Скрипкасоз уста Амедео Торти ва унинг хотини қаҳва ичмоқда эдилар. Болалар аллақачон ухлаб қолган, эр-хотин одатдагидек жимгина ўлтиришарди. Бирданига хотини сўз бошлаб қолди:
— Сенга нима деб айтишни ҳам билмайман… Кун бўйи аллақандай ғалати бўлиб юрибман… Назаримда худди кечқурун бизникига Аппашер кириб келадигандек.
— Гапинг қурсин, бу тўғрида ҳатто ҳазиллашиб ҳам бўлмайди, — деди эри ранжиб.
Гап шундаки, бундан йигирма кун аввал унинг эски, қадрдон дўсти скрипкачи Тони Аппашер вафот этган эди.
— Тушуниб турибман… Одамнинг ваҳми келади! — деди хотини. — Аммо, нима қилай, шу хаёл ҳеч миямдан кетмаяпти.
— Агар бордию… —деб ғўлдиради Торти ғамгин товушда, лекин фикрини давом эттириб ўлтирмади. Фақат бош чайқаб қўйди.
Улар яна жим бўлиб қолишди. Соат чоракам ўн эди. Ногоҳ эшик қўнгироғи жиринглади. Қўнғироқ астойдил ҳафсала билан узоқ жиринглаб турди. Эр-хотин сесканиб тушди.
— Ким экан бемаҳалда? — деди хотин.
Йўлакдан оқсоч қиз Инеснинг шипиллаб ўтгани, сўнгра эшик очилгани, бўғиқ товушлар эшитилди. Зум ўтмай Инес емакхонага мўралади. Унинг рангида ранг қолмаган эди.
— Ким у, Инес? — деб сўради бека.
Оқсоч хўжайинга бнр қараб қўйди-да, дудуқланиб:
— Синор Торти, бир мунутга бу ёққа чиқсангиз. У ерда… Вой, агар билсангиз эди! — деди.
— Ким экан ўзи? Ким деяпман? — дея бетоқат оҳангда сўради бека, гарчи гап ким ҳақида бораётганини билиб турган бўлса-да.
Инес олдинга энкайиб, гўё уларга махфий бир гапни айтмоқчидек, шивирлади:
— У ёқда… у ёқда… Синор Торти, ўзингиз чнқинг… Маэстро Аппашер қайтиб кепти!
— Э, нима деб валдираяпсан! — деди Торти бу жумбоқдан ғижиниб ва хотинига юзланди: — Қани, кўрай-чи… Сен шу ерда қол.
У қоронғи йўлакка чиқди ва қандайдир жавоннинг рахига урилиб кетди-да, шаҳд билан даҳлиз эшигини очди.
Остонада, доимгидек беўхшов қийшайиб, Аппашер турарди. Йўқ, у одатий кўринишда эмасди. Шакл-шамойили билинар-билинмас тарзда хира тортганидан у алланечук мавҳум қиёфада кўринармиди-эй. Бу Аппашернинг шарпасимиди? Чамаси, буни шарпа дейиш ҳам қийин, чунки у ҳали биз моддийлик деб атайдиган хусусиятдан буткул холи бўлмаган эди. Агар у шарпа бўлган тақдирда ҳам, қандайдир моддий белгиларини сақлаб қолган шарпа эди. У одатдагидек кийимда эди: кулранг костюм, ҳаворанг чизиқли кўйлак, қизғиш-мовий бўйинбоғ. Қўлида эзғиланиб кетган фетр шляпа бўлиб, асабий ғижимлаб турарди. (Албатта, унинг эгнидаги костюм ҳам костюмнинг шарпаси эди, галстук ва ҳоказолар ҳам шу аҳволда эди, деб айтсак, тўғри бўларди).
Торти мутаассир одам эмас эди. Асло. Аммо ошнасини кўриб у ҳам нафасини чиқармай қотиб қолди. Ҳазил гапми — йигирма кун бурун ўз қўлинг билан қабрга қўйиб келган эски ва қадрдон дўстинг остонангда иржайиб турса!
— Амедео! — деб товуш чиқарди боёқиш Аппашер ва вазиятни юмшатиш учун беўхшов илжайди.
— Сенмисан? Нима қилиб юрибсан бу ерда?! — деб хитоб қилди Торти зарда аралаш.
Унинг қалбини чулғаб олган қарама-қарши ва ноаниқ туйғулар бирданига ғазабга айланди. Ахир жудо бўлган дўсти билан қайта дийдор кўришув унга чексиз қувонч бахш этиши лозим эмасмиди? Ахир тақдир унга шундай учрашувни насиб этса, у миллионларннн бермасмиди? Албатта, ўйлаб-нетиб ўлтирмай шундай қилган бўлур эди. Дўстининг дийдорини яна бир бор кўрмоқ учун ҳар қандан қурбонга тайёр эди. Аммо ннма учун Торти айни лаҳзаларда ҳеч қандай қувонч ҳиссини сезмаётир? Бу бемаъни зарда қаёқдан пайдо бўлди?
Демакки, шунча ғам-изтироблар, кўз ёшию армонлар, тегишли расм-русумларни адо этиш билан боғлиқ югур-югурлардан кейин ҳаммасини яна бошқатдан бошлаш керак экан-да? Дафн маросимидан сўнг ўтган вақт мобайнида Тортининг қалбидаги эзгу тунғулар захираси тугаб битган, улар қайнаб чиқадиган бошқа манба қолмаган эди.
— Кўриб турибсан-ку. Ўзимман, — деди Аппашер шляпасинниг гардишини баттар эзғилаб. — Лекин… Биласан-ку, сен билан менинг ўртамда қандай такаллуф бўлиши мумкин? Хуллас, гапнинг қисқаси… Агар сенга ноқулай бўлмаса…
— Ноқулай? Сен ҳали буни ноқулай деб юрибсанми? — деб қичқирди Торти ўзини йўқотиб. — Қаёқдандир алламбало қиёфада кириб келасану яна ноқулай эмасми, дейсан! Э, сурбетлик ҳам эви билан-да! — Жаҳл устида шундай деб бақириб юборди-ю пушаймонлик билан ғўлдиради: — Энди нима қилдим-а?
— Менга қара, Амедео, — деди Аппашер. — Мендан хафа бўлма… Менда айб йўқ… У ёқда, — дея ноаниқ ишорат қилди у, — қандайдир чалкашлик бўпти… Хуллас, мен яна бир ойча бу ерда бўлиб туришимга тўғри келади шекилли… Бир ойми ё ундан кўпроқми… Хабаринг бор, энди менинг уйим йўқ, у жойда янги эгалари турибди…
— Шунинг учун меникида қолмоқчисан? Шу ерда ухламоқчисан?
— Ухлаш дейсанми? Мен энди ухламайман… Гап бунда эмас… Менга бир кичкина бурчак бўлса… Мен ҳеч кнмга халақит бермайман — чунки емайман-ичмайман, ҳожатга ҳам бормайман. Биласанми, мен шу кечаси дайдиб юрмасам, деган эдим, айниқса, ёмғир ёғиб турганда.
— Кечирасан, сен… ёмғирда ивиб кетасанми?
— Ивишга-ку ивимайман, — деб ҳиринглади у, — лекин бари бир ёмғирда юриш ўлардай ёқмайди-да.
— Демак, сен ҳар кечани шу ерда ўтказмоқчимисан?
— Агар рухсат берсанг…
— Рухсат берсанг эмиш! Мен сенга тушунолмай қолдим. Сен ақлли одамсан, эски дўстимсан… сенинг бутун ҳаётинг, айтиш мумкинки, орқада қолган… Наҳотки шуни ўзинг тушунмасанг? Албатта тушунмайсан, чунки сенинг ҳеч қачон оиланг бўлмаган-да!
Аппашер хижолат бўлиб, эшик томонга чекинди.
— Кечирасан, мен ўйлабманки… Ахир бор-йўғи бир ойгина, холос.
— Йўқ, сен менинг аҳволимни тушунишни истамаётибсан-вассалом! — деди Торти тутақиб. — Мен ўзим учун ташвиш қилаётганим йўқ… Менинг бола-чақам бор, ахир!.. Бола-чақа, тушуняпсанми!.. Ҳали ўнга ҳам тўлмаган иккита бегубор гўдак кеча ўлиб кетган одамни кўриб туриши, сенинг назарингда, балки ҳеч гап эмасдир? Қолаверса, ҳозир ўзингнинг ким эканингни ҳам бир ўйлаб кўрдингми?! Қаттиқ гапираётган бўлсам кечирасан-у, аммо сен… сен ҳозир — шарпасан, менинг болаларим бор жойда эса шарпага ўрин йўқ, жон дўстим…
— Демак, ҳеч иложи йўқ экан-да а?
— Йўқ, азизим… Бошқа ҳеч нарса деёл…
Унинг гапи оғзида қолди: Аппашер тўсатдан ғойиб бўлди. Фақатгина кимнингдир зинапоядан югуриб тушиб кетаётгани эшитилар эди, холос.
Консерватория директори маэстро Тамбурлани контсертдан чиқиб уйига қайтганида соат ўн икки яримга занг урган эди. Эшик олдига яқинлашиб, қулф тешигига калит соларкан, у орқасида кимдир турганини, «Маэстро, маэстро!» деб ншвирлаётгапини сезди. Шартта ўгирилиб, Аппашерга кўзи тушди.
Тамбурлапи ўткир дипломат одам сифатида ном қозонган, эҳтиёткор, ўз ишига пишиқ киши эди; шу фазилати (ёки нуқсони) туфайли у жамиятда камтарона хизматлари имкон берган даражадан кўра юқорироқ мавқени эгаллаган эди. У бир зумдаёқ вазиятга баҳо бериб улгурди.
— У, азизим! — дея хуш-хандон сайрай кетди у қўлларини скрипкачи томон чўзиб. Лекин орада бир қулочча масофани сақлаб қолди. — У, азизим, қадрдоним!.. Билсанг эди, ўрнинг қанчалик билинаётганини…
— Нима-нима? — деб қайта сўради Аппашер. У эшитмади, чунки шарпаларнинг жамики қобилияти пасайиб кетади. — Биласанми, энди қулоғим оғир, илгаридек эмас…
— У, тушунаман, азизим, тушунаман. Аммо мен нима қилай, бақиролмайман-ку, ичкарида Ада ухлаяпти, кейин қолаверса…
— Қечирасан-ку, бирпасга уйингга кирсам майлими? Кун бўйи тик оёқда юравериб жонимда жон қолмади…
— Йўғ-э, нималар деяпсан! Худо кўрсатмасин, Блитс сезиб қолса борми!
— А? Нима дейсан?
— Блитс, овчаркам-чи? Итимнинг ёмонлигини биласан-ку? Шунақанги шовқин кўтарадики!.. Қоровул ҳам уйғониб етиб келади. Кейин шунақа машмаша бошланадики, асти қўявер. Бунинг устига…
— Демак, лоақал бир-икки кунга ҳам…
— Меникида турмоқчимисан? У, азизим, Аппашер, албатта, албатта!.. Сендек дўстим учун… Аммо-лекин анави… Менга қара… кечирасан-ку, лекин итни нима қилдик-а?
Бу жавоб Аппашерни қаттиқ ранжитди. У дўстини инсоф-диёнатга чақирмоқчи бўлди.
— Ахир сен яқиндагина қабристонда мени тупроққа қўйишдан олдин нутқ сўзлаб йиғламаганмидинг? Эсингдами? Ўйлайсанки, ҳиқиллаб йиғлаганингни эшитмаганман-да? Эшитганман.
— У, азизим, ундай дема… Дардим оғир. — У шундай деб қўлини кўксига қўйди. — Э худо, Блитс уйғониб кетдими, дейман!..
Дарҳақиқат, эшик ортидан бўғиқ, огоҳлантирувчи ириллаш эшитилди.
— Тўхтаб тур, қадрдоним, мен бу ярамас махлуқни тинчлантириб қўяй… Ҳозир, бир минутгина, азизим.
У лип этиб ўзини ичкарига урди-да, эшикни қарсиллатиб ёпди, барча илгагу лўкидонларини солиб қулфлаб олди. Ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди.
Аппашер бир неча дақиқа кутиб турди, сўнг шивирлаб чақирди:
— Тамбурлани, Тамбурлани.
Эшик ортидан ҳеч ким садо бермади, У қоқсуяк бармоқлари билан эшикни тақиллата бошлади. Жавоб ўрнига — сукунат.
Тун эндигина яримдан оққан эди. Аппашер Жаннанинг ҳузурига бориб омадини синаб кўрмоқчи бўлди. Жанна суюқоёқ, оқкўнгил қиз бўлиб, Аппашер у билан дон олишиб юрарди. Жанна шаҳар четидаги одам виж-виж эски бир уйда икки хонали ижара квартирада яшарди. Аппашер бу ерга етиб келганида соат тўртга яқинлашган эди. Бахтига, чумоли инига ўхшаш бу уйнинг йўлак эшиги очиқ экан. Аппашер минг машаққат билан базўр олтинчи қаватга кўтарилди — кун бўйи обдон тинка-мадори қуриган эди.
Қоронғи бўлишига қарамай, у майдончадаги керакли эшикни қийналмай топди. Эшик ортида қадам шарпаси сезилгунга қадар қайта-қайта тақиллатаверди. Ниҳоят, уйқусираган аёл товуши эшитилди:
— Ким у? Нима керак бемаҳалда?
— Бир ўзингмисан? Оч, бу мен… Тони.
— Шу вақтда-я? — деб сўради у иштиёқсиз, аммо ўзига хос ювош оҳангда. — Тўхтаб тур… ҳозир…
Эринчоқ қадам шарпаси, чироқ мурватинпнг чиқ этгани, калитнинг буралгани эшитилди. «Шу пайтда нима қилиб юрибсан?» — дея Жанна эшикни очди ва иссиққина тўшакка қараб чопқилламоқчн бўлдию, Аппашернинг ғалати қиёфаси уни ҳайратга солди. Гарангсиб унга тикилиб қолди ва ниҳоят, уйқу аралаш онгига ҳақиқат ёғдуси етиб борди.
— Ахир сен… Ахир сен… Ахир сен…
У: «Ахир сен ўлган эдинг-ку, аниқ эсимда», демоқчи бўларди-ю, журъати етмасди. Орқасига тислапиб, икки қўлини олдинга чўзди — мабодо яқинлашгудай бўлса.
— Ахир сен… Ахир сен… — Шу асно бўғзидан қичқириқ отилиб чиқди. — Кет бу ердан!.. Худо ҳаққи, кет бу ердан! — дея бақирарди у кўзлари ола-кула бўлиб.
Аппашер эса унга тушунтиришга уринарди:
— Ўтинаман сендан, Жанна… Озгина дам оливолсам бас.
— Йўқ-йўқ, кет бу ердан! Қолишни хаёлингга ҳам келтирма. Сен мени ақлдан оздирасан. Кет бу ердан! Кет, деяпман! Бутун уйни бошингга кўтармоқчимисан?
Аппашер ҳамон жойида тош қотиб турарди. Қиз ундан кўз узмай жавонни титкилай бошлади; қўлига қайчи тушиб қолди.
— Кетаман, кетаман, — деди Аппашер довдираб. Аммо қиз жонҳолатда қўлидаги беўхшов қуролни унинг кўксига санчди: қайчининг иккала тиғи ҳам ҳеч қандай қаршиликка учрамай шарпанинг кўкрагига осонгина ботиб кетди.
— Вой, Тони, кечир, мен билмасдан! — деб чирқиллаб қолди қиз қўрқа-писа.
— Йўқ-йўқ… Қитиғим келяпти! — деб ҳиринглади у. — Илтимос қиламан, тўхтат. Вой-вой, қитиғим келяпти! — У жиннига ўхшаб қаҳ-қаҳ отиб кула бошлади.
Ташқарида, ҳовли томонга шарақлаб дераза очилди ва кимдир дарғазаб оҳангда бақирди:
— Ҳой, нима гап? Соат тўрт бўлган бўлса! Бу қанақа бемаънилик-а, жин урсин!
Аппашер шамол тезлигида қочиб қолди.
Яна кимнинг олдига борса экан? Шаҳар дарвозасидан ташқаридаги Сан-Калисто черковининг нозиригами? Унинг жанозасини ўқиган, гимназиядош эски дўсти, олижаноб ҳазрат дон Раймондога мурожаат этсамикан?
— Даф бўл, даф бўл, жаҳаннам махлуқи! — Муҳтарам пастор ҳузурида пайдо бўлган скрипкачини ана шундай сўзлар билан қарши олди.
— Мени танимадинг-а? Мен — Аппашерман… Дон Раймондо, бирор бурчакда бекиниб туришга ижозат бер. Ҳадемай тонг отади. Бирорта ҳам ит менга бошпана бермади… Дўстларим мендан юз ўгирди. Балки, лоақал сен…
— Мен сенинг кимлигингни билмайман, — дея ҳорғин ва баландпарвоз оҳангда жавоб қайтарди руҳоний. — Эҳтимол сен иблис ёки рўёдирсан, билмайман. Аммо сен чиндан ҳам Аппашер бўлсанг, унда ичкари кир, мана сенга менинг тўшагим, ётиб дамингни ол…
— Раҳмат, раҳмат, дон Раймондо, билардим сенинг…
— Майли, менга аллақачондан буён епископ кўз тикиб тургани сени безовта қилмай қўяқолсин, — дея сохта мурувват билан давом этди руҳоний. — Майли, сенинг бу ерда бўлишинг бошимга бало олиб келиши ҳам сени хижолат қилмай қўяқолсин… Хулласи калом, сен менинг ташвишимни тортмай қўяқол. Агар сени бу ерга мени буткул хонавайрон қилмоқ учуи юборган бўлсалар, начора, бу ҳам Яратганнинг иродаси!.. Тўхта, қаёққа? Иэ, кетяпсанми?
Ўликлар нега тирилмаслигини энди билгандирсиз?
Хайриддин СУЛТОН таржимаси