Тўғрисини айтадиган бўлсам, шу кунгача шахсий гувоҳнома ҳам керакли нарса эканлигини билмаган эканман. Яъни, бундан бир-икки кун олдин акам Хайруллоҳ билан мактабга отимни ёздириш учун боргунимизга қадар шахсий гувоҳнома ҳам сув, нон ва кийим каби одамнинг ҳаёти учун зарурлигини билмас эканман. Сешанба куни Хайруллоҳ бир неча ойдан бери биринчи марта бизнинг олдимизга келди. Мен болалар билан маҳалламиз этагидаги жарликда Аббос ва Ғуломалининг хўрозлари жангини томоша қилиб тургандим. Акамни кўришим билан шунчалик қувониб кетдимки, хўрозлар жанги томошасидан ҳам воз кечиб, унинг олдига югуриб бордим. Юзларидан ўпдим-да, у билан биргаликда кулбамиз томон йўл олдим.
Ҳали кулбамизга етиб бормасимиздан Хайруллоҳ сўраб қолди:
– Ҳалиям кўча-куйда санғиб юрибсанми, Абдуллоҳ? Бунақа бекор санғиб юрма, деб айтмаганмидим?! Хўрозбозлигу каптарбозликни йиғиштир деб айтувдимку?! Бирор ишнинг этагидан тутсанг бўлмасмиди?
– Санғиб юрганим йўқ! – дедим. – Дадамнинг ўрнига ишга чиқ-япман. Бу ҳафта тунги навбатда ишлаяпман, кундузлари бекорман.
– Унда ҳалиям мактабга бориб отингни ёздирмадингми?
– Йўқ. Мени мактабга олиб борадиган ҳеч ким йўқ-ку?!
– Ҳеч ким йўқ? Ўзингнинг оёғинг синганми? Мактабга бораётган шунча болани бирор киши эргаштириб бораётган эканми?
Кулбамизнинг эшигигигача жим бордик. Уйимиздагилар Хайруллоҳни кўриб роса қувонишди. Ҳалиям тўшакда ётган, кўкраги хириллаб овоз чиқараётган дадам жойидан бир қўзғалди-да, кулди. Бу пайтда ойим билан синглим Ҳалима дадамга қувват бўлсин ва кўкраги бир оз юмшасин дея картошка пиширишаётган эди. Бизни кўришлари билан Хайруллоҳнинг олдига югуриб келишди. Кичкинтойларимиз Носир билан Малакноз эса Хайруллоҳнинг сумкасини титкилашга тушишди.
Хайруллоҳ дадам билан кўришаркан:
– Сизга нима бўлди? – деб сўради. – Касалмисиз?
Дадам калласини қимирлатиб қўйди. Онам эса Хайруллоҳга деди:
– Бир ойдан буён томоғидан овқат ўтмайди. Тўшакда мана шундай ётганича оҳ-воҳ қилади.
– Дўхтирга бормадиларми? – деб сўради Хайруллоҳ.
Дадам ўша хириллаган овозда.
– Қаёққа ҳам борардим дўхтир излаб? – деди.– Қаёққа?…
– Бирор жойга борсангиз бўлмайдими? Дўхтир қаҳат эмас-ку?! – деди Хайруллоҳ норози оҳангда.
– Ҳозир яхшиман, – деди дадам. – Агар ўлмай қолсам, кейинги сафар борарман ўша дўхтирга.
– Қани яхши бўлганингиз? – деди ойим дадамнинг гапини рад этиб. – Ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Қанча картошка пишириб бердим, қанча овқат едирдим, ҳатто қарзга гуруч сувидан ҳам олиб ичирдим, аммо кор қилмади.
– Ишига ҳам бора олмаяптилар, – дедим мен ҳам гапга қўшилиб.
Хайруллоҳ менга бир қараб қўйди. Сўнгра бирданига бир нарса эсига тушгандек:
– Эртага эрталаб Абдуллоҳни мактабга олиб бориб, отини ёздириб келмоқчиман, – деб қолди. – Сиз ҳам биз билан юринг, дўхтирга кўрсатаман.
Дадам кўрпани бошига тортди-да, ҳеч нарса демади. Хайруллоҳ Малакнозни тиззасига ўтқазиб, чўнтагидан қоғозга ўралган иккита шоколад чиқарди-да, биттасини Малакнозга, иккинчисини Носирга берди. Менинг шоколадга ҳавасим келиб қолавердим.
– Мактабда ўқиб нима бўлади? Усти ялтироқ, ичи қалтироқ қуруқ савлатли олифталардан бири бўладими?! Ундан кўра бориб бирор ишнинг этагидан тутса яхшимасми?!
Дадам гапини гапирди-да, яна бошини кўрпага ўраб олди.
– Олифта деганингиз нимаси? – деди Хайруллоҳ. – Мактабда ўқиган ва бунинг натижасида маълум бир даражаларга эришган шунча одамнинг ҳаммаси қуруқ савлатли олифталар эканми? Сиз ҳам ажаб гапларни гапирасиз!
Хайруллоҳ шундан сўнг менга бир кўз ташлади-да, дадамга қараб:
– Хароб кулбалардан иборат бўлган бу жойда қашшоқ ва ялангоёқ болалар билан ўйнаб юраверсин демоқчимисиз?! – деди. – Унда ким бўлади бу? Контрабандачи ёки гиёҳванд бўлишини истайсизми?… Сиз отаси бўла туриб ўғлингизни мактабда ўқишга ундаш ўрнига бесавод бўлиб қолаверсин демоқчимисиз?! Одам саводнинг қадрига етиш учун бегона шаҳарда мусофир бўлиб кўриши керак. Иккита сўздан иборат бўлган бир энлик хатни ёзишдан ожиз бўласан. Мингта одамга ялинишингга тўғри келади.
Хайруллоҳ бу гапларни айтмаганида ҳам мен ўзимча:
“Нима бўлганда ҳам мактабда ўқиш алебастр корхонасида ишлашдан минг марта осонроқ, – деб ўйлардим. – Мактабда ўқишнинг энг оғир томони шундангина иборат бўлиши мумкинки, фақат ўтириб ёзаман ёки худди Аҳмадга ўхшаб, “дадам сув берди”, “ойим нон берди”, деб овоз чиқариб ўқийман. Бор-йўғи шу! У ерда қўлларингни кесиб юборадиган ва кўзингни кўр қилиб қўядиган алебастр ҳам, аждаҳога ўхшаб бошингда турадиган ва ҳадеб сени сўкаверадиган ишбоши ҳам бўлмайди”.
– Нима бўлганда ҳам мактабда ўқиш корхонада ишчи бўлиб ишлашдан яхшироқ, – дедим.
Ҳеч ким менинг бу гапимга аҳамият бермади. Ҳаммалари сумкасини очиб, ундаги нарсаларни чиқараётган Хайруллоҳнинг атрофини ўраб олган эдилар.
Ҳар доим Хайруллоҳ Бандар Аббосдан қуруқ қўл билан қайтмас, сумкаси совға-саломга тўла бўларди. У ҳар келганида ҳеч кимни унутиб қолдирмасди. Бир сафар келганида менга хорижда чиққан, усти қизил болалар қўл соатини олиб келганди. Мен ушбу соатим билан болалар орасида роса мақтанган, анча вақтгача ғурурланиб юргандим.
Хайруллоҳ бу сафар ойимга бир рўмол, Ҳалимага чиройли яшил кофта, турмушга чиқиб кетган опам Канизга ҳам худди ана шу кофтадан, дадамга жундан тўқилган бир шарф, мен, Носир ва Малакнозга эса бир жуфтдан пайпоқ олиб келганди.
Малакноз эркаланиб акамга суйкалганича инжиқлик қилар, “менга ҳам анави кофтадан беринг”, дерди. Хайруллоҳ уни қанчалик эркалаб, айланиб-ўргилса ҳам, кўнмасди. Ахийри уни бағрига босиб, кулбадан ташқарига чиқиб кетишга мажбур бўлди. Мен уларнинг орқасидан чиқдим, Носир ҳам бизга эргашди.
Ташқарида кулбаларнинг олдидан ўтиб кетаётгандим, Хайруллоҳ:
– Абдуллоҳ! – деди. – Эртага ишдан қайтишинг билан тезда уйга кел. Тезроқ йўлга тушишимиз, қандай қилиб бўлса ҳам эртанинг ўзида ишни тугаллашимиз керак. Ҳозир ҳам кеч бўлмадимикин деб қўрқиб турибман. Яна қандайдир баҳоналарни келтириб, сени мактабга қабул қилмаймиз, деб туриб олишмасин, тағин!
– Бўпти, – дедим. – Эрталаб олтида бўшаймиз.
Шундан сўнг кўзларимга яхшилаб тикилди-да:
– Ўзинг нима дейсан, Абдуллоҳ? – деди. – Мактабда ўқигинг келяптими?
Кулиб қўйдим-да:
– Нега энди ўқигим келмас экан?! – дедим. – Нима бўлганда ҳам алебастр корхонасидан яхшироқ-ку!
Акам зилдай қўлини бошимга қўйиб, тўзиган сочларимни меҳр билан силади.
* * *
Кечаси иш пайтида бир неча бор дастгоҳнинг олдида турганлигим эсимдан чиқиб кетди. Ёнимдаги дастгоҳда ишлаётган, ёши ўзим билан тенг бўлган Мустафо:
– Сенга нима бўлди, Абдуллоҳ? – деди. – Ўй-хаёлга берилиб кетдинг чоғи? Ошиқ-мошиқ бўлиб қолдингми, нима бало?!
Унинг бу гапига кулиб қўйдим-да:
– Йўқ, оғайни, – дедим. – Сен ҳам жуда олиб қочасан-да!
Шундан сўнг Хайруллоҳга ўхшаб юзимга жиддий тус бердим-да:
– Ошиқлик қаёқда, – дедим. – Одам бирортани севиб қолиши учун ҳам ҳафсала керак!
– Унда нега хаёлинг кетиб қоляпти?
– Шунчаки… Акам Хайруллоҳ келди. Эртага мени мактабга олиб бориб, отимни ёздириб келмоқчи. Ана шуни ўйлаб турибман. Акам Хайруллоҳни танисанг керак. Бугун …
Шу пайт ишбошига кўзим тушиб кетди. У аста-секин қадам ташлаганича биз томон келарди. Тезда бошимни энкайтирдим-да, олдимга келиб қолган қоплардан бирини кўтариб аравачага ташладим.
Тонггача ҳеч бўлмаганда бир юз йигирма қоп алебастрни омборга олиб бориб, териб қўйишимиз керак эди. Агар тонггача ушбу норма бажарилмаса, соат олтидан кейин ҳам қолган қопларни омборга етказишга мажбур бўлардик. Мен ҳар доим соат эрталабки олтидан кейин – тунги нав-батда ишлайдиган ишчилар кетганларидан сўнг ҳам корхонада қолар, баъзида аламимдан йиғлаб юборай дердим. Айниқса ҳозир – Хайруллоҳ келган ва мени кутиб турган пайтида бу нарса менга алам қиларди.
Яна хаёлим мактаб, китоб, дарс ва муаллимларга кетди…
Ғуломхон Муҳаммад доим шундай дерди:
– Бизни мактабга қабул қилишмайди. Мингта баҳона тўқишади. Бир сафар айтишадики, сизнинг ёшингиз катта, яна бир сафар айтишадики, сизнинг бўй-бастингиз катта ва ёш болалар билан синфда ўтиришингиз ноқулай. Билмадим, бошқа бир сафар айтишадики, сизлар кўчманчисизлар, мактабга ололмаймиз… Гапнинг қисқаси, бизни ўзларидан узоқлаштириш учун мингта сабабу баҳона топишади…
Аммо бошқа томондан Хайруллоҳни ўйласам юрагим дадиллашарди. Чунки Хайруллоҳнинг қила олмаган иши йўқ эди. Ҳатто ота-онам ва Ҳалабийободнинг барча катта-кичиги унинг гапига қулоқ солишарди. Бирор ишга қўл урадиган бўлса, то уни охирига етказмасдан қўймасди. Ҳар қандай ишнинг уддасидан чиқарди. Мен ҳам худди акамдай катта бўлсам, барча одамлар мен билан ҳисоблашишларини орзу қилардим.
– Ҳой бола!… Мудраб қолдингми, нима бало?! Қоплар уюлиб кетибдию бу ерда?!
Яна хаёлга берилиб кетиб, ишбоши келганини сезмай қолибман. Даст-гоҳ чиқиб, бир-бирининг устига қалашиб кетган қоплар томон югурдим. Ишбоши паст овозда бир нарсалар деб минғирлади-да, кетди.
Қўрқувдан юрагим ёрилаёзди. Агар эрталаб соат олтида ишбоши уйга кетишимга рухсат бермаса нима қиламан? “Агар рухсат бермаса, – дедим ўзига ўзим, – корхонанинг орқа томонидаги девордан ошаман-да, кетвораман”.
Ҳавонинг ёришганига ярим соатча бўлганди. Аммо соат олти бўлгунича юрагим қон бўлиб кетди. Аммо менинг бахтимга эрталаб ишбошининг кайфияти яхши бўлиб, кеча кечаси менинг ишни расво қилганимни эсига ҳам олмади.
Иш ҳақимни олишим билан тезда жўнадим ва бирпасда уйга етиб бордим. Кулбамизга етиб келганимда ҳансирашнинг зўридан кўкрагим ачишар, ҳатто тузукроқ салом беришга ҳам ҳолим йўқ эди.
– Сенга нима бўлди? – деди ойим менинг аҳволимни кўриб. – Нега ит қувган соқовдек ҳаллослаб келдинг?
– Ҳеч нарса бўлгани йўқ, – дедим. – Хайруллоҳ билан шаҳарга, мактабга отимни ёздиргани борамиз. Тезроқ йўлга тушмасак, кеч бўлади ва мактабнинг эшигини ёпиб қўйишади.
Нон билан ширин чой тановул қилаётган Хайруллоҳ эса:
– Жудаям сен айтганингчалик эмас, – деди. – Ҳозир ўтириб бирор оғиз нон еб олгин, сўнгра йўлга тушамиз.
Ойим деди:
– Отанг сизлар билан бормас экан, йўл-йўлакай опанг Канизнинг ҳам уйига бир кириб чиқинглар. Кўринглар-чи, болагинам нима қилаётган экан…
– Нима қиларди? – деди Хайруллоҳ. – Яшаб юргандир-да. Ғуломалининг қовоқ-тумшуғини кўришга тоқатим йўқ. Ўзича кеккайиб кетган…
Ойим ялингансимон деди:
– Майли,болам! Сен опанг учун боргин. Сени кўриб хурсанд бўлади. Эрталаблари Ғуломали уйда бўлмайди. Ишга кетади.
Тўғриси бир томондан ойимга ичим ачиса, иккинчи томондан опам Каниз ва унинг болаларини соғинган эдим. Бир неча ойдан бери кўрмагандим.
– Бўпти, – дедим. – Шаҳарга борсак уникигаям бир кириб чиқамиз.
* * *
Катта йўлгача пиёда боришга мажбур эдик. Ҳаво бир оз совуқ эди ва уйқум келарди. Бир неча марта орқамга ўгирилиб эснаб қўйдим.
– Уйқунг келяптими? – деди Хайруллоҳ.
– Йўқ, – дедим. – Бу йўл жудаям узун экан. Ҳалабийободни олиб бориб ўша чўлнинг ўртасига қурсинлар деб ким айтган экан?! Катта йўлнинг яқинида қурсалар бўлмайдими?!
Хайруллоҳ ҳеч нарса демади. Гўё мен унга ҳеч нарса демагандек индамай кетаверди. Уйқусираётган одам ҳар нарса деяверади, деб ўйлаган бўлса керакда.
Ярим соат деганда узоқдан шалоғи чиққан бир эски автобус кўриниб, “Оқ тупроқ” бекатига етиб келди. Хайруллоҳ чипталарни ҳайдовчига берди ва автобуснинг тўрига қараб кетдик. Биттагина жой бўш экан. Яъни, учта жойдан иккитасига биздан олдинроқ чиққан икки йўловчи ўтириб олишган экан.
– Ўтир, – деди Хайруллоҳ менга.
Хайруллоҳнинг талашиб-тортишиб ўтиришга тоқати йўқ эди. Айниқса, мендай бир одам билан. У менга яхшилик қилмоқчи экан, унга эътироз билдириб ўтиришнинг ўзи яхши эмас. У мени итариб елкамдан шундай босдики, бўш жойга ўтиришга мажбур бўлдим. Шунчалик чарчаган эканманки, кейинги бекатга етмасдан уйқуга кетдим.
– Тур, етиб келдик!
Қаттиқ уйқуда эканман, Хайруллоҳнинг овозидан уйғониб кетдим. Автобусдан тушганимизда ҳам уйқум тўла очилмаган, кўзларим юмилиб-юмилиб кетарди. Юриш малол келар, эрта тонгнинг ширин уйқуси ҳали мени тарк этгиси келмасди. Ўша ерда, майдон ўртасида чўзилиб ухлагим келарди.
– Анави сув қувури олдига бор-да, юзингни ювиб ол, – деди Хайруллоҳ. – Уйқунг тарқалади. Унгача мен бирор кишидан мактабнинг қаерда эканлигини сўраб оламан.
Қувурдан чиқаётган сув шунчалик муздай эдики, дадамнинг ибораси билан айтганда, ҳатто Асҳоби Каҳфнинг уйқусига кетган бўлганимда ҳам уйқу-пуйқумни учириб юборарди. Хайруллоҳнинг олдига қайтиб келганимда у газеталарини ёйиб қўйган дўкондор чолдан сўрарди:
– Амаки, мактаб қаерда?
– Мактаб? Қанақа мактаб?
– Мактабдақа мактаб! Болалар ўқийдиган ва илм ўргатадиган мактаб.
– Бу ерда мактаб кўп, – деди чол.- Сенга нима кераклигини айт, мен сенга кўрсатиб юбораман.
Хайруллоҳ мени кўрсатиб деди:
– Мана буни мактабга бермоқчи эдим.
Чол кўзларини қисганча менга тикилиб турди-да, сўради:
– Нечанчи синфда ўқийди?
– Биринчи синф… Яъни ҳали мактабга чиқмаган. Энди отини ёздирмоқчи…
Билмадим, нимагадир уялиб кетдим ва бошимни қуйи солиб олдим. Кўз остидан чолга қарадим. У менинг бўй-бастимга ажабланиб тикиларди. У бир оз ўйлади-да, сўнг деди:
– Мана шу кўчадан юқорига қараб борсанг ўнг томондан бир кўча чиқади. Ана шу кўчадан юз қадамча юрсанг, мактабга етасан.
* * *
Мактабнинг дарвозаси очиқ бўлиб, унинг ҳовлисида бизнинг Носиримиз тенги бир тўда бола қий-чув қилганларича мўйловли бир киши билан тўп ўйнашарди. Болалардаги ушбу шодлик менга ҳам ўтгандай бўлди. Бирданига ўзимни бошқа бир оламга кириб қолгандай ҳис қилдим. Бу оламда фақатгина мен ва ушбу болалар бор эди. Кўнглим умрим охиригача мана шу ерда қолиш ва ана шу қувноқ болаларнинг ўйинини томоша қилиб ўтиришни истаб кетди. Билмадим нимагадир қувончнинг зўридан кўзларимга ёш келди ва бўғзимга йиғи тиқилди.
– Абдуллоҳ, Абдуллоҳ! Нега қоққан қозиқдай қаққайиб қолдинг?
Калламдаги ширин хаёллар пир этдию учди-кетди. Хайруллоҳнинг ортидан йўлга тушдим.
Учта зинадан юқорилаб, бир йўлакка етдик. Йўлакнинг поли турли рангдаги қадама нақшлар билан безатилган эди. Иккаламиз йўлакка, унинг деворларига ва уларнинг юзасига солинган турли-туман нақшлар ва тасвирларга анграйиб қараганча юриб борардик.
– Ҳозир қайси эшикка киришимиз керак? – дедим.
– Мана шу эшиклардан биттасига-да! – деди Хайруллоҳ.
Аммо бахтимизга қарши барча эшиклар ёпиқ эди. Биз қай бир эшикка киришни билмай туриб қолдик.
Хайруллоҳ оҳиста юриб эшиклардан бирининг олдига борди. Олдин ушбу эшикка яхшилаб қараб чиқди, сўнгра унга қулоғини ёпиштириб тинглади. Мен ҳам у ерга бордим-да, Хайруллоҳга ўхшаб қулоғимни эшикка қўйибтинглади. Хона ичкарисидан овозлар келарди.
Олдинига овози йўғон муаллим эканлиги шубҳасиз бир киши нималарни айтар, сўнгра эса болалар ўша гапни жўр овозда такрорлашарди:
Муаллим айтарди:
– Кечаси эди.
Болалар такрорлашарди:
– Кечаси эди.
– Ой булутнинг орқасида эди.
– Ой булутнинг орқасида эди.
– Ой нурлари…
– Ой нурлари…
– Ерни ёритарди.
– Ерни ёритарди.
– Эҳ, қандай гўзал!
– Эҳ, қандай гўзал!…
Шу пайт бирданига эшик зарб билан очилди-да, мен билан Хайруллоҳ орқага қараб учиб кетдик. Эшикни очган бола эса худди ажинани кўргандек қичқириб юборди-да, орқага қараб қочди.
Синф бирданига тинчиб қолди. Стулда ўтирган кўзойнакли киши олдинига бизга ажабланиб қаради, сўнгра ўрнидан туриб бизнинг олдимизга келди. Қўрққанимдан ўтакам ёрилиб кетай деди. Агар кўзойнакли киши бизни таъзиримизни бериб қўйиш учун синфнинг ўртасига олиб кирса нима бўлади?! Хайруллоҳ у билан юзма-юз бўлиб қолсин дея ёғочга ўхшаб қотиб қолган оёқларимни секин-аста орқага тортдим. Парталарда ўтирган болалардан бир нечтаси пиқ этиб кулиб қўйишди.
Кўзойнакли киши сўради:
– Хўш хизмат. Нима ишингиз бор эди?
Шошиб қолган Хайруллоҳ тилга кирди:
– С… салом… Й… йўқ! Тўғриси… жаноб ўқитувчи… биз…
Бечора Хайруллоҳ! Жиққа терга ботган эди. Шу чоқ Хайруллоҳнинг хижолат чекаётганини кўрмаслик учун ўша ердан кетворгим келди.
Худога шукрки, кўзойнакли кишининг ўзи унга ёрдамлашворди:
– Марҳамат қилсинлар! Ҳеч қиси йўқ.
Хайруллоҳнинг юзлари уятдан қизариб кетган эди. У зўраки бир кулиб қўйди-да:
– Ҳ… ҳа, – деди. – Тўғрисини айтсам… биз мана бу укамни мактабга қўйгани келгандик… Адашиб кирибмиз шекилли. Кечирасиз!
Жудаям хушмуомала бўлган кўзойнакли киши эса:
– Ҳечқиси йўқ, – деди. – Сиз марҳамат қилиб идорага боринг: йўлакнинг охирида, чап томондан биринчи эшик.
Хайруллоҳ тезда мен томонга қайтди. Кулиб қўйди-да:
– Ишни расво қилишимизга сал қолди, – деди. – Яхшиям калламизни йўқотиб қўймадик.
Идорада иккита раис ўтирган экан. Кичикроқ стол ортида ўтирган раис деди:
– Бунинг иложи йўқ. Биринчидан кеч бўлди, иккинчидан ёши жудаям катта экан. Янаям бориб жаноб Файзободийнинг ўзи билан гаплашиб кўринг, балким қабул қилиб қолар…
Файзободий бир нарсаларни ёзиш билан машғул эди.
– Салом, – деди Хайруллоҳ. – Кечирасиз, биз укамнинг отини биринчи синфга ёздиргани келдик.
Файзободий менинг бўй-бастимга бир қараб қўйди-да, ручкасининг нариги учини оғзига солди. Бир оз ўйланди-да:
– Биринчи синфга? – деб сўради.
– Ҳа, жаноб, биринчи синфга! – деди Хайруллоҳ.
– Кеч келибсиз. Мактабда ўқиш бошланганига икки ой бўлди. Нега эртароқ келмадингиз?
– Кечикса ҳам ҳечқиси йўқ, жаноб. Бунинг қобилияти яхши. Ёши ўн учда. Калласиям яхши ишлайди.
Файзободий бир кулиб қўйди-да:
– Ҳа-а, – деди. – Бўйининг катталигини айтмаса ҳам бўлади. Аммо ёши тўғри келмайди-да! Укангизни мактабга қабул қилишимизга қонун йўл бермайди.
Шу чоқ оламнинг барча ғам-ғуссаси Хайруллоҳнинг юзида акс этгандек бўлди. Бир оз жим қолди. Сўнгра ночор билан Файзободийнинг юзига қаради.
– Жаноб, – деди. – Тўғрисини айтадиган бўлсам, биз кўчманчилармиз. Мана шу Теҳронпорсдаги Ҳалабийобод маҳалласида турамиз. Агар кўчада бекор санғиб юрадиган бўлса ё мен каби бир ишсиз; ё ўша ердагиларга ўхшаб гиёҳванд ёки ўғри бўлади. Энди ўзингиз айтинг: нима қилайлик?
Файзободий нигоҳини менга қаратди. Гўё Хайруллоҳ берган саволга жавобни менинг савлатимдан қидираётгандек эди.
– Ҳалабийобод… – деди-да, калласини қимирлатиб қўйди. Сўнгра:
– Нима десам экан сизга… – деди. – Менимча сиз учун фақатигина бир йўл бор: укангизни кечки синфларга қабул қилиш мумкин… Албатта унгаям кеч бўлди-ю аммо бирор йўлини қилса бўлади.
Сўнгра менга қараб бир кулиб қўйди-да:
– У ерда ўзинг ҳам бемалол бўласан, ўқувчиларнинг ҳаммаси катта ёшдагилар…- деди.
Унинг бу гапларидан уялиб кетганимдан жилмайиб қўйдим-да, бошимни қуйи солдим.
– Кечки синфлар ҳам мана шу ернинг ўзидами? – деб сўради Хайруллоҳ.
– Ҳа, мана шу мактабнинг ўзида, – деди Файзободий. – Фақат уканг дарсларни қолдирмасликка ваъда бериши керак. Чунки ҳозир ҳам бошқа ўқувчилардан икки ой орқада.
Мен бундай хушмуомала одамларнинг гапларига нима деб жавоб беришни ҳам билмасдим.
– Хўп бўлади, жаноб раис! – деб қўйдим нима дейишимни билмай.
– Унда бугундан бошлаб ўқишни бошласангиз бўлади…
Олдинига қувончдан ўзимни йўқотиб қўяй дедим, аммо кейин бирданига вужудимни қўрқув қоплади. Ўқувчилар тўла синфга кириб боришга юрагим йўқ эди. Ҳеч нарсани билмай анграйиб турсам, ҳамма менинг турқимга қараб кулса… Аммо Хайруллоҳга қараганимда унинг елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил нафас олганини кўрдим. Менга қараб кулиб ҳам қўйди.
– Мен… Мен… Яъни бугундан бошлаб… жаноб?…
Файзободий деди:
– Ҳа, бугундан бошлаб. Албатта, ҳозир бориб аввал у ёқ бу ёқларингни тартибга солиб, тушдан сўнг соат икки яримда мана шу ерга қайтиб келасизлар…
“Демак олдин опам Канизнинг уйига бориб юз-қўлларимни яхшилаб юваман, – деб ўйладим. – Сўнгра биттадан дафтар ва ручка сотиб олиб, шу ерга келаман”.
– Марҳамат қилиб шахсий гувоҳномангизни беринг!
Гувоҳноманинг номини эшитишим билан кўзимдан олов чиқиб кетгандек бўлди. Хато эшитдиммикин, деб ўйладим. Хайруллоҳга қарадим.
– Гувоҳнома?!… – деди Хайруллоҳ. – Тўғриси, шахсий гувоҳномаси йўқ… Яъни жаноб… ҳалиги… биз… Ҳалабийободда ҳеч кимнинг шахсий гувоҳномаси йўқ. Ҳеч кимнинг, жаноб.
Тезда Файзободийнинг юзига қарадим: қани, Хайруллоҳнинг гаплари маъқул келдими ёки йўқми? У таажжубланиб деди:
– Гувоҳномангиз йўқ?! Унда нима қилиб турибсизлар бу ерда. Мактабнику қўя туринг. Аммо шахсини тасдиқловчи ҳужжат керак бўладиган бу жамиятда қандай қилиб яшайсизлар?! Агар гувоҳномаси бўлмаса…
– Яъни гувоҳномаси бўлмаса мактабга қабул қила олмайсизми? – деб унинг гапини бўлди Хайруллоҳ.
– Мен сизга тушунтириб айтдим-ку! Бўлмайди! Бўлганида эди ўзим укангизнинг рўйхатга ёзиб, мактабга қабул қилган бўлардим.
– Унда айтинг: биз нима қилайлик?
– Билмадим. Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Сиз ўзингиз яшайдиган туманга бориб, муаммойингизни айтишингиз мумкин. Балким ўша ерда сизга ёрдам бериб қолишар. Туманингиздаги мутасаддилар: “ушбу жанобни мактабга қабул қилиш мумкин”, деб ёзиб берсалар бўлди, мен бош устига қабул қиламан! Марҳамат!
– Қайси туман?
– Тумандақа туман! Ўзингиз яшайдиган туман. Теҳронпорс тумани Таълим ва тарбия бўлимига-да1 .
– Яъни биз Таълим ва тарбия бўлимига боришимиз керакми?
– Худди шундай. Бу ердан уч кўча юқорида. Мана бу кўчадан борсангиз, чап томонингизда, уч кўча юқорида.
* * *
Сўрай-сўрай Таълим ва тарбия бўлимини топдик. У ерда одам шунчалик кўп эдики, агар бояги мактабда бўлгани каби раиснинг хонасини топамиз деб қулоғимизни эшикка қўйсак ҳамма бизнинг устимиздан кулган бўларди.
Хайруллоҳ бир ёғоч стулда ўтирган миршаблар кийимидаги кишидан сўради:
– Рўйхатга олиш идораси қаерда?
– Идора мана шу ерда. Нима ишларинг бор эди?
– Мана бу болани рўйхатдан ўтказишимиз керак эди. Мана шу идорага боришларинг керак деб айтишди.
– Ана шуни сўраяпманда. Бошидан ўринбосар жанобларига ишимиз бор эди, десаларинг бўлмайдими? Иккинчи қаватга чиқасизлар, ўнгдан тўртинчи эшик.
Ўнгдан тўртинчи эшикни очганимизда кўзойнакли бир киши бошини қоғозлардан кўтариб деди:
– Марҳамат!
– Салом жаноб! Биз укамни рўйхатга ёздиргани келдик. Тўртинчи майдондаги мактабга боргандик, бу ерга келишимиз лозимлигини айтишди.
– Хўп, қандай муаммо чиқди?
– Ҳеч қандай муаммо, жаноб. Шахсий гувоҳномамиз йўқ.
– Қизиқ гапирасиз-а?! Одамнинг шахсий гувоҳномаси бўлмаса, бу нарса ҳеч қандай муаммо ҳисобланмайдими?!
– Ахир, жаноб, у ерда – Ҳалабийобод маҳалласида ҳеч кимда гувоҳнома йўқ. Биз кўчманчилармиз, жаноб. Укамнинг саводи чиқсин деб уни мактабга қўймоқчийдик.
– Нега шу пайтгача шахсий гувоҳнома олмадиларинг?
– Чунки бизларга шахсий гувоҳнома беришмайди, жаноб. Мингта баҳона тўқишади. Бундан ташқари ўзимиз ҳам дангасароқмиз, жаноб. Маданиятимиз паст, билимсиз ва нодонмиз. Оналаримиз дунё кимнинг қўлида эканлигини билишмаган. Ўзлари учун, болаларининг бир куни келиб ўз йўлларини топиб кетишлари, бошқалар уларни одам ҳисобига қўшишлари, уларни мактабга қабул қилишлари учун гувоҳнома олишни билишмаган.
– Ахир бу сабаб бўлолмайди-ку?!
– Нега энди сабаб бўлолмас экан? Ахир мен айтиб турибман-ку: бизда болалар шундайлигича кулбаларда дунёга келишади, ўша ерда чанг-тупроқ ичида катта бўлишади ва ўша ерда ўлиб кетаверишади. Ҳеч кимнинг улар билан иши йўқ. “Гувоҳноманинг бизга нима кераги бор”, дейишади. Ҳа-ҳа, жаноб, улар буни билишмайди. Маданиятлари жудаям паст…
Мен оғзим очилиб қолганича Хайруллоҳнинг гапларига қулоқ солардим. Хайруллоҳ бундай ўткир ва дадил гапларни қаердан олдийкин, деб ҳайратда қолган эдим. Худди китоб ўқиган кишилардек гапиради-я!
“Энди ушбу жаноб Хайруллоҳнинг гапларига жавоб беролмаса керак, – деб ўйладим. – Энди албатта мени мактабга қабул қилиш тўғрисида ўйлаб кўради”.
Жаноб ўринбосар:
– Ҳарҳолда… – деди-да, сўнгра қоғозга тез-тез бир нарсаларни ёзиб, Хайруллоҳнинг қўлига тутқазди.
– Ҳозир буни олиб бориб ёнимиздаги хонага – Таълим ва тарбия бўлими бошлиғи жаноб Маъсумийга беринг. Балким у бирор нарса дер.
Ёнбошдаги хонага бордик. Таълим ва тарбия бўлими бошлиғи қоғозни ўқиб кўрди-да:
– Ҳа, жаноб Асқарнинг айтганлари тўғри, – деди. – Афсуски бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Қонунга кўра, шахсий гувоҳномангиз йўқ экан, сизни бирор бир мактабга ололмаймиз. Акс ҳолда бошимизга ортиқча ташвиш орттирамиз.
– Унда сиз ҳозирча укамни мактабга қабул қилишлари тўғрисида кўрсатма берсангиз, биз эса шахсий гувоҳнома олиш учун ҳаракат қилсак бўлмайдими?
– Сизга айтдим-ку: биз бундай қилолмаймиз!
– Жаноб раис, укам рўйхатдан ўтмасдан шундайгина келиб синф-да ўтирса бўлмайдими?
– Албатта бўлади. Эркин тингловчи сифатида синфга кириб ўтириши, ўтилаётган дарсларни тинглаши мумкин. Аммо бу ҳолда у бизнинг ўқувчимиз ҳисобланмайди ва биз ундан имтиҳон ололмаймиз.
Мен Таълим ва тарбия бўлими бошлиғининг бу гапларига тушунмадим.
– Унда нима қилайлик, жаноб? – деди Хайруллоҳ.
– Токи бориб шахсий гувоҳнома олмагунингизга қадар ҳеч нарса қила олмайсиз.
– Жаноб раис, сизнинг ўзингиз шахсий гувоҳнома беролмайсизми?
– Мен?… Йўқ, ўғлим! Сиз фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлимига боришингиз керак. Бунақа ҳужжатларни ўша ердан беришади. Бизнинг қўлимиздан келадигани шуки, уларга бир хат ёзиб сизнинг ишингизни тезроқ ҳал қилиб беришларини сўрашимиз мумкин, холос. Қолгани бизнинг қўлимизда эмас!
– Бу идора қаерда?
– Унчалик узоқ эмас. Мана шу кўчанинг охиригача борасизлар. Майдондан ўтганингиздан кейин иккита чорраҳадан ҳам ўтасизлар. Ўнг томонда уч қаватли эски ғиштин бино бор. Оқ тахтада “Фуқаролик ҳолатларини қайд этиш бўлими” деб ёзиб қўйибди… Сизнинг саводингиз борми?
– Йўқ, жаноб, – деди Хайруллоҳ. – Менинг ҳам шахсий гувоҳномам йўқ…
Шундан сўнг иккаламиз Таълим ва тарбия бўлими бошлиғининг хонасидан чиқдик.
Зинлардан тушар эканмиз, ўзимга ўзим дердим: “Бу дунёда ҳамма раиснинг ҳам раиси бор бўлса керак. Агар шундай бўлса, дунёдаги барча раисларнинг раиси ким экан? Унинг тузилиши ва қиёфаси қандай экан?”.
Эски ғиштин бинони топиб бордик. Бу бинонинг ғиштлариям, зиналариям, хоналариям, деразалариям, ҳатто одамлариям эски экан. Одамларининг барчаси кўзойнак таққан, ориқ ва кекса эдилар. Худди ойим айтиб берган эртаклардаги қадимги одамлардек. Ўша одамлардан бири жудаям катта – катталиги одамнинг ярмича келадиган бир китобни очиб олганича сиёҳ билан унга бир нарсаларни ёзиб ўтирарди.
Шахсий гувоҳномани ҳам ана шу китоб катталигида чиқариш фикрларига келиб қолмаганига худога шукрлар қилдим. Агар одамнинг шахсий гувоҳномаси мана шунча катта ва оғир бўладиган бўлса, бундай шахсий гувоҳномани у ёқ-бу ёққа олиб боргунича одамнинг она сути оғзидан келарди. “Шахсий гувоҳнома берадиган идорада одамлар нега бунча қари бўладилар, китоблари ҳам нега бунча катта ва оғир бўлади?” деб қанча ўйласам ҳам ўйимнинг охирига етолмадим.
Мен ва Хайруллоҳ раислардан бирининг столи олдида турволиб унинг қандай қилиб ёзув-чизув қилаётганлигини томоша қилиб турганимизда у бошини кўтариб деди:
– Эшитаман?
Хайруллоҳ сўз бошлади:
– Шахсий гувоҳнома олгани келдик.
Раис яна бошқатдан ёзишга тушди ва пичирлаб бир нарса деди. Аммо унинг гапини на мен тушундим, на Хайруллоҳ.
– Бир нарса дедингизми? – деди Хайруллоҳ.
Кекса киши кўзойнагининг тепасидан унга қаради-да, ручкаси билан ўнг томонни кўрсатиб деди:
– Тўғрига борасиз!
Мен билан Хайруллоҳ ўзимизни орқага тортдик ва ручка йўналтирилган томонга қараб бордик. Бу томондаги стол ортида ўтирган раиснинг қиёфаси ҳам худди биз биринчи борган стол ортидаги раиснинг қиёфасига ўхшаб кетарди. Юзлари ва соқоллари ҳам бир-биридан фарқ қилмасди. Худди бир олманинг икки юзига ўхшашарди. Ҳайратдан ўзимни йўқотиб қўяй дедим. Яна бир марта биринчи раисга қарадим. Уларнинг кийимларигина бир-биридан фарқ қиларди. “Булар албатта эгизаклар бўлса керак, – дедим ўзимга ўзим. – Акс ҳолда фақатгина бир-бирларининг рўпараларида ўтирганликлари ва ҳар иккалалари ҳам шахсий гувоҳнома таёрлаш билан шуғулланганликлари учун қиёфалари бир хил бўлмаган бўларди”.
– Эшитаман?
– Шахсий гувоҳнома олгани келдик.
– Чақиргунимизча анави ерда ўтириб туринг.
Юмшоқ стулга ўтирганимиздан кейин яна бошқатдан бу идоранинг ҳамма жойига синчиклаб қараб чиқа бошладим. Бу ердагиларнинг барчаси бир хил қиёфада бўлиб, барчалари олдиларидаги катта китобларни очиб олганларича унга бир нарсаларни тез-тез ёзардилар.
Хайруллоҳдан сўрадим:
– Бугун шахсий гувоҳномамизни беришадими?
– Билмадим. Олдин билайликчи бунинг учун нима нарсалар керак экан.
Биз унинг столи ёнида ўтирган кекса раис бошини кўтарди-да, бизга қараб:
– Исми нима? – деди.
Мен тезда ўрнимдан бир қўзғалиб қўйдим-да:
– Абдуллоҳ! – дедим.
– Худойдод Карам, – деб қўшиб қўйди Хайруллоҳ. – Абдуллоҳ Худойдод Карам.
– Унда ким ўлган? – деб сўради кекса раис.
Мен Хайруллоҳга қарадим, Хайруллоҳ эса менга қаради. Ҳайратдан ўзимни йўқотиб қўяй дедим. Ахийри чайналиб дедим:
– Ким? Мен?!
Кекса раис эса худди мен бир ёмон гап гапириб қўйгандек тишларини ғижирлатди-да:
– Ким ўлган деб айтяпман? – деди. – Қайси санада?
– Ҳеч ким ўлгани йўқ, – деди Хайруллоҳ. – Биз шахсий гувоҳнома олгани келдик.
Кекса раис худди биров уни сўккандек кўзойнагининг тепасидан кўзларини ўқрайтириб қаради-да:
– Нега одамни масхара қиласизлар? – деди. – Ким шахсий гувоҳнома олгани келди?
Яна жиққа терга ботган Хайруллоҳ деди:
– Мана бу, укам…
Кекса раис яна тишларини ғижирлатиб:
– Унда онаси ўлган киши ким? – деди.
Сўнгра баланд ва асабий овозда қичқирди:
– Онасининг шахсий гувоҳномасини бекор қилмоқчи бўлган киши ким эди?
Бизнинг рўпарамиздаги стулда ўтирган киши кекса раиснинг столи олдига келиб деди:
– Мен эдим, марҳамат!
– Қаерда юрибсиз? Картангизни ёзиб тугатганимча бир пас кутиб туролмадингизми?
– Кечирасиз… Фотокопия олгани кетгандим.
– Исмини нима деб айтгандингиз?
– Моҳжон. Моҳжон Муҳаммадий.
Мен енгил нафас олдим ва Хайруллоҳга қарадим. Хайруллоҳ жилмайиб қўйди-да:
– Бу ерда ўлганларнинг шахсий гувоҳномаларини ҳам бекор қилишар экан, – деди.
– Қандай қилиб? – дедим.
– Шундай қилиб. Шахсий гувоҳноманинг устига чизиб қўйишаркан-да, “омин” дейишаркан!
– Шахсий гувоҳномалар увол кетмаслиги учун уни бошқа бирор кишига беришса бўлмайдими? Наргис ўлганида Сафдар унинг шахсий гувоҳномасини бошқа бировга керак бўлиб қолар деб сақлаб қўйган эди.
– Сафдарни қўй, унинг ақли камроқ ўзи.
Шундан сўнггина ушбу шахсий гувоҳнома идорасида ишлайдиган раисларнинг кекса ва эски бўлишларини тушуниб етдим. Чунки бир киши одамларга шахсий гувоҳнома берадиган бўлса, бошқа бир киши уларнинг шахсий гувоҳномаларини бекор қила олмайдида ахир. Бунақада ҳамма нарса аралашиб кетади-да. Яъни бирор кишига шахсий гувоҳнома берган раис шахсий гувоҳномалар ва одамлар бир-бирлари билан аралашиб кетмасликлари учун бир куни келиб ўша шахсий гувоҳноманинг эгаси оламдан ўтганида уни ўзи бекор қилиши керак. Бунинг учун эса кўп яшаши керак бўлади. Акс ҳолда ҳамма нарса…
Хайруллоҳ ўйларимни охирига етказмади. Тирсаги билан биқинимга туртиб:
– Тур! – деди.
Яна ўша кекса раиснинг столи олдига бориб худди онаси ўлган болалардек туриб олдик.
– Хўш, нима истайсизлар? – деди кекса раис.
– Шунчаки… – деди Хайруллоҳ гапини йўқотиб. – Мана бунга шахсий гувоҳнома олгани келдик.
– Нима бўлди? – деди кекса раис. – Шахсий гувоҳномасини йўқотганми?
– Йўқ, жаноб. Умуман шахсий гувоҳномасининг ўзи йўқ. Яъни бошидан шахсий гувоҳномасиз дунёга келган.
– Хўш, нега унда энди келдингиз? Биратўла хотин олаётган пайтида келардингиз!
– Энди шу пайтгача шахсий гувоҳномага унчалик эҳтиёжимиз йўқ эди. Шахсий гувоҳнома сўрайдиган одамга ишимиз тушмаганди. Бирор кишининг ҳам бизнинг шахсий гувоҳномамиз билан иши йўқ эди. Шахсий гувоҳнома олишга энди келганимизнинг сабаби шуки, укамни мактабга қўймоқчи эдик, улар эса шахсий гувоҳнома керак дейишди.
Шундан сўнг Таълим ва тарбия бўлими бошлиғи берган қоғозни кекса раисга берди. Кекса раис қоғозга қаради, кўзойнагини бир қўзғатиб қўйди, сўнгра қоғозни кўзининг олдига олиб бориб ўқиди.
– Биз шундайича шахсий гувоҳнома беролмаймиз-ку?! – деди у. – Шахсий гувоҳнома беришнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Кўчадан келган ҳар қандай кишига шахсий гувоҳнома беравермаймиз-ку?! Бунинг неча ёшда эканлигини, кимлигини, яқинлари ким эканлигини қаёқдан биламиз? Давлатнинг қонуни ўйинчоқ эмас-ку?!
– Мен акаси бўламан, яқини ҳам ўзимман. Ҳозир ёши ўн учда.
– Бор-йўғи шуми? Ёши ўн учда ва тамом вассалом?! Ҳиҳ… Сиз унинг акаси эканлигингизни биз қаёқдан биламиз.
– Мен бунинг акаси бўлмасам, унда ким унинг акаси? Мен ёлғон гапираётганим йўқ-ку?!
– Нима бўлганда ҳам буниси бизга қоронғи. Қонун бизнинг қўл-оёғимизни боғлаб қўйган. Туғилганлик ҳақидаги маълумотномасини олиб келинг, балким бирор иложини қилармиз.
– Туғилганлик ҳақидаги маълумотномаси ҳам йўқ, жаноб. Ўша кулбамизда дунёга келган. Онам дўхтир-пўхтирга борган эмас. Кимдан маълумотнома олиб келамиз?
– Бўлмаса унданам яхши! Марҳамат қилиб туринг-да, кетаверинг!
Хайруллоҳ ялинишга тушди:
– Сиз бир яхшилик қилинг, жаноб раис. Ахир умрининг охиригача шахсий гувоҳномасиз юролмайди-ку?! Бирор иложи бордир ахир?!
– Нега энди ўйлаяпсиз бу тўғрида? Дунёга келган пайтидаёқ шахсий гувоҳнома олишни ўйлашингиз керак эди.
– Энди шундай бўлган бўлса нима қилайлик? Бизга бирор йўлини кўрсатиб юборинг ҳеч бўлмаса!
Кекса раис ўйланиб турди-да, бунинг бир йўлини топгандек:
– Унда маҳаллангиздан гувоҳлик қоғози олиб келишингиз мумкин, – деди. – Маҳаллангизнинг оқсоқолларига имзо қўйдиринг-да, олиб келинг. Шунда бирор иложини қилармиз.
– Ахир уларнинг саводлари йўқ-ку?! Қандай қилиб имзо қўядилар?!
– Унда мен нима қилай?! – деди жаҳли чиққан кекса раис. – Бошимни айлантириб ташладиларинг-ку! Унда айтинг: бармоқларини босишсин. Қўллари синиб қолмагандир ахир?! Ҳеч бўлмаса бармоқлари бордир?!
– Унда, жаноб, сиз яна бир ёрдам берворасиз: ўша гувоҳлик қоғозини ўзингиз ёзиб беринг… Ахир бунақа ишларга бизнинг ақлимиз етмайдида!…
– Ўзим ёзиб берай? Нима деб ёзай? Йўқ, буни ўзингиз ёзишингиз ва ўзингиз имолашингиз керак!
– Бўпти, – деди ахийри Хайруллоҳ рози бўлиб. – Катта раҳмат. Эртага олиб келамиз. Сиз эртага бўласизми?
– Ҳа, эртага бўламан. Сиз ўша қоғозни олиб келаверинг, мен шу ерда бўламан.
Ҳали эшикдан чиқиб улгурмаган эдик ҳамки, кекса раис бизни чақириб қолди:
– Эсингизда бўлсин: гувоҳлик қоғозини туман полицияси ҳам тасдиқлаши керак. Акс ҳолда гувоҳлик қоғози ҳеч қандай кучга эга бўлмайди.
Нималар деяпти яна? Бизнинг маҳалламизда туман полицияси нима қилади?!
Хайруллоҳ орқасига қайтиб кекса раиснинг столи олдига борди.
– Кечирасиз, жаноб, – деди. – Бизнинг маҳалламизда туман полицияси йўқ.
– Туман полицияси йўқ?! Унда нима бор ўзи ўша маҳаллангизда?! Бўлмаса бошимни кўп айлантирманг-да, кетаверинг!
– … Ахир бизнинг айбимиз нима, жаноб?!
– Киши бир жойда яшасаю туман полицияси бўлмаса?! Ахир қандай қилиб туман полицияси бўлмаслиги мумкин?! Ундан кўра биратўла тоғнинг ортига, ҳеч нарсаси йўқ жойларга кўчиб кетинг-да, бемалол яшайверинг!
– Ахир сизга айтдим-ку: у ернинг оти Ҳалабийобод, ҳеч нарсаси йўқ. Нега менинг гапларимга ишонмайсиз? У ер Ҳалабийобод, на сув бор, на нон бор, на электр, на идора, на мактаб, на дўхтир, на туман полицияси, на… ҳеч нарсаси йўқ! Қуп-қуруқ чўл. Энди айтинг: биз нима қилайлик?
Хайруллоҳ жиққа терга ботган, ранги оқариб кетган ва овози ҳам титраб чиқарди. Кекса раис ҳам унинг асабийлашаётганини тушунди шекилли, гапни қисқа қилиб қўяқолди:
– Бўпти, унда гувоҳлик қоғозини олиб келаверинг, бирор йўлини қилармиз. Сиз ҳозир бораверинг!…
Идоранинг зиналаридан тушиб келганимизда куз офтоби кўчага ўзининг илиқ нурларини ёйган эди. Офтобнинг баданга ёқадиган нурлари остида ерга чўзилиб ухлагинг келарди.
– Абдуллоҳ! – деди акам хаёлимни бўлиб. – Анави Наврўзали амакининг қизи Гулпари ҳалиям борми ёки эрга тегиб кетганми?
– Йўқ, – дедим. – Ҳалиям бор. Нима ишинг бор эди?
– Ҳеч нарса. Мана шу гувоҳлик қоғозини ёзиб берадими девдимда.
Хайруллоҳ тўғри айтарди. Гулпари Наврўзали қизи маҳалламиздаги ягона саводли одам бўлиб, тўққизинчи синфгача ўқиган, кимки бирортага хатми ёки бошқа бирор нарсами ёзмоқчи бўлса, унинг олдига борарди. Баъзилар эса керак бўлса-бўлмаса унга бир нарсалар ёздириб юришарди.
Новвойхонанинг олдидан ўтиб кетаётганимизда оёқларим бўшашиб, кўнглим суст кетди. Иссиқ тандир ноннинг томоқни қитиқловчи ҳиди йўлакка ёйилган, мен каби бир қорни очқаган одам новвойхона тахтаси устига қўйилган нонларнинг барчасини олиб бир ямлашда ютиб қўяй дерди. Ичакларим қулдирай бошлаган эди.
– Ака, – дедим. – Юринг, биттагина нон олиб ейлик.
– Ҳозир Канизнинг уйига борамиз-ку, – деди Хайруллоҳ. – Агар қорнинг очқаган бўлса, майли, бирорта нон олиб бераман.
– Йўқ, – дедим. – Айтгандек, опамникига борамиз-ку. Ўша ерда ейишга бирор нарса топилиб қолар.
* * *
Маҳалламизга етиб келганимизда кун ботишига озгина қолган эди. Шунчалик чарчаган эдимки, биринчи кулба – Салимхоннинг кулбаси олдидаёқ ерга чўзилиб ётгим ва ухлагим келди.
Ойим бир пушта лой тайёрлаб олганича девор ёриқларини суваш билан машғул эди. Тез-тез нафас олар экан:
– Ёриқлардан шамол киради, кулбани иситиб бўлмайди, – деди. Сўнгра эътиборини бизга қаратиб деди:
– Нега бунча кеч қолиб кетдинглар? Мактабга қабул қилиш шунча вақтни оларканми? Ичкарига киринглар, дадангнинг иссиғи чиққан, оловдек ёняпти бояқиш.
– Ахир эрталаб дўхтирга олиб борай деганимда кўнмадилар-ку?! – деди Хайруллоҳ жиғибийрон бўлиб. – Ўжарликлари тутиб қолса ҳеч нарсага кўнмайдилар! Агар биз билан дўхтирга борганларида эди, иккита хапдори ичардилар, аҳволлари бир оз бўлсада яхшироқ бўларди.
Кулбанинг ичидан туриб Хайруллоҳнинг гапларини эшитган дадам бўғиқ овозда:
– Қайси пулимизга дори сотиб олардинг?! Ўғрилик қилиб топардингми пулни?!…
Дадам яна бир нарсалар деди, аммо мен қолган гапларини тушунмадим.
Йиғламсираб ойим:
– Ҳозир бирор йўлини қилмасанг бўлмайди, болам, деди. Бундай ётаверса бирор нарса бўлиб қолмасин тағин.
– Майли, ойижон, – деди Хайруллоҳ. – Агар дўхтирга бораман десалар ҳозир ҳам олиб боришга тайёрман.
Мен эса итдай чарчаган эдим. Чўзиламан-да, уйқуга кетаман, дея кулбанинг ичига кирдим. Дадам калласини кўрпага ўраб олган эди. Ўша ҳолатда хир-хир этиб бир нарса деди-да, жим бўлди.
– Нима дедилар? – деди Хайруллоҳ.
– Ҳеч нарса, – деди ойим. – Эрталаб бораман дўхтирга деди.
Қоронғуликда бир нарсалар тикиш билан машғул бўлган Ҳалима сўраб қолди:
– Отингни мактабга ёздириб келдингми, Абдуллоҳ?
Менинг эса савол-жавобга ҳафсалам йўқ эди.
– Йўқ, – дедим. – Эртага шахсий гувоҳномангни олиб келинглар деди.
– Унда ҳолинггга маймунлар йиғларканда!
Ҳалима яна нималар деганини тушунмадим. Қовоқларим зил бўлиб, уйқу босиб келарди.
Эндигина кўзим илинган экан ҳамки Хайруллоҳнинг овози уй-қумни бузиб юборди:
– Абдуллоҳ, ухлаб қолма! Бориб манави гувоҳлик қоғозини ҳам биратўла тўғрилаб келайлик.
Оғзимни катта очиб эснадим-да:
– Ўзингиз бораверсангиз бўлмайдими? – дедим.
– Сенам мен билан бирга борсанг яхшироқ. Ҳеч йўқса сени кўрсалар ҳар хил баҳона тўқиб ётишмайди.
Минг машаққат билан ўрнимдан турдим. Хайруллоҳ билан тортишиб ўтиришнинг фойдаси йўқ эди. Ўзимни мажбурлаб оёқда турардим.
– Ҳеч бўлмаса бир тишлам нон еб кетинглар, – деди Ҳалима.
Қўлларидаги қуриб қолган лойларни тозалаётган ойим ҳам унга қўшилди:
– Ҳа, болаларим, бирор бурдадан нон еб кетинглар. Ҳозир сизларга чой қўяман.
Хайруллоҳ эса шошарди.
– Сизнинг чойингиз қайнагунигача биз қайтиб келамиз, – деди. – Ишимиз унчаям кўп эмас.
Сўнгра Ҳалимага қараб деди:
– Ҳалима, тур ўрнингдан. Гулпариларникига бориб келамиз.
Гулпарининг отаси Наврўзалининг кулбаси бизнинг кулбамиздан тўртта кулба нарида эди. Шимол томондаги чўлдан эсадиган совуқ шамоллардан пана бўлиш учун ўз кулбаларини бир тепалик ёнида қуришган эди.
Гулпари йўқ экан.
– Сакина холаникига кетган эди, – деди Наврўзали амаки.
Сўнгра Ҳалимага қараб:
– Бор, айтиб кел, – деди. – У ерда қиладиган иши ҳам йўқ. Шунчаки бекорчиликдан бир айланиб келай деганди.
Ҳалима чиқиб кетиши билан Наврўзали амаки деди:
– Бу томонларга қайси шамоллар учирди, Хайруллоҳ?! Анчадан бери бу томонларга келмай қўйгандинг?!
– Нимаям қила олардим, Наврўзали амаки, – деди Хайруллоҳ. – Келиб-кетиш осон эмас, йўл узоқ.
Наврўзали амаки букчайиб қолган белини ушлаганича кулба бурчагида ёниб турган печканинг устидан қорайиб кетган човгумни олди-да, унга битта пиёла ва битта бордоқ қўшиб бизнинг олдимизга олиб келди. Менга пиёлада, Хайруллоҳга эса бордоққа чой қуйиб узатди. “Яхши бўлди, – дедим ичимда қувониб. – Ҳеч бўлмаса пиёладаги чой тезроқ совийди”.
Шу пайт Гулпари кулбанинг эшигига осилган гиламни чеккага суриб ичкарига кирди ва салом берди. Хайруллоҳ унинг саломига алик олгандан сўнг:
– Гулпари хоним, бизга бир гувоҳлик қоғози ёзиб берасизми деб келгандик, – деди.
Наврўзали амаки сўради:
– Қандай гувоҳлик қоғози?
– Маҳалладан гувоҳлик қоғози, – деди Хайруллоҳ. – Абдуллоҳга шахсий гувоҳнома беришлари учун маҳалла аҳолисидан ана шу гувоҳлик қоғозига имзо йиғишимиз керак экан. Идорадан шундай деб айтишди.
– Кимга имзо қўйдирасизлар?
– Маҳалламизнинг оқсоқолларигада! Ахир шаҳарга бориб гувоҳ тополмаймиз-ку?!
– Ахир бу ерликларнинг имзоларини тан олишмайди-ку?! Масалан, меникини ҳам! Ахир сенинг гувоҳлик қоғозингни имзолашим учун ўзимда шахсий гувоҳнома бўлиши керак-ку?!
– Бунинг учун шахсий гувоҳноманинг нима кераги бор? Сиз Абдуллоҳга шахсий гувоҳнома беришлари учун имзо қўясиз, холос.
– Менинг нима тўғрисида гапирганимни тушунмадинг. Мен сизларнинг гувоҳлик қоғозларингизни имзолашим учун ўзимда ҳам шахсий гувоҳнома бўлиши керак. Гувоҳлик бериш шунчаки амалга ошадиган иш эмас-ку! Бунинг учун одамда шахсий гувоҳнома бўлиши лозим. Шахсий гувоҳномаси бўлмаган юзта одамнинг имзосини йиғиб чиқсанг ҳам бу имзолар ҳеч қандай кучга эга бўлмайди.
– Унда нима қилишимиз керак? Шахсий гувоҳномаси бўлган кишини қаердан топамиз?
– Мана шуни айтаман-да! Гулпарига шахсий гувоҳнома олгунимизча ҳам биз ана шу муаммога дуч келган эдик. Бу оворагарчилик бизнинг бошимизга ҳам тушган эди. Сиз энди бир неча шахсий гувоҳномаси бўлган бир неча обрўлироқ кишини топишингиз керак, ўшалар сизнинг гувоҳлик қоғозингизни имзолай оладилар. Ахир ўзининг шахсий гувоҳномаси бўлмаган киши қандай қилиб бошқа бир кишига шахсий гувоҳнома беришлари учун гувоҳлик бериб имзо қўя олади?
Хайруллоҳ бир оз ўйланиб турди-да:
– Унда Гулпари хоним гувоҳлик қоғозини ёзиб бераверсин, сўнгра бирор чорасини ўйлаб топармиз, – деди. – Балким идорадагилар индамасдан қабул қилиб қолишар. Ахир биз имзо қўйган кишиларнинг шахсий гувоҳномалари йўқ экан, деб айтмаймиз-ку!
Наврўзали амаки яна бошқатдан тушунтиришга уринди:
– Мен нима деб тушунтирдим сенга? Ахир давлатнинг иши ўйинчоқ эмас-ку! Бунинг учун ҳужжат сўрайди, нусха сўрайди, қоғоз сўрайди…
– Хўп, ёзиб бераверсин, – деди Хайруллоҳ ҳам бўш келмай. – Ҳар ҳолда зарари йўқ-ку. Балким қабул қилиб қолишар. Бошқа қандай иложимиз бор?
– Бўпти, ёзаверсин – деди Наврўзали амаки. – Ҳозир Гулпари ўтириб ёзиб беради. Ёзмасин деяётганим йўқ. Аммо буларни қулоқларингга қуйиб олинглар деб айтяпман. Яна эртага: “Нега биздан икки-уч куйлак кўпроқ йиртган Наврўзали амаки буларни бизга айтмади?” деб юрманглар!
Гулпари қозоз, қалам олиб келди, фонусни ёқди ва отасининг ёнига ўтирди-да:
– Нима деб ёзай? – деди.
Наврўзали деди:
– Ёз: “Гувоҳлик берилади шул ҳақдаким, Абдуллоҳ Худойдод Карам, Карамали ўғли, бир мингу…” Нечанчи йилда туғилганди, Хайруллоҳ?
– Билмадим. Ҳозир ёши ўн учда… Ёзнинг ўртасида туғилганди. Аммо нечанчи йил, қайси ой, қайси кунлигини билмайман.
Наврўзали ўйланиб турди-да:
– Қайси ой бўлиши мумкин? – деди.
Сўнгра бармоқлари билан санади:
– Бир, икки, уч, тўрт, беш… Демак “бундан ўн уч йил олдин бешинчи ойда туғилган. Шахсий гувоҳномаси йўқ”. Мана шу! “Унга шахсий гувоҳнома беришингизни сўраймиз”.
Гулпари отасининг айтганларини тез-тез ёзди. Сўнгра қоғозни Хайруллоҳнинг қўлига берди. Хайруллоҳ бир оз қоғозга тикилди ва худди саводи бор кишилардай унинг бошидан охиригача қараб чиқди-да:
– Катта раҳмат! – деди.
Шундан сўнг қоғозни Наврўзали амакининг қўлига бериб:
– Наврўзали амаки, – деди, – Битта имзо қўйиб бероласизми?…
– Майли, – деди Наврўзали амаки. – Мен имзо қўяман. Аммо ҳалиям ўша айтган гапим. Бу қоғоздан сизларга ҳеч қандай фойда йўқ!
Сўнгра қоғозни тиззасининг устига қўйди-да, Гулпарининг қўлидан қаламни олиб унга жудаям эҳтиёткорлик билан имзо чекди ва Хайруллоҳнинг қўлига қайтариб берди.
Хайруллоҳ шошганича ташқарига чиқиб кетди. Мен ҳам пиёладаги чойимни тез-тез ҳўплаб ичдим-да, унинг ортидан югурдим. Аммо шу пайт Наврўзали амаки чақириб қолди:
– Абдуллоҳ… Абдуллоҳ!
Ортимга қайтдим.
– Мана бу сиёҳни ҳам олволгин, – деди. – Кимки бармоқ босмоқчи бўлса ишлатасизлар.
Ташқари ҳали унчалик қоронғи бўлмаган эди. Бундай пайтларда ҳамиша кўпчилик одам бир-бирларини кўриб ҳол-аҳвол сўрашиш, шунингдек, юракни сиқадиган қоронғи кулбаларига кириб кетишга мажбур бўлмасликлари ва ёки керосинларини бекордан бекорга фонусга ем қилмасликлари учун кулбаларининг олдида тўпланиб туришарди.
Иброҳимбек ҳам кулбасининг олдида, бир темир бидоннинг устида ўтирганича қўшни кулбада турадиган қари кампир Гулбиби билан гаплашиб ўтирарди. Иброҳимбекнинг аҳволи бошқаларникидан яхшироқ бўлса-да, шунчалик хасис эдики, қоронғу тушмагунича хотини ва болаларига фонусни ёқишга рухсат бермас эди. Осмонга ой чиққан кечаларда эса ойнинг нури кулбанинг ичига тушиши ва фонус ёқиб ўтирмасликлари учун кулбасининг эшигига тутилган гиламни кўтариб қўйишларини буюрарди.
Хайруллоҳ салом берди-да:
– Иброҳим амаки, – деди. – Мана бу гувоҳлик қоғозининг остига битта имзо қўйиб юборасизми?
– Гувоҳлик қоғозинг нимасийди? – деди Иброҳимбек.
– Ҳеч нарса эмас, Иброҳим амаки. Абдуллоҳга шахсий гувоҳнома олмоқчимиз, холос. Наврўзали амаки ҳам имзо қўйди.
Иброҳимбек бошини орқага тортди-да, сарак-сарак қилиб:
– Йўқ-йўқ, Хайруллоҳ! – деди. – Мен имзо қўймайман. Имзонинг жавобгарлиги бор.
– Қанақа жавобгарлик?! Унда нега Наврўзали амаки имзо қўйди?
– У имзо қўйган бўлса қўяверсин. У ўзини томдан ташласа мен ҳам ташлашим керакми? Йўқ, мен имзо қўймайман. Имзонинг жавобгарлиги бор.
Мен ҳам гапга қўшилдим:
– Бўпти, Иброҳим амаки. Имзо қўймасангиз бармоғингизни босақолинг! Бармоқ босса ҳам бўлаверади.
У менга қараб бир ўқрайди-да:
– Бармоқ босишнинг ҳам жавобгарлиги бор, – деди. – Имзо қўйиш билан бармоқ босишнинг нима фарқи бор?!
Иброҳимбекнинг имзосининг баҳридан кечиб қўя қолдик.
– Гўрга! – деди Хайруллоҳ. – Дурмаликнинг олдига борамиз.
Дурмалик жудаям хушмуомала одам эди. Дадамнинг айтишига қараганда, олдинлари чўпон бўлган, кейинчалик эса чўпонликни ташлаб шу ерга – Ҳалабийободга келиб қолган.
Унинг ўша олдинги чўпонлик ҳаётидан биргина най унга мерос бўлиб қолган эди. Ҳамиша кун ботар чоғда кулбасининг олдида ёлғиз ўтириб олганича ўзича най чалиб қўшиқ айтаверарди. Дадам дерди: “Ҳар доим Дурмалик чалган найнинг кўнгилни ўртовчи овозини эшитганимда қишлоқда ишлаган ўша олис йилларим эсимга тушиб кетади. Дурмаликнинг овози менга ўша олис пахтазорлар ва шолизорларни эслатади. Ўша Гўргон чўллари ва даштларини эсга солади… Оҳ, қандай даврлар эди-я!”
Дурмаликнинг чодири олдига етганимизда ҳар доимгидай бир тупроқ тепачанинг устида ўтириб олганича най чалиш билан машғул эди.
– Ҳормасинлар, Дурмалик оғо! – деди Хайруллоҳ.
– Салом, Хайруллоҳ Карамали! – деди Дурмалик. – Биз томонларга қайси шамоллар учирди? Қачон сафардан келдинг?
– Кеча келгандим. Индин кетишим керак. Эртага мана буни мактабга қўйиб келаман. Шунда кўнглим жойига тушади. Бизга ўхшаб юрмасин дейманда!
– Баракалла, Хайруллоҳ! Мусулмоннинг ишини қиляпсан. Худо хайрингни берсин! Укаларингга эътиборсиз эмассан. Бу болалар худди беозор ва бегуноҳ қўзиларга ўхшайдилар. Агар уларни бир озгина кўздан қочирсанг, бўрининг чангалига тушиб қолишади.
– Мана бу ерга бир бармоқ босиб юборасизми, Дурмалик оғо?
– Бу нима?
– Ҳеч нарса. Абдуллоҳга шахсий гувоҳнома олишимиз учун керак бўлган гувоҳлик қоғози.
Дурмалик тезда бармоғини сиёҳга ботириб қоғознинг устига босди.
– Мана бу имзо ҳам сизларга! – деди. – Боринглар, илойим ишларинг ўнгидан келсин!
Шундан сўнг бир кулиб қўйиб, яна найни лабининг чеккасига қўйди-да, одамга ўша пахтазорлар ва шолизорларни эслатадиган ғамгин куйини чалишга тушди. У ҳам най чалар, ҳам қўшиқ айтарди. Шунчалик узоқ най чалиб қўшиқ айтганидан чарчаб қолар, баъзи кечалари ўша ернинг ўзида, тупроқ устида чўзилиб ухлаб ҳам қоларди.
Дурмалик гўё Ҳалабийободда эканлигини унутиб қўйгандек, худди ўзини ўша қўйлари ва эчкилари орасида юргандек ҳис қилар, у устида ўтириб най чалаётган ана у тепача ҳам ўша олис яйловлардаги тепаликлар эмас, балки темир-терсак, чириган мева-чевалар, жанда кийимлар ва синган шишаларнинг уюми эканлигини билмасди.
* * *
Уйга етиб келганимизда мен чарчоқнинг зўридан йиғлагим келарди. Бу пайтда ҳаво қоп-қоронғи бўлиб улгурган, ойим фонусни ёқиб дадамнинг бош томонига қўйиб қўйганди. Носир билан Малакноз ухлаб қолишган, Ҳалима эса қўшни аёллар билан бирга маҳалламиздан икки юз – уч юз қадам юқорироқда бўлган ахлатхона томонга кетган эди. Маҳалламиз одамлари ушбу ахлатхонада ахлатларни титиб, бирор нарсага яраб қоладиган турли нарсалар топиб олишарди.
Кечалари шаҳар коммунал хўжалиги идораси ахлатларни ёққанда унинг сассиқ ҳиди маҳалламизга ёйиларди. Аммо шунга қарамасдан ахлатхонанинг шу яқин орада эканлиги яхши эди. Ойим айтарди: “Худога шукрки, шаҳар ҳокимларининг калласига ушбу ахлатхонани бу ердан йиғиштириб бошқа бирор жойга кўчириш келмаган. Акс ҳолда қора кунимиз бундан-да қоронғу бўларди. Худога шукр! Худога минг бора шукр!”
Ойим тўғри айтарди. Чунки ҳамиша у ердан кунимизга яраб қоладиган бирор нарса топса бўларди: ҳали кийса бўладиган йиртилган кийимлар ва пойабзаллар, ишлатса бўладиган рухли ва пластик идишлар… Ҳатто бизга керак бўлмаганида ҳам уларни шаҳарга олиб бориб, эски буюмларни сотиш билан шуғуланадиган кишиларга бериш, уларнинг ўрнига нақд пул ёки керакли бирор нарса олиш мумкин эди. Баъзи пайтлари ахлатхонадаги қутилар ичидан ҳали уринмаган сабзавотлар ва мева-чевалар ҳам топиб олиш мумкин эди. Фақат бунинг учун одамнинг кўзлари худди бургутнинг кўзидек ўткир бўлиши керак. Ўшандагина ахлатлар орасидан топилган бундай “ўлжалар”га қирғий каби чанг солиш мумкин.
Ўзим ҳам вақт топганимда маҳалламизнинг болалари билан ахлатхонага борардим. Одамнинг омади чопса қимматбаҳо нарсаларни ҳам топиши мумкин эди. Ҳалигача одамлар Рамон Марзуйи ахлатхонадан топиб олган олтин узук тўғрисида гапириб, уни ўзлари топиб олмаганлари учун ҳасрат чекишади. Аммо Хайруллоҳ бизнинг ахлатхонага боришимизни ёқтирмасди. “Ахлатхонада нима бор сизларга?! – дерди у жаҳли чиқиб. – У ердаги нарсалардан ё касал бўласиз, ё ўласиз!”
Лекин бунга ким ҳам қулоқ соларди? Ҳатто Хайруллоҳ уйда бўлган кунлари ҳам ойим билан Ҳалима кечалари секин билдирмасдан ахлатхонадан “хабар олгани” чиқиб кетишарди.
Кечки овқатга нон ва помидоримиз бор экан. Помидорларни ойим ўша ахлатхонадан топиб олган эди. Ювиб, тозалаб дастурхонга қўйишган, аммо буни Хайруллоҳга айтишмаганди. Акс ҳолда у жанжал қилиши ва емаслиги мумкин эди. Менинг эса овқатланишга умуман ҳафсалам йўқ эди. Ойим билан Хайруллоҳ гурунгга берилиб кетишганда секингина дадамнинг кўрпаси остига кирдим-да, ҳали баданим яхшигина исимасдан туриб уйқуга кетдим. Тушимда ўша мактабни, бирда тўп ўйнаётган ва яна бирда синфда дарс ўтаётган ўша болаларни кўрардим. Сўнгра Таълим ва тарбия бўлимида Хайруллоҳ иккаламизнинг овораю сарсон бўлиб юрганимиз тушимга кирди. Жаноб раис эса ҳадеб: “Бўлмайди! Агар бўлганида ўзим ёзиб берардим”, дерди. Сўнгра эса шахсий гувоҳнома берадиган идорада ёлғиз турардим, ўша эгизаклардек бир-бирига ўхшаб кетадиган икки раис ҳам ўзларининг ўша катта китобларини олдиларига қўйиб олганларича кўзойнаклари устидан менга қараб: “Шахсий гувоҳномангни олиб кел, бекор қиламиз!” дейишарди. Мен эса қўрқиб кетганимдан ўша икки раисни кўрмайин деб кўзларимни қаттиқ юмиб олгандим. Аммо юмуқ кўзларим ортидан ҳам уларни кўрардим, улар эса худди мурдаларнинг юзларига ўхшаб кетадиган башараларини менга қаратганларича олдимга келишарди. Қанча қочай деб уринсам ҳам қочолмасдим, мактаб болалари эса менинг устимдан кулишар ва жўр овозда: “Ўҳҳў! Офтоб қаёқдан чиқди…” дейишарди.
Чўчиб уйқудан уйғониб кетдим. Жиққа терга ботгандим. Ойим билан Хайруллоҳ эса ҳалиям ўтириб гаплашишарди. Дадам ёнимда ухлаб ётар, мен эса совқотардим.
Кўзларимни юмиб олдим. Ойим билан Хайруллоҳ мен тўғримда гаплашишарди. Қулоғимни динг қилдим.
– Қўйинг, уйғотманг, – дерди Хайруллоҳ. – Майли ухласин. Бечора кеча кечаси ҳам мижжа қоққани йўқ. Бугун ҳам бола бечора роса чарчади. Бугун кечаси унинг ўрнига мен бориб ишлайман.
Бирданига корхона эсимга тушиб кетди ва бугун кечаси Хайруллоҳ менинг ўрнимга бормоқчи эканлигини эшитиб, суюниб кетдим. Тўғриси, агар ўзим бораман деганимда ҳам боролмасдим. Чунки чарчоқнинг зўридан аъзойи баданим майда-майда бўлиб кетгандек эди. Аммо шунинг билан биргаликда Хайруллоҳнинг индин Бандар Аббосга қайтиши кераклигини эсласам унгаям ичим ачиб кетарди. Бечора, кеча келганидан бери менинг ишим ортидан югуриб юрарди.
Шу пайт Хайруллоҳ менинг ўрнимга ишга бориши учун ўзимни ухлаганга солиб номардлик қилганимни ҳис қилдим. Ўпкам тўлиб, кўзимдан ёш оқиб туша бошлади. “Гўрга! – дедим ўзимга ўзим. – Чарчаган бўлсам ҳам, бир амаллаб ўрнимдан тураман-да, Хайруллоҳга: “Сенга пишириб қўйгани йўқ, нима, менинг оёғим синганми, менинг ўзим боравераман”, дейман”. Оёқларимни йиғиб ўрнимдан турмоқчи бўлдим. Аммо… эйвоҳ, оёқларимда қимирлашга ҳам мадор йўқ эди. Ўрнимдан туришга бир-икки уриндим-да, тинкам қуриб яна жимиб қолдим ва қандай қилиб яна уйқуга кетганимни билмай қолдим. Яна кўз олдимга ўша икки раис келди. “Карамали ўлди, шахсий гувоҳномасини бекор қилгани келдик”, дейишди улар. Сўнгра ўша мактаб болалари келишди ва ўша китобларини жўр овозда ўқишди. Дурмалик эса тепачанинг устида ўтирволганича болалар учун най чаларди.
Яна уйқумдан уйғониб кетдим. Энди кулбада на ойим бор эди, на Хайруллоҳ. Носир билан Малакноз пишиллаганларича жимгина ухлаб ётишарди. Шу чоқ бирданига “яна дадам ўлиб қолган бўлмасинлар”, деган ўй миямга яшиндек урилди. Қўрққанимдан қалтирай-қалтирай дадамга қарадим. Йўқ, худога шукр, нафас оляпти. Аммо нафас олишдаги хириллаши кучайган эди. Гулбиби кампирнинг бир марта ойимга айтган гаплари эсимга келди. “Эрим вафот қилганида қабристонда дафн қилгани қўйишмаганди”, деганди у ўшанда.
“Дадам вафот қилганда уни қабристонда дафн этгани қўйишсинда ишқилиб! – дедим ўзимга ўзим. – Агар қўйишмаса унинг мурдасини нима қиламиз?”
Оғзим қуриб кетди. Гўё ушбу ўйлар борган сари мени чанқатаётган эди. Терлаб кетгандим. Ўрнимдан туриб бир пиёла сув ичдим-да, яна ўзимни кўрпанинг остига урдим.
Эндигина баданим исиб кўзим илинган экан ҳамки дадам чақириб қолди:
– Абдуллоҳ!… Абдуллоҳ…
– Ҳа.
– Тур ўғлим, бир пиёлагина сув олиб бергин, сувсадим.
Малол келиб кўрпанинг тагидан чиқдим ва сув тўлдирилган сувдоннинг олдига бордим. Ундан бир пиёла сув олдим-да, олиб келиб дадамга бердим. Дадам сувни ичиб, пиёлани менга берди. Пиёлани стулнинг устига қўйдим-да, яна ўзимни кўрпанинг остига урдим. Бу сафар яхшилаб исиб олиш учун бошимгача кўрпага ўралиб олдим. Яна кўзим уйқуга илиниши билан Дурмалик, шахсий гувоҳнома берадиган раислар ва мактаб болалари кўз олдимга келишди.
Эндигина уйқуга кетган эдим ҳамки яна кимдир мени чақираётганини эшитдим:
– Абдуллоҳ! Абдуллоҳ…
Кўзларимни очиб қулоқ солдим. Яна дадам чақираётган эди. Ўзимни ухлаганга солиб жим ётавердим. “Яна сув олиб кел десалар керак”, дедим ўзимга ўзим.
Дадам яна чақирди:
– Абдуллоҳ,… Абдуллоҳжон ўғлим…
Қўрслигим тутди. Кўрпани устимдан отиб юбордим-да:
– Ҳа, – дедим зарда билан. – Яна нима дейсиз?!
Дадам тўшакда тирсагига суяниб ярим турган ҳолда томоғидан зўрға чиқаётган хириллоқ ва синиқ овозда деди:
– Манави ёстиқни орқамга қўйиб бер, ўтираман.
Шунчалик жаҳлим чиқдики, дадамга бир нарса деб юборай дедим. Аммо ўзимни тутдим-да:
– Жимгина ухлайвермайсизми?! – дедим. – Ярим кечаси нима қиласиз ўтириб?!
Дадам ярим кўтарган бошини яна ёстиққа қўйди-да:
– Майли, ўғлим, майли, – деди. – Ухлайвер, керак эмас!
Шу пайт дадамга ўзимнинг ичим ачиб кетди.
– Турақолинг, – дедим. – Келинг, ёстиқни орқангизга қўйиб бераман.
Дадам бошини чайқаб “йўқ” ишорасини қилди-да, бошқа ҳеч нарса демади. Кўзларини чодир ўртасидаги устунга тикканича қотиб қолди. Кўзлари ёшга тўлгандек кўринди. Қилган ишимга пушаймон бўлдим. Ўзимни лаънатладим-да, ўрнимдан туриб бошига бордим.
Ранги қоғоздек оппоқ бўлиб кетган эди. Бошини менга томон бурди-да, жилмайди. Кўзларида бир дунё меҳр жам бўлган эди. Ажин босган қўлини қўлларим орасига олдим. Муздай эди.
– Дадажон, ойимни айтиб келайми?
Ҳеч нарса демади. Яна кўзларини очди ва лаблари қимирлади. Аммо овоз чиқмади.
Бирданига баданим музлаб, титрай бошладим. Совуқ шамол кулбанинг эшигига тутилган гиламни чеккага суриб юборди. Фонусдаги олов лип-лип қилди, аммо ўчиб қолмади. Баданимга ғалати бир қўрқув ўрлади ва кейин нима бўлганини тушунмадим. Жиннилардек кулба эшигигига тутилган гиламни шарт четга сурдим-да, ўзимни ташқарига урдим.
Бирпасда ахлатхонага етиб бордим. Ойим билан Ҳалима эндигина маҳалла томон келишаётган экан.
Ойим мени кўриши билан шошиб қолди ва сўради:
– Нима бўлди, Абдуллоҳ? Нега рангинг ўчиб кетган?
Гапиришга қанча уринмай гапиролмадим. Фақат:
– Ойи, дадам… дадам… – дея олдим холос.
Шундан сўнг йиғлаб юбордим. Ойим ахлатлар орасидан йиғиб олган нарсаларини ерга отиб юборди-да, икки қўли билан бошига қаттиқ муштлаб дод солганича чодиримиз томон югуриб кетди. Ҳалима ҳам ойимнинг ортидан югурди. Мен эса нима юз берганини билганим учун чодиримизга боришга шошилмадим. Шошилганимда ҳам оёқларимда мадор қолмаган эди.
Ойим билан Ҳалиманинг нола-фиғони маҳаллани тутган эди. Чодирнинг ичига киришга юрагим йўқ эди. Чодир ташқарисида ерга ўтирдим. Ойим ва Ҳалиманинг йиғи-сиғилари ва нола-фиғонларини эшитардим. Аммо, билмадим, негадир менинг кўзимга ёш келмас эди. Бир неча дақиқа олдин тирик бўлган дадамнинг ўлганига ишонгим келмас эди.
Кўзларимни осмонга тикдим. Юлдузлар ҳар доимгидан ҳам ёруғроқ эдилар. Худди сувга тушиб кетгандек, осмон бағрида милтирашар ва титрашарди.
Маҳалламизнинг кулбалари ва чодирларидан бирин-кетин одамлар чиқиб бизнинг кулбамиз томон келишарди.
* * *
Хайруллоҳга қандай қилиб хабар қилишганини билмадим. Келганида юзида ранг йўқ эди. Аммо йиғламасди ҳам. Малакнозни Гулпарининг, Носирни эса Дурмаликнинг олдига жўнатаркан:
– Болаларнинг бу ерда бўлишлари яхши эмас, – деди.
Шундан сўнг менга қараб деди:
– Ўрнингдан тур, Абдуллоҳ, ўрнингдан тур! Шу бўй-бастинг билан ўтирволиб йиғлаяпсанми?! Ўрнингдан тур. Тез-тез ишга киришайлик.
Шундан сўнг енгларини шимарди-да, ишга киришди.
– Ёрдам берадиган бирорта борми? – деди. – Тепаликнинг орқасига ўтайлик, мурдани ювишимиз керак.
Наврўзали амаки билан Раҳмон Ҳамудий унга эргашишди. Ўзимизникида бир сувдон сув бор эди, яна икки сувдон сувни қўшнилардан қарзга олишди. Дадамни бир кўрпага ўраб олиб кетишди. Эрта тонгда уни ювиб бўлишган экан.
* * *
– Агар мурдани қабул қилишмаса нима қиламиз? – деди Хайруллоҳ.
– Униси менинг бўйнимда! – деди Наврўзали амаки. – Ахир биз ҳам одаммиз-ку?! Уч-тўртта ёши каттароқ киши йўлга тушайлик. Бориб айтамиз: биз ҳам одаммиз, бу ҳам бизга тегишли одамнинг мурдаси. Сен ташвишланма, Хайруллоҳ. Ишимиз тўғри бўлади, иншооллоҳ!
Кичик юк машинаси бўлган Аҳмад оғо эрталаб сотгани сув олиб келганида Наврўзали амаки унга деди:
– Аҳмад оғо, бир савоб иш қилгин: мана бу мурдани Беҳешти Заҳро қабристонига олиб бориб бергин.
Аҳмад оғо эса кўнгли чопмай деди:
– Машинам расво бўлади. Мен мусулмонлар учун сув ташийман. Расво қилсам яхши бўлмайди.
– Мурда тоза, ғусл қилдик.
– Мурда мурда-да барибир.
У шундай деди-да, сув тўла сувдонларини сотиш учун машинасидан сакраб пастга тушди.
– Мен катта кўчага чиқиб бир кичик юк машинаси топиб келаман, – деди Хайруллоҳ. – Қайтиб келгунимча мурда мана шу ерда туриб турсин.
Хайруллоҳ машина топиб келгунига қадар соат ўн бўлди. Машина келиши билан дадамни тоза бир кўрпага ўрадилар-да, машинанинг орқа томонига ортдилар. Наврўзали амаки билан Хонмуҳаммад машинанинг олдига, Хайруллоҳ билан Дурмалик эса машинанинг орқа томонига, мурданинг олдига ўтиришди. Мен ҳам бораман деб қанча ўзимни урмай, ўзлари билан бирга олиб кетишмади.
– Бориб нима қиласан? – деди Хайруллоҳ. – Ҳали у ердаям мингта муаммомиз бор. Ҳали бизнинг ўзимизни у ерга киргизишлари номаълум. Мурдани дафн қилиш томошами сенга?! Сен болаларнинг олдига бор, қийналишиб қолишмасин!
Дадамни олиб кетишлари билан чодиримиз томон қайтдим. Эркаклар ўша атрофда тарқалиб туришар, аёлларнинг эса баъзилари ташқарида, бошқа баъзилари чодирнинг ичида ойим билан Ҳалиманинг ёнида ўтиришарди. Энди йиғи-сиғи тугаган, пичирлаб гаплашишлар бошланган эди. Ҳатто ойим билан Ҳалима ҳам энди йиғлашмас, кеча кечаси тўккан кўз ёшларининг ўрни юзларига қора из солган эди. Ойим мени кўриши билан сўради:
– Кетишдими?
– Ҳа, кетишди, – дедим. – Аҳмад оғо олиб бормади, номард! Энди уни нима қилишни ўзим биламан.
Шундан сўнг ташқарига чиқиб эркакларнинг орасида ўтирдим.
Алебастр корхонасида ишлайдиган Салимхон деди:
– Ўлим ҳақ, Абдуллоҳ. Бекорга ўзингни қийнамагин. Бориб шахсий гувоҳномангни ол-да, мактабингда ўқигин. Шундагина раҳматли отангнинг руҳи шод бўлади.
Шундан сўнг деди:
– Ҳозир ўрнингдан тур! Бундай мотам тутиб ўтирма. Юр, бизнинг чодиримизга борамиз. Бир пиёла янги дамланган чойдан ичгин, озгина ўзингга келиб оласан.
– Йўқ, Салим амаки, – дедим. – Боргим келмаяпти.
– Нега боргинг келмаяпти?
У шундай деди-да, жилмайиб:
– Бизнинг чойимизни кўрсанг боргинг келиб қолади, – деди. – Қани, тур ўрнингдан. Тур болакай!
Қўлимдан тутиб кулбаси томон етаклади.
– Салим амаки, мен шу ерда ўтираман. Қарайликчи, нима қилишаркин: қабристонда дафн этгани рухсат беришармикин ёки йўқ?
– Бўпти, шуни бизнинг чодиримизда ўтириб кутиб турсанг бўлади-ку?!
Ортиқча тортишиб ўтиришнинг фойдаси йўқлигини англадим. Унга эргашдим. Ўша атрофларда ўйнаб юрган Носир ҳам бизга эргашди. Унинг ортидан Малакноз ҳам етиб келди. Носирга қараб дедим:
– Сен қаёққа?
– Қўй, келаверсин, – деди Салимхон. – Сен ҳам кел, болам.
Салимхоннинг чодири ичида ўтирган чоғимизда кеча кечаси юз берган воқеалар кўз ўнгимга кела бошлади. Бечора дадамга ўлаётган чоғида қанчалик азоб бердим-а! Ўзимга ўзим дердим: “Агар Салимхон, Хайруллоҳ ёки ойим мен кеча кечаси дадам сўнгги нафасларини олаётган чоғида уни қанчалик ранжитганимни билиб қолишса, менинг юзимга туфлашлари ва “Балога учрагур, нолойиқ ўғил, отангни сен ўлдирдинг!” дейишлари аниқ”.
Ўзимга ўзим ваъда бердим: “Агар Хайруллоҳдек катта бўлсам пул топаман-да, Машҳадга, Имом Ризонинг мақбарасига бориб дадам менинг гуноҳимдан кечишларини сўраб илтижо қиламан”. Бу ерда қанча ўтирганимни ва бундай хаёллардан қанчасини сурганимни билмайман. Яқинлашаётган машинанинг овози хаёлларимни бўлиб юборди. “Келишди”, дедим-да, чодирдан ташқарига чиқдим. Аммо у ҳарбийларнинг “Жип” машинаси эди. Палов олиб келишган экан. Ҳар пайшанба куни маҳалламиз яқинида жойлашган ҳарбий қисмдан бизга палов олиб келишар эди. Биз олдиндан тайёрлаб қўйган косаларимизни олардик-да, ҳарбийларнинг машинаси олдида қатор тизилиб косаларимизни бирма бир аскарларнинг қўлига берардик. Улар косаларимизга палов солиб бизга беришарди. Пайшанба кунлари биз учун байрам эди.
Бирданига кўнглим суст кетди ва аскарлар олиб келган паловнинг ёқимли ҳиди димоғимни қитиқлади. Дадам ўлмаганида эди Носир ва Малакноз билан ҳар биримиз биттадан коса тутганча қаторга турган бўлардик. Аммо ҳозир бунинг иложи йўқ. Дадам ўлган, бунинг устига унинг мурдасини кўмиш учун жой топилган ёки топилмаганлиги маълум бўлмаган бир пайтда мен қорнимнинг ташвишини қилсам яхши бўлмайди. Менинг ёнимга келиб турган Носир эса деди:
– Абдуллоҳ, бориб косани олиб келайми? Бориб палов олмаймизми?
– Паловни нима қиласан, очкўз?! – дедим. – Бир кун нафсингни тийиб туролмайсанми?! Дадам ўлганлигини билмаяпсанми?! Ҳамма йиғлаб турган бир пайтда паловга бало борми?!
– Йиғлаб бўлишдику?! – деди Носир паловдан кўнгил узолмай.
Гапларимизни эшитиб турган Салимхон чодирнинг ичкарисидан деди:
– Нега палов емаскан?! Дадам ўлди деб ҳаммаларинг очликдан бирин-кетин ўлишларинг керакми?! Бу ёққа кел, Носиржон, кел ўғлим. Мана бу косани ол-да, бориб ўзингга ва Малакнозга палов ол. Мана шу ерга олиб кел-да егин.
Мен Носирга қараб ўқрайдим. Хайруллоҳ бўлганида эди бунинг адабини бериб қўйган бўларди. Лекин мен Салимхондан ҳайиқдим. Салимхон мени ўзи палов ея олмагани учун жаҳли чиқяпти деб ўйлаяпти, шекилли.
Носир билан Малакноз худди қаҳатчиликка учраган одамлар каби шошиб-пишиб палов ейишаётганди. Хайруллоҳнинг машинаси келиб қолди. Машинанинг олдига чопиб бордим. Хайруллоҳ шунчалик асабий эдики, минг жойига пичоқ урсанг бир қатра қон чиқмасди. Одамлар ҳам машинанинг атрофида тўпланиб олишганди.
Дадамнинг мурдасини қабул қилишмаган эди.
– Нега дафн қилмадиларинг? – деди Салимхон. – Нега қайтариб олиб келдиларинг?
– Шахсий гувоҳномаси керак экан, – деди Наврўзали амаки. – Мурданинг шахсий гувоҳномаси бўлмаса дафн этишга рухсат беришмас экан.
Салимхон асабийлашиб деди:
– Бу тўполонда шахсий гувоҳномани қаердан топамиз?! Унда сиз бориб нима каромат кўрсатдингиз? Шахсий гувоҳномани қаердан топамиз, деб айтмадиларингми?
Боши гангиб қолган Хайруллоҳ титроқ овозда деди:
– Айтдик, минг марта айтдик. Ялиндик, ёлвордик. Бўлмайдими бўлмайди, тамом вассалом, дейишди. Қонун нуқтаи назаридан мумкин эмас эмиш. Нима қилиб бўлсада қўйишмади. Ахийри шахсий гувоҳнома ёки ўлим тўғрисида маълумотнома олиб келмасак бўлмайди, шекилли. Бошимизга не кунлар тушди, Салим амаки!
– Мурдага шахсий гувоҳноманинг нима кераги бор экан?! – деди яна асабийлашиб Салимхон. – Ўлган одам ўлди, бу нарсалар энди нима учун керак экан?!
Мен қанчалик ўйламай, ўлган одамнинг шахсий гувоҳномаси уларга нима учун кераклигига сира ақлим етмасди. Шахсий гувоҳномани ўликка қўшиб қабрга кўмишмаса керак, ахир?!
Ахийри Салимхон деди:
– Унда бундай қўл қовуштириб ўтирмайлик. Бир оздан кейин мурда сасиб қолади. Машинага чиқинглар, фуқаролик ҳолатларини қайд этиш идорасига борамиз. Қани нима бўларкин?
Мурдани Салимхоннинг кулбасига олиб бориб қўйдилар-да, ўзлари машинага чиқдилар. Хайруллоҳга дедим:
– Хайруллоҳ, мен ҳам борайми?
– Бориб нима қиласан?
– Шундай ўзим. Биратўла менинг шахсий гувоҳномамни ҳам олиб келамиз.
Хайруллоҳ асабийлашди, бошини бурди-да, пичирлаб бир нарсалар деди ва машина томон кетди.
Ортидан югурдим:
– Хайруллоҳ, мен ҳам борайми?…
– Бўпти келақол, – деди у кўнгайдай. – У ерда томоша бор эканми сенга?!
Мен билан Хайруллоҳ машинанинг орқа томонига, Наврўзали амаки билан Салимхон эса машинанинг олдига ўтиришди. Машина жойидан бурилганича ҳавога чанг-тўзон кўтарди-да, йўлга тушди.
Яна Хайруллоҳ билан мен ўша эски ғиштин бинонинг эски зиналарини кўриб турардик.
Наврўзали амаки билан Салимхон олдиндан, мен билан Хайруллоҳ эса уларнинг ортидан зиналардан кўтарилиб борардик.
Бу сафар иккита шахсий гувоҳнома олгани келардик: бири кеча ўлган дадам учун, иккинчиси ҳали тирик бўлган мен учун.
Форсчадан Шокиржон Олимов таржимаси
______________
* Таълим ва тарбия бўлими – Эронда: Халқ таълими вазирлиги Таълим ва тарбия вазирлиги деб номланиб, унинг вилоятлардаги бошқармалари Таълим ва тарбия бошқармалари, туманлардаги бўлимлари эса Таълим ва тарбия бўлимлари деб номланади. (Тарж.).