Эван Хантер. Ноҳақ айблов (ҳикоя)

Қизни қандай топишганини мен кейинроқ билдим.
Бу малласоч қиз эндигина ўн саккизга кирган эди. Унинг танасида зўравонлик излари бўлиб, кўйлаги йиртилган, юзида эса бефойда қаршиликдан кейинги даҳшат қотиб қолган, кафтлари худди ниманидир чангаллаб олгандек эди.
Жасадни топган полициячилар тор кўчанинг бурчагида туришар, уларнинг қўлчироқларидан тушаётган нурлар қизнинг томоғидаги кўкариб кетган излар ва кўзларида қотиб қолган даҳшат ифодасини ёритарди.
Полициячилардан бири бошини чайқади ва деди:
-Эҳ, бу ёшлар!
Иккинчиси эса сўкинди ва шерифга жасад топилгани ҳақида ратсия орқали хабар берди.
Бу маълумотларни мен кейинроқ, ҳисобот тайёрлаётганимда билдим. Дастлаб Марсия менга қўнғироқ қилганида унинг овозида ваҳима оҳангини сездим. Эсимда, телефон жиринглаганида Энн биқинимга туртди ва деди:
-Азизим, гўшакни олгин.
Мен каравотдан тушиб, чироқни ёқдим. Соат тунги икки яримни кўрсатиб турарди.
-Жин урсин!-тўнғилладим Эннга қараганча.
-Ҳечқиси йўқ,-деди у.
Мен ярим кечаси қўнғироқ қилиб одамнинг асабини бузадиганларни минғирлаб сўкканча қизим Бетнинг хонаси ёнидан ўтдим. Зина бўйлаб пастга тушарканман, телефон ҳали ҳам жиринглашдан тўхтамасди. Телефон ёнига етиб келишим билан гўшакни олдим.
-Алло!-дедим норози оҳангда.
-Дейв?-деди аёл киши.
-Ҳа,-дедим.-Ким бу?
-Марсия. Дейв, Харли қийин аҳволда.
Мен ҳали ҳам уйқусирардим.
-Ким?-тушунмадим мен.
-Харли, эрим,-деди аёл.-Полиция… энагамиз…
-Тўхта, Марсия. Қанақа аҳволда?
-Уларнинг айтишича… Харли энагамизни ўлдирганмиш… Дейв…
-Нима?!
-Ҳа, Дейв. Уни олиб кетишди. У сенга қўнғироқ қилишимни сўради. У…
-Қаэрга олиб кетишди?
-Шерифнинг бошқармасига, Дейв. Жинни бўлиб қоламан! У… у бундай қила олмайди, Дейв! Биласан-ку! У…
-Албатта биламан.-Энди бутунлай ўзимга келгандим.-Ҳозироқ ўша ерга жўнайман, Марсия. Хавотирланма. Кийинаман-у жўнайман.
-Раҳмат, Дейв. Раҳмат.
-Шошилишим керак. Сенга кейинроқ қўнғироқ қиламан.
-Яхши, Дейв. Раҳмат.
Гўшакни қўйиб, зинадан кўтарилдим ва кийина бошладим. Энн сўради:
-Қаэрга кетяпсан?
-Шерифнинг идорасига. Харлини ўша ерга олиб кетишибди. Энагаларини ўлдиришда айблашяпти экан.
-Бемаънилик!-деди Энн.
-Биламан. Аммо иш жиддийга ўхшайди.
-Ўзинг сақла Худойим!
Мен кийиниб, у ёқ-бу ёғимни тўғриладим. Сўнг ётоқхонага қайтиб уни ўпдим ва дедим:
-Тезда қайтаман, азизам.
-Яхши,-деди Энн,-эҳтиёт бўл.
Йўлакка чиқиб Бетнинг хонаси эшигини очдим. У ўн олти ёшга тўлганди. Мен оёқларим учида юриб бориб, очилиб қолган кўрпани унинг устига ёпдим, сўнг пешонасидан ўпиб қўйдим. Хонадан аста чиқиб гаражга кирдим ва машинани миниб йўлга тушдим.

***

Бошқармага келганимда шахсан шерифнинг ўзи мени кутиб олди. У Харли билан ҳеч кимнинг учрашишга ҳаққи йўқлигини айтди, аммо мен унинг адвокати эканлигимни айтгач, у учрашув учун озгина вақт берди. У мени бинонинг орқа тарафига бошлаб борди, камераларга олиб борувчи панжарали эшикни очди, сўнг Харлининг камерасигача кузатиб қўйди.
Харли шериф кетмагунича бир оғиз ҳам гапирмади. Кейин олдимга келди.
-Дейв, хайрият, келибсан!
-Нима гап?-сўрадим мен ва унга сигарет узатдим. У сигаретни ютоқиб тутатди. Сўнг тутун пуфлаганча деди:
-Дейв, улар мени ноҳақ айблашяпти.
-Қанақасига?
У яна сигарет тутунини ютоққанча ичига тортди.
-Бугун тунда топишган қиз бўйича. Уларни кимдир қистовга олган, энди эса улар айбни менинг бўйнимга қўйишмоқчи.
-Бўпти, ҳаммасини бошидан гапириб бер-чи.
Харли бош силкиди:
-Албатта. Албатта.
У чуқур уф тортди.
-Бугун биз Марсия билан айлангани чиқдик. Кино кўрдик, бир-икки стакан ичдик. Тўғрироғи, уч стакандан мартини ичдик.
-Давом эт.
-Ярим тунга яқин уйга қайтдик. Болаларимизга Шейла Кейн исмли қиз қараб туради. Биз доим уни чақирамиз. Биз келганимизда у ухлаётган экан. Марсия уни уйғотди, мен унга ҳақини бердим, сўнг машинамга чиқардим. У шаҳарнинг нариги тарафида туради. Уни доим уйига олиб бориб қўяман.
-Кейин-чи?
-Уни тўғри уйига олиб бордим. Машинадан тушириб, ортимга қайтдим. Сигарет сотиб олиш учун барга кирдим. Кейин уйимга қайтдим.-У жим бўлиб қолди. Сўнг гапида давом этди:-Бир соатдан кейин полициячилар эшигимни тақиллатишди. Айтишларича, қиз зўрланган, кейин ўлдирилган. Унинг ота-онаси эса қиз бизникида бўлганлигини айтишган.
-Тушунмадим. Полиция нима учун қотилликда сени айблаяпти?
-Ёндиргичим. Уни қизнинг жасади ёнидан топишган.
Мен Харлига диққат билан тикилдим.
-Қанақасига?
-У чекарди,-деди у елкасини қисганча.-Жин урсин, Дейв, у ўн саккизга кирган қиз эди! Уни уйига олиб кетаётганимда чеккиси келди. Ёндиргичимни бердим. У ёндиргични қайтаришни эсидан чиқарган.
-Анави сен сигарет олгани кирган барда сени бирортаси кўрдими?
-Билмадим. У ерда доим кино кўриб ўтиришади. Филм жуда қизиқ бўлаётган экан. Кираётганларга ҳам, чиқаётганларга ҳам ҳеч ким эътибор бермаётганди. Мен эшик ёнидаги автоматдан сигарет олдим ва чиқиб кетдим.
-Сен қизни олиб бориб қўйганингда унинг уйига кириб кетишини кутиб турмадингми?-сўрадим мен.
Харли эслашга тиришди.
-Йўқ,-деди у ниҳоят.
-Одатда кутармидинг?
-Баъзида кутардим, баъзида йўқ. Мен чарчагандим, Дейв. Уйга тезроқ боргим келаётувди. Жин урсин, бунақа бўлишини ким ҳам билибди!
-Жасадни қаэрдан топишган?
-Уйидан бир неча квартал наридаги кўчадан.
-Ёндиргичингни-чи?
-Унинг ёнида ётган экан. Полициянинг айтишича, мен қизни машинадан ташлаётганимда тушиб қолган эмиш. Э Худойим! Дейв, наҳотки улар менга туҳмат қилишаётганини кўрмаяпсан?
-Шунақага ўхшайди,-дедим мен.-Ишқилиб, сени ҳалиги барда бирортаси кўрган бўлсин-да!
-Тупурдим барига! Мен бор-йўғи ўн беш дақиқа йўқ бўлганман, холос. Беш дақиқа қизни уйига олиб боришга, беш дақиқа уйга қайтишга кетган. Дейв, агар шундай қилишни истаганимда ҳам бунга улгурмасдим.
-Уйда ўн беш дақиқача бўлмаганингни Марсиядан бошқа яна бирортаси биладими?
Харли инкор маъносида бош чайқади.
-Унинг ўзи ҳам билмайди, Дейв. Мен уйга қайтганимда у ухлаб ётганди. Жин урсин, қандай бемаънилик!
-Сени қотилликда гумон қилиб ҳибсга олишдими?
-Ҳа,-деди Харли маъюслик билан.-Уларга айбдор керак.
-Ташвишланма,-тинчлантирдим уни.-Балки эплармиз.

***

Бу мен адвокат сифатида қатнашган энг оғир суд жараёнларидан бири бўлди. Округ прокурори ҳакамлик суди асосан аёллардан иборат бўлишига эришганди. Аёллар зўрлаган жиноятчидан жудаям нафратланишади. Демак, мен тўққиз нафар аёлга қарши тайёргарлик кўришим керак. Суд таркибида бор-йўғи уч нафар эркак бор эди.
Суд беш кун давом этди. Округ прокурори далилларни шундай моҳирлик билан келтирдики, суднинг ҳар бир аъзоси жиноятни худди ўз кўзи билан кўргандек таассурот уйғонарди.
Харлини кўрсатма бериш учун олиб келишганида, у менга айтган гапини қайтарди. У оддий ва аниқ қилиб сўзлади. Шундан сўнг мен унга савол беришни бошладим.
-Ёшингиз нечада, жаноб Пирс?
-Қирқ иккида,-жавоб қайтарди Харли.
-Уйланганмисиз?
-Ҳа.
-Болаларингиз борми?
-Ҳа.
-Нечта, жаноб Пирс?
-Иккита. Ўғлим ва қизим бор.
-Ёшлари нечада?
-Ўғлим етти ёшда. Қизим бешга кирган.
-Сиз хотинингиз билан уйдан чиқиб кетган пайтингизда марҳума Шейла Кейнни энага сифатида ёллаганмидингиз?
-Ҳа.
-Доим уни ёллайсизми?
-Ҳа.
-Кейн хонимни неча марта энагаликка ёллагансизлар?
-Деярли бир йилдан бери унинг хизматидан фойдаланиб келардик.
-Шу пайтгача у билан бундай воқеа юз бермаган. Агар…
-Эътироз билдираман!-қичқирди округ прокурори.-Ҳимоячи йўл кўрсатмоқда…
-Қабул қиламан!-деди судя.
-Кейн хонимнинг ташқи кўринишини айтиб бера оласизми?
Харли иккиланиб қолди.
-Мен… У малласоч эди.
-Аниқми?
-Менимча, кўзлари мовий эди. Аниқ эсимда йўқ.
-Бўйи баландмиди, пастмиди?
-Менимча, ўрта бўйли.
-Кўзойнак тақармиди?
-Йўқ. Кўзойнак тақмасди.
-Қайси манзилда яшарди?
-Билмайман. У менга қаэрда яшашини бир марта кўрсатган. Ўшандан буён уйига олиб бориб қўярдим.
-Уни Шейла деб чақирармидингиз, жаноб Пирс?
-Ҳа, албатта.
-У сизни ким деб чақирарди?
-Жаноб Пирс.
-Раҳмат. Бўлди.
Округ прокурори менга қаради, сўнг елкасини қисди. Назаримда, у нима қилмоқчи эканлигимни тушунмаётганди. У тушунмаслиги аниқ эди. Мен шунчаки Харли Пирснинг хаёлида қизга яқинлашиш истаги бўлмаганини кўрсатмоқчи эдим. У марҳумани тузук-қуруқ тасвирлай ҳам олмади. Унинг уй манзилини ҳам билмайди. Улар ўртасида шунчаки катта киши ва ўсмир қиз муносабати бўлган, холос. Шейла ва жаноб Пирс.
Округ прокурори навбатдаги гувоҳни-Пирс сигарет сотиб олгани кирган «Фламинго» бари барменини чақирди. Бармен кино бўлаётган пайтда эшикдан кўз узмай ўтирганини айтди. У эшикка тикилиб ўтирганини, ўша тунда ҳеч ким сигарет олгани кирмаганини таъкидлади. У Харли Пирс ичкарига кирганини кўрмаган. Округ прокурори жилмайди ва менга ишора қилди.
-«Фламинго»да кино қачон бошланганди?-сўрадим мен.
-Ўнтакам ўн иккида, сер,-деди бармен.
-Кино бўлаётган пайтда кўп ичимлик қуйишингизга тўғри келадими?
-Йўқ, сер. Аксарият ташриф буюрувчилар кино кўриш билан банд бўладилар.
-Демак, сиз эшикдан кўз узмай ўтиргансиз. Айтмоқчиманки, ҳеч кимга ичкилик қуймагансиз.
-Эътироз билдираман,-деди округ прокурори ўрнидан туриб.
-Қабул қилинмайди,-деди судя.-Давом этинг.
-Кино кўриш ўрнига эшикдан кўз узмай ўтирдингизми?
-Хўш… мен ҳам кино кўрдим. Айтмоқчиманки, вақти-вақти билан. Лекин асосий вақтимни эшикка қараш билан ўтказдим. Ўғри кўп…
-Сигарет сотиладиган автоматга ҳам қараб ўтирдингизми?
-Йўқ, сер.
-Унда сиз вақти-вақти билан кино кўраётганингизда кимдир автоматдан сигарет олиб кетган бўлиши мумкинми?
-Ҳар қалай…
-Сиз мени ўша куни барда кўрдингизми?
Бармен кўзларини пирпиратди:
-Сизними, сер?
-Ҳа, мени. Мўйна палто кийган малласоч аёл билан. Мен кино бошланганда виски ичиб ўтиргандим. Мени кўрдингизми?
-Мен… эсимда йўқ, сер. Айтмоқчиманки…
-Мен ўша ерда эдим-ку! Мени кўрдингизми?
-Эътироз билдираман! -деди округ прокурори.-Ҳимоячи гувоҳни чалғитмоқчи…
-Мени кўрдингизми-йўқми?
-Малласоч аёл биланми, сер?
-Ҳа, малласоч аёл билан. Хўш, мени кўрдингизми-йўқми?
-Малласоч аёл бор эди. Сиз унинг ёнида эдим деяпсиз. Айтмоқчиманки… эсимда йўқ, аммо…
-Демак, сиз мени кўргансиз?
-Эслолмайман, сер.
-У ерда йўқ эдим! Сиз менинг у ерда бўлган-бўлмаганимни эслолмаяпсиз, қанақасига жаноб Пирс сигарет олган-олмаганлигини айта оласиз! Бунинг устига, кино кўриб ўтирган бўлсангиз.
-Мен…
-Бошқа саволим йўқ,-дедим мен.
Залда енгил шовқин кўтарилганини эшитдим ва ғолиб чиққанимни тушундим. Мен округ прокурорининг гувоҳи берган кўрсатмага зарба бердим ва энди суд ҳайъати гувоҳга ишонмайди. Округ прокурори адашган бўлиши мумкин-ку. Харли қизга ёндиргичини берган бўлиши мумкин-ку. Нимага унинг гаплари рост бўлмаслиги керак? Ахир округ прокурори гумон асосида далил келтиряпти-ку.
Мен сўнгги сўзимда ушбу фикрларни баён этдим. Харлининг виждонли фуқаро, оилапарвар эр ва ота эканлигини айтдим. У бир йилдан буён қизнинг хизматидан фойдаланиб келган. Кинога борган, озгина ичиб уйига қайтган. Қизни уйи олдига олиб бориб, ўз уйига қайтган. Қандайдир номаълум шахс қизга ҳужум қилган. Лекин Харли эмас.
Ҳайъат аъзолари ярим соатлик муҳокамадан сўнг Харлини айбсиз деб топишди.

***

Биз буни ўша оқшомнинг ўзидаёқ нишонладик. Харли ва Марсия бизникига келишди, уларнинг болаларига эса қайнонаси қараб турадиган бўлди. Биз ҳазил-ҳузул қилганча ичиб ўтирар, Харли эса тинмай битта гапни қайтарарди:
-Уларга айбдор керак эди, Дейв. Лекин сен бопладинг! Сен айбсиз эканлигимни исботладинг.
У менинг дунёдаги энг яхши адвокат эканлигимни айтди, кейин эса қўшиқ бошлади, биз эса унга жўр бўлдик. Зиёфатимиз роса қизиган пайтда хонага Бет кириб келди.
У дугоналари билан учрашувдан қайтганди. Бет Марсия ва Харли билан саломлашди, сўнг узр сўраб ўз хонасига кўтарила бошлади.
-Қизинг нечага кирди, Дейв?-сўради Харли.
-Ўн олтига,-жавоб қайтардим мен.
-Чиройли қиз бўлибди,-деди у.
Мен Бетнинг зинадан кўтарилишини фахр билан кузатиб турардим. У мен учун ҳали ҳам маъсум гўдак эди. У зинадан қаддини тик тутганча кўтарилиб борарди. Шу пайт Харлига кўзим тушиб қолди.
У ҳам Бетдан кўзини узмай қараб турарди. У қизимнинг оёқларига суқ билан тикилиб турар, ҳирсга тўла кўзлари қизимга еб қўйгудай боқарди.
У қизим хонасига кириб кетгунча кўзлари ёниб қараб турди. Кейин эса бизга қаради:
-Хўш, қўшиқни давом эттирамизми?
Мен ўзимни аҳмоқ бўлгандай ҳис қилдим. Шунчалик ҳам аҳмоқ бўламанми! Эҳ!

Русчадан Дилшодбек Асқаров таржимаси.