Элчин Ҳусейнбейли. Ўйин (ҳикоя)

Ростдан ҳам… гўё шу “ростдан ҳам” иборасини ишлатмасанг, ҳаммаси чаппасига кетади… бу, бор-йўғи ўйин-ку, ахир. Йўқ, бу — сўз ўйини эмас, сўз билан ўйнаш ҳам эмас. Бу — бир вақтлар Картасар жонидан яхши кўрган муҳаббат ўйини, холос.
Метрода кетарканман, аёллар чеҳрасига разм соламан. Уларни тадқиқ қиламан, баҳолайман, турфа хил феълларини ўрганаман. Шу тариқа ярим соат вақтимни унча яхши бўлмаса ҳам, жуда ёқимли сиймоларга сарфлайман. Мен жуда яхши ҳис қилаяпман, ҳар бир янги бекат билан вақтим беҳуда кетаяпти, лекин афсусланмайман. Чунки ана шу ярим соат мобайнида заифалардан биттасини, агар омадим келса, бир нечтасини олиб, узоқ-узоқларга учиб кетаман. Албатта, улар учун авраш сўзларини, яқинлашиш сўзларини, агар панд есам, янгидан-янги чалғитиш йўлларини ўйлаб қўяман. Ва бу жуда ажойиб, сизга айтсам, одат, агар истасангиз — кайф.
Тан олишим керакки, аёлларнинг лабини жуда севаман. Улар, албатта, Сезан Оқсу лаблари каби дўмбоқ бўлиши керак. Шунингдек, яна шу нарсани айтишни истардимки, бундан буёғига ўз қиёслашларимда Ўзимизникилар ҳақида сира ҳам эслатмайман (ҳарҳолда, бу иш ор-номус ва қадр-қиммат ҳақидадир ва бунинг устига, ҳозир кенг расм бўлган суд билан пачакилашиб ўтиргим йўқ).
Мана, масалан, ҳалиги юпқа лаб, ингичка бурунли хоним ҳақида, ҳатто имконим бўлган тақдирда ҳам ҳеч нарса демаган бўлардим. Бунинг устига, унинг кўкраги Жуди Фостерники сингари жуда кичкина. Майда кўкракли аёллар бевафо, жаҳлдор ва худбин бўладилар. Бу гўзал жинс вакилларининг ҳаммасига тааллуқли эмас, албатта. Ҳамма жойда бўлгани сингари, бу ерда ҳам, айниқса, менинг китобхон хонимларим орасида бундан мустаснолар бор. Мен астойдил синчиклаб саралаган ва ёдлаган, уларни овоз чиқариб бир неча бор такрорлаган (эътибор беринг: бир неча бор) сўзлардан ғоятда завқландим. Мен китобхонларни (китобхон хонимларни) атайлаб хабардор қиламан, — чунки улар ўқиганларидан бирор маъно топишга уринадилар — ҳолбуки, ҳеч қанақа маънонинг ўзи йўқ. Эҳтимол, бу сўз билан ўйнаш ёхуд сўз ўйинидир ёки ўйиндан ташқари муҳаббатдир. Бу ёғини худо билади.
Туркан Шарайга ўхшаш мовий кўзли бу хоним бўлса анчадан бери домига илинтирмоқчи бўлиб юрибди. Ана кўзлар-у, мана кўзлар! Чақноқ, мусаффо! Шоирлар айтгандай: осмондай чексиз, уммондай теран ва ҳоказо. Умуман, у мени ром этди, мен унга шайдо бўлдим. Энди тушундим, эркак — илон деган гап экан. Эркакларни аёл кўзи билан ром этиш ҳеч гап эмаскан. Э-э, нимасини айтай, чучварани хом санаган эканман.
Менинг нигоҳим нотаниш хонимнинг жон олувчи икки чашмидан узилиб, унинг дўмбоқ кўкрагига қадалди. Шунда бирдан эсимга Памелла Андерсон (ва бир неча ўзимизнинг нозанинлар) тушди. Миямда мусулмон эркаги шаънига доғ туширадиган фикрлар ғужғон ўйнай бошлади. Дўмбоқ сийнали аёллардан ҳамиша меҳр ва мурувват уфуриб туради. Тан олишим керакки, мен худди бошқа эркакларга ўхшаб айни шу нарсага зарурат сезаман. Бундай омаддан чексиз қувониб, калламда аллақачон тайёрланган нутқимни такрорлай бошлайман.
Аммо қандайдир бир куч мени шундоққина рўпарамда ўтирган қизчага қарашга мажбур этди. Бу қиз рўпарамда ўтиргани йўқ эди, шекилли, ўйладим ўзимча. Ёки бемаъни ўйларга шу қадар берилиб кетганим учун уни пайқамагандирман.
Бу ўша қиз эди! Ҳа-да, ўша бўлмай ким бўларди! Бу — ўша, мен минг йилдан бери кутаётган қиз. Ҳар куни орзуларимда жонлантирганим, у ҳақда ёмон ўйлашни хаёлимга ҳам келтирмаганим жонон. Нозиккина хилқат шундоқ рўпарамда ўтирибди-я!
Аввалига мен ўзим маълум бўлмаган сабабларга кўра, унга узоқ, диққат билан тикилдим. Хилқат бўлса, бинафша рангига бўялган қобоқларини эринибгина кўтарди-да, менга қаради. Гўё бинафша қор тагидан мўралади-ю, мени тушида кўргандай бўлиб, яна шошилмасдан чашмини беркитди. Бостириб келаётган эснаш билан олишаркан, Менинг орзуимдаги қиз кафти билан оғзини беркитди-да, сўнг қўлларини “Ievis” деб ёзилган чиройли сумкаси турган тиззасига қўйди. Француз атир-упалари рекламасидан тўғридан-тўғри вагонга сакраган Менинг гўзалим дўмбоқ лаб, тўғри бурун соҳибаси эди, кўксини эса қишлоқдаги Сайфиддин амаки боғида етиладиган анорни эслатувчи сийналар безаб турарди. Ўша анорлардан мен неча бор узганман. Қизиқ, ўша жиноий тажрибам ҳозир менга қўл келармикин? Баданининг ранги қандайдир Мадоннага ўхшаб, ғайриоддий товланарди. Хонандагамас, йўқ, Рафаэл тасвиридаги Мадоннага ўхшаб. Умуман, узун киприклари, қийиқ кўзлари, қўнғир сочлари мен учун идеал аёл сиймоси деб аташим мумкин бўлган гўзални эслатарди. Мен шайдо бўлиб қолдим! Мен муҳаббатнинг сирли сўқмоғига қадам қўйдим. Сирли бўлгани учун ҳам у жозибадор эди.
Кейин Хоним салгина санъаткорлик билан ўзининг илоҳий оғизчасини дастрўмолчаси билан артишга тушди. Афтидан у бироз уялинқираганини яширишга уринди, шунда мен унинг Анжелика Варумникига ўхшаш нафис қўлларини яхшилаб кўриб олдим. Дастрўмол унча текис эмасди, лекин чеккалари кашталанган эди ва фабрикада тўқилганидан кескин фарқ қиларди. Буни кечагина ўзи тиккан бўлса керак, деб ўйладим. Буни янги газмол ҳидидан ҳам билса бўларди. Зеро, дастрўмолнинг хуш бўйи менинг каттакон бурнимга жуда тез келиб урилди. Янги буюмлардан таралаётган ҳидни жуда ёқтираман. Бу ҳид менинг хаёлимни болалигимга олиб учади. Болалигимда эса янги нарса ҳидини жуда кам ҳис этганман. Чунки мен оилада энг кичкинаси эдим… Ва бизни тежамкор бўлишга ундаган совет тузумининг бунга ҳеч бир алоқаси йўқ, фақат менинг оилам ғоят қашшоқ эди. Агар борди-ю, менга бирор янгироқ нарса насиб этса ҳам, ўзим буюмларни жуда авайлардим. Уни оҳори тўкилгунча ниҳоятда эҳтиёт қилардим. Хонимнинг дастрўмолига қараб хулоса чиқарилса, биз бир-биримизни яхши тушунишимиз мумкин эди. Эҳтимол, катта оиладаги сўнгги фарзанд уни ҳам четлаб ўтмагандир. Лекин такомиллашмаган кашта бу Хонимнинг асабийлигидан дарак бериб турарди… Аммо, шуниси борки, эҳтиросли сийна соҳиби бўлган аёллар камдан-кам асабий бўлишади. Улар хаёлан кўкрак қафасларидаги икки ажойиб ҳосилни кимдир эркалаяпти деб тасаввур қилишади. Мана шу сирли, лекин айтса бўладиган ҳосилани улар шундоққина олдиларида олиб юрадилар, бу уларни банд этади, эркакларни эса жунбушга келтиради. Хонимларнинг ўзлари бўлса, буларнинг ҳаммасидан ва ўз сийналаридан завқ оладилар. Нега энди жаҳлдор бўлишлари керак экан… Демак, каштадаги камчиликлар энг аввало унинг ҳаваскор (каштачилик санъатида) эканини билдиради. Тағин… Хоним яхши оиладан бўлиши керак… Янги дастрўмол ва ундаги турли нақшлар кўп вақт ва, албатта, пул талаб қилади. Балки, уйи ҳам бордир…
Мен унинг оппоқ қўлларига яна бир бор нигоҳ ташладим-да, балки уларни ушлашга ҳали ҳеч ким ботина олмагандир, деб ўйладим. Хонимнинг нафис қўллари қандайдир жундор айиқнинг панжаларида қисирлашини тасаввур қилиш жуда қийин. Уни қучоқлаш ҳам қийин. Аёллар аввалига жундор бадандан қўрқишади. Эҳтимол, мана шу қўрқув уларни эркакни севишга мажбур этар. Севиб қолгач эса, улар қўрқувдан халос бўладилар. Яхшиямки, улар бутунлай қариб қолишдан олдин жундорликнинг бор жозибасини англаб етадилар.
Шу аснода Хоним сочларини Ким Бесенжерга ўхшаб, орқасига ташлади. Айни чоғда унинг қўнғир сочлари шаршарасидан таралган француз атри “Climate”нинг хушбўй ҳиди биринчи тўлқинидаёқ менинг қайрилма, қарийб қирғий бурнимни эгаллаб, иккинчи тўлқинида миямга бостириб кирди-да, шу заҳоти маст қилди-қўйди.
Шундан сўнг Менинг тадқиқот манбаим сумкасидан дафтарини олди… Талаба! Дафтарда нима ёзилганини аниқ айта олмайман, улар лотинча бўлиб, қандайдир дорилар номи эди. Демак, бўлажак дўхтир!
Энди бир тасаввур қилиб кўринг: маълумоти йўқ, ўқимаган деса ҳам бўлади, лекин баланд бўйли, бақувват панжали ва катта бурунли (бурним башарамга рицарлик ифодаси берарди) эркакнинг мана шунақа нозик, гўзал, бунинг устига, дўхтир хотини бўлса… Бу ҳол, энг камида бутун қишлоғимизнинг, балки бутун мамлакатнинг ҳасадини келтириши турган гап!
Уни эгаллаш осонмас, курашмак зарур. Дўстим айтганидай: аёл — бу қалъа! Қалъани олиш керак! Бу қалъа жуда сирли бўлиб, у билан қиёсланаётган жонон эса савдойи қилиши ҳеч гапмас. Қалъа очилмас даражада бўлиши мумкин, балки қулаши ҳам мумкин. Уни яхшилаб ўрганиш, ожиз томонларини аниқлаш лозим, бунинг учун эса вақт даркор! Менда эса айнан шу вақт етишмасди! Мен ёдлаб олганим барча чиройли ва ширин сўзларни ўзимча такрорлаб кўрдим. Сўлагим оқиб кела бошлади, нима қилишни билмай уни ютиб юбордим.
Мана, ҳадемай биз ер остидан чиқамиз.
Мен унинг олдига бораман-да: “Салом!” дейман. “Мени танимадингизми?” Хоним ҳам: “Нима, мен сизни танишим керакмиди?” дейди. Ҳамма гап шу саволдан бошланади.
“Ҳа-я, ростдан ҳам нега энди Сиз мени танишингиз керак эди… Ҳар ҳолда шунинг учун бўлса керакки, мен кўп йиллардан бери Сизни излайман, Сиз ҳақингизда ўйлайман ва Сиз мени Ўзингизга йўлланган импульс орқали, ягона, энергетик тўлқин бўйича танишингиз керак эди!”
“Қизиқ!” — дейди хоним.
“Мен нима деяпман? Албатта, қизиқ-да!”
“Сиз ҳамиша шунақа манманмисиз?..” — дейди у.
“Ҳамиша!” — дейман.
Йўлда давом этамиз… “Биласизми, танишиш учун исмлар шарт эмас, яъни Сиз мени хоҳлаган исм билан аташингиз мумкин. Мен эса Сизни Мила деб аташни истардим!” — дейман.
“Қизиқ-ку! Менинг исмимни қаердан биласиз?” —сўрайди у.
“Жуда оддий. Ривоятга кўра, мен тўққиз кун мобайнида ҳар кеча осмондаги тўққизта юлдузни санаб чиқдим ва Сизни тушимда кўрдим. Энди Сизни менга осмон юборганини биласиз!”
Сўнгра мен унинг қўлидан ушлаб олдим… “Йўқ, Йўқ, нима қилаяпсиз!!!” Хаёлингизга ёмон фикр келмасин (ўзимга ортиқча эрк беролмайман, масалан, этагини кўтариб тагига қарамайман, бунинг устига кўчанинг ўзида-я, бундан ташқари, мен уни тушимда кўрган бўлсам) мен Сиз ҳақингизда фақат ширин хаёл сураман! У менга уйқусираган чиройли кўзлари билан аста қараб қўяди. Суҳбат, албатта, шу руҳда давом этиши лозим… Худди кинодагидек… (Эҳ, Париж, Париж!)
Биз метродан чиқдик. Шафқатсиз йўловчилар бизнинг улкан муҳаббатимиз¬дан ғофил ҳолда ўртамизда жонли девор ҳосил қилганча туриб олдилар. Мен унинг узоқлашиб кетаётганини кўрдим. Гангиб қолган хоним Жулия Робертсникига ўхшаш узун бўйнини чўзиб, атрофга алангларди. Бирдан қўлларини кенг ёйиб йўлакда турган йигитга қараб югурди. Йигитни мен яхши кўролмадим, метродан сўнг ёруққа чиқиб кўзим қамашиб қолганди. Лекин хонимнинг қиёфаси офтоб нурида янада гўзал кўриниб кетди.
Ниҳоят, хоним ўз севгилисига етиб борди, унинг пардек енгил қўллари йигитнинг бақувват елкаларига қўнди. Фақат шундагина мен йигитнинг афтини кўрдим… Бу мен эдим! Мен ҳамишагидек жилмайиб турардим…
— Салом, хоним, мени узоқ изладингизми?..

Русчадан Ҳулкар таржимаси.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 5-сон