Богумил Грабал. Беатриче (ҳикоя)

Қарағайзорда жойлашган «Агнетснинг гўшт савдоси» аталмиш уч қанотли вилла ёзги қароргоҳ ҳисобланар, унинг алоҳида қўриқхонасида буғу, тоғ кийиклари ва қирғовуллар боқилар, уларни шундоққина вилла ётоқхонаси деразасидан туриб отиб олиш мумкин эди. Башарти вилла хўжайини пан Агнетснинг кўнгилхушлик қилгиси келиб қолса, улфатлари билан бу ерга ташриф буюрар, қиш кунлари бўлса барча хоналар ўт ёқиб иситилар, гулдонларга анвойи гуллар қўйиб чиқилар, қарағайзор оралаб кетган йўлаклар қордан тозаланар, қумлар сепилиб, ташриф буюрувчи меҳмонлар кўз ўнгида салобатли манзара яратилар, худди гертсог Швартсенбергерглардаги сингари овчилар киядиган яшил камзул, ковбой шляпалари, милтиқлар, хуллас, шикорбоп лаш-лушлар, барчаси шундоқ пиллапоянинг ёнгинасида ҳозирлаб қўйиларди. Буларнинг ҳаммаси азалдан Худо ярлақаган пан Агнетс ва унинг улфатларига зўр вақтичоғлик бағишлар эди…
Пан Агнетснинг Прагада бир неча ресторан ва гўшт дўконлари ҳам бўлиб, тадбиркор хўжайин ресторандан чиқадиган овқат сарқитлари ва гўшт дўконлари чиқитлари ҳисобига чўчқабоқарликни йўлга қўйган, шундоқ вилланинг биқинида ферма қурдирган эди. Ҳар тўққиз ойда сув текинга семирган эллик бош чўчқа юк машиналарда кушхоналарга олиб кетилар, уларнинг ўрнига ўша куннинг ўзидаёқ яна элликта ҳали онасидан ажралмаган чўчқа болалари келтирилар ва яна ҳаммаси бошидан бошланар эди. Дераза ва эшикларини Алп атиргуллари ва азалиялар тўсиб турганига қарамасдан, вилла тарафга қараб салгина шабада эсиб қолса, шиптир ва тезакнинг ўткир, қўланса бадбўйи ҳамма ёқни тутиб кетар, пан Агнетснинг димоғи эса бора-бора бунақа ҳидларни сезмаслик даражасига бориб қолганди…
Пан Агнетс вилла хоналаридан бирини кичик ибодатхонага айлантирган нақшли ромлар, рангли ойналар билан жиҳозлаб, чоғроққина меҳроб ясатган, унинг устига мудом милтиллаб ёниб турадиган жинчироқ, қуйироғида эса ибодат пайтида чўк тушиладиган курсича қўйдирган эди. Мабодо пан Агнетс кушхонаси, гўшт дўконларию ресторанлари аро зерикиб, сиқила бошлаганини сеза бошласа, дарҳол ибодатхонасига кириб олиб, меҳроб пойига тиз чўкар, шикастанафас овоз ила дуогўйликка тушиб кетар, токи ёноқларидан қон томгудек яшнаб, мутойибага мойил кайфият келмагунча ўрнидан қўзғолмас, қолаверса, бунинг панга ҳеч қийинчилик жойи бўлмас, негаки пан Агнетс мулкдор эди. Зеро, у замоннинг мулкдорлари қувноқ ва беғамликларидан баайни қўнғироқдек жаранглаб туришар, серилтифот ва ҳотамтойликни ёқтиришар, жумладан, пан Агнетс ҳам бундай сифатлардан бенасиб эмасди… Ҳа, шунақа эди. Кейин эса у даврлар ўтди. Паннинг бор молу сарвати йитиб-битди. Унинг ўзи умрининг охирги йиллари хушфеъллигини йўқотиб, анчайин одамови бўлиб қолган эди…
Эндиликда вилла ногирон болалар яшайдиган давлат муассасасига айлантирилган. Унда беш ёшдан ўн беш яшаргача бўлган қирқ нафар ақлан, жисман заиф болалар яшайди. Улардан ўн нафари умуман юра олмайди, нуқул каравотда шифтга кўз тикиб ётади. Яна бештаси махсус курсичаларга ўтқазиб қўйилган, шўрликлар ўтирган ерларида еб-ичиб, курсининг тагига ўрнатилган тувакларга бўшанишади. Марҳум Агнетснинг бир пайтлардаги ҳашамдор вилласи узра энди чўчқаларнинг эмас, одамзот ахлати ва пешобидан анқиган бадбўйлар кезинади. Бавлу нажасни бўлса эгнига крахмалланган оппоқ ёқали қора қўйлак, бошларига роҳибалар қалпоғини қўндириб олган уч нафар шафқат ҳамшираси тозалаб юришади.
Эртадан шомгача, шомдан яна тонггача вилладан болаларнинг йиғи-сиғиси ва сокин оҳ-воҳлари аримайди. Аҳён-аҳёндагина қай бир ногирон бола, нима сабабдандир хушҳол жилмаяр, бу қадар самимий ва масъум жилмайиш мана шу норасидаларнинг чеҳрасида кўпроқ кўринсин учун Беатриче тиним билмасди. Эртаю кеч Худо йўлига хизмат қилади. Шундай ўргатишган эди аёллар монастирда унга…
Мана, бир ўсмир инграшга тушди. У қон тўлиб таранглашган олатини тутамлаганча, тушунуксиз жинсий балоғат азобидан қийналар, ўтирган ерида тебранганча бақириб-чақирар, ёшлари хиёл ўтиб қолган икки роҳиба уни бу ҳолатда кўриб қолиб, уялганидан шолғомдек қизариб, пан Агнетснинг ибодатхонасига қочиб боришар, тепасида жинчироқ милтиллаб турган меҳроб пойига тиз чўкишиб, кўз олдиларида туриб қолган манзарадан қутилиб олиш учун покланиш ибодатини ўқишга апил-тапил киришар эканлар, Беатриче боланинг ёнига хотиржам ўтириб олиб, унинг сочларини силаб-сийпар, унинг олазарак кўзларига тикилиб, тинчитишга, ҳовуридан туширишга ҳаракат қиларди. Беатричега бундай сониялар шундай бир аҳамият касб этардики, гўё шу дақиқаларда у ўз Тангриси розилигига моил бўлаётгандек ҳис этарди ўзини…
Ўсмирни тинчлантирган Беатриче кейин ўйинхонага шошилади. Бу хонадаги гўдаклар худди соғлом болаларникидақа ўйинчоқлар ўйнашади. Аммо улар ўйинчоқнинг фаҳмига боришмайди. Негаки, улар туғилишиданоқ ноқис яралган, айримлари қизилчага чалиниб шу куйга тушган бўлишса, бошқаси ҳар турли жароҳат туфайли, аксари ота-оналардан юқтирган наслий кемтиклик орқасидан норасо бўлиб қолган. Улар қўғирчоқларни қўлларига олган заҳотлари бурдалаб, узиб-юлиб, тўзитиб ташлашади. Ҳаммасидан ёмони ўйинчоқларини ўзларининг бавлу нажасларига булғаб ташлашни ёқтиришади. Болалар кўп, уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор бериш мушкул. Гоҳида бу эсипаст шўрликлар тагларига қилган ахлатларини тўғри келган тарафга, хона шифтларига қараб улоқтиришади, шифтдан тўкилган ахлат бўлса уларнинг бошларига, афтларига ёпишади… Хуллас, раҳматли пан Агнетсдан қолган бу хилват гўшада хизмат қилиш кўтара ранжу машаққат, бироқ, улар бу мушкул вазифани астойдил адо этишга, оғринмасликка ҳаракат қилишади. Болалар уйида нимаики ҳодиса содир бўлмасин, биргина Беатриче маъсум жилмайиб, сўнмас юлдуз каби балқиб тураверади. Фақат угина ғам-ташвиш ҳукмида бўлган ва бу увоқдек ногиронлар жисмини мудом жоҳил ибтидоий инстинктлар турли қийноқларга солиб турадиган, ҳар дақиқада олдиндан айтиб бўлмайдиган кўнгилсизликлар ва бериб турадиган бу даргоҳда вазиятни қўлга олишга қодир. Ва унинг танҳо ўзигина кўйлагининг крахмалланган оппоқ ёқалари орасидан бамисли Тереза она сингари, чарчоқ ва жонга тегиш нималигини билмасдан, мудом жилмайган ҳолда, бу бедаво болаларнинг ҳар бирини исмларини бирма бир айтиб, юпатиб, овутиш ҳамда жиловланиб бўлмайдиган эҳтиросларини тийиб қўйиш учун нималар ҳам қилмайди дейсиз…
Бир куни виллага хаста бир болани кўргани бориб, у ердаги аянчли манзаралардан этларим жимирлаб кетди. Майсазорда кекса ҳамшира қатор қилиб турғазиб қўйган ўн беш чоғли бола у ёқдан бу ёққа алпанг-талпанг юриб турар, йўлбошловчилик эса уларнинг бир мунча эплироғига юклатилган бўлиб, у кўзи ожиз болалардан бирининг қўлидан тутиб олган эди. Болалар бир-бирига маташиб, сайрга боришаётган эди. Бутун жамиятга малоллик туғдирадиган аҳволда дунёга келган бу бахтиқаролар чеҳрасидагичалик шодмонликни умрим бино бўлиб кўрган эмасман. Болаларнинг қадам ташлашлари ҳам аломат эди, уларнинг чанқоқ ва орзуманд нигоҳлари қаёққа қаратилмасин, митти бурунчаларию шалпанг қулоқлари, барча сезги аъзолари билан нимаики нарсани пайқаб, қандайин ҳидни сезишмасин, улар қандайдир айрича, бутун вужудларидан жой олган илоҳий ҳис-туйғулари орқали ўша ўзлари сезган нарсаларию бутун сезги аъзолари билан туйган борлиқнинг ифорларига сингишиб, улар билан уйғунлашиб кетишгандай эди назаримда.
Шу тобда Беатриче ҳам уларнинг ортидан илдам юриб борар, машина ёки трактор ўтиб қолмасин деб ён-верига аланглаб қарар, менинг ёнгинамда бўлса тупук ва сўлакли қўлчалари билан Беатриченинг этагидан тутганча етти ёшлардаги бола пилдираб борарди. Болани пан Крейчик деган танишим рождество байрамида уйига олиб борганди. Танишимнинг савобталаблиги орқасидан биринчи бор хонадон муҳитига тушган болакай ўшанда завқ-шавқ билан «менинг уйим бор, менинг уйим бор» деб чакаги тинмай жаврар, мен бўлсам унинг чулчит тилини зўрға тушунар эдим. Болага ҳаммасидан чироқчалари ёниб-ўчиб турган арча жуда ёқиб тушган ва у митти мушукчага ўхшаб рождество арчасидан кўз узмай қолганди. Биз пан Крейчик иккимиз олди-қочдилар билан валақлашиб турарканмиз, боласи тушмагур, қўлига тушиб қолган гугуртни чақиб, дарпардани ёқиб юборган, чироқчалар яна кўпайганидан суюниб, чапак чалиб сакраган эди. Бундан паннинг жон-пони чиқиб кетиб, «қўлинг синсин, жин ургур, нима қилдинг», дея боланинг кафтдеккина башарасига тарсаки тортиб юборганди. Шундаям шўрлик бола аянчли илжайиб, менинг қулоғимга «мениям уйим бор энди-я, шундайми, уйим бор-а», деб шивирлаган, эртаси куниёқ савобталаб танишим уни яна азалги жойига, болалар уйига ташлаб келган эди. Болакай бу ерда мени таниб, пинжимга суқилди, мен яна уйимга бораман-а, дея кўзларини пирпиратди. Мен боланинг ўз уйи, бошпанаси бўлиши ҳақидаги шу қадар интиқлик, шундай бир виқор ва ҳис-ҳаяжонга лиммо-лим хоҳиши, йўқ, йўқ, айни шу дамда у ўзини болалар уйида эмас, балки ўз уйидаги ҳолатини яққол тасаввур этаётганлигидан ростакамига қўрқиб кетдим. Норасидаларнинг бу қадар аянчли кун кечирганидан кўра умуман дунёга келмаганлари яхши эмасмиди, дея хаёлга бориб турарканман, кўнглимдагини сезган каби Беатриче маъюс жилмайганча, «Ҳомер басир бўлиб туғилган» деди. Шунда мен хаёлан, Ҳомер билан замондош бўлган ўша барваста ва соғлом йигитлар қани? Гарчи улар Ҳомерга нисбатан яшашга яроқли, ном қолдиришга муносиб ва лаёқатли бўлишган эса-да, ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетишди. Ҳомер бўлса, давлат қонунларига мувофиқ ўз юртидан бадарға қилинган ҳолда ҳам барча даврларга дахлдор умумбашарий асарларида яшаб қолди, деган мавзуда ўзим билан лузумсиз суҳбатга киришдим.
Собит ишонч билан шодмон ҳолатда бир-бирининг қўлидан тутиб бораётган ва аксарининг кўзлари аъмо бу норасидаларнинг чуқур-чуқур, ютоқиб нафас олишларидан тортиб, жимитдек юзлари ва майин сочларини эпкин янада сезиларлироқ сийпаб, тортқилашини истагандек жажжи оёқчаларини илдам-илдам ташлаб боришларигача узоқ кузатиб турдим. Шунда беихтиёр Беатриченинг бир гапи ёдимга тушди: болалар уйига Садскодан бир руҳоний келиб тураркан. Ва ҳар гал Беатриче руҳоний ҳузурига тазарру қилгани кириб, йўқ гуноҳлари кечирилиши учун васий бўлишини ундан ўтиниб сўрар экан. «Фақат черковдалигимда олдимга келиб турган, кўринишидан муқаддас Моникага ўхшаб кетадиган қорамағиз йигит авлиё Августинни (уни ҳозир тушларимдагина кўраман) ҳисобга олмаса, қайси гуноҳларим учун ҳам тавба қилардим», деганди у хокисорлик билан жилмайиб.
Айни дақиқаларда олақуроқ устивошда қоқилиб-суриниб боришаётган бу ноком болаларнинг тепасидан бир илоҳий нур эмас, ҳамма учун баробар бўлган офтоб чарақлаб турарди. Ҳа, айни шу дақиқаларда, баланд-баланд қарағайларнинг сўлим-салқин соясида, ям-яшил ўтлоқлар устида яйраб юрган бу норасидаларнинг шодмон қийқириқларию маъсум чеҳралари менга бирданига ёлғиз реал борлиққина гўзал ва баркамол бўла олишлигини, қачонки орзу-умидлар шафағи наинки бутун оламни, наинки бор нафосату назокатни, балки мана шу нотавонларни-да кўз олгувчи шаффоф ёпинчиқ билан либослантираркан, фақат реал борлиқ ва воқеликкина гўзаллик моҳиятини англаб етишда тафаккурга ибтидо бўла олишлигини ўзимда кашф этдим. Мабодо менга бутунлай бошқа бир одамга айланиб қолишдек сир-синоат ато қилинганида мен ҳеч иккиланмасдан бутун дунёда ёвузлик, бало-офатларни йўқотиш эвазига атиги покдомонлик ва очиқ кўнгилликдан ажрга мушарраф бўлгувчи Беатричега, фақатгина шу инсонга дўниб қолишни жон-жон деб ихтиёр қилган бўлар эдим…
Яна бирда Беатриченинг ўзи ҳикоя қилиб берганди: у йилига тўрт марта Мтсел шаҳридаги катта ибодатхонага бориб тураркан. Мтселлик руҳоний — хушбичим ва хушрўй киши Беатриче билан сўзлашганда негадир ўз-ўзидан қизариб-бўзариб кетаркан. Тушунарли, демак, мтселлик руҳонийнинг ҳам киши билмас гуноҳлари бўлиб, Беатриченинг шаффоф кўзгудек сиймосида ўзини кўрар ва ботин сирлари юзига тепиб, ўзини ошкор этаркан-да…
Шундай хаёллар билан унинг кўзларига тикиларканман, бутун вужудимни титроқ босиб, бошимни эгдим. Чунки шу лаҳзаларда Беатриче бошим узра бокира ва боқий муҳаббат нашъу намосини нисор айлаган эди. Ва мен унинг Яратган Эгамнинг суйган бандаси ва ҳабибига айланганини, мен Агнетсдан қолган овлоқ гўшада бахтиқаро гўдакларнинг бошини силаш ва кўз ёшларини аритиш йўлидаги хизматлари билан Парвардигори оламнинг меҳру карамини қозониб келаётганлигини теран ҳис этдим.

Рус тилидан Илҳом Ҳафизов таржимаси.