилинибди. Мен у зотнинг қабрини зиёрат қилдим. Қабр устида бир қабртоши бўлиб, унга у зотнинг исми ва насаби то Алий (р.з.)нинг ўғли Ҳасан (р.з.) гача изчил ёзиб қўйилган экан.
У зот юқорида зикр қилганимдек, ҳар йили Миср Саъиди ҳамда Жидда денгизи орқали сафар қиларди ва ҳар сафар кемага минганида ҳар куни ўзига мансуб бўлган “Ҳизбул-Баҳр” дуосини ўқирди. У кишининг шогирдлари ҳозир ҳам ҳар куни мазкур дуони ўқиб юрадилар.

САВДОГАРЛАР ОРАСИДАГИ ЖАНЖАЛ ҲИКОЯСИ

Биз Макка шаҳрида турган вақтимизда етти юз йигирма еттинчи йили Искандария шаҳрида мусулмонлар билан насроний савдогарлар ўртасида жанжал чиққани ҳақида хабар борди.
Искандариянинг волийси Каркий лақаби билан танилган одам бўлиб, у румлик насоролар ҳимояси томонга ўтиб олибди ва мусулмонларни шаҳардан чиқариб, жазо тарзида дарвозани беркитиб қўйибди. Шундан сўнг одамлар унинг бу қилмишидан қаттиқ ранжиб, унга қарши қўзғолон кўтаришибди ва дарвозани синдиришибди, ичкарига кириб, волийнинг манзили томон йўл олишибди. Волий улардан қочиб, қалъага беркинибди ва қалъа устидан туриб жанг қила бошлабди. Кейин Миср подшоҳи Носиршоҳга бу ҳақида мактуб ёзиб, кабутар орқали етказибди, подшоҳ у ерга Жамолий исмли бир амирни юборибди.
Сўнг унинг кетидан Тўғон исмли иккинчи амирни юборибди. Бу амир жуда ҳам тошбағир ва жаббор бўлиб, унинг мусулмонлигига ҳам шубҳа бор эди. Айтишларича, у қуёшга сиғинувчилардан бўлган экан. Мазкур икки амир Искандарияга кириб, ундаги катта аъёнлар ва йирик савдогарларнинг барини болалари билан асир олиб, мол-мулкларини мусодара қилишибди. Шаҳар қозиси Имодуддиннинг бўйнига катта темир занжир осиб, уни ҳам асир олибдилар.
Сўнг улар шаҳар аҳолисидан ўттиз олти кишини ўлдириб, ҳар бирининг жасадини иккига бўлибдилар, сўнг уларни шаҳарнинг чиқавериш йўлининг икки четига қатор қилиб осиб қўйибдилар. Бу воқеа жума куни бўлибди. Одамлар одатларига кўра, жума намозидан чиқиб, шаҳар ташқарисига қабрлар зиёрати учун йўл олишган вақтда ушбу осилган ҳамшаҳарларининг жасадларига кўзлари тушиб, қаттиқ ҳасрат ва надоматга чўмибдилар.
 Ана шу осилган жасадлар қаторида баланд мартабали Ибн Равоҳа исмли савдогар ҳам бўлиб, унинг қурол тўла омбори бор эди. Қачонки бирор-бир хавф ёки уруш бўлса, юз ёки икки юз кишини қуроллантирарди.
Шаҳарда бундай омборлар кўплаб топилиб, улар ҳам шу каби савдогарларга мансуб эди. Юқоридаги тожир тилидан илиниб, ҳалиги икки амирга: “Бу шаҳарда бўлаётган ҳар қандай ишга мен жавоб бераман ва ундаги қўзғолонни тинчитишга ҳам мен кафилман. Керак бўлса, султонимизни қўриқлаш учун ҳам қанча бўлса аскар ва одам етказиб бериш қўлимдан келади”, деб юборибди.
Амирлар эса унинг гапларини нотўғри қабул қилиб, унга: “Сенинг ниятинг султонимизга қарши бориб, қўзғолон кўтаришдир”, деб уни ўлдирибдилар.
Оллоҳ таоло уни ўз раҳматига олган бўлсин! Афсуски, унинг нияти ўз подшоҳига содиқлик ва хайрихоҳлигини билдириб қўйиш бўлган, холос, аммо тақдирига шундай ажал битилган экан, на чора?!
Мен Искандарияда турган кунларимда солиҳ, обид ва саховатли шайх Абу Абдуллоҳ ал-Муршидий ҳақида эшитиб қолдим. У зот катта авлиёлардан бўлиб, Бану-Муршид деган ердаги ибодатхонасида ёлғиз ўзи ибодат қилар, у кишининг на ходими ва на бирор ҳамхонаси бор эди. У зот ҳузурига ҳатто амиру вазирлардан тортиб, оддий одамларгача, неча турли инсонлар зиёратга келиб туришарди. Келган одамларнинг ҳар бири бирор таом ёки мева ёки ширинликни ейишни кўнглидан ўтказган бўлса, уларнинг ҳар бирига истаган нарсасини олдига олиб чиқарди, кўпинча бу ҳолат ўша мевалар пишмайдиган фаслларда бўлар эди.
У зотнинг ҳузурига фақиҳлар хатиблик орзусида келишар, у зот эса кимларнидир хатибликка қўйиб, кимларнидир бўшатар эди. Бу барчага маълум ва машҳур эди.
Миср подшоҳи Носиршоҳ ҳам бу зотни шу манзилига келиб, бир неча бор зиёрат қилган эди.
Мен Искандария шаҳридан мазкур шайхнинг зиёратини қасд қилиб йўлга чиқдим ва Тарважа исмли қишлоққа етиб келдим. Бу қишлоқ Искандариядан пиёда ярим кунлик йўл олисликда бўлиб, каттагина қишлоқдир. Унинг ўз волийси, қозиси ҳамда нозири бўлиб, қишлоқ одамлари ўзларининг гўзал хулқ ва одоблари билан ўзгалардан ажралиб турадилар.
Мен унинг қозиси Сафиййуддин ва хатиби Фахруддин ҳамда унинг фозил кишиларидан Муборак исмли кишилар билан ҳамсуҳбат бўлдим. Муборакни “Зайнуддин”, яъни “диннинг зийнати” деб аташаркан. Мен у ерда қадри баланд обидлардан Абдулваҳҳоб исмли кишининг уйига тушдим. Мени қишлоқ нозири Зайнуддин ибн ал-Воиз ҳам меҳмон қилди. У мендан ўз юртим ва унинг хазинаси ҳақида сўради. Мен унга юртим ҳақида сўзлаб, унинг хазинаси ўн икки минг тилла динор атрофида эканини айтдим. У бундан ажабланиб, деди: “Бу қишлоқни кўряпсанми? Шунинг хазинаси етмиш икки минг тилла динорни ташкил этади. У бутун Миср диёри хазинасидан ҳам кўп, зеро, ундаги барча бойлик байтул-мол, яъни давлатникидир”.
Сўнг ушбу қишлоқдан чиқиб, Даманҳур шаҳрига етиб келдим. У катта шаҳар бўлиб, хазинаси кўп, гўзал масканлари бисёр экан. Даманҳур денгиз соҳилида жойлашган шаҳарларнинг барчасидан қадимий бўлиб, уларнинг ҳаммаси шу шаҳар билан бевосита боғлиқ бўлиб келган.
Ушбу шаҳарнинг қозиси ўша вақтда Фахруддин ибн Мискин исмли киши бўлиб, шофеъия мазҳабидаги фақиҳлардан эди. У Искандарияга биз юқорида зикр этган даҳшатли воқеадан кейин қози ҳам бўлган экан.
Менга ишончли бир одамнинг хабар беришича, мазкур Ибн Мискин Искандарияга қози бўлиш учун минг тилла динорни йигирма беш минг кумуш дирҳамга алмаштириб, пул берган экан.
Сўнг Фавво номли шаҳарга келдик, бу шаҳар ҳам гўзал манзарали, довруғи таралган бўлиб, унда жуда ҳам кўп мевали боғлар ва қадимий осори атиқалар мавжуд эди. У ерда шайх валий Абуннажот деган зотнинг қабри ва мен юқорида номини тилга олган шайх Абу Абдуллоҳ ал-Муршидийнинг хонақоҳи мавжуд бўлиб, улар ўртасини бир кўрфаз ажратиб туради.
Мен ўша кўрфаздан ўтиб, мазкур шайхнинг хонақоҳига аср намозидан олдин етиб келдим ва у зот билан саломлашдим. У зотнинг ҳузурида амир Салафуддин Ялмалакни кўрдим. У Хосикия деган жойдан бўлиб, омма унинг исмини Алмалак деб хато айтардилар. Мазкур амир ўз қўшини билан хонақоҳнинг ташқи томонига тушган эди.
Шайх ҳазратлари ҳузурига кирган пайтимда, у зот ўрнидан туриб мен билан қучоқлашиб кўришди ва дарҳол бир таом тайёрлаб, мен билан бирга тановул қилди. Унинг устида жундан тўқилган қора жубба бор эди. Аср намози бўлгач, мени имомликка ўтказди, яна у зот билан бирга турган кунларимнинг барчасида қолган намозларда ҳам мен имомлик қилдим.
Ухламоқчи бўлганимда, шайх менга хонақоҳнинг томига чиқиб ётишимни айтди. Ёзнинг жазирама кунлари бўлгани учун амирга қараб: “Буёғи қандай бўлди?” – дедим. У эса: “Бизларда ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз бор”, – деди. Шундан сўнг томга чиқдим, у ерда бир бўйра билан пўстак, таҳорат олиш учун идиш, яна бир кўзада сув ва ичиш учун коса турарди. Мен ўша жойда уйқуга кетдим.
Ушбу шайхнинг бир каромати: мен бу кеча туш кўрдим. Тушимда мени бир катта қуш қанотлари устида қибла томон учириб кетмоқда. У гоҳ ўнг томонга қараб учади, гоҳ шарқ томонга, сўнг жанубга, сўнг яна шарқ томонга қараб узоқ учади-да, мени қоронғуда кўм-кўк ерга ташлаб, ўша ерда қолдириб кетади.
Мен бу тушдан жуда ажабландим ва ичимда дедимки: агар шайх кўрган тушимни била олса, ҳақиқатан ҳам айтганларидек, соҳиби каромат бўлади. Бомдод намозида мени одатдагидек имомликка ўтказди. Сўнг амир Ялмалак у зот билан видолашиб ортига қайтди, шунингдек, қолган зиёратчилар ҳам ортларига қайтдилар. Шайх уларнинг барига ширин кулчалар улашди. Кейин мен зуҳо намозини ўқидим, шундан сўнг у зот мени ёнларига чорлаб, қандай туш кўрганимни сўраб қолди. Мен кўрган тушимни сўзлаб бердим. Шунда дедики: “Яқинда ҳаж зиёратига бориб, жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.)ни зиёрат этасан, Яман, Ироқ ва Турк мамлакатларини бориб кўрасан, у ерларда узоқ муддат қолиб кетасан ва Дилшод ал-Ҳиндий исмли шахс билан кўришасан. У сени бошингга тушган қийинчиликдан халос этади”. Шундан кейин шайх менга ҳам бир нечта ширин кулча ҳамда дирҳам тангалар бериб, мен билан хайрлашди ва мен у зот ҳузуридан чиқдим.
У зотдан айрилганимдан сўнг сафарим чоғида фақат яхшиликка йўлиқдим, у зотнинг дуолари баракотидан кўп манфаатлар олдим. Ҳинд еридаги хожа Муҳаммад ал-Муваллаҳ ҳазратларидан бошқа у зот каби бирор валийни учратмадим.
Сўнг Наҳрориййа шаҳрига сафар қилдик. У майдони кенг, бинолари янги, бозорлари кўркам бўлиб, амири Саъдий исмли қадри юксак одам экан. Унинг ўғли эса Ҳиндистон подшосининг хизматида бўлиб, у ҳақда кейинроқ тўхталамиз. Унинг қозиси Садруддин Сулаймон Моликий, моликиййа мазҳабининг улуғ олимларидан бўлиб, Носир шоҳ томонидан Ироққа элчи бўлиб келган, сўнг ғарбий мамлакатларга қозиликка тайинланган. У хушбичим, кўркам кишидир.
 У ернинг хатиби эса, Шарафуддин ас-Саховий номли киши бўлиб, солиҳ зотлардандир.
У ердан Абёр шаҳрига ўтдим. У ҳам қадимий шаҳарлардан бўлиб, ерлари хушбўй, масжидлари кўп ва бисёр гўзалликларга эгадир. У Наҳрориййага яқин бўлиб, улар ўртасини Нил дарёси ажратиб туради. Абёр шаҳрида қиммати Шом, Ироқ ва Миср ҳамда бошқа мамлакатларда ҳам юқори турадиган чиройли кийимлар тикилади.
Қизиғи шундаки, Наҳрориййа унга яқин бўла туриб, Абёр кийимларининг у ерда унча эътибори йўқ, аҳоли ҳам уларни ёқтиравер-майди.
Мен Абёрда унинг қозиси Иззуддин ал-Малижий билан кўришдим. У киши шофеъия мазҳабида бўлиб, гўзал ахлоқ ва одобга эга ҳамда қадри баланд зот экан. Мен бир куни унинг олдига “Йавмур-рукба”, яъни рамазон бошида ой чиқишини кузатиш кунида борибман. Уларнинг одатларига кўра шаҳарнинг фақиҳ ва кўзга кўринган кишилари шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни аср намозидан кейин қозининг уйига жам бўлишаркан. Эшик олдида саллалилар нақиби туриб, фақиҳ ва улуғлардан ким келса, қарши олиб: “хожамиз фалончи келдилар” деркан ва қози ҳамда унинг атрофидагилар эшитиб, келган одамни ўринларидан туриб қарши олишаркан, кейин нақиб уни муносиб ерга ўтқазаркан. Тўлиқ йиғилиб бўлишгач, қози бошчилигида ҳаммалари отланиб, йўлга чиқишар, уларга шаҳардаги эркагу аёл, қуллару ёш болалар ҳам эргашар эканлар. Улар шу тарзда ойни кузатадиган жойлари бўлган шаҳар ташқарисидаги баланд бир ерга борар эканлар. Бу жойга гилам ва кўрпачалар тўшаб қўйилган бўлиб, қози ва атрофидаги аъёнлар уловларидан тушиб, ой чиқишини кузата бошларканлар. Сўнг шом намозидан кейин яна шаҳарга қайтишаркан. Уларнинг қўлларида шамчироқ, машъала ҳамда фонуслар бўлиб, йўлдаги дўкондорлар ҳам ўз дўконларини шамчироқлар билан ёритиб турарканлар. Қози одамлар билан ўз уйига қайтар, кейин одамлар тарқалар эканлар. Улар бу ишни ҳар йили такрорлар эканлар.
Сўнг Катта Маҳалла исмли шаҳар томон йўл олдим. Ушбу шаҳар майдони катта, кўриниши гўзал, аҳолиси кўп ҳамда яхшиликларга тўла, номи машҳурдир.
Мазкур шаҳарда бош қози ва бош волий бўлиб, мен у ерга етиб келган кунларимда бош қозиси шаҳардан икки фарсах узоқликдаги боғида бемор ётган экан. У Иззуддин ибн ал-Ашмарайн исмли шахс бўлиб, уни зиёрат қилмоқчи бўлдим. Ноиби фақиҳ Абул-Қосим ибн Банун ал-Моликий ат-Тунисий ва Мануф маҳалласи қозиси Шарафуддин ад-Дамирийлар билан кўришдим, сўнг бош қози олдида бир кун турдим. Суҳбат асносида солиҳ зотлар ҳақида сўз борганда, ундан мазкур Катта Маҳалла шаҳридан бир кунлик йўл нарида Буруллус ва Настарав номли шаҳарлар борлиги, у ерлар солиҳлар макони бўлиб, унда кўплаб кароматлар соҳиби шайх Марзуқ ҳазратларининг қабрлари мавжудлигини эшитдим. Шундан сўнг ўша шаҳарларни зиёрат қилишни кўнглимга тугдим ва бориб, юқорида тилга олинган шайх ҳазратларининг хонақоҳларига тушдим. Бу диёрларда хурмо ва бошқа мевали дарахтлар кўп бўлиб, денгиз қушлари ва “бурий” номи билан машҳур катта балиқ бўлар экан. Уларнинг шаҳарлари Малтин дейиларкан. У Нил дарёси ва Тиннис кўли сувлари қўшилиб ҳосил бўлган кўл соҳилида жойлашган.
Настарав унинг яқинидаги шаҳар бўлиб, у ерда солиҳ зотлардан шайх Шамсуддин ал-Қалавийнинг хонақоҳига тушдим. Тиннис қадимда катта ва машҳур шаҳар бўлган, аммо ҳозир хароб аҳволда.
Ибн Жузайй айтади: Улуғ шоир Абул-Фатҳ ибн Вакиъ мана шу Тиннис шаҳридандир. У шаҳар кўрфази ҳақида шундай деган:

Кел, мени чучук сувла сероб айлагин,
кўрфаз ҳайқириб, шамол гўё меҳр ила
қамиш қўғаларин тебратган маҳал.
Ҳаво ўзининг чақмоқ олтин ранги билан
бўяган гўзал зийнатида.

Қизиқ тасодифлардан бирини Абу Абдуллоҳ ар-Розий солиҳ киши бўлган отаси Буруллус қозисидан ҳикоя қилган. Отаси бир кеча Нил соҳилига чиқибди, яхшилаб таҳорат олиб, Оллоҳ истаганича намоз ўқибди. Шу пайт бировнинг мана бундай деганини эшитибди:

Агар бетўхтов рўза тутувчи эрлар бўлмаганда,
Яна тоатда турадиган бошқалар бўлмаганда,
Ерингизни остингиздан тонг саҳарда зилзила тутган бўлурди,
Зотан сизлар бизга бепарво ёмон қавмдирсиз.

Отаси давом этади: намозимни тезда тугатиб, атрофга аланглаб қарадим, лекин ҳеч кимни кўрмадим, бирор шарпани туймадим, шунда билдимки, бу Оллоҳ таоло томонидан огоҳлантирувчи садо экан.
Ибн Баттута: Сўнг қумликлар оралаб Димёт шаҳрига сафар қилдим. У атрофлари кенг, турли хил меваларга бой, қурилиши гўзал, тартибли, чиройли бир шаҳар бўлиб, одамлар уни Зимёт ҳам дейдилар. Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Алий ар-Рашотий ҳам шундай ёзган. Аммо муҳаддислар имоми аллома Абу Муҳаммад Абдулмўмин ибн Халаф эса дол билан, яъни Димёт деб ёзган, зеро у ўз туғилиб ўсган ватани исмини бошқалардан кўра яхшироқ билади.
Димёт шаҳри Нил дарёси бўйида жойлашган бўлиб, дарё ёқасидаги ҳовлиларда яшовчилар сувни чархпалаклар билан оладилар. Кўплаб ҳовлиларда Нилга тушиладиган зиналар мавжуд. Димётда банан дарахти кўп бўлиб, меваси Мисрга араваларда ташилади.
Димёт қўйлари кечасию кундузи қаровсиз ўтлаб юради. Шунинг учун ҳам Димёт ҳақида шундай нақл бор: “Унинг сарқити ҳалво, итлари қўйдир”. Бирор кимса у ерга кирса, шаҳар ҳокимининг муҳрисиз чиқиб кета олмайди. Агар у эътиборли шахс бўлса, унга бир парча қоғозга муҳр босиб берилади, уни шаҳар дарвозабонларига кўрсатади. Оддий одамларнинг эса билакларига муҳр босиб берилади, шу муҳрни кўрсатиб шаҳардан чиқишади.
Бу шаҳарда денгиз қушлари кўп бўлиб, ниҳоятда семиз бўлади. У ердаги сигир сути таъмининг ширинлиги ва ютимининг ёқимлилигида тенгсиздир. У ерда Шом, Миср ва Рум мамлакатларига олиб кетиладиган бурий балиқлари бор.
Шаҳар ташқарисида икки денгиз орасида бир орол бўлиб, у “ал-Барзах”, яъни “ажратиб турувчи” деб аталади. Бу оролда бир масжид ва бир хонақоҳ бўлиб, унинг шайхи Ибн Қуфл деган киши экан, мен у билан жума оқшомида кўришдим. Унинг ҳузурида бир гуруҳ фақирлар ва фозил-обидлар жам бўлиб, кечани намозу қироат ҳамда зикрлар билан ўтказдилар.
Ҳозирги Димёт янги шаҳар бўлиб, қадимдаги шаҳарни фаранглар Солиҳ подшоҳ даврида харобага айлантиришган. Қадимги Димётда шайх Жамолуддин ас-Совий ҳазратларининг мақбараси мавжуд бўлиб, у зот Қаландариййа номи билан танилган тоифанинг раҳбари бўлган. Улар соқол ва қошларини ҳам қириб юришган. Ҳозирда бу мақбарада шайх Фатҳ ат-Такрурий истиқомат қилади.

ШАЙХ ЖАМОЛУДДИННИНГ СОҚОЛИ ҲИКОЯСИ

Айтишларича, мазкур тоифанинг раҳбари шайх Жамолуддин ас-Совий ҳазратларини соқол ва қошларини қириб ташлашларига бир воқеа сабаб бўлган экан. Шайх кўркам ҳайъатли, чиройли юзли бўлиб, Сова аҳлидан бир аёл у зотга ошиқ бўлиб қолибди, у кишига одам юбориб, йўлларини тўсиб, ўзига чорлабди. У эса бундан бош тортиб, унга парво ҳам қилмабди. Аёл мақсадига эришолмагач, бир кампирни ишга солибди. Кампир шайхнинг масжидга борадиган йўли устида ўтириб, у киши ёнига келган вақтда шундай дебди: “Хожам, ўқишни биласизми?”. “Ҳа” деганидан сўнг: “Бу мактубни менга болам йўллабди, шуни менга ўқиб берсангиз”. “Хўп”, дебди шайх ва мактубни қўлга олиб, очибди. Шунда кампир: “Ўғлимнинг хотини ҳам бор, эшик орқасида турибди, шунга у эшитиши учун ичкарида ўқиб берсангиз”, дебди. Шайхни шу кўйи уй ичига олиб кирибдилар, ҳалиги кампир эшикни қулфлаб қўйибди. Сўнг аёлнинг чўрилари шайхнинг қўлидан ушлаб уй ичига олиб киришибди, шунда аёл у зотни ўзига чорлабди. Шайх иложсизлигини кўргач, унга “Хўп, мен айтганингга розиман, аввал мен бир ҳожатхонага кириб чиқай”, дебди. Аёл унга ҳожатхонани кўрсатгач, шайх сув олиб кириб кетибди. Шайхнинг ёнида янги устараси бўлиб, ҳожатхонада соқол ва қошларини қириб чиқибди. Аёлга унинг кўриниши хунук, қилган иши ёмон кўриниб, ҳузуридан чиқариб юборибди. Шундай қилиб, Оллоҳ таоло у зотни бундай катта гуноҳдан сақлаб қолибди. Шайх ҳазратлари эса шу воқеадан кейин мазкур ҳайъатини сақлаб қолган экан ва унинг тариқатига кирган кейинги қаландарлар ҳам соч-соқолларию қошларигача қирдириб юришлари шундан экан.

АМР ИБН АЛ-ОС МАСЖИДИ, МАДРАСА, ШИФОХОНА ҲАМДА ХОНАҚОҲЛАР

Машҳур саҳоба Амр ибн ал-Ос томонидан барпо этилган масжид қадри юксак ва шуҳрати баланд бир масжид бўлиб, унда жума намози ҳам ўқилади. Унинг олдини шарқдан ғарбга қараб ўтган катта йўл тўсиб туради. Кун чиқар томонида бир хонақоҳ бўлиб, унда имом Абу Абдуллоҳ аш-Шофеъий дарс берган.
Қоҳирада мадрасалар шу даражада кўпки, уларни ҳатто санашнинг ҳам иложи йўқ. У ерда икки қаср оралиғида подшоҳ Мансур Қаловун қабри олдида жойлашган бир шифохона бўлиб, унинг васфидан тил ожиз. Унда ҳисобсиз дори-дармон ва беморлар учун лозим бўлган бошқа ашёлар мавжуд. Айтишларича, унинг кунлик кирими минг тилла динор экан.
Мисрда такялар кўп бўлиб, уларни хонақоҳлар деб атайдилар. Миср ҳукмдорлари ана шундай хонақоҳларни қуришда ким ўзарга иш қиладилар. Мисрдаги ҳар бир хонақоҳ фақирлардан иборат маълум бир тоифа учун тайин этилган бўлиб, уларнинг кўпини ажамлар ташкил қилади. Улар тасаввуф йўлидаги адабиёт ва маърифат аҳлидирлар. Ҳар бир хонақоҳнинг ўз шайхи ва қўриқчиси мавжуд бўлиб, уларнинг иш юритиш тартиблари ажойибдир.
Уларнинг овқатланишдаги одатларидан бири, эрта тонгда хизматчи хонақоҳдаги фақирлар олдига келиб, улардан нима таом ейишларини сўрайди. Сўнг дастурхонга барча ҳозир бўлгач, ҳар бир кишига ўзининг нон ва шўрвасини алоҳида идишларда келтиради ва ушбу таом эгаси бировни шерик қилмай ўз таомини ўзи якка истеъмол қилади. Улар бир кунда икки маҳал овқатланадилар.
Хонақоҳ аҳлига ёзда ва қишда кийим берилиб, ҳар бирига йигирма дирҳамдан ўттиз дирҳамгача ойлик маош ҳам тайинланган. Бундан ташқари ҳар жума оқшоми уларга турли хил ширинликлар, кийимларини ювишлари учун совун, ҳаммомга киришга пул ва чироқлари учун мой ҳам бериб турилади. Улар асосан ёлғиз эркаклар бўлиб, ораларида оилалилари бўлса, улар учун алоҳида хонақоҳлар берилади. Улардан беш вақт намозда масжидга келиш, кечаси хонақоҳда тунаш ҳамда хонақоҳ гумбази остида бўлиб ўтадиган умумий йиғилишга ҳозир бўлиш талаб қилинади.
Уларга хос одатлардан бири шуки, уларнинг ҳар бири ўзининг махсус жойнамозида ибодат қилади. Бомдод намозини ўқиб бўлгач, Фатҳ, Мулк ҳамда Амма сураларини ўқийдилар. Сўнг уларга бир порадан ажратиб қўйилган Қуръони карим келтирилади, ҳар бир фақир қўлига бир порадан Қуръон нусхасини олиб, тўлиқ ўттиз пора Қуръонни хатм қиладилар. Сўнг зикр ибодатини бошлайдилар. Кейин эса қорилар машриқ халқи одатича Қуръон ўқийдилар. Улар худди шу ишни аср намозидан сўнг ҳам такрорлайдилар.
Улар янги келган одамни шундай кутиб оладилар: келган суфий белига белбоғини боғлаган ҳолида эшик олдига келади. Унинг елкасида жойнамози ва ўнг қўлида ҳассаси, чап қўлида эса обдастаси бўлиши лозим. Шундан сўнг хонақоҳ қоровули ичкаридаги ходимга унинг жойини маълум қилади, ходим унинг олдига чиқиб, қаерлик экани, йўлда қайси хонақоҳларда тунагани ҳамда шайхи ким эканлиги ҳақида сўрайди. Агар унинг сўзлари ростлигига ишонса, хонақоҳ ичкарисига киритиб, муносиб ерга жойнамозини тўшайди ҳамда унга таҳоратхонани кўрсатади. Меҳмон таҳоратини янгилаб, жойнамози устига келади ва икки ракат намоз ўқийди, сўнг хонақоҳ шайхи ва атрофдагилар билан қўл бериб кўришиб, сўнг улар билан бирга ўтиради.
Хонақоҳ аҳли одатларидан яна бири, жума куни келса, хонақоҳ ходими ҳар бир фақирнинг жойнамозини олиб бориб, масжид ичига тўшаб қўяди. Улар жума намозига ҳаммалари жам бўлиб, шайхлари билан бирга чиқадилар ва ҳар бир киши ўзининг жойнамозида намоз ўқийди. Жума намози тугагач, одатларича Қуръон ўқишади. Сўнг яна шайхлари билан бирга жам бўлиб ортларига қайтиб келишади.

МИСР ҚАБРИСТОНЛАРИ ВА МОЗОРЛАРИ

Мисрда табаррук саналадиган катта-катта қабристонлар мавжуд бўлиб, уларнинг фазли ҳақида имом Қуртубий ва бошқалар турли ривоятларни келтиришган. Мазкур қабристонлар Муқаттам номли тоғнинг бир бўлаги бўлиб, хабарларга кўра, Оллоҳ таоло ушбу тоғни жаннат боғларидан бири бўлажагини ваъда қилган. Миср халқи қабристонларга гўзал шаклдаги гумбазлар барпо қилиб, атрофларини деворлар билан худди уй-ҳовлилар каби ўраб чиқишади. Уларнинг ичига уйлар қуриб, қориларга кечасию кундузи гўзал овозларда Қуръон ўқитишади. Баъзилари қабр ёнига хонақоҳ ва мадрасалар барпо қилиб, ҳар жума оқшомида бола-чақа ва аёллари билан мазкур жойларда тунаб қолишади ҳамда машҳур мозорларни тавоф қилишади. Улар, шунингдек, шаъбон ойининг ўн бешинчи кечасида ҳам ўша жойларда тунаб қоладилар. Савдогарлар бозорларга турли хил егуликларни олиб чиқишади.
Ана шундай улуғ мозорлардан бири, юксак шаънли мозор бўлиб, у ерда Ҳусайн ибн Алийнинг боши дафн этилган (уларга Оллоҳ таолонинг саломи бўлсин). Қабр устига ажойиб ва ҳашаматли мақбара барпо қилинган. Эшикларининг юзаси кумуш билан қопланган, ҳалқалари кумушдан ясалган. У ер файзи илоҳий ёғиладиган ва улуғланадиган зиёратгоҳдир.
Улардан яна бири Пайғамбаримиз авлодларидан бири ал-Ҳасан ал-Анвар ибн Алий ибн ал-Ҳусайн ибн Алийнинг (р.з.) қизлари Саййида Нафисанинг қабри бўлиб, у дуолари мустажоб ва ниҳоятда кўп ибодат қилган аёл бўлган экан. Мазкур мозор ҳам жуда ажойиб шаклда қурилган бўлиб, доимо нур таралиб туради. Унинг тепасига гўзал мақбара қурилган, одамлар уни зиёрат қилгани келадилар.
Улардан яна бири Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъийнинг (р.з.) қабри бўлиб, унинг устига ҳам катта хонақоҳ барпо этилган. Хонақоҳ улкан даромадга эга. Мақбара устида жуда пухта қилиб қурилган машҳур гумбаз бўлиб, у ўта мустаҳкам ва баланд қилиб ишланган. Унинг кенглиги ўттиз газдан ошади.
Миср қабристонларида беҳисоб олим ва солиҳ кишилар дафн этилган. Бундан ташқари у ерда жуда кўп саҳобаларнинг, аввалги ва кейинги давр етук кишиларининг, масалан, Абдурраҳмон ибн ал-Қосим, Ашҳаб ибн Абдулазиз, Асбағ ибн ал-Фараж, Абдулҳакамнинг икки ўғиллари, Абулқосим ибн Шаъбон, Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ва бошқаларнинг қабрлари бор бўлиб, уларни эътиборли кишиларгина биладилар, холос.
Имом Шофеъий (р.з.)нинг жидду жаҳди ўзига, у кишига эргашган шогирд ва ёру дўстларига тириклигида ҳам, вафотидан сўнг ҳам катта ёрдам берди. У зотнинг амалга оширган ишларини қуйидаги сўзлари ҳам тасдиқлайди:

Жидду жаҳд ҳар қандай қийин ишни ҳам осон қилур,
Жидду жаҳд ҳар қандай берк эшикни ҳам охир очур.

МИСРДАГИ НИЛ ДАРЁСИНИНГ БАЁНИ

Мисрнинг Нил дарёси ер юзидаги бошқа дарёлардан сувининг чучуклики ва масофасининг катталиги ҳамда манфаатининг кўплиги билан ажралиб туради. Унинг икки қирғоғи бўйлаб қатор шаҳар ва қишлоқлар бир-бирига уланиб кетган. Ер юзида унга ўхшаши учрамайди. Нил қирғоқларига экилганчалик экин бирор дарё қирғоқларига экилмайди. Ер юзидаги Нилдан бошқа бирор дарё денгиз деб аталмайди. Оллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг онасига: “Бас, агар боланг Мусонинг ўлимидан қўрқаётган бўлса, уни денгизга, яъни Нилга ташла”, деб хитоб қилиб, Нилни денгиз деб атаган.
Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) “Исро” кечаси Сидратул-Мунтаҳо номли дарахтнинг олдига етиб борганларида, унинг остидан тўрт дарё чиқаётганини кўрдилар. Улардан иккитаси ташқи ва иккитаси ички эди. Пайғамбар (с.а.в.) Жаброил (а.с.)дан мазкур дарёлар ҳақида сўраганларида Жаброил (а.с.): “Ички иккитаси жаннатдаги дарёлар, ташқи иккитаси эса, Нил ва Фурот дарёларидир”, дедилар. Бошқа ҳадисда ҳам айтилишича, “Нил, Фурот, Сайҳун ва Жайҳун дарёлари жаннат дарёларидир”.
Нил дарёси барча дарёларга хилоф равишда жанубдан шимол томонга қараб оқади. Унинг ажойиб хусусиятларидан бири — суви кунлар роса қизиб, бошқа дарёларда сувлар камайиб, қурийдиган бир вақтда тўлиб- тошади ва аксинча қолган дарё ва анҳорларнинг сувлари кўпаядиган мавсумларда Нилнинг суви камая бошлайди. Синд дарёси ҳам ҳудди шу жиҳатидан Нилга ўхшайди ва у ҳақида батафсил маълумот ўз ўрнида келади.
Нилнинг суви одатда ҳазирон, яъни июн ойида кўпая бошлайди. Баландлиги ўн олти газга етганда, султон томонидан белгиланган хирожни олиш бошланади. Агар ундан яна бир газ кўтарилса, ўша йили ҳосил мўл ва даромад кўп бўлади. Агар унинг баландлиги ўн саккиз газга етса, сув тошиб, экинларга зарар етказади ҳамда орқасидан вабо келади. Агар ўн олти газдан яна бир газ пасайса, султон хирожи камаяди. Агар яна икки газ пасайса, одамлар сув сўраб истисқо намозини ўқийдилар ва катта зарар кўрилади.
Нил дунёдаги бешта катта дарёлардан биридир. Улар: Нил, Фурот, Дажла, Сайҳун ва Жайҳунлардир. Уларга яна бошқа бешта дарё ўхшайди. Улар: Синд дарёси, у Панжоб деб ҳам аталади; Ҳинд дарёси, уни Ганга деб ҳам аталади. Ҳиндлар мазкур дарёни зиёрат қилишга келишади. Улар ўликларини ёқишиб, хокларини унга ташлашади. Ҳиндлар Гангани жаннатдан чиқади, деб айтишади; Жаван дарёси, у ҳам Ҳиндистондадир; Дашти Қипчоқда Итил (Волга) дарёси бўлиб, унинг соҳилида Саро шаҳри жойлашган; Хато еридаги Сарв дарёси, унинг қирғоғида Хонбалиқ шаҳри жойлашган. Мазкур дарё орқали Хитойдаги Хансо, сўнг Зайтун номли шаҳарларга тушилади. Буларнинг барчаси ҳақида ўрни келганида, Худо хоҳласа, маълумот берилади.
Нил Мисрдан чиққанидан сўнг, маълум масофадан кейин уч қисмга бўлиниб кетади. Уларнинг ҳар биридан қишда ҳам, ёзда ҳам фақатгина кемалар ёрдамидагина ўтиш мумкин. Нил бўйида жойлашган ҳар бир шаҳарнинг аҳолиси Нилдан сув оқиб кирадиган кўрфазчалар қазиб олганлар. Нилнинг суви кўпайиб кетганида, сув мазкур кўрфазчаларни тўлдириб, экинларга тошиб кетади.
 
ЭҲРОМЛАР ВА ИБОДАТХОНАЛАР

Миср эҳромлари неча замонлардан бери тилдан тушмайдиган ажойиботлардан биридир. Одамлар уларнинг улуғлиги, дастлабки барпо қилиниши ҳақида мунозараларга киришиб, кўп гапларни айтиб юришади. Баъзи кишиларнинг айтишларича, тўфондан олдин мавжуд бўлган барча илмлар Мисрнинг юқори қисмида яшаган Ҳурмус I дан олинган бўлиб, у киши Ухнух деб ҳам аталгандир. Ухнух Идрис (а.с.) бўлиб, у зот илк бор фалакдаги ҳаракатлар ва осмон жисмлари ҳақида сўз юритган кишидир. Ер юзида тош биноларни биринчи бўлиб қурган ва улар ичида Оллоҳни улуғлаган ҳам Идрис пайғамбардир. У одамларни тўфон балосидан огоҳлантирган, мавжуд илм ва санъатларнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқиб, уларнинг сақланиб қолиши учун эҳром ва ибодатхоналар қурдириб, улар ичига барча буюмлар ва қуролларни тасвирлаб ва барча илмларни чизиб қолдирган.
Айтишларича, Мисрда илм ва салтанат шаҳри дастлаб Мануф (қад. Мемфис) шаҳри бўлган ва у Фустот (қад. Қоҳира) шаҳридан бир кунлик олисда жойлашган. Искандария шаҳри барпо қилингач, одамлар ўша ерга қўчиб ўтишган ва Искандария илм ва салтанат шаҳрига айланган. Бу ҳолат Ислом кириб келгунча давом этган. Кейин Миср фотиҳи Амр ибн ал-Ос (р.з.) Фустот шаҳрини лойиҳалаштирган. Ўшандан буён у Мисрнинг пойтахти бўлиб келмоқда.
Эҳромлар қаттиқ тошларни йўниш орқали барпо этилган бинолар бўлиб, жуда баланд, таги айланасига кенг ва юқориси тор бўлиб, конус шаклида қурилган. Уларнинг эшиклари йўқ ва қандай йўсинда қурилгани ҳақида маълумотлар сақланиб қолмаган.Уларнинг қурилиши ҳақидаги ривоятларда келтирилишича, Миср подшоҳларидан бири тўфон келишидан олдин бир туш кўради ва тушида ер юзини сув босади. У кўрган тушидан даҳшатга тушиб, мавжуд илмлар ва уларнинг эгалари бўлмиш олимлар ҳамда подшоҳлар жасадлари сув остида қолмасин, дея, Нил дарёсининг ғарбий томонига мазкур эҳромларни қурдиради. У мунажжимлардан “бир кун келиб, мазкур эҳромлар очилиши мумкинми”, деб сўраганида, улар “ҳа, бир кун келиб, шимол томонидан келган одамлар улардан бирини очадилар” деб очилиши кутилган ерни кўрсатадилар ва унга қанча маблағ сарф бўлишини ҳам айтадилар. Шундан сўнг подшоҳ мунажжимлар кўрсатган ерга улар айтганча бойликни қўйишларини буюради ва эҳромни ўта мустаҳкам тарзда қурдиради. Уларни олтмиш йилда қуриб битказади. Сўнг шундай деб ёзишни буюради: “Биз бу эҳромларни олтмиш йилда қуриб битказдик, биздан кейин ким шу ишни хоҳласа, ушбу эҳромларни олти йилда бузсин, зеро бузиш қуришдан кўра осонроқдир”.
Орадан йиллар ўтиб, халифалик мўминлар амири Маъмунга насиб этгач, у эҳромлардан бирини бузмоқчи бўлади. Миср қариялари унинг бу ишни уддалай олмаслиги ҳақида айтган гап-сўзларига қулоқ солмай, унга қаттиқ бел боғлайди ва улардан бирини очишга ҳаракат қилади. У эҳромни шимол томонидан очишга амр беради. Одамлар тошни оловда роса қиздириб, сўнг сирка қуйиб, уни юмшатадилар, кейин манжаниқдан тош отадилар. Улар шу тарзда бугунга қадар очиқ турган тешикни очишга муваффақ бўладилар. Тешикдан қарасалар, бир қанча бойлик бор экан. Мўъминлар амири Маъмун мазкур бойликни тарозуда тортишга буйруқ беради, у тешикни очишга қанча маблағ сарф бўлган бўлса, ана шунга баробар эди. Маъмун бу ҳолдан жуда қаттиқ таажжубга тушади ва эҳромнинг қолган қисмини бузиш фикридан қайтади. Улар эҳром деворини ўлчашса йигирма газ чиққан экан.

МИСР СУЛТОНИ ЗИКРИ

Мен Мисрга кирган пайтимда унинг султони Подшоҳ Носир Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Малик ал-Мансур Сайфуддин Қаловун ас-Солиҳий эди. Қаловун “Алфий” (минглик) деб аталар эди. Чунки подшоҳ Солиҳ уни минг тиллага сотиб олган бўлиб, асли қипчоқлардан эди.
Подшоҳ Носир олийжаноб хулқ, буюк фазилатлар соҳибидир. Икки Ҳарам ходими бўлишга сазоворлигининг ўзи унга етарли шарафдир. Шунингдек, ҳар йили таъминоти тугаган, заиф ҳожиларга йўл озуқаларини ортиш, Миср ва Шомнинг оғир йўлларида ортда қолган ва юролмай қолганлар миниши учун туялар билан берадиган ёрдамлари ҳам мақтовга сазовор. У Қоҳира ташқарисидаги Сирбоқусда муҳташам бир хонақоҳ барпо этган. Бироқ мавлоно, амирул-мўминин, носируддин, фақир-мискинлар паноҳи Оллоҳнинг ердаги халифаси, жиҳоднинг нафлу фарзини бажо келтирувчи Абу Инон, Оллоҳ уни қўлласин ва ғолиб қилсин, унга очиқ ёрдам берсин ва ёрдамини осон қилсин, олийшон Байдо (Касабланка) шаҳри (Оллоҳ уни сақласин) ташқарисида қурган хонақоҳ мустаҳкамлиги, гўзал қурилиши, машриқ аҳлининг қўлидан келмайдиган даражадаги ганжин нақшлари билан бутун ер юзида бемислдир. Абу Инон (Оллоҳ уни қўлласин) ўз мамлакатида (мулки тургунча Оллоҳ уни ҳимоя қилсин) қурган мадрасаю шифохоналару хонақоҳлар алоҳида зикр этилади.

МИСРНИНГ БАЪЗИ АМИРЛАРИ ЗИКРИ

Улардан бири подшоҳ Носирнинг соқийси бўлиб, у амир Бектемурдир. Уни подшоҳ Носир заҳар бериб ўлдирган, бу ўз ўрнида зикр этилади.
Яна бири подшоҳ Носирнинг ноиби Арғун Дудор бўлиб, Бектемурдан кейинги ўринда туради.
Яна бири Яшил Нўхот лақаби билан танилган Тушт бўлиб, яхши амирлардан эди. У етим-есирларга кийим-кечак, нафақа, уларга Қуръон ўргатувчиларга маош бериш каби кўплаб садақалар қилган. У шунингдек, қўрс, ахлоқсиз кишилардан иборат бекорчиларга ҳам яхшилик кўрсатар эди. Подшоҳ Носир бир гал уни қамаганда минглаб бекорчилар йиғилиб, қалъа остидан “қўйиб юбор уни, эй нопок чўлоқ!” (подшоҳ Носирни назарда тутиб) деб тўполон кўтарган эдилар, подшоҳ уни қўйиб юборди. Кейинги сафар яна зиндонбанд қилганда, етимлар мана шундай қилган эди, яна бўшатиб юборди.
Амирлардан яна бири, подшоҳ Носирнинг Жамолий деб танилган вазири; яна бири Бадруддин ибн ал-Боба; яна бири Карк вилояти волийси Жамолиддин; яна бири Туқуздумур бўлиб, “думур” турк тилида “темир” демакдир. Яна бири Баҳодир ал-Ҳижозий; яна бири Қавсун, бири Баштак бўлиб, уларнинг барчаси хайрли ишларда ва масжиду хонақоҳлар бино қилишда ўзаро мусобақалашадилар.
Амирлардан яна бири подшоҳ Носир қўшинининг назоратчиси ва котиби Қози Фахруддин Қибтийдир. У илгари насроний қавмлардан бўлиб, кейин мусулмон бўлган. У кўп гўзал ахлоқ, етук фазилатлар соҳиби бўлиб, подшоҳ Носир ҳузуридаги даражаси жуда баланддир. Унинг кўплаб садақалари ва саноқсиз эҳсонлари бордир. Унинг одати шуки, кечки пайт Нил бўйидаги масжид ёнида жойлашган ҳовлисидаги айвонда ўтириб, шом бўлгач, намозини масжидда ўқийди-да, ке-йин яна ҳалиги жойига келиб ўтиради. Унга овқат келтиришади, шунда у ким бўлишидан қатъи назар ҳеч кимнинг у ерга киришига қаршилик қилмайди. Кимнинг бирор ҳожати бўлса айтади, у эса масалани ҳал қилиб беради. Ким садақа тилаб келган бўлса, асл исми Луълуъ бўлган Бадруддин деган қулига у билан ҳовли ташқарисига бирга чиқишини буюради, у ерда хазинабони бўлиб, унинг ёнида дирҳамлар солинган ҳамёни бор, у лозимича пул бериб юборади. Бундай пайтда қозининг олдига фақиҳлар келиб, унинг ҳузурида Бухорийнинг китобидан ўқийдилар. Хуфтон ўқилгач, одамлар тарқаладилар.

ХАСИБ ҲИКОЯСИ

Айтишларича, Банул-Аббос (р.а.)дан бўлган халифалардан бири Миср аҳлидан дарғазаб бўлиб, уларни жазолаш ва хору расво қилиш мақсадида ичларидаги энг тубан қул ва беобрўларини волий этиб та-ъйинлашга онт ичди. Хасиб исмли киши ана шундай хор-тубанлардан бўлиб, ҳаммомда гўлахлик қиларди. Шу боисдан уни бу ишдан олиб, Мисрга амир этиб тайинлади. Шунга кўра, уни иззат ва шараф кўрмагани боис, халқ ичида ёмон сийратда кезиб, уларга озорлар беради деб ўйлади. Хасиб Миср ишларига ўрнашиб олгач эса, аҳолиси ўртасида жуда гўзал сийратда иш юритиб, саховати ва фидойилиги билан донг таратди. Халифаларнинг қавму қариндошлари ва бошқалар унинг олдига келишар, шунда у уларга жуда катта совға-саломлар берарди. Улар эса Бағдодга уни бу мансабга қўйганликлари учун миннатдор бўлиб кетардилар.
Халифа аббосийлардан бирини йўқлаб топа олмай қолди, у киши бир муддат йўқ бўлиб, кейин пайдо бўлиб қолди. Шунда халифа унинг нима сабабдан ғойиб бўлиб қолгани ҳақида сўради. Ҳалиги одам Хасибнинг олдига боргани ва унга Хасиб берган инъомларни айтиб берди. Совға-салом жуда кўп эди. Бунга халифа ғазабга миниб, Хасибнинг икки кўзини ўйиб олиб, Мисрдан Бағдодга чиқариб юборилиши ва бозорларига ташлаб қўйилишига амр этди. Қўлга олиш ҳақидаги амр етиб келганда унинг манзилига киришига тўсқинлик қилинди. Қўлида яшириб қўйган катта ёқут бўлиб, кечаси бир кийимининг ичига тикиб қўйди. Сўнг икки кўзи ўйиб олиниб, Бағдод бозорларига ташлаб қўйилди. Шунда шоирлардан бири унинг ёнидан ўтиб қолиб: “Эй Хасиб, мен Бағдоддан Мисрга бир қасида билан сизни мадҳ этиш мақсадида борган эдим. У ердан кетишингизга тўғри келиб қолибман. Иложи бўлса ҳозир шуни эшитишингизни хоҳлардим”, деди. Шунда у: “Қандай қилиб эшитаман, ахир мен бир аҳволда бўлсам”, деди. Шоир эса: “Мақсадим уни фақат эшитсангиз. Совға-саломга келадиган бўлсак, сиз одамларга берадиганингизни бериб, кўп-кўп инъом этиб бўлгансиз. Оллоҳ сизни яхшилик билан сийласин”, деди. Хасиб: “Майли, айтинг”, деди. Шунда шоир ўзи ёзган шеърни айтди. Охирига келганда Хасиб унга қараб: “Мана бу чокни сўк”, деди. У айтилганни бажарди. Шунда: “Ёқутни ол”, деди. Шоир бундан бош тортди. Хасиб қасам ичиб, уни олишини сўради. Шунда шоир уни олиб, заргарлар бозорига кетди. Уни бозорчиларга кўрсатганида улар: “Бу фақатгина халифага ярашади”, дедилар ва бу ишни халифага етказдилар. Халифа зудлик билан шоирни олиб келишларини буюриб, ёқут ҳақида билганларини сўраб-суриштирди. Шоир бўлиб ўтганларни айтди. Шунда халифа Хасибга қилган муомаласидан қаттиқ афсусланди. Волийнинг ўз ҳузурида ҳозир бўлишини амр этди. Унга совға-саломлар инъом этиб, кўнгли нимани тусаса ихтиёр берди. Шунда у мана шу Муня шаҳрини ўзига беришни истади. У Хасибнинг талабини бажарди. Хасиб у ерда ўлгунича яшаб, ўзидан кейингиларга то улар ҳам ўтиб кетгунларигача мерос қилиб қолдирди. Мен унга кирган пайтимда ана шу Мунянинг қозиси Фахриддин ан-Нувайрий ал-Моликий, волийси эса Шамсиддин эди. У серхайр ва олийжаноб амир эди. Ана шу шаҳарда бир куни ҳаммомга кирдим. Унда одамларнинг сатри аврат қилмаётганликларини кўриб, бу менга оғир ботди. Унинг олдига бориб, буни билдириб қўйдим. Менга кетмай туришимни уқтирди. Кейин ҳамомларни ижара олиб ишлатувчиларни олиб келишларини буюриб, уларга кимда-ким ҳаммомга изор-лозимсиз киргудек бўлса, бу ишидан тергалиши ҳақида мактуб ёзиб, уларни қаттиқ койиб берди. Сўнгра унинг олдидан кетдим.Муня ибн Хасибдан Манлавий шаҳрига қараб йўлга тушдим. У Нилдан икки мил узоқликда барпо қилинган мўъжазгина шаҳарча. Унинг қозиси фақиҳ Шарафиддин ад-Дамирий аш-Шофеъийдир. Шаҳарнинг улуғлари Бану Фузайл номи билан танилган бир қавмдир. Улардан бири бир жомеъ бино қилиб, унга барча молини сарфлаган. Бу шаҳарда ўн битта шакар (наввот) сиқиладиган жой бор. Одатларига кўра, улар ана шу жойларга киришдан биронта фақирни тўсмайдилар. Шунга кўра фақир иссиқ нон олиб келиб шакар (қиём) пиширилаётган қозонга уни ташлаб юборади. Сўнг уни чиқариб олса, ичига қиём тўлиб қолган бўлади ва у нонни олиб жўнайди. Мазкур Манвалийдан Манфалут шаҳрига сафар қилдим. У хушманзара, бинолари Нил қирғоғида барпо бўлган, баракаси билан шуҳрат топган ажойиб шаҳардир.

ШАЙХ АБУ МУҲАММАД АБДУЛЛОҲ АЛ-ҲАСАННИН  БИР КАРОМАТИ

Мен бу муборак зот ҳузурига уни кўриш ва зиёрат қилиш учун салом билан кирдим. У менинг мақсадимни сўради. Мен Жидда йўли орқали ҳаж сафарига бормоқчи эканимни айтдим. У эса: “Сен бу ишни ҳозир бажара олмайсан. Қайт, биринчи ҳажингни Шом йўли орқали амалга оширасан”, деди. Мен унинг ҳузуридан кетиб, унинг айтганига амал қилмай йўлда давом этдим ва Айзоб деган жойга етиб келдим. Бироқ менга сафарга чиқиш насиб бўлмади ва мен аввал Мисрга, кейин Шомга қайтдим. Менинг илк ҳаж сафаримдаги юрган йўлим, ўша муборак инсон айтганидек, Шом йўли орқали амалга ошди. Оллоҳ уни манфаатли қилсин. Кейин Қинна шаҳрига жўнадим. У кичик, бозорлари чиройли шаҳар бўлиб, унда муборак, солиҳ, валий зот, ажойиб ҳужжатлар ва машҳур кароматлар соҳиби бўлмиш Абдурраҳим ал-Қинновий (р.ҳ.)нинг қабри мавжуддир. Мен ас-Сайфийя мадрасасида унинг набираси Шиҳобуддин Аҳмадни кўрдим. Ушбу шаҳардан Қус шаҳрига жўнадим. Бу баракотли катта шаҳарнинг яшнаган боғлари, гавжум бозорлари, жуда кўп масжидлари ва қадимий мадрасаси бор. Бу шаҳарда Саъид минтақасининг волийлари истиқомат қилади. Шаҳарнинг ташқарисида Шайх Шиҳобуддин ибн Абдулғаффорнинг ва Шайх ал-Афрамнинг хонақоҳи бор. Ҳар йили Рамазон ойида, у ерда зоҳид фуқаролар йиғилишади. Шаҳар олимларидан бири Қози Жамолуддин ибн ас-Садид бўлиб, у ернинг хатиби Фатҳуддин ибн Дақиқ ал-Ийддир. У хатиблик соҳасида пешқадам, балоғатли ва фасоҳатли кишилардан бири эди. Унга Масжид ал-Ҳаром хатиби Баҳоуддин ат-Табарий ва Хоразм шаҳрининг хатиби Ҳисомуддин аш-Шотийдан бошқа тенг келадиган кишини кўрмадим. Улар ҳақида ўрни келганида айтиб ўтилади. Шаҳар олимларидан яна бирлари фақиҳ, ал-Моликия мадрасасининг мударриси Шиҳобуддин ибн Абдулазиз ва фақиҳ Бурҳонуддин Иброҳим ал-Андалусийлардир. Унинг баланд хонақоҳи бор. Кейин Уқсурга жўнадим. У ҳам гўзал шаҳар бўлиб, унда солиҳ ва обид зот Абул-Ҳажжож ал-Уқсурийнинг мақбараси бор. Унинг устида хонақоҳ барпо этилган. У ердан Армант шаҳрига кетдим. У кичик, Нил соҳилига қурилган ва боғлари кўп шаҳардир. Унинг қозиси мени меҳмон қилганди. Исмини унутиб қўйдим.
У ердан Асно шаҳрига жўнаб кетдим. У кўчалари кенг, серфайз, хонақоҳ, масжид ва жомеълари кўп улкан шаҳардир. Унинг гавжум бозорлари ва ям-яшил боғлари бор. Шаҳарнинг бош қозиси қозил-қузот Шиҳобуддин ибн Мискин мени меҳмон қилиб, иззат-икром кўрсатиб, ноибларига ҳам шуни буюрди. Шайх ва солиҳ зот Нуриддин Алий, Шайх ва солиҳ зот Абдулвоҳид ал-Микносийлар у ердаги фазилатли кишилардан эдилар. Абдулвоҳид ал-Микносий шу вақтда Қусдаги хонақоҳнинг соҳибидир.
Кейин у ердан Адфу шаҳрига сафар қилдим. Адфу ва Асно шаҳарлари ўртасида саҳро бўйлаб бир кеча кунлик масофа бор. Кейин Адфу шаҳридан Нил орқали ўтиб, ал-Атвоний шаҳрига жўнадик. У ерда туяларни ижарага олиб, Дағим номи билан машҳур бўлган бир гуруҳ араблар билан кимсасиз саҳрога сафарга чиқдик. Йўл бехавотир эди. Йўлда Ҳумайсаро деган жойга келиб тушдик. У ерда Оллоҳ нинг дўсти Абул-Ҳасан аш-Шозалийнинг қабри бор. Биз унинг шу жойда вафот этишини хабар қилиб, каромат қилганини айтиб ўтгандик. Бу ерда сиртлонлар кўп экан. Биз тунаб қолган кечамиз туни билан уларни ҳайдаб чиқдик. Сиртлонлардан бири менинг юкларимга ташланиб, ундаги бир хуржунни йиртиб ташлади ва хурмо солинган бир халтани тортиб кетди. Тонг отганида халтани топдик, у йиртилган, ичидаги хурмонинг кўп қисми ейилганди.
Ўн беш кун йўл юргач, Айзоб шаҳрига етиб келдик. У катта, балиқ ва сут кўп бўладиган шаҳардир. У ерга экин ва мевалар Мисрнинг Саъид минтақасидан олиб келинади. Шаҳар аҳолиси бужалар бўлиб, улар қора танли, сариқ рангли матога ўраниб, бошларига бир бармоқ қалинлигида боғич боғлаб юришарди. Қизларга мерос ажратишмайди. Емишлари туя сути бўлиб, махоро туяларини миниб юришарди ва уларни “қизил туя” деб аташади. Шаҳарнинг учдан бири подшоҳ Носирга, учдан иккиси Ҳадрабий исмли бужалар подшоҳига тегишли. Айзоб шаҳрида имом Қасталонийга нисбат бериладиган масжид бор. Масжид мубораклиги билан машҳурдир. Мен уни бориб кўрдим ва табаррук деб зиёрат қилдим. Шунингдек, шаҳарда солиҳ шайх Мусо, муҳсин шайх Муҳаммад ал-Марокашийлар бор. Баъзиларнинг айтишларича, у Марокаш подшоҳи бўлмиш Муртазонинг ўғли бўлиб, ёши тўқсон бешда эди.
Айзоб шаҳрига етиб келганимизда, бужалар подшоҳи Ҳадрабий туркларга қарши жанг олиб бораётган экан. У кемаларни яроқсиз ҳолга келтирган ва туркларни чекинтирган эди. Денгиз бўйлаб сафар қилиш имконимиз бўлмаганидан, барча сафарга тайёрлаган нарсаларимизни сотдик ва туяларни бизга ижарага берган араблар билан бирга Мисрнинг Саъидига қайтдик. Биз юқорида зикр қилинган Қус шаҳрига келдик. У ердан Нил бўйлаб юрдик. Бу вақт Нилнинг суви кўп бўладиган мавсум эди. Саккиз кун йўл юргач, Қусдан Мисрга етиб келдик. Мен бир кеча-кундуз Мисрда қолиб, Шом ўлкасига жўнадим. Бу воқеа етти юз йигирма олтинчи йили, шаъбон ойининг ўртасида бўлди. Мен Балбис шаҳрига етиб келдим. Бу шаҳар катта, боғлари кўп эди. У ерда эслаб ўтиш шарт бўлган бирор кишини учратмадим.
Сўнг Солиҳия шаҳрига етиб келдим. У ердан чиқиб, саҳрога кирдик ва Савода, Ворида, Мутайлиб, Ариш ва Хуруба деб аталадиган жойларда тўхтаб ўтдик. Уларнинг ҳар бирида меҳмонхоналар бор эди. Уларни Хон деб аташар экан. Мазкур хонларда мусофирлар ўз уловлари билан тўхтаб ўтишади. Ҳар бир хонанинг ташқарисида мусофирларга сув тарқатадиган жойлар, уларнинг ўзлари ва уловларига керак бўладиган нарсаларни харид қилиш мумкин бўлган дўконлар бор.
Саҳродаги тўхташ жойларидан яна бири машҳур Қатйо деб аталадиган жойдир. Баъзилар у жойни Қатйаҳ деб аташади. Ўша ерда савдогарлардан закот олинади ва уларнинг юклари назорат қилиниб, қаттиқ текширилади. Шунингдек, ўша жойда девонхоналар, закот йиғувчилар, котиблар ва гувоҳлар бўлади. Мазкур жойда ҳар куни минг динор олтин олинади. Шомга кетаётган бирор киши Мисрдан омонлик хати билан келмагунича ўтказилмайди ва Мисрга кетаётган ҳар бир киши ҳам Шомдан бир омонлик ҳужжати билан келмагунича ўтишига рухсат берилмайди. Бу иш одамларнинг молларини эҳтиётлаш ва Ироқлик жосуслардан сақлаш мақсадида қилинади. Бу йўл арабларнинг зиммасида бўлиб, уларга бу йўлни сақлаш юклатилган. Тунда улар қумни текислашади ва бирор из қолмайди. Тонгда амир келиб қумга қарайди. Агар бирор из кўрса, арабларга шу из эгасини топишни буюради. Араблар уни қўлдан чиқармай, амир ҳузурига олиб келишади. Амир унга истаган жазосини беради.
Мен у ерга етиб келганимда, энг яхши амирлардан бири бўлмиш ўша жой устози Иззуддин Ақморий мени меҳмон қилиб, иззат-икром кўрсатди. Ва мен билан бирга келганларга ўтишга рухсат берди. Унинг ҳузурида вақф ишларига мутасадди Абдулжалил ал-Мағрибий ўтирарди. У мағрибликлар ва уларнинг ўлкалари ҳақида маълумотга эга эди. Мағрибликлардан бирор киши келганида чалкаштириб юбормаслик учун қайси ўлкадан эканини суриштирарди. Чунки мағрибдан келганларга Қатйодан ўтишларига тўсқинлик йўқ эди.
Сўнг биз Ғазза шаҳрига етиб келдик. У Мисрга энг яқин бўлган Шом шаҳарларининг биринчисидир. У кенг ҳудудга эга, иморатлари кўп, чиройли бозорлари бор шаҳар эди. Унда бир қанча атрофи ўралган масжидлар бор. У ерда гўзал жомеъ масжиди шунингдек, ҳозирда жума намози адо этиладиган жомеъ масжиди мавжуд. Ғаззада муаззам амир ал-Жовалийнинг биноси бор. У ажойиб шаклда ва пухта қилиб қурилган. Унинг минбари оқ мармардандир. Шаҳарнинг қозиси Бадруддин ас-Салхатий ал-Ҳавронийдир. Мударриси эса, Аламуддин ибн Солим исмли кишидир. Солим ўғиллари ушбу шаҳарнинг улуғларидир. Улардан бири Қуддус шаҳрининг қозиси Шамсуддин исмли кишидир.
Кейин Ғаззадан Халил (а.с.) шаҳрига сафар қилдим. У майдони кичкина, аҳолиси кўп, нурли, гўзал ва водий ўртасидаги донғи кетган шаҳардир. Унинг масжиди ажойиб шаклда қурилган, пухта ишланган, гўзал, баланд, кесилган харсанг тош билан барпо қилинган. Унинг бир бурчагида харсанг тош бор. У тошнинг бир тарафи ўттиз олти қарич келади. Айтишларича, Сулаймон (а.с.) жинларга уни қуришни буюрган. Масжиднинг ичида муқаддас ғор бўлиб, унда Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (а.с.)ларнинг қабрлари бор. Уларнинг қаршисида аёлларининг қабрлари мавжуд. Минбарнинг ўнг тарафида қибла деворига ёпишган бир жой бор. Ундан мармардан пухта қилиб ишланган нарвон орқали тор йўлакка тушилади. У мармар ётқизилган майдонга олиб чиқади. У жойда уч қабрнинг суратлари бор. Айтишларича, улар ўша қабрлар тўғрисига чизилган. Ўша ерда муборак ғорга олиб чиқадиган йўлак бўлган. Ҳозир у тўсиб ташланган. Мен ўша жойга бир неча бор тушганман. Аҳли илм кишилар Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (а.с.)ларнинг муборак қабрлари ҳақиқатдан ўша ерда эканига Алий ибн Жаъфар ар-Розийнинг “ал-Мусфир ли-л-қулуб” номли китобидан юқорида айтилган ривоятни далил қилиб келтиришади. Алий ибн Жаъфар ўша ҳадисни Абу Ҳурайрага нисбат бериб ривоят қилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: “Мен Исро кечасида Байт ал-Мақдисга олиб келинганимда, Жаброил (а.с.) мени Иброҳим (а.с.) қабри устидан олиб ўтди ва “Тушинг, икки ракат намоз ўқинг, зеро бу ерда бобонгиз Иброҳим (а.с.)нинг қабри бор”, деди. Кейин Байт Лаҳм устидан олиб ўтиб: “Тушинг, икки ракат намоз ўқинг, зеро бу ер биродарингиз Исо (а.с.)нинг туғилган жойидир”, деди. Кейин мени Сахра (харсанг тош) олдига олиб борди…” ва ҳ.к. Мен бу шаҳарда солиҳлар ва машҳур имомлардан бири бўлмиш солиҳ мударрис, табаррук ёшдаги имом, хатиб, Бурҳонуддин ал-Жаъфарийдан Халил (а.с.) қабрининг ўша ерда мавжудлиги қанчалик тўғри экани ҳақида сўрадим. У: “Аҳли илмдан бўлган кимни учратмай, бу қабрларни Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (а.с.)ларнинг ва аёлларининг қабрлари эканини тасдиқлашган. Бу нарсани фақат бидъат аҳли шубҳа остига олади. Бу хабарни кейингилар аввалгилардан нақл қилишган. Бунга шубҳа йўқ”, деб айтган.
Айтишларича, имомлардан бири мана шу ғорга кириб, Биби Сора қабри олдида турган экан. Шунда бир кекса одам кириб келибди, имом ундан “Булардан қайси бири Иброҳим (а.с.)нинг қабри?” деб сўрабди. У Иброҳим (а.с.)нинг машҳур қабрига ишора қилибди. Кейин бир йигит кирибди, имом унга ҳам ўша саволни берибди. У ҳам қабрни кўрсатибди. Кейин бир гўдак кириб келибди, имом ундан ҳам сўрабди. Гўдак қабрга ишора қилгач, фақиҳ дебди: “Мен гувоҳлик бераманки, бу шубҳасиз, Иброҳим (а.с.)нинг қабридир”. Кейин масжидга кириб, у ерда намоз ўқибди ва эртасига йўлга тушибди.
Бу масжид ичида Юсуф (а.с.)нинг ҳам қабри бор. Халил ҳарами шарқида Лут (а.с.) хоки мавжуд. У Шом пастликлари кўриниб турадиган баланд жойда жойлашган. Унинг қабри устида кўркам бинолар бўлиб, қабр чиройли оқланган бинонинг ичидадир, устида ҳеч қандай ёпқичлар йўқ.
Ўша ерда Лут кўли бўлиб, суви шўрдир. Айтишларича, бу ер Лут қавми яшаган жой экан. Лут қабри яқинида Яқийн масжиди бўлиб, катта баландликда жойлашган, ундаги нур ва ёрқинлик бошқа бирорта жойда йўқ. Унинг яқинида масжидга қаровчи киши яшайдиган фақатгина битта ҳовли бор, холос. Масжиднинг ичида эшикка яқин жойда фақатгина бир киши сиғадиган меҳроб кўринишида ясалган кичкина чуқурлик бор. Айтишларича, Иброҳим (а.с.) Лут қавми ҳалок бўлган пайтда Оллоҳга шукрона келтириб, сажда қилган экан. Кейин сажда ўрни жойидан силжиб, бироз чўккан.
Бу масжиднинг яқинида бир ғор бўлиб, унинг ичида Фотима бинт ал-Ҳусайн ибн Алий (а.с.)нинг қабри бор. Қабрнинг юқори ва паст томонида мармардан иккита лавҳа бўлиб, биринчисида ажойиб ёзувда ўйиб: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Иззат ва боқийлик Оллоҳга хос. Яратгани ва бор қилгани ўзига тегишли, махлуқотига эса фонийлик битилган. Расулуллоҳда ўрнак бор. Бу Умму Салама Фотима бинт ал-Ҳусайн (р.а.)нинг қабридир”, иккинчи лавҳада эса ўйиб: “Уни Мисрдаги наққош Муҳаммад ибн Абу Саҳл ясаган”, деб битиб қўйилган.
Сўнг бу шаҳардан Қуддус сари йўлга чиқиб, унга кетаётиб, йўлда Юнус (а.с.) мақбарасини зиёрат қилдим. Унинг устида катта бино ва масжид қурилган. Шунингдек Исо (а.с.) туғилган жой – Байту Лаҳмни ҳам зиёрат қилдим. У ерда хурмо дарахти танаси изи бор. Унинг атрофида кўплаб иморатлар жойлашган бўлиб, насронийлар уни (шаҳарни) жуда қаттиқ улуғлайдилар ва унга бориб тушган кишини меҳмон қиладилар.
Сўнг фазилатда Оллоҳ икки масжиди шарифнинг учинчиси бўлиш шарафини насиб этган ва Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг кўтарилиш ҳамда осмонга чиқиш жойлари бўлган Байтул-Мақдисга етиб бордик. Шаҳар катта ва текисланган тош билан кўтарилган. Солиҳ ва фозил подшоҳ Салоҳиддин ибн Айюб (Оллоҳ уни мусулмонлар номидан яхшилик билан мукофотласин) бу шаҳарни фатҳ этиб олганида, унинг баъзи ҳимоя деворларини бузиб ташлаган. Сўнг подшоҳ Зоҳир шаҳарга румликлар бостириб келиб, ана шу деворлар орқали ҳимояланишларидан хавотирланиб, деворни тамоман бузиб ташланишини талаб қилди. Бу шаҳарда олдин биронта ҳам дарё йўқ эди. Бу даврда унга Дамашқ амири амир Сайфиддин Тенкиз сув олиб келди.
 
МУҚАДДАС МАСЖИД (МАСЖИДУЛ-АҚСО) ҲАҚИДА

У ажойиб, бетакрор ва ниҳоятда гўзал масжидлардан биридир. Айтилишича, ер юзида ундан улуғроқ бошқа масжид йўқ эмиш. Унинг шарқдан ғарбга қараб бўлган узунлиги моликий ўлчамида етти юз эллик икки ва кенглиги қибладан ички қисмигача тўрт юз ўттиз беш газ бўлиб, учта томонида кўплаб эшиклари бор. Бироқ унинг қибла томонида имом кирадиган биргина эшик борлигини биламан. Масжид мажмуи, Масжидул-Ақсони ҳисобга олмаганда, усти ёпилмаган очиқ майдондан иборат. Масжидул-Ақсо эса ниҳоятда пишиқ қилиб мукаммал тарзда ёпилган, тилла ва ажойиб рангларга бўялган. Масжидда ундан бошқа ҳам кўплаб ёпилган ўринлар бор.

ҚУББАТ АС-САХРА ҲАҚИДА

У энг ажабтовур ва мукаммал, шакл жиҳатидан ғаройиб бинолардан бири бўлиб, ўзида кўплаб гўзалликларни жо қилган ва барча бетакрорликдан ўз улушини олган. Масжид ўртасидаги дўнглик устида қад ростлаб, унга мармар зинадан чиқилади. Унинг тўртта эшиги бўлиб, айланасига ҳам ҳафсала билан ишланган мармар тўшалган, ички қисмига ҳам. Унинг ташқи ва ички қисми турли зеб-безаклардан ва васф қилувчини ожиз қолдирадиган бетакрор усталик билан ишланган. Буларнинг кўпчилиги тилла билан қопланган бўлиб, товланиб нур сочади ва яшиндек чақнайди. Гўзалликларига боқиб, ўйга толганнинг назари ҳайратда қотиб, уни кўрган кишининг тили ўхшатиб васф қилишдан ожиз қолади.
Қуббанинг ўртасида, зикри манбаларда келган, табаррук харсангтош бор. Пайғамбар (с.а.в.) ундан осмонга кўтарилиб кетганлар. У баландлиги одам бўйи келадиган қаттиқ тошдир. Остида эса чоғроқ уй катталигида, баландлиги одам бўйи келадиган бир ғор бўлиб, унга зинадан тушилади. У ерда меҳроб шакли бўлиб, тош тепасида устидан ёпилувчи пухта қилиб ишланган иккита дераза жойлашган. Улардан бири тошнинг пастки қисмида, ажойиб қилиб темирдан, иккинчиси эса ёғочдан ишланган. Қуббанинг ичида осиб қўйилган катта темир қалқон бор. Одамлар уни Ҳамза ибн Абдулмутталиб (р.а.)нинг қалқони деб айтадилар.

ҚУДДУСИ ШАРИФ ШАҲРИДАГИ БАЪЗИ МУБОРАК ҚАДАМЖОЛАР

Улардан бири Жаҳаннам водийси номи билан машҳур бўлган шаҳарнинг шарқий қисмидаги баланд тепаликда Удват ал-Водий деган жойда жойлашган бинодир. Айтишларича, ўша жойдан Исо (с.а.) осмонга кўтарилганлар. Яна бири — Робиъа ал-Бадавийянинг (у машҳур Робиъа ал-Адавийя эмас) қабри. Мазкур водийнинг ўртасида насронийлар эъзозлайдиган каниса бор. Уларнинг айтишларича, Марям (с.а.)нинг қабри ўша жойда. Ўша ерда насронийлар зиёрат қиладиган яна бир каниса бўлиб, у ерда насронийларнинг уйдирмаларига кўра, Исо (а.с.)нинг қабри жойлашган. Уни зиёратига келган ҳар бир насроний мусулмонларга маълум миқдорда солиқ тўлаши шартдир. Ўша ерда яна Исо (а.с.)нинг табаррук саналадиган бешиги бор.

ҚУДДУСНИНГ БАЪЗИ ФАЗИЛАТЛИ КИШИЛАРИ

Улардан бири Қуддуснинг қозиси Шамсуддин Муҳаммад ибн Солим ал-Ғаззийдир. У Ғазза аҳлидан бўлиб, у ернинг улуғ кишиларидан бири ҳисобланади. Яна бири Қуддуснинг хатиби солиҳ, фозил киши Имомуддин ан-Наблусийдир. Яна бири муҳаддис, муфтий Шиҳобуддин ат-Табарийдир. Яна бири Моликийя мударриси ва муборак хонақоҳлар шайхи Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусбит ал-Ғарнотийдир. Яна бири зоҳид шайх, улуғ солиҳлардан бири бўлган Абу Алий Ҳасан бўлиб, у зот Маҳжуб номи билан машҳурдир. Улардан яна бири солиҳ, обид шайх Камолуддин ал-Мароғийдир. Яна бири, обид, солиҳ шайх Абу Абдурраҳим Абдурраҳмон ибн Мустафодир. У Арзурум шаҳридан бўлиб, Тожиддин ар-Рифоъийнинг шогирдларидан биридир. Мен у зотнинг суҳбатида бўлиб, тасаввуф хирқасини унинг қўлидан кийганман.
Сўнг Қуддуси шарифдан Асқалон шаҳрининг қолдиқларини зиёрат қилганимдан кейин жўнаб кетдим. Асқалон харобага айланган, бузилиб кетган бино харобалари ва тепаликлардан иборат эди. Асқалондек ажойиб, кўркам, зўр жойда жойлашган, қуруқлик ва денгиз қулайликларини ўзида мужассам этган шаҳар кам учрайди. У ерда Қоҳирага олиб кетилишидан олдин Ҳусайн ибн Алий (а.с.)нинг боши дафн қилинган машҳур қадамжо бор эди. У жойда баланд масжид бўлиб, ичида қудуқ мавжуд. Уни Убайдийлар қурдиришган ва пештоққа буни ёздириб қўйишган.
Ушбу мозорнинг қибла тарафида Умар масжиди деб аталадиган улкан масжид бўлган. Унинг фақат деворлари сақланиб қолган. Унда кўркамликда беқиёс мармар устунлар бор. Баъзиси қулаб тушган, баъзиси тик ҳолда турибди. Устунлардан бири — ажойиб қизил устунни, одамларнинг айтишларича, насронийлар ўз ўлкаларига олиб кетиб қолишади. Бироқ қўққисдан у насронийлар ўлкасидан йўқ бўлиб қолади ва Асқалонда ўз ўрнида топилади.
Мазкур масжиднинг қибла тарафида Иброҳим (а.с.) қудуғи дея машҳур бўлган бир қудуқ бор. Унга кенг нарвон орқали тушилади ва у ердан уйларга кирилади. Ўша уйларнинг чор тарафида тошлар билан ўралган чуқурдан чиқадиган булоқлар бор. Уларнинг суви тотли, лекин кўп эмас. Одамлар у сувнинг фазилати ҳақида кўп ривоятларни айтиб юришади.
Асқалон ташқарисида Намл водийси бор. Айтишларича, Қуръони каримда зикр қилинган водий ўшадир. Шаҳар чекасида беҳисоб шаҳид ва валий зотларнинг қабрлари мавжуд бўлиб, бизни у ерга ўша мозорга қараб турувчи киши олиб келди. Бу кишининг зиёратчилардан тушадиган садақалардан ташқари Миср подшоҳи бериб турадиган маоши ҳам бор.
Сўнг у жойдан Рамлага жўнадим. У Фаластин бўлиб, хайри сероб, гўзал бозорлари бор катта шаҳардир. Мазкур шаҳарда оқ жомеъ мавжуд бўлиб, айтишларича, қибла тарафида уч юзта пайғамбар дафн этилган. Шаҳарда етук фақиҳлардан Маждуддин ан-Наблусий бордир.
Кейин у ердан ҳам чиқиб, Наблусга жўнадим. Наблус ҳам сердарахт, анҳорлар оққан, Шом ўлкалари ичида зайтун энг кўп ўсадиган катта шаҳардир. У жойдан Миср ва Дамашққа ёғ олиб кетилади. У ерда харруб ҳалвоси тайёрланиб, Дамашқ ва бошқа жойларга жўнатилади. Уни тайёрлаш усули қуйидагича, харруб пиширилади, сўнг сиқилиб, чиққан қиёмдан ҳалво тайёрланади. Шунингдек, ўша мураббонинг ўзи ҳам Миср ва Шом диёрларига жўнатилади. Бу ерда шу шаҳарга нисбат бериладиган тарвуз етиштирилади. Унинг жомеъ масжиди ғоятда пухта ва гўзалдир. Ўртасида чучук сувли ҳовуз бор.
Кейин у ердан Ажлун шаҳрига кетдим. У ҳам чиройли шаҳар бўлиб, кўп бозорлари ва улкан қалъаси бор. Унинг ўртасини чучук сув оқадиган дарё иккига бўлиб туради.
У жойдан Латакияни кўзлаб сафарга чиқдим. Йўлда Ғавр деган жойдан ўтдим. У адирликлар ўртасидаги водий бўлиб, у ерда “ушбу умматнинг ишончли кишиси” Убу Убайда ибн ал-Жарроҳ (р.з.)нинг қабри бор. Биз уни зиёрат қилдик. Қабр устида бир хонақоҳ бўлиб, ичида мусофирлар учун егулик бўлади. У ерда бир кеча қолдик. Сўнг ал-Қусайрга етиб келдик. У ерда Муоз ибн Жабал (р.з.)нинг қабри бор. Уни ҳам табаррук юзасидан зиёрат қилдик.
Кейин соҳил бўйлаб сафарга чиқдим ва харобага айланган Акка шаҳрига етиб келдим. Акка фаранг ўлкаларининг асосий тўхташ нуқтаси, кемаларининг бандаргоҳи бўлган эди. У буюк Константинополга ўхшаб кетади. Унинг шарқида Айн ал-бақар номи билан машҳур бўлган бир булоқ бор. Айтишларича, Оллоҳ таоло Одам (а.с.) учун ундан сигир чиқариб берган. Унга бир нарвон орқали тушилади. Унинг устида масжид бўларди, ҳозир меҳроби қолган, холос. Мазкур шаҳарда Солиҳ (а.с.)нинг қабри мавжуд.
Сўнг харобага айланиб кетган Сур шаҳрига жўнадим. Унинг таш-қарисида обод қишлоқ бор. Аксар аҳолиси рофизийлардир. Бир марта ўша қишлоқдаги сув олдида таҳорат олиш учун тўхтаганман. Қишлоқ аҳолисидан бир киши ҳам таҳорат олгани келиб, аввал оёқларини, сўнг юзини ювди ва на оғзини чайди ва на бурнини қоқди. Кейин бошининг бир қисмига масҳ тортди. Мен унинг ишини хато деб айтганимда, у “бино аввал пойдеворидан қурилади-ку!”, деди. Сур шаҳрининг мустаҳкамлиги масалга айланган. Чунки уни уч тарафдан денгиз ўраб туради. Унинг икки дарвозаси бўлган. Биридан қуруқлик орқали, иккинчисидан сув орқали кирилган. Қуруқликдан кириладиган дарвозахона шаклида бўлиб, атрофи ўралган. Денгизга қараган дарвоза икки улкан минора ўртасида жойлашган. Бутун дунёда у каби ажойиб ва ғаройиб бино йўқдир. Чунки у уч тарафдан денгиз билан қуршалган, тўртинчи тарафида эса девор бор. Кемалар девор остигача келиб, ўша ерда лангар ташлаган. Авваллари икки минора ўртасини темир занжир тўсиб турган. Уни туширмагунча, на ичкарига ва на ташқарига йўл бўлмаган. Унинг устида соқчи ва қўриқчилар туриб, уларнинг изнисиз на бир киши кирган ва на бир киши чиққан.
Акканинг бандаргоҳи ҳам бўлган. Лекин у ерга фақат кичик кемалар сиғарди.
У ердан Сайдо шаҳрига жўнадим. У денгиз бўйида жойлашган сермева, кўркам шаҳардир. Мазкур шаҳардан анжир, майиз ва ёғ Миср шаҳарларига олиб кетилади. Унинг қозиси Камолуддин ал-Ашмуний ал-Мисрий ҳузурида бўлдим. У гўзал ахлоқли ва шарафли киши эди.
Кейин у жойдан Табария шаҳрига сафар қилдим. Ўтмишда у улкан шаҳар бўлган. Унинг фақат шонли ўтмишидан хабар берувчи қолдиқлари қолган. Унда ажойиб, икки хонали ҳаммомлар бўлиб, бири эркакларга, иккинчиси аёлларга мўлжалланган. Суви жуда иссиқ бўлган. Шаҳарнинг машҳур кўли бўлиб, узунлиги олти фарсах, кенглиги уч фарсахдан каттароқ бўлган.
Табарияда “Пайғамбарлар масжиди” номи билан машҳур бўлган бир масжид бўлиб, унда Шуайб (а.с.) ва қизи (Мусо ал-Калим (а.с.)нинг аёли)нинг қабри бор. Шунингдек, ўша жойда Сулаймон (а.с.), Яҳудо ва Рубил (а.с.)ларнинг қабрлари мавжуд.
Биз Юсуф (а.с.) ташланган қудуқнинг зиёратига бордик. У кичик масжид саҳнида жойлашган бўлиб, устида бир хонақоҳ барпо қилинган. Қудуқ улкан ва чуқур экан. Қудуқнинг ёмғир сувидан йиғиладиган сувидан ичдик. Унга қараб турувчи кишининг айтишича, қудуқ ичидан ҳам сув қайнаб чиқади.
 Кейин Байрут шаҳрига жўнадик. Байрут кичкина, бозорлари кўркам шаҳардир. Унинг жомеъ масжиди жуда ажойиб қурилган. У ердан Миср диёрига мевалар ва темир олиб кетилади. Биз Абу Яъқуб Юсуфнинг қабрини зиёрат қилишга бордик. Айтишларича, у Мағриб подшоҳларидан бўлган. Қабр “Азиз” тепалигидаги Каракнуҳ номли жойда жойлашган. Устида бир хонақоҳ бўлиб, у ерда келиб-кетувчилар таомланади. Айтишларича, султон Салоҳиддин унга жуда кўп вақфлар ажратган. Баъзиларнинг айтишича, бу ишни султон Нуриддин амалга оширган. У солиҳ кишилардан бўлиб, ривоятларга кўра, бўйра тўқиб, шунинг пулига кун кечирган.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 10-сон.