Кўҳна уйнинг тинчини телефон кўнғироғи бузди. Тиёко таажжубланди, чунки унга камдан-кам қўнғироқ қилишарди.
– Алло, Куки эшитади.
– Ойи, отам тўсатдан вафот этди. Юрак хуружидан. “Тез ёрдам”да касалхонага олиб келишди, аммо ҳаётини сақлаб қолиша олмади.
Бу Тани эди. Тиёкони эрининг вафотидан кўра ўғлининг овози ҳаяжонга солди. Унинг овози нақ Масатанэ Кукиники эди. Аёлга худди эри гапираётгандек туюлди. Бир неча сониядан кейингина эрининг қазо қилгани унинг шуурига етиб борди.
– Ҳеч қандай маърака-парака бўлмайди. Биласиз, отам буни тириклигида кўп тайинларди. Гулчамбар ва қурбонлик ҳақида ҳатто гап бўлиши мумкин эмас. Тобут тепасида кечаси билан туришнинг ҳам кераги йўқ. Ўлими олдидан дадам хокини денгизга тўкиш мумкинлигини айтганди. Хуллас, унинг талабларига кўра иш кўришга келишди.
– Қайси касалхонада?..
– А.Ю.
Шу билан суҳбат тугади. Тани худди отаси каби ишнинг моҳиятини расмий оҳангда баён қилди. Тиёко будкада паришонхотир туриб қолди. Қалби бўм-бўш эди. Ҳушига келганда ўзини шкаф ёнида кўрди. Йўлга отланди.
– Йўл бўлсин, бекам, – деди хизматкор Отоки ошхона томондан чиқиб келиб.
– Токиога кетяпман. Эртага қайтаман. Ҳозиргина Тани қўнғироқ килди, Масатанэ тўсатдан вафот этибди.
Отоки бекаси атрофида жонсарак айланди.
– Шуниси ҳам бормиди ҳали.
Тиёко қўлида саквояж билан уйидан чиқди.
– Танамидан такси чақирайми?
– Автобусда кетаман. У ёғига ўзлари олиб кетишади.
Отоки олтмишга кирган Тиёконинг дарвоза томон шахдам одимлаётганига оғзи очилиб қараб қолди. Кўп ўтмай шохдевор ортида қорага бўялиб, битта қилиб ўрилган соч ғира-шира кўзга ташланди. Тиёконинг силлиқ, битта ҳам ажин тушмаган заъфарон юзи тим қора сочларига мос эмас эди. Отоки турган жойида қотиб қолди. Бекаси қишлоқнинг асосий йўлини кесиб ўтди. Уйдан юз қадамча нарида дарё бўйлаб асфальт йўл ётқизилган, бироқ аёл эски сўқмоқ бўйлаб югургилаб кетди. Отоки бекасининг изидан чопди. Етиб олиб, жимгина саквояжга қўл узатди, Тиёко ҳам индамасдан юкини берди.
Улар умуман оғиз очишмади. Ниҳоят, автобус келди. Отоки кўз қири билан қараб, одоб-ла таъзим қилди. У Тиёкодан бир ёшга кичик бўлишига қарамай, юзини ажин қоплаганди.
Автобусда Тиёко ҳеч нарсани ўйламасдан кетди. Юраги ҳаприқарди-ю, лекин негадир дард чекмас эди. Қирқ дақиқадан сўнг Танамига етиб келди ва Нагоягача чипта олди. Электропоездда ҳам ўйсиз кетди. Нагоя вокзалидан тезюрар поездга чиқди. Поезд жилиши билан бэнто сотиб олди. Бугун кечроқ овқатланяпман деб ўйлади у. Ойнага қараб оғзига егулик солди. Ташқаридан қараганда, бу муҳтарама аёл Токиога невараларини кўргани кетяпти, деб ўйлаш мумкин эди.
Юрагини қўрқувми, ҳаяжонми аста-секин қамраб ола бошлади. Аёл ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилди. Яна Танининг овозини эслади. Бу ўй таъбини хира қилди. Тиёко кутилмаган ўлим сабабини англаб етишга уринди. Бироқ бирор тўхтамга келгунича поезд Токиога кириб келди. Охирги марта Тиёко бу ерларга қишлоқ кексалари билан экскурсияга келганди, бироқ ўшанда ҳам на эри, на ўғли билан кўришганди.
А.Ю. шифохонаси – Токиодаги машҳур жой. Ҳайдовчи Тиёкони қаерга элтиб қўйиш кераклигини дарҳол тушунди. Машинада Тиёко отасининг ўзидек гапирадиган Тани билан бўладиган учрашувини тасаввур қилишга уринди. Ўғлим ҳозир ўттиз иккида, ўйлади у, олти йилдан бери кўришганимиз йўқ…
Шифохона маҳобатли эди. Эшик тагида касал кўргани келганлар тизилиб ўтиришарди. Тиёко уриниб-суриниб ичкарига кирди. У ён-бу ён аланглаб, маълумотлар бўлимига йўналди. Рўпарадаги хонадан соч-соқоли оқарган киши унга пешвоз чиқди.
– Мен бугун эрталаб жони узилган Масатанэ Кукининг яқини бўламан. У ҳали ҳам палатадами, қайси хонада?
Эркак олдиндан билгандек жавоб берди:
– Менинг исмим Сэки. Сиз жаноб Кукининг аёли бўлсангиз керак. Биз у билан ўрта мактабда бирга ўқиганмиз. Унинг вафоти ҳақида, одатдагидек, кечки хабарларни кўраётиб билдим. Эрталаб қазо қилди-ю, кечқурун газеталарда эълон қилишди. Бунчалик эпчилликларига лол қолдим-у, оёғимни қўлимга олиб, бу ёққа югурдим. Тобут маросим залида.
Сэки Тиёкони залга олиб борди, йўл-йўлакай завқ билан гапириб кетди:
– Мактабни тугатиб Кукини кўздан қочирдим, уч йил аввал кутилмаганда Синдзюкуда синфдошлар билан бўлган учрашувда тўқнашиб қолдик. Токиода яшаётган оғайниларимизни изладик – еттитаси йиғилди. Биз бир йилда бир марта тўпланишга келишдик, лекин Куки фақат бир марта кўринди. Умуман олганда, радиода ишлашини билардим…
Сэки яқиндагина Танамига қўшилган Кувада шаҳридан эди. Сэкига Тиёкони илгари кўргандек туюлди. Хотирида унинг силлиқ юзи сақланиб қолганди.
– “Масатанэ Куки 30-январ куни А.Ю. шифохонасида вафот этди. Марҳумнинг васияти бўйича мотам маросими ўтказилмайди”. Мен ушбу эълонни ўқиб, ўйланиб қолдим: наҳот, бу Кукига хос бўлса? Ҳатто ўлимидан кейин ҳам одамларни ҳайратга солди.
Тиёкога унинг сўзлари ғалати туюлмади. У ҳамон сукут сақларди. Улар йўлак бўйлаб анчагина юришди, кейин қайсидир палатадан чиқиб, тик зиналардан ертўлага тушишди. Маросим залида олти киши бор эди. Ўртага, супача устига, тобут қўйилганди. Деворлар бетон, шифт пастаккина, ҳаво бўғиқ эди, на шам, на исириқдон бор эди. Кичкина гулдонга сариқ хризантема гулдастаси солиб қўйилганди. Бадандан ўтиб кетадиган совуқ. Залдагилар марҳумнинг ҳамкасблари эди. Биронтаси Тиёкони танимасди. Сэки, вазиятни фаҳмлаб, улардан бирига мурожаат этди.
– Марҳумнинг турмуш ўртоғини таништиришга ижозат этсангиз. У ҳозиргина ота юрти Миэ префектурасидан келиб турибди. Менинг исмим Сэки, жаноб Кукининг мактабдош дўстиман.
Ҳамма ҳайрон бўлиб Тиёкога тикилиб қолди. Ёши каттароқлари таъзим қилишди. Бу ердаги вазиятда уни бошқарувчи ролига чиқариб қўйишди. У беихтиёр тегишли сўзларни айтди. Ҳамкасблар марҳум билан хайрлашиб, таассуротларини ўртоқлашганча тарқалишди.
– Жаноб Кукининг хотини бор, деб ўйламагандим.
– У сира шахсий ишлари тўғрисида гапирмаган. Сирли одам эди. Қизиқ, буни қандай тушуниш мумкин. Ўғли ҳақида, рости, бировдан эшитганман. Кукининг ўзи эса ўғли ҳақида чурқ этмаган.
– Аёллар билан муносабатлари қулоғимга чалинувди. Буюк консператор эди.
– Айтишларича, шу қовоқбош ҳам ўлимини олдиндан сезган экан.
Тиёко эрининг касбдошлари учун ғийбат мавзусига айланганини тушуниб турарди. У ёлғиз қолишни истади. Аёл тобут тепасида бошини хам килиб, кўзини юмиб турарди.
– Танини кўрдингизми?
– Бу ёққа келганимда ўғлингиз аллақачон чиқиб кетган экан. Буни менга радиодагилардан кимдир айтди. Марҳумни сўнгги йўлга кузатишга ҳамкасблардан озгинаси келган кўринади. Хайрлашув чамаси, олтигача. Тани, айтишларига кўра, тобут ёнида икки соатча турибди.
“Нима учун охиригача қолмадийкин?” – ўйлади Тиёко.
Сэки оғиз жуфтламоқчи эди, Тиёко қўймади:
– Меҳмонхонада тунамоқчиман. Сўраганим учун авф этгайсиз, биронтасини тавсия қилолмайсизми?
– Таниникида қолмайсизми?
– Унинг уйида меҳмон учун жой йўқ.
Сэки зални тарк этди. Бу ерда ҳатто стул ҳам топилмайди. Тиёко тобутда ётган Масатанэ Куки билан ёлғиз қолди.
“Мен бу ерга аслида сен билан бутунлай видолашгани келдим. Модомики, қонуний хотининг эканман, ўз бурчимни бажараман. Руҳонийдан бош тортдинг – хўп, майли. Мотам маросими, кечаси билан ёнингда яқинларинг туришидан, қурбонликдан, гулчамбардан бўйин товладинг – эътирозим йўқ. Хокингни денгизга оқизиш мумкинлигини айтибсан. Менга фақат сенинг хоҳишингни бажариш қоляпти. Ҳаёт билан ўзинг хоҳлагандек видолашдинг. Олтмиш уч ёшда ҳаётдан кўз юмиш – бу ҳали эрта, лекин биз барчамиз тақдирнинг измидамиз. Сени калтафаҳм дейишди, радиода кузатувчан ҳисоблашаркан. Фақат сен нимаики қилмагин, хотинингга бунинг алоқаси йўқ. Тани Токио университетига кирганидан бери мени унутдинг. Ундан ҳам олдин ўз отангни ташлаб кетдинг. Бир ўзим ўн йил мобайнида отангга ғамхўрлик қилдим. Кукилар хонадонининг давлати билан уни ҳар қандай касалхонага ётқизиб, бегона қўлларга топширишим мумкин эди. Бироқ қария қадрдон уйини тарк этгиси келмади. Аввал-бошда ёрдамчилар бор эди, кейин ҳамшира ҳам қочиб кетди. Ўн йил, то отанг бандаликни бажо келтирмагунча, ҳатто ҳамшира ҳам жирканадиган ишларни қилдим. Қизиқ, падарингга қилган яхшиликларим тўғрисида ўйлаб кўрганмикинсан? Тани мактабга қатнай бошлади. Йиллар шувиллаб ўтар, энди у юқори синфда ўқирди. Кейин уйимизда сен пайдо бўлдинг. Кукилар хонадонида яна кулгу овозлари эшитилди. Она юртингга камдан-кам келардинг. Хизмат юзасидан Нагоя, Киото, Осакаларда бўлардинг-у, бизникига бирров кириб ўтишга нима тўсқинлик қиларди? Йўқ, сен ишингни баҳона қилардинг. Чол сен ҳақингда токиолик танишидан билиб турди, чунки менга ачинарди. Отанг билан муносабатларинг яхши эмаслигини аллақачонлар тушунгандим. Бунинг арзирли сабаби йўқ эди. Ёшлигингдан бир ўзинг яшашни яхши кўришингни, оилангдан ўзингни олиб қочишингни эшитардим. Бунақалар камёб эмас. Ёш улғайган сари ўзини севиш худбинлик билан алмашади, деб ҳисоблашади. Отанг ҳам, балки, алоҳида феъл-атвори билан ажралиб турган бўлса керак. Сизларни ҳамжиҳатлик руҳида тарбияламагани ачинарли ҳол. Отангнинг феълида шунақа хислати бор эди: агар фарзандлари ўнгга қарашса, у юзини чапга буриб оларди. Сизлар ичларингда бир-бирларингни ёқтирмасдинглар. Сен радиога жойлашдинг. Ҳаётнинг маъносини ишдан топдинг. Она юртинг эса йилдан-йилга сендан узоқлашиб борди. Отанг сен ҳақингда бегоналардан суриштираётганини билиб ғазабландинг ва шу кундан бошлаб уй билан алоқани бутунлай уздинг. На сен, на Тани дафн маросимига келдиларинг. Қариндош-уруғларни, иккови чет эл сафарида, деб алдашимга тўғри келди. Албатта, сен бу ҳақда ҳеч нимани билмасдинг. Сен бошқа оламда яшардинг. Осакада ҳам, Токиода ҳам жазманларинг бор эди. Калтафаҳмга аёллар керак эди. Бу сир сенгагина маълум эди”.
Тиёко зинапоядан чиқаётган қадам товушларини эшитди. Ўгирилиб қаради. Залга Сэки кириб келди.
– Манавини меҳмонхонадаги навбатчи бошқарувчига кўрсатинг. У ерда мени яхши танишади, шундай экан, ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилаверинг, – деди у Тиёкога ташриф қоғозини узатиб.
Ташриф қоғозига: “Фирма директори”, деб ёзилганди. Тиёко, бу илтифотли жаноб Сэки президентликка ҳам лойиқ, деб ўйлади.
– Эримнинг хокини ўзим билан олиб кетмоқчиман.
– Албатта. Менимча, у кулини денгизга оқизишни васият қилганди. Қолганини яқинларининг ихтиёрига топширган.
– Ёрдамингиз учун катта раҳмат. Сизни ортиқ ушлаб турмоқчимасман. Бу ерда яна бироз қоламан. Тез орада ёпилса керак, шунга охиригача қолсам дегандим.
– Бошқа ҳеч ким келмаса керак. Чунки кечаси марҳум тепасида ўтириш бекор қилинди.
Сэки ҳақ эди. У кетганидан сўнг бошқа ҳеч ким келмади.
“Сендан биргина нарсани сўрамоқчиман. Тани ўттиз иккида, уйланганига уч йил бўлди. Нима учун келининг видолашгани келмади? Ўғил билан келин сўнгги дақиқаларгача тобут ёнида бўлишлари лозим, дейилган. Аммо биргина мен қолдим. Танига қўнғироқ қилишганида оёғини қўлига олиб келибди ва квартирангда нотаниш аёлга дуч келибди. Соғлиғинг ёмонлашгани ҳақида шу аёл Танига хабар берган экан. Бироқ касалхонага сен билан келмади – феълингни билиб олган кўринади. Мен албатта у билан учрашиб, эримга қилган жонкуярлиги учун миннатдорчилик билдираман. Бундай вазиятларда аёллар актрисалик қила олишади. Қолаверса, мен рақибалик ҳақида гапирадиган ёшда эмасман. Бу хотин мени қизиқтирмайди. Бу гал мен устун келдим. Демак, у ҳаётингдаги охирги аёл бўлган. Крематорийга ҳам келмаслиги аниқ. Ҳамма унга олайиб қарашини хоҳламаса керак. Айтишларича, у ўттиз бешда экан. Нима ҳам дердим, аёллар айни шу ёшда яна ҳам очилиб кетишади. У дидингга мос – тўлишган, қўпол, камгап, лекин оппоқ. Тани бир ўзи келди. Хотинини нимага олиб келмадийкин? Ҳеч ким аниқ билмайди, аммо баъзи бировлар ниманидир пайқашган. Танининг хотини оқ, тўладан келган. Исми Ясуко. Сенинг аёлларинг орасида нечанчиси эди у? У Токиодан, шундайми? Дедектив агентлиги ҳисоботида у голф ишқибози деб қайд этилган. Сен ҳам, Тани ҳам голф ўйнардинглар. Айнан голф Ясуко билан Танини учраштирмаганмиди? Қизиқ, улар ўртасидаги алоқани билганингда қандай аҳволга тушган экансан? Ота ва ўғил муносабатлари сен туфайли ўзгармади. Сен учун аёллар шунчаки эрмак эди. Сен қийналмай унисини деб бунисининг баҳридан ўтардинг, тез орада яна янгисини топиб олардинг. Дарҳақиқат, дедективлар зўр ишлашади. Қайнотам сени доимий кузатув остига олиши учун агентликка мурожаат қилди. Ҳар йили уйимизга сен ҳақингда хабар келиб турарди. Сен тўғрингда ўқиш менга ҳам қизиқ эди. Конверт ичига хизмат ҳақи учун ҳисоб ҳам солиб қўйилган бўларди. Қурғур, ўлиб кетди. Кузатишга одам йўқ, уйга ҳисобот келмай қўйди. Яхшиямки, буларни вафотингдан кейин биляпсан. Жазманларинг орасида ёш қизлар, бевалар, бардаги жононлар ҳам бўларди. Нима учун бирортаси билан узоқроқ қолмадинг? Она шаҳримда хотиним бор, деб айтмаган бўлсанг керак. Аёллар қонуний оила қуриш ниятинг йўқлигини дарров фаҳмлашган бўлишса керак. Уларни деб бошингни оғритиб ўтирмасдинг. Негадир сенга Ясуконинг Тани билан танишиши зарур бўлиб қолди. Тани Токиога кўчиб ўтгач, унинг барча харажатларини бўйнингга олдинг, ўқишига пул тўладинг. Унга пулни фақат компаниянг қабулхонасидан беради, деб эшитгандим. Ўз ўғлингни бирон марта уйингга таклиф қилмагансан. Темир тамойилингни сира бузмасдинг: сирни сақлаш учун аввало яқинлардан қутулиш лозим. Тамойилга путур етди, энди Ясуко Таниники эди. Мен уни кечирмадим. Ҳатто неварам туғилса-да кечирмайман. Бунга ҳаққим бор. Қайсарлик борасида сенга салгина ўхшаб кетяпман. Кексаликдан бўлса керак. Ҳа, аёл қисмати оғир. Пешонасига туғилганидан ўзини бегона қўлларга топшириши ёзилган. Табиат қонунидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайсан. Эркаклар эса беқарор яшаш учун туғилишади, худди сен каби.
Ясуконинг келмагани яхши бўлди. Танидан келганимни эшитиб, бу ерга келишга кўнмаган, шекилли. Тани бир нималар деб тўнғиллаган. Бу Танига хос. Оғир, вазмин, бироз айёр, умуман, феъл-атвори юмшоқ. У билан ҳали кўришганим йўқ, сенга ўхшаб гапиради. Бўйи ҳам сеникидек, новча. Юз тузилиши ҳам, менимча сеникига тортган. Университетга кирганида уйга кам келарди, кейинчалик аста-секин бизни буткул йўқламай қўйди. Шаҳарнинг югур-югур ҳаёти туғилиб ўсган жойингни хотирангдан ўчириб ташлайди. На сен, на Тани ўғлини оқ ювиб, оқ тараб, Токиога жўнатган, мияси айниган чолнинг кетидан ўн йил юришга мажбур бўлган аёлни эсламадинглар. Икковларинг ҳам фаромушхотир чиқдиларинг. Мен ўзимни эрим ва ўғлим томонидан унутиб юборилгандек ҳис қилдим. Нима учун шундай бўлди? Қайнотам ер-мулкка эгалик ҳуқуқини менга ўтказиб берди. Бутун мероси менинг тасарруфимда. Мен, ахир, унга мутлақо бегонаман. Айнан шунинг учун молиявий ишларни ҳал этиш мумкин бўлди. Эр-хотин, она-бола ҳар доимо бу муаммони қийинчилик билан ечишади. Сен билан Тани ҳамиша хотинингиз ва волидангизни мазах қилардинглар. Турган гап, бир марта бўлсин қанчалар азоб чекаётганлигини ўйламагансизлар. Тани, балки Ясукога боғланиб қолгандир. Ясуко ундан катта. Сендан кўра Тани билан унга яхшироқ. Ўғлим ўз отасининг жазманини қучоқлаётганини тасаввур этсам, юрагим сиқилади. Бу ўйга сира кўника олмаяпман. Бутун умр менга эътибор қилмадинг. Отанг билан орани очиқ қилиб, уни менга ташлаб кетдинг. Мени назарингга илмасдинг. Бирга ётган аёлларингни ҳам менсимасдинг. Ҳис-туйғуларинг ҳақида билишгач, улар сени тинч қўйишарди. Кўп аёллар билан бирга бўлсанг-да, биронтасини чин юракдан севмадинг. Бу – сенинг ишинг. Аёллар сенга жисмоний майл учун керак эди. Сен жозибали, қатъий эдинг, бекорга кўчада сенга қайрилиб қарашармиди? Истеъдодингга яхшигина ҳақ тўлашарди. Сен ҳақингда ҳамиша дув-дув гап юрарди. Сени ҳурмат қилишар, севишарди. Балки, дўстларинг ҳамда ҳамкасбларинг “Масатанэ Куки ҳақида эсдаликлар” китобини чиқаришар. Дафн маросимини йўққа чиқардинг, шунинг учун улар сени шарафлашни ўзларига бурч деб билишяпти. Уларни тушунаман. Сен билан қиз кўриш маросимида учрашганимизда қанчалик ҳаяжонланганим ҳали-ҳануз ёдимда. Эсдаликларда фақат ҳаётингдаги текшириб кўрилган фактлар ёзилса керак, деб ўйлайман. Бундай китобдаги ҳар битта сўзни тарозига солиб кўриш кераклигини ҳамма билади. Яхши китоб чиқиши аниқ. Сен тўғрингда ҳар бир киши виждонан ёзади. Муаллифлар орасида ўз эсдаликларини алоҳида боб билан ёзадиган икки-учта аёллар ҳам чиқиб қолади. Лекин ҳақиқий қалбингни биргина мен биламан. Мен – сенинг ягона қораловчингман. То ўлим соатларигача шу ҳуқуқни сақлаб тураман. Агар ўз ҳаётини бағишлагани учун компания Масатанэ Кукини мукофотламоқчи бўлса, яхшиси пулни Тани олақолсин”.
Остонада маросим залининг хизматчиси кўринганда Тиёко кетишга шайланаётганди. Бош силкиб, зинапоядан чиқиб кетди.
Меҳмонхонага келиб Тиёко назоратчига Сэкининг ташриф қоғозини кўрсатди.
– Сизни кутаётгандик.
Уни тўртинчи қаватдаги хонага кузатиб қўйишди. Дераза ортида қоронғу тушиб қолганди. Тиёко Танига сим қоқди. Гўшакни кўтаргунча узоқ кутиб турди.
– Сен эртага крематорийда бўласанми?
– Ҳа.
– Мен бормайман. Хокни меҳмонхонага келтириб бер. Уни нима қилишни ўзим ҳал қиламан. Поездда ота-боболаримиз қабристонига қўйиш ёки дарёга оқизишни ўйлаб кўраман.
Тиёко Ясуко ҳар бир сўзни берилиб эшитаётганлигини кўриб турарди, гўё. Меҳмонхона номини айтиб, гўшакни илди.
Эртасига тушдан сўнг эшик тақиллади.
– Ҳозиргина келтиришди, – деди хизматчи Тиёкога оқ матога ўралган қутичани узатаётиб.
– Ўша одам ҳали ҳам шу ердами?
– У киши дарҳол кетиб қолди.
Демак, бу Тани, ўйлади асабийлашиб Тиёко. Унда шундай ҳис пайдо бўлдики, гўё уни бирор муҳим нарсада доғда қолдиришганди. “Наҳот, шу даражада юраксиз бўлса?” – деб ўйлади, маъюс бўлиб қолди.
Тиёко вокзалга етиб борди. Оппоқ матодаги қутича одамларни ўзига жалб қиларди. Тиёко ер ости савдо марказига тушиб, қоғоз сумка сотиб олди. Отокига совға танлади. Токио осмонига боққанча йигирма дақиқа поезд кутди. Одамларнинг назари силлиқ юзли, қўлида саквояж ва қоғоз сумка кўтариб олган аёлда тўхтарди.
Экспресс жойидан қўзғалди.
“Онанг сени кечирмайди. Қабрга кирмагунимча, Тани, сени айблайвераман”.
“Хокимни аждодларим ётган қабристонга қўйишса яхши бўларди”, – хаёлидан ўтказди Тиёко. Руҳи енгиллашди.
Нагояда Кинтецу йўналишидаги электропоездга ўтирди. Тиёко Танами платформасига тушганда қош қорая бошлаганди. Кечки шафақ Судзуко тоғ тизмаларини ёритиб турарди.
– Бандаргоҳга, – таксига ўтириб сўз қотди Тиёко.
– Тикугами? – сўради ҳайдовчи.
Поездда Тиёко ёшлигида синфдошлари билан Танамидан у ёқларга борганини эслаб келганди. Бу Исэ кўрфазида жойлашган, тухум шаклидаги бухта эди. У ерда балиқ тутишга мўлжалланган кемачалар сузиб юрарди.
– Тикуда нима ишингиз бор? Қоронғу тушиб қолди, қоқиниб-нетиб кетишингиз мумкин, – деди ҳайдовчи машинадан тушаётиб.
– Бир илтимосни бажариш керак. Бу кўрфазда денгизга, албатта, бир нарсани оқизиш лозим.
Ҳайдовчи Тиёконинг кетидан хавотирланиб қараб қолди. Пристандаги нотекис тарашланган тошлар юришга халал берарди. “Кеч тушди”, – ўйлади Тиёко. Юзига, кийимларига денгиз ҳавоси урилди. Денгиз тим қора эди. Тўлқинлар ўркачлари билан тўлқинқайтаргичларга аста уриларди. Тиёко анчадан буён тўлқинлар шовуллашини эшитмаганди. Мактабга эндигина қатнаётган пайтлари қум соҳилда ўйнаб, денгизга тикилишни ёқтирарди. Тиёко бу ердан унча узоқ бўлмаган қишлоқда туғилганди. Унинг ота-онаси Кукилар оиласи билан битта ибодатхона – Бодайдзига боришар, уларнинг аждодлари қабри ҳам битта қабристонда эди. “Хокимни ота-онамнинг қабри ёнига қўйишганида қабристон қоровули ҳайратда қолса керак”, – хаёл қилди Тиёко. У тўлқинқайтаргичнинг энг чеккасида турарди. Қоғоз сумкадан оққа ўралган қутичани чиқарди. Ҳайдовчи қоронғуда кўрмаса керак. Тиёко қутичани шу ҳолича денгизга ташламоқчи бўлди, аммо кейин қирғоқ бўйидаги энига уч юз метрга чўзилган тошлар уюмига кўзи тушди. Денгизга оқизиб кетолмайди. Матони ечиб, қутичадан чинни кўзачани олди. Ичида Масатанэ Кукининг хоки бор. Меҳмонхонада қутичани олиб Тиёко унга ҳатто кўз ташламаганди. Тим қора денгизга хотиржам нигоҳ ташлади ва кўзачани денгизга улоқтирди. Ниманингдир синган товуши янгради, сув сатҳида оқ булутчалар пайдо бўлди. Тиёконинг кўзига шундай кўрингандир, балки. Тўлқинлар қирғоққа югуришди. Улар гўё ҳеч нима бўлмагандек эринчоқлик билан чайқаларди.
Тиёко машинага қайтди.
– Сиздан хавотирланаётгандим, – деди ҳайдовчи.
– Комодзава қишлоғига.
– Танамига жўнамасмидингиз?
Тиёко индамади. Эри бу дунёни тарк этмагунча буйруқ беришга ўрганмаганди.
Куки, оиласининг одатий тартибини бузишни истамай, яқинларини крематорий ва дафн маросимида учрашиш мажбуриятидан халос этди. У одати бўйича ҳамманинг кўнглига қараганди. Хокимни денгизга оқизишади, деб ўйламаганди. Бу буйруқни бажаришга ботина олмасликларига ишончи комил эди. Тиёко ўч олиш йўлини ўзи топди.
– Хокни олиб келдингизми? – сўради Отоки остонага аранг оёқ босган бекасидан.
– Танида қолдирдим.
– Шунақами? Шуниси маъқулдир, балки.
Тиёко бамайлихотир меҳмонхонага ўтди.
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 11-сон