Ташқарида эсаётган бесар кузак шамоли дарахт шохларида қолган сўнгги япроқларни юлқиб, ҳавода чирпирак қилиб ўйнарди.
Овчилар кечки овқатни ейишарди, улар ҳатто этикларни ҳам ечмасдан, қизариб-бўзариб, ҳазил-ҳузул қилиб ўтиришарди. Улар асосан ярим зодагон, ярим деҳқон, бойнинг ҳам, ҳўкизнинг ҳам бўйнини қайиришга қодир кучга эга бўлган кичик норманд помешчиклари эди.
Улар кун бўйи Эпарвил ҳокими Блондилга қарашли ерларда ов қилишган, ҳозир эса унинг уйида, катта стол атрофида тамадди қилишмоқда эди.
Уларнинг гурунги, бақир-чақири, кулгилари эса йиртқичларнинг ўкиришини ёдга соларди, чунки тинимсиз ичишар, оёқларни узатиб, столга тирсакланганча, Исполин печи тафтида исинишар, ов, итлар ҳақида валақлашишар, кўзлари чироқ ёруғида ярқираб турарди.
Ҳаммалари аллақачон сархуш, эс-ҳушини йўқотар даражага етган, уларга овқат ташиб юрган қип-қизил башараси товоқдек келадиган хизматкор қизнинг ортидан мастона сузилиб боқишарди.
Бир пайтлар руҳоний бўлишни орзу қилган, лекин тақдир тақозоси билан ветеринар бўлиб, айни чоқда музофотдаги молларни даволаб юрган узун бўйли Сежур бирдан ҳовлиқа кетди:
— Жин урсин, жаноб Блондил, жориянгиз шунақа сулувки, одамнинг оғзидан сўлаги оқади-я!
Хонада гурр кулги кўтарилди. Шунда гапни қари ароқхўр, эндиликда камбағаллашиб қолган зодагон де Варнетто илиб кетди:
— Менинг ҳаётимда шунақа хизматкор қизча билан боғлиқ бир воқеа содир бўлган. Ўйлайманки, бу сизлар учун қизиқарли бўлади. Ҳар гал у ҳақда ўйлаганимда Марза деган бир қанжиқ итим эсимга тушади. Мен уни граф д Оссенелга сотгандим, ит эса мендан ажрашни ҳечам истамасди, ҳар куни, ечиб юборишлари билан ёнимга чопиб келарди. Охири аччиғим чиқди ва графга итни занжирда сақлашни айтдим. Биласизларми, кейин нима бўлди. Ит шўрлик боғловда ичикиб ўлди.
Энди менинг хизматкорим воқеасига қайтайлик. Ўшанда йигирма бешда эдим, Вилбндаги қасримда ёлғиз, бўйдоқликда кун кечирардим. Одам ёш бўлса, биласизлар, зерикади, уёқ-буёқни кўргиси, саёқлик қилгиси келади.
Бир куни Ковиледа турадиган Дебултонинг уйида хизмат қиладиган ёшгина бир қизчани кўриб қолдим. У мени ўзига шу қадар мафтун этдики, хўжайини олдига бориб шундай бир таклиф айтдим: у хизматкорини менга беради, мен эса унга зотдор — Дебулто икки йилдан бери менга сот деб ялиниб юрган байталимни бераман. У шартта қўл ташлади: “Келишдик, жаноб де Варнетто”. Иш битди ҳисоб. Қиз менинг қасримга келди, мен эса уч юз экю эвазига байтални унинг хўжайинига элтиб бердим.
Бошида ҳаммаси силлиқ кетаётганди. Ҳеч ким ҳеч нимадан гумонсирамасди. Лекин Роза — унинг оти шунақа эди — назаримда мени телбаларча севиб қолди. Қизча бошқалардан нимаси биландир фарқ қиларди. Унинг томирларида аслзодалар қони оқарди. Афтидан у ўз оқсочига тегиниб қўйган оқсуяк бир одамдан туғилган эди.
Хуллас, у мени еру кўкка ишонмасди. Мен билан кўнгилхушлик қилишдан сираям зерикмас, мени ғалати-ғалати исмлар билан эркалаб чақирар, унинг бу эркаликлари мени ўйга толдирарди.
“Бунга чек қўйиш керак энди, бўлмаса, бошим балога қолиб кетади”, дердим ўзимга-ўзим. Аммо мени тузоққа илинтириш унчалик осон эмаслигини билардим. Мен эҳтиросли бўсалар билан дарров алданиб қоладиганлар сирасига кирмасдим. Аммо… кунларнинг бирида ҳомила бўлиб қолганини айтгач, ҳушим бошимдан учди.
Ол-а! Кимдир юрагимни қўшотар милтиқ билан яралагандек бўлди. У эса мени қучоқлар, эркалар, қиқирлаб кулар, эс-ҳушини йўқотганча ялаб-юлқарди. Бу ёғи нима бўлди?
Ўша куни индамадим, лекин кечаси билан ўйлаб чиқдим. Бир чорасини топиш лозим. Алоқани ҳозироқ узмасам, кеч бўлади. Ота-онам Барнвилда яшар, Маркиз д Испарга теккан опам эса бу ердан икки мил нарида, Роллибекда турарди.
Нима қилсам экан? У меникидан кетадиган бўлса, одамлар шубҳага тушиб, дарров гап-сўз қилишади. Қолаверсин, десам, тез орада ҳамма нарса ошкор бўлади. Ахир, уни бу аҳволда ташлаб кетиш ҳам яхши бўлмасди-да.
Мен ёшлигида бунақа кўргиликларни кўп бор бошидан кечирган амаким барон де Крейтелга маслаҳат солиш учун унинг ёнига бордим. У бамайлихотир шундай деди:
— Уни эрга бервориш керак, болам.
Мен ўрнимдан сапчиб туриб кетдим.
— Эрга бериш керак, дейсизми, амаки? Кимга?
У елка қисди.
— Кимга бериш ёки бермаслик сенинг ишинг, меники эмас.
Мен амакимнинг гапини бир ҳафта ўйлаб юрдим ва, ниҳоят, у ҳақ экан, деган қарорга келдим.
Кейин куёв қидиришга тушдим. Бир маҳал маҳаллий судя мен билан тушлик қилиб ўтириб қизиқ бир гап айтиб қолди.
— Помел холанинг ўғли яна бир безориликка қўл урибди. Шу бола жуда бежо чиқди-да! Илоннинг боласи илон бўларкан-да?
Помел хола деганлари ёшлигида бинойидек аёл бўлган дейишади. Қартайиб кўзи оч бўлиб қолганди. У бир чақа эвазига бутун борлиғини, ҳатто ўғлини ҳам сотиб юборишга тайёр эди.
Мен унинг уйига бориб, бафуржа ҳамма гапни тушунтириб бердим. Мен ҳали гапимни тугатмай аёл бетоқатлик билан гап қўшди:
— Хўш, шу қизча учун қанча тўламоқчисиз?
Кампир пихини ёрган туллак эканини билганим учун ҳаммасига олдиндан тайёргарлик кўриб қўйгандим.
Қарангки, Сасвилнинг шундоқ ёнида менинг учта кичкина томорқам бўлиб, улар менга қарашли фермаларга туташ ерда эди. Фермерлар бу далаларнинг узоқлигидан шикоят қилавергач, улардан олти акр келадиган ана шу ерни қайтариб олдим. Фермерлар яна додлаб жонга тегишди. Шунда мен улар билан тузилган шартномаларнинг паррандачиликка оид қисмини бекор қилишга мажбур бўлдим. Шу тариқа ишларни бир амаллаб йўлга қўйиб олдим. Кейин қўшним д Омонтедан дарё бўйидаги ерини сотиб олдим-да, ўша ерда кичикроқ бир уйча қуриб олдим. Бунгаям салкам бир ярим минг франк пул кетди. Шу тариқа кичик бир хўжалик пайдо бўлди. Мен ўша ерни қизнинг сепига қўшиб беришга қарор қилдим.
Аввалига кампир бу кам дегандек хархаша бошлади, мен эса барибир рози бўлишини билиб, гапимда туриб олдим. Хуллас, у билан келишдик.
Эртаси куни кутилмаганда унинг ўғли пайдо бўлди. Унинг афтини эслаб қололганим йўқ. Ҳар ҳолда ташқи кўриниши мени қаноатлантирди.
Йигит гапни анча узоқдан бошлади. Гўёки ўзини мол сотиб олиш учун келган киши қилиб кўрсатди. Гап мақсадга кўчгач, у хўжаликни бориб кўрадиган бўлди. Биз далани кечиб ўша томонга кетдик. Бўлажак куёв мени далада роса уч соат ушлаб турди… Ҳали уйчанинг томи қурилмаган эди. Онасининг боласи-да, уйнинг томини қамишдан эмас, шифердан ёпиб берасан, дея шарт қўйди. Кейин сўради:
— Мебел ҳам берасизми?
Мен эътироз билдирдим:
— Сизга битта ферма камлик қиляптими?
У тиржайди:
— О, бўлмасам-чи, битта ферма, бунинг устига азза-базза чақалоқ ҳам.
Мен беихтиёр қизариб кетдим. У эса давом этди:
— Хуллас, гап бундоқ, битта каравот, шкаф, стол, учта стул ва идиш-товоқ. Бўлмаса биз келиша олмаймиз.
Мен рози бўлдим. Биз ортга қайтдик. У ҳали қиз ҳақида бир оғиз ҳам сўрагани йўқ эди. Бирданига айёрона ва тунд қиёфада менга юзланди:
— Борди-ю, у ўлиб қолса, мол-мулк кимга қолади?
— Албатта сизга-да, — дедим мен.
Бу эрталабдан бери у сўраши лозим бўлган асосий гап эди. У шу заҳоти менга мамнун қўл чўзди. Иш осонликча ҳал бўлганди.
Бироқ Розани бунга кўндириш осон кечмади. У менинг оёғимга йиқилиб таваллолар қилди. “Наҳотки, сиз менга шу нарсани раво кўрдингиз? Сиз! Сиз!” У менинг ҳар қанча ялиниб-ёлворишимга қарамай, бир ҳафтача оёғини бир этикка тиқиб юрди. Аёлнинг ақли қанчалик калта бўлади-я? Уларнинг миясига севги деган нарса ўрнашиб олса борми, тамоман ўзларини йўқотиб қўядилар. Бошқа нарса ҳақида ўйламай қўйишади.
Бора-бора жаҳлим чиқиб, уни уйдан ҳайдаб юбораман, дея қўрқитдим. Шунда у олдимга тез-тез келиб туриши учун ижозат сўраб, рози бўлди.
Мен ўзим уни никоҳ маросимига олиб бордим, тўй харажатларини тўлиқ қопладим. Кейин эса Туренда яшайдиган акамнинг уйига ярим йилга кўчиб кетдим.
Қайтиб келиб билдимки, у ҳар ҳафта менинг қасримдан хабар олиб турган экан. Келганимга бир соат ҳам ўтмай, у қўлида чақалоғини кўтариб келиб қолди. Ишонасизми, бувакни қўлимга олишим билан унга нисбатан ич-ичимда меҳр уйғонганини сездим. Уни қўлимга олиб, ўпдим ҳам.
Онаси эса, ярим йилда озиб, чўпга айланиб қолганди. Жин урсин, дедим ичимда, унга эр ёқмабди.
— Турмушинг яхшими? — сўрадим ундан.
У ўзини тутолмай йиғлаб юборди:
— Сизсиз яшай олмайман. Ўлганим яхши. Яшаёлмайман.
У қиёмат тўполон кўтарди. Мен уни тинчлантириб, ҳовли адоғига қадар кузатиб қўйдим. Тушундимки, эри уни ҳар куни дўппослайди, анави қари бойқуш бўлса заррача кун бермайди.
Бир кун ўтиб яна келди. У полга, оёқларим остига ётиб олди.
— Ўлдиринг мени, ўлдиринг, лекин орқага қайтиб юборманг. Илтимос!!!
Агар Марза гапиришни билганида, менга у ҳам шу гапларни айтган бўлармиди? Хуллас, бу ғалвалар яна жонимга тегди. Яна ярим йилга бу ердан бош олиб кетдим. Қайтиб келганимда эса… Роза мен келишимдан уч ҳафта олдин оламдан ўтган экан. Менинг йўғимда ҳар якшанба қасрга келиб кетаркан, худди Марзага ўхшаб. Орадан бир ҳафта ўтиб, чақалоқ ҳам қазо қипти.
Эри эса… Ҳамма мол-мулк унга мерос бўлиб қолди. Ўша пайтларда у тоққа чиқиб кетган эди. Эшитишимча, ҳозир уни шаҳар маслаҳатчиси этиб тайинлашган эмиш.
Де Варнетте охирида кулги аралаш қўшиб қўйди:
— Нима қилсаям, мен унга каттагина яхшилик қилганман.
Ветеринар врач Сежур қадаҳдаги ароқни оғзига олиб бораркан, жиддий қиёфада хулоса ясади.
— Ўзи бунақа аёллар билан ўралашмаслик керак-да!
Рустам Жабборов таржимаси.