Фазу Алиева. Бувимнинг илтижолари (ҳикоя)

–Сиз аллақачонлар худонинг жонига теккансиз? – деди бир куни онам.
–Ие, нега унинг жонига тегар эканман? Унга нима ёмонлик қилдим? – аччиғланди бувим.
–Битта-иккита нарсани сўраса бўлади, сиз бўлсангиз, бирдан шунча кўп сўрайсизки, уларни ёзиб қўйса, бутун бошли бир китоб бўларди. Сизнинг илтижоларингизнинг ҳаммасини худо эсида тутиши гумон.
–Вой, астағфирулло, сен бутунлай ақлингни егансан. Худованди Карим, илтижо қиламан, унга қулоқ солма. У ҳеч нарса дегани йўқ, ҳеч нарса, – дея бувим қўлларини самовотга тикди. – Сен шафқат соҳибисан, шунинг учун сенга илтижо қиламиз. Соҳиби қудратсан, илтижоларимизни сендан бошқа ким ҳам инобатга оларди? –Бироз жим қолгач, давом этди бувим. – Ҳар субҳидам сенга мурожаат қиламан, шафқатли бўл, ўғирлик қилмаганман, ичмаганман, бегона эркаклар билан юрмаганман. Бировлар юрагига раҳна солганим йўқ. Ҳеч қачон дарахтлар тепасидаги қушларингни чўчитмаганман. Инсон туғилганида меъёрида шодланганман, у амринг билан бандаликни бажо келтирганда эса меъёрида йиғлаганман. Гуноҳларимни кечир! Мабодо бирор қилиғим дидингдагидай бўлмаган бўлса, қасддан деб билмагайсан. Сенинг олдингда ҳамма гуноҳкордир. Сенинг нигоҳинг ҳам ҳар бир майсага, ҳар бир гулга, тошга, булоққа тушаётган шудрингдай бахайр бўлғай.
Мана, Патиматнинг эри ўлди, – бувимнинг овози ғамгин жаранглади. – демак, хоҳиш-ироданг шундай экан. Унга ортиқча кун бермагансан. Патиматнинг уч жигаргўшаси етим бўлиб қолди. Демак, етимликни бошидан кечириш улар тақдирида бор экан. Ахир, Патимат ҳали ёш, эрга теккиси келади. Унга шундай эр насиб этгинки, у болалари учун ота ўрнини боссин.
Хатимат яна фарзанд кўрмоқчи, – илтижо қилади бувим. – Ўзингга аён уларнинг еттита қизи бор. Энди ўғил кўришни истайди. Унинг юрак қаърида не борлиги фақат сенга равшан. Лекин ўғил туғилсин! Сендан илтижоим шу.
Супайнат қари қиз бўлиб қолди. Ахир у ҳеч кимга ёмонлик қилмаган эди-ку. У ҳам бошқа қизлардай эрта тонгда туради, ҳаммадан кеч ётади. У ер ҳайдашда ҳам, беда ўримида ҳам, ғалла ўримида ҳам ҳозиру нозир. Ҳар бир ушоқнинг қадрига етади, увол деб бошоқни босмайди. Сув тўла кўза билан қайтаётганида ерда ётган бошоқни энгашиб олиб, уни уйига келтирганини ўзим кўрганман. Куёвларнинг кўзи қаерда, билмайман. Магазинда ишлайдиган Ойшатдан унинг қаери кам? Мени тўғри тушун. Мен Ойшатнинг бахтига қарши эмасман. Алҳамдулиллоҳ, сузишни билмайдиган киши денгизда қандай ғарқ бўлса, у ҳам бахтга шунчалик ғарқ бўлсин! Супайнатга ҳам озгина берсанг, баҳри уммонинг адо бўлмайди-ку.
Тангрим! Мен бандангни кечир. Лекин кўп нарса сўраяпти деб ўйлама. Аминат касал, унинг изтиробини камайтир, куни битган бўлса, ўлимини енгил қил, ахир, бу аёл ҳеч қандай ёмонлик қилмаган.
–Вой-бўй, она, сизни тангри-таоло бу қандай тиланчи эди, деб ўйласа керак, – кулди онам.
Лекин бувим ҳеч кимга қулоқ солмай илтижосини давом эттираверди:
– Қумурсқадан тортиб инсонгача барча жонзот, майсадан тортиб тишгача барча ўсувчи нарса, тошдан тортиб қоягача бўлган мангу мавжудот, булоқдан тортиб денгизгача барча ҳаётбахш нарса сенинг шафқатингдан умидвор. Ер тагидаги уруғни, ер устидаги набоботни, бошоқдаги донни, гулдаги мевани ўзинг асра. Ёмғир ва қуёш меъёрида бўлсин. Бизни дўл ва яшиндан, экинимизни думбуллик ва тобидан ўтиб кетишидан сақла, бизни бало-қазолардан асра. Йўлдаги йўловчининг тунини равшан қил, токи у йўлидан адашмасин. Қушлар уясини бузилишидан сақла. Ўрмонда яшовчи қанотли ва ваҳший жониворларга ўз боласидан жудо бўлишдек мусибатни раво кўрма. Улар ҳам ўз полапонларининг учаётганини, ўз болаларининг чопаётганини кўришсин!
Ота-оналарнинг бандаликни бажо келтириш пайти келганда қабрга ўз болалари қўли билан қўйилсин. Зероки, дунёда ота-она учун болаларининг ўлимини кўришдан аччиқ қайғу йўқ.
Мендан қаҳринг келмасин, соҳиби қудрат. Машриқдан Мағрибгача чўзилган ерни табаррук қўлинг бирла силаб қўй. Ўз эзгулигингни ҳеч кимдан аяма. Мени ҳам унутма. Менинг болаларим ва невараларимга покдомонлик ато эт. Фараз қил, улар сенга ишонишади ва ибодат қилишади.
–Бундай илтижо қилишга қандай журъат этасиз, ахир, невараларингизнинг биронтаси ҳам ибодат қилмаётганини у кўриб турибди-ку!
Бувим бўлса бадтар қаттиқроқ:
–Астағфирулло, бизлар сенинг қулларинг, қанчалик уволга йўл қўймайлик, сен яхши деб ҳисоб қил, – дея илтижосида давом этарди. – Бир савобимизни юз деб қабул айла. Бизни биз яхшилик қилаётган кишиларнинг ёвузлигидан сақла. Собиқ дўст макридан асраб, уни бизга душман этма. Оёғимиз заҳарли алафни топтасин, қўлимиз мевали дарахт ўстирсин. Ҳаммага мақсадга эришиш учун куч бер, барча ўз-ўзидан норози, бош қалардан эса рози бўлсин. Хайрли ишлар қилиш истагини бер.
Бизнинг овулимизга ҳеч қачон аёл кишининг енгилтаклиги ва эр кишининг қўрқоқлиги келтирадиган шармандалик насиб этмасин. Ташнага сув юбор. Заҳарли тилдан ва очофат кўзидан асра. Оғзимиздан фақат кишиларга шодлик келтирадиган сўзлар чиқсин. Одамлар қалбига раҳна солувчи сўзларни ичга ютайлик. Бизни аччиқлигимиз учун тупуриб ташламасинлар, ширинлигимиздан ютиб юборсинлар.
Бизга эзгуликни эсда тутиш ва ёмонликни унутиш учун куч бер. Шундай бардош бергинки, қайғумизни шодликка айлантирайлик. Майса бағридаги ҳашаротдан тортиб ер тагидаги қуртгача ҳаммасини кўриб турибсан, ҳа, имконияти йўқ нарсани кўриб турибсан. Имконияти йўқ нарсани сўрасам, мени кечир, фараз қилки, сўраганим йўқ. Ҳали ҳам мен ҳаммасини баён этолмадим, кўп нарса айтилмай қолди, лекин фикрларим сенга аён, фараз қил, мен ҳаммасини айтдим. Чунки шошиб турибман. Субҳидамни ўтказиб юбормайин тағин. Ахир, далага боришим керак. Астағфирулло, Алҳамдилуллоҳ!

П. Усмон таржимаси