Годердзи Чохели. Арчаларга хат (ҳикоя)

Жгунаи қўрқиб кўзини очди – уни тушлар қийнаб юборганди.
Довдираганича кўрпага ўтирди, тунги арвоҳлар унга тинчлик бермасди. Ўрнидан турди, яланг оёқларини лойлари қуриб қолган этикка тиқди-да, сўқмоқ билан Берининг уйига қараб юрди.
Қуёш шарқий уфқнинг чеккасидан анча кўтарилганди. Қўшни аёллар Берининг уйи олдида тўпланиб нима ҳақдадир шивирлашишарди. Берининг хотини уларнинг ёнида эди. У кафтини иягига тираганича уйининг деразаси томон тез-тез қараб, оғир уфлаб қўярди.
Эрталабки сукунатни четан девор устида ўтирган қарға бузди.
Унинг қағиллаши, яхшиликка эмасди.
– Э қағилламай ўл!
– “Қар”инг билан қотиб қолгин, илойим!– қарғашди аёллар қарға томонга мушт ўқталиб.
Жгунаи четан девор орасидан бир қозиқни суғуриб олди-да, қарғага қараб отди. У учиб, уйлардан бирининг томига бориб қўнди. Жгунаи четан девор ёқалаб писиб борди-да, бўйнини чўзиб “қар-қар”лаётган қушга тош отди. Қарға қанот қоқиб кўкка кўтарилди-ю, олисга учиб кетмади. Жгунаи қарғага қараб туфлади-да, аёлларнинг ёнига борди.
– Аҳволи қандай?– сўради у Берининг хотинидан.
– Кечаси яна юраги хуруж қилиб қолди.
– Укол қилишдими?
– Кўнмаяпти.
– Сал-пал бўлсаям қуриб қолдими?
– Қурияпти, лекин нима фойда… Унинг қуришига ўзи йўл қўймаяпти, ачинаяпти. Балки ўзи ҳам ўша билан қуриб тугайди.
– Дўхтир келдими?
– Эрталабдан шу ерда.
– Нима деяпти?
– Укол қилдиришга кўндирмоқчи бўлаяпти. У бўлса оёқ тираб турибди, на унга кўнади, на бунга.
– Яна нима ёзиб беришди?
– Ҳозирча ҳеч нарса. Дўхтир ёнида, гаплашяпти,– деди Берининг хотини боши билан уй томонга ишора қилиб.
Жгунаи ичкари кирди.
Бери каравотда, оёқларини осилтирганча ўтирибди. Кўйлаги ўнг елкасигача кийилган, у ердан ниҳолнинг игна баргли учи кўриниб турибди. Яланг оёқларини тупроқ билан кўмган Бери уларга сув қуймоқда.
– Бунақа қилма Бери, шамоллаб қоласан, ўзингни хароб қилма,– илтижо қилади увоққина, тўладан келган олтмиш яшар аёл – дўхтир, барча гудамакарликларнинг халоскор фариштаси.
– Менга қара, оёқни ерга кўмишни қаёқдан ўйлаб топдинг? Шу касал юрагинг билан-а!
– Юрагим кутиб туради. Унинг эса айни пайти,– деди Бери елкасида ўсаётган арчага кўзини қисганича қараб.
– Менга қара, нега тушунмайсан, агар сен ўлиб қолсанг, ўз-ўзидан арчанг ҳам қуриб қолади. Укол қилдир, ўжарлик қилма.
– Уколдан янада тезроқ сўлади, қара, баргчалари сарғаймоқда.
Бери оёқлари кўмилган тупроққа яна сув қуйди.
Хонага нотаниш киши кириб, саломлашди.
– Ва алайкум ассалом,– деди Бери ва сигаретга имо қилди: – Ўчир унингни. Тамаки тутуни юрагимга зарарли.
Нотаниш киши сигаретни ўчирди ва ўзини таништирди:
– Мен шу ердаги мактабга ўқитувчи қилиб тайинландим. Жўғрофияни ўқитаман. Сиз билан юз берган воқеа мени қизиқтириб қолди. Шунинг учун келдим. Жуда ҳайратдаман. Инсон танасидан арча ўсиб чиқиши!.. Мўъжиза бу, бошқа нарса эмас. Бу ҳодисани чуқурроқ ўрганиш керак..
– Нимасини ўрганиш керак, униб чиқди, бор гап шу,– деди Бери.
– Нима, сиз ўрганиш керакмас демоқчимисиз?! Менга айтишларича, сиз шу арча билан гўдак мисоли муомала қилаётган экансиз. Ҳаётингизни ўз ихтиёрингиз билан хавфга қўймоқдасиз. Бу эркато-йингизга зарар етказмасин деб, ҳеч қандай дори қабул қилмаётган экансиз. Бундай ноёб ҳодисани ўрганмай бўладими? Нима деб ўйлайсиз, бу оталик туйғуси сизда қандай пайдо бўлди?
– Менда бола – фарзанд йўқ,– деди Бери ва яна сигаретга ишора қилди. Ўқитувчи олдингисини ўчириб ташлаган бўлса-да, яна ёндириб чека бошлаганди.– Бу ерда чекманг, илтимос сиздан.
– Кечирасиз, эсимдан чиқибди. Ҳа, яна, мен сизга шуни айтмоқчийдимки, фақат хотинингиз гапи учун айтаётганим йўқ буни, ўзим шундай деб ўйлайман: Сиз укол қилдиришингиз керак, акс ҳолда юрагингизни даволай олмайсиз. Арча, билсангиз, азизим, сон-саноқсиз ўсиб ётибди, сиз бўлсангиз битта кичкинагина арчани деб…
– Агар у сизнинг елкангиздан ўсиб чиққанида нима қилардингиз?– сўради Бери.
– Агар менинг юрагим ҳам сизникига ўхшаб касал бўлганида, ўз соғлиғимни ўйлардим, дори-дармонни рад этмасдим. Сиз бўлсангиз ҳаётингизни хавфга қўяпсиз, агар билсангиз, бу қилиғингиз билан худога шак келтираяпсиз.
– Нима, бу арча тирик мавжудот эмасми?!– деди Бери.
– Бу арча, барибир эртага қуриб қолади.
– Балки қуриб қолмас,– деди Бери ва ўрнидан турди.
– Қаёққа?– сўради Жгунаи.
– У билан бироз айланиб келай, у чиндан ҳам қуриб қолиши мумкин.
– Юрак дорисидан озгина ичиб ол ҳеч бўлмаса,– илтимос қилди дўхтир.
Унга ҳеч нарса демай, арча билан эшик кесакисига тегиб кетмаслик учун Бери қия очиқ турган тор қопқа оралиғидан эҳтиёт бўлиб ташқари чиқди.
– Сиз худога ишонасизми?– сўради дўхтир муаллимдан.
У довдираб қолди.
– Йўғ-е, бу шундай бир гап келиб қолди-да. Ғаройиб воқеа, инсон танасидан арча ўсиб чиқса-я. У одам баданида нима қилиб юрибди. Бундай ўйлаб қарасанг, ишонмасдан иложинг йўқ!
– Уруш пайтида ярадор бўлиб ўрмонда ётган экан, арча чанги очиқ ярасига тушибди, –тушунтирди дўхтир.
– Нима дейсиз, дўхтир, унга ёрдам бериб бўладими?– сўради муаллим.
– Ниҳол қуриши учун унга укол қилишга муваффақ бўлинса… Уни кўндириш керак.
– Қандай кўндирасиз, ахир, ўзи унга бирор кор-ҳол бўлмасин, зарар етмасин деб, кечаси билан ухламай чиқади-ку, чақалоқдай авайлайди.
– Бироқ, даволаш шарт. Юраги бардош беролмаслиги мумкин,– деди қатъият билан дўхтир.

Бери аввало сийрак ўрмонда, ёнғоқзор оралаб сайр қилиб юрди. Кейин шамшодзорда ҳаво арчага шифобахш бўлиши мумкин деган қарорга келиб, тепага қараб кўтарила бошлади.
Йўлда унга ўрмон ходими учради.
– Нима, қурияптими?– сўради у.
– Ҳа, негадир сарғаймоқда.
– Юрагинг безовта бўлаётганини айтмайсанми?
– Ҳа, гапирманг!
– Нима ҳам дердим! Бизнинг тупроғимизда, сенга айтсам, асрлар бўйи ўсмаганди, мана сени бирдан Тангри арча билан тақдирлаб ўтирибди! Берганига яраша бола берса бўлмасмиди, келиб-келиб арча…
– Менга арча ҳам яхши, фақат қуриб қолмаса бўлгани.
– Сенга ҳайрон бўламан-да, шу арчанинг нимаси яхши, мана унинг ўрнида гилос ўсиб чиққанида бошқа гап эди: мевасидан баҳраманд бўлардинг. Арчадан не наф?
– Мен шикоят қилаётганим йўқ,– эътироз билдирди Бери.
– Ким билади дейсан, балки сен ҳақдирсан. Эшитишимча, арча сўтасидан ошқозон оғриғини қолдирадиган дори тайёрлашаркан. Бу меъдам билан жуда қийналиб кетдим, сенга айтсам. Бизнинг ўрмонда эса қорақайину зарангдан бошқаси ўсмайди. Сўтани қаердан оламиз. Бир одамгарчилик қилгин, агар сенинг арчанг қуримай, ўсиб сўта тугса дастлабки сўтасини бер, даволаниш учун, йўқ дема.
Бери ўрмончига биринчи сўтани ваъда берди-ю, йўлида давом этди.
Дўнгликнинг тепасида у дам олди.
Теварак-атроф кимсасиз эди. Ҳар сафар Бери арча билан айлангани чиққанида, у айнан шу тепаликда дам олишни яхши кўрарди.
Бироқ ўтириб нафасини ростлаб олгач, Бери буталар ичига кирди. Бери шундай эпчил яшириндики, буталар устида фақат арчагина диккайиб турарди. У арчага мўъжазгина қушча келиб қўнгунча беркиниб турди. Қушча ниҳолнинг учига кўниб олиб, ўз тилида нимадир, деб чуғурлади-да, шохдан-шохга сакраб, учди-кетди.
Қисқа муддатга меҳмон бўлган қушчанинг ташрифидан кўнгли яйраган Бери буталар орасидан чиқиб, яна тепаликка кўтарилди. Бутун атроф кафтдек кўриниб турарди. Пастда шовқин солганича яшил қирғоқларга урилиб Арагви оқарди. Оқим бўйлаб қуйироқда, дарё дара томон бурилган жойда катта қишлоқ ястаниб ётарди; ўша қишлоқда жамоа хўжалигининг идораси, энг кўзга ташланадиган бино – оппоқ, баланд, ғиштин иморат.
Бирдан Берини ширин хаёл чулғади: ўша идорага бориб, хўжалик раисидан игнабаргли ўрмонлар ўсадиган қандайдир ўлкага йўлланма сўраш истаги туғилди. Ўша ерда эҳтимол унинг арчаси ўсиб кетар.
Бери бу имкониятдан шундай севиндики, юракдаги оғриқни ҳам унутиб, пастга қараб чопиб кетди.
Раис ўз хонасида экан.
– Менга йўлланма керак,– деди Бери.
– Қанақа йўлланма, қаёққа?– ҳайрон бўлди раис.
– Игнабаргли ўрмони бор томонларга.
– Ўзимизда, шу ерда иш ошиб-тошиб ётибди,– деди раис.
– Биламан,– жавоб берди Бери.
– Билганинг яна ҳам яхши.
– Балки менга битта топиб берарсиз.
– Қаердан оламан йўлланмани.
– Топиб беринг, менга жудаям керак.
– Намунча ёпишиб олдинг. Менга қара, сенга укол қилдириш учун дори-дармон ёзиб беришди. Нега рад этаяпсан?
– Сен ҳам уларнинг гапини айтаяпсанми?
– Мен ўзим айтаяпман, ўжарлик қилма.
– Нима, у ўсиб чиқса, мен айбдорманми?
– Кўкарди! Ўсиб чиқди! Ўз елкангда ўрмон хўжалиги барпо этишнинг айни вақти, турли олмалар, ёввойи ноклар, мева-чевалар экиш пайти. Кейин паррандалар ҳам пайдо бўлади. Кейин талон-тарожчилар, ёғоч ўғрилари, ташмачилар танда қўйишади. Шунда менинг олдимга югуриб келасан, маош оладиган ўрмон ходими тайинла деб. Ҳа, узумзорларни эсдан чиқарма, кузда узумларни эзамиз, шароб ичамиз, яшаш керак-ку, ахир… Менда йўлланма йўқ, одамларнинг бошини қотириб юришни қўй, айтганларини қил. Бу – менинг шахсий фикрим: суғуриб ташла ўша арчангни.
Нима ҳам дерди? Бери идорадан индамай чиқди ва Арагви оқими бўйлаб пастга қараб юриб кетди.
Учраган одамлардан Боржоми йўлини сўраб бораверди. Унинг елкасидаги арчани кўрганлар Берига телбага дуч келгандек қўрқа-писа қараб-қараб қўярдилар.
Боржомида Берини меҳмонхонага киритишмади. Санаторияларда эса бегоналарга жой топилмади.
Бери узоқ ўйлаб ўтирмади, арчазор ўрмонда чайла қуриб, у ерда кун бўйи елкасидаги арчаси билан сайр қилиб юрди.
Бир ҳафта ўтар-ўтмас арчага жон кирди, кўкариб, Берининг ёноқлари ёнида игна баргларини липиллатиб қолди.
Арча тез ўса бошлади. Кўп ўтмай, Бери унинг илдизлари кўкрагига чирмашаётганини ҳис этди. Энди у арчанинг ўйларини эшитаётгандек, сезаётгандек, бошқа дарахтлар билан нима ҳақда гаплашаётганини тушунаётгандек бўлди. Энди унда иккита қалб яшаётганини Бери ҳис қила бошлади, уларнинг бир-бирига сирли интилиши уни қийнаб юборди.
Бир ойдан сўнг Берининг бошидан ошиб, анча тўлишган арча шохларига қушлар кўниб сайрай бошлашди.
Бери хотинини соғинди.
Жгунаини кўргиси келди.
Елкасида анчагина бўй чўзиб қолган арчаси билан қишлоқ бўйлаб юргиси келди. Ўрмон ходимига сўталар ҳақида берган ваъдасини унутмаганди.
У уйига ўрмонзор орқали боришга қарор қилди. Йўл-йўлакай одамлар билан учрашиб қолишни истамагани учун пиёда юришни лозим топди. Арчалар билан хайрлашди-да, уйига қайтди.

“Арчаларга хат!
Сизларга қадрдон қишлоғимдан ёзаяпман. Ўзимни яхши ҳис қилаяпман. Айлангани тез-тез ўрмонга чиқиб тураман. Қишлоқдошларим мени кўрсалар тескари қараб ўтмоқдалар. Гаплашмай қўйдилар. Одамга ўхшаб гаплашадиган ягона киши – ўрмон ходими. Мен унга биринчи сўтани беришни ваъда қилганман. Афтидан зиқна одамга ўхшайди. Менинг арча эканимга сира кўникаолмаяпти. Нега гилос бўлиб ўсмадинг деб, таъна қилгани-қилган. Мевага ўч бўлса керак-да.
Мана, бугун ҳам сайр қилиб келдим. Хотиним ҳамиша ёнимда юради. Елкамдаги арча танаси қаердадир жар ёқасида мени пастга тортиб кетмасин деб қўрқади.
У тақдирга тан берди.
Жгунаи бизнинг қишлоқдан кўчиб кетди. Бошқа бу ерларда ҳеч кўринмади. Уни жуда ҳам соғинаман, авваллари биз қалин дўст эдик.
Икки ҳафта бурун тўйда бир ёш қиз билан рақсга тушдим. Бирам чиройли эдики, келишган, ўрмонимиздаги арчага ўхшайди.
Қишлоғимизда битта ичадиган одам бор. Ичиб олди дегунча, болтани чархлайди ва тўнғиллайди:
– Ҳозир Берини чопиб ташлайман! Берини чопиб ташлайман!
Ундан узоқроқ юришга ҳаракат қиламан.
Билиб бўладими, болта билан сермаб қолса борми?
Ўрмонимиздаги дарахтлар сарғая бошлади. Улар мен яшиллигимни йўқотмаганимга ҳайрон бўлишаяпти. Ҳаммадан ҳам менинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб юрганим ҳайратга солаяпти.
Улар мени осмондан тушган деб ўйлашяпти, шекилли, иззат-ҳурмат қилишяпти.
Мен ҳам сизларга ўхшаб ерликман десам, ишонишмайди:
– Агар бизга ўхшаб ердан униб чиққан бўлсанг, нега бир жойда турмай, у ёқдан-бу ёққа юрасан? Нега қишда кийимингни ечиб ташламайсан, ўзингнинг кўринмас баргларинг билан доимо яшил бўлиб тураверасан?
Уларга нима деяй?
Қандай тушунтирай?
Мана, заранг, шу дарахт бирор нарса тушуниши мумкин, бош-қалар менинг сўзимни инобатга олишмаяпти.
Мен ўрмонни уялтиришни, унда бирор шубҳа туғдиришни истамайман. Уёққа бормасам яхши бўларди, бормасдан туролмайман. Ўрмоннинг энг қуюқ жойида ёшгина бир шамшод ниҳоли ўсаяпти; агар уни бир кун кўрмасам туролмайман. Мен борганимда у шунақа жонланадики, худди мен билан учрашувни ўзи кутаётганига ўхшайди. Бироқ хотиним менга хўмраяди ва шамшодни четлаб ўтаман. Одамнинг қўлидан ҳар нарса келади. Рафиқам болта кўтариб юрган анави ароқхўрни гижгижламаса деб қўрқаман. Қандайдир қорақайинни чопиб ташлаш уларга ҳеч гапмас.
Ҳамюртларим ҳам дарахтларга ўхшаб менга нисбатан ётсирай бошладилар. Қишлоқ четида бир қария яшайди. Унинг на хотини бор, на болалари бор. Синглиси, укаси ҳам йўқ. Якка моховдай. Авваллари иймон-эътиқоди йўқ одамдай яшарди. Одамлардан узлатга чекинди. Бир чеккада кулба тиклади, атрофига девор урди. Одамлар ташвишию қувончлари унга бегона эди.
Ҳозир у қариб-қартайиб қолган, қашшоқлик белини букди. Кишилар худо ризоси унга нон, сув бериб кетишади. Қуриб, қоқ суяк бўлиб қолган танасида қалби умид ҳасратида чарх уради.
Ўрмонга элтувчи йўлим ўша чолнинг уйи ёнидан ўтади. Ҳар ўтганимда тиз чўкиб, юзини осмонга тикканча ўтирганини кўраман. У нола қилиб дейди:

Ёнимга туш, худойим,
Қора ёпинчиғинг билан ёп,
Кўзларимни кўр қилгин,
Қулоқларим кар қилгин,
Мана тилим – узиб ол,
Тиззаларим бўшаштир.
Қалбим қайра чалғи мисоли,
Ҳузурингга ол мени?
Ўзгартиргин турмуш тарзимни.
Зеро қалбим толиқди бутун,
Зулмат ичра чарчади тутқун.

Менга кўзи тушди дегунча титроқ қўлларини менга чўзади:

Нажоткордан мен учун сўра,
Сен сўрай оласан, сўра мен учун…

Ич-ичимдан ачинаман бу одамга, дилим оғрийди, унга таскин бериш учун ўтинч билан кўкка тикиламан ва дейман:
– Кела қол, афв эт! Кела қолгин, гуноҳидан ўт унинг.
Лекин нажоткор келмайди.
Ортга сураяпти…
Тунлари ғалати-ғалати тушлар кўраман: Бир қарасам ҳавога кўтарилиб парвоз қиламан. Бир қарасам ернинг қаърига тушиб, унинг юраги қандай ураётганига қулоқ тутаман.
Ер инсонга ўхшаб нафас олади. Бир нафас олади-да, кейин гоҳ секин, гоҳ тез нафас чиқаради. Мен унинг нафас олишини сезаётганга ўхшайман.
Баъзан шунақа бўладики, тушимда учаётган пайтларимда оқим мени четга суриб кетади ва мен олис-олислардан ерни кузатаман.
Четдан туриб қараганда ернинг қиёфаси бошқача:

У чинакам тирик жон!
Дарёлари – унинг қон томирлари.
Денгиз ва уммонлар – ўпкаларидир.
Ўрмонлари унга нафас – даводир.
Қалби унинг тоза ҳаводир.
Ер битта қиёфада –
Одам Ато ҳамда Момо Ҳаводир.

Олисдан ҳамма нарса ердан пайдо бўлаётгани ва яна ерга қайтаётгани яхши кўриниб тураркан…
Қани энди сизлар ҳам менинг тушларимни кўрсангизу ернинг қанақа эканлигини билсангиз.
Осмон-чи?
Мен осмонга ҳам ишонаман, чунки ерга ишонаман. Ва эҳтимол, сизнинг ҳар бирингиз ернинг зарраси бўлганингиздек, ер ҳам осмоннинг бир заррасидир.
Сизни балки менинг соғлиғим ташвишга солаётгандир. Бугун менинг шохимга қўнган қораялоқ шундай ёқимли сайраб бердики, юрак оғриқлари ўз-ўзидан эсдан чиқиб кетди. Бу ердаги ўрмонда мендан бошқа арча йўқ. Баланд тоғдаги бир яланг майсазор менга жуда ёқиб қолди, ҳадеб ўша ерга боргим, ўша роҳатижон ўланда узоқ тургим келаверади. Шу ердан бизнинг дарамиз кўзга жуда яхши, яққол ташланиб туради. Кечалари менинг илдизларим ер бағрига кириб бораётгандек туюлаверади.
Сизларни жуда соғиндим. Барчангизни бағримга босиб қоламан.
Бери”.
Мактубдаги манзил:
“66733
Боржоми.
Ушбу хат арчазор ўрмонга ташлансин” деб ёзилган.

Қишга яқин Берининг юраги борган сари ўзини кўпроқ эслатиб қўя бошлади.
Оқшомларнинг бирида у арчанинг илдизлари тиззасидан пастроқда ўсиб чиққанини ҳис этди. Юраги оғир зирқиради.
Ойдин тунда уйдан чиқди. Оғилдан белкуракни олди-да, тепаликка, тоққа йўл солди.
Кеч куз эди.
Ўрмондаги дарахтлар гўё истиғфор қилаётган баргсиз қўлларини кўкка чўзиб турардилар.
Ўрмон назоратчисининг чайласи ортда қолди. Ярим тунда ўзи ёқтириб қолган ялангга етиб борди.
Чуқур ўра ковлаб, ичига тушди. Ўрада туриб, ковланган тупроқ билан ўзини белига қадар кўмди.
Қаддини ростлади ва шу кўйи қотди.
Бери энг кейин ҳис этган нарса шу бўлдики, икки тана бир-бирига туташиб, бир жинсли ажралмас, яхлит вужудга айланди, нозик илдизлари билан ерга ёпишди.
Ерга илдиз отган арчанинг биринчи ҳис қилган нарсаси қуёшнинг ер узра нур соча бошлагани эди.