Эрнест Хемингуэй. Фрэнсис Макомбернинг омонат бахти (ҳикоя)

Нонушта пайти, улар палатканинг қўшқабат, яшил соябони остида хотиржам овқатланиб ўтиришар эди.
— Сизга лимон шарбати берсинми ёки лимонадми? — деб сўради Макомбер.
— Коктейль, — дея жавоб қилди Роберт Уилсон.
— Менга ҳам коктейль, — деди Макомбернинг хотини. — Кўнгил ўткирроқ нарсани тусаяпти.
— Ҳа, дарҳақиқат, ҳаммасидан маъқули шу бўлса керак, — дея рози бўлди Макомбер. — Унга айтинг, учта коктейль қилиб юборсин.
Қора танли хизматкор ишга киришиб кетди. Муз солинган қоплардан тер босган шишаларни чиқара бошлади. Палаткага соя ташлаган дарахтлар орасидан шамол эсарди.
— Уларга қанча берсам бўларкин? — деб сўради Макомбер.
— Бир фунт етиб ортади, — деди Уилсон, — Уларни талтайтириб юбормаслик керак.
— Каттасига берсам-чи, ўзи тақсимларди-да?
— Ҳа, шундай қилган яхши.
Фрэнсис Макомберни бундан , ярим соат олдин ошпаз, хизматкору қўшни ходим, ҳаммол биргаликда қўлларида бардор-бардор қилиб, лагерь чегарасидан тантана билан ўз палатасига олиб келиб қўйишганди. Милтиқ кўтариб юрувчилар бу ишга аралашишмади. Маҳаллий кишилар уни палатаси ёнида ерга қўйишганида, у бир-бир ҳаммасининг қўлини сиқиб, миннатдорчилигини билдирди, кейин уларнинг табрикларини эшитди, сўнгра палатасига кириб, хотини келгунча уни кутиб каравотда ўтирди. Хотини унга ҳеч нима демади, Фрэнсис ўша заҳоти ташқарига чиқди-да, сафарда олиб юриладиган чилопчинда ювингач, овқатхонага ўтиб, шабада эсиб турган салқин жойга қўйилган қулайгина ёйма креслога чўкди.
— Мана, ниҳоят шерни ҳам ўлдирдингиз, — деди унга Роберт Уилсон,— ўзиям шермисан шер экан-да.
Макомбер хоним Уилсонга ялт этиб қараб қўйди. У жуда ҳам чиройли ва йиҳоятда нозиктаъб эди. У ҳусн-жамоли ва хуш хулқи билан жамиятда ўзига яраша донг қозонганди, бир пардоз-андоз воситаларини тарғиб этадиган журналда расми ҳам босилиб чиққан, бу реклама маъносида аттор корчалонларга катта фойда келтирган, натижада бундан беш йил олдин Макомбер хоним беш минг долларга эга бўлган эди. У Фрэнсис Макомберга ўн бир йил аввал эрга текканди.
— Ҳақиқатан ҳам зўр шер экан, а? — деди Макомбер.
Энди аёл эрига қараб қўйди. У иккала эркакка уларни худди биринчи марта кўраётгандек, қаттиқ тикилиб қолди. Бинобарин, оқ танли овчи Уилсонни у биринчи бор кўриши эди. Уилсон ўрта бўйли, малласоч, чақмоқ мўйловли, юзлари қизил, кўзлари эса жуда совуқ одам эди. Кулганида юзидаги ажинлар қуюқлашарди. У хонимга қараб жилмайди. Аёл кўзларини ундан олиб қочиб, кенг френчисини туртиб чиққан елкасига, чап чўнтагидаги тўртта патронга, офтобда қорайган бесўнақай қўлларига, чавандозча эски шимига, чанг-лой пойабзалига қаради, кейин яна унинг қип-қизил юзига боқди. Ҳозир палатка устунига қоқилган, михга илинган, кенг айвонли шляпаси гардишидан қолган, пешонасида оппоқ бўлиб оқариб турган из бу қизилликни янада бўрттириб кўрсатар эди.
— Қани, ўша шер учун ичайлик, — деди Роберт Уилсон. У яна аёлга қараб жилмайиб қўйди, аёл эса тишини оқини кўрсатмай, овчига синовчан, мойилона тикилди.
Фрэнсис Макомбер новчагина, хипча, хушқомат, қора сочи эшкакчи йигитларникидай калта қирқилган, лаблари юпқа одам эди. Уни ҳамма келишган, ёқимли инсон деб ҳисобларди. Эгнида Уилсонникига ўхшаган, фақат яп-янги овчилар кийими. Ёши ўттиз бешларда. У моҳир теннисчи, балиқ тутиш мусобақаларида бир неча марта биринчи ўринни олган. Аммо у ҳозир ўзини ношудларча тутар, бошқаларга ҳам ландовурдек кўринар эди.
— Майли, шер учун ичайлик! — деди у. — Қилган яхшилигингиз учун қандай миннатдорчилик билдиришни ҳам билмаяпман, — деди у Уилсонга қарата. Маргарет яна ялт этиб Уилсонга қаради.
— Шер ҳақида гаплашмайлик, — деди Маргарет.
Уилсон хотинга қаради, аммо бу сафар кулмади. Аёл унга қараб жилмайди.
— Бугун жуда ғалати кун бўлди-да, — деди Маргарет. — Сиз шляпангизни кийиб олинг, тушга бориб соябон таги ҳам қизиб кетади, деб ўзингиз айтувдингиз- ку менга.
— Ҳа, кийса ҳам бўлади, — деди Уилсон.
— Биласизми, мистер Уилсон, юзингиз жуда ҳам қизариб кетибди, — деди аёл яна жилмайиб.
— Кўп ичаман, шунинг таъсири бўлса керак, — деди Уилсон.
— Йўғ-э, менимча, бу ундан эмас, — деди хотин, — Фрэнсис ҳам кўп ичади, лекин юзи ҳеч қачон қизармайди.
— Бугун қизарди, — деди Макомбер гапни ҳазилга бургандай.
— Йўқ, — деди Маргарет, — бугун мен қизарганман.. Мистер Уилсоннинг юзлари доим қип-қизариб тураркан-а, қандай яхши!
— Бу миллий хусусият бўлса керак, — деди Уилсон. — Умуман, менинг башарам ҳақида гапиришмасак қалай бўларкин?
— Мен гапни энди бошладим-ку, — деди Маргарет нозланиб.
— Майли-да, бас қилақолайлик, — деди Уилсон.
— Унда нима ҳақда гаплашамиз? — ҳайрон бўлиб сўради Маргарет.
— Бачкана бўлаверма, Маргарет! — деди Фрэнсис.
— Гаплашадиган гап кўп, — деди Уилсон. — Мана, масалан, ажойиб бир шер ўлдирилди.
Маргарет иккала эркакка бир-бир қаради. Улар аёлнинг йиғлаб юборай деб турганини сезишди. Уилсонга хотин кишининг оби-дийдаси ёқмасди. Макомбер эса хотинининг йиғи-сиғисига анчадан бери эътибор бермай қўйганди.
— Нега менга яна шернинг ўлдирилганини эслатдингиз-а? — деди йиғламсираб Марго ва ўз чодири томон хомуш юриб кетди.
— Аёл истиғноси ва шунга ўхшаш ҳоказо қилиқлар, — деди Уилсон беписандгина. — Ҳеч нарса бўлмайди. Хотин кишининг асаби ўзи шунақа.
— Йўқ, — деди Макомбер. — Кечирилмайдиган бир иш бўлди. Ўлгунимча эсимдан чиқмайди. Шерни ўзим ўлдиришим керак эди.
— Қўйинг бўлмаган гапларни. Яхшиси, келинг, ичайлик, — деди Уилсон. — Бу воқеани унутинг. Кўнгилни ёзадиган гаплардан гаплашайлик.
—  Тўғри-ку… — дея талмовсиранди Макомбер, — аммо сиз мен учун шундай бир иш қилдингизки, буни ҳеч қачон унутмайман.
— Хижолат бўлаверманг, — деди Уилсон, — Гапиришга ҳам арзимайди.
Улар акация дарахтларининг тарвақайлаган шохлари соясида, соҳил тарафга оқаётган жилға пайдо қилган ям-яшил ўтлоқ ва ўрмон этаги ўрасидаги тошлоқ бир тепада, чодирда илиб қолган лимон шарбати ичиб, бир-бирларига қарамасликка тиришиб, ана шундай суҳбатлашиб ўтиришарди. Айни вақтда қора танли хизматкорларнинг нонуштага дастурхон тузашларини кутишарди. Хизматкорлар ҳамма нарсадан огоҳ эканлигига Уилсон шубҳа қилмасди. Столга ликопча қўяётган Макомбернинг хизматкори хўжайинига ер остидан қизиқиб қараётганини кўргач, Уилсон уни суахили тилида сўкиб берди. Ҳабаш тескари қаради юзида мутлақо бепарволик акс этиб турарди.
— Унга нима дедингиз? — деб сўради Макомбер.
— Ҳеч нарса. Шунчаки тезроқ қимирла, йўқса, ўн беш қамчи ейсан, ўласан, — дедим.
— Қанақасига? Қамчи дедингизми?
— Ҳа, албатта, бу қонунга хилоф иш, — деди Уилсон. — Аслида уларга жазо ўрнида жарима солинади.
— Сизларнинг бу жойларингизда ҳабашларни ҳозир ҳам уришадими?
— Истаганларича уришади. Агар шикоят қилишса, катта жанжал кўтарилиши мумкин. Лекин шикоят қилишмайди. Чунки жарима тўлаш калтак ейишдан оғирроқ.
— Ғалати экан, — деди Макомбер.
— Сиз ўйлаганчалик ғалати эмас, — деди Уилсон. — Дейлик, шахсан сиз бу жазолардан қайси бирини афзал кўрардингиз. Қамчиними ёки пулними? — Уилсон Макомберга бу саволни беришга бердию ўзи ноқулай аҳволга тушиб қолди. Ўртадар хижолат пардасини кўтариб ташлаш учун: — Аслида қайдир йўсин билан ҳаммамизни савашмоқда, — деди.
Уилсон ичида: «Бундан баттари ҳам бўлади. Афсус. Сипоришни билмафман, гапни дўқ эткизиб айтиб қўяқоламан-да», дея ўйлади.
— Тўғри, ҳаммамизни уришади, — деди Макомбер ҳамон унга қарамай. Анави шер билан боғлиқ воқеа кўнглимни жуда хижил қиляпти. Миш-миш тарқалиб кетмасмикин? Расво бўлди-да! Сиз…
— Яъни, мен буни «Матайга-клуб»дагиларга айтаманми-йўқми, шуни билмоқчимисиз? — дея Уилсон Макомберга совуқ назар ташлади. Макомбер буни кутмаганди.
«Ие, бу қўрқоққина эмас, нодон ҳам экан-ку, — деб ўйлади Уилсон. Бошида у менга маъқул тушган эди. Аммо бу америкаликларнинг қанақалигини ким билиб ўтирибди».
— Йўқ, — деди Уилсон. — Овчилик менинг касбим. Бизлар ўз мижозларимиз ҳақида ҳеч қачон гапирмаймиз. Бу хусусда кўнглингиз тўқ бўлсин. Лекин мижозлар менга шунақа савол беришганда жиним қўзийди.
Уилсон, Макомбер билан ғижиллашиб қолсам яхши бўларкан, дея ўйлади. Шунда ўзи алоҳида ўтириб овқатланарди, китоб ўқирди. Улар ҳам ўзларича овқатланишарди, ҳар хил гап-сўз билан Уилсоннинг бошини қотиришмасди. Ов тугагунча бирга юришади, аммо у расмий муомалага ўтиб олади. Французлар айтганидек, «бағоят ҳурматли» деганга ўхшаш такаллуфлардан қутулади. Уларга яқинлашмагани, ош-қатиқ бўлмагани ҳар жиҳатдан маъқул. Макомберни ҳақорат қилади-ю, улар аразлашиб қолишади. Кейин Уилсон ўзича алоҳида, холи, китобини ўқиб, уларнинг вискисини аввалгидай ичиб, маза қилиб юраверади. Бу ерларда шунақа, «вискисини ичиб юрибман» деган гап бор. Башарти овда бирон ғиди-биди чиқса, яъни овчилар ва мижозлар жанжаллашиб қолишса, шу иборани ишлатишади. Бирон оқ танли овчини учратиб қоласан-да: «Ишлар қалай?» деб сўрайсан. У: «Чакки эмас, ановиларнинг вискисини ичиб юрибман», дейди. Шунда дарҳол иш чатоқлигини тушунасан.
— Кечирасиз, — деди Макомбер, доим, то қаригунча болалик туси аримайдиган америкача юзини унга ўгириб. Уилсон унинг калта қирқилган сочини, чиройли, аммо беқарор кўзларини, қирра бурнини, юпқа лабларини ва бежирим иягики назаридан ўтказди. — Узр, фаҳмламабман. Ахир мен кўп нарсаларни билмайман.
«Ўзики бунақа деб тургандан кейин нима қилардинг?» дея ўйлади Уилсон. У шу топда бир нарсани важ қилиб узил-кесил жанжал кўтармоқчи эди, ҳозиргина у ҳақорат қилган бу каллаварам эса, думини чотига тортиб узр сўраб ўтирибди.
Уилсон яна бир бор унинг қитиғига тегишга уриниб кўрди.
— Қўрқманг, бировга гулламайман, — деди у. — Даромадимдан жудо бўлгим келмайди. Бу ерда, Африкада, биласизми, хотин кишининг шерга отган ўқи, бекор кетмайди, оқ танли эркак эса ҳеч қачон жуфтак уриб қочмайди.
— Мен қуёндек қочвордим, — деди Макомбер.
«Шуни одам деб ўтирибман-а, шунақа нарсаларни гап деб гапириб ўтирган одамни нима ҳам қилиб бўларди?»
Уилсон ўзининг бефарқ, мовий кўзларини Макомберга ўқдай қадаган эди, у Уилсонга қараб илжайиб қўйди. Агарда унинг кўзлари қандай мунгли эканини ҳисобга олмаганда, бу яхши кулги эди.
— Балки ҳали қўтослар овида ютиб чиқарман, — деди Макомбер. — Ахир уларга энди навбат келди-ку?
— Хўп десангиз, эртагаёқ мен тайёрман, — деб жавоб берди Уилсон, ундан беҳуда ғазабланган эканман, деган фикрга келиб. Макомбер ҳақ, ўзингни худди шундай тутишинг керак. Бу америкаликларга ёрилиб кетсанг ҳам тушунолмайсан. Уилсоннинг кўнглида Макомберга нисбатан яна хайрихоҳлик уйғонди. Қани энди бугунги тонгни унутиб бўлса. Аммо унутиб бўлармиди. Тонг шунақа бошландики, бундан расвоси буюртирганингда ҳам бўлмайди.
— Ана, соҳибамиз ҳам келяптилар, — деди Уилсон.
У булар томон ўз палаткасидан аста юриб келар, дам олиб тиниққан, қувноқ, мафтункор эди. Юз бичими шунчалар силлиқ, ифодасиз эдики, дабдурустдан уни тентак деб ўйлаш ҳам мумкин эди, «Йўқ, унақа эмас,— деб яна хаёлидан кечирди Уилсон,— йўқ, бу, хотин тентак эмас».
— Қирмизи юз, суқсур йигит мистер Уилсон ўзларини қандай ҳис қиляптилар? — дея таманно қилди овчига ва эрига ҳам ғамза билан: — Хўш, Фрэнсис, жонгинам, сен қалайсан? — деди.
— Анча тузукман, — деди Макомбер.
— Мен бундоқ ўйлаб кўриб, бўлиб ўтган воқеани унутиб юборишга аҳд қилдим, —деди Марго, оҳиста столга ўтирди. — Фрэнсис шерни қандай отади, ўлдирадими-йўқми, менга нима фарқи бор? Шу билан осмон узилиб ерга тушармиди. Овчилик унинг касби эмас. Бу мистер Уилсоннинг касби. Мистер Уилсон ўлжага ҳамла қилганида, ўлдирган пайтида ҳақиқатан ҳам жозибали бўлиб кетаркан. Сиз ҳар қанақа ҳайвонни ҳам ўлдираверасиз, а, тўғрими? — дея Уилсонга боқди.
— Ҳа, ҳамма нарсани, — деди Уилсон.— Нима дуч келса отавераман.
«Бунақангилар шафқатсиз бўлади, — дея ўйлади Уилсон.— Энг тошбағир, энг бемеҳр, энг қонхўр ва энг мафтункор, энг қақшатқич хотинлар ҳам худди шунга ўхшаган бўлади. Эрлари уларнинг олдида ортиқ даражада мулойим кўринишади, думларини қисиб туришади, ёки бирмунча жазавали, жаҳлдор бўлиб қолишади. Балки бунақанги аёллар гаҳ деса қўлларига қўнадиган эркакларни атайлаб танлармиканлар? Лекин улар бу ғаразни қандай қилиб амалга ошира қолишади, ахир барвақт эрга тегадилар-ку?..» Яхшиямки Уилсон америкалик аёлларни биринчи марта кўраётгани йўқ; аммо, бари бир, буниси жудаям жозибадор эди, Уилсоннинг кўнглидаги мойиллик тобора кучаймоқда эди.
— Эртага қўтос овига борамиз,— деди у Маргаретга.
— Мен ҳам бирга бораман,— деди аёл.
— Сиз бормайсиз,— деди Уилсон.
— Йўқ, бораман. Ё мумкин эмасми, а, Фрэнсис?
— Балки лагерда қолганинг яхшидир,— деди эри унга.
— Ҳеч-да,— деди Марго.— Бугунгидек томоша бўлармишу мен кўрмай қолармишман. Нимага келдим бу ёққа-унда?
«Ҳали у йиғисини яшириш учун чодирига кетаётганида, менга ажойиб аёлдай кўринувди,— дея ўйлай бошлади Уилсон.— Ўшанда у аҳволини тушунгандек, эрига ҳамдард бўлгандек, ҳар иккалови учун хижолат чеккандек туюлган эди. Энди эса, чорак соатдан сўнг, аслига тортиб, ўзининг америкача шафқатсиз аёллик ниқобига бутунлай чулғаниб оляпти. Улардан қўрққулик. Улар даҳшатли».
— Эртага сен учун яна томоша кўрсатамиз,— деди Фрэнсис Макомбер.
— Аммо эртага ҳам сиз бормайсиз,— деди Уилсон аёлга қарата.
— Бекорни айтибсиз,— деди Марго шиддат билан.— Мен сизни яна томоша қилмоқчиман. Бугун эрталаб жуда ёқимтой эдингиз — бир ҳайвоннинг калласини узиб ташлаган одамнинг қандай ёқимтой бўлишини тасаввур қила олсангиз керак?!
Уилсон унинг гапига эътибор бермади.
— Мана, нонушта ҳам келди,— деди у.— Сиз, менимча, нимадандир хурсанд кўринасиз?
— Бўлмаса-чи! Мен бу ерларга зерикиш учун келмаганман,— деди аёл.
— Ҳа, майли, ҳозирча зерикишга тўғри келади,— деди Уилсон.
У ирмоқнинг тиниқ сувлари остидаги тошларга, узоқдаги баланд қирғоққа, эрталаб ов қилган жойларидаги дарахтларга қаради-да, ҳаммасини бир-бир эслади.
— Майли, зериксам ҳам чидайман деди Марго,— Жуда ажойиб кун бўлди-да. Эртага-чи? Мен эртани шу қадар ҳаяжонланиб кутаётганимни сиз тасаввур қилолмайсиз.
— Мана, антилопа гўштидан ҳам татиб кўринг,— деди Уилсон.
— Жуда ҳам мазали гўшт,— деди Макомбер.
— Антилопа деганингиз сигирга ўхшаш, қуёндай сакрайдиган ҳаивон-да, а.
— Балли, жуда тўғри таърифладингиз,— деди Уилсон.
— Уни сен отдингми, Фрэнсис?— дея сўради Марго.
— Ҳа.
— Улар хавфли эмасми?
— Устингизга ағанаб тушмаса хавфли эмас,— дея жавоб қилди Уилсон.
— Қўрқмаса бўларкан.
— Бас, Марго, эви билан-да,— деди Макомбер ва гуштнинг бир булагини кесиб вилкасига илди-да, эзилган картошка, сабзи аралаштирилган қайлага ботириб ея бошлади.
— Яхши, жоним,— деди Марго,—Сен илтимос қилиб турганингдан кейин йўқ дермидим.
— Кечқурун шерга шампан пуркаймиз, ҳозир кун жуда иссиқ, деди Уилсон.
— Ҳа, дарвоқе, шер ҳам бор-а,— деди Марго. — Шер хаёлимда ҳам йўқ экан.
«Ана! Энди бу хотин мени таҳқирлашга тушади, — дея ўилай бошлади Роберт Уилсон.— Ёки ичини мушук таталаётган пайтида одам ўзини шу қабилда тутиши керак, деб ўйлаяптимикин? Хўп, эри номардлигини англаб етган аёл ўзини қандаи тутиши лозим? Ўлардек шафқатсиз хотин экан. Умуман, буларнинг қайси бири шафқатсиз эмас? Ахир улар – ҳукмрон, ҳукм сурган одам баъзан шафқатсизлик қилиши табиий. Аслида-ку, буларнинг золимлиги жонимга тегиб кетди…
— Қовурдоқдан олинглар,— деди Уилсон Маргога илтифот билан.
Кечга томон Уилсон ва Макомбер қора танли шофер ҳаидаган машинага ўтириб, икки нафар қурол ташувчини ҳам ёнларига олиб, жўнаб кетишди. Макомбер хоним лагерда қолди. Ҳаво жуда иссиқ, боргим келмаяпти, деди у. Эртага эрталаб бари бир улар билан бирга боради. Машина йўлга тушганда аёл каттагина дарахт остида уларни кузатиб турар, туриши жуда чиройли эди. Эгнида жигарранг костюм, тим қора сочлари пешонасидан орқага таралиб, йиғиб-тугилган. Юзи нокдек таранг. Худди Англияда тургандек. Уилсон хотиннинг ана шу ҳолатини равшан тасаввур этди. Ана, у қўлини силкитиб улар билан хайрлашди. Машина қалин ўсган ўт-ўланларни босиб пастликни айланиб ўтди, дарахтзор орасидаги эгри-бугри йўлдан ғумай поялари кўриниб турган тепалик сари илгарилай бошлади. Бутазорда бир пода антилопа ётган экан, ҳуркитиб юборишди. Уларни сув кийиги деса ҳам бўлади. Машинадан тушишди, шохлари эгилган қари нар кийикни отмоқчи бўлишди. Макомбер уни мерганчасига бир ўқ билан қулатди. Кийик улардан икки юз қадамча нарида ер тишлади. Айни пайтда қолганлари қўзғалишиб, жон ҳолатда сакраб, бир-бирларининг устларидан ирғиб, туёқларини букиб, худди одам тушида учганидай, узоқ-узоққа равон сакрай-сакрай қоча бошлашди.
— Яхши отдингиз, — Уилсон.— Уларга ўқ теккизиш осон эмас.
— Ҳўш, қалай энди, арзигулик туёқми ўзи?— дея мамнун оҳангда сўради Макомбер.
— Арзигулик бўлганда қандоқ!— деди Уилсон.— Ҳамма вақт шунақа отинг, бу ёғи яхши бўлаверади.
— Сиз нима дейсиз, эртага қўтосларни топа олармиканмиз? — деб сўради Макомбер.
— Топсак керак. Улар саҳарда ўтлоққа чиқишади. Агар ов бароридан келса, ўтлоқда уларни учратамиз.
— Анави шер билан боғлиқ нохушликлар ғуборини ювиб юборсам дегандим, — деди Макомбер. — Ўз хотининг олдида шу аҳволга тушиш кишига ёқмайди ҳар қалай.
«Хотининг сени яхши кўрадими-йўқми, менга нима қизиғи бор, бу ҳақда гапириш нодонлик-ку, ахир», дея кўнглидан кечирди Уилсон. Лекин ўзини тутиб туролмади ва:
— Бу хусусда ҳадеб ўйлайверманг,— деди,— Манман деган одам ҳам шерга биринчи бор дуч келганида ўтакаси ёрилади. Ўтган ишга салавот. Бас энди.
Лекин кечқурун, гулхан ёнида ўтириб, бир стакандан содали виски ичиб овқатланиб олишгач, Фрэнсис Макомбер пашшахона тутилган ўрнида тунд товушларга қулоқ солиб ётаркан, ўша воқеа унга тинчлик бермади. Қандай рўй берган бўлса шундайлигича, фақат баъзи тафсилотлари алоҳида ажралиб кўз олдига келаверди. Макомбер ўз қилмишидан уялиб, орланиб роса қийналди. Аммо уятдан кўра ҳам кучлироқ, дилни кемирувчи аллақандай бир совуқ қурқув жону жисмига ёпишиб олиб, уни қаттиқ беҳаловат қилди.
Бу туйғу аввалги куни кечаси уйқудан уйғониб, ирмоқнинг бош тарафидан келаётган шер наърасини эшитганда бошланган эди. Бу бўғиқ ўкирик, ириллаш тингач, йўтал овози эшитилди. Кейин Макомберга шер худди чодирнинг ёнгинасида ўкираётгандек туюлиб, юраги ўйнаб кетди. Ёнида хотини бир маромда ухлаб ётарди. Фрэнсис миқ этишга қўрқар, дардини айтишга дардкаш йўқ, ўзи ёниб, ўзи жиғибийрон бўлар, бу эса қўрқувни баттар оширар эди.
Макомбер ўзининг худди мана шу ҳолатига оид бир самоли ривоятини эшитмаганди. У ривоятда айтилишича, довюрак киши умрида уч марта қўрқади: биринчиси — шер изини кўрганда, иккинчиси — шер ўкиригини эшитганда, учинчиси — унга дуч келганда. Эрталаб улар чироқ ёруғида нонушта қилаётганларида, шер яна ўкирди, Фрэнсисга овоз шундоққина ёнларидан келаётгандай туюлди.
— Қари шерга ўхшайди,— деди Роберт Уилсон қаҳва ичаётиб,— қаранг, қанақа йўталяпти.
— У бу ерга жуда яқинми?
— Жилға бошида, икки чақиримча нарида.
— Уни кўрармиканмиз?
— Кўришга ҳаракат қиламиз.
— Товуши ҳамиша ҳам шунақа узоқдан эшитиладими? Худди лагерь ичкарисига кирганга ўхшайди-я.
— Жуда узоқдан эшитилади, унинг олисда турганига ишониш ҳам қийин,— деди Роберт Уилсон.— Овимиз бароридан келсин, деб тураверамиз-да. Шу ерликлар бу атрофда жуда катта шер бор, деб айтишганди.
— Агар отишга тўғри келиб қолса, қаерини мўлжаллаш керак?—деб сўради Макомбер.
— Курагини,— деди Уилсон.— Уддасидан чиқсангиз, бўйнига отинг. Суягини нишонга олинг. Бир ўқ билан ўлдиришга ҳаракат қилинг.
— Ўқим бекорга кетмас деб ўйлайман,— деди Макомбер.
— Сиз яхши отасиз,— деди Уилсон.— Фақат ҳовлиқманг. Жон жонига отинг. Биринчи ўқ ҳал қилувчи бўлади.
— Қанақа масофадан отган маъқул?
— Айтиш қийин. Бу масалада шернинг ҳолати ҳисобга олиниши керак. Агар масофа жуда олис бўлса, отманг. Ўлишига кўзингиз етсагина ўқ узинг.
— Юз ярддан яқин бўлиши керакми?—деб сўради Макомбер.
Уилсон унга ялт этиб қараб қўйди.
— Юз ярд — энг қулай масофа. Яқинроқ бўлса, яна ҳам яхши. Агарда шер узоқда бўлса, ўқ беҳуда кетади. Хуллас, қулайи юз ярд. Бунақа жойдан истаган нуқтангизни нишонга олишингиз мумкин. Ана, бекамиз ҳам келяптилар.
— Салом,— деди Марго.— Хўш, кетдикми?
— Аввал сиз нонушта қилиб олинг, кейин кетамиз,— деди Уилсон.— Ўзингизни яхши ҳис қиляпсизми?
— Яхши бўлганда қандоқ!— деди Марго.— Мен жудаям ҳаяжонланаяпман.
— Бориб қарай-чи, нарсалар тайёрмикин,— дея Уилсон ўрнидан турди.
У нари кетиб бораркан, шер яна ўкирди.
— Ие, жуда ғалва қилиб юборди-ку бу,— деди Уилсон. — Майли, биз унинг нафасини ўчириб қўямиз.
— Сенга нима бўлди, Фрэнсис, мунча хомушсан?— дея сўради хотини Макомбердан.
— Ҳеч нарса,— деди Макомбер.
— Йўқ, жуда шаштинг паст, нима бўлди ўзи, айта қол.
— Ҳеч нима.
— Айт!— хотини унга синовчан тикилди.— Мазанг қочиб қолдими?
— Анави… овозинг ўчкурнинг ўкиришини қара…— деди у.— Тун бўйи тинмади.
— Нега мени уйғотмадинг? Мен ҳам эшитардим.
— Энди уни гумдон қилмасам кўнглим тинчимайди,— деди Макомбер қаҳр билан.
— Ўзи бу ерга шунинг учун келгансан-ку.
— Ҳа. Лекин негадир кўнглим ғаш. Бу ўкирик жиғимга тегяпти.
— Жиғингга тегаётган бўлса, ўлдириб қўяқол. Мистер Уилсон айтганидек, нафасини ўчир.
— Бўпти, жоним,— деди Фрэнсис Макомбер.— Оғизда айтиш жуда осон, тўғрими?
— Нима, юрагинг дов бермаяптими?
— Йўқ. Фақат туни билан овозини эшитиб чиққаним учун кўнглим ғашланяпти.
— Уни гумдон қиласан-да, ўзинг ҳам тинчийсан,— деди Марго.— Уни тезроқ ўлдирсанг эди, қандай ўлдиришингни жудаям кўргим келяпти.
— Бўпти, нонуштани тугат, жўнаймиз.
— Ҳозир-а?— деди Марго.— Ҳали тонг ҳам ёришмади-ку.
Шу пайт шер яна ўкирди, ўкирик садоси тўлқинлана-тўлқинлана тобора кучайиб бориб гулдирашга айланди, ҳавони ларзага солиб, аста бўғиқ, паст ириллаш билан тугади.
— Худди шу атрофда юрганга ўхшайди, — деди Марго.
— Уф-ф,— деди Макомбер,— овозига тоқатим қолмади.
— Овози даҳшатли экан.
— Ҳа! Даҳшатдан ҳам баттар!
Уилсон йўғон, бесўнақай қўндоқли калта милтиғини кўтариб, илжайганча кириб келди.
— Жўнадик,— деди у жўшқин овозда.— Сизнинг дов-дастагингиз билан
нариги милтиғингизни қурол ташувчилар олди. Ҳаммаси машинада. Ўқлар ўзингиздами?
— Ҳа.
— Мен тайёрман,— деди Макомбер хоним.
— Унинг овозини ўчириш керак,— деди Уилсон.— Шофёрнинг ёнига ўтиринг. Бека орқа ўриндиқда, менинг ёнимда ўтирадилар.
Улар машинага жойлашиб, тонг бўзарган пайтда ўрмон оралаб сойнинг юқори томонига жўнашди. Макомбер милтиғини олиб, отишга тайёрлаб қўйди. Қўлининг титраётганини кўриб, ичида ғижинди. Чўнтагидаги, кўкрагидаги ўқларни бармоқлари билан ушлаб-ушлаб кўраркан, кўнглида таскин ва ғазаб аралаш бир туйғу ғалаён қиларди. Орқага қараб, Уилсон ва хотинининг кулишиб ўтиришганини кўрди. Машинанинг ичкариси тўртта ғилдиракка ўрнатилган қутини эслатарди. Уилсон олдинга энгашди-да, Макомбернинг қулоғига шивирлади:
— Қаранг, қушлар қўняпти, бу шернинг нарига кетгани аломатидир.
Макомбер ён томонга қаради ва ўрмон устида доира ясаб учиб юрган, пастга ўқдек шўнғиётган ўлаксахўр қузғунларни кўрди.
— У ётиш олдидан буёққа сув ичгани келиши керак,— деди Уилсон яна шивирлаб.— Шай бўлиб туринг.
Улар машинада тошлоқ ўзандан тик кўтарилган дўнглик буйлаб аста юрио боришар, атрофдаги дарахтлар сершох, йўл илонизи эди. Рўпарадаги қирғоққа тикилганча хаёл суриб кетаётган Макомбер бирдан Уилсон елкасига қўл қуйганини сезди. Машина тўхтади. Кейин Уилсоннинг:
— Ана у, — деган товуши эшитилди.— Рўпарада. Ўнг томонда. Тушинг энди машинадан. Отинг. Шермисан шер экан.
Макомбер шерни кўрди. У баҳайбат бошини улар томонга ўгирган ҳолда ёнламасига турарди. Майин шабада шернинг қорамтир ёлини тараб-соллантирар, тонгги ғира-шираликда унинг баҳайбат жуссаси, кенг кўкраги, ялтироқ, сип-силлиқ танаси яққол кўриниб турарди.
— Орадаги масофа қанчайкин?— дея сўради Макомбер милтиғини шайлар экан.
— Етмиш ярд келар. Машинадан тушинг-да, отаверинг.
— Шу ердан отсам-чи?
— Машинадан шерга ўқ отиб ўлдирмайдилар,— деди Уилсон Макомбернинг шундоққина қулоғи тагига келиб. — Тушинг энди. Шер кечгача сизга бундай туриб бермайди.
Макомбер тараддудланиб пастга тушди. Шер ҳамон осойишта, виқорли ҳолатда кўзига ғайритабиий, каркидонга ўхшаб кўринган машинага қараб турарди. Одам ҳиди унгача етиб бормаган чоғи, у оғир калласини вазмин чайқаб, ғалати шарпага тикилар, хавф сезмас, аммо шарпа — машина борлиги учунми, ирмоққа тушиб келавермас эди. Шер шарпадан одам қиёфаси ажралиб чиққанини кўрди, дарахтлар панасига ўтиб кетар чоғида қаттиқ гумбурлаган товушни эшитди, танасида кучли оғриқни сезди. Тўнғизўқ унинг биқинига ёпишиб, куйдириб, кўнглини беҳузур қилиб ошқозонидан ўтиб кетди. Баҳайбат шер жароҳат ва тўқлиги боис оғир-оғир одим ташлаб ўт ва дарахтлар панасига ўзини олди. Шу пайт яна ўқ овози янгради. Ўқ ҳавони титратиб, шундоққина ёнидан ўтди. Шу асно қаторасига яна бир неча ўқ товуши варанглади, ўқ шернинг пастки қовурғасига тегиб нариги биқинидан чиқиб кетди. Шернинг оғзига иссиқ қон кўпиги қуйилди, у жонҳолатда ўзини баланд ўтлар орасига урди.
Макомбер машинадан тушаётганида шер ҳақида ўйламас, билгани шу эдики, қўллари қалтирар, оёқларини аранг босар, сони, болдири ҳолсиз жимирлар эди. У милтиқни шайлаб, шер бўйнини кўзлади, тепкини босди. Аммо қанча уринмасин, милтиқ отилмади. Шунда предохранителга қўйганини эслади очмоқчи булиб қуролни туширар экан, яна бир ножўя қадам ташлади, автомобиль шарпасидан ажралиб чиққан одамни кўриб, шер ўгирилиб, баланд ўтлар панасига кета бошлади. Макомбер, ўқ узди за «танқ» этган таниш товушни эшитиб, мўлжалга урганлигини англади, аммо шер ҳамон чопар эди: Макомбер яна ўқ узди, шернинг олдидаги ер тўзиб кетди, буни ҳамма кўрди. У яна отиш ниятида тепкини итариб, ўз жойига киргизмоқчи эди, шер ўтлар орасида ғойиб булди.
Макомбер қуролни мўлжалга қараб бураркан, қўллари қалтирар, кунгли айнир, ёнида хотини ва Роберт Уилсон сукут сақлашар, ҳабашлар ўз тилида нималардир деб валдирашар эди.
— Ўқ тегди,— деди Макомбер,— Икки марта тегди.
— Биқинига тегди,— деди Уилсон лоқайд,— Кўкраги ҳам яраланди чоғи,— Ҳабашларнинг кўриниши жуда жиддий, улар сукут сақлашар эди,— Балки сиз уни тамом қилгандирсиз,— давом зтди Уилсон. — Бир оз кутамиз, кейин бориб кўрамиз.
— Яъни?
— Ҳолдан тойсин, кейин изидан борамиз.
— Ҳа-а…— деди Макомбер.
— Ажойиб шер, худо ҳақи,— хурсанд тарзда деди Уилсон,— Фақат ёмон жойда бекиниб олгани чатоқ.
— Нега ёмон жой? Нимаси ёмон?
— Яқин бормаса, кўриб бўлмайди.
— Ҳа-а…
— Хўп, кетдик,— деди Уилсон.— Хоним шу ерда, машинада қолсинлар. Изини қараш керак, қон оққандир.
— Марго, сен шу ерда тура тур,— деди Макомбер базўр хотинига, унинг томоғи қуриган эди.
— Нега энди?— сўради Маргарет.
— Овчи шунақа деяпти.
— Биз аввал бориб билайлик, аҳвол қанақа экан,— деди Уилсон.— Сиз шу ерда қолаверинг. Бу ёқдан кўриш ҳатто қулай.
— Майли.
Уилсон суахили тилида шофёрга нимадир деди, у бош ирғаб:
— Хўп, — деди.
Кейин улар пастқамликка тушишиб, тошлоқ ўзандан ўтишди, илдизларга қоқила-қоқила нариги қирғоққа чиқиб олишди ва қирғоқ бўйлаб юриб, Макомбер биринчи марта ўқ узган ва шер югурган жойга бориб тухташди. Ҳабашлар қон томчиларини кўрсатишди — из дарахтлар томон йўналган эди.
— Энди нима қиламиз?— сўради Макомбер.
— Нима қилар эдик, бошқа чора йўқ,— деди Уилсон.— Қирғоқ баланд, машина ўта олмайди. Бир оз ҳолдан тойсин, кейин сиз билан бирга бориб, қидириб кўрамиз.
— Ўтларни ёндириб юборсак бўлмайдими?— сўради Макомбер.
— Ўтлар ҳўл, ёнмайди.
— Ҳайдовчиларни юборсак-чи?
Уилсон Макомберга тикилди.
— Юбориш мумкин, албатта,— деди у. — Тайин ўлимга юборгандек бўламиз. Шер яраланганини биламиз-ку. Шер соғ бўлса, уни ҳайдаб бориш мумкин — товушдан қочади. Аммо яраланган шер қочмайди, ҳамла қилади. Ерга ёстаниб ётади, ҳатто қуён яширина олмайдиган жойларда сездирмай етади. Мунақа жойга кимнидир юбориш хавфли. Майиб қилиши турган гап.
— Қурол ташувчилар-чи?
— Улар биз билан боришади. Уларнинг бурчи, контракт тузишган, «шаур» дейишади. Лекин бари бир улар ҳам мунақа ишга оғринишади.
— Мени у ёққа боргим келмаяпти,— деди Макомбер, сўзлари уйлаб-нетгунича оғзидан чиқиб кетди.
— Мени ҳам,— деди Уилсон дангал — Аммо илож қанча, — Кейин ниманидир ўйлаб, Макомберга қаради: у қалтирар, аҳволи тушкун эди.
— Сиз, албатта, бормаслигингиз мумкин,— деди у.— Шунинг учун ҳам мени ёллашади. Шунинг учун ҳам нархим баланд-да.
— Яъни, сиз бир ўзингиз бормоқчимисиз? Балки унга тегмаганимиз маъқулдир.
Шу топгача фақат шер билан машғул бўлиб, Макомбер ҳақида ўйламаётган Роберт Уилсон уятли бир нарсани пайқаб қолгандек хижолат чекди.
— Буни қандай тушуниш керак?
— Шер ётган жойида қолаверсин, дейман.
— Шерни яраланмаган, деб ўйлайсизми?
— Йўқ. Қайтиб кетамиз, вассалом.
— Мундай қилиб бўлмайди.
— Нега?
— Биринчидан, шер қийналади. Иккинчидан, биров унга дуч келиб қолиши мумкин.
— Тушунарли.
— Лекин сиз биз билан боришингиз шарт эмас.
— Мен борардим-у,— деди Макомбер,— лекин чўчияпман, юрагим дов бермаяпти.
— Мен олдинда бораман,— деди Уилсон.— Анови чол, Кончони, изни қараб боради. Сиз мени пана қилиб, сал четроқда юринг. Шер товуш бериб қолиши мумкин, эшитиб қоламиз. Кўришимиз билан ўқ узамиз. Бараварига. Хавотир бўлманг, мен ёнингиздан нари кетмайман. Дарвоқе, сиз балки ростдан ҳам бормаганингиз маъқулдир?
— Йўқ, бораман.
— Ихтиёрингиз,— деди Уилсон.— Лекин оёғингиз тортмаётган бўлса, бормай қўяверинг. Ахир бу иш менинг «шаури»им.
— Бораман,— деди Макомбер.
— Агар хотинингизда гапингиз бўлса, ҳали фурсат бор,— деди Уилсон.
— Йўқ.
— Мен бориб айтай, шошмасинлар.
— Майли,— деди Макомбер. Бориб шерни ўзинг гумдон қилиб кел, дейишга тили бормади. Тер босиб, оғзи қуриб, кўнгли айнаб, ўтириб қолди.
Тезда Уилсон қайтиб келди.
— Мен штуцерингизни ола келдим,— деди у,— Ушланг.
Макомбер штуцерни олганида, Уилсон:
— Мендан уч-тўрт қадам ўнгроқда юринг,— деди,— Мен нима десам, шуни қиласиз. Кейин иккала ҳабашга суахили тилида нималарнидир уқтирди, уларнинг авзои бузуқ эди.— Кетдик,— деди у.
— Бир қултум сув бўлса, томоқни ҳўллаб олардим,— деди Макомбер.
Уилсон қурол ташувчиларнинг бошлиғига нимадир деди, у белидаги флягани ечиб, қалпоғини буради, Макомберга узатди. Макомбер олди — фляга оғир, кичик ғилофи ғадир-будир, жунли эди. У сув идишини оғзига яқинлаштирар экан, кўзлари баланд ўсимликлар ва яшил буталари ялпоқ дарахтларга тушди. Майин шамол юзга урар, ўтлар боши чайқалар эди. У қурол ташувчига қаради ва у ҳам ҳадиксираётганини пайқади.
Ўттиз беш қадамча нарида шер ерга бағрини бериб, қимирламай ётар, қулоқлари қисилган, фақат учи қора кокилли думи сал ғимирлар эди. У панага келиши биланоқ ерга ётганди; ғалвир қилиб ўтиб кетган ўқ зарбидан кўнгли айнар, яраланган ўпкаси ҳолсизланар, ҳар нафас олганида ҳалқумига суюқ қизил кўпик қуйилар эди. Иккала биқини иссиқ ва ифлос, ўқ тешиб кирган майда тешиклар атрофида пашшалар қалашган, нафрат тўла йирик, сариқ кўзлари ҳар нафас олганида юмилиб-очилар, узоқларга тикилар, ўткир чангаллари юмшоқ ерга чуқур ботган эди. Оғриқ, ўқчиш, нафрат, охирги куч — ҳаммаси сўнгги ҳамла учун тўпланган эди. Овозлар яқинлашгач, думи жимиб қолди ва шер одамларни кўриши билан бўғиқ иҳради-да, ўзини улар томон отди.
Кончони издан кўзини узмай олдинда кетар, Уилсон отишга тайёр милтиқ билан ўт орасида ҳар бир ҳаракатни назардан кечириб борар, иккинчи қурол ташувчи тиқ этган товушга қулоқ солар, Макомбер эса Уилсоннинг ортидан аста юрар экан, бармоғи милтиқ тепкисида, отишга тайёр эди. Улар энди баланд ўтлар ичига кирувдилар ҳамки, Макомбер ғарғарасимон ўкиришни, шу ондаёқ ўтларни тасмадек чирсиллаганини эшитди ва айни шу пайтнинг ўзида ҳамма нарсани унутиб орқага қочаётганини англаб қолди. У «қа-ра-ванг» этган милтиқ товушини икки марта эшитди ва тўхтаб, орқага, Уилсонга кўз ташлади — бошининг бир бўлаги қаёққадир портлаб кетган даҳшатли махлуқ Уилсон томон ўрмалар, қирмизи юз одам милтиғини мўлжалда тутиб, яна ўқ узар «қа-ра-ванг» товуши яна янграр эди… Судралиб келаётган шернинг сариқ, баҳайбат танаси тўхтади, мажағи чиқиб кетган калласи олдинга мункиди-да, ерга тақалиб қолди.
Қўлида ўқланган милтиқ, икки ҳабашнинг таъқиб назари остида Макомбер олазарак бўлиб майсазорда тураркан, шернинг адо бўлганини англади ва Уилсоннинг ёнига борди.
Уилсон Макомберга бир қараб олгач:
— Расмга тушасизми?— деди,
— Йўқ,— деди Макомбер.
Машина олдига етиб боргунларича ҳеч ким чурқ этмади.
— Ажойиб шер, деди ниҳоят Макомбер. — Ҳозир терисини шилишади.
Машинанинг орқа ўриндиғида ёнма-ён ўтиришган бўлса ҳам, эр-хотин бир-бирларига қарашмади. Уилсон олдинда хаёл суриб ўтирар эди. Макомбер бир қимирлаб, хотинининг қўлини ушлади, аммо у қўлини тортиб олди. Ирмоқнинг нариги бетига, ҳабашлар шерни ағдар-тўнтар қилаётган томонга боқиб, бу ердан ҳамма нарсани яққол кўрганини билди. Кейин хотини олдинга интилиб, қўлларини Уилсоннинг елкасига қўйди, Уилсон бу томонга ўгирилган эди, Маргарет дарҳол унинг лабларидан ўпиб олди.
— Ие, ие,— деди Уилсон, унинг қизил юзи баттар қизариб кетди.
— Мистер Роберт Уилсон,— деди аёл.— Ажойиб инсон мистер Роберт Уилсон!
Кейин Маргарет қайтиб жойига ўтирди-да, эри томон қарамай, сойнинг нариги, шер ётган томонига назар ташлади. Ниҳоят ҳабашлар шернинг хом, оғир терисини келтиришиб, автомобилга чиқишди. Машина жўнади. Лагерга етгунча машинадагилар бир-бирларига лом-мим дейишмади.
Шер билан боғлиқ воқеа шундай бўлган эди.
Ўқ-дорининг икки тонна келадиган зарби шернинг калласини ўпириб кетишидан аввал шер ҳамлага ҳозирланаётганида, сакраганидан кейин навбатдаги ўқ зарбидан умуртқаси чўрт узилиб кетганда, олов пуркаётган нарсага ўзини ташлаб, ажалини топганда, шернинг ҳолати қанақа эканини Макомбер билмасди. Буни Уилсон яхши билади ва билганини «ажойиб шер» ибораси билан ифода қилди-қўйди. Айни пайтда Уилсоннинг дилидан нималар ўтган — бу ҳам Макомберга ноаён. Ўша топда хотини ҳам нималарни ҳис қилди — унга қоронғи, фақат бир нарса равшан — хотини энди у билан бирга турмайди. Ажрашиш нияти хотинининг дилида бир неча бор туғилган, аммо узоққа чўзилмаган. Макомбер жуда бой ва яна бойиб кетиши муқаррар бўлиб энди хотини ажралмаслигини биларди. У ёшлигида чиройли бўлган, ҳозир ҳам Африкадаги гўзаллардан бири Маргарет эди, аммо бу эрни тарк этиб, дурустроғини топиш учун Америкадаги аёлларнинг энг чиройлиси бўлиши керак. Маргарет энди у тарозини боса олмайди, буни ўзи ҳам, эри ҳам яхши тушунади. Агарда эри ҳам аёллар талабига яроқли бўлганида, у бошқа биронтасини топиб кетаверади-да, деган гумонда қийналиб юрарди, аммо Маргарет эри нималарга қодирлигини англаган, у ҳеч қаёққа кетолмаслигидан кўнгли тўқ. Бунинг устига Макомбер кўп ҳолларда чидашга ўрганган, кўникувчи эр эди, бу эса унинг энг ёқимли ва айни пайтда энг хавфли хислатлари эди. Уларнинг турмуш негизи мустаҳкам бўлиб, Маргаретнинг ҳусни ажралмаслик учун, Фрэнсиснинг бойлиги хотинининг бардошига гаров эди.
Тун бўйи шер ҳақида ўйлаверишдан чарчаган Макомбер соат учларда бир муддатгина ухлади, уйғониб яна кўзи илинди, тепасида турган шернинг қонга беланган калласини тушида кўриб, яна уйғониб кетди, нималаргадир бир оз қулоқ солиб ётди-да, юраги ҳаприқиб, нохуш бир нарсани англади; хотинининг ўрни бўш эди. Тушини ўйлаб, Макомбер икки соат кўз юма олмай ётди.
Икки соатдан кейин хотини палаткага кириб келди, пашшахона этагини кўтариб, ўрнига шўнғиди.
— Қаерда эдинг?— сўради Макомбер қоронғида.
— Хэлло, — деди хотини,—Уйғоқмидинг?
— Қаерда эдинг?
— Тоза ҳавога чиқувдим.
— Бекор айтибсан.
— Нима дейишим керак, ўргилай?
— Қаерда эдинг?
— Тоза ҳавога чиқувдим.
— Бу нима, янгича, иборами? Қанжиқ.
— Сен қўрқоқсан.
— Ҳўш?— деди Фрэнсис.—Қўрқоқ бўлсам нима қипти?
— Мен учун ҳеч нима. Ке, жоним, ҳозир суҳбатнинг пайти эмас, уйқим келяпти жуда.
— Мени индамайди, ютиб кетаверади, деб ўйлаяпсанми?
— Имоним комил, ўргилай.
— Энди чидамайман,
— Ке, жоним, жим ётайлик, уйқим келяпти.
— Ахир бу ишларга чек қўйилди, деб келишувдик-ку? Бошқа қайтарилмайди, деб ваъда берувдинг-ку ўзинг?
— Қайтарилиб қолди,— деди аёл майин оҳангда.
— Биз бу ерларга сафар қилсак, анави ишларингни такрорланмайди, девдинг. Ваъда қилувдинг ахир…
— Тўғри, жоним. Ниятим ҳам шунақа эди. Аммо кечаги кун сафаримизни бузиб ташлади. Ҳозир энди бу ҳақда гапириш ўринсиз.
— Ўлжа тўғри келса, сен бу имкониятдан воз кечмайсан, шундай-а?
— Илтимос, бу ҳақда ҳозир гаплашмайлик. Жудаям уйқим келяпти, ўргилай.
— Гаплашамиз.
— Ундай бўлса, майли, мен ухлайман.— Ва у уйқуга кетди.
Тонг ёришишига ҳали бор, улар учови нонушта қилиб ўтиришар эди. Макомбер: одамлар орасида энг ёмон кўрадиганим Роберт Уилсон, деб ўйларди.
— Қандай ухладингиз?— сўради Уилсон, трубкасини тамаки билан тўлдирар экан.
— Ўзингиз-чи?
— Нимасини айтасиз, жуда маза қилиб ухлапман.
«Аблаҳ,— дея хаёлидан кечирди Макомбер,— малъун!»
«Демак қайтиб келиб эрини уйғотибди-да,— дея ўйлади Уилсон, икковига бефарқ ва совуқ назар ташлаб.— Хотинига қараса ўладими. Менга нима? Ҳирсим ўликми? Авлиёманми? Ўзингдан кўр».
— Қўтосларни учрата олармикинмиз?— сўради Маргарет, ўрик солинган ликопни Уилсон томон суриб.
— Учратсак керак,— деди Уилсон ва унга қараб қулиб қўйди.— Сиз лагерда қолсангиз тузук бўлармиди?
— Ҳеч-да,— жавоб берди аёл.
— Айтинг хотинингизга, лагерда қолсинлар,— деди Уилсон Макомберга.— Буюринг.
— Ўзингиз буюринг,— деди Макомбер зарда билан.
— Келинглар, яхшиси буйруқни қўяйлик,— деди аёл эрига қараб.— Ножўя гапларни ҳам, Фрэнсис.
— Қачон юрамиз?— сўради Макомбер.
— Мен тайёрман,— деди Уилсон.— Хоним бирга борсалар майлими? Сиз шуни истайсизми?
— Истайманми, истамайманми, бари бир эмасми?
— Бари бир,— деди Уилсон.
— Балки сиз хотиним билан бирга лагерда қолиб, қўтослар овини ўзимга қўйиб берарсиз,— сўради Макомбер.
— Ҳақим йўқ,— деди Уилсон.— Умуман қўйинг мунақанги гапларни.
— Бу беҳуда гап эмас. Кўзимга ҳамма нарса бало бўлиб кўриняпти.
— Бало — яхши сўз эмас.
— Фрэнсис, марҳамат қилиб ақлингни йиғиб гапир,— деди аёл.
— Ҳалиям ақлимни йиғиб гапиряпман,— деди Макомбер.— Умрингизда шунақа бадхўр овқатни татиб кўрганмисизлар?
— Овқат ёқмадими?—осойишта сўради Уилсон.
— Овқат ҳам.
— Оғайни, сал ўзингизни тутиб олинг,— деди Уилсон жуда совуққонлик билан.— Хизматкорларнинг бири инглиз тилини тушунади.
— Тушунса ундан нари.
Уилсон ўрнидан турди, трубкасини бурқситиб нари кетди, йўл-йўлакай уни кутиб турган қурол ташувчига суахили тилида алланималар деди.
Дастурхон атрофида эр-хотин ўзлари қолишди. Макомбер кўзини қаҳва қуйилган идишдан узмас эди.
— Агарда жанжал қўзғайдиган бўлсанг, жоним, мен сен билан яшамайман.
— Яшайсан.
— Жанжал қўзғагин, кўрасан.
— Сен мени ташлаб кетмайсан, биламан,
— Тўғри, — деди Маргарет. — Агар ўзингни яхши тутсанг.
— Яхши тутсанг! Гапингга ўлайми? Яхши тутсанг эмиш!
— Ҳа. Яхши тутсанг.
— Сен ўзингни яхши тутсанг бўлармиди.
— Шунча ҳаракат қилдим. Шунча.
— Анави қизил эт тўнғизни кўрарга кўзим йўқ, — деди Макомбер. — Турқидан кўнглим озяпти.
— Унақа дема, у чакки эмас.
— Бас! — дея чинқириб юборди Макомбер.
Шу пайт уларнинг ёнига автомобиль келиб тўхтади, ичидан шофёр ва икки қурол ташувчи ирғиб тушди. Уилсон стол олдига келиб, эр-хотинга синчков назар ташлади.
— Овга жўнаймизми? — сўради у.
— Ҳа, — деди Макомбер, ўрнидан тураётиб. — Жўнаймиз.
— Иссиқ кийим олволинг. Йўлда совуқ бўлади,— деди Уилсон.
— Чарм курткани олиб чиқаман, — деди Маргарет.
— Куртка хизматкорда, — деди-да, Уилсон шофёр ёнига ўтирди. Фрэнсис билан хотини индамай машина орқасига чиқишди..
«Бу хумпар орқамдан ўқ қўйиб қолсая, — деб ўйлади Уилсон, — Нега хотинларини эргаштириб юришади?»
Автомобиль пастга шўнғиб, сойнинг тошлоқ жойидан ўтиб, нариги қирғоққа чиқди. Қирғоқ баланд, дарахтлар сийрак эди, кенг ўтлоқларда, баргу бутоқларда шудринг йилтирар, ғилдираклар тагида мажақланган ўт-ўланнинг ҳиди анқир эди. Роберт Уилсон табиатнинг шу ҳолатини ёқтирарди, шунинг учун у ҳозир орқада ўтирган эр-хотин ҳақида ўйламасди. Ҳозир унинг хаёли қўтослар билан банд. Қўтослар кундуз кунлари ботқоқликда юришади, ботқоқлик қамишзор билан ўралган, бу ерда ов қилиш қийин. Қўтослар ўтлоққа кечаси чиқишади. Ботқоқ ва ўтлоқ орасига машина билан кириб, йўлини кессакмикин, дея ўйлади Уилсон. Ана ўшанда Макомбер очиқликда ов қилар, ундан нари бўлар эди. Уилсоннинг чангалзорда Макомбер билан ов қилишга ҳуши йўқ эди. Умуман Макомбер билан ов қилишни истамас эди, аммо касби шу, начора.
Агар бугун қўтос учраса, каркидон қолади, шу билан Макомбернинг бугунги хавф тўла ҳордиқ куни якунланади. Аёл билан Уилсон бўлак донлашмайди, кечаги ҳодисани Макомбер бир амаллаб ҳазм қилиб юборади. Бинобарин, у ягона ҳодиса эмас, бечора бунга ўхшаш нарсаларни кўравериб кўникиб кетган. Ўзингдан кўр, ландовур.
Роберт Уилсон овга чиққанида, эҳтиёт шарт деб, доим кенгроқ каравот олиб юрарди. Унинг мижозлари — тарала-бедоду кайфу сафога берилган зодагонлар, турли мамлакатдан келган ҳаваскор-спортчилар ва шу каравотда оқ танли овчи билан ётиб кетишмаса харажатлари тўла оқланмайди, деб ўйлайдиган аёллар. Кўздан йироқ пайтда у аёллар овчининг назарида қабиҳ кўринар, аммо бу ёққа келиб, эркаклар билан баравар ов сафарига чиққанда, унга ёқа бошлар эди. Қандай бўлмасин, Уилсоннинг куни шулар туфайли ўтади, шунинг учун уларнинг барча хархашаларини кўтаришга мажбур. Барча хархашалардан фақат унинг овчилиги мустасно, бу соҳа унинг ихтиёрида, одамлар у ўрнатган қоидаларга бўйсунади ёки бошқа овчи ёллайди. Кўплар Уилсонни шу қоидалари учун ҳурмат қилишади. Мана бу Макомбер эса… ғалати одам… Уилсон улар томон кўз ташлади. Макомбер хафа ва баджаҳл эди. Маргарет табассум қилди. Бугун у ёшроқ, покиза, иффатли кўринди. Хаёлида нималар бор — буни Уилсон билмас эди. Кечаси у кўп гаплашмади. Бари бир ундан кўз узиш қийин.
Уилсон шофёрга тўхташни буюрди, кейин дурбин орқали узоқдаги ўтлоққа қаради.
Машина яна жилди, тўнғиз ҳандақ ва чумоли қуббаларини четлаб, ўша томонга кета бошлади.
Уилсон кескин ўгирилиб:
— Ана, қўтослар, қаранг! — деди Макомберга.
Машина илдамлашди, Уилсон ҳабашлардан бири билан суахили тилида тез-тез гаплаша бошлади, Макомбер у кўрсатган томонга қараб, ўтлоқдан ҳаккалаб ўтаётган учта баҳайбат қўтосни кўрди.
— Учалови буқа экан, — деди Уилсон. — Йўлини кесиб чиқиш керак.
Автомобиль ўнқир-чўнқирдарга қарамай уча кетди, Макомбернинг кўз олдида қўтослар борган сари каттая бошлади, энди Макомбер бир оз орқада қора ялтироқ шохларини елкасига қадаб бир маромда елаётган, бўйни билан танаси бирлашиб кетган буқанинг тақир, кулранг, серқазғоқ ғадир-будир гавдасини яққол кўрди, дарҳол милтиғини ҳозирлади, аммо Уилсон: «Машинадан отманг-да, тентакмисиз, э!» деб қичқирди. Шу топда Макомбернинг дилида ҳеч қандай қўрқув йўқ, аксинча, Уилсонга нисбатан ғараз ва нафрат қайнар эди. Шофёр тормоз берди чоғи, машина ғилдираклари билан ерни ҳайдаб, сирғалиб кетди, мотор ўчиб қолай деди. Уилсон бир томонга отилди, Макомбер эса иккинчи томонга сакраб, муккаси билан кетди, аранг ўзини ушлаб қолди, учиб бораётгён қўтосга ўқ узди, ўқ мўлжалга тегди. Макомбер шитоб билан басма-бас тепкини босди ва шу заҳотиёқ милтиқни қайта ўқлай туриб, қулаётган буқага кўзи тушди. Буқа чўккалаб қолган, оғир калласини жон ҳалпида чайқар, аланглар эди. Макомбер елиб бораётган иккита қўтосни кўрдию дарҳол ўқ узди, ўқ биринчисига тегди, у тумшуғи билан ерга қадалиб қолди.
— Қойил! — деди Уилсон. Энди учинчисини мўлжалланг!
Биринчи қўтос ҳамон аввалги шиддат билан қочар, ўлим исканжасида типирчилаётган шерикларига қарамас эди. Макомбер ва Уилсон кетма-кет қўтосга ўқ узишди, аммо биронтаси ҳам мўлжалга тегмади.
— Машинага! — деб қичқирди Уилсон ва Макомбернинг қўлидан тортди. — Узоқлашиб кетди, ўқнинг зарби етмайди.
Улар икки томондан машинага отилишди, машина дўнгликлар оша учди, ҳеч қаёққа қайрилмай олдинда югураётган қўтосни қувиб етишди ва машина ҳайвонга тенглашганида, Уилсон: «Тўхтат!» деди. Кескин тормоздан машина яна сирпаниб кетди, ағдарилишига сал қолди. Макомбер машинадан отилиб тушди, аммо йиқилмади, дарров тепкини ростлаб, учиб бораётган махлуққа ўқталиб ота бошлади. Аммо шунча ўқ бехато тегишига қарамай, қўтос шиддат билан узоқлашар, ўқ кор қилмас эди. Шу пайт Уилсоннинг милтиғи шаранглади, қўтос гандираклаб қолди, овчи қунт билан ўқталиб, яна отди, қўтоснинг баҳайбат қора танаси калта ва йўғон туёқларини босиб гуппа ағдарилди.
— Қойил! — деди Уилсон.— Мерган деган шунақа бўлади. Учалови тайёр.
Макомбернинг дилида ҳозир аллақандай мастона сурур туғён урарди.
— Сиз неча марта ўқ уздингиз? — деб сўради у.
— Фақат уч марта, — деди Уилсон. — Биринчисини сиз ўлдирдингиз. Энг каттаси ўша эди. Қолганларига мен бир оз кўмаклашдим, акс ҳолда тўқайзорга кириб кетишарди. Уларниям асосан ўзингиз қулатдингиз. Мен шунчаки туртки бердим, холос. Нишонни яхши олдингиз.
— Машинага борайлик, — деди Макомбер. — Жичча ичким келяпти.
— Аввал мана буни бир ёқли қилайлик, — деди Уилсон қўтосни кўрсатиб.
Қўтос чўккалаганича жойидан тура олмай, яқинлашаётган одамларни кўриб, калласини силкий бошлади, тўнғизникидек кўзларини ола-кула қилиб ўкирди.
— Қаранг, тағин туриб кетмасин, — деди Уилсон. Сўнг қўшиб қўйди: — Сал ён томонига ўтинг-да, қулоғининг орқасига отинг.
Макомбер шошилмай мўлжаллади-да, ўқ узди. Қўтоснинг калласи шилқ этиб тушди.
— Жуда соз, — деди Уилсон. — Умуртқасига тегди. Ваҳиманинг ўзи-я, қурғур!
— Юринг, ичайлик, — деди Макомбер. Ҳеч вақт унинг дили ҳозиргидек завққа тўлмаган эди, Макомбернинг хотини автомобилда ранги ўчиб ўтирар эди.
— Сен қаҳрамонсан, ўргилай, — деди у эрига қараб туриб. — Бунақасини биринчи кўришим!
— Машина қийнадими? — сўради Уилсон.
— Жуда қўрқинчли бўлди. Ҳаётимда бу қадар қўрққан эмасдим.
— Қани, ичайлик, — деди Макомбер.
— Ичамиз, — деди Уилсон. — Биринчи бўлиб хонимдан…
Маргарет флягани олиб виски ҳўплади, ҳўплай туриб, сесканиб кетди, идишни Макомберга узатди, у вискини лаззатланиб симирди. Ундан кейин Уилсон ичди.
— Одам жазавага тушиб қолар экан, — деди Маргарет. — Ҳатто бошим сирқираб оғрий бошлади. Мен автомобилдан туриб қўтосларга ўқ узиш мумкинлигини билмасдим.
— Ҳалиям ҳеч ким автомобилдан ўқ узгани йўқ, — деди Уилсон совуқ оҳангда.
— Автомобилда қувлашни айтаман.
— Умуман бундай қилмаган маъқул, — деди Уилсон. — Лекин бугунгиси жуда гаштли бўлди. Ўнқир-чўнқирликлар, дўнглар демай ов қилиш пиёда ов қилишдан хавфлироқ. Қўтос биринчи ўқдан кейиноқ бизга ташланиши ҳеч гап эмас эди. Ҳар қалай, одамларга айтиб юрмаганингиз дуруст. Бу йўсинда ов қилиш қонуний эмас, агар сиз шуни назарда тутган бўлсангиз.
— Менимча, — деди Маргарет, — машинага чиқиб олиб, бечора ҳайвонларни қувлаш инсофдан эмас.
— Шунақами?
— Найробидагилар бундан бохабар бўлишса-чи?
— Ўша заҳотиёқ қўлимдан гувоҳномамни тортиб олишади ва ҳоказо шунга ўхшаш кўнгилсиз расмиятчиликлар рўй беради, — деди Уилсон виски ҳўплаб.
— Ростдан-а?
— Ҳа, ростдан.
— Ана холос,— деди Макомбер хотинининг хулқидан хижолатланиб. Сўнг кун бўйи тундланиб юрган одам биринчи марта табассум қилди ва: — Энди, мана, сизга ёпишишга ўтди, — деди.
— Ибораларинг нақадар теранки, жоним, — деб истеҳзо қилди Маргарет.
Уилсон уларга разм солди. «Агар эр аҳмоқ, хотин номуссиз бўлса, — дея ўйлади у, — булардан тарқаган фарзанддан нимани кутиш мумкин?»
— Биз битта қурол ташувчимизни йўқотиб қўйдик, сиз сездингизми?
— Наҳот? Сезмадим, — деди Макомбер.
Қончони исмли чол булар томон оқсаб келар, бошида тўқима қалпоқ, эгнида яшил куртка, тиззасигача келадиган калта шим, оёғида резина шиппак бўлиб, авзои бузуқ, нафратли эди. У суахили тилида нимадир деб бақирувди, Уилсоннинг қиёфаси дарҳол ўзгариб кетди.
— У нима деди? — сўради аёл Уилсондан.
— Биринчи қўтос туриб кетибди, тўқайзорда юрганмиш. — Уилсон бу хабарни айтаркан, овозида ҳеч қандай ҳаяжон сезилмади.
— Энди нима бўлади? — ҳайрон бўлиб сўради Фрэнсис.
— Шер қанақа ҳунар кўрсатган бўлса, шунақа бўлади, — деди Маргарет завқланиб.
— Унақа бўлмайди, бекор гап, — деди Уилсон бир оз ижирғаниб.— Макомбер, яна ичасизми?
— Раҳмат, — деди Макомбер ва яраланган шерни қувишганида ва ўлдиришаётганида туғилган ҳадик яна дилимни зирқиратармикин, деб ўйловди, у ҳолат қайталанмади. Ҳаётида биринчи марта у қўрқув ҳиссини сезмас, бутун вужудида аллақандай бир шавқ, кўтаринкилик мавжуд эди.
— Иккинчи қўтосни бориб кўриш керак, — деди Уилсон.
— Мен ҳам бирга бораман, — деди Маргарет.
— Марҳамат.
Учовлари ўша томон кетишди. Иккинчи қўтос бамисоли қора дўнг бўлиб ўтлоқда ётар, тумшуғи ерга қадалган, юмуқ кўзини пашша талар эди.
— Калласи ажойиб-да, — деди Уилсон. — Шохининг ораси икки қаричча келади.
Макомбер ҳавас билан қўтосга тикилар эди.
— Кўриниши қурсин, — деди Маргарет. — Юринглар, сояга борайлик.
— Ҳозир, — деди Уилсон. Кейин Макомберга қараб: —Ҳув анови тўқайзорни кўряпсизми? — деди.
— Кўряпман.
— Биринчи қўтос ўша ёққа кириб кетяпти. Кончони машинадан ағанаб тушганида, буқа ўқ еган жойида ётган экан. Бир маҳал ўзига келиб қараса, ҳайвон ўрнидан туриб олибди. Чол қочиб қопти, қўтос, ҳеч нарса бўлмагандек, тўқайзорга кириб кетипти.
— Уни қидиришга ҳозироқ борамизми? — тоқатсизланиб сўради Фрэнсис Макомбер.
Уилсон унга синовчан тикилди, «Тентаквой, — деб ўйлади у. — Кеча ваҳимага тушиб қалт-қалт титраётувди, бугун ўзини тия олмаяпти, хаёли жангда».
— Бир оз сабр қилиш керак, — деди Уилсон.
— Юринглар ахир, сояга ўтайлик, — зорланиб деди Маргарет. Унинг ранги қув ўчган, кўриниши хаста эди.
Улар орқага қайтиб, кўланкада турган машинага ўтиришди.
— Балки қўтос ўлиб бўлгандир, — деди Уилсон, — Бир оз кутамиз-да, кейин бориб кўрамиз.
Макомбер ўзини ўта бахтиёр ҳис қилар, у бундай оларни ҳеч қачон бошидан кечирмаган эди.
— Жудаям завқли ов бўлди-да! — деди у. — Умрим бино бўлиб бунақа зўр шижоат гирдобига тушган эмасман. Ҳақиқатан ажойиб саргузашт бўлди, а, Марго?
— Ирганарли даражада.
— Нега?
— Ваҳшиёна, — деди Маргарет. — Аблаҳона!
— Биласизми, Уилсон, мен бундан буён ҳеч қачон ҳеч нарсадан тап тортмасам керак, — деди Макомбер Уилсонга юзланиб. — Қўтосларга дуч келиб, қува бошлаганимизда, вужудимда аллақандай ўзгариш рўй берди. Қанақадир чигал ечилиб кетгандек бўлди. Тенгги йўқ завқ-а!
— Жигарга шифо, — деди Уилсон. — Ҳақиқатан, одамзод бошига қандай синовлар тушмайди, дейсиз.
Макомбернинг юзи-кўзи бахтиёрликдан ял-ял ёнарди.
— Ростдан ҳам вужудимда қанақадир ўзгариш рўй берди, — деди у жўшиб. — Мен ўзимни мутлақо бошқа одамдай ҳис қиляпман.
Маргарет эрига ғалати бир қараш қилди, аммо энтикиб гапиришига эътибор бермади.
— Биласизми, мен ҳозир жон деб шер овига чиқардим, — деди Фрэнсис. — Энди шердан мутлақо қўрқмайман. Очиғини айтганда, улар мени нима қила оларди?
— Нима қила оларди? — деди Уилсон. — Нари борса, сизни ямлаб ташлайди, холос. Шекспирда ажойиб сўзлар бор. Нима эди? Ҳозир эслайман, Ҳозир. Бир пайтлар ёд билардим, ҳамиша қайтариб юрардим. «Худо ҳақи, менга бари бир; ажалга чап бериш бемаъниликдир, ажалнинг ҳам ҳаққи бор бизда. Бир нарса эрур ҳақиқат — бу йил ўлган кимса келгусида ўлмас такроран». Қалай, яхши, а?
Бу сўзлар Уилсоннинг ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга эди, аммо шу сўзларни ҳозир такрорлаганидан негадир ўзи уялиб кетди. Баъзиларнинг камолотга етиши овчининг кўзи олдида рўй берган ва бундай кезларда у ҳаяжонга ҳам тушган. Тасодифий тўқнашувлар ёки ов пайтида тезлик билан нимадир қилиш зарурати, аввалдан хавфсираш, баъзан қўрқишга ҳам имкон танқислиги — шулар эмасми Макомбернинг фойдасига хизмат қилган омиллар? Аммо бошқа омиллар ҳам бўлиши мумкин эди. Қандай бўлмасин, шу ҳодиса, бошқачароқ айтганда, синовдан Макомбер бутун чиқди — бу аниқ! Ғалаба унинг кўнглидаги ҳадикни чил-парчин қилди, энди уни янги босқичларга, янаям дадил бўлишга ундаяпти. Гапнинг пўст калласини айтганда, бунга ўхшаганларнинг кўплари анча пайтгача болалик ҳолатидан чиқиб кета олмайди. Баъзилар бир умр болалигича қолиб кетаверади. Ёши элликда, қомати эса ёш боланикидек. Ҳаммани илжайтирадиган Американинг эркак-гўдаклари. Худо ҳақи, ғалати халқ. Бироқ Макомбер ҳозир овчига ёқиб турипти. Энди у хотинининг ановинақа ишларига йўл қўймайди. Бу чакки эмас. Жуда кўнгилдаги иш! Бечора бир умр қўрқиб-қалтираб келган бўлиши керак. Энди ундай бўлмайди, тамом-вассалом! Макомбер қўтосдан ҳайиқишга улгурмади. Унинг устига ғазаб исканжасида. Энди уни букиб бўлмайди. Урушда ҳам шунақа зиддиятлар учраб туради — номусдан айрилишдан кўра ҳам жиддийроқ нарсалар бор. Таҳликадан энди асар ҳам қолмади, гўё уни суғуриб олиб ташлагандек. Унинг ўрнини энди янги нарса, эркак киши учун энг муҳим, уни эркак деб аташга имкон берадиган нарса ишғол қилди. Аёллар бу хислатни доим эътироф этишади. Ваҳимага чек қўйилди.
Маргарет машина бурчида ғужанак бўлиб олиб, эркаклардан кўзини узмас эди. Унинг назарида Уилсон аввалгидек, кечаси ўз кучини қандай кўрсатган бўлса, шундай эди. Аммо Фрэнсис Макомбер мутлақо ўзгарган, буни пайқамаслик мумкин эмас эди.
— Алланечук нарсани кутиш билан боғлиқ бўлган бахт нашидаси сизга танишми, мистер Уилсон? — дея сўради Макомбер ўз туғёнидан ҳаяжонланиб.
— Одатда бу ҳақда баралла гапирмайдилар, — деди Уилсон Макомберга синовчан тикилиб, — Кўп ҳолларда аксини, яъни ҳайиқиш ҳолатини айтишади. Унутманг, сиз ҳам кўплаб таҳликага тушишингиз, иродангиз раъйингизга юрмай қолиши мумкин.
— Эҳтимол, деди Макомбер. — Аммо сизга ҳозир мен айтмоқчи бўлган бахт ғалаёни танишми?
— Таниш, — деди Уилсон. — Вассалом. Бу ҳақда ваъзхонлик қилавериш ўринсиз. Акс ҳолда ҳамма нарса вайрон бўлиши мумкин. Бир нарсани ҳадеб такрорлайверилса, гашти қолмайди.
— Икковингиз ҳам жуда маҳмадона бўлиб кетдиларингиз, — деди Маргарет зарда билан. — Учта ҳимоясиз жониворни машинада қувиб, ўтакасини ёриб, энди мақтанишга бало борми?
— Узр, — деди Уилсон, кўзлари бежо аёлга қараб.— Мен ростдан ҳам керагидан ортиқ лақмалик қилиб юбордим.
— Эй, хотин, суҳбатимиз маъносини тушунмасанг, нима қиласан гапга аралашиб? — деди Фрэнсис.
— Оббо! Бир пасда довюрак бўлиб қолибсанми? — деди Маргарет нафрат билан, аммо унинг нафрати шунчаки эди. У нимагадир зимдан ҳайиқарди.
Макомбер овозининг борича қаҳқаҳа отиб кулиб юборди.
— Ҳа, нима? — деди у. — Довюрак бўлсам нимаси ёмон?
— Эндими? — деди хотини- заҳарханда билан. — Кеч эмасми?
— Мен учун кеч эмас, — деди Макомбер.
Маргарет ҳеч нарса демай, янада нарироқ сурилиб олди.
— Энди вақт бўлгандир? — жонланиб сўради Макомбер.
— Ҳа, анча вақт ўтди, — деди Уилсон. — Сизда ўқлар борми?
— Қурол ташувчида бир оз бор.
Уилсон суахили тилида алланима деб бақирди, қўтос калласини танасидан ажратаётган қари ҳабаш ўқлар солинган қутичани олиб келиб Макомберга берди, у милтиғини ўқлади, қолган ўқ-дориларни чўнтагига солди.
— Сиз қўлингиздаги қурол билан отасиз, унга ўрганиб қолдингиз, — деди Уилсон ва бошқа милтиқни кўрсатиб: — Бунисини хонимга қолдирамиз. Кончонида ҳам бир найли штуцер бор. Мен ўзимникини оламан. Энди гапимни эслаб қолинг, — деди. Уилсон айтмоқчи бўлган гапларини Макомберни аввалдан чўчитиб қўймаслик учун атайин кейинга сақлаган эди. — Қўтос ҳамла қилганда, боши олдинга чўзилган бўлади. Пешонаси шохининг негизи билан қопланган, у ерини мўлжалласангиз, ўқ бекор кетади. Тумшуғини нишонга олинг ёки кўкрагини. Агар ён томонга тушиб қолсангиз, бўйни билан елкасига отинг. Яраланган қўтосни батамом ўлдириш жуда қийин. Бошқа усулларни қўллашга уринманг. Жон жойини кўзлайверинг. Ана, улар ҳам каллани ажратиб бўлишди,
Уилсон ҳабашларни чақирди, улар қўлларини арта-арта етиб келишди, бошлиғи машина орқасига чиқиб олди.
— Мен билан фақат Кончони боради, — деди Уилсон. — Иккинчиси шу ерда қолиб, қушларни ҳайдаб туради.
Автомобиль сувсиз сойдан ўтиб, ўтлоқ гурсиллаб урар, оғзи қурий бошлаган, аммо бу қўрқиш эмас, ҳаяжон аломати эди.
— Мана шу ерда қўтос тўқайзорга кириб кетган, — деди Уилсон ва ҳабашга қараб суахили тилида буюрди: — Сен изини ахтар.
Машина ўтлоққа чиққанида, Уилсон, Макомбер ва қурол ташувчи машинадан сакраб тушишди. Макомбер орқасига ўгирилиб хотинини кўрди. Унга қўл силкиди, аммо у жавоб қилмади.
Олдиндаги чакалакзор қалин, оёқ ости қуруқ эди. Қари ҳабаш бир зумда терлади. Уилсон шляпасини қошигача тушириб олгани учун Макомбер унинг қизил бўйнини кўриб борарди. Шу пайт Кончони Уилсонга нимадир деди-да, олдинга югуриб кетди.
— Қўтос тамом бўпти, — деди Уилсон ва Макомберга ўгирилиб қўлини маҳкам сиқди. Улар энди бир-бирини қутлай бошлаган эди, шу пайт Кончонининг қичқириғи эшитилиб қолди. Улар ялт этиб ўша томонга қарашди. Чакалакзор ичидан худди қисқичбақадек орқасига тисарилиб Кончони қочиб келар, қўтос қонга тўлган майда кўзларини чолга тикиб, қувмоқда эди. Яқинроқ турган Уилсон дарҳол тиззалаб ўқ узди, Макомбер эса ўз милтиғи овозидан гаранг бўлган ҳолда қўтоснинг пешонасидан шиферга ўхшаган парчалар сачраб кетганини, сўнг боши силтанганини кўрди. Макомбер қўтоснинг тумшуғини мўлжаллаб тепки босди, ҳайвоннинг боши яна тепага силтанди, яна суяк парчалари сочилди. Энди Макомбер Уилсонни кўрмас, унинг барча диққат-эътибори сурилиб келаётган қора гумбазда, унинг сузиб мажақлашга тайёр, олдинга интилган калласию кичкина ёвуз кўзларида эди. Макомбер яна ўқ узмоқчи бўлиб тепкига бармоқ қўйганини билади, шу лаҳза миясининг ичида аллақандай ёруғ оташ тўсатдан портлаб кетганини туйди. Макомбер шундан кейин ҳеч қачон ҳеч нарсани сезмади.
Воқеа шундай бўлганди: қўтоснинг бўйнини нишонга олиш учун Уилсон ўзини четга отди. Макомбер шу топда тинмай қўтосга ўқ узар, унинг шохлари тарсиллаб ёрилар, шифер парчасидек атрофга сачрар, қўтос синган шохи билан Макомберни илиб итқитмоққа интилар эди; машинада турган Маргарет қўтосга ўқ узди, ўқ эрининг бош суягига бориб тегди…
Фрэнсис Макомбер қулаган қўтосдан икки қадам нарида думалаб ётар, унинг устида чўк тушган хотини, нарироқда Уилсон турар эди.
— Юзини ўгирманг, — деди Уилсон.
Аёл асабий йиғламоқда эди.
— Машинага бориб ўтира туринг, — деди Уилсон. — Қурол қани?
Аёл йиғидан бужмайган юзини кўтариб, имо қилди, ҳабаш ерда ётган милтиқни олди.
— Жойига қўй, — деди Уилсон ҳабашга. — Абдуллани чақириб кел, бахтсиз ҳодисага гувоҳ бўлсин.
Уилсон шофёрни чақириб, қўтос танасини бирон нарса билан ёпиб қўйишни буюрди, ўзи машина томон кетди. У ерда аёл ғужанак бўлиб йиғлаб ўтирар эди.
— Ташвиш орттириб қўйдингиз-да, хоним, — деди Уилсон лоқайд тарзда. — Тирик бўлганида сиздан юз ўгирарди.
— Бас, — деди аёл.
— Албатта, бу бахтсиз ҳодиса, — деди Уилсон. — Ўзим кўрдим-ку.
— Бас!— деди аёл.
— Ғам еманг, — деди Уилсон. — Бир оз кўнгилсиз тадбирлар бўлиши мумкин, лекин мен одамларимга айтаман, улар бир неча хил расмлар олишади, тафтиш пайтида бу расмларнинг жудаям фойдаси тегади. Шофёр ва қурол ташувчилар ҳам гувоҳ бўлишади. Сиз бу ёғидан ташвиш қилмасангиз ҳам бўлаверади.
— Бас!
— Оворагарчилиги кўп бўлади, — деди Уилсон. — Юк машинасини кўлга жўнатамиз, у ердан шаҳарга хабар қилишади, самолёт келиб, учовимизни Найробига олиб-кетади. Нега эрингизни заҳар бериб ўлдира қолмадингиз? Ахир Англияда айнан шунақа қилишади-ку.
— Бас! Бас! Жим бўлинг! — чинқирди аёл, Уилсоннинг лоқайд, мовий кўзларига тикилиб.
— Бас, жим бўламан, — деди Уилсон. — Бир оз жаҳлим чиқди. Эрингиз энди-энди менга ёқиб келятувди..
— Ўтинаман, жим бўлинг!—ёлборди аёл.—Ўтинаман! Худо ҳақи, жим бўлинг!
— Бу бошқа гап, деди Уилсон, — Ўтинаман, деганингиз анча дуруст. Энди жим бўламан.

Русчадан Учқун Назаров таржимаси