Дорис Дёрри. Мавсум охири (ҳикоя)

Зеппнинг айтишича, водийда бинафшалар очилганмиш. Зепп – кўтаргичларга хизмат қилувчи бўлиб, бу ерга барвақт етиб келиб радиони ёқар, гондолаларни ёқиб, осиб чиқарди. Кейинги уч ой ичида Лили водийга бор-йўғи тўрт мартагина туша олди. Ҳар бир тушиши ўн икки марканинг бошини ерди. Зепп кўтаргичларга бош-қош бўлса-да, бу сарф-харажатдан Лилини сақлай олмасди, чунки тўловларнинг барчаси тоғ чанғиси комбинатининг компьютери орқали амалга ошириларди. Боз устига водийдаги қишлоқ ҳам худди бу ердаги қорли тоғдан зерикарли эди.
Онаси ўшанда, мен учун шу ишни қилгин, умрингда бир марта-гина бўлса-да, илтимосимни бажаргин деб роса ялинганди. Шунда Лили хўп деди ва оқибатда Хиргиальм тоғининг чўққисида “Хирш” отелида юз кун хизмат қилди. Бу вақт ичида у на чанғи учишни, на сноуборд бошқаришни ўрганди. Лекин ҳар куни онамнинг илтимосига нега кўндим-а, деб ўзини койирди.
Онасининг чалакам-чатти, ёмон бўялган сочларини, рангпар ва касалманд юзларини, ҳорғин кўзларини, айниқса ҳамма официант-ларникидек осилинқираб шишган оёқларини ҳар кўрганда ачиниб кетарди. Ачинмайман дерди-ю, уддасидан чиқмай ачинаверарди. Айниқса, бош бармоғи кўкариб шишиб, тирноғи остидан бироз йиринг сизиб чиқадиган оёғини кўрганда, оёқларим шунақа бўлиб қолишини истамайман, сира ҳам истамайман, деб ўйлади-ю, аммо ўшанда онасининг ўрнига тўрт ой ишлаб беришга кўнди. Оқибати эса мана бу. Ҳалигача меҳмонхонанинг атрофи уч ярим метрлик қор уюмларига тўла. Водийда эса Зеппнинг айтишига қараганда қизлар пайпоқ кийишмай қўйишган.
Декабрдан бери Лилини оқлик қамраган. Оқлик атрофини ўрагандан ташқари каламуш дори сингари ичига ҳам кириб заҳарлаётгандек бўларди. У эса ниҳоятда яшил рангни соғинганди. Атрофини яшиллик қоплашини жуда-жуда орзу қиларди.
Унинг хонасида гуллар расми билан безалган фототақвим осиғлиқ турарди. Лили ҳар бир гулнинг номини ёд олган ва уйқуга кетишда шивирлаб уларни такрорлайди: мовий сафсаргул, дафна, сувйиғар, оқйўсин, сариқ сафсар, кавушўт, айиқтовон, Альп атиргули, Альп эделвейси, газак ўт, можор газакўти. Габор, Марта, Золтанлардан, можоргазак ўти қанақа бўлади, деб сўраганда, умуман, бунақа ўтни эшитишмаганини айтишди. Бу венгер эр-хотин ўғиллари билан уч киши бўлиб ҳар йили қишда Жиршҳалмда ишлашар, апрелда эса икки ҳафта дам олиб, кейин Венгриядаги Болатон кўли отелларида ишлашга кетишарди. Озғин, уятчан Золтан нима учун ота-онасидан кетиб қолмайди, деган саволни Лили кўп ўйларди. Бўш вақтида ойнадан ташқарига тикилиб ўтираверади. Шунингдек, қачон менга гап отади деб ҳам кутарди. Ингичка деворнинг нариги тарафида яшовчи Золтаннинг баъзан тез-тез ингрангани эшитиларди. Албатта-да, дерди Лили, бечора ёлғизликдан жинни бўлиб қолмаслиги учун нимадир қилиши керак. Уч ойни йигитларсиз ёлғизликда ўтказиш қанча-лик қийин бўлишини ҳеч тасаввур қилолмасди.
Зепп-чи? “Меҳрибон, еб қўйгудек қарайдиган” мулойим Зепп. Юз кунлик ёлғизликдан Лили унга таслим бўлишига сал қолди. Мавсум тугашига ўн саккиз кун қолганди. Бироқ, худди шу куни кутилмаганда Ўтпуркар Аждар пайдо бўлди.

Аввалига Лили у ҳақда ҳеч нарса билмагани учун, фақат бу тоғдан қочиб кетишни ўйлади, холос. Гобор унга таскин бериш учун думбасидан чимчилаб-чимчилаб қўйди. Ишга киришишганда Габор билан Золтан оппоқ кўйлак, қора чарм жилет кийиб олишади. Отаси Габор бўйи пастроқ ва семиз, ўғли Золтан ориқ ва найнов. Салфеткаларни тахлашаркан Габор баъзан салмоқланиб ўғлига венгерчалаб нималарнидир уқтирарди, баъзан эса ўша ишларини индамай қилишади. Габорнинг хотини Марта эса ўчоқбошида, залга камдан-кам чиқади. Мавсум охирлагани учун вужудида чарчоқ, юзи бўзарган кўринади ва ундан ҳамиша гўшт ҳиди келади. Лили этемаслар ақидасида эканлиги учун Мартанинг ўрнида ишлаш фикрининг ўзи- ни ақлига сиғдиролмайди. Марта ҳамиша, бошини чайқаб, соғлиқ учун ишим зарарли дейди-ю, шунча йилдан буён пишлоқ қуймоғи, қирол омлети, исмалоқли қуймоқларни пишираверади.
“Мавсум охири” деган сўзлар ресторан хизматчилари учун ўзга маъно англатади. Лекин барибир ҳали мавсум тугамаганди. Отел хўжайини фрау Пфефферле йил фаслларининг ҳар бири ўз безагига эга бўлиши керак деган ниятда, водийдан бутоқлар олиб келган ва тухумларни осиб қўйишни мўлжаллаганди. Шунинг учун ҳаммани тухум бўяб, расм чизишга жалб этди. Янги йилга улар пуфак пуфлашган, фашингда* конфет сочишган ва аҳмоқона шляпалар кийишганди.
Ҳозир эса фрау Пфефферле қаердандир жўжа тулумларини топиб келган, хизматдагилар уларга қўлбола пешбандлар кийгизишганди. Лили момиққина жўжа тулумини олганда унинг тумшуқчаси кафтига қаттиқ санчилди. Лили ўзида ғайриоддий ирганиш ҳис этади. Габор буни сезмай, қўлини елкасига қўяркан, Лилимиз жуда таъсирчан-да, деганча, жўжани ундан олади. Лили қўлига пичоқни олиб ҳаммани ўлдириб ташлагиси келарди.
Вой сичқончам, деб эркалайди онаси ҳар ҳафта у билан телефонда гаплашганда. Ҳафта сайин онасининг овози тетиклашаётгандек туюлади Лилига. Ва Лили онасининг оёғи у айтаётгандан анча тез тузалаётганини тушунади.
Лили бу тоғ чўққисига 27 декабрда қор бўрони пайтида етиб келганди. Дарахтлар узра чайқалаётган гондола якка ўзи эди. Ўзини жуда ёмон ҳис этарди ўша дақиқаларда. Лекин, гандолага тушмасдан олдинги руҳияти ҳам ундан яхши эмасди. Чунки сурункали базмлар, бола бўлиб қолишга қарши ичилаётган дорилар, алдоқчи йигитлар ич-этини еяётганди.
– О!– дея хитоб қилганди фрау Пфефферле уни илк бора кўр-ганда.– Хитой қизчаси. Ҳа, Рита бир оғиз айтиб қўйса бўларди!
Лили бошини силкитиб қўйди. Унинг бу ҳаракати пашша ҳайдаётган отнинг калла қимирлатишининг айнан ўзи эди.
– Ҳар бир хонага ўн икки дақиқа вақт ажратилади,– деб йўриқ берганди фрау Пфефферле.– Англадингизми, ўн икки дақиқа сочиқларнинг фақат полга ташлангани ювилади.
Эртасига мижозларнинг ўз хоналарида нақадар чўчқалик қилишини ўшанда билганди Лили. Тўртинчи хонага ўтганда ўкириб йиғлади.
– Рита ҳам биринчи кунлари итга ўхшаб увилларди,– деди фрау Пфефферле.
Лили болалигиданоқ кўкрак қафасида каттакон бир қушнинг қамалиб қолиб, потирлаб унинг қовурғаларига урилаётгандек туйганини ҳис қиларди. Лили бу туйғудан қутулиш учун ҳар нарса қилишга тайёрлигини кўп ўйлаганди. Кейинчалик, онасининг пастки лаби титрай бошлаганини кўрган заҳоти хонадан чиқиб кетарди. Онаси уни бемеҳр қиз деб ўйларди ва юрагидаги ҳамма гапни айтиб олибгина ўкириб йиғлашга тушарди.
Йўқ, тоғлар афсонавий мафтункор эмасдилар. Офтоб чарақлаб турса, Лили ўзини уларнинг олдида кўринмас даражада кичик, Альп чўққиларини туман қопласа ўзи адашиб йўқолиб қоладигандек, сезарди.
Биринчи кунлари каравотларни йиғиштириб, чойшабларни қайтадан ёзиб текислашнинг ўзиданоқ қўллари пешин овқатига дастурхон тузашни бошларди. Ва бу ишни ҳали охирига етказишмасдан, чангли ботинкаларини дўпиллатиб мижозлар кириб келарди.
Лили келганининг тўртинчи куни Янги йил байрами ўтказишганди. Ярим кечага борганда ҳамма мижозлар ташқарига чиқишди. Пешайвоннинг бир тарафида тўпланишиб, қўл телефонлар зўр-базўр ишласа-да, гапга тушиб кетишди.
Ҳамманинг юзида фрау Пфефферленинг ўпичларидан қизил излар қолди. Атрофини майда ажин қоплаган, халтачалари осилиб қолган кўзларидан ёш оқарди отел эгасининг. Янги минг йиллик билан! Барча рақсга тушади!– деб эълон қилди у. Баъзи бир мижозларнинг эрмак мушакларни отишаётганини Лили кузатиб турарди. Ранг-баранг мушаклар қоронғу осмон ичига кирган заҳотиёқ ўчиб, изсиз йўқола-дилар. Ўзининг ҳаёти ҳам ҳали очилмай туриб мана шундай изсиз йўқолиб кетиши мумкинлиги хаёлига келиб, Лили даҳшатга тушди. У пастга ташланиб, гондоланинг олдидаги телекамера қаршисига турди-да, енгларини шимариб, яланғоч қўлларини баланд кўтариб у ёқ-бу ёққа соллади, лекин шу дақиқадаёқ ўзининг қилиғидан ўзи уялди ва ўзини ниҳоятда ёлғизликда туйди. Бу ҳолат “Кирш” теле-фильмларидаги бир манзарага ўхшарди.

Яхшиямки, кўкракларинг хитойларникига ўхшаган кичкина эмас, деб такрорлади онаси. Лекин Лилининг кўзлари барибир қисиқ ва қийиқ эди. Боғчада унга Хитой Лилияси (пиёзгули) деб от қўйишганди. Онаси Лилиядан бошқа от тополмаган экан шекилли. Лилияга ота бўлган ўша одамнинг отини онаси яхши эслолмасди: ё Ле Фюн, ё Фен Лю эди. Розенхеймдаги хитой ресторанчасида официант бўлиб ишларди, у киши. Мактабдалиги пайтидаёқ, Лили онаси ишлайдиган навбатдаги рестораннинг столларидан бирида ўтириб дарсини тайёрлар экан, ўла қолсам ҳам официант бўлмайман, дерди ичида.
Лили енгларини шимариб назорат камераси олдида турган янги йил кечасидан кейин Зепп ҳар куни кўтаргични ўчириб қўйиб, ресторанда ўтирар, мева шарбатини аста симираркан, Лилидан кўзларини узмасди. Йирик гавдали, тоғ офтобида қорайган, панжалари ҳам катта-катта эди. Ишқу муҳаббат саволларидан уч ой қантариб юрилган шу киши ҳам Лилининг диққат назарига туша бошлади. Зепп водийда очилган бинафшалар ҳақида гап бошлаганида, Лили тушундики, тез орада ундан бинафша гул олади. Лили тушунди. Сал ўтмай шоколадли ҳам бўлади.

Мавсум тугашига ўн саккиз кун қолганда, кичик жуссали, сочлари қизғиш рангга бўялган, ҳушқомат профессор аёл бошчилигида бир гуруҳ талабалар келишди. Аёлнинг қайси соҳа ўқитувчиси эканлигини Лили охиригача ҳам билолмади. Профессор пиёз бошоғи нусха соатини столга қўярди, талабалар дафтарларини очиб шоша-пиша унинг айтганларини ёза бошлардилар. Ҳар икки соатда танаффус эълон қилинарди. Лили термосда қаҳва келтирарди. Улардан фақат биттаси чой ичарди. Ва бу йигитларнинг энг чиройлиси эди. Бўйи баланд, тўлқинсимон сочлари қоп-қоралиги айни Лилиники каби эди. Никел қолипли кўзойнаги ортидан боқиб турувчи кўзларининг кўм-кўклиги худди газан ўт гулининг қўнғироқлари рангига ўхшарди.
Юзининг кўп чизиқ ва белгилари фаришталарнинг тасвирига ўхшаб кетарди. Шунинг учун Лили у йигитга ўзича “улкан фаришта” деб от қўйди.
Эрталаб, нонуштада йигит овқатга энгаша туриб жўжага кўзи тушиб бурнини жийириб қўйди. Унинг жўжага билдирган худди мана шу муносабати Лилини қойил қолдирди. Йигит ўгириларкан, бехосдан тирсаги билан Лилининг кўзига тегиб кетди. Кечирим сўраганди, Лили ҳечқиси йўқ маъносида қўл силтади. Аммо кўз кўкариб чиқди. Энди ҳар учрашишганда йигит хижолатга тушади. Лили эса кулиб вужудида титроқ сезади. Йигитнинг хонасига кирганда кийимларининг тартиб билан илинганини ёки стулга териб қўйилганини, чиқиндилар эса челакка ташланганини кўриб ундан миннатдор бўлди. Тиш чўткаси ҳам янги эди. Фойдаланаётган дезодоранти ҳам, соқолини қирадиган устараси ҳам, хуллас ҳаммаси Лилига ёқди, каравотнинг ёнидаги столда турган китобни кўрди. Аждар йили. 2000 йилга хитойча юлдузлар жадвали. Китобни авайлаб олиб, ўзининг туғилган 1979 йилни очди. Туғилган йили эчки буржи экан. Ҳамма танишларим бунга рози бўлсалар керак деб ўйлади. Ўқий бошлади: Эчки фаол, ғайратга тўлиб-тошган. Фақат жуда тезсан. Сал ҳовурингни босиб ҳаракат қил. Хоҳлаганингни қўлга киритолмасанг ҳам хаёл, орзуларга бериласан. Ўзингда боридан кўпроқ нарсага эгалик қилмоқни истайсан. Тўғри деб тўнғиллади Лили. Лекин ҳаёт сенга хайрли боқади. Ҳаёт менга хайрли боқади, шивирлайди Лили. Эски бошқа барча бурждагилар билан осон чиқишади. Фақат Қуён бундан истисно. Қуёнга келганда эчкининг сабри чидамайди. Хўроз, от, ит билан бирга бўлса охири яхши бўлади.

Тушликнинг таомномасига “қизил карам ва қийма билан сайғоқ жаркоби” деб ёзиб қўйганди. Мижозлар олдиларига тортилган ғоз гўштига ҳайрон бўлиб қарашарди. Улкан фаришта хохолаб кулди:
– Демак сайғоқнинг қанотлари бўларкан-да?
Лили қизариб кетди. Тушлик тугагандан сўнг Лили пешайвонга югуриб чиқиб улкан фариштани кўрмоқчи бўлди. Олисда кўтаргичлар гувиллаб ўйингоҳдек кўринаётган чанғичиларни қияликлардан тепага тортиб кетардилар. Балки унинг қизил комбинизони трассада кўриниб қолар? Чанғи учишни ўрганмаганига биринчи марта аттанг қилди.
Эй ҳаётжон, меҳрибонлик қил, деб шивирлади у.
Қайд журналидан унинг фамилияси ва туғилган йилини топди: Петер Брюклер, 1976 й. 7 июнь. Хитой тақвимидан солиштириб 76 йилннинг Аждарлигини аниқлади. Демак, Фаришта – Аждар экан-да. Ўтпуркар Аждар кўкларга учди. У қудратли ва таниқли бўлади. Ўзига иттифоқдош топади. Вақти билан оилавий бахтини топади. Аммо Ўтпуркар Аждар ёлғизликни ёқтиради, ўзини зоҳир этишда унга ёрдам даркор… Аждарни Илон, Сичқон, Маймун буржидагилар тортади. От билан Эчкида Аждар билан бирга бўлиш имкони бор. Имкон бор. Имкон бор, ўйлайди Лили. У ҳали бу ерда бир ҳафта яшайди. 10–17 март: Аждар учун қийин келади. Озгина эҳтиётсизлик қилинса, фалокат юз бериши мумкин. Уйдан чиқмагани яхши.

“Эчки”га маслаҳат: Электр асбобларидан эҳтиёт бўлиб фойдаланинг. Севиб қолган Эчки бир ҳафта ичида масаласини ҳал этмаса кеч бўлади. Акс ҳолда ҳеч қачон ҳал этолмайди!
Петер ўзига “Куйла мавр” тортини буюрганда юраги бир орзиқиб тушди.
– Чанғи учиш яхши ўтдими?
Ҳайрон бўлган йигитнинг қошлари чимирилди. Кўтаргичлар кундузги ишларини тугатишди. Зепп унга кичкина тоғ бинафшасини совға қилди. Лили совуққина қилиб “раҳмат” деди.
Петер ўрнидан қўзғалди. Лили бинафшани пешбанди тагига яшириб ошхонага кирди. Гулга кўзи тушгач Марта: “Мана, қор эриса, яна муҳаббат бошланади”, – даб минғирлади.
Об-ҳавонинг чанғи учишга мос келишини Лили жуда истарди. Ахир бор-йўғи беш кун қолганди-да. Аждар учун ҳам Эчки учун қийин келадиган ҳафта. Сешанба куни микротўлқинли иситгичнинг сими очилиб кетди. Чоршанба куни Габорни кучли грипп йиқитди. Пайшанба куни Марта касал бўлди ва Лили ошхонада ёрдам беришга мажбур бўлди. Жума куни Лили чарчаб кетганидан оёқда зўрға турарди. Аждар билан орадаги муносабат бир қадам ҳам олға жилмади. Ҳар куни эрталаб у Лилининг кўзи ҳақида сўрар, кўзнинг кўкаргани рангини ўзгартирарди, холос. Севиб қолган Эчки ўз масаласини ҳафта ичида ҳал этиши керак. Акс ҳолда ҳеч қачон ҳал этолмайди.
Унинг учун фақат бир кун вақт қолганди. Лили фақат бир нарсани, у на фақат севиб қолган, балки йигитнинг батамом шайдосига айланиб эс-ҳушини йўқотган Эчки эди. Лекин имкониятдан фойдалана олмаётганди.
Ўзларининг охирги кунларида талабалар ўйин ташкил этишди. Бунда биронта кимсанинг номи ёзилган қоғоз одамнинг пешонасига ёпиштирилар ва у одам бу номни топиши керак эди. Лили улар орасида виноми, коктейлми, тарқатиб юрарди. Қизлар ўзини жуда сипо тутишар, йигитлар эса аста-секин қизий бошлагандилар. Унинг йигити, фақат сув ёки чой ичар, зерикар, бироқ чидаб ўтирарди. Бирдан у ўрнидан турди-да, ҳожатхона томон юрди.
– Кўзгуга қараш йўқ,– деб бақиришди унинг ортидан.

Лили унинг кетидан йўталди. У ҳожатхонадан чиққанда Лили “вой!” деб хитоб қилди. Йигитнинг пешонасидаги қоғозга бир кўтарилиб яна жойига ётди. У Лилига энгашди-да, шивирлади:
– Мен кимман?
– Ўтпуркар аждар,– деди ҳаяжонда Лили, лекин дарров саволни тушуниб,– Гарри Поттер,– деб жавоб берди.
– Бу нимадир ўзи?
– Кўзойнак тақиб юрадиган, сеҳрлашни биладиган ёш бола.
– Шунақами? – деди Петер кўзойнакни тўғрилаб.
Иккови нима қилишини билмай турганда залга ҳовлиқиб бошқа талаба чиқиб сўради: – Кўзгуга қарадими?
– Йўқ,– деди Лили.
Петер унга энгашиб шивирлади.
– Ўйинлар ёқмайди менга.
Лилининг тиззалари букилиб, шундай зинага ўтириб қолди. Кафтлари терлаб, оғзи қуриб қолди. Эчки ва Ўтпуркар Аждар. Ўтпуркар Аждар ва Эчки.
Кечаси Лили ухлай олмади. Хаёлида иккови бирга эди. Биргаликда сайёра узра тўғри Хирхалмга қараб юриб келишарди. Бу жуда табиий эди. Мантиққа тўғри келарди, Лилининг фикрича. Эчки ва Ўтпуркар Аждар. Ҳаёт унга меҳрибонлик қилади. Соат учда қор ёғди. Катта-катта лайлак қор. Ташқаридаги чироқларнинг ёруғида қоғоз парчалари учиб юргандек туюларди.
Яна, яна ёғсин, кўпроқ ёғсин. Ҳаммаёқни қор боссин, шивирлаб илтижо қилди Лили тангрига. Лекин шу ондаёқ қор учқунлари кичрайиб, кичрайиб кейин қор бутунлай тўхтади.
Лили соат етти бўлмасиданоқ нонуштага уни кута бошлади. Петер тўққизда келди. Лили унга круассадан олиб қўйганди. Петер табассум билан миннатдорчилик билдириб ўтирди-да, овқатга тутинди. Йигит қизил чанғи комбинезонини кийиб олган эди. У деразадан қорни кузатиб, ўзича баҳоларди.
– Бугун эҳтиёт бўлиш керак,– деди Лили.– Қор ҳўлроқ.
– Ҳа, охирги кун йиқилиб тушсам аҳмоқлик бўларди,– деди Петер, кейин чиқиб кетди. Бироз туриб Лили унинг чанғида трассадан оралиқ станция томон кетаётганини кўрди. Ялтираётган қор нигоҳини қамаштираётганидан Лили кўзларини қисди. Шу пайт орқадан келган Габор кафтини қизнинг елкасига қўйди.
– Барчаси тугади. Мавсум ҳам, қор ҳам. Мана бу расвогарчилик ҳам тугайди,– деди у ва кафтини олди. Кафтини олган сонияда узоқлашаётган Петер коржоманинг ялтирашидан пайдо бўлган нуқта ҳам йўқолди.– Ўзингни асра, қизалоқ, мен сени доим эслаб юраман,– секин қўшиб қўйди Габор.
– Ҳаёт менга меҳрибонлик қилади,– деди Лили баланд овозда дона-дона қилиб.
– Бу тўғри,– ғўлдиради Габор.– Фақат уни маҳкам ушлаш керак.
Габор бурчакдаги диванда кийик сурати билан безатилган ёстиқни олиб қаттиқ силкитиб кўрсатди. Ёстиқдан майда чанг тўзиди. Офтоб нурида ялтираётган бу чангни иккови кузатиб туришди. Чанг батамом ётган эди-ки, Лили пешбандини ечиб отиб, йўлакка чиқди-да, қозиқдаги курткани юлқиб олиб, кўтаргич томон югуриб кетди. Қўлларида титроқ-ла автоматидан билет узди. Сўнг гондолага ўтириб, оралиқ станцияга кетди.
Олис пастликда трассадан тушаётган чанғичилардан қор юзида чиройли ёй излари қоларди. Лили қанча тикилмасин қизил нуқтани тополмасди. Оралиқ станцияда у назоратчининг дарчасини қоқди. Зеппнинг унга кўтарилган нигоҳида акс этган осмоннинг кўклиги ҳақиқатан самовий ва гўзал эди. Ҳаяжонланган Зепп каттакон бир кафтларини бир-бирига ишқади.
– Лилим,– деди у.– Сенмисан?
– Зепп,– деди Лили унинг гапини бўлиб,– бир илтимос бор.
– Нима десанг ҳам майли.
– Катта илтимос. Мен гондолага ўтириб тепага кўтарилганимда, икки минутга уни тўхтатасан. Фақат икки минут. Илтимос!
Зепп таажжубда қотиб, тикилиб қолди.
– Мен, осмонга яқин жойда икки минут қолишим керак.
– Нимага?
Лили нигоҳини ерга қаратди:
– Мен севиб қолдим,– деб ғудранди.
– Шунақа дегин.
Зепп бошқарув пулти томон тескари ўгирилди.
– Мумкин эмас. Фавқулодда ҳоллардагина тўхтатишга рухсат бор.
Лили оғирлигини у оёқдан-бу оёққа солиб анча кутди. Чанғичилар учиб келиб, ёнгинасида тирғалиб тўхтардилар. Жуда узоқ кутди. Ниҳоят қизил чақмоқдек трассани ёриб кириб Петер пайдо бўлди. Лили гондола учун навбатга турди-да, то Петер орқасидан, навбатга тургунча бошқаларни ўтказиб юбораверди. Петер келганда силжий бошлади. Икки қадам ўгирилди. Петер кўзойнагини ечди-да:
– Салом,– деди ҳайрон бўлиб.
– Вой, салом.
– Наҳотки дам беришди?
– Йўқ, ишлар чиқиб қолди.
Лили тақдирга илтижолар қилардики, гондолага икковини ёлғиз чиқарсин деб. Ҳеч бўлмаса шу имконият керак эди унга.
Айтганидек, ғирчиллаб тепага кўтарила бошлаган гондолада улар икковлон эдилар. Хиршхалмнинг чўққисига етти минут вақт бор эди. Лилининг юзида иккиланувчи, қатъиятсиз табассум пайдо бўлди.
– Чанғиларингиз қани? – қизиқди у.
– Мен учишни билмайман.
– Шундай қорли тоғда ишлайсиз-у, чанғи учишни билмайсизми?
– Бизларнинг бари бир вақтимиз йўқ.
– Бечора,– Петер бошини чайқади.
Улар жим қолишди. Атроф жим-жит. Пастда арчаларнинг қорамтир учлари тескари томонга оқарди.
– Ҳув, ана у ерда кеча қор кўчди,– деди тоғ ёнбағридаги катта қор доғни кўрсатиб.
– Ҳа, ҳозир хатарли пайтлар.
– Кўзингиз яхшими?
– Ҳа, ҳаммаси ўтиб кетди. Рост, – жавоб берди Лили.
– Баъзан жуда қўпол бўлиб кетаман.
Улар бир-бирига қараб жилмайишди. Кейинги чўққидан сўнг Хиршхалм келишини Лили биларди. Тамом. Имконият йўқотилди. Бирдан-бир имкониятни йўқотди. Лили чуқур хўрсинди.
– Сафсаргул, дафна, сув йиғар, оқ йўсин, сариқ сафсар, айиқ-товон, Альп атиргули, Альп эделвейси, газак ўт, можор газак ўти, – деди бир нафасда Лили.
– Ҳа-ҳа, – каловланди Петер.
– Тез орада гуллар очилади.
– Ҳа, – деди Петер.– Тез орада очилади.
У кулди. Ўзининг фаришта сифат кулгиси ила жилмайди. Лили фақат унинг кулиб турган лабларини кўрарди.
– Мен – Эчкиман,– шивирлади Лили, буни ташида айтдими ё ичидами – ўзи ҳам англамай.
– Нима дедингиз?
– Хитой тақвими бўйича, Эчкиман.
– Э-э, шунақами.
Орага яна жимлик чўкди. Шунда Петер тушунди.
– Менинг Хитой тақвимимдан ўқиб олгансиз-а?
– Йўқ, йўқ, йўқ,– хижолат бўлди Лили.– Мен буни илгаридан биламан.
Петер бош ирғади.
– Ахир хитой қизиман-ку. Биз бу нарсаларни яхши биламиз.
– Ҳа, тўғри, тўғри,– деди Петер.– Биз бир хитойдан келган официантнинг ишини кўраётгандик. Китоб менга шунинг учун керак бўлганди. Официант ўзининг мучали отлигини, от эса Илондан қўрқишини важ қилиб, “қасддан оғир тан жароҳатлари етказган” моддасидан қутулиб қолмоқчи эди. Биз ҳуқуқшуносликка ўқияпмиз. Профессор опамиз эса экзотик суд ишларни яхши кўрадилар.
Лили мулойим кулди. Гондола чайқалиб кетди.
– Эчкилар кимдан қўрқадилар?
– Фақат қуёнлардан.
Петер жилмайди. Лилининг юраги тўхтаб қолгандек бўлди.
– Мен қуёнман,– аста гапирди Петер.
– Йўқ,– эътироз билдирди қизиққонлик билан.– Хато айтдингиз! Сиз – Ўтпуркар Аждарсиз!
– Ўтпуркар Аждар?
– Худди шундай. Ўтпуркар Аждар.
– Э, ҳа. Бир марта менга айтгандингиз. Лекин унақа эмас, мен – Қуёнман.
Лили полга тикилиб қолди. Агар ўша ерда гондоланинг тагини очадиган ва пастга қулаш имконини берадиган тугма бўлса эди, у бир сония ҳам иккиланмай шу тугмани босган бўларди.

Рус тилидан Зоҳир Аълам таржимаси

______________
* Ф а ш и н г – маскарадли карнавалли диний байрам. Русларнинг масленицаси даврига тўғри келади.