Ҳиям ал-Муфлиҳ. Фикр (ҳикоя)

Бир куни “С”нинг миясига бир фикр келди.
Ўйлаб қараса, у ҳали унча шаклланмабди.
У бу фикрнинг баъзи бурчаги-ю қирғоқларини, баланд-пастлигини текислашни, пойдеворини мустаҳкамлашни хоҳлади. Бироқ дангасалик унинг эрка ақлини карахт қилиб қўйди ва томирларида эснагандай оқа бошлади.
У фикрини қўлига олиб, маълум бир пайтгача сақлаб қўйиш учун музлатгичда музлатиб қўйишга қарор қилди.
“С”нинг ёнида “А” исмли бир киши ўтаётиб, унинг олдида эътиборсиз ағдарилиб ётган фикрини сезиб қолди. У қўлга киритмоқчи бўлди-да, эгасидан сўради. “С” каромат кўрсатиб, бу фикрни унга совға қилди. Шундай қилиб, у “А”нинг мулки бўлиб қолди.
“А” бу фикрга анча пардоз берди.
У моҳир тадбиркор тожир эди. Фикрларни қандай қилиб сотишни билар эди.
Сотувга тайёр бўлганида ўз дўконига қўйиб қўйди.
“Ж” исмли мижоз уни сотиб олиш мақсадида роса синчиклаб у ёғ-бу ёғини кўрди, ундан ҳайратга тушиб сотиб олди.
Чунки у оптимист киши эди. У фикрни ярқироқ рангларга бўяб, унинг бўйнига ипак лента илиб, уйининг ўзи энг яхши кўрган бурчагига илиб қўйди.
Ҳар куни эрталаб унинг қаршисида қаҳва ичаётганда кўзлари шод-хуррамликка тўлар, чеҳрасида табассум пайдо бўлар эди. У мана шу билан ҳар кунга оддий кулранг кунининг булутларини ҳайдар эди.
Бундан “М” исмли ҳамкасбининг жаҳли чиқар, ғазабланар эди, чунки у доиман пессимист эди.
Ҳар сафар уникига келганида “қани, энди буни менга берса эди” деб қўлга киритишни хоҳларди.
Тиқилинч қилиб сўрайвергач, ундан хижолат тортиб, унинг хоҳишини қондирди. У аслида дўстининг тушкунлик гирдобидан чиқишига ва кунларини хурсандчилик ва оптимистлик алвонлари билан безашига ёрдам бериб, ўз кўнглини хотиржам қилмоқчи эди.
Чунки “М”нинг ўзгариши жуда қийин эди.
У барча безакларини ечди, ялтироқларини ўчирди.
Қатл этувчи қора рангга бўяди, сўнг уни эритди ва… ўқ ҳажмидек қолипга қуйди.
Қаерга борса, уни бармоқлари ўйнаб, қўлларида тумордек кўтариб юрди.
Бир куни…
у туморини қаердадир унутиб қолдирди. Уни бир оч дайди ўғирлабди.
У ўзига тўқ, эрка яшаётган бир кишига ҳасади ошиб уни ўлдиришни режалаштириб юрар эди.
У ўғирлаган қора ўқни тўппончасига жойлади, сўнг уни ўша киши томон мўлжаллаб отди ва қочиб кетди.
Эрталаб газеталар қуйидаги хабарни босиб чиқарди.
Жаноб “С”нинг жасади топилди, у миясига отилган қора ўқдан ўлган.

Араб тилидан Муртазо Сайдумаров таржимаси