Евген Гуцало. Боқон (ҳикоя)

Ўтган шанба Закриничьеда бирваракайига бир неча тўй бўлиб ўтди: кутубхоначи қиз физкультура муаллимига турмушга чиқди, мўйлови сабза ура бошлаган, кечагина мактабни битирган икки йигитча уйланди, ниҳоят, йигирма олти баҳорни қаршилаган тракторчи Макар Червоношапка ҳам никоҳ тўйи ўтказди. Илгари, армияга боргунига қадар, Червоношапкага биров қарай демасди: қилтириқ, нимжон, елкалари энсиз эди. Аммо армияда бўлиб, пул топиш илинжида икки йил Воркутада ишлагач, Макар кутилмаганда шунчалик бақувват тортиб кетдики, энди уни дабдурустдан таниш қийин эди. Йилтиллаб турувчи биққи юзи, кенг елкаларидан тансиҳатлик уфурар, чағир кўзлари ўткир боқар, керилган қошлари камонга ўхшаб кетарди. Хуллас, рўпарасидан чиқиб қолган қизлар беихтиёр нафасларини ичга ютиб, Червоношапкадан узоқ вақт кўз узолмай қолишарди.
Энди у, сирасини айтганда, ўзини Воркутага бориб ишлашга ўргатган, урушдан кейин ўша ерда анча йиллар меҳнат қилган Зважийнинг тўнғич қизи — Наталка Зважийга уйланмоқда. Район газетаси эса Зважий ҳақида ҳар йили «Сеялкалар далага чиқди» сарлавҳаси остида яккаш шундай ёзарди: «Семён Михайлович Зважий икки иш кунидаёқ сули ва хашаки нўхат экишни тамомлаб, аъло даражадаги иш сифатига эришди.»
Колхоз яслисида энага бўлиб ишловчи, ғоят гўзал Наталка, лўли қуёш билан ўйнашаётгандек, йигитларнинг бошини айлантириб, ўзига муносиб жуфт қидирарди. Наталка бунақа инжиқлик қилаверса қари қиз бўлиб уйда ўтириб қолиши, биров унга қиё боқмай қўйиши чўт эмас, дейишарди закриничьеликлар. Аммо ҳеч кутилмаганда, у, Макар Червоношапкага турмушга чиқишга жазм қилди. Улар илгари бир-бирлари билан на учрашишган, на хат ёзишган. Наталка ўз тақдирини Макар билан боғлашни хаёлига ҳам келтирмаганди. Энди бўлса, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, мана шу шанба никоҳ, буёғи эса тўй…
Тўй маросимининг биринчи куни қайлиқникида ўтиши керак эди. Куёвтўра ўзининг навкарлари билан эрта тонгданоқ Наталканикига кетиб борарди. Шу чоғ, келиннинг ҳовлисига яқин қолганда, оқ заранглар ўсиб ётган тангу тор кўчада Червонашапка йўлини бир гуруҳ йигитлар тўсиб, қайлиқ учун эваз талаб қилишди.
Червоношапка азал-азалдан Закриничьеда ҳукм суриб келаётган расм-русмни бузиб ўтирмади, албатта. У қизнинг кўчасида яшовчи, эҳтимол, уни ўғринча кўз остига олиб юрган йигитларга эваз бермоғи керак. Эҳтимол, йигитларнинг Наталка учун эваз талаб қилишлари хушёқаётгандир, уларнинг кўнглини олиш ҳам кўнгиллидир, ғолиб йигит учун.
Куёвнавкарлар егулик ва ичимлик билан тўлдирилган бутун бошли саватни олиб келишди. Йигитлар тўпи бундай саховатдан мамнун бўлиб, барглари сарғайган заранг дарахтлари остида келин-куёвнинг саломатлиги учун қиттай-қиттай ичишди. Червоношапка навкарлари билан энди ўтиб кетмоқчи эди, биров унга рўпара туриб, сўради:
— Хўш, менга-чи? Ахир менинг ичмаслигимни биласан-ку?!
Куёвнинг йўлини Максим Броварник тўсган эди. У қишлоқ хўжалик институтида агрономлик ихтисосига ўқир, ҳар шанба ва якшанба кунлари шаҳардан ота-онасиникига қатнарди. Унинг қалдирғоч қанотларидай керилган қошлари остидаги мовий кўзлари ёниб турарди. Хиёл қийшиқ бурнининг парраклари титрар, унинг ҳаяжонланаётгани аниқ эди. Броварник мактабни Червоношапкадан уч-тўрт йил кейин тамомлаган бўлиб, улар ҳеч қачон дўстлашмаган, учрашганларида фақат саломлашишар, қишлоқ ишлари ҳақида сира қовушмай гаплашишарди.
— Эваз ҳамма учун битта берилади,— деди Червоношапка.
— Бунақа қайлиқ учун баҳо талашмасанг ҳам бўлади, — яна қистади Броварник қошларини чимириб. — Закриничье қишлоғининг энг сара қизига уйланяпсан-а!
Червоношапка бир дақиқа ўйга толиб, таажжубланган навкарлари олдида нима қилишини билолмай турди, кейин бир қарорга келиб, чўнтагидан ҳамёнини чиқарди.
— Ма, — у Броварникка ям-яшил элликталикни чўзди. — Боқон* бўлса боқон, эваз бўлса эваз-да. Закриничьелик энг яхши қизнинг бош-кўзидан садақа.
Башанг кийинган, кечадан бери ичаверганидан кайфи тарақ навкарлар сахий куёв учун мағрурланиб, жилмайишди. Броварник пулни олди, аммо кўнгли тўлмасдан, лабларини бурди.
— Ҳа, албатта, кам, — унинг фикрини уққандай иқрор бўлди обдан саховатпеша бўлиб кетган Червоношапка яна битта элликталикни узата туриб. — Ол, шаҳарда студентларинг билан вақтичоғлик қилганингда менинг Наталкам ҳақида сўзлаб берарсан. Унинг учун дунёнинг тенг ярмини ҳам аямасдим.
— Шунчалик севасанми? — қошларини чимириб сўради Броварник.—Дунёнинг тенг ярмини-я?
— Ҳа-да, дунёнинг ярмини, қолган иккинчи ярмини эса устама қилиб бераман! — деди Червоношапка.
— Қалай, йигитлар, устамани қабул қиламизми? — Максим дўстларидан сўради. — Куёв ўзининг Наталкасига бораверсинми?
— Бораверсин, — шовқин солишди боқончилар.
Броварник гўё оғриниброқ йўл бўшатди. Ким билсин, балки Червоношапкадан дунёнинг ярмини ундирмоқчи эдими?..
— Тўйга келинглар, — Червоношапка боқончиларни таклиф қиларкан, ўзининг сахийлигидан мумнун эди. — Агар кимки эртага рақсда пошнасини йўқотмаса ҳисоб эмас.
Боқон тутган йигитларнинг кўпчилиги Червоношапкага ҳавас қилишди. Негаки, у қандайдир бир-икки ой ичида Закриничьедаги энг гўзал қиз — Наталкани ўзиники қилиб олди-да! Ёш офицерлар, энг аввало, Наталка билан рақс тушиш илинжида деярли ҳар якшанба қишлоқ клубига келишарди. Баъзан қўшни қишлоқлардан битта-яримта йигитлар, масалан, Заливаншчинадан зоотехник, Човновицадан ҳисобчи кўриниб қолишарди. Аммо закриничьелик бўйдоқлар ошиқларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида «гаплашиб» қўйишар, шу-шу улар қайтиб қораларини кўрсатишмасди. Охир-оқибатда на ўзларининг, на бегоналарнинг омади чопди.
Боқон аҳли чақчақлашиб, ҳазил-ҳузул қилганларича, эваз билан андармон бўлиб қолишди. Максим Броварник эса пича қаққайиб турди-да, бошини қуйи эгиб, нари кетди. Шу дам унинг вужудини соғинч аралаш ёт бир ҳис қоплаб, киндик қони тўкилган Закриничьеда ўзини бегона сеза бошлади. Уйга келгач, бостирма тагига ўтиб чекди. Сигарета бемаза экан, уни оёғи билан эзғилаб, бошқасини олди. Томорқада, ҳар бири гумбаздай бўлиб, ошқовоқлар етилган эди. Шуларни ертўлага олиб киргин, деб онаси илтимос қилди. Аммо у ўрнидан қўзғалмасди. Босиқ қоқолаганича бабақхўроз яқинлашиб келди, қонга тўлган кўзлари билан Максимга қаради. Йигит эса қўл кўтариб хўрозни ҳайдаб юборишга ҳам ўзида мажол топмади. Шу дам опаси асъасаю дабдаба билан долондан чиқиб келди. Хўппа семиз, бир тутам сочини атайлаб оқартирган Ганна мудом янги кийим-бош харид қилишни ўйлар, шу билан овунарди. Аммо меҳнаткашликда бутун бошли Закриничьеда унга тенг келадигани йўқ эди.
— Нега тўйга бормадинг? — сўради у овозини товлантириб. Бундай гапириш малоҳатимни тағинам оширади, деб ўйларди у. — Худди бойқушга ўхшаб тумшайиб олибсан?
— Кимникига боришим керак? — деди Максим башанг кийинган опасига хўмрайиб.
— Кимникига бўларди? — Ганна укасининг лоқайдлигидан заррача ҳам хафа бўлмасдан гапирарди. — Мен бўлсам Наталканинг тўйига кетяпман, юр, ўзим олиб бора қолай.
— Жуда қўлинг қичиб турган бўлса, бошқа биронтасини етаклаб кетавер, мен уйда ўтиравераман. Автобусга чиқишга ҳам тайёр туришим керак. Йўқса, шаҳарга қандай етиб оламан?
— Борарсан! Бир кун-ярим кун кечиксанг, осмон узилиб ерга тушмас.
— Ўз вақтида боришим мумкин-ку, нима учун кечикишим керак?
— Оббо сен-эй, — айёрлик билан таънаомуз деди опаси. — Жаҳлинг чиқадими — йўқми, аммо кечикдинг — вақт ўтди, ғишт қолипдан кўчди. Нима сабабдан Наталканинг тўйига бормаётганинг сабабини билмайди, деб ўйлайсан-а?
— Хўш? — киприк қоқмасдан тикилиб турарди Максим.
— Агар севмаганингда бу ерда бойқушга ўхшаб «ҳақ» деб ўтирмасдинг. Наталкани севасан, шунинг учун ҳам дунё кўзингга қоронғи кўриняпти.
Максим қўзларини хиёл қисди, унинг қорачиқларида тилларанг олов учқуни мавжланарди. Чамаси, миясига қон тепган бўлса керак, юзини гўё пуштиранг тутун ялаб ўтгандек бўлди. Шунга қарамай, иложи борича бепарволик билан деди:
— Дунёда нима кўп, қиз кўп, ҳаммасини севишнинг иложи йўқ. Ҳи-ҳи, Наталка бўлмаса, яна бошқа биттаси-да?
— Гапир-а, гапир! Қизни шундоққина бурнингнинг тагидан илиб кетишди-ку! — Ганна гапираркан, унинг дуркун кўкраклари кўтарилиб-кўтарилиб тушарди. — Энди уни қайтаролмайсан, кеч бўлди! Илгари эди — қайлиқни жиғанинг тагидан ўғирлаб кетишарди, энди бунақа қилишмайди… Шундай қизни қўлдан чиқардинг-а!
— Бўлди, бўлди, — Максим таҳдид билан тўнғиллади. — Ҳеч кимни қўлдан чиқарганим йўқ. Менга аталгани ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди.
— Албатта, қочиб қутулолмайди, — опаси яна унинг жиғига тегди. — Қашиниб бўлгунингча кутиб ўтираверади… Бунча мағрур бўлмаганингда, эҳтимол бугун сенинг тўйингни ўтказаётган бўлармидик… Ютганим ўзимники, чайнаганим гумон, деб шуни айтадилар-да!
— Албатта мағрурлик қиламан, — жавоб берди Максим энди хотиржамроқ оҳангда. — Ёнида ҳамиша бир гала йигит пашшахўрда бўлиб юрганидан кейин…
— Нима, Наталка бунга арзимабдими? Агар билмоқчи бўлсанг, у сен тўғрингда ҳаммадан ҳам кўпроқ ўйларди!
— Алжираяпсан, — ишонқирамай деди Максим. Бироқ энди унинг қарашлари юмшаган, деярли қувонч билан такрорлади, — Алжираяпсан!..
— Сен мағрур эмас, латтасан, — Ганна энди таъна қилмас, ачитиб койирди. — Ундан яхшисини топиб бўпсан, бир умр тилингни тишлаб, тамшаниб юрасан!
— Буларнинг ҳаммаси сувга паншаха билан ёзгандай бир гап, кўрамиз ҳали ким тамшаниб юраркан.
— Паншаха билан сувга ёзгани нимаси? Қишлоқ Совети уларни эл қатори никоҳдан ўтказиб, паншаха билан эмас, ручка билан ёзиб қўяди. Жилла қурса, тўйга бориб одамларнинг қандай уйланишини кўриб олсанг зарар қилмасди. Бир кун келиб асқотарди.
— Кар деманг—эшитамиз, кўр деманг-кўрамиз.
— Ҳазиллашгинг келса ўз-ўзинг билан ҳазиллашавер, мен кетдим.
Максим отасининг қудуқ ёнида турган «Жигули»сини ўт олдириб, ҳовлидан шундай шиддат билан чиқдики, қизил тусли бабақхўрозни босиб кетишига сал қолди. Дарвозадан чиққач, йўл Наталкаларнинг уйи ёнидан ўтарди. Максим уларнинг қўраси ёнидан, ҳатто кўз қирини солмасдан, елдай учиб ўтди. Шу чоғ, нариги тор кўчага буриларкан, машинани тўхтатишга мажбур бўлди.
Тўхтатишга мажбур эди, чунки тўй маросими қатнашчилари тор кўчани тўлдириб борарди. Одамлар оқими бошида оппоқ фата ёпинган Наталка, байрам либосидаги Червоношапка кетишарди. Қўшни қишлоқдаги қанд заводидан ёлланган оркестр куй чалар, келин-куёвнинг дўстлари ва дугоналари ортидан болалар ҳаллослаб югуришар, Наталка ва Макарнинг ота-оналари виқор билан қадам ташлашарди. Оёқлар остидан кўтарилаётган пуштиранг чанг кўкка ўрларди, маршнинг осонгина уваланиб кетаётган аллақандай бўғиқ товуши эшитилар, шумтоллардан заъфарон барглар тўкилар — ҳозир буларнинг ҳаммаси Максим Броварник учун чидаб бўлмас бир азоб эди. У тўй маросими қатнашчиларининг тор кўчадан ўтиб бўлишини кутолмасди. «Жигули»ни тислантириб, кимнингдир ҳовлисига кирди, қайириб олгач, ҳовуз томон учириб кетди. Намхуш яйловдан ўтиб, толзорни орқада қолдирди-да, қишлоқ чеккасига чиқиб олди. Дала йўли эса ердан кўм-кўк бўлиб бош кўтарган кузги экинзорлар сари бошлаб кетди. Ҳозир Броварникнинг ўзи ҳам қаёққа кетаётганини тузук англаёлмасди. Ниҳоят, у тўхтади, чунки йўлнинг давоми шудгорга уланиб кетган, машина қаттиқ силкина бошлаган эди. Уфққа қадар ястаниб ётган кимсасиз қора тупроқ гоҳ у, гоҳ бу ерда хиёл йилтирарди. Ўзини дала ўртасида кўрган Броварник таажжубланди: қайси алвасти уни бу ерга етаклаб келди ўзи? Нега у худди ортидан шайтон қувгандай, Закриничьедан қочди?..
Кутилмаганда, унинг ёдига опасининг сўзлари тушди: «Агар билмоқчи бўлсанг, у сен тўғрингда ҳаммадан ҳам кўпроқ ўйларди!» Юрагини кемираётган ожиз қувончнинг жилғалари энди қудратли оқимга айланиб, аста-секин Броварникнинг бутун вужудини забт этди. Гўё кутилмаганда, шу ерда, қоп-қора шудгор ўртасида унга ҳамма нарса очиқ-ойдин бўлиб кўринди. Уфққа қадалган кўзлари ўзининггина қалбига разм солиб қолмасдан, балки Наталканинг ҳам юрагига назар ташлагандек бўлди. У ҳам қувонар, ҳам ўз-ўзига маломат тошлари ёғдирарди: албатта, аҳмоқсан, меровсан! Ўз мағрурлигинг қошида мағлуб бўлдинг-а! Топган гапингни қара: Наталканинг ёнида мудом бир тўп йигит пашшахўрда бўлиб юрармиш! Хўш, у ана шу йигитларга эътибор бериб, қайрилиб қараганмиди? Броварник кўнглимга қўл солармикин, деб кута-кута кўзи тўрт бўлгач, ахийри Червонашапкага кўнгил қўйган-да. Нима, у ҳақиқатан ҳам қари қиз бўлиб дулёдан ўтсинми! Ахир у ҳам кимгадир турмушга чиқиши керак-ку? Ана, узоқда, улкан ҳовуз теграсида тўнғиган қалайи мисол туман қўйнида ялтираётган куз кўлоблари оша Закриничье ястаниб ётипти. Афтидан, тўй маросими қатнашчилари қишлоқ Советидан қайтаётган бўлсалар керак.
Броварникнинг вужудини қувонч ҳисси қоплаб олди. Наталка, эҳтимол, энди афсусланаётгандир, уни меҳмонлар орасидан қидираётгандир. Нега у бийдай дала ўртасида қаққайиб қолди?..
Максим нима қилишини ҳали тузукроқ ўйлаб ҳам кўрмасдан, «Жигули»га ўтирди-да, боя боши оққан томонга қандай учиб кетган бўлса, худди шу зайлда Закриничьега жўнади. Машинани кўчада қолдириб ҳовлига кираркан, атрофда куймаланиб юрган меҳмонларни кузатди.
Остонада Червоношапка кўринди — кўкрак чўнтагидан соатнинг тилла занжири осилиб турар, бармоғида тоза олтиндан ясалган никоҳ узуги ялтирарди. Максимга кўзи тушиб, гўё энг азиз меҳмон, қадрдон дўсти ташриф буюргандай, қучоқларини ёзди.
— Хўш, сен уни кўрдингми, а? Уни кўрдингми? — куёвтўра Броварникни чеккага олиб чиқаркан, шодумонликдан нафаси тиқилиб деди, — Закриничье Закриничье бўлиптики, ҳали бунақа келинни кўрмаган, кўрмайди ҳам! Биласанми, мен унинг учун ишлаб, қанча пул топдим? Бир умрга етади! Мен яна шундай ўйлардим: Закриничьега қайтиб борсам, энг чиройли қизни танлайман — қўлимни қайтармас. Келиб қарасам, қишлоқнинг энг чиройли қизи — Наталка! Ундан яхшиси йўқ, тўғрими? Хўш, деб ўйладим, мана, ким учун жаҳон кезибман, пул топибман, мана, кимни севаман, мана ким мени севади! Йигитларга эваз тариқасида бир челак горилка* бердим, ишонсанг. Бу мен учун нима? Денгиздан томчидай гап! Сенга юз сўм бердим — Наталка учун шуям пул бўлдими? Ярим дунёни, бутун дунёни берсам ҳам бари бир кам, у шунақа ажойиб.
— Севасанми? — сўради Броварник шум ниятда илжайиб.
— Қўлларимни кўрдингми? — деди Черновошапка ўзининг ғадир-будур бармоқларини кериб. — Бундан ярим йил илгари ҳам бу қўллар ким учун ишлаётганлигини билмасди, ҳолбуки улар ким учундир ишларди, ишларди! Энди эса биламан — Наталка учун қадоқ бўлган экан.
У шу қадар беписандлик билан гапирардики, чағир кўзлари шунчалик кибру ҳаво билан ялтирардики, Броварникнинг лабларидаги табассум ўз-ўзидан сўнди. У энди куёвтўрага даҳшат ёхуд таажжуб билан эмас, кўпроқ шубҳа билан боқарди. Негаки, муҳаббат инсоннинг кўзларини басир қилиб қўйишини, шу кўйга тушган киши Червоношапка эқанлигини ҳатто тасаввур ҳам қилолмасди.
— Мен Наталка учун бутун ҳаётимни ҳам аямайман! Пединститутга сиртдан ўқишга юбораман, қарагин, болаларни қанчалик севади — уззукун яслидан чиқмайди. У ҳам сен қатори ўқисин-да. Модомики, ҳокимиятимиз имконият яратиб берган экан, ундан фойдаланиш керак. Мен Наталкага муҳаббатимни ҳадя этаман, у эса менга. Қарабсанки, икки ёрти-бир бутун. Умр бўйи шундай яшаймиз. Ҳовуз ёнидаги тепаликка уй қураман, марҳум бувимнинг қўраси ўша ёқда. Наталкамнинг номи Закриничьедан ташқарида ҳам ҳурмат билан тилга олиниши учун, қасам ичиб айтаманки, Меҳнат Қаҳрамони бўламан… Унинг атрофида қанчадан-қанча йигитлар пашшахўрда бўлиб юришганини билмайди, деб ўйлайсанми? Ҳаммаси ўз ёғига ўзлари қоврилиб, бир бош, бир тепа бўлиб қолаверишди!
Червоношапканинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатида ўзига кучли ишонч бор эди. Қачондан бошлаб у шунақа бўлиб қолди? Наҳотки, бир пайтлари Закриничье бўйлаб чопқиллаб юрадиган нимжонгина, камсуқум йигитчада шу қадар куч-қудрат ва жасурлик яширинган бўлса?
— Қишлоқда Наталка ҳақида ғийбат гаплар тарқатишга ҳам улгуришипти. Нима, у ҳаммага ёққани учун айбдорми? Мен, мана ҳеч қандай ғийбатлардан қўрқиб ўтирмадим! — Червоношапка муштумини қисди ва такрорлади, — қўрққаним йўқ! — У юзида суиқасдчиларга хос ифода пайдо қилиб давом этди, — ҳатто бирон-бир гуноҳ қилган тақдирда нима бўпти? Айбсиз одам борми ўзи? Ҳеч бўлмаганда фикран гуноҳ қилмаган одамнинг ўзи йўқ! Узоқ-узоқларда санқиганман, мени ҳам ғийбат қилган бўлишлари мумкин!
Куз даракчилари — мизонлар ҳавода учиб юрарди. Броварникнинг назарида кўкимтир осмонда ёввойи ғозларнинг ғоғолаши эшитилгандек бўлди. Бошини орқага ташлаб, кўчманчи қушларни қидира бошлади — осмон кимсасиз, чексиз эди. Аммо қушларнинг хайрлашув қичқириғи қандай қилиб унга рўё бўлиб туюлиши мумкин?
— Наталка ҳам менга ёпишди-қолди. — Червоношапка бақувват қўллари билан Максимнинг елкасидан қучиб, ўз қувончини баҳам кўрар экан, овози худди бочкадан чиқаётгандек гувилларди. — Мангуликка, ўла-ўлгунча севиб қолди!
— Мангуликка? — Броварникнинг лаблари аранг қимирларди. — Ўла-ўлгунча?
— Муҳаббат! — юзи тантанавор бўғриқиб хўрсинди куёвтўра. — Сен-чи, биронтасини севганмисан ўзи? Сенга йўл бўлсин? Севганингда шу пайтгача санқиб, хотинсиз юрармидинг?
— Севганман, севаман ҳам, — кўнглида кутилмаган совуқлик туйиб жавоб берди Броварник.
— Буни қара, закриничьелик қизлардан биронтаси юрагингдан урдими? Ёки шаҳардаги битта-яримтасига хуштор бўлиб қолдингми? Балки институтдагилардандир, а?
— Йўғ-э, Закриничьеда, — деди Максим елкасидан Червоношапканинг қўлини тушириб. Сўнг ҳеч иккиланмасдан давом этди, — Наталкани севардим, ҳозир ҳам севаман.
— Қайсинисини? — маккорона кўз қисиб сўради куёвтўра, гап нимадалигига ҳали тушуниб етмасдан.
— Шу бугун сен уйланган Наталкани.
— Нима дединг? — Червоношапка бир сапчиб тушди. У саросимада эмас, рақибига шунчаки ишонмай тикилиб турарди. Юзида озор чекиш ёки қаҳр-ғазабдан нишона бўлса ҳам майли эди…
Червоношапка хохолаб кулиб юборди. Хохолашдан гавдасигина эмас, кўз қорачиқлари ҳам титраётгандек туюларди. Максим Броварник бу шиддатли қувонч сабабини тушуна олмай, ўзининг тобора нафратланаётганини сезиб турарди.
— Сен-а?.. Сен-а?.. — хохолаш тўлқинлари оралиғида шу сўзлар янграрди.
Максим буталар устидан ҳатлаб ўтаркан, кинояли кулгидан қутилиш учун қочиб қолишга ҳам тайёр эди. Червоношапка ҳушига келиб, ходадай қўлларини ёйганча, икки ҳатлашдаёқ унга етиб олди.
— Оббо, дарҳол жиғибийрон бўлдингми? Нега тўйдан қочиб кетяпсан? Наталкани севсанг севавер, менга нима? Уни ҳамма севади, бу билан Наталканинг бирон ери камайиб қолармиди? Барибир у менга насиб этди, энди уни қўлдан чиқариб бўпман. Қарашни тақиқлаб бўлармиди, мен ҳам буни ман этмоқчи эмасман!
«Нима бало, у жинни-пинни бўлганми? — таажжубланиб ўйлади Броварник. — Балки улар ростдан ҳам бир-бирларини ҳеч қандай шайтондан ҳам тап тортмай севишар? Мўъ-жи-за-а-а!»
— Тўйга келдингми, энди кеткизиб бўпман. Нима, отамиздан қолган меросни талашамизми? Жанжалга ҳеч сабаб йўқ. Институтни тамомлаб, агроном бўлсанг, қаёққаям борардинг, Закриничьеда қоларсан? Шундай экан, нега энди жанжаллашамиз? Бу дунёда ҳамма аҳил-иноқ яшаши керак. Қани, бўл, уйга борамиз, Наталкани табриклайсан, меҳмонлар келишган, бир яйрайлик.
Броварник пича ҳовридан тушди. Эҳтимол, у ҳеч қанақа жинни-пинни эмас, шунчаки оқкўнгил, бир қоп ёнғоқдир, дилидаги-тилида деб шуни айтишса керак-да. Борсинми, бормасинми? Боришга оёғи тортмаяпти, аммо қандайдир куч уни ғайратлантирар, йўлга отлантирарди.
У ғала-ғовур тўйхонага келиб қўшилди. Арақ таъсирида ақли хиралашди, бора-бора яна равшан тортди. Ганнанинг хўппайтириб турмаклаган зиғир толасисимон сочлари қуёш нурида товланар, Максим у томонга қарамасликка, опасининг кўзларини кўрмасликка тиришарди. Келин-куёв ўтирган томонга қарашдан ҳам ўзини тиярди.
Червоношапка билан бўлган бояги суҳбатдан кейин унинг ҳиссиётлари ҳаммага фош бўлгандек, барча фақат шу ҳақда гапираётгандек эди. Буни қара, Наталкасини севганлари учун куёвнинг на ичи ачийди, на рашки келади ва на ёқа бўғишади. Зўрлаб тўйга олиб борганини айтмайсанми — бу билан бахтимни кўриб қўй, бахиллик қилмайман демоқчими? Сен эса, мана, камситилганингча ўтирибсан, ҳатто ўрнингдан туриб чиқиб кетишга дармонинг йўқ…
Ҳовлида рақс бошлангач, Броварник хонадан чиқди, сигарет тутатганича, йигитлар орасида пича турди. Қизларнинг ўзи Максимнинг қошига келишар, ўйинга таклиф қилишарди. Бироқ у рақс тушмас, лаб тишлаган кўйи қаққайганча турарди. Вужудида эса ботиний туғён, ғалаён кечмоқда эди.
Келин билан куёв рақс туша бошлагач, Максим улардан кўз узолмай қолди. Афтидан, Наталка ҳам ўзининг қайлиғи ва Максим ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан хабар топганди. Чунки у «ялт» этиб, маъноли қараш қилди. «Билса, билаверсин, — ўжарлик билан ўйлади Максим. — Майли!..» Унинг хаёлига яна бир фикр келди: «агар ҳозир қизни машинага ўтқазса-ю, ўғирлаб шаҳарга олиб кетса-чи? Наталка институтни тамомлагунча ётоқхонада яшашарди ёки бирон ҳовлида ижарада туришарди. «Жигули»га ўтқазсанг-да, ҳайё-ҳув деб Закриничьедан бош олиб кетсанг. Наталкадақасини қаердан топа олардинг?
Броварникнинг хаёлига бир-биридан антиқа фикрлар келар, назарида, чора топиладигандек эди. Агар Наталкани рақсга таклиф қилиб, боя Червоношапкага иқрор бўлгандек, кўнглидаги бор гапни тўкиб солса: шундай-шундай, ҳали ҳам кеч эмас, имкон бор, деса…
Хонадан ҳовлига олиб чиқилган радиола гўё оғир хўрсингандек бўлди. Броварник кўпдан бери Наталка билан рақс тушишни орзу қилиб юрган вальс янграй бошлади. Шанба куни шаҳардан қайтиб, қишлоқ клубида бўлаётган кечаларга бош суқаркан, шуни истарди; шаҳарда ҳам студентлар ётоқхонасининг қизил бурчагида рақсга тушаркан, истаги шу эди. Ўша кезлари Броварник деярли ҳар бир қиз сиймосида Наталкани кўрар, унинг кулгиси шуурида яшарди.
Вальснинг жўшқин оҳанглари таралиши ҳамоно у қатъиятсизликни енгиб, келин ва куёв томон жадал бораркан, ишқилиб, улар ҳозир чир айланиб рақсга тушиб кетмасайди, деб ҳадиксирарди.
Максим ҳали етиб келмасдан куёвтўра унга шу қадар дўстона, шу қадар хайрихоҳлик билан боқдики, Броварникнинг қаттиқ қимтилган лаблари ўз-ўзидан юмшаб, қалбидаги муз эриб кетгандек бўлди.
— Сизни вальсга таклиф қиламан, — деди Максим келинчакка, сўнг Червоношапкага разм ташлаб.
— Наталка, бора қол, — Червоношапканинг гап оҳангида илтимосдан кўра буйруқ кучлироқ эди. Гўё у қайлиғи рад жавоби беришидан қўрқаётганга ўхшарди. — Сен билан Максим ҳам рақс тушсин, ҳечқиси йўқ!..
Наталка Максимнинг кўзига қарамасликка тиришиб, енгил рақс тушиб кетди. Броварник қизга даҳшат ичра бир лаҳзагина нигоҳ ташлашга журъат этди… Гўё ўзи — бу байрамда бегона ва ёт одам-бахт тантанасини бузмоқчидек туюлди. Гўё у фақат тўйга ташриф буюрган меҳмонлар қаршисидагина эмас, балки Червоношапка, келин-куёвнинг қариндош-уруғлари, қолаверса, ўзи олдида, бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очиб гапириш мумкин бўлмаган ҳиссиёт олдида айбига иқрор бўлмоқчи эди. Негаки, унинг Червоношапкага қилган бояги дил изҳори ўз-ўзига, шу пайтгача соф ва муқаддас деб билган туйғуга хиёнат эди. Наталка билан рақс тушаркан, унга бир оғиз ҳам сўз айта олмаслигини тушунди.
Сал фурсатдан кейин четан девор ёнида турганича тўй маросимига назар ташларкан, эслаб кетди… Мана, у Наталкани Червоношапкага топширди, мана келиннинг қувонч тўла сўзларида қандайдир сўзсиз савол ёлқинланди… Унинг малла сочлари атрини димоғида туйди, ҳавога тўш урган қалдирғоч қанотларидек ёйилган қошларининг нақадар қадрдонлигига иқрор бўлди… Опаси Ганна уни лақиллатган бўлиши мумкин — унинг сўзларига ишониши керакмикин?
Машинага ўтириб, тўй маросими шовқин-суронидан узоқлашаркан, ўз-ўзини тушунишга уринарди… Нега ишққа иқрорлигини Наталканинг ўзига айта қолмади? Ахир у Червоношапкага бор гапни юзма-юз туриб айтди-ку?! Нега Наталкани ўғирлашга ҳаракат қилмади? Ахир бу унинг сўнгги, миллиондан бир имкони эди-ку?!
Максим ҳовлисига қараб бурилди, тўхтади, пешонасига кафтини босди. Ўйлаб-ўйлаб ўйининг тагига ета олмасди. У Наталкани кўриш учун тағин ортига қайтмоқчи эди, аммо қандайдир куч тутиб қолди. Мағрурликми, муҳаббатми?
Қўлларини беихтиёр кўкрак чўнтагига чўзди — нима бу? Ҳа, эваз-ку! Куёвтўра боқон учун ажратган ҳар бири элликталик иккита қоғоз. «Ол, студентларинг билан вақтичоғлик қиларсан… Мен унинг учун Дунёнинг ярмини берган бўлардим!»
У меровлик билан пулга боқаркан, кўзларига ишонмасди. Гўё пулни беришганига, ўзи эса уни олганига ишонмасди. Бу — Наталка учунми? Ҳа, Наталканинг ўзи ярим дунёга, бутун бошли бир дунёга арзирди, унинг учун, ҳатто ҳазиллашиб, ҳатто одатга мувофиқ бўлса-да, эваз бериш мумкинмиди? Ўша эвазни олиш-чи? Кафтларида ғижимланган пулни тутиб тураркан, ўзига нисбатан нафрат, жирканч ҳиссини туйди.
Эвазни олди, демак, сотди. Аммо Наталкага ҳам, Червоношапкага ҳам, ўзига ҳам адолатсизлик қилаётганини сезиб турарди. Ҳозир ўз-ўзини савалаши зарур эди — шусиз ҳеч тинчий олмайдигандек. Ғалати бўлиб чиқди-ку: гўё эндиги уйланиш ёки ҳеч қачон уйланмаслик боқонга боғлиқ бўлиб қолгандек…
Чўнтагидан гугурт чиқарди-да, ғазаб билан тиржайиб, пулни ёқиб юборди. Қисқагина аланга сесканар, унинг шуъласи Максимнинг рангпар юзида аксланарди.
Сув тўла челакни кўтарганича қудуқ томондан келаётган онаси машинада ўтирган ўғлига тикилиб қолди. Ўғли эса машина эшигини очаркан, кўкка ўрлаётган тутунга ишора қилиб, на бахиллик ва на умидсизлик оҳангида деди:
— Наталка учун олинган эвазни ёқиб юбордим — ҳеч нарса қолмади!
— Ҳа, сен унинг учун бутун Закриничьега ўт қўйиб юборишдан ҳам тоймайсан.
Онанинг сўзлари ҳеч бир таънасиз, меҳр билан айтилгандай туюлди. Ана, у челак кўтарганича долонда ғойиб бўлди, аммо қадрдон овози оқшом ҳавосида ҳамон жаранглар, акс-садоси қалбга ўрнашиб, жафокаш ўғилнинг ҳозирги аҳволини хиёл енгиллаштирарди. Куйган кафтидаги бир чимдим кул шамолда уча бошлаган, ачимсиқ ҳид анқиб турар, бу бадбўйлик борган сайин кучаярди.

Рус тилидан Шерали Сокин таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1987 йил, 10-сон
______________
* Боқон — туҳфа олиш мақсадида янги келаётган келин ёки куёвнинг йўлига ғов солмоқ. Бу одат баъзи ўзбек қишлоқларида ҳозир ҳам учрайди (таржимон).
* Горилка — арақ (украинча).