Эрнест Хемингуэй. Бу жудаям оғир ҳунар

Эрнест Хемингуэйнинг рус таржимони Иван Кашкинга мактубидан

…Уруш тўғрисидаги ҳикояларимда шошмасдан, турли хил нуқтаи назардан иложи борича батафсилроқ, ҳаққонийроқ манзара яратишга ҳаракат қиляпман. Шунинг учун битта ҳикояда менинг шахсий қарашларим тўла-тўкис акс этиши амримаҳол. Биламизки, уруш – ёвузлик. Тўғри, баъзан жанг қилишга мажбур бўламиз. Лекин, барибир, уруш – ёвузлик, фақат мунофиқ кишиларгина бу ҳақда бошқача фикрда бўлиши мумкин. Бироқ уруш ҳақида ҳаққоний ёзиш жуда қийин. Ўзимнинг шахсий тажрибам асосида шуни айтишим мумкинки, масалан, 1918 йили ҳали ўсмир чоғимдаёқ Италия кампаниясида иштирок этганимда нақ ўтакам ёрилиб кетаёзган эди. Испанияда эса бир неча ҳафтадан кейиноқ дийдам қотиб, ҳеч нарсадан ҳайиқмай қўйганман. Шунга қарамай, мен учун ва умуман ёзувчилар учун урушда ваҳимага тушаётган одамларни кўриб елка қисиш ёки умуман урушнинг даҳшатли нарса эканини рад этишдан бемаза иш йўқ дунёда. Мен буларнинг ҳаммасини жуда яхши биламан. Урушнинг олдини олиб бўлмадими, тамом, энди фақат битта имконият қолади, у ҳам бўлса – Ғалаба. Афсуски, Испанияда бизга ғалаба қилиш насиб этмади… Етар, жин урсин ўша урушларни. Мен ҳозир фақат ижод қилишни истайман.
Испанияда жонларини фидо қилиб, орамиздан кетганлар ҳақида – ўша сиз таржима қилган парчани ёзиш учун жуда қийналдим. Чунки, қандай бўлмасин, йўлини топиб, марҳумлар ҳақида бор ҳақиқатни ёзиш керак эди. Ўлган ўлди, дейиш билан кифояланмай, яна нимадир айтиш зарур эди. Бундан ташқари, қочоқлару қаҳрамонлар, қўрқоқлару жасурлар, сотқинлару сотқинликка қодир бўлмаган инсонлар ҳақида виждонан ёзишни истардим. Биз ўша одамлар ҳақида кўп нарса билар эдик…
Уруш бораётган пайтда ҳеч ишга қўл ургинг келмайди, доим сени ҳам ўлдиришлари мумкинлигини ўйлайсан киши. Бироқ, мана, мен омон қолдим, демак, ишлашим керак. Ўлиш осону, яшаш хийла қийин эканига, ёзиш эса ҳамиша машаққат эканига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилгандирсиз-а? Мен жон деб текинга ёзардим-у, лекин ҳеч кимса бирор нарса бермагандан кейин очдан ўласан-да. Агар мен Голливуднинг ноғорасига ўйнаганимда ёки ҳар хил бўлмағур нарсаларни ёзаверганимда жуда катта маблағ жамғариб олишим мумкин эди. Аммо мен, токи танамда жоним бор экан, фақат яхши ёзишга, ҳаққоний ёзишга ҳаракат қиламан. Айни замонда, ҳеч қачон тинка-мадорим қуриб қолмаслигига ҳам ишонаман.
…биласизми, ёзувчиликнинг жуда ғалати томонлари бор. Биров сенга ёрдам беришни минг истаган тақдирда ҳам, сен мустақил бўлишинг шарт бўлган ва дунёдаги ҳеч бир зот сенга ёрдам беролмайдиган (фақат сенга халақит беришмаётганини ёрдам деб ўйламасак-да!) бирдан-бир ҳунар – бу ижоддир. Дўстгинам, бу жуда ҳам оғир ҳунар…

1939 йил 23 март

Набижон Боқий таржимаси
«Ёшлик» журналининг 1985 йил 3-сонидан олинди