Ҳанс Кристиан Браннер. Белнинг қуввати (ҳикоя)

Ҳозир “олма пиш, оғзимга туш” деб ўтирадиган замон эмас. Кеча иш қидириб икки жойга учрашдим, аммо кейинги идоранинг хўжайини менга бошдан-оёқ узоқ разм солиб чиққанида, тўғриси… адои тамом бўлдим.
Баъзан шунақа бўладики, ишдан бўшатсалар парво қилмайсиз, қайтанга енгил тортасиз, ўзингизни қафасдан қутулган қушдай ҳис этасиз. Бизнинг маҳкамада ҳам ҳаёт-мамот жанги бирор зум тўхтаган эмас. Ана шундай жанглардан бирида қовун туширдим – оғзимдан бошлиққа ёқмайдиганроқ гап чиқиб кетди-да-ей! Хўш, кейин нима бўлди, дейсизми? Нима бўларди – ўша куниёқ кавушимни тўғрилаб қўйдилар. Тавба, ўзи йигирма киши ишлайдиган идора-ю, дағдағаси оламни бузади!
Аввалига хизмат можароларидан қутулганимга суюндим. Бошқа иш топиш эса хамирдан қил суғуришдай осон туюлди. Бунинг устига, мана, энди чинакамига оила бағрига қайтгандай бўлдим. Ахир, менда ҳам хотин бор, фарзанд бор. Ишлаб юрган кезларимда улар билан бемалол яйраб-яшнаб ўтириш қаёқда эди дейсиз! Ўғлимни деярли кўрмасдим, бўлар-бўлмасга тергайверардим, хотиним билан эса нуқул ишга алоқадор гапларни гаплашардик. Шунақа пайтлар ҳам бўлардики, чироқни ўчириб тўшакка кирганимиздан ке-йин ҳам чакагимиз тинмасди – тунни тонгга улаворардик. Тўғриси, калавани мен чуватардим. Мавзу битта – ишхонамдаги ғийбатлар, бир-бирига панд беришу чоҳ қазишлар – фақат шу. Мана, ҳаммасидан қутулдим, бари сариқ чақага ҳам арзимаслигини тушуниб етдим. Олам кўзимга бошқача кўрина бошлади. Ўғлим каравотида бир текис нафас олиб ухлаяпти, хотиним мулойим бармоқлари билан сочимни силаётганини сезиб ётибман, қулоғимга бир нималарни шивирлайди, овози бирам ма-йин, бирам ширали! Эй худойим-эй, бўларкан-ку шунақаям яшаса! Энтикаман, кўзларимдан ёш думалайди. Тўғри, эркак киши йиғламаслиги керак, лекин мен баъзан йиғлавораман, бахтиёрлигимдан, ёнимда мана шундай садоқатли, мана шундай вафодор, мени жонидан ҳам ортиқ кўрадиган одам борлигидан йиғлайман. Гоҳида, оқ чойшаб устида ҳузур қилиб ётган чоғимизда, осмон устимизга ағдарилиб тушганда ҳам бир-биримиздан ажралмаслик тўғрисида онт ичардик. Биз ҳеч нарсадан қўрқмасдик. Ҳеч қандай куч бизни айира олмаслигига, дорулбақога ҳам яхлит бир вужуд бўлиб қадам босишимизга қаттиқ ишонардик.
Аммо энди менда илгариги ишонч йўқ. Пул деган нарса, гарчи биз минг аҳду паймон қилмайлик, эр-хотин орасига раҳна солиши мумкинлигидан ваҳимага тушаман.
Мана, икки ойдирки, ишсизман. Икки ойдан бери ҳар куни кечқурун хотиним иккаламиз бир парча қоғозга рақам битамиз. Ёзамиз, ўчирамиз. Яна ёзамиз, яна ўчирамиз. Бошда рақамлар катта эмасди, аста-секин улғаяверди. Ҳозир ҳам қарзимиз унча кўп эмас, бирор минг крон бўлса кифоя. Лекин, нима бўлганда ҳам, пул ҳақида кўпроқ гапирадиган бўлиб қолдик. Айниқса, кейинги икки ҳафта ичида жуда эзилиб кетдим. Ҳар куни эрталаб уйдан чиқиб, иш қидираман. Шаҳарда бунақа жой бармоқ билан санарли, кечгача тентираб юриш шарт эмас. Лекин мен шундай қиламан. Тинка-мадорим қуригунча шаҳар кўчаларида ивирсиб юравераман. Ахир, уйга қамалволиб, зинапояда эшитилган қадам товушлари эшигим олдида тинармикан, почтачи ҳаётимизни изга солиб юборадиган бирор мужда келтирармикан, деб кутиб ўтиришдан ортиқ азоб борми! Бундай дейишимнинг сабаби – сўнгги кунларда кўп идораларга кириб-чиқдим, иш масаласида менга ёрдам бериши мумкин бўлган анча-мунча одам билан гаплашдим. Ҳозирча бутун умидим ўшалардан. Энди, эртадан кечгача кўчада санғиб юришимга келсак, бир амаллаб вақт ўтказиш, хотиним билан пул ҳақида гаплашмаслик учун, унга бугун эрталаб фалон жойга, тушдан кейин писмадон жойга бордим, де-йиш учун шундай қиламан. Аслида, айтган жойларимнинг бирортасига ҳам бормаган бўламан. Шулардан айримларининг дарвозаси олдида туриб-туриб, кирмай қайтиб кетганман. Лекин хотинимга, кирдим, дейман. Очиғини айтсам, ёл-ғончилик бобида тажрибам катта: собиқ ишхонамда нуқул ёлғон гапириб ўрганганмиз. Лекин шу чоққача, назаримда, хотинимни алдамаган эдим. Кечаси, чироқ ўчгандан кейин айбимга иқрор бўлай дейман-у, сира журъат қилолмайман. Вақт-соати келар, қўлимга пул тушиб, қарзлардан қутуларман, ана ўшанда ёлғон гапирганимни бўйнимга оламан, балки хотиним иккаламиз қотиб-қотиб кулармиз.
Ҳай, майли. Лекин бир нарсага ҳайронман: эр-хотин пул деган хонасаллот ораларига раҳна сололмайдиган даражада яқин бўлишлари мумкинми, йўқми?
Ҳозир сизга кеча рўй берган воқеани сўзлаб бермоқчиман, чунки бу воқеа икки дунёда ҳам эсимдан чиқмайди.
Ҳикоямнинг бошида менга бошдан-оёқ разм солиб чиққан одам ҳақида гапирган эдим. Ё алҳазар! Ўша дамда қай аҳволга тушганимни сиз тасаввур ҳам қилолмайсиз! Бўлмаса, кўринишим бинойидек, уст-бошим ҳам туппа-тузук эди. Начора, “умумий таассурот” деган тушунча ҳам бор-да дунёда. Ҳалиги одам мени соч-соқолим ўсган, эгним юпун бир қиёфада кўрганида нима қиларди, билмадим. Қайрилиб ҳам қарамас эди-ёв, менимча. Ё ҳамма гап кўздамикан? Нима бўлганда ҳам, кейинги вақтларда кўпчилик менга синовчан назар ташлайдиган бўлиб қолган. Аслида-ку, бошқа бировга ана шу алфозда тикилиш инсон шаънига тўғри келмайди, лекин одамлар бу ҳақда ўйламайди-да. Ўзим ҳам тайёрлов бўлими мудири бўлиб ишлаганимда, эҳтимол, идорамизга келган мижозларга ана шундай назар билан қарагандирман. Лекин мен айтган бояги одамдан умидим катта эди, шунинг учун ҳам уни охирги ташриф учун “тишимнинг каваги”да асраб келаётган эдим – ахир, унинг ўзи бир маҳаллар, сизга бу иш тўғри келмайди, сиз каттароқ лавозимга муносибсиз, вақт топиб олдимга бир киринг, деган эди-да. Икки ойдан бери ҳар куни ётсам ҳам, турсам ҳам ўша одам ҳақида ўйлайман, тилимда фақат ўша одамнинг исми айланади; буни қарангки, охирги учрашувимиздан кейин ўзим ҳам, турқи-тароватим ҳам ўзгариб қолгани ҳақида заррача ўйламабман-а! Мана, ҳузурига кирганимда ўрнидан ҳам турмади, қўлини ҳам узатмади, бор-йўғи менга бошдан-оёқ узоқ разм солиб чиқди, холос. Қанийди, ер ёрилсаю ерга кириб кетсам! Ўшанда нималар деганим ёдимда йўқ, лекин гап бунда ҳам эмас, гап шундаки, бир нигоҳ билан инсонлигим, нафсониятим шаф-қатсизларча оёқости қилинган эди. Ўпкам тўлиб, кўзларимга ёш қалқди. Ниҳоят, у ўрнидан турди, тирсагимдан ушлаб кабинети остонасигача кузатиб қўйгач, “Бардам бўлинг”, деди. Ахир, мен охирги умидимни шу одамга тиккан эдим-ку! Кўчага чиқдиму бошим оққан томонга қараб юрдим, ҳеч нарсани кўрмасдим, қорачиғларим кўзёшлар тубига ғарқ бўлиб кетган эди…
Ҳозир шаҳарда грипп тарқалган. Кўпгина маҳкамаларнинг бошлиқлари бетоб. Яқинда хотиним газетада ўқибди: гриппга чалинганлар сони кун са-йин ортиб бораётганмиш.
– Худога шукр, – деди у, – ўлим деярли йўқ.
– Ҳа, шукр қилиш керак, – дедим мен, лекин кўнглимдан, худди испан уруши вақтидагидай одамлар кўпроқ қирилса қанийди, деган ўй ўтмадимикан?
Тағин, жинни бўлганми бу, деб ўйламанг. Ишлаб турганимда бунақа гап хаёлимга ҳам келмасди, ҳозир ҳам бунақа бўлишини хоҳламайман, албатта. Лекин ўтган йили сентябрь ойида уруш бошланишини хоҳлаб турган одамларни ҳозир теранроқ тушунаётгандайман, назаримда. Аммо ўшанда бундай гаплардан ғазабланганман. Ҳозир яна уруш ҳақида гап очилса, билмадим… ҳар ҳолда, уруш ҳаётга ўзгариш киритади. Сўнгги кезларда хотиним иккаламиз бошига кулфат тушган одамлар ҳақида кўпроқ гаплашамиз. Илгари бундай эмас эди.
– Қандай даҳшат! – дейди хотиним, ишсиз бир одам икки фарзандини газ билан заҳарлаб ўлдирганини эшитиб.
– Ростдан ҳам, даҳшат, – деб қўяман мен ҳам.
Газеталар деярли ҳар куни мана шунақа воқеаларни бутун тафсилоти билан чоп этади.
Кеча анови одам нигоҳи билан қадди-қоматимни “қаричлаб” чиққанидан кейин кўчама-кўча дайдиб юрганимда бирдан этим увишаётганини сезиб қолдим, шунда грипп ёдимга тушди. Боққа кириб, скамейкага ўтирдим; кун совуқ эди, изғирин чимчилаб турибди, теварак-атрофда ҳеч зоғ йўқ. Ўтириб, грипп ҳақида ўйлай кетдим. Балки мен ҳам гриппга чалингандирман. Ҳар доим трамвайда юраман-ку, бирорта йўловчидан юққан бўлса юққандир. Дарвоқе, хасталик ҳам бир имтиёз эмасми? Лекин иши тайин одамлар учун имтиёз. Бундайлар оппоқ тўшакда чўзилиб ётади, атрофида ҳамма гирдикапалак. Томиримни ушлаб кўрдим – тез ва пала-партиш уряпти, баданим мисдай қизиб кетган. Секин туриб, уйга қараб йўл олдим. Қадам босганим сайин аҳволим оғирлашиб борарди. Уйга яқин қолганда кўзим тиниб кетди. Зинапояда бир оз тўхтаб туришга тўғри келди.
Эшикни очиб, йўлакка кирдим. Ётоқхонадан хотинимнинг овози эшитилди:
– Сенмисан?
Илгари, ишлаб юрганимда, ҳар гал мана шу йўлакда кутиб олиб, “яхши келдингми?” деб сўрарди. Бу гал ундай қилмади. Чунки ҳозир кириб-чиқишим кўп. Барибир, кутиб олмаганидан дилим ўксиди. Пальтомни базўр ечдим, шу орада беихтиёр инграб юбордимми, “ҳа, нима бўлди?” деб сўради хотиним ҳамон қорасини кўрсатмай. Жавоб бермадим. Ётоқхонага кирсам, дазмол қилаётган экан. Ёнига бормадим, одатдагидай, чаккасидан ўпмадим. Каравот устидаги адёлни қайириб, пинжагимни стул суянчиғига илдим. Хотиним ишини тўхтатиб, менга кўз қирини ташлади:
– Ётмоқчимисан?
– Ҳа. Мазам йўқ. Иситмам чиқяпти.
– Ие, шунақами!
“Ие, шунақами!” деган хитобни ҳар хил талаффуз қилиш мумкин. Бу гапни у таажжубланиб, андак қўрқув аралаш айтди. “Грипп бўлмасин тағин” деб сергакланмади. Яна дазмолга ёпишди.
– Ётсам майлими? – деб сўрадим ўсмоқчилаб.
– Ётавер, бемалол. Китоб ўқи, сен ҳам бундай бир дам олишинг керак-ку, ахир.
Гапининг оҳангида ишсиз ва пулсиз қолган одам ётишга ҳақли эмас, деган маъно йўқ эди, албатта. Аммо илгариги вақт бўлганда дазмолни бир четга қўйиб, ёнимга келиб ўтирарди. Ечинарканман, миямга ҳар турли фикрлар ёпирилиб келаверди. Хотинимга қараб туриб, аввалига, жудаям тасқара бўп кетибди-я, деб ўйлардим. Гавдаси келига ўхшайди, қорни тоғорадай, елинлари киндигигача осилиб тушган, юзи ҳам шафтолиқоқидан фарқ қилмайди. Шу заҳоти бошқа бир хотира исён кўтариб қолди. Эсимда, бундан кўп йиллар муқаддам қандоқ жувон эди-я! Олтинранг сочлари офтоб нурида ял-ял товланади, ғунчадек лабларида нимтабассум. Овозини айтмайсизми! Жонон пиёланинг жарангидай нафис ва ишвали. Энди-чи, энди! Сочми бу ё ёмғирда қолган пўстакми? Овозини-ку қўяверинг – мойланмаган арава ғилдирагининг ғийчиллаши минг марта аъло! Қани ўша назокат, қани ўша ишвалар?! Водариғ, қандоқ кунларга қолдим! Аммо… унинг шу аҳволга тушишига ўзим айбдорлигимни ҳам сезиб турардим. Уялдим. Адёлга бурканиб, ҳеч нарсани ўйламасликка аҳд қилдим. Бўлмади, тинч ётолмадим. Уялганим, ўзимни айблаганим алам қилиб кетди. Мана, иситмалаб ётибман, бирров бўлса ҳам ёнимга келмади-ку! Ахир ишсизман, пулсизман. Яна шуни ҳам биламанки, тан-жоним соғ, мени тўшакка ётқизган – грипп эмас, анови ўрнидан туриб қўлини узатмаган, нигоҳи билан мени “рентген”дан ўтказган аблаҳ! Келиб-келиб, ўшанга ишонибман-а! Ана шунақа ўйлар миямда ғужғон ўйнар, бир-бири билан баҳслашар, бири иккинчисини инкор этар эди. Сўнг барча ўй-фикрларим бир ерга жамланиб, омухта бўлдию сал нарида куйинди ҳиди таратиб дазмол босаётган аёлга нисбатан ҳадсиз-адоқсиз бир нафратга айланди. Аммо-лекин сиз ўйлаганчалик худбин эмасман. Мабодо, шу аёлни айнан хунуклашиб, тасқараси чиқиб кетгани учун севишимни ва жудаям қаттиқ севишимни ҳис этмаганимда, ундан бу қадар нафратланишни ҳам ўзимга раво кўрмасдим. Ахир, унинг вужудида мен ҳам борман, уни мен шу кўйга солиб қўйдим. Хотинимни ёшлик пайтидагидай асраб туришга қурбим етмади – қўл калталик қилди. Пулим бўлганида ҳозир ҳам қўғирчоқдай диркиллаб турмасмиди, сочлари ял-ял ёнмасмиди, овози жонон пиёладай жаранглаб, нозли ишваю шамаларга лиммо-лим тўлмасмиди! Эвоҳ, “пул – белнинг қуввати” деб бежиз айтмаган эканлар!
Ётган жойимда ҳарорат ўлчагични сўрадим. Келтириб берди. Салкам 38°.
– Ўттиз саккизу икки, – дедим хотинимга.
Аслида ҳароратим ўттиз еттию саккиз эди. Лекин чўзилиб ётволиш учун бу кам-да. Менинг эса ётгим келарди. Умримда бирор марта мана шундай оёқни узатиб дам олишга ҳақим борми-йўқми? Энг яқин одамимнинг олдида ўзимни касалликка солиб ётишим инсофдан эмаслигини яхши биламан. Лекин нима қилай? Икки ойдан бери бошимни деворга ураман – бир хил савол бераман, бир хил жавоб оламан. Одамларнинг истеҳзо тўла нигоҳлари-чи! Озгина дам олволиш учун менга баҳона керак эди. Ишлаб юрган вақтимда касал бўлиб хизматга боролмасам, хижолат тортмасдим. Хотиним ҳам “Парво қилма. Қайтанга яхши, бирга ўтирамиз”, дерди. Энди эса минг турли баҳонаю сабаб қидиришим керак.
Ўзимни касалликка солиб ётибман-у, тағин хотинимдан хафа бўламан. Нуқул оғзини пойлайман, бирор марта “тузукмисан” дермикан, деган умидда мўлтираб қараб қўяман – қани миқ этса! Индамай дазмол уряпти. Анча вақтгача шу алфозда ётдим, ундан садо чиқмади. Кейин уйқу қочган пайтларда ўқийдиганим саргузашт романни олиб, дуч келган саҳифасини очдим:
“Биз лорд Питернинг кутубхонасига кирдик. Бу шифти черков гумбазидай баланд хона эди. Деворлар гирд-айлана якранг муқовали китобларга лиқ тўла. Ерга Бухоро гиламлари тўшалган, камин токчасида чинни гулдонларга солинган анвойи гулдасталар. Лорд Питер ўқиётган китобини бир четга қўйиб, биз билан сўрашиш учун ўрнидан турди. Хизматкор қаҳва келтирди, лорд Питер инқилоб давридан қолган коньякдан ҳаммамизга бир-бир қултум қуйди. “Мана, кўнглимиз тусаган ҳамма нарса муҳайё,– деди у.– Каминда олов ёниб турибди, столда антиқа коньяк, таш-қарида кеч кузнинг девона шамоли. Фақат биттагина мурда етишмаяпти, холос”.
Худди шундай деб ёзилган – бу парчани ёддан биламан. Энг қизиғи, мурда ҳақидаги сўзлар бошқача ҳарф билан терилган. Лорд Питер – инглиз корчалони. Ибодатхонани эслатувчи кутубхонасига Бухоро гиламлари тўшалган, чинни гулдонлару инқилоб давридан қолган коньяклар бу масканга зеб бериб туради. Мазкур роман муаллифи ўзи тасвирлаган нарсаларни умрида кўрмагандир, лекин бунинг нима аҳамияти бор: ахир, қайд этилган бисотлардан ҳар бирининг замирида пул ётибди. Айниқса, “биттагина мурда” – бир дунё пул дегани.
Лорд Питер шунақа бадавлат эдики, ҳатто пулининг ҳисобини ҳам билмасди. Мустақил изқувар бўлволиб, ажо-йиб-ғаройиб мўъжизалар кўрсатиш ҳам унга чўт эмасди. Фақат биттагина мурда етишмаётган эди. Бироқ мурдани сотволиш мумкин-ку… Китобни бир четга қўйдим-да, нариги ёнбошимга ағдарилиб кўзларимни юмдим. Бир маҳал хаёлан яна ўша кутубхонага кириб қолдим. Лорд Питер менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. “Менга мурда керак, – деди у. – Нақд минг фунт санаб бераман”. Индамай туравердим. “Бўпти, – деди лорд Питер. – Беш минг бўлақолсин”. Мендан садо чиқмагач, лорд Питер нимтабассум қилди. “Бу ёққа келинг, коньяк қуйиб бераман, – деди у. – Қани, француз инқилобини бошдан кечирган коньякдан бир татиб кўриб, баҳосини беринг-чи”. Бу воқеа менга худди тушдай туюлди, аммо бундан кейин ҳатто саргузашт романларни ҳам ўқимаслигим кераклигига ақлим етиб қолди. Мен, умуман, ўқимаслигим керак. Ўқиганим билан кўз олдимга пул келаверса, мурда ҳам пулга бориб тақалаверса – нима кераги бор менга бунақа машмашани! Ана, хотиним ўша-ўша – қўлида дазмол, оғзида талқон. Хонани куйинди ҳиди тутиб кетган. Эй парвардигори олам, гуноҳим нима?! Ухлаб, ҳамма нарсани унутиш мақсадида юзимни ёстиққа босдим.
Уйғонганимда қоронғи тушиб қолган эди. Хотиним йўқ. Куйинди ҳиди чиқиб кетсин деб деразани очиб қўйибди. Ошхонадан ўғлимнинг овози эшитиларди. Балки шунинг шовқинидан уйғониб кетгандирман. Аммо-лекин овози жудаям ўткир-да!
– Нега кириш мумкин эмас, ойи? – деб сўрарди у.
– Жим! – дерди ойиси. – Чунки даданг ухлаяпти.
– Нега кундузи ухлайди?
– Чарчаган-да. Шовқин солма, уй-ғотворасан.
Афтидан, бола ўз айтганидан қолмаса бу гал дакки эшитмаслигини сезди шекилли-ёв, балки онасининг тақиқини рағбатдай тушунгандир – ким билади, одатда болалар сўзнинг маънисидан кўра оҳангига кўпроқ эътибор беришади. Эшик секин очилиб, ётоқхонага писибгина ўғлим кириб келди. Ўзимни ухлаганга солиб ётавердим, аммо унинг илиқ нафасини сезиб турардим. Бир маҳал бармоғининг учини гарданимга оҳистагина теккизиб қитиқлай бошлади. Шаҳд билан у томонга ўгирилдим. Ўғлим хахолаганча хонанинг ўртасида ирғишлашга тушди. Бутун вужудидан – лабларидан, тишларидан, юзларию сочларидан кулгу ёғиларди, мен унинг қувлик билан йилтираётган муғомбир кўзларини аранг илғадим. Кейин у чопганча ошхонага кириб кетди, ўша ёқдан ўғлимнинг ғолибона овози эшитилди:
– Ойи, ойи, дадамни уйғотдим!
Баданимни илиқ бир эпкин силаб ўтгандай бўлди. Бас қилиш керак ланж-ликни! Туриш керак, муздек сувда ювиниш керак…
Энди тураётган эдим, хотиним кириб келди:
– Овқатни шу ерга опкелайми ё ўзинг чиқасанми?
Бу гапдан айб қидириш ноўрин, аммо оҳанги, унинг чимирилиб туришлари… “Биламан, соппа-соғсан. Айёрлик қиляпсан, қўлингдан пул топиш келмагани учун ўзингни касалликка солиб ётибсан. Хўш, бу найрангбозлик қачонгача давом этади ё инсофга келиб, эсингни йиғиштириб олдингми?” Хотинимнинг гапини мен шундай тушундим. Индамай ўрнимдан турдим, оёғимга шиппакни илиб, пижама устидан елкамга камзулни ташладим. Ошхонага судралиб, шалвираган бир қиёфада кирган бўлсам керак – ростдан ҳам бошим зирқираб оғрир, бутун жисмим зил-замбил эди. Ўғлим хонанинг ўртасида турган экан, мени кўриб тағин қиқирлай бошлади. Балки ҳайиқмай уйғотганидан тантана қилиб кулаётгандир ёки эгнимдаги пижама кулгисини қистатдими – қайдам, чунки кундуз кунлари уйда пижамада юрмасдим. Эҳтимол, афтим ғалати кўрингандир. Секин ёнига бориб, “Ўчир”, дедим. Бу сўзни ижирғаниб айт-дим шекилли, ўғлим елкаларини қисиб, иккала кафти билан юзини беркитди. Шундан кейин сал енгил тортдим. Албатта, ёш боланинг кулиши кап-катта одамнинг нафсониятига тегишига биров ишонмайди, лекин нима учун жаҳлим чиқди, ҳайронман. Ошхонага сукунат чўкди, жудаям оғир сукунат. Креслога ўтириб, юзимни газета билан тўсдим.
Биринчи саҳифада Испаниядаги уруш ҳақида ёзилган эди:
“Аёллар, болалар ва қарияларнинг аксарияти шаҳарда қолган эди. Улар ғолибларнинг меҳр-шафқатига умид боғлаган эди, аммо шаҳар ишғол этилиши билан ҳаммани, худди пода сингари, марказий майдонга ҳайдаб келиб, пулемётлардан ўққа тута бошлашди. Биз бу манзарани баланд тоғ чўққисидан кузатиб турардик. Дўзах деганлари шу бўлса керак-да. Норасида гўдаклар оналарининг этаклари остидан паноҳ излар, аммо бу уларни асраб қололмасди. Ўқ бўрони биттаям тирик жон қолмагунча давом этди…”
Эрталаб шу мақолага яна кўз югуртирдим, барибир унча таъсир қилмади. Лекин “…аммо бу уларни асраб қололмасди” деган жумлани қайтадан ўқиганимда сочим тикка бўлиб кетди. Оналарининг этаги остига яширинаётган болалар кўз олдимга келди. Даҳшатли манзара эди бу! Газетани бир четга улоқтирдим. Биттагина мурдага муҳтож бўлган лорд Питер ёдимга тушди. Эҳтимол, лорд Питернинг бойликлари, бухорий гиламлари, чинни идишлари айнан Испаниянинг қалай конлари шарофатидандир. Эҳтимол, лорд Питер урушнинг иложи борича узоқроқ чўзилишини хоҳлаётганлар тоифасидандир, эҳтимол, у аллақачон битта эмас, юзта мурдани қўлга киритишга улгургандир. Модомики, дунёда мана шундай қабоҳат юз бераётган экан, ишлайманми, ишсизманми, тирикманми, ўликманми – нима аҳамияти бор? Шу тобда хотинимнинг ёнига бориб, уни бағримга босгим, ҳеч нима демасдан, астойдил бағримга босгим келди. Кўнглим вайрон бўлиб кетган эди.
Чекилган шунча изтиробларга қарамай, мен билан энг яқин одамим ўртасидаги пинҳона жанг ҳануз давом этарди. Хотиним сули бўтқаси солинган ликопни тўқ эткизиб столга қўйди, ке- йин болани чақириб, бўйнига сочиқча боғлади. Мен яна газета варақлай бошладим. Учовимиз ҳам миқ этмасдик. Хотиним ўчоқбошига чиқиб, идиш-товоқларни ювишга тушди, ликопчаларнинг бир-бирига урилишидан сездимки, хонаки уруш ҳали тўхтагани йўқ.
Ўғлим қошиқча билан бўтқани титкилаб ўтирар, мен газета оша уни кузатардим. Эҳтимол, томоғидан овқат ўтмаётгандир, балки менга араз қилаётгандир. Креслодан қандай туриб кетганимни билмайман, стол ёнига, ўғлимнинг рўпарасига ўтирволиб, ундан кўз узмай қараб туравердим. Бола нигоҳимга анчагача бардош берди, сўнг бирдан қошиқни улоқтириб, афтини бужмайтирди.
– Қани, йиғлаб кўр-чи! – дедим тишимни ғижирлатиб. – Е овқатингни!
Ўғлим қўрққанидан қошиқни тўлдириб оғзига бўтқа тиқди, ютишга роса уринди-ю, бўлмади, кўзларидан ёш чиқиб кетди.
– Тупурсанг – кўрасан!
Шундай дейишим билан бўтқа оғзидан отилиб чиқди, у ўқчир, гезариб кетган юзи сўлак аралаш бўтқага беланган эди. Мен “баттар бўл” дегандай қараб турардим, негаки, йиғилиб ётган заҳримни сочиб, бир қадар енгил тортган эдим. Аслида ўзимни ҳам, хотинимни ҳам, ҳамон ўқчиётган ўғлимни-да кўргани кўзим йўқ эди. Пўписа билан ўрнимдан турдим. Аммо ўғлим ўзғирлик қилиб, бақирганча ўчоқбошига қараб югурди.
– Ойи!.. Ойи!..
Орқасидан қувиб бориб, ўчоқбоши остонасига етганда таққа тўхтаб қолдим. Ўғлим онасининг тиззаларидан қучоқлаб, этагига юзини маҳкам босиб турарди. Кўз олдимга лоп этиб, испан шаҳарчасида қирилган болалар келди. Наҳотки, дийдам ўша ҳарбийларникидай қотиб кетган бўлса, наҳотки, биров буюрса ҳеч иккиланмай пулемётни тариллатишга тушсам!..
Ошхонага қайтиб, стол ёнига ўтирдим. Чаккаларим лўқилларди. Нима қилсам экан? Ўчоқбошига қайтиб бориб, ўғлимни хумордан чиққунча дўппосласаммикан? Йўқ, кетишим керак, бошим оққан томонга қараб жўнаворишим керак, ўзлари қандай хоҳласа шундай яшайверсин. Айни пайтда, ҳозирги ҳолатим шунчаки бир жазава эканини ҳам англаб турардим. Жазаванинг сабаби эса маълум: мен бошимни тош деворга уряпман, одамлар менга масхараомуз қарашяпти, қаердан пул топишни билмаяпман, лекин хотиним билан ўғлимни яхши кўраман, агар ўзимни қўлга олсам, ҳаётимиз изга тушиб кетарди. Ўзимни тутишим, руҳимни туширмаслигим керак…
Ўғлим ҳамон ўчоқбошида пиқиллар, онаси пичирлаб уни юпатарди. Бир оздан сўнг хотиним шўрва қуйилган идишни кўтариб емакхонага қайтиб келди. Ҳеч нарса демади, кўриниши хотиржам, юзида бирон бир ифода йўқ эди. Индамай иккита ликопча шўрва қуйди, тамадди қила бошладик.
Гўштли шўрва – жон-дилим, айниқса, юмалоқланган қиймали бўлса – оҳ-оҳ-оҳ! Аммо бу гал шўрва гўштсиз эди, ликоп ичида икки-учта жимжилоқдай сабзи сузиб юрарди. Лекин, тўғриси, қошиқни бунинг учун бир четга суриб қўйганим йўқ. Иштаҳам бўғилган эди. Хотиним гавдасини стул суянчиғига ташлаб бирдан хахолаворганда оғзим ланг очилиб қолди.
– Нега куласан?
– Ўзингни бир ойнага солиб кўр.
– Нима бўпти?
– Пул йўқлигига мен айбдор эмасман, шунинг учун сенга қиймали шўрва пишириб беролмайман.
Ким билади, бунақа гапга балки кулиш керакдир, лекин, назаримда, башарамга тарсаки тортилгандай бўлди. Шартта ўрнимдан турдиму бир оғизгина сўз айтдим, аммо-лекин ёмон сўз! Кейин ётоқхонага кириб, эшикни қаттиқ ёпдим, йўқ, олдин ланг очиб туриб, сўнг қарсиллатиб ёпдим. Албатта, бу бир жирракилик, лекин начора? “Пул йўқлигига мен айбдор эмасман”, дейди-я! Мен бир ҳўплам шўрва учун зарда қилдимми?! У мени бир тийинга қиммат одам деб ўйлаяпти. Лекин хотиним ҳақ: ростдан ҳам мен ҳақирман, нотавонман, бир тийинга қиммат одамман. Бироқ буни тан олиш – ўлимдан оғир! Чироқни ёқиб, хонанинг қоронғи бир бурчагига бордим-да, ўзимни ҳимоя қилмоқ учун атрофимга нафрат ғиштларидан қўрғон қура бошладим. Ташлаб кетсаммикан, дея ўйлардим мен, бир жазосини тортсин, “тирикчилик – тошдан қаттиқ”лигини бир билиб қўйсин. Мендан бирор нима талаб қилишга қандай ҳадди сиғади? Ўшанда унга уйланиш ниятим йўқ эди, ўзи ёпишиб қўймади. Кутайлик, маошим сал кўпайсин, дедим, кўнмади. Фарзандли бўлишга ҳам мен шошган эмасман, ўзи туғаман, деб туриб олди. Мана энди, пул опкелмаяпсан, деб бошимда ёнғоқ чақ-япти. Нуқул пул дейди, пул, пул, пул! Ҳе, пул ўлсин-э! Ташлаб кетган тақдиримда ҳам тинч қўймайди бу, пул талаб қилиб изимдан адвокат жўнатади! Қанийди, ростакамига касал бўлсаму ўлиб қўяқолсам! Қутулардим башарасини кўришдан, халос бўлардим шу дардисар пул хархашасидан!
Кўнглимдан ана шундай гаплар кечарди-ю, аммо буларнинг бари қуруқ васваса эканини сезиб турардим.
Бурчакда хийла вақтгача карахт бўлиб ўтирдим. Вужудимни чулғаган бояги наф-рат аста-секин тарқалиб, фақат қуйқаси қолди. Бундоқ ўйлаб қаралса, ваҳима қиладиган ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку. Бор-йўғи… мен хаёлан тузган рўйхатдаги энг сўнгги одам менга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Шунга аччиқ қилиб ўзимни касалликка солдим. Уддасидан чиқа олмаганимдан кейин жазавага тушдим. Шунинг учун хотиним ҳам тўнини тескари кийволди. Тўғриси-да, биз шунақа бадавлатмидикки, жазавага тушсам. Миям тиниқлаша бошлади, қилган ишимдан уялдим, этим жунжикди, шу даражада тубанлашиб кетдимми, а? Бош-қаларга озор бериб, шундан лаззатландим, шундан ўзимга тасалли изладим. Дунёда юз бераётган жамики кулфатлар мен учун фақат ўз мусибатларимдан чал-ғиш воситасига айланиб қолди. Илгари бунақа эмас эдим. Агар шу аҳвол давом этса, мендан ажал қуроли сифатида фойдаланишлари ҳам ҳеч гап эмас. Шу тобда ҳеч нарсага кафолат беролмайман. Ҳозир кўнглим фақат танҳоликни тусаяпти. Хотиним олдимга келишини ҳам хоҳламайман. Шу чоққача орамиздаги муносабат қоядай мустаҳкам, уни ҳеч қандай куч ўрнидан силжитолмайди, деб ўйлардим. Энди эса, бир бурчакда қунишиб ўтирарканман, ўзимни бош-кети йўқ бўшлиқда осилиб тургандай ҳис этардим. Мабодо ҳозир хотиним кириб келган тақдирда ҳам уни бағримга босиб, яхши кунингда ҳам, ёмон ку-нингда ҳам бирга бўламан, деёлмайман. Бунақа сўзларни фақат ҳузур-ҳаловат оғушида яшаётганлар айтиши мумкин. Бунақа ваъда бериш учун одамнинг бели бақувват бўлиши керак.
Хотиним қорасини кўрсатмади, ўзаро ҳеч қандай савол-жавоб ё яраш-яраш ҳам бўлмади, мен шундан хурсанд эдим. Фақат ярим кечадан ошганда, каравотда мижжа қоқмай ўй суриб ётганимда, ногаҳон қўлини мен томонга узатиб, билагимни қаттиқ бир қисиб қўйди.
– Қўй, кўп сиқилаверма, ухла. Эртага – худо пошшо.
– Яхши тушлар кўр, – дедим мен ҳам ийиб кетиб.
“Ҳе, ўргилдим ўша пошшонгдан!” демоқчи эдим-у, ичимга ютиб қўяқолдим.

Низом Комил таржимаси