Онам (Лора де Мопассан)га…1 Ивето, (2 май 1864 йил)
Онажон.
Энг аълочи ўқувчиларнинг рўйхати бугун тушдан сўнг эълон қилиниши керак. Мактубни эса эрта саҳарлаб ёза бошладим.
Рўйхат эрта-индин ҳам эълон қилиниши мумкин. Чунки, ректор айни дамда Руандан қайтмаган… Мен Расин2нинг китобини қўлга киритишдан умидимни уздим; менимча, бизга яна бешта лотинча таржима юклатилади… Бу эски ва қўпол тилда бирон нимани ҳис қилолмаяпман сира. Юнончадан ҳам нимадир кутмайман, французча таржималаримизнинг натижаларига келсак, уларни эртага маълум қилишади. Қониқарли натижадан умидворман….
Мана, ёмғир ҳам бошлади! Анчадан буён осмонга тикилиб, уни кутаётгандик. Тақвим бўйича ёзнинг бошланиши қайси ойга тўғри келишини билгим келяпти…
(Сешанба, 3 май)
Мен энди лотинча таржиманинг иккинчиси устида ишлаяпман. Бу ишга аълочилар қаторида қабул қилиндим: менинг меҳнатим юксак баҳоланди… Яна битта лотинча мактубни таржима этиш синови олдимда турибди… Агарда, бир-иккита фахрий ёрлиққа сазовор бўлсам, Расиннинг китобини менга совға қиласизми?
Кўришгунча, онажоним, сизни қаттиқ ўпиб қоламан. Укам Эрвени ҳам мен учун ўпиб қўйинг.
Ўғлингиз Ги де Мопассан.
* * *
Онамга… Сешанба, (14 сентябрь,1875 йил)
Кеча оқшом, канцеляриядан чиқаётиб, Гавр кўчасида Т.Готье3ни учратиб қолдим. У поездда Шатуга кетмоқчи бўлиб, тараддудланиб турган экан. Жуанвиль билан Леон Фонтэн4ни ҳам кўрдим.
Париж ҳозир бўм-бўш. У ҳувиллаб, ғариб бўлиб қолган. Мен бу ерда бирон-бир меҳмондорчиликка бораётган, қанақадир иш билан кўчада изғиб юрганларни учратмаяпман, ҳаттоки унақа кимсалар шаҳар саратонида муздай ичимликлар ичиш учун ҳам келишмаяпти. Фақатгина Рояль кўчасида ўнга яқин блуз кийган олифта хонимларни ва қизларни учратиш мумкин. Мен ҳали ҳеч қачон бундай бўшлиққа дуч келмагандим. Жудаям ҳайратдаман. Одатда, ғала- ғовур ва тўполонларга бой бўлган бу шаҳарнинг ажабтовур сукунати одамни ўзидан нарироқ олишга ундаркан. Гўёки унда сирли вабо тарқалган-у барча аҳолини бу ердан супуриб ташлагандай таассуротлар уйғонади хаёлда. Жазирама даҳшатли кечмоқда. Канцеляриядаги хонамда ҳарорат +26 даража.
Хайр, меҳрибон онажоним. Сизни ва Эрвье5ни вужудимдаги меҳр ила ўпиб қоламан, энг эзгу тилакларни тилайман.
Тезроқ жавоб ёзинглар.
Бош оғриғингиз тузалиб қолгандир ишқилиб?
Ўғлингиз Ги де Мопассан.
* * *
Иван Тургеневга. Париж (12 май, 1877 йил)
Қадрли устоз.
Камина сизни икки маротаба Париждаги ўз уйингизда кўрмоққа ҳаракат қилган эдим, ноилож, энди хат ёзишга мажбур бўлдим. Фавқулодда қувонч билан шуни айтишим жоизки, мен сизнинг “Баҳор еллари” романингиздан нақадар чуқур, қанчалар чек-чегараси йўқ таассуротлар олганимни таърифлашга сўз топа олмайман.
Бу мен мутолаа қилган барча улуғ китоблар ичидаги энг ажойибидир. Ва у ўзининг ботиний дунёси, одамлар ва предметлардаги теран фалсафаси билан, мазмун-моҳияти билан мени ларзага солди. Сиз рус халқининг ҳиссиётлари, феъл-атворлари, табиати ва фаросатини ҳис қилишимизга кўмак бермоқдасиз ва биз сўнгги сатрларгача Россия атмосфераси билан бемалол яшашимиз мумкин бўлади.
Ташаккур сизга, азиз устозим. Сизга ҳамиша содиқ қоламан деган ниятдаман.
Ги де Мопассан
Р.S. Биз кетишингиздан олдин пьеса6ни саҳнага қўйиш учун кўп маротаба репетиция қилдик. Афсуски, ҳамма тайёргарликлар кейинги ҳафтанинг охирларида тугайди шекилли.
* * *
Леон Фонтенга. (26 декабр, 1878 йил)
Кеча оқшом хонадонингга ташриф буюрганимда, лакей сизларни оилавий кечки овқатга йўл олганларингизни айтди. Водевиль томоша қилиш учун театрга таклиф қилмоқчи эдим, аммо бандлигингни ўша хабардан сўнг тушундим.
Шанба куни бора оларсан балки? Менда яна 2 киши учун ўрин бўлади.
Қадрдонинг Ги де Мопассан.
* * *
Гюстав Флоберга. (Март, 1880 йил)
Азиз устоз.
Шарпантье7га дуч келган пайтимда, қўлёзмаларим қабул қилинганини айтиб қолди. Демак, баҳорнинг охирига қадар тўпламга киритилишим мумкин экан. Миннатдорман…
….Эртага ё индинга “Дўндиқ” номли новелламни корректурасини сизга жўнатаман. Илтимос, уни таҳрирдан ўтказиб берсангиз. Мени олдимда ҳозир битта-ю битта юмуш қолди: асардаги биттагина сўзни, керакли сўзга алмашлаш….
….Сизга самимий туйғуларимни йўллайман, ҳурматли устозим…
* * *
Г. Флоберга. (Апрелнинг охири, 1880 йил)
… “Дўндиқ” муваффақият қозонмоқда… Катюль8 ёнимга атайин ташриф буюриб, новелла сабабдан қутловлар билдирди. Унинг фикрича новелла узоқ яшар экан. 20-30 йил ўтгандан кейин ҳам у ҳақда баҳслар тўхтамайди, деди. Бу гаплар менга қанот бағишлади. Чунки, Катюль ҳақиқатан ҳам билимдон одам…
…Хайр, азиз устозим, сизни меҳр ила ўпиб қоламан.
Ги де Мопассан.
* * *
Эдмон де Гонкурга. Круассе9
(9 май, 1880 йил)
Ҳурматли устоз.
Кеча тунда Флобер10 дунёдан кўз юмди. Дафн маросими сешанба куни, пешинда бўлиб ўтади. Бахтсизлик гирдобида яшаган улуғ дўстимизни сўнгги манзилига кузатиш учун сафимизга қўшиласиз деган умиддаман. Шундай эмасми?
Агар эрталабки саккиздаги поездга ўтирсангиз, кечикмасдан кела оласиз. Бекатда экипажларни кутиб олишади ва сизни тўппа-тўғри Кантелёдаги маросим жойига олиб бориб қўйишади.
Чуқур таъзия ила қўлингизни маҳкам сиқиб қоламан.
Ги де Мопассан.
* * *
Ношир Кистемакерсга11… (Апрель,1882 йил)
…Мен розиман. Келишдик12. Қўлёзмани бир неча кундан сўнг қабул қилиб оласиз. Юбормоқчи бўлаётган фотосуратим унча яхши чиқмаган. Афсуски, менда ҳозирча бошқаси йўқ. Жаноб Мюст кафил бўла олади13.
* * *
Иван Тургеневга. Эртрета, Сешанба. (1883 йил)
“Ҳаёт” романи ва “Вальдшнепп ҳикоялари” қўлингизга етиб бордими?
Мен айни пайтда жуда қизғин ижоддаман. Сафар таассуротларим14ни чоп этиш ҳаракатидаман. Ноябрда сизга ваъда қилганларим – Россия учун ёзган иккита катта қиссам тайёр бўлиши керак.
* * *
А.Н.Энгельгардтга15. Париж, Моншанен кўчаси, 10 уй (15 январь,1885 йил).
Марҳаматли жаноб,
Мен сизга “Азизим” номли романимнинг дастлабки бобларини почта орқали жўнатяпман. Барча жавоб хатларингизни энди Канндаги, “Монплезир”номли вилламга жўнатаверишингиз мумкин.
Энг самимий тилакларим ва ҳисларимни дўстона қабул қилишингизни истайман.
Ги де Мопассан.
* * *
Доктор Анри Казалис (Жан Лаор)га16. Хаммам-Рира, Жазоир (декабр, 1887 йил)
Бир неча кундан кейин Жазоирни тарк этмоқ ниятида юрибман. Аниқки, бу ердан Тунисга равона бўламан. Жазоирнинг қишки курортида биттагина камчилик мавжуд: шаҳар шимолда жойлашгани боис кундузи уч яримдаёқ қуёш уфққа бота бошлайди. Ҳар куни 5-6 километрлаб узоқроқ сайр қилишимга тўғри келмоқда. Қуёшни излайман. Бу қидирув эса мени асабимга ёмон таъсир қиляпти…
* * *
Жаноб Жакоб17га. (1891 йил)
Азизим Жакоб,
Мана менинг васиятномам.
Бугун эрталаб нотариусим жаноб Колль меникига қадам ранжида қилди. Кўринишидан жуда хафа эди. Балки, менинг васиятномамни сўраганингиз учун шундай ҳолатдадир.
Биз ҳақиқатдан ҳам меросим ва васиятларимни унга топширишга келишиб олдик, сабаби у оиламизнинг барча ишларидан бохабар. Ҳатто онамнинг васиятидан ҳам хабардор у.
Аҳволим ҳар томонлама ёмонлашган. Ҳеч нима тановул қила олмаяпман. Ақл-у ҳушим жойидамас…
Қўлингизни маҳкам сиқиб қоламан
Ги де Мопассан.
______________________
1. Мопассан бу мактубни Иветодаги руҳонийлар мактабида ўқиб юрган кезларида (1863-1866) ёзган.
2. Жан Расин (1639-1699) – машҳур франциялик шоир ва драматург.
3. Теофиль Готье (1811-1872) – француз романтик шоири.
4. Жуанвиль ва Леон Фонтен – адибнинг болаликдаги дўстлари.
5. Эрве де Мопассан (1856-1889) адибнинг укаси.
6. “Атиргул гулбарглари ёхуд Турклар уяси” пьесаси.
7. Жорж Шарпантье – француз ношири.
8. Катюль Мендес (1841-1909) – франциялик шоир.
9. Круассе – адибнинг устози Гюстав Флобернинг Руандаги ҳовлиси.
10. Гюстав Флобер 1880 йил 8 майда тўсатдан вафот этган эди.
11. Кистемакерс – белгиялик ношир.
12. Гап “Мадмуазель Фифи” новелласи ҳақида кетмоқда.
13. Мопассаннинг камдан-кам учрайдиган портретларидан бирини Мюст ишлаган.
14. “Қуёш остида” номли сафарнома. 1884 йил Аварада чоп этилган.
15.Хат Россиялик адиба ва таржимон Анна Николаевна Энгельгартга жўнатилган. Лекин, у пайтда Мопассан адиба билан таниш бўлмаганлиги боис, “марҳаматли жаноб” дея нотўғри мурожаат билан мактуб ёзади.
16. Анри Казалис (1840-1909) Жан Лаор тахаллуси билан ижод қилган франциялик шоир ва шифокор. Мопассаннинг дўсти.
17. Мопассаннинг ишонган одами.
Русчадан Темур Тангриберганов таржималари
“Китоб дунёси” газетасидан олинди.