Дино Буццати. Эйнштейн билан иблисвачча (ҳикоя)

Куз оқшомларининг бирида Альберт Эйнштейн Пристон (Нью Жерси штати) йўлкалари бўйлаб кезиб юрар экан, бир ғайритабиий воқеани бошидан кечирди. Унинг ўз ҳолига ташлаб қўйилган ўй-фикрлари бу дамда занжиридан халос бўлган ит мисоли дайдишар, ўз соҳибларини назар-писанд қилишмасди. Қизиғи шундаки, айни бефайз ва беҳаловат лаҳзалар Эйнштейнни умр бўйи интилган-у, аммо рўёбига умиди сўнган орзуси билан қовуштирди. Киприк қоққудек фурсат ичида у макон эврилишига гувоҳ бўлди, унинг нигоҳи, худди сиз ушбу варақни чор тарафдан кўриб турганингиздек, ўзга оламни бирбутун қамраб олди.
Гарчи, инсоният кўзлари илғай оладиган макондан ўзга ўлчамда ҳам оламлар мавжудлиги аллақачонлар исботини топган бўлса-да, бунга ҳамон инсон тафаккуури учун жумбоқ бўлмиш воқелик дея, шубҳа билан қараб келинади. Гўёки ўша олам билан биз яшаётган олам ўртасида кўринмас бир девор бордек ўзининг учқур тафаккури қанотида тобора кўкка юксалиб бораётган инсон ногаҳон шу деворга пешонасини уради-да, парвоз ниҳоя топади. На Платон, на Пифагор, на Данте, бугун ҳаёт бўлганларида ҳам, ушбу деворни ишғол қила олишмаган бўларди, илло, бизнинг миямиз бундай ҳақиқатларни сиғдиришга қодир эмас.
Зотан, дунёда ўша бегона олам сарҳадларини тажриба ва узлуксиз риёзат орқали эгаллаш мумкин, дея фикр қилгувчилар ҳам йўқ эмас. Ер юзида паравозлар сурон солиб кезар, домна печлари гувиллар, уруш ва ўлим ваҳшати давом этар, сўлим хиёбонлар ошиқ-маъшуқлар бўсалари товушига безабонларча сомеълик қилар, бир сўз билан ҳаёт оқими ўз йўлида оқар экан, қандайдир дарвешнамо олимларнинг мислсиз риёзатлари орқасида бир лаҳза ўша макон чегараларига қадам қўйганлари, унинг сир-синоатларидан воқиф бўлароқ, кўз юмгунча ўтган вақт орасида ортга қайтганлари, инсон оёғи етмаган чўққини забт этганлари ҳақида афсоналар юради.
Бироқ ушбу буюк ҳодисотдан кимса хабар топмайди, биров у қаҳрамонни табрикламайди ҳам, на тантаналар, на интервьюлар уюштирилади, на қаҳрамонга бирор нишон беришади. Чунки бундай ҳодисалар хослар учун махсус. Қаҳрамон бу ҳақда бор-йўғи “Мен у дунёга бориб келдим”, дейиши мумкин, вассалом. Ахир унда ўзга оламда бўлганини тасдиқловчи на бирор сурат, на ҳужжат-далил бор.
Воқеан, шундай ҳодиса рўй бериб қолгудек бўлса, ўз тафаккуримиз воситасида ўша ўзга оламга тирқиш топа олсак – биз учун мавҳум бир формуладан бошқа нарса бўлмаган, биздан том маънода ташқарида бўлган олам айни чоғда ҳаётимизнинг ўзига айланади. О! У лаҳзаларда ўзлигимиздан, қайғу, қувонч, ташвиш аталмиш юкларимиздан биратўла халос бўламиз. Инсон тафаккури нақадар бепоён-а!
Худди шундай воқеа, осмон биллурий рангларга чулғанган, шаҳар чироқлари гўё Зуҳро юлдузи билан баҳс бойлашгандек, у ер, бу ерда милтиллай бошлаган ажойиб куз оқшомларининг бирида профессор Альберт Эйнштейн билан ҳам содир бўлди. Унинг қалби – ўша сир-синоатга бой бир парча гўшт – Худонинг мариҳаматини ҳис қилди. Зеро, Эйнштейн донишманд одам эди. Дунё ҳавасларига парво қилмасди. Аммо айни лаҳзаларда у ўзини одамлар издиҳомидан юксакларда ҳис қилди. Нон ушоғига интизор гадо фавқулодда бир хумча олтин топиб олганди гўё.
Гўё Эйнштейннинг номуносиб ўйларига жазодек, сирли ҳақиқат қандай пайдо бўлган бўлса, шунчалик кутилмаганда, дафъатан кўздан йўқолди. Айни дамда профессор ҳозир бўлган маконининг ўзига тамомила нотаниш эканини англаб қолди. У четлари жонли девор билан тўсилган узун йўлак бўйлаб кетиб борар, атрофида иморат тугул бирор тирик жон кўринмасди. Йўлак охирида сариқ-қора зебра тусида бўялган, шифтини шарсимон чироқ ёритиб турган бензакалонка кўринарди, холос. Ён тарафдаги скамейкада, чамаси мижоз йўқлигидан зерикибгина бир занжи ўтирарди. Унинг эгнида иш комбинизони, бошида эса бейсбол шапкаси бор эди.
Эйнштейн унинг ёнидан индамай ўтиб кетмоқчи эди, бироқ занжи ўрнидан туриб у томон одимлади.
-Жаноб!-деди у.
Занжи ўрнидан тургач, барзанги келбати, хушбичим юзи, бор бўй-басти билан мукаммал бир африкаликни ўзида мужассам этгани кўзга ташланди. Тун қоронғусида жилмаяр экан, маржондек тишлари ярқираб кўринарди.
-Жаноб,-деди у,-сизда гугурт топилмайдими?-ва чўғи сўнган сигарета билан унга яқин келди.
-Чекмайман,-Эйнштейн жавоб бера туриб тўхтади, тўғрироғи уни қизиқиш ва ҳайронлик тўхтатган эди.
Шунда занжи сўради:
-Балки менга ароқ пули берарсиз?
У мирзатеракдек найнов, навқирон, устига-устак сурбетгина эди.
Эйнштейн чўнтакларини тимискилади.
-Билмадим-да… Ёнимда сариқ чақа ҳам топилмасов… Сайрга пул олиб чиқадиган одатим йўқ…Рости гап афсусдаман…-дер экан кетишга чоғланди.
-Шунисига ҳам қуллуқ,-деди занжи,-аммо, маъзур тутасиз…
-Яна нима?-малолланди Эйнштейн.
-Сиз менга кераксиз. Бу ерга асли шунинг учун келганман.
-Мен керакман?! Нима гап ўзи?!
-Менга кераксиз,-такрорлади занжи,-бир муҳим иш юзасидан. Буни фақат қулоғингизга айтишим мумкин.
Айни дамда тун пардаси янада қуюқлашган, бунга сари занжининг тишлари оллдингидан ҳам оппоқроқ кўринарди. Занжи Эйнштейннинг қулоғига энгашди.
-Мен – жон олгувчи фариштаман,-шивирлади у,-жонингни олгани келдим.
Эйнштейн бир қадам ортга чекинди.
-Менимча,-деди у овози жиддийлашиб,-менимча, кўпроқ ичиб қўйганга ўхшайсан, оғайни.
-Мен – ўлим фариштасиман,-таъкидлади занжи,-қара…
У жонли девордан ям-яшил бир новдани синдириб олди. Орадан лаҳза ўтмай унинг қоп-қора қўлларида яшнаб турган баргларнинг ранги синиқди, сўлишга тушди, сўнг эса кулга айланди. Занжи бир пуфлаб кафтидаги кулни кўкка совурди.
Эйнштейн бошини эгди.
-Жин урсин. Демак, куним битибди-да…Қандай қилиб – шу аҳволда, тун қоронғусида, йўлнинг қоқ ўртасидами?!..
-Менга шундай буюрилган.
Эйнштейн атрофига олазарак боқди, тирик жондан нишон йўқ эди. Ҳаммаси аввалгидек: узун йўлак, пастликда чироқлар мўлтирайди, чорраҳа томондан автомобиллар қизил кўзларини тикади.
Фалак гумбазида юлдузлар жимири, Зуҳро юлдузи қуйи инган.
Эйнштейн чуқур тин олиб деди:
-Менга қара, биродар, бир ой муҳлат беролмайсанми? Тугата олмаган бир муҳим ишим бор, шуни якунлаган куним келсанг дегандим. Ўтинаман фақат бир ойгина…
-Кашф этмоқчи бўлган нарсангни,-таъкидлади “занжи”,-мен билан борадиган жойингда сўзсиз топасан.
-Бу бошқа-бошқа нарсалар: у дунёда меҳнатсиз топилган кашфиётнинг қиймати нима бўларди. Менинг кашфиётим эса одамлар учун кони фойда. Ўттиз йилдан бери шунинг устида тер тўкаман. Орзуйим ушалай деганда-я…
“Занжи” ишшайди.
-Бир ой дейсанми?..Майли, аммо муддатинг етгандан сўнг қочиб қолишни хаёлингга ҳам келтирма. Осмонга чиқсанг оёғингдан, ерга кирсанг қулоғингдан тортиб оламан.
Эйнштейн яна нимадир демоқчи бўлиб бошини кўтарганида, суҳбатдошидан асар ҳам топмади.
Бир ой деганлари ҳижрондаги ошиқ учун қанчалар кўп муддат бўлса, ажалини кутаётган бечора учун сониядан-да қисқа экан. Сония нима бўпти бир нафас сингари шиддаткор ва аниқ. Мана у ўтди-кетди. Эйнштейн ваъдасига вафо қилиб, белгиланган жойга йўл олди. Ўша бензакалонка, ўша скамейка, унда “занжи” ўтирибди. Фақат бу сафар у комбинизони устидан ҳарбийлар камзулини кийиб олган: ахир ҳаво совиб қолган-да.
-Мен келдим,-деди Эйништейн унинг елкасига туртиб.
-Қалай, ишларингни битирдингми?
-Йўқ, тугата олмадим,-оғир хўрсинди олим,-менга яна бир ой муҳлат бер! Қасам ичаман. Бу сафар тугатаман. Ишон, куну тун қулдек ишладим, барибир улгурмадим. Аммо арзимаган иш қолди.
“Занжи” орқа ўгириб ўтирган ҳолатида елка қисди.
-Сиз – Одам болалари, ҳаммангиз бир гўрсиз. Сизга мудом нимадир етишмайди. Сира бировдан миннаддор бўлмайсиз. Бир сония ортиқроқ яшаш учун тиз чўкиб оёқ ўпишга-да тайёрсиз. Баҳона топишни-ку қийиб қўясиз.
-Мен қилаётган кашфиёт ўта мураккаб. Ҳали инсон зотига насиб этмаган…
-Бўлди, биламан, биламан,-гапни шарт кесди “занжи”, -ҳикмат тоши яратмоқчисан, шундайми?
Шундан сўнг ҳар иккиси жим қолишди. Сертуман, совуқ куз оқшоми этни жунжуктиради. Бундай тунда уйда ётганга не етсин.
-Мен нима қилай энди?-сўради Эйнштейн.
-Бўпти кетавер…Лекин бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади.
Чиндан ҳам бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Вақтнинг бу қадар очофатлиги шунда билинди.
Ўша декабрь тунида изғирин эсар, яккам-дуккам чиринди хазонларни ўйнатар, олимнинг бош кийими остидан чиқиб турган оппоқ сочларига чангал соларди. Ўша бензакалонка, бу сафар скамейкада бошига қалин салла ўраган ўша “занжи” совуқнинг зўридан дилдираб ўтирарди.
Эйнииштейн унга яқин келиб, елкасига дадил туртди.
-Мен келдим.
“Занжи”нинг совуқдан тишлари такирлар, камзўлига ўраниб олганди.
-Ҳа, сенмисан?
-Мен.
-Демак, тугатибсан-да?
-Худога шукур, тугатдим.
-Юз йиллик ўйини интиҳо топибди-да! Ҳар ҳолда армонинг қолмагандир? Боқийлик сирини очгандирсан?
-Ҳа,-Эйнштейн жилмайиб жавоб қилар экан, йўталиб қўйди,-нафсиламрини айтганда ҳаммаси жойига тушди.
-Кетдикми бўлмасам? Сафарга тайёрмисан?
-Албатта, келишганмиз-ку.
“Занжи” илкис сакраб турди ва шундай қаҳқаҳа отдики, фақат иблисгина бундай кулиши мумкин эди. Кейин ўнг қўлининг курсаткич бармоғи билан Эйништейннинг қорнига бир туртган эди, у мувозанатини йўқотиб, оёғида зўрға туриб қолди.
-Яхши, яхши кекса қароқчи…уйингга жўна, тез бўл, югур, бу совуқда ўпкангни олдириб қўймасингдан… Ҳозирча менга керагинг йўқ.
-Мени қўйвормоқчимисан? Унда бу кўрсатган ҳунарингни қандай тушуниш керак?
-Буларнинг бариси ишингни тезроқ тугатишинг учун эди, вассалом. Мен мақсадимга эришдим…Сени шундай қўрқитмаганимда, ким билсин яна қанча чўзар эдинг?!
-Менинг ишим?.. Бунинг сенга нима қизиғи бор?
“Занжи” тиржайди.
-Менга-ку керак жойи ҳам йўғ-а… Кўрмайсанми, раҳбарият, ер ости дунёсининг ҳукмдори – устозим иблис… Унинг айтишича, аввалги кашфиётинг ҳам шайтанат дунёси учун катта фойда берган. Бунда шахсан сен айбдор бўлмасанг ҳам, шундай бўлгани рост. Сенга бу ёқадими, ёқмайдими ихтиёринг ўзингда, жаноб профессор, лекин кашфиётинг жаҳаннамга мислсиз фойда олиб келди… Энди янги кашфиётингдан фойдаланишни ўйлаяпмиз.
-Бўлмаган гап!-норози чинқирди Эйништейн.-Дунёда ундан безарарроқ нарса бор эканми? Бу шунчаки формула, мутлоқ мавҳумият холос…
-Яшшавор,-қичқирди иблисвачча, яна олимнинг қорнига туртар экан.-Яшшавор, азамат! Сенингча мени бу ёққа ўйнагани юборишганми? Ўйлайсанки, улар хато қилишганми?.. Йўқ-йўқ, сен яхши ишладинг. Зулматдаги оғаларим сендан хурсанд бўлишади энди!.. Эҳ сен билганингда эди!..
-Нимани, нимани билганимда эди?
Аммо иблисвачча ғойиб бўлган, атрофда на банзакалонка, на скамейкадан нишон бор эди. Ёлғиз тун, изғирин шамол ва узоқ чорраҳадаги автомобил чироқларигина кўзга ташланарди…

Рус тилидан Узоқ Жўрақулов таржимаси

* * *

Эйнштейн билан учрашув

Куз оқшомларидан бирида Альберт Эйншнейн ишдан сўнг Принстон хиёбонларини айлангани чиқиб, ажиб ҳодисага дуч келди. Ҳеч сабабсиз, бамисоли ипидан ечиб юборилган итга ўхшаб, олимни тафаккури бир жисмдан иккинчисига учиб-қўнаркан, туйқус у бутун умри давомида бесамар интилиб келган эзгу мақсадига эришганлигини идрок этди. Сиз ҳозир ушбу китобни нечоғлик равшан кўриб турган бўлсангиз, саноқли лаҳзаларда уни шундоқ кўз ўнгида “Фазонинг эгилиш ҳолати” деган табиат ҳодисаси юз берди. Инсон ақл-заковати фазонинг эгилишини наинки бўйи, теранлиги ва эни баробарида, балки бизга мутлақо номаълум, сир-синоатли тўртинчи ўлчамида билиб олишга ожизлик қилади, деб ҳисобланади. Гарчанд уни мавжудлиги исботланган эса-да, у ҳамон тасаввуримизда тилсимлигича қолиб келмоқда. Гўёки гирдимизни қандайдир ғов-ғаровлар тўсиб олган-у, хаёлот сингари бепоён инсон тафаккури тобора юксала бориб, илкис ўша тўсиққа урилиб тўхтайди. Ҳаёт бўлганда на Пифагор, на Афлотун ва на Данте ундан ошиб ўта оларди. Зеро, ушбу ҳақиқат хаёлотимизни ҳадсиз сарҳадларига-да сиғмай кетади.
Узоқ изланишлар ва изчил тадқиқотлардан сўнг олимлар фазонинг эгилишини идрок этиш мумкин, деган хулосага келишди. Ҳаёт давом этар экан, урушлар миллионлаб одамларни умрига зомин бўлаётган бир пайтда, истироҳат боғлари ва сўлим гўшаларда севишганлар ҳалиям висол онларидан лаззатланишмоқда. Баъзи бир олимлар ўзлари туғма даҳолигидан қувватланиб, баайни уларни илоҳий бир қудрат тубсиз жарликлардан олиб ўтгану, оний лаҳзаларда яна ортига келтириб қўйганидек, улар Олам яралишининг ақл бовар қилмас сирлар калити — фазонинг эгилишини ўз кўзлари билан кўриб, ҳайрат бармоғини тишладилар.
Ушбу Феномен овоза қилинмади, кашфиётчилар шарафланмади, оламшумул воқеа сир сақланди. Зеро, унинг инкишоф этиши алоҳида бир шахснининг саъй-ҳаракатига боғлиқ эдики, у даҳоларга хос камтарлик билан шунчаки: “Камина фазонинг эгилиш ҳолатини идрок этди”, деб қўя қоларди. Холбуки унда исбот ўлароқ на расмий ҳужжат, на фотосурат ва на шу каби далилий ашёлар мавжуд эди.
Бундай пайтларда инсон ақл-заковати шиддат ва шижоат-ла шу чоққача атиги абстракт формулалардан иборат бўлган ҳамда онг-шууримиздан ташқарида туғилиб, комилликка эришган сир-тилсимли оламни бир кунжидан игнани кўзидеккина йўл топиб, у ерга кириб олади-да, ўзиям мана шу ҳаёт жавҳарига эврилиб, ташвишу ғавғолари бир ҳолича кунпаякун бўлади. Бамисоли мангуликка дахлдордек, бир ўзимиз ҳам тафаккуримизни қудрати илоҳияси ўлароқ арши аълони кўз илғамас қатларига довур юксалиб борамиз.
Ўша хушҳаво оқшомда Альберт Эйнштейн ҳаётида айнан шу ҳодиса рўй берди. Осмон гумбази бинафша рангда бўлиб, кўча фонуслари Зуҳро юлдузи билан баҳслашаётгандек порлар, вужудимизни сир-жумбоқли узви бўлган Юрак Парвардигор марҳамати ила бир маромда тепар эди. Эйнштейин донишманд инсон эди. Кибр-ҳавога берилмасди, лекин шу топда у ҳам мутакаббирлик домига тушди, зотан, ғирт қашшоқ одам ҳам туйқусдан бойиб кетса, босар-тусарини билмай қолмасмиди!
Қасма-қасдига, табиат феомени қанчалик шиддат-ла рўй берган бўлса, шунчалик тезликда бадар кетди. Эйнштейн икки ёғиям манзарали бутадан иборат нотаниш жойда турарди. Тўрт томони ҳам яйдоқ яланглик ўртасида деворлари сариқ-қора рангларга йўл-йўл қилиб бўялган ва томидаги шарсимон фонус гирдини ёритиб турган ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳамда ёнгинасидаги ёғоч ўриндиқда мижозларни кутаётган ҳабашни учратиш мумкин эди. У эгнига коржома, бошига эса бейсболчиларнинг қалпоғини кийиб олганди.
Ҳабаш ёнидан ўтиб кетаётган Эйнштейнга пешвоз чиқиб:
– Жаноб! – деди.
У барваста, бағоят хушбичим, юзи иссиқ, африкаликлар сингари сарвқомат эди. Тунда унинг тишлари бодроқдай оқариб кўринарди.
– Жаноб! – деди занжи яна, – сизда гугурт топиладими? – ўчиқ сигаретаси билан олим ёнига келди.
– Чекмайман, – тўхтаб жавоб қилди Эйнштейн. Унинг юзида таажжуб зоҳир бўлди.
– Эҳтимол, томоқ ҳўллашга пулдан чўзарсиз?
Ҳабаш ёш, барваста ва шу билан бирга сурбет ҳам эди.
Эйнштейн чўнтакларини ковлаб кўрди.
– Мен… хижолатдаман. Пулим йўқ экан, олиб юришга одатланмаганман. Рости, жудаям афсусдаман…. – деганча кетмоққа шайланди.
– Шунисигаям раҳмат, лекин… маъзур тутгайсиз…
– Сенга нима керак ўзи? – деди олим бир парда кўтарилиб.
– Аслида ўзингиз кераксиз. Сизни кутиб ўтирган эдим.
– Мени? Нима бўляпти ўзи?
– Сизда ишим бор. Муҳим махфий иш билан келганман. Буни фақат қулоғингизга айтишим мумкин.
Унинг тишлари олдингидан ҳам оппоқ бўлиб кўринарди. У олимнинг қулоғига энглашди.
– Мен Азроилман, – деди у шивирлаб, – Ажал фариштаси бўламан, сени жонингни олгани келдим.
Эйнштейн сесканганча ортига тисарилди.
– Сал ошириб юбормадингми? – деди у ўзини дадил тутишга уриниб.
– Камина – Ўлим фариштасиман, – қайтарди у. Мана қара…
У манзарали бутадан шохча синдириб олди. Саноқли лаҳзаларда бутоқча япроқлари сўлиб, қовжираб, устига тупроқ ёққандек тусга кирди. Ҳабаш бир пуркаши билан буткул куйиб кулга айланди.
Эйнштейн қайғуга чўмди.
– Жин урсин! Демак, паймонам тўлибди-да… Ахир қандай қилиб? Кимсасиз жойда, алламаҳалда-я?
– Менга амр қилинган.
Эйнштейннинг кўзлари олазарак у ёқ-бу ёққа қаради, тирик жон кўринмайди.
Ўша хиёбон, тунги ёритқичлар ва олис чорраҳада тўхтаб турган уловларнинг чироқлари. У осмонга қаради, тим кўкда юлдузлар милтиллайди. Зуҳро юлдузи уфқ ортига боқиб бормоқда.
– Қулоқ сол, – деди унга олим ялинганнамо. – Менга бир ой муҳлат бер. Катта ишга қўл урганман! Илтимос, атиги бир ойгина.
– Сен ўз кашфиётинг натижасини у ёққа боргач, билиб олаверасан, бироқ ҳозир олдимга туш!
– Улар тамоман бошқа-бошқа нарсалар: бош қотирмасдан ҳам нариги дунёда билишимиз мумкин бўлган кашфиётларнинг қадр-қиммати неча пул бўларди? Ўттиз йилдан бери олиб бораётган тадқиқотларимга катта қизиқиш билан қарашмоқда. Камина оламшумул янгилик яратиш остонасида турса-ю…
Ҳабаш хунук иржайиб қўйди.
– Бир ой дедингми? Майли, лекин янаги сафар яшириниб қоламан, деб юрмагин тағин. Ернинг қаърига бекинсанг ҳам барибир қулоғингдан тортиб оламан.
Эйнштейн ундан яна ниманидир сўрамоқчи бўлди, бу пайтда иблиснинг қораси ўчган эди.
Севимли кишинг билан айрилиқдаги бир ой ҳам узоқ туюлади, башарти сенга ўттиз кундан кейин ўласан дейишса, бу муҳлат қош билан киприк орасичалик ҳам бўлмай қолади. Бир ой оқар сувдек ўтиб кетди. Муддат тугаган кечада Эйнштейн учрашув жойига жўнади. У ўша ёқилғи қуйиш шохобчасининг олдидан чиқиб борди. Бу гап ҳабаш коржомасининг устидан кифтига ҳарбий бичимдаги эски шинелни ташлаб олганди. Зеро совуқ ҳали забтига олаётганди.
Эйнштейн ҳабашнинг елкасига қўлини қўйиб:
– Мен келдим, – деди.
– Ишинг нима бўлди? Тутатгандирсан?
– Йўқ, тугатолмадим, – дилгирлик билан жавоб қилди олим. – Менга тағин бир ой вақт бер! Онт ичиб айтаманки, бу сафар тамомлайман. Ишон, кунларни тунларга улаб мижжа қоқмай ишлаяпман, лекин улгура олмадим. Энди кўпи кетиб ози қолди.
Ҳабаш айтганида туриб, елка қисиб қўйди.
– Барингиз бир гўрсиз! Ношукрсизлар! Оёғимга бош уриб ялиниб-ёлворишни биласиз. Баҳона топишга устасизлар.
– Аммо-лекин ҳозир ниҳоятда мураккаб тадқиқот билан машғулман. Ҳали шу чоққача ҳеч ким…
– Айтмасанг ҳам биламан, – унинг гапини бўлди Ўлим фариштаси.
Поёнсиз Коинотнинг калити асрорини излаяпсан, шундайми?
Икковлари жим қолишди. Қиш оқшомида ҳаммаёқ бесару бефайз эди. Шундай совуқда кўчага чиқиш ҳам малол келади кишига.
– Энди нима қиламиз? – сўради Эйнштейн.
– Бўпти, борақол… Лекин билиб қўй, вақт лип этиб ўтиб кетади.
Дарҳақиқат, у оқар сувдай ўтиб кетди. Илгари вақт тўрт ҳафтани бу қадар тез комига ютиб юбормас эди. Аёзи суякка игнадек санчиладиган ўша декабрь оқшомида аччиқ шамол сўнгги япроқларни кимсасиз хиёбонда учириб ўйнар, даҳо береткасининг четларидан ҳурпайиб чиқиб турган оппоқ сочлари титраб кетарди. Олим яна ёқилғи қуйиш шохобчасининг олдидан чиқди. Энди ҳабаш қулоқчинини бошига бостириб кийиб, чўк тушганча пинакка кетганди.
Эйнштейн яқин бориб ҳадик билан унинг кифтига туртиб:
– Мен келдим, – деди.
Совуқдан қунишиб олган ҳабашнинг тиши-тишига тегмасди.
– Ҳа-а, сенмидинг?
– Менман, менман.
– Ҳайтовур тамомлабсан-да.
– Худога шукр, тамомладим.
– Асримизнинг оламшумул ўйини ниҳоясига етибди-да? Қидирган нарсангни топдингми ўзи? Дору дунёнинг мурватларигача ечиб олиб, яна бутлаб қўйгандирсан?
– Ҳа, – деди жилмайганча Эйнштейн ва томоқ қириб қўйди – бу ёғига Коинотнинг тақдиридан кўнглимиз тўқ, десак ҳам бўлаверади.
– Кетдикми бўлмаса? Ҳар қалай кўчишга тайёрдирсан энди?
– Албатта. Ахир келишганмиз.
Шунда Азроил ўрнидан сапчиб туриб ҳабашларга хос гулдурак овозда хохолай бошлади. Сўнгра кўрсатгич бармоғини Эйнштейн қорнига нуқди. Олим зўрға оёда турарди.
– Бўпти, бўпти, қари тулки… уйингга боришинг мумкин, ўпкангни совуққа олдириб қўймайин, десанг, оёғингни қўлингга олиб югур… Ҳозирча менга керагинг йўқ.
– Мени қўйиб юборяпсанми? Унда бу томошанинг нима кераги бор эди?
– Ишингни тугатиб ол, дегандим-да… Бор гап шу. Агар сени қўрқитмаганимда, ким билсин, ишингни қачонгача чўзар эдинг…
– Ишимни? Буни сенга нима дахли бор?
Ҳабаш кулиб юборди.
– Менга-ку дахли йўғ-а… Анави, ернинг тагидаги забти зўр иблисларга бу жуда муҳим… Айтишларича, улар сенинг дастлабки кашфиётларингдан зап фойдаланганмиш… Гарчи бунда сен айбдор бўлмасанг ҳам, билиб қўйганинг маъқул. Муҳтарам профессор, сенга ёқадими-йўқми, барибир айтишим шарт: ўшанда ихтироларинг дўзах эгаларига жуда қўл келганди-да ўзиям. Энди бўлса янги тадқиқотларга маблағ ажратяпмиз…
– Қўйсанг-чи! – деди Эйнштейн жиғибийрон бўлиб. – Бу оламда формулалардан ҳам безавол нарса бормикан? Ахир улар бор-йўғи соф абстракция, ғирт объектив…
– Офарин! – Иблис бармоғини яна олимнинг қорнига тираганча қичқириб юборди. – Қандингни ур, азамат! Бундан чиқди, мени сенинг олдингга шунчаки маймун ўйнатгани юборишган экан-да?! Сенингча, улар янглишишган, шундайми? Йўқ, сен ўз ишингни қойилмақом қилиб бажардинг. Ернинг қаъридагилар сендан мамнун бўлишмоқда! Эҳ, ҳали сен билганингдами!…
– Хўш, билганимда нима бўларди?
Эйнштейн ўгирилиб қарагунча, Иблис ғойиб бўлганди. Ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳам, ёғоч ўриндиқ ҳам энди ўрнида йўқ эди. Фақат Нью-Жерси штатининг Принстон шаҳрида тун тобора қуюқлашиб борар, муздек шамол эсиб, олис-олисларда машиналарнинг чироқлари милт-милт қилар эди.

Рус тилидан Илҳом Ҳафизов таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 6-сон.