Тун бўлди, Исабеков бўлса ҳалиям ўй суриб ўтирибди. Хатни нимадан бошласин? Бу хатда ўзи нимани ёзади? Жуда қийин, жудаям қийин. Кўп гапларни ёзиши керак, роса йиғилиб қолган! Кечиккан изҳорларни у тушунармикан?
Кўп йиллик оғир оилавий ҳаёт ортда қолди. Шунча хафагарчиликлар, сўнгсиз таъналар, кўпинча ноҳақ, шунча жанжал ва ярашувлардан сўнг, ва ниҳоят, ажрашгандан кейин у одамгарчилик қилиб уни тушунамикан, кечира олармикан? Турмушнинг илк йилларидаги каби — беғубор, очиқ, меҳрибон бўла олармикан? Бўлолмаса-чи? Уни тушунмаса, ундан ҳам ёмони, оҚриниб, яна аёллик ғурури ва бахтсиз қисматдан сўз очса… Унда нима бўлади?
Исабеков унинг эътирозларини аёлларга хос худбинлик деб баҳолаганини эслади.
У ҳар доим дугоналарига ҳасад қиларди.
— Сездингми, у ҳатто меҳмонда ҳам аёлдан кўз узмади, одамларнинг олдида тиз чўкиб, туфлисининг ипини боғлаб қўйишдан тортинмади.
— Бировга ёқишга уринмайман, бунақа эркалашни ҳам билмайман, — деганди Исабеков кесиб.
— Ёқишга уриниш нимаси? Сенда нозиклик, меҳрибонлик йўқ, нима деса бўларкан, севгингдан уяласанми-ей. Мен бундай яшашни хоҳламайман, севган кишим мени очиқ севишдан қўрқмаслигини истайман. Йўқса, одамга оғир ботади. Сен бу ҳақда ҳеч қачон ўйламагансан.
— Ўйлашни истамайман ҳам. Бунга вақтим йўқ. Шундай бўла туриб, ахир, диссертациянг яқинлашиб қолди-ку, бундай майда-чуйдага — ким кимнинг боғичини боғлаганига қандай аҳамият берасан: ҳайронман.
— Сенга гапиришдан фойда йўқ, барибир, ҳеч балони тушунмайсан.
Аммо энди у хотини нима ҳақда гапирганини тушунарди, унинг нимададир ҳақ бўлганини ўзига иқрор бўлмаса-да, ҳис қиларди.
У кўчада кетаётиб, ўтган-кетганларнинг эътиборини тортиши Исабековга хуш келарди. У ҳам хотинини жозибали, ақлли, латофатли деб биларди. Қадам ташлаши ҳам ёқарди. Умуман, у ўта енгил ва чиройли юради, ингичка пошнали туфли кийиб олса, қиз бола деб ўйлаш ҳам мумкин. Рақс тушиши-чи, одамларнинг ҳавас билан қараётганини сезганда, кўзлари бахтиёр чақнаб кетади! Бундай дақиқаларда у аёлини жуда севарди.
Аммо барибир, нимадир уни эркин, қайси фазилати учун яхши кўришини ўйламай севишига халал берарди. Шунчаки севишига. У ёшлигига қайтиш учун ўзини мажбурлаши, ортда қолдириши керак бўлмаган нарсани қолдирганини хижолат билан ҳис қиларди.
Энди Исабеков хатосини тан олиши керак, агар буни хато деб бўлса. Аммо уни бошқа нарса кўпроқ ташвишга соларди: энди улар характерлари тўғри келмай, шундай таърифлаш одат тусига кирган-ку, бир-бирларидан узоқроқ бўлиш ва ҳаммасини узил-кесил ҳал қилиш ниятида кетганларидан сўнг у ўзидан кечиб, ташқаридан ўтган умрга назар ташлай олармикан? Бундай қилолмаса-чи? Унда ҳаммаси тамомми? Алвидоми? Йўқ, у бунга йўл қўймайди!
Исабеков бир неча марта қўлига қалам олди, ташлади, дераза ёнига бориб, анча пайтгача деворга ёпишганча тек турди.
Сўнгги автобуслар бурчакда тўхтаб, йўловчиларни тезда олиб, кузги хира чироқда қизил чироқларини липиллатиб кетишарди.
Қандайдир йигит қўшнининг қизи билан бир неча марта подъезд олдига келди, кейин яна кетди ва яна қайтди, худди боғчадаги каби бир-бирининг қўлини қўйиб юбормай ушлаб олган. Исабеков уларга ҳасад қилмади, аммо бу манзарада унга соғинч қадар таниш, таъсирли, яхши бир нарса бор эди.
Қаерлардадир, шаҳар ташқарисида, тоғларда бўлса керак, жонли олов юлдузчадай нур сочарди. Ҳойнаҳой, чўпонларнинг гулхани. Шу лаҳзада унинг ҳеч нарсани ўйламай, қуюқ тун зулматидан жунжикиб, оловга ўтин ташлагиси келиб кетди.
Кейин у деразадан нари кетиб, ётоқхонага, қизи Анорага кўз ташлашга кирди. Катта бўлиб қолган-у, ҳар доим устини очиб ташлаб совуқ қотиб қолади. Бу гал Анора тинчгина ухлаяпти, кун бўйи чарчаган бўлса керак. Ҳа, қизи тинчгина ухлар, бугун нима қилиб қўйганини билмасди. Эҳ, Анора, Анора! Отасининг юрагини ташвишга қўйганини хаёлига келтирмасди! Шундай кеч пайтда нима учун ухламаётганини билмасди. Исабеков қизига термулганча сассиз шундай дерди: «Тинчгина ухлаётганинг яхши. Ҳали улгурасан, улғайсанг, ўйларга тўла тунлар бўлади. Бундан ҳеч ким қочиб қутулолмаса керак. Ҳозирча эса, ухла, ухла, ширин тушлар кўргин».
Кундузи у Анорани шаҳарга олиб борди. У ўша ерда, табиат қўйнида, онаси билан муносабатларини тушунтириб бермоқчи эди. Хотини хатда шуни қатъий талаб қилган. У қизига онаси Москвага фақат диссертацияси учун кетмаганини, бирга яшамаганлари маъқуллигини, Анора эса ким билан туришни танлаши кераклигини айтмоқчи эди. Исабеков бола учун оғир бу суҳбатни бошлашга чўчирди. Нимагадир шаҳар ташқарисида бу ишни қилиш осонроқдай, қизи у билан қоладигандай, хотини илмий тадқиқот инситутига доимий ишга ўтиб, Тошкентда яшамоқчи эди, у шаҳарга кетишни истамайдигандек туюлганди.
Анора отаси чақирганда ҳовлида ўйнаётганди.
— Свитерингни кий, шаҳар ташқарисига борамиз.
— Шаҳар ташқарисига?! — Анора чапак чалиб юборди, кейин ажабланиб сўради: — Нимага?
— Шунчаки, айланиб келамиз.
Исабековни кўчада машиналар кўплиги асабийлаштирди, машиналар зўрҚа-зўрҚа юрарди. Якшанбада ҳар доим шу аҳвол. Шаҳардан чиққач, машиналар оқими тинди. «Волга» чайқалганча тезликни ошириб борарди. Силлиқ асфальт йўл узоқ тоҚларга томон кетарди. Исабеков олдинда оқариб турган чўққиларга жимгина тикиларди.
— Дада, секинроқ ҳайданг, — илтимос қилди Анора.
Исабеков тезликни камайтирди.
— Қўрқяпсанми?
— Йўқ, шунчаки, — деди у ва яна деразага ёпишди.
— Ахир, ҳар доим тез юришни ёқтирардинг-ку.
Анора ўгирилмади, гўё эшитмагандек ҳеч нима демади.
Исабеков унинг юпқа свитерни туртиб чиққан озғин елкаларига, қора майин сочлари ёпишган ингичка бўйнига қараркан, эшикка ёпишган вужудида унга хос бўлмаган, бегона нарсани туйди. Қизча безовтадай эди.
Балки у сезаётгандир? Ахир, болалар сезгир бўлишини кўпинча унутиб қўямиз-ку. Нега у ҳеч қачон ҳеч нимани сўрамайди?
Бу ўйлардан Исабековнинг кўнгли бузилди. Йўқ, қаердан билсин? Буни билиши мумкин эмас. У ҳам, хотини ҳам сездирмаган. Яна ким билсин! Энг қўрқинчлиси — у ҳар доим шундан қўрқарди — боланинг руҳини бузиш. Инсон қалби шундай яралган: уни музлатиш осон, илитиш қийин, баъзан эса умуман иложсиз. Кейин неврастениклар пайдо бўлади. Йўқ, Анора нормал қиз. Балки у ниманидир сезаётгандир? Ахир, уйда бир нима бўлса, у доим билган-ку. Ўшанда қанчалик азоб чекканини ҳеч ким тасаввур қилмаган. Нимаям қилсин, эртами-кечми, барибир, билиши керак. Бу бўлмаса, онаси айтади, у тўғрисўз-ку. Яхшиси, ўзи айтади. Бошқа иложи йўқ. Ортиқ чўзиб бўлмайди… Балки, унга шундай туюлгандир, Анора деразадан тўкилаётган баргларга завқланиб қараётгандир. Умуман олганда, бу ҳеч нимани ўзгартирмайди, барибир, айтиш лозим. Эҳ, бугун кун яхши. Юракда ҳам шундай ҳаловат бўлса яхшийди…
Барглар сочилган йўллар кузга хос бўлганидай қуруқ. Исабеков чиндан ҳам бундай тезликда кетиш номақбуллигини ўйлади. Барглар, оҳиста айланганча, аста ерга тушяпти. Баъзилари бир лаҳзага ойнага урилиб капотга тушади, кейин нарига учиб, гўё ортда қолишни истамагандек бир муддат машина билан бирга кетади. Йўлнинг икки томонида қуёш нури сочилган қуруқ сариқ далалар, йиғиштирилган узумзорлар ястаниб ётибди. Олтин кузнинг сўнгги кунлари.
«Ёмғирлар ўтади, ҳамма ёқ қорайиб, чиройини йўқотади», ўйлади Исабеков афсус билан. У ўт ёққични ёндириб, сигарет тутатди ва яна Анорага боқди. У деразага қараб кетарди.
— Нега жимсан, Анора?
Қизча таажжуб билан отасига қаради-ю, индамади.
— Кеча дарсларингни қилганмидинг?
У бош ирғади.
— Атроф гўзал-а?
— Ҳа, жудаям.
Исабеков хижолат бўлди. Бу мажбурий, зерикарли саволлар кимга керак? Унга нима бўлди? Ахир, улар, одатда, эркин ва осон гаплашишади-ку. Бугун ўзи зерикарли бўлса керак.
— Робертино! — типирчилади Анора. — Вой, дада, Робертино. Синфимизда уни ҳамма яхши кўради. Қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам. Сиз ҳам уни яхши кўрасиз-ку? Онам ҳам.
— Ҳа, Анора, ҳа. Албатта, онанг ҳам. Бирам чиройли бўлиб кетгансанки, қизим. — Исабеков қизининг катта очилган қисиқ кўзлари бирданига чақнаб кетганидан ҳайратга тушиб сочларини силаб қўйди. — Мендан хафамисан, деб ўйлаётгандим.
— Нималар деяпсиз, дада!
— Жуда яхши, кел, эшитамиз. Кейин мен сенга Шуберт ва Робертинонинг ватани ҳақида гапириб бераман.
Суҳбат давом этаркан, «Ave Maria» садолари кузги кенгликлар узра улуғвор сузар, гўё бу кузни ҳам, заминни ҳам, инсон қалбини руҳлантирарди. Исабековда кутилмаганда қуёшни, олдиндаги виқорли тоғларни, Робертинонинг овозини ҳамда қизининг ҳаяжонини қамраган уйғунлик ҳисси уйғонди.
Ҳар бир юракда гўзалликка чанқоқлик ҳисси яшаса керак. Бу инсон табиатига хос бўлса керак. Аммо кўпинча биз, ўзимиз тушунмаган ҳолда, бу гўзалликни қадрламаймиз. Мана, ҳозир ҳам у боланинг ҳали мустаҳкамланмаган, ярим эртак тасаввурларини барбод қилиши керак…
Робертино куйларди, Анора ҳам унга қўшилиб паст овозда хиргойи қиларди. Машина бўлса бу вақтда катта олма боғи тўсиғидан ўтиб, дарё ёнидаги шоссега бурилди.
Исабековлар бу ерга ёзда келишарди. Бу ерга кам одам келарди: дарё кичкина муздек тоғ суви орасида тошлар кўринарди. Пляж ҳам йўқ эди. Аммо тоғлар яқин эди. У ердан, тепадан Анора чиқишни яхши кўрадиган катта харсанглар тушиб қолган. Балки шунинг учун Исабеков ҳам бу жойларга талпинар.
Атроф жимжит. Анора харсанглар ёнига югурди, унинг Робертинога тақлид қилаётган овози тошлар ортида гоҳ йўқолар, гоҳ яна эшитилиб қоларди.
«Ave Maria» оҳанглари Исабековни тарк этмас, атрофдаги ҳамма нарса янгилангандай туюларди.
Боғ, аллақачон бўшаб қолган, дарё устида бўлиб, тоза, тартибли эди. Гўё «Ҳали меваларни теришга яна келишмасмикан!» деб қулоқ солаётгандек туюлади. Тўсиқ ёнидаги сомонлар уюми ўтиб кетган ёздан дарак беради. Ёзда бу ерда ҳамма нарса бошқача бўлган бўлса керак, у эслолмайди, гўё ёзи бўлмагандек. Ана, булутлар пайдо бўлди — оппоқ бўталоқлар. Оҳ, овулда бўлсанг! У ерда бўлмаганига ҳам анча бўлди…
Анора сўқмоқ бўйлаб боққа югуриб кетганини сезган Исабеков бу ерга нима учун келганини эслаб, қичқирди:
— Қаерга кетяпсан?
— Боққа. Дарахтга чиқмоқчиман.
— Сен билан гаплашиб олишим керак.
— Нима ҳақда, Робертино ҳақидами?
— Ҳа.
— Кейин эшитарман, тез келаман, — Анора боққа югуриб кетди.
Исабеков яна қизига ҳаммасини қандай айтишини ўйлашга тушди. Айтмоқчи бўлгани ўзига ҳам ғалати, бемаъни, даҳшатли бўлиб туюлар, бу куз куни, нурга йўғрилган туйғулар, Робертинонинг овози ҳамда «Ave Maria» билан боғланмасди. Унда қўрқув пайдо бўлди. Анора узоқроқ ўйнашини, айтиши керак бўлган гапни айтишга мажбур қилмаслигини хоҳлади. Боғдан қизининг нимадандир ҳайратланган, ажабланган овози эшитилганда эса, у титраб, бошини эгганча орқасини ўгириб ерга ўтириб қолди.
— Дада, дада! Қаранг, нима топдим!
У ўгирилмади. У қизининг югуриб келаётганини, ҳансираётганини эшитди. Анора чопиб келиб, отасининг бўйнидан қучди ва каттакон қизил олма узатди.
— Олма топдингми?
— Ҳа, барглар орасига беркиниб олибди, умуман кўринмаётганди! Айёрлигини-чи. Мен эса топдим! У фонусга ўхшаб ёнаётганди. Бу энг охирги ва энг ширин олма. Бутун боғда бошқа бунақаси йўқ. Қаранг, қандай чиройли, ҳидини айтмайсизми! Худди қуёшга ўхшайди!
— Ҳа, жудаям чиройли, бу қишки апорт, — кутилмаганда қўшиб қўйди: — Биласанми, Анора, бу бахт белгиси. Бу олма ёз бўйи сени кутган, ҳеч ким кўрмаслиги учун яшириниб олган. Сен бўлсанг, топиб олдинг. Бу олмани еган одам жуда бахтли бўлади.
Исабеков олмани дастрўмоли билан артиб қизига узатди.
— Ма, е.
— Робертино ҳақида қачон гапириб берасиз?
— Кейин, ҳозирча боғда ўйнаб тур.
— Биласизми, дада, дарахтга зўр чиқаман. Олмалар катта, баланд, шохлариям семиз, чиқишга қулай. Ўрик бўлса ёмон дарахт, тиканлари кўп.
— Сен яхши дарахтларга чиқ,— кулиб юборди Исабеков.
— Дада, сиз бир марта бўлсаям шунақа олма топганмисиз? — кутилмаганда сўраб қолди Анора.
Исабеков довдираб қолди. Жавоб беришдан олдин бир муддат жим турди-да, паст овозда деди:
— Ҳа. Сен бор, ўйнаб кел, мен шу ерда ўтириб тураман.
Анора қўлида қизил олмаси билан боққа югуриб кетди, у эса бошқа қизил олмани эслади ва ғалати ўхшашликдан ажабланди. У ҳам бир пайтлар шу ерда, фақат бошқа боғнинг нариги томонидан, олмалар далаларга қараган жойдан худди шундай қизил олма топганди…
* * *
Урушдан сўнг у ҳозир ўзи маъруза ўқийдиган қишлоқ хўжалиги институтига кириш учун шаҳарга келди.
Худди шундай куз кунларидан бирида уларнинг бутун гуруҳини эрталаб колхозда лавлаги кавлаш учун юборишди. У пайтлар йўл ҳали асфальт қилинмаган эди.
Кун бўйи ишлаб, қора нон бурдаси аллақачон еб бўлинган, кечга бориб чарчаб, очиқиб шаҳарга қайтишарди. Қайтишда бутун гуруҳ колхозга йўлни бурди. Ҳосил аллақачон йиғиб олинган, аммо ўтлар ва барглар орасидан баъзилар олма топиш бахтига муяссар бўлди. Дўстона равишда бўлишиб ейишди. Очлик ҳисси яна кучайди. Ҳамма тарқаб кетди, боғни ахтаришга тушишди. Аммо арзирли ҳеч нима тополмай йўлга чиқа бошлашди.
Исабеков, ҳозир эслашича, боғда ўртоқларининг кетидан югуриб кетаётганда, барглар орасида ёрқин бир нима кўринди. У тўхтади, аммо ҳеч нимани кўролмади. Кўзимга кўринди, деб ўйлади. Бир неча қадам юриб, яна ортига қайтди. Қари дарахтлар орасида ўтқазилган ёш олма дарахти атрофида айланди. Бу дарахтнинг барглари бошқаларидан фарқли ўлароқ ҳали қуюқ эди. Қуёш сўлиган баргларга қуруқ, қайноқ нур сочарди. Гугурт чақсанг бас, дарахт ёниб кетади. Лекин у кўрди ва ҳайратда шивирлади: «Оҳ!»
Икки муштча келадиган катта қип-қизил олма, балки бу дарахтнинг ягона мевасидир, барглар орасида ингичка, эгилган шохда осилиб турарди.
Бир неча лаҳза Исабеков бу мўъжизани томоша қилиб турди, кейин сакраб, оёқ учида туриб осилиб турган қизил шарни узиб олди. Хўшбўй ҳид бошини айлантириб юбораёзди. Юпқа алвон пўчоғи орасида юмшоқ, сувли мева кўриниб турарди. Оғизга солиб олгинг келарди. У олмани бўлишга чоғланганди ҳамки, сўнгги дамда фикридан қайтди.
Бу олмани унга беради!
Ўша лаҳзада уни қандай эслади? Бирам ажойибки! Аммо Исабеков ҳар доим у, ўша нотаниш, исмини ҳам билмаган қиз ҳақида ўйларди. Қандай қилиб эсламасин! Бошқа ҳеч нима тўғрисида ўйламай Исабеков олмани чўнтагига суқа бошлади. Аммо бундан наф чиқмади. Шунда у курткасининг тикилган жойини сўкиб ташлаб, тешикка олмани солди-да, ўртоқларининг изидан югуриб кетди. Улар йўлда йўловчи машина кутиб туришарди. Исабеков шу заҳотиёқ дўстларига бор гапни айтишга қарор қилди.
— Болалар, мен олма топиб олдим, аммо уни ҳеч кимга бермайман. Уни бир одамга совға қиламан.
— Олманинг ўзи қани?
— Мана, ушлаб кўрларинг.
— Вой, катталигини!
— Қанақасига бир одамга совға қиласан? Кимга? — унинг ёнига келди Шер.
— Кимгалигининг нима фарқи бор? — деди Исабеков.
— Буни қаранг-а, олма топиб олибди. — Энсасини қотириб кулиб Исабековнинг елкасига қоқиб қўйди Шер. — Муғомбирликни йиғиштир, олмани бу ёққа чиқар.
Шер Исабековнинг юзига кулиб, ҳазил қилибми ё чинданми, олмани олиш ниятида курткасидан ушлаб олди.
Исабеков унинг қўлига қаттиқ урди. Шер четга сурилиб кетди.
Болалар кулиб юборишди.
Шу пайт йўловчи юк машинаси келиб қолди, болалар кузовга отилишди.
Исабеков бу ғаройиб олмани ўша нотаниш қизга совға қилишга қарор қилди. У қизни шаҳар кутубхонасида кўп кўрарди. Шунинг учун бўлса керак, қишлоқ хўжалиги институти жойлашган чекка жойдан шаҳар марказига судралиб борарди. Ўқув залида ўтирганча қандайдир ички туйғуга асосланиб унинг қачон пайдо бўлишини сезарди. У қизни шундай кучли ҳаяжон билан кутардики, нима ўқиётганини тушунмасди. Исабеков эшик қаршисидаги столга ўтириб, у остонада пайдо бўлганда, нигоҳини китобдан узар, кўзлар бир лаҳзага тўқнашарди. У тикилиб туришдан қўрқарди. Қиз ҳам унинг хижолат бўлганини сезгандай тезда бўш жойга бориб, столга сумкасини қўярди-да, китобга кетарди. Исабеков эса китобларни олиб, мағрур, эркин, ҳамиша чиройли кийинган ҳолда яна ёнидан ўтишини кутарди.
У жуда ақлли ва тарбияли бўлса керак. Исабеков бу ҳақда фахр билан ўйлар, унинг бундайлигидан қувонар, ғурурланарди.
Унинг ўқув залида ўтиришининг ўзиданоқ Исабеков ҳам қувонч, ҳам азоб ҳиссини туярди. У ён томондан қизга мўралашни, ўйчан эгилган киприклари, тинимсиз равишда дафтарга нималарнидир ёзаётган юмшоқ қўлларига қарашни яхши кўрарди. Бирортаси унинг олдида тўхтаб қолса ёки болалар столига хатча ташласа-ю, қиз ўқиса, жони чиқарди. Исабеков стол тагида муштларини тугиб, ҳаммага ташланишга тайёр бўларди. Аммо унинг сурбетларнинг хатларини йиртиб ташлаганда, хиринглаш ва шивирлашларга ҳатто ўгирилиб қарамаганда, қалби таскин топар, миннатдор бўларди. Исабеков бу ерда унга ҳеч ким ёқмайди (ўзи сал-пал) деб ўйларди. У буни жуда истар, бу ҳақда шундай орзу қилардики, сал сезиларли табассумлар ва бош ирғашларни ўзига нисбатан симпатия тарзида қабул қиларди. Аммо Исабеков у билан танишишга журъат қилолмасди. Қиз унга ўта интеллигент бўлиб туюлар, у эса шаҳарда юзлаб топиладиган овуллик оддий бир йигит эди. Қолаверса, Исабеков ўзининг ташқи кўринишидан уяларди. У акасидан қолган этик ва гимнастеркада, дала сумкаси билан юрарди. Қишда ҳам акасининг шинели билан юриши керак эди.
У кутубхонада анча кеч пайдо бўлар, баъзан ўқув зали ёпилгунча қолиб кетарди. У столдан туриб, китобларини топширишга кетаётганда, Исабеков тезда нарсаларини йиғиштирарди-да — кутубхона китобларини кеч қолмаслик учун аввалдан топшириб қўярди, — кўчага чиқарди. Бошқа томонга ўтиб, қизнинг чиқишиини кутарди. Мана шундай масофада, одамлар орасидан қараганча уйигача кузатарди. Қиз яқинда, кутубхонадан икки мавзе нарида, улкан кулранг уйда яшарди.
Уни кузатгач, Исабеков шаҳардан яёв ётоқхонасига борарди. Йўл-йўлакай шаҳар боғига кириб ўтарди. У ерда рақс майдончаси бор эди. Қизларнинг белидан қучганча, қўлини ушлаб мусиқа оҳангига мос рақс тушаётган йигитларга қанчалик унинг ҳавас қилишини ҳеч ким билмасди. Йигитлар қизларга нима дейишар, улар эса жилмайиб, бундан янада бахтиёр бўлишарди. Рақс тушаётганларга қараб тураркан, Исабеков энг чиройли ва севгиси энг кучли жуфтликни танлаб, йигитнинг ўрнида ўзини, қизнинг қиёфасида эса уни тасаввур қила бошларди. Унинг тасаввурлари шунчалик чуқур, шунчалик ҳаққоний эдики, севгилиси билан рақс тушибгина қолмай, суҳбатлашарди ҳам. Бу хаёлий суҳбатлар тахминан шундай эди:
— Биласизми, мен фақат сизни деб кутубхонага келаман.
— Ҳа, биламан. Ҳар доим мени кутишингизни биламан.
— Мен сизни кун бўйи — маърузаларда ҳам, ошхонада ҳам, ётоқхонада ҳам ўйлайман. Мен кинода ўтираман-у, экранда нима бўлаётганини кўрмайман. Сиз ҳақингизда ўйлаганда қанчалик завқланишимни билсангиз эди.
— Қизиқ, мен ҳам баъзан сиз ҳақингизда ўйлайман. Аммо нега ҳечам ёнимга келмайсиз, гаплашмайсиз?
— Мен шундоқ ҳам хурсандман. Агар сиз тонггача кутубхонада ўтирсангиз, мен ҳам сизга термулиб ўтирардим.
— Мени йигитлар кузата бошласа-чи, унда нима қиласиз?
— Бунга йўл қўймайман. Сиз ҳам йўл қўймайсиз, тўғрими, ахир, мен сизни севаман.
— Йўл қўймаслигимни қаердан биласиз?
— Сиз унақа эмассиз.
— Мен ҳақимда ҳеч нима билмайсиз-ку, қандай қилиб хулоса чиқаряпсиз?
— Сизга жуда ишонаман. Мен сизни биламан. Сочларингиз исини, овозингизни сира эшитмаган бўлсам-да, қандай кулишингизни биламан. Сизнинг кўзларингизга ишонаман, сиз яхшисиз, энг гўзал ва энг ақллисиз.
— Вой, жуда кўп гапириб юбордингиз. Шуларнинг бари чинми?
— Чин.
Ўша куни кечқурун, ётоқхонагача қайтгач, Исабеков олмани тумбочкага солди-да, энг аввал ювинишга, этикларини тозалашга югуриб кетди — кутубхонага бориш учун ўзини тартибга солиши керак-ку. Аммо йўлакдаги соатга қараб кеч бўлганини тушунди.
Хонада ҳамма аллақачон уйқуга кетган, у эса олмани эртага қандай қилиб беришини ўйлаб аҚанаб ётаверди. У қизнинг ҳайрати ва қувончини кўргандай бўлди, — Ахир, бундай пайтда шундай ранг ва шундай ҳидли олмани бутун дунёни ахтариб ҳам топиб бўлмайди-ку. У албатта ўзининг топилмаси — эски кузги боғдаги ёш олма дарахти ва бу дарахт кечки қуёшнинг олтин нурларида ҳаммасидан чиройли бўлгани ҳақида гапириб беради.
Яна орзусини айтади ва ҳар гал уйга кузатиб боришини, рақс майдончасида бирга рақс тушишини, суҳбатлашишини ҳам билдиради. У кулиб юбориб, «Девона!» деса керак. Бу гапни айтаётганда, унинг овозида мазах эмас, меҳрни туяди. Кейин кинога боришса керак, у қизнинг ёнида ўтиради, яқинлигини ҳис қилади ва, табиийки, ҳеч қандай кинони кўрмайди, унга кино керакмас ҳам. Костюм билан туфлиси яхши бўлганда эди. Этикда унинг ёнида ноқулай-да. Аммо у ақлли-ку, демак, бунга эътибор бермайди.
Исабеков шу ўйлар билан уйқуга кетди. Аммо тунда каравотдан сакраб турди. Тушида сурбет Шернинг қизил олмани еб қўяётганини кўрибди. Исабеков уйқусираб Шерга ташланди, аммо у хуррак отиб ётар, бошқалар ҳам ухларди. Шунда ҳам Исабеков тумбочкани очди-да, олмани ушлаб кўриб, кўнгли жойига тушди. «Мендан кўрасан!» пичирлади у олмага.
Эрталаб дарчани очган болалар олмани ҳидлаб-ҳидлаб қўйишди.
— Исабеков, олманг ҳам зўр экан-да. Ҳидини қара! Уни касалхонага бировга олиб борсанг, тезроқ олиб бор, йўқса, Шер еб қўяди.
— Кеча еб қўймоқчийдим, — тўнғиллади Шер. — Ўзларинг қўлламадиларинг.
— Уриниб кўргин ҳам-чи! — таҳдид қилди Исабеков паст овозда.
Кейин ҳаммалари дарсга кетишди. Маърузалар шундай азобли эдики!
Танаффусдан сўнг Исабеков Шернинг аудиторияда йўғлигини сезиб қолди. Иситмаси чиқиб кетаёзди. У ўрнидан сакраб турди-да, зоология домласининг маърузасини бўлиб, деди:
— Кечирасиз, профессор. Тезда, ҳозироқ кетишим керак.
— Сизга нима бўлди, йигит? — ажабланди профессор.
— Тушунтириб беролмайман, аммо илтимос қиламан, менга жавоб беринг…
Исабеков ўқув корпусидан ётоқхонагача муштларини тукканча югуриб борди. Шер хонада йўқ экан. Исабеков тумбочкага отилди — олма жойида турган экан. У ҳам хижолат, ҳам хурсанд бўлди. Демак, Шер шунчаки зоологиядан қочиб кетган. Ҳаяжон ва югурганидан ҳансираб қолган Исабеков каравотда ўтирганча пичирларди: «Кечир, кечир мени, Шер! Сен ҳақингда энди ҳеч қачон бундай ёмон хаёлга бормайман!»
Кечки пайт газетага ўроғлиқ олмани қўлтиғига қисганча Исабеков ниҳоят кутубхонага жўнади. У одатдагидан эртароқ келди ва ҳар доимгидек эшик ёнидан жой олиб, стол устига дафтар-китобларини қўйиб кута бошлади. Ва ҳар доимгидек одамлар китобга энгашганча ўтиришар, шивирлашар, чекиш хонасига бориб, яна қайтиб келишарди. Буларнинг ҳаммаси Исабековнинг тушида бўлаётгандек эди. У кутарди. Газетага ўроғлиқ қизил олма стол тагида тиззасида турар, шунинг учун қимирлашга қўрқиб ўтирарди. Бир ярим соат ўтди, кўчага қоронғулик чўкди. У келавермади. Икки соат ўтди — йўқ! Уч соат ўтди — йўқ! Исабеков ҳамон кутарди. У келмади.
Эртасига у яна маърузаларда ўтириб, кеч тушишини кутди, яна шаҳар бўйлаб олмасини кўтариб юрди. Аввалгидан ҳам аламлироқ сабрсизлик билан кутди кутубхонада. У остонада пайдо бўлганда эса, ўзининг юрак уришларидан қулоқлари битиб қолгандек бўлди. У ҳар доимгидек сезилар-сезилмас жилмайиб, енгилгина бош ирғади, ўтиб кетаётиб эса, қўли билан бироз туртиб юборгандек бўлди, сўнг бир стол наридан жой эгаллаб, китоб олишга кетди.
Исабеков ҳаяжон бахш этган қувончдан маст бўлиб, стол тагида ўзининг муқаддас қизил олмасини титраганча ушлаб ўтирарди.
Кейин у китоб кўтариб қайтди ва ҳар доимгидек ҳеч кимга қарамай, ҳеч нарсага эътибор бермай, дафтарига нималарнидир кўчира бошлади.
Исабеков эса ҳамон кутарди. Вақт яна чўзилди, аммо у бугун орзуси амалга ошишини ўйлаб бахтиёр эди. У ён томондан қизнинг тартиб билан таралган сочларига, ўйчан эгилган киприкларига ва юмшоқ қўлига термулиб ўтираркан, «Девона!» дейишни ўзича тасаввур қиларди.
Шундай бахтдан юраги гурсиллаб урарди. Ҳа, у қизга ҳаммасини, олмани ейишга шайланганда, қандай эслаб қолганини, бирор яхши, чиройли нарсани кўрганда, ҳар доим унинг ёнида бўлишни, у билан бирга қувонишни исташини, чунки фақат у билан гўзалликнинг бутун жозибасини ҳис эта олишини айтади.
Кўчада тунги чироқлар ёнган, китобхонлар тарқала бошлаганди, у эса ҳамон жойидан жилмасди. Исабеков ҳам кутиб ўтирарди. Кейин, қиз нарсаларини йиғиштира бошлагач, у тезда конспектларини сумкасига тиқди-да, газетага ўроғлиқ олмани олиб кўчага чиқди. У йўлнинг нарига томонига ўтмади, ҳаяжонини босишга кучи етмай, йўлакда тўхтади. Оғзи қуриб кетди, ташналик сезди. Ниҳоят, тош зиналардан унинг пошнаси овози эшитилди ва у калта чиройли пальтода пайдо бўлди. Исабеков олмани бағрига босганча у томонга юрди. Қиз индамай ёнидан ўтиб кетди.
— Яхши қиз! — қатъиятсиз товушда чақирди Исабеков.
— Ҳа, — қиз тўхтаб ортига ўгирилди. — Менга нимадир демоқчимисиз?
Ноқулай жимлик чўкди.
— Мен сизга… олма олиб келдим, — деди Исабеков зўрға.
— Олма? Буни қаранг-а! Нима, сиз мени умрида олма кўрмаган деб ўйлаяпсизми?
— Йўқ, биласизми, мен уни топиб олдим…
— Хўш, нима бўпти? Сизга мендан нима керак ўзи, — асабий тарзда деди у ва ҳеч қаёққа қарамай, тез нари кетди.
Қиз ўзининг қизил олмасидан узоқлашиб кетаётганди.
Исабеков эса унинг ортидан ўзининг бебаҳо қизил олмасини ушлаганча, нима бўлганини тушунмай қотиб қараб турарди. Қизил олма сабаб яралган ажойиб олам тўсатдан парча-парча бўлиб, қулаб кетди.
Исабеков уйга судралди. У бирдан қўлини силтаб, олмани улоқтириб юборди. У қаердадир деворга бориб урилди.
У худди маст одам каби бўм-бўш кўчаларда тўғри кўприк устидан кетиб борарди. Аҳён-аҳёндаги машиналар эҳтиёткорлик билан уни четлаб ўтишарди.
Кейин у кўп қизлар билан танишди, аммо ҳеч бирига қизил олма совға қилгиси келмади. Улар ҳам буни исташмасди…
Аммо бир умр ундан қизил олма талаб қилган, ёлворган, кутган ягона аёл бор экан, бор экан. Бу унинг хотини Собира эди. Ҳозир кузги боғ тўсиқлари олдида ўтирганча Исабеков шу ҳақда ўйларди.
Кечки пайт Исабеков ва Анора уйга қайтишарди. Тез қоронғу тушди. Олдинда шаҳар чироқлари порлаб турарди. Машина барглар сочилган йўлдан оҳиста сузиб борарди.
Исабеков сигарет олиб, ўт ёққичи билан ўт олдирди-ю, Аноранинг қўлидаги қизил олмани кўрди.
— Ие? Ҳалиям емадингми?
— Йўқ, мен ойимга олиб қўйдим, — дея аста жавоб қилди қиз.
— Ойингга? — минғиллади Исабеков. Иссиқ бир нима томоғига тиқилди. — Тўғри, уни ойингга олиб борамиз.
Ортиқ ҳеч нима ҳақида гаплашишмади. Исабеков қизи тўғрисида ўйларди. Анора ҳаммасини тушунаркан-ку. Ишқилиб, ҳар доим шундай бўлсин-да. Ишқилиб, ҳеч қачон қизил олмасидан воз кечмасин-да.
Исабеков хат ёзолмади.
Эрталаб, у ухлаб ётганида, Анора отасининг столида Москвага жўнатилмаган хатни кўрди: «Собира, биз сенинг ёнингга кетяпмиз». Қизча ручка олиб, катта ҳарфлар билан қўшиб қўйди: «Бизни кутиб олинг, ойи. Сизга қизил олма олиб кетяпмиз».
Комила таржимаси.