Мабодо менинг арзимас, фақирул-ҳақир номам замонлар ва маконлараро келгуси авлодларга етиб борса, мабодо эй, келажакдаги ўқувчим, менинг кимлигим ва нималарни ёзганим сени сал-пал қизиқтириб қолса (аслида ўша замонларга исмим ва ижодим етиб боришига унчалик умид бўлмаса-да), мен ҳақимда чала-чулпа қандайдир заиф хабарлар ва миш-мишлар қулоққа чалинса, одамлар менинг ҳақимда ё ҳаддан зиёд мақтовлар айтса, ё ҳаддан зиёд ерга уриб гапирса, бу сўзларга шубҳа билан қарасангиз, сизларга ойдинроқ бўлсин деб, шул мактубни ёзмоқдаман. Ростини айтсам, мен ҳам сизларга ўхшаган оддий бир одам эдим, насл-насабим баланд ҳам, жуда паст ҳам эмасди. Рим қайсари Август айтганидай, уруғ-авлодим анча қадимий эди. Табиатимда ростгўйлик ҳам, камтаринлик ҳам йўқ эмасди, фақат айрим ёмон одатларим бу фазилатларимга путур етказарди.
Ёшлигим — ғўрлигим мени алдади, йигитлигимда ўзимга бино қўйиб янглишдим. Қарилик аввалги ҳаётимдаги адашувларни тушу- нишимга ёрдам берди. Барча ёшдагилар ва барча замонлар аҳлининг кўнглидагини билгич Тангрим менга англатдики, ёшлигимизда биз бандалар кибру ҳавога берилиб, йўлдан адашган эканмиз, қариликда кеч бўлса ҳам, гуноҳларимизга тавба қилиб, ўзимизни англашимизга имконият берилар экан. Камина ёшлигимда бақувват бўлмасам-да, аммо хиёл чаққон, серғайрат эдим, чиройда ҳам кам эмасдим, олов йигитлигимда (қизларга) ёқар эдим, икки яноғим оқ-қизилу кўзим ўйноқи, бировга узоқ қараб қолувчи эди, аммо ёшим олтмишдан ўтганида нигоҳим бироз хиралашиб, кўзойнакка муҳтожлик сезилди. Ҳамиша дуркун бўлган жисмим қариликда заифлашди, қарилик лашкари — турли касалликлар баданим қалъасига ҳужум бошладилар.
Камина умримда бойлик, мол-дунёга ҳирс қўймадим, уни ёмон кўрганим учун эмас, балки мол-дунё топиш учун ўзимни ўтга-чўққа ургим келмасди. Катта базм, зиёфатлар қилиш учун бойлик топишга ҳам қизиқмасдим. Дастурхоним эл қатори, камтарона эди. Меҳмондорчиликларга (аслида маст-аластлар базмига) ҳушим йўқ эди. Шунинг учун турли базмларга бормасдим, меҳмон кутиб олишга вақтим ҳам йўқ эди. Аммо дўстлар даврасида ўтириш, беғубор шўхликлар менга ҳам ёқарди, улфатларим йўқлаб келса, севиниб кутиб олардим. Таомни иложи борича, кўпчилик билан баҳам кўрардим. Дабдаба, ҳашаматни хушламас ва ортиқча даҳмаза деб ўйлаб, ёмон кўрардим. Турли кўнгилхушликлардан ўзимни тиярдим, уларни тинчлик, хотиржамликнинг душмани деб билардим.
Илк ёшлигимда Худои таоло менга покиза ва муносиб бир гўзал ишқини ато этди. Бу севги изтироблари узоқ давом этиши мумкин эди, аммо Тангри у гўзални ёшлигида, ниҳоллигида раҳматига олиб, бу ўлим мени севги оловида ёнишлардан халос этди. Рости, мен у қизга эҳтиросли вужудим билан ҳам интилардим, аммо кўнглимнинг бир чеккасида бу ҳирс, эҳтиросни лаънатлар эдим. Авжи куч-ғайратга тўлган қирчиллама ёшларимда ҳам мен манфурт у бан вужудий эҳтиросларимни жиловлаб ола билган эдим. Энди бошқа мавзуга ўтаман. Мен кўпроқ бошқаларни қадрлар, ўзимни ҳаммадан паст тутар эдим. Жаҳл-ғазабимни ҳам бошқаларга эмас, ўзимга сочардим. Табиатан жиззаки, жаҳлдор бўлсам-да, тез ўзимни босиб олардим, гина-кудурат ва кек сақламасдим, ёмонлик қилганларни унутиб, яхшилик қилганларни ёдда тутардим. Олижаноб дўстликни, дўстликка садоқатни қадрлар эдим. Аммо, афсуски, инсон қариганида кўпчилик дўстларидан айрилиб, ёлғиз қолар экан.
Умрим давомида князлар ва қироллар каминага шунчалар иззат- ҳурмат кўрсатдиларки, бу баъзиларнинг ҳасадини келтирди. Шу сабаб- ли мени иззат-ҳурмат қилган қудратли зотлардан узоқроқ юришни, ҳеч кимга боғланмай, эркин яшашни хуш кўрар эдим. Озодлигимни бўғиши мумкин бўлган одамларга нафратим чексиз эди. Энг буюк тождорлар (қироллар) менга иззат-ҳурмат кўргазишда гўё мусобақа қилар эдилар, сабабини мен ҳам билмасдим, ўзлари ҳам билмасалар керак(2). Фақат шуни билдимки, буюк қиролларнинг менга марҳамат кўрсатишлари каминага (ижодда) қулай имкониятлар туғдирди.
Камина ақлу заковатим жуда ўткир эмас, ўзимга яраша бўлиб, эзгу ва нажоткор билимларни тез ўрганишга, маънавий-фалсафий билим- ларга, шеъриятга кўпроқ қизиқардим. Кейинги вақтларда шеъриятдан сал узоқлашиб, фалсафий, диний, муқаддас, сирли илмларга рағбатим ортди. Шеърият энди мен учун ҳаёт безаги бўлиб қолди. Қадимги замонлар мени кўпроқ қизиқтира бошлади. Бу ташвишли замондан кўра (улуғворликларга бой) ўтмиш замонларда туғилганимда яхши бўларди, деб ўйлайман. Шу боис тарихчиларнинг асарларини ўқишни яхши кўрардим, зеро, ўтмиш замонларда ҳам адоват, душманлик (қирғин урушлар) мени хафа қилса-да, ҳар ҳолда бор ҳақиқатларга, уларни ёзган мутафаккирларга ишонар эдим.
Ёзишда тилим анча равон, жонли, фасоҳатли бўлиб қолди, император Август фасоҳат санъатини ўрганишга кўп вақт ва куч сарфла- ганлиги мени ажаблантиради. Ваъзларим тингловчиларга хуш келар эди. Аммо, ўрни ва тингловчиларнинг савиясига қараб, нутқимни сал ўзгартирардим. Фикримча, нотиқнинг қандай гапириши эмас, қандай умр кечириши муҳимроқдир. Фақат тил фасоҳати билан шуҳрат қозониш мен учун аҳамиятсиз эди.
Хуллас, камина Флоренцияда яшаб, кейин Ареццога қувғин қилинган, ўртаҳол, деярли камбағал оилада туғилиб ўсдим (Шу ерда муаллиф ўзининг милодий 1304 йилнинг 20 июлида, душанба куни туғилганлигини эслатади — М.М.).
Қисман тақдир, қисман иродам (феъл-атворим) тақозоси билан шу кунларга етиб келдим. Туғилган жойим Ареццода бир йил ҳам бўлмай, оиламиз Флоренциядан 14 минг қадам (деярли 14 км.) наридаги, Анцизга кўчиб ўтди. Бу ерда отамнинг мулки бор эди, шу ерда олти йил яшадим. Саккиз ёшимда онам қувғиндан қайтиб келгач, Пизода бир йил яшадик. Шундан сўнг Алп тоғлари ортида, Галлияда, Рона дарёсининг чап соҳилида, Авиньон шаҳрида турдик. Бу ерда Рим руҳоний раҳбари (Рим папаси) масиҳийлик динидаги учликни узоқ йиллар тақиқлаб қўйган эди. Бундан сал аввал папа Урбан V Исо Масиҳнинг муқаддаслигини қайта тиклади, сўнг бу ишидан афсусланди (Католиклар Исони Худонинг ўғли демайдилар – Тарж).
Болалигим ва ёшлигимнинг кўп йилларини Рона дарёси бўйларида ўтказдим. Албатта, бошқа жойларга ҳам бориб-келиб турардим. Тўрт йил нарироқдаги Карпантра шаҳарчасида яшаб, ўқидим. Мактабда грамматика (сарф, наҳв), диалектика (жадал) ва риторика илмлари- ни ақлим етганича ўргандим. Сўнг тўрт йил Монпелье шаҳрида қонун ва ҳуқуқ илмини ўргандим, сўнг Болоньяда уч йил фуқаролик ҳуқуқи курсини тугатдим. Кўпчиликнинг фикрича, мен шу соҳани давом эттирганимда ёш бўлсам-да, кўп нарсаларга эришган бўлардим (3). Аммо мен бу илмларни отам ва онамнинг истаги билан ўргандим. Аслида бу илмлар жамиятда адолат ўрнатишга хизмат қилиши зарур эди, аммо ҳокимият вакиллари бу қонунларни нопоклик билан тинимсиз бузганлари сабабли халқ учун фойдасиз бўлиб қолган эди. Бу қонунлардан нопок ишларда фойдаланиш менинг кўнглимга бегона эди, улардан ҳақ иш учун фойдаланганларни тинч қўйишмас, қонунларни билмасликда айблар эдилар.
Хуллас, 22 ёшимда Авиньонга қайтиб келдим ва ижод қилишга киришдим. Шу ерда шеърларим билан танилиб, шон-шуҳрат қозона бошладим. Кўпчилик одамлар мен билан танишувга интилар эдилар, сабабини билмадим.(2) Аммо ёшлик ғурури билан бундай шон-шуҳратга ўзимни муносиб деб билардим. Хусусан, Рим курияси (ҳокимияти) мажлисларини (оқилона нутқлари билан) безовчи давлат арбоблари Жакомо ва Жованни Коломна жаноблари мени ҳурматлаб, ҳомийлик қила бошладилар. Ҳозир бу иззат-ҳурматларни эслаб, хижолат бўламан. Машҳур ва беқиёс Жакомо мен билан сал танишгач, Пиреней тоғлари этагидаги Гаскон мулкига (дам олишга) таклиф этиб, ўзи билан олиб кетди. Жаннатмакон мулк соҳиби ва яқинлари мана шу ёз фаслида нафис суҳбатлари билан мени шундай эркалатиб ардоқладиларки, ҳамон у кунларни эсласам, юрагим орзиқади. Шундан сўнг бу сафардан қайтиб, ул ҳазратнинг севимли биродари (укаси) Жованни Коломнанинг чорбоғида яшадим. Улар мени жуда эъзозладилар.(3)
Аммо кўнглимда Франция ва Германияга саёҳат қилиш иштиёқи бор эди. Ҳомийларимга турли баҳона-сабабларни кўрсатдим, аслида асосий сабаб — жаҳон кезиш (халқ ҳаётини ўрганиш) эди. Шу саёҳатимда аввало Парижга бордим, одамларнинг бу гўзал шаҳар ҳақида айтганлари тўғрими, хатоми эканлигини билмоқчи эдим.
Париждан қайтиб, болаликдан буён кўришни орзу қилганим — Римга бордим. У ерда мени азиз хонадон соҳиби (Жакомо ва Жованниларнинг отаси) Стефано Коломна мени ўз фарзандидай кутиб олди ва беҳад меҳрибонликлар кўрсатди. Бу зот умрининг охиригача мендан меҳр-оқибатини аямади. Менинг ҳам у кишига меҳр ва ҳурматим чексиздир.
Римдан қайтгач, (оиламиз учун қувғин жойи бўлган) Авиньонда бир кун ҳам тургим келмай қолди. Излаб-излаб, охири, Авиньондан 12 чақирим олисда, теварак-атрофдаги барча булоқларнинг манбаи бўлган Сорга булоғи бўйида Тўғон деб аталувчи ширингина бир водийни топиб, 34 ёшимда севимли барча китобларим билан ўша ерга кўчиб ўтдим.
Шу булоқ бошида мен кўп йиллар яшаб, нима ишлар қилганимни ёзсам, ҳикоям жуда чўзилиб кетади. Хуллас, шу сўлим маъвода мен кўп йиллар яшаб, деярли барча асарларимни ёзганман, ўша вақтдан бошлаб қўйган баъзи ижодий ғояларимни ҳозир ҳам ўйлайман. Гўзал манзараларнинг ўзи мени “Буколика” (Чўпон қўшиқлари) туркумидаги шеърларимни ёзишга илҳомлантирди. Буни ва яна икки китобни мен ўша вақтда Кавалйонда кичик епископ бўлиб турган дўстим Филиппга бағишладим. У ҳозир Сабинада кардинал-епископлик хизматида. Менинг ёшликдаги эски дўстларимдан шу киши қолди.
Бир куни ўша атрофдаги тоғларни кезиб, Африкали Сципион (Карфагенлик буюк лашкарбоши Ханнибални енгган Рим саркардаси М.М) ҳақида қаҳрамонлик руҳида бир поэма ёзишни ўйлаб қолдим. Поэмани завқ ва илҳом билан ёза бошладим, аммо мавзу қийинлигидан уни тугатолмадим. Ёзилган қисмларини дўстларимга ўқишга берган эдим, шу сабабли “Африка” деб аталган бу поэма ҳали ёзилиб тугамай туриб, машҳур бўлиб кетди. Ўша хилват, овлоқ жойда яшаётганимда (поэмани ўқиб) севинган ҳокимият вакилларидан бир кунда икки жойдан, Рим куриясидан ва Париж университетидан менга ғолиблик гулчамбарини бериш таклифини юборишибди. Бу иккала хушхабардан мен ёшлик ғурури билан жуда севиндим. Ахир казо-казо муҳтарам зотлар мени шу олий мукофотга муносиб кўришибди (6). У вақтда ўзимни бу шарафларга муносиб кўрардим. Фақат бу икки таклифдан қай бирини танлашга қийналиб қолдим. Маслаҳат сўраб, юқорида зикр этилган кардинал Жованни Коломнага мактуб юбордим, чунки у мен турган жойдан энг яқин масофада эди, шу қадар яқинки, кечқурун ёзиб юборган мактубимга эртасига чошгоҳда, соат учларда жавобини олдим. У менга Римни танлашни маслаҳат берди. Аввалги мактубим ва бу маслаҳатни қабул қилганим ҳақида жавоб мактубим ҳозиргача сақланиб қолган. Ёшлигимга бориб, бу мукофотга ўзимни муносиб кўрсам-да, бошқа нозиктаъблар нима деркин, деб шу мазмунда маслаҳат олиш учун аввал Неаполга, буюк қирол ва файласуф Роберт ҳузурига бордим. Қирол Роберт олим, доно ва одил подшоҳ эди, бу ҳақда, ўқувчим, сен ҳам билсанг керак. Мен қандай яхши ният билан келганимни билиб, қирол Роберт севиниб кетди. Эҳтимол, бу ёш шоирнинг ишончини қозонгани ва шоирнинг шон-шуҳратига шерик бўлиш (тарихда қолиш) шодлиги бўлса керак. Хуллас, қирол билан бир неча кун суҳбат қурдик. У “Африка” поэмасини ўқиб, боши осмонга етгач, бу асарни унга бағишлашимни ўзи илтимос қилиб қолди. Мен, албатта, нозиктаъб қирол, файласуфнинг бу илтимосига йўқ дейишим мумкин эмас эди. Хуллас, гулчамбарни кимдан қабул қилиш масаласини қирол ва камина бир неча кунларда, маълум вақтларда қизғин муҳокама қилдик. Қирол Роберт учинчи таклифни — дафна гулчамбарини ўзининг Неапол қироллигидан олишни айтди. Мен бундай марҳаматга кўпдан-кўп миннатдорлигимни, аммо Рим шон- шуҳрати муҳимроқ, олийроқ эканлигини тушунтирганимдан сўнг қирол Рим сенатига тавсиянома ва миннатдорчилик туйғулари ифодаланган мактуб ёзиб, менга йўлбошловчи-етакчилар қўшиб берди. Қиролнинг бу шоҳона баҳосига ўша вақтда ўзим ҳам ишонардим. Аммо ҳозир буни ёшлик ғурури ва ғўрлиги деб биламан.
Хуллас, камина Римга йўл олдим. Минглаб римликлар (сенаторлар, олимлар, шоирлар) қатнашган тантанали буюк шодиёна маросимида дафна гулчамбари бошимга қўйилди. Бу воқеалар ҳақида менинг хатларим, назм ва насрда ёзган асарларим сақланиб қолган.
Дафна гулчамбари менга ҳеч қандай билим бермади, фақат ҳасадгўйларни кўпайтирди. Лекин бу ҳақда ҳам гапни чўзиб ўтирмайман, ҳозир бунинг ўрни ҳам эмас. Хуллас, шундан сўнг мен Пармага бор- дим, у ернинг ҳукмдорлари, Корреджо хонадони синьорлари бир-бири билан чиқиша олмаса-да, барчаси менга олий даражада иззат-ҳурмат кўрсатдилар. Бу зотлар ҳукмдорлик қилган йилларда бошқарув шу қадар адолатли, халққа ғамхўрлик шу қадар ҳавас қиларли бўлганки, бу ҳақда ҳозиргача ҳамма гапиради, ўйлашимча, бизнинг замонада энди бу каби адолатли бошқарув топилмайди. Менга ўша вақтда кўрсатилган ғамхўрликларни эсласам, бунга муносиб эмас эдим деб, ҳозиргача хижолат чекаман.
Кунлардан бирида тоғда (Пиреней тоғида) сайр қилиб юрганимда, Энца сойидан кечиб ўтиб, Режа водийсида шу қадар хушманзара жой- ларни кўрдимки, завқ-шавққа тўлиб, “Африка” поэмасининг давомини ёза бошладим. Аввал сўниб қолган илҳомим қайта авж олди, аммо ўша куни ва кейинги кунларда ҳам оз-оздан ёзиб, тўлдира бошладим. Ижодга қизиқиб кетиб, Пармага қайтдим ва чеккароқ, хилватроқ бир жойда тинчгина бир ҳовли-жойда (аввал ижарада яшаб), сўнг уни сотиб олиб, ўша ҳовлида поэмани охирига етказдим. Асарни жуда қисқа вақтда тугатганимга ҳозир ҳам ажабланаман.
Шундан сўнг яна Алп тоғлари ортидаги Сорга булоғи бўйига қайтдим. Ёзганларим яна шуҳрат қозонгани сабаблими, ҳар ҳолда ўша замондаги энг буюк, фозил, одил ҳукмдорлардан бири кенжа Жакомо Каррари (Падуя қироли) назарига тушибман. У, каминага Алп тоғлари ортига ҳам мактублар ва одамларини юбориб, мени меҳмонга чақириб, қайта- қайта илтимос қилаверди. Мен энди жаҳон подшоҳларидан олисроқда, тинч ҳаёт кечиришни истардим, улардан ҳеч нарсани умид ҳам қилмас эдим. Охири бу қиролга ҳурматсизлик бўлмасин, эҳтимол у ажойиб инсондир, деб, Пармага ҳамда Веронага бориб, бир неча кун тургач, сўнг Падуяга йўл олдим. Падуя қироли мени самовий меҳмонни кўргандай, бениҳоя иззат-ҳурмат билан кутиб олдики, буни сўз билан ифодалаш қийинлигини билиб, пинҳон сақлашга аҳд қилдим.
Падуя қироли менинг ёшлик чоғларимда диний мансабга тайёрланганимни билар экан, шу сабабли у менга Падуя бош руҳонийси (каноник) вазифасини таклиф қилди. Аммо қиролга умри вафо қилмади. Икки йилдан сўнг само фаришталари уни чақириб олдилар. Бу бақосиз дунёда барча шодликлар, гўзалликлар ўткинчи экан. Агар шу қиролга Тангри кўпроқ умр берганида менинг сарсон-саргардонлигимга ҳам чек қўйилган бўлур эди. Кейинчалик ўйласам, у каби олижаноб инсонга бу дунё муносиб эмас экан.
Қирол Жакомо Каррари ўрнини ўзи каби оқил ва фазилатли ўғли эгаллади. У ҳам, отаси каби, менга кўп иззат-ҳурмат кўрсатди. Аммо отаси менинг тенгдошим ва дўстим, бетакрор инсон эди, унинг ўрнини ҳеч ким босолмасди. Шу қайғули ўйлар билан (қиролнинг ўғлига миннатдорчилик билдириб), Падуяни тарк этдим ва беморларга ҳавони алмаштириш зарур бўлганидай, яна Францияга қайтдим, бу ерда аввал минг марталаб кўрган одамларни кўрдим, аммо қайғум тарқалмади.
Изоҳлар
1. Франческо Петрарка замонида атоқли дин арбоблари, епископлар фарзандлари бировларга зарар етказмаслиги учун уйланмас, оила қурмас эдилар
2. Сабаби — шоирлик шон-шуҳрати, истеъдодни қадрлаш бўлган.
3. Парижликлар ҳаёти шоирга ёқмаган бўлса керак, шу боис бу шаҳар ҳақида сўз очмай қўя қолган.
4. Шоир камтарлик қилмоқда. Шон-шуҳратининг сабаби — севги ҳақидаги сонетларининг жозибасида эди.
5. Қадимги Рим империяси парчаланиб кетган, Византия-Шарқий Рим империяси ҳам салжуқ туркларига қарам бўлиб қолганди. Италия ўша вақтларда Генуя, Неапол, Венеция, Падуя, Верона, Парма, Флоренция каби кичик мустақил қиролликлардан иборат эди.
6. Қадимги Олимпия мусобақалари давридан қолган дафна гулчамбари олтиндан ясалган. Бундай мукофотни Рим шоири Вергилий ҳам олган.
Рус тилидан Маҳкам Андижоний таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2012, 7-сон