Гул Поча Улфат. Милтиқ (ҳикоя)

Бу воқеага бир неча йил бўлди. Афридий қабиласидан бўлган Тўмасхон моманд қабилалари яшайдиган тоғли вилоятдан қишлоғига ўтиб кетаётганди. Қўлида милтиғи бор, ҳеч нарсадан қўрқмасди.
Моманд қабиласидан бўлган Банорасхон Тўмасхоннинг елкасидаги ажойиб милтиқни кўриб, ақлини йўқотаёзди. Момандлар бировнинг қўлида яхшироқ қурол кўриб қолишса, мол-жонини ҳам аямай, уни қўлга киритишга уринишади.
Тўмасхон қишлоқдан анча узоқлашганда орқасидан изма-из келаётган Банорасхон бир пана жойдан туриб:
— Ҳой, милтиғингни дарров ташла-да, бу ердан тезроқ йўқол,—деб бақирди.
Тўмасхон дарров катта бир тошнинг панасига ўтиб олиб, овоз чиққан томонга ўқ узди. Афғон ўлса ўладики, қўлидаги яроғини бировга бермайди.
Қўрқоқлик қилиб, қуролидан ажралган афғондан ҳатто бола-чақалари ҳам ор қилиб, юз ўгиради.
Тўмасхон ўқ овозини зшитиб момандлар Банорасхонга ёрдамга келмшини яхши биларди. Шунинг учун у ўз рақибини тезроқ бир ёқлик қилиши керак эди. Банорасхонга ўқ тегиб, кўксини чангаллаганича ерга йиқилди. Тўмасхон шу ёққа келаётган момандларнинг шовқин- суронини эшитиб қолиб, кучи борича тепаликка қочди.
Тўмасхон момандлар ўқидан зўрға жон сақлаб, югурганча бир тепаликдан ошиб ўтди. Қараса, яна момандлар қишлоғидан чиқиб қолибди. Момандлардан қочиб қутулишига кўзи етмай, дарё ёқасидаги кичикроқ бир уйга кириб, бошпана сўради. Тўмасхон қотил бўлса ҳам, афғон афғонга паноҳ бўлишини яхши биларди. Бу афғонларнинг муқаддас меҳмондўстлик одатидир.
Тўмасхон уйга кириб олгач, хавфдан қутулдим, деб ўйлади. Уй эгаси моманд бўлган тақдирда ҳам меҳмонга ёмонлик қилмайди.
Шу пайт бир тўда милтиқли моманд- лар уйни қуршаб олишди.
— Уйингда яшириниб ётган қочоқ — қотил! У ўғлингни отиб ўлдирди!— деб улар бир-бирларига гал бермай уй эгаси Мир Акбархонга қичқиришарди. Шу пайт момандлар Банорасхоннинг мурдасини келтиришди. Мир Акбархон ўғлининг жасадини кўриб, бир зум донг қотиб қолди. Ғам-андуҳда қолган чолга қарар экан, Тўмасхоннинг ранги оқарди.
Тақдири тушмагур, нега уни бошқа уйга етакламади экан? Нима учун у ўз оёғи билан ўлимини ахтариб келди?
Мир Акбархон бошини қуйи солганча, индамай мурдага тикилиб турарди.
Қани энди иложи бўлса-ю, пичоғини шартта суғуриб, қотилни бўғизлаб ташласа! Ота қалбида икки ҳис-ҳаяжон олишарди; ўғли учун қасос олиш бурчи, ҳамда меҳмонни иззат-ҳурмат қилиш бурчи.
Ниҳоят, иккинчи бурч ғолиб чиқди.
Чол аламдан қовжираб қолган лабларини зўрға қимирлатиб, бўридек қутуриб турган қабиладошларига вазминлик билан деди:
— Яхши, меҳмоним ўлдирган бўлса, менинг ўғлимни ўлдирибди. Унинг гуноҳидан ўтиш — менинг ишим. Агар у бўлак одамни ўлдирганда уни ҳимоя қила олмасдим, — у овозини сал баландлаб сўзини давом эттирди:— Шу гапларим қулоғингизда бўлсин. Сизлар унга ёмонлик қила олмайсиз, чунки у, яхшими, ёмонми, менинг меҳмоним. У бошпана сўрб келди. Уйимга яхши ният билан келиб, тақдирини менга топширган одамни ўлдира олмайман. Пуштунвалай* одатини бузишга ҳақим йўқ. Агар бу одамни сизларга топширсам, бечорани ўлдирасизлар. Унда мен ўзимни бадном қилиб, моманд қабиласи шаънига доғ туширган бўламан. Бу ишимизни эшитиб бошқа қабилалар, ота-боболаримизнинг муқаддас урф-одатини оёқ ости қилишибди, деб нафрат билан қарашади.
Мир Акбархоннинг гапи ҳаммага маъқул тушди. Момандлар Тўмасхонга қўл тегизишмади. У севимли милтиғини елкасига ташлаб, момандлар кузатувида ўз қабиласи — афридийлар яшайдиган қишлоққа омон-эсон етиб олди.

Ориф Усмон таржимаси

————————
* Пуштунларнинг урф-одатлар мажмуаси «Пуш» тунвалай» деб аталади. Бу урф-одат қонун тусига кирган.