Тут новдалари яна кўм-кўк барг билан қоплана бошлади. Ҳатто ишонгинг келмайди.
* * *
Ошхонага бориб нон кесиш ва нон солинган тарелкани столга қўйиш учун пианино олдидан пастга тушдим Кейин онам овқатга чақиргунча яна биринчи бармоқлар учун экзерсисларни чалишга киришдим. Стол атрофига ўтиргач, тарелкага қўлимни чўздимда, тепасида ётган нон бўлагини олдим. Унинг тагида чаён ўтирарди. Ёпинчиқсиз қолган чаён нишини ваҳшат билан юқори кўтарди.
* * *
Музика дарси тугади. Отам қўлида газета кўтариб хонага кириши билан муаллима тезда унинг истиқболига турди.
—У мени бугун бутунлай ақлдан оздиряпти!
Бу албатта, мен ҳақимда. Лекин дарс бошланмасдан илгари нимадир рўй берганини англадим. Аввалига, роса гапни олиб қочиб, менинг ғайритабиий ялқовлигим устида тўхталди, кейин отамни оғиз очишга қўймай, уни нима мақсадда консулхонага чақирганлари ҳақидаги гапга ўтди. У бениҳоя ҳаяжонда эди.
—Тасаввур қилинг-а, синьор Карасу, қандоғам чаён-а, қандоғам газанда-я.
Чаён деб у Муссолинини атарди, мен буни яхши билардим, «газанда» эса мен учун янги сўз эди. Мен ҳақимда бутунлай унутиб қўйишди.
* * *
1960 йилнинг июни эди. Ҳатто ишониш қийин: тут новдалари яна кўкаряпти. Атиги бир ой бурун бечора барглар капалакқуртларнинг босқинига учраганди, улар баргларни шундоққина кўз олдингизда кемириб тугатишганди. Ҳозир бўлса, мен тут хиёбонига бурилиб, дарахтларнинг соя-салқинида осойишта ўтиб борардим. Қуюқ барглар орасидан июнь қуёши ўта олмайди. Дарахтлар остидаги ўт-ўлан кўм-кўк ва топ-тоза.
* * *
Мен пианино қопқоғини оҳиста ёпиб, табуреткадан полга сирғалиб тушдим. Табуретканинг мурвати ишламас, қўлим эса клавишга етмасди, шунинг учун остимга учта ёстиқ қўйиб беришарди. Мен уларни тушириб юбормаслик учун эҳтиётла тушдим. Қейин ёстиқларни чорпоянинг устига тартиби билан сидқидилдан тахлаб, очиқ деразага яқинлашдим.
Хонанинг ичкарисида, улкан, нақ шифтга етгудек жавоннинг тиллакор раҳидаги ойнаси ғира-шира кўзга ташланади. Жавоннинг юқорисидаги мармар плита ўз устида турган пуштиранг, худди тарвузнинг гўштига ўхшаш абажурли чироқни акслантирарди. Эсимни танибманки, интиқ бўлиб кутишимга қарамай, лампа ҳеч қачон ёқилмасди. Жавоннинг ёнида чорпоя турарди, унинг ортида эса, менинг англашимча, михлаб ташланган эшик бор. Унинғ бирор мартаям очилгани-ни кўрмаганман. Қўшни хонадан:
— Яшавор! Бугун яхши ишладинг. Энди дам олсанг бўлади,— деган овоз эшитилди.
Орқамдан мушук келиб, ойна рафига сакради, кейин керишиб, тумшуғини иягимга суркай бошлади. Мен чорпояда ётган, қўшни киоскадан сотиб олинган «Доменика дель коррьере» номли журнални олдим. Журнални шундоққина мушукнинг устига қўйиб, варақлай бошладим.
* * *
Қўлим дарахт танасини силайди — у топ-тоза. Бошимни кўтардим, на бирор ўргимчак уясию, на бирор ингичка ипда тебраниб турган қурт кўзга чалинади. Афтидан, янглишаётганга ўхшайман. Ҳа, албатта, янглишяпман.
Ўшанда бувим бу олам билан видолашаётганди, шунинг учун ота-онам мени холамникида музика билан шуғулланишга жўнатишганди. Демак, ўттиз саккизинчи йилнинг май ойи экан. Мен мактабга боришим керак эди. Агар ҳали бормаган бўлсам, унда, демак, ўттиз олтинчи йил бировнинг ёрдамисиз фортепьянода шуғуллана олармидим? Музикани октябрдан ўргана бошлагандим. Ўттиз олтинчи йилнинг май ойида чиққан журналнинг биринчи бетида Франко билан Муссолини қўшинларининг ғолибона юришини тасвирловчи суратнинг босилишини тасаввур қилиш қийин.
Жилмаяётган, қорақош, қоракўз, қонга бўялган бинт боғланган ярадорлар, попукли шапка кийган солдатлар дуд ва чанг тўзонида олға қараб боришарди. Мен ўшанда расмлар остидаги ёзувни ўқий олармидим? Ўттиз бешинчи йили итальян тилини ўргана бошлагандим, алфавитни ёд олиб, ҳатто баъзи бир оддий гапларни ўқий олардим. Лекин журнал ўқишга фақат ўттиз еттинчи йилдагина тишим ўтганди. Ҳар ҳолда, мен ўқувчи эдим. Ҳа, айтгандай, мактабга куздан қатнай бошладим. Лекин бандаликни бажо келтираётган бувимчи? Буниси энди аниқ, ўттиз саккизинчи йил, май ойи эди. Мен бу вақтда мактабга қатнардим, ўшанда эса дам олиш куни эди.
Мушукни иягим билан эркалатганча, аввал журналнинг биринчи бетидаги расмни диққат билан томоша қилдимда, кейин одатдагича, рангли иллюстрацияси бўлган охирги бетни очдим.
Яланг оёқ, бош яланг, даҳшатдан кўзлари олайиб кетган қора танли одамлар қўлларини жон ҳолатда силкитганча чопиб боришарди. Улардан баъзиларининг қўлида учи ўткирланган ёғоч. Кетларидан танклар силжимоқда, ҳавода самолётлар учмоқда. Ҳаммаёқда портлашдан ағдар-тўнтар бўлган тупроқ, чанг, дуд, олов… Қора танлиларни попукли шапкаларига пат қадаб олган одамлар таъқиб қилмоқда, қия ушлаган қуролларининг стволида ўткир пичоқ ялтирамоқда. Кейинчалик попукли шапка кийган солдатлар «бар-сельерлар», қуролдаги пичоқлар эса найза, деб аталишини билиб олдим. Лекин асосийси, шапка кийиб, найза ўқталган мана шу одамлар ҳам, замину осмонни қоплаган ўт-аланга ҳам — ҳаммаси қора танлиларни ўлдиришга қаратилган эди. Қизиқ, буни қаёқдан била қолдим экан? Расмнинг тагига ёзилган ёзувданми ёки ўша вақтда итальянлар Африка мам-лакатидаги Абиссиния деган жойда одамларни қирғин-барот қилаётганларига ақлим етиб қолганмиди, билмайман? Эсимда, бир куни кўчада тўс-тўполон бўлаётганини эшитиб, мен дағ-дағ титраганча отамнинг олдига югуриб бориб, Африка бизлардан узоқми, яқинми, деб суриштира бошладим. Яқинлигини эшитгач, африкалик одамхўрлар бостириб келишяпти, деб ўйладим. Лекин бу бирмунча кечроқ рўй берганди. Отамдан африкалик одамхўрлар ҳақида сўраган вақтимда, улар қандай қилиб қичқиришларини билардим, «Тарзан» киносида кўргандимда. Демак, ўттиз олтинчи йилнинг майи экан.
Хотирам айрим эсдаликларнигина илғаб олмоқда, мен анчайин қийинчилик билан уларни бир тартибга, бирин-кетин қилиб қўйишга уринардим.
* * *
Баргларда на бирорта ўргимчак осилиб турар, на бирорта капалакқурт кўзга ташланарди. Ерда эса тўкилган баргдан ном-нишон йўқ.
Ўша кунлари, почтага кетаётиб, ўзимни ҳар қанча аллада азиз, тўрвада мағиз қилсам ҳам, бари бир эгнимдан уч-тўртта капалакқуртни олиб ташладим. Қадам ташлаган саринг чанг-тупроқ орасига тушиб қолганлари ғичирлар, оёғим билан босганимда эса қарсиллаб ёриларди.
* * *
Мен стол ортидан туриб, оташкуракда ҳалиям нишини санчиш учун тайёрлаб турган чаённи эҳтиёткорлик билан қисиб олиб, кўмир ёниб турган печга ташладимда, унинг эшикчасини беркитдим. Аввалига вишиллаш эшитилиб турди, кейин худди жўхори дони ёки каштан ёрилгандаги каби қарсиллаш эшитилди. Онам нон солинган тақсимни олиб кетди. Биз бошқатдан нон кеса бошладик….
* * *
Дарахтлардаги барглар худди ипак қурти учун тутган қутичамдагидай қандайдир икки-уч кун ичида тугади-ю қолди. Кўкфуруш ҳар куни эрталаб янги кесилган тут баргини олиб келиб берар ва улар кўз очиб юмгунча тамом бўларди. Очофатлик билан еб битирилаётган баргларнинг курсиллашига қулоқ тутганча қутича устида узоқ вақт қолиб кетардим.
Дарахтдаги барглар миқ этмай ҳалок бўлишарди. Дарвоқе, улар балки капалакқурт кемираётганда курсилласа керагу, фақат биз уни эшитмас эдик, чунки уларнинг курсиллашини дарахт остига дам олиш учун тўхтаган солдатларнинг гап-сўзлари ва кулгилари босиб кетганди.
Биздан икки километр наридаги майдонда намойишчилар оломони жўш урмоқда эди. Одамларни ҳайдашар, уришар, қамоққа олишарди, улар эса яна йиғилишиб ашула айтганча олға босишарди. Бу ерда эса солдатлар оҳиста гаплашганча кулишар, папирос чекишарди. Биққидек капалакқуртлар баргларни қийратишаркан, яшин тезлигида катталашаётган бўксалари худди капгирдек тебраниб турарди. Хатлар кечикар, газета ва журналлар эса бутунлай келмай қўйганди. Мен ўзимча дарахтларда бирортаям барг қолмайдиган кунни тасаввур қилардим.
* * *
Дарахтларга қарайман —баргларнинг қалинлигидан тангадек нур ҳам ерга тушмасди.
* * *
Бир ойдан кейин дарахтлар яна кўкара бошлади. Капалакқуртлар томонидан тап-тақир қилиб еб битирилган, мазут билан заҳарланган барглар яна тирилиб қолди.
* * *
— Улар бизни пойлаб туриб, калтаклашарди,— дея ҳикоя қиларди муаллима. (Мен улғайиб қолгандим, шунинг учун ҳикояларини эшитишга менга ҳам рухсат берарди.)—Бир куни театрдан чиқиб келаётсак, бизни калтаклар билан кутиб туришган экан, иккинчи гал эса кинонинг олдида шу ҳол қайтарилди.
У ота-онамга ўзи ҳақида жуда узоқ ҳикоя қилди, лекин мен ҳали кўп нарсани тушунмасдим. Сумкасидан фотокарточка олиб ойим билан дадамга кўрсатди. Суратда жудаям чиройли одам акс эттирилганди.
— Бу менинг эрим,—деди у ғурур билан, кейин расмни менга узатди.
Расмнинг қора фонида унинг шаффофдай тиниқ кўзлари айниқса ажралиб турарди. Муаллиманинг айтишича, улар оч ҳаворанг экан. Хиёлгина танқайган, ингичка, қирғийбурун. Суратдаги одам ёнбошидан олинган эди. У менга, тўғрироғи, чап елкамга хаёлчан қараётганга ўхшаб туюлди. Пастки қалин лаби билинар-билинмас кинояли жилмайишга чоғлангандек хиёл кўтарилиб турарди. Сочлари сап-сариқ бўлса керак.
— Унинг исми нима?—деб сўрадим суратни қайтариб бературиб.
— Жижи.
— Ҳозир у қаерда?
— Узоқда, Аргентинада.
«Нега?»—деб сўрамоқчи бўлдиму, лекин бу одобдан бўлмаслигини тушуниб, индамай қўя қолдим. Уша куни муаллима эри ҳақида фақат дадам билан ойимга гапириб берганди. Мен эса бу воқеаларни кейинроқ билиб олдим. У менга ҳикоя қилишни лозим топган пайим лавҳаларнигина сўзлаб берганди. Унинг гапига қараганда, Жижи суратда кўрингандек ёқимтой эмас экан. Кейин мен бу ҳазил тасниф ортида унинг эрига бўлган муҳаббати ва соғинчи яширинганини сезиб қолдим.
* * *
Шу вақтгача мен дарахтлар йилига — ҳатто йилига нима дегани, ойига!—икки марта барг билан қопланишига ишонмасдим. Эндиликда эса мен бунинг шоҳиди бўлдим ва бундай ғаройиботни ўз кўзи билан кўрган бахтли одам сифатида дунёдан кўз юмаман. Дарахтлар яшашни хоҳлашарди, шунинг учун ҳам қуртларнинг ҳужумига қарамай, ҳаёт буюрган ишни бажо келтиришарди. «Наҳотки, расвоси чиқиб, кемириб ғажилган қолдиқлар ўрнида яна мевалар ҳам пай-до бўлсе?— деб ўйлардим.— Наҳотки, дарахтларда мана шунга ҳам куч-қувват топилса? Ахир, мевалар ҳали-ҳозирча дарахтга унчалик керак ҳам эмас-ку…»
Мен дарахт танасини силадим. У худди баргидек топ-тоза эди.
* * *
«Сиз католичкамисиз?»—«Ҳа».— «Буни нима билан исбот қиласиз?»—«Бу билан нима демоқчисиз?»— «Далил-исбот келтиринг».—«Нималар деяпсиз, ўзи нима гап? Сиз ахир кашиш эмассиз, биз ҳам черковда эмас, консулхонадамиз. Боз устига, бу мавзу…»—«Қулоқ солинг, хоним. Ҳаммаси сиз ўйлагандай жўнгина эмас. Сиз падре М. ни биласизми?»—«Йўқ, билмайман. Мен фақат унинг бу ерга келаётганлигини эшитгандим. Айтишларича, унинг тариқати кимгадир хуш келмаганмиш ва у Сардинияга тайинланган падре С. нинг ўрнига келаётганмиш. Мана шу якшанбада уни илк бора кўриш шарафига ноил бўламан. Ўзингиз ҳам у билан таниш бўла олмаслигимни беш қўлингиздай биласиз-ку…»—«Ҳа, гапингиз тўғри… Аммо-лекин мен сизни анча йилдан бери биламан. Шу кунларда олинган кўрсатмага мувофиқ…»—«Сиз мендан гуноҳкор эмасмисиз, деб сўрашингиз лозим эди…»—«Ҳазил-мазахни бас қилишингизни сўрайман!…»
Шунда менинг ғазабим қўзиб кетиб унинг жиғига тегиш учун «Худоё…»ни ўқий бошладим-да, сурани бошдан-оёқ айтиб бердим. Сўнг: «Бўлдими?»— деб сўрадим. У бунга ишонди-қўйди деб ўйлайсизми? У мени яна чўқинишга ҳам мажбур қилди.
Дадамнинг лаблари қийшайиб кетди.
— Қандай кунларга қолдик-а.
— Ҳали бу хамир учидан патири.
Давомини эшитинг: «Хўп, майли,— дейди,—сиз католичка ҳам бўла қолинг. Мен сизни черковда бот-бот кўриб турардим. Айтинг-чи, онангиз жуҳуд бўлганми?»—«Бундай бемаъниликни қаердан олдингиз?»— дедим. Ўзимча суҳбатни шу . тахлит давом эттиришга уялса керак, деб ўйловдим. Қайда? «Унинг исми Рашель бўлган,— дейди.— Шундай эмасми?» Мен унинг юзига тик қараб: «Синьор Муссолинининг,— худди шундай дедим: дуче Муссолини эмас, синьорнинг, ҳа-ҳа, шундай деганимда ҳаммасининг юзи кўкариб кетганини кўрсангиз эди!— синьор Муссолинининг оиласида ҳам, билишимча, донна Рашель деган аёл бор. Нима, у ҳам жуҳудми?» Тилларини тишлаб қолишди. Менинг янги маънавий отам чиқиб кетди, немисга ўхшаган аёл билан элчихона ходими дераза олдига боришди. Кейин яна бошидан бошланди:
«Эрга текканмисиз?»—«Ҳа».—«Лекин эрингиз Туркияда эмас-ку?»—«Йўқ, у Аргентинада, Буэнос-Айресда. Ҳар ҳолда, охирги хатни ўша ердан олгандим».— «Сиз ундан хат олиб турасизми?»—«Ўн йилга яқин ҳеч қандай хат-хабар олмагандим».—«Уни барҳаёт деб ўйлайсизми?»—«Билмайман».—«Сиз у билан боғланишга уриниб кўрмадингизми?»—«Уриниб кўрдим. Лекин бунинг уддасидан чиқолмадим».—«Яхши, хоним, раҳмат. Безовта қилганимиз учун кечиринг.» Бу ақл бовор қилмайдиган разиллик, ўта даражада даҳшат эди. Уларга нимадир керак эди. Аммо-лекин нима кераклигини уларнинг ўзлари ҳам билмасдилар. Улар мени тилимдан илинтиришмоқчи бўлишганди. Ҳамма нарса ҳақида қаторасига сўрашарди. Агар Жижи ўлган бўлсачи. Балки улар унинг ўлганлигини билиб олишгандир! Унда аҳмоқона сўроқ-жавобнинг нима ҳожати бор? Агар соғ-саломат бўлса, унда нимага мени чақиришди экан-а? Ахир, бошқаларни чақиришмаяпти-ку. Хўп, мендан бошлашди, деб тахмин қила қолайлик. Лекин улар, сиёсатга ҳеч қандай алоқам йўқлигини беш қўлларидай билишади-ку. Уларга бор-йўқ танишларим — булар ўқувчиларим, уларнинг ота-оналари ҳамда эски қадрдонларим эканлиги маълум-ку. Улар шунингдек, касалдан бошим чиқмаслигини ҳам билишади. Немислар уларни мажбурлашганга ўхшайди. Кечирим сўраб қўйиб юборишди. Ҳозиргача ҳеч вақога ақлим етмайди. Ғалати, а, тўғрими?
— Ҳа,— деди дадам.— Ғалати.
— Қани, синьора Поззи,— дея жилмайдим.— Келинг, охиригача ғалати бўла қолайлик. Бизга «Жовинеццу» ни чалиб беринг!
У менга қаҳрли назар ташлади-да, кейин кулиб юборди.
— Нима қипти? Чиройли қўшиқ, у менга ёқади.
Фашистлар куйлашгандан кейин нега энди бизга айтиш мумкин эмас экан?
У фортепьянога ўтирди. Мен унинг ортига турдим.
— Ёшлик… гўзаллик…
Қўшиқ «ёшлик» сўзи билан бошланарди. Албатта, у ўзининг ёшлигини, Жижисини эслаганди-ю, лекин фашист ёшларининг қўшиғи билан ўз бахтининг пароканда бўлиши ўртасида алоқа борлигини унутиб Қўйганди. Унинг Жижиси, телбаларча севиб, у томонга ошиқаётган севгилиси эндиликда узоқда эди. Унга етиб олишга чоғи келмаса ҳам ортидан югургани-югурганди. Унинг овози авжланиб, тобора.баландланар ва мана ҳозир узилиб қолади, деб ўйлаганингда яна оҳиста пасаярди. Ё худойим-ей, қандай ажойиб куйлайди-я!
Муссолини штурмовикларининг калтагидан Туркияга қочиб келган аёл, Туркияда «Жовинеццу»ни куйла-моқда эди. Мана шунга ишониб бўладими, ахир.
* * *
Мен ҳозир қараб турганим манави баргларга ҳам қандай қилиб ишониш мумкин?..
* * *
Икки соатдан кейин эса Лондон радиоси орқали «Лилли Марлен»ни эшиттиришди. Қоп-қора туннинг сокинлиги аро нотаниш қўшиқчининг паст, хирилдоқроқ, ғамгин овози тараларди. У Берлин узра дам пасайиб, дам баландлашиб одамларнинг қалбида ғам-андуҳ ва муҳаббат соғинчини қолдирарди.
Қаҳрамонлар ўшанда ҳали ўзлари ҳам ўз қаҳрамонликларини англаб етмагандилар.
* * *
Аввалига мен ҳеч нарсани сезмадим. Тут хиёбони орқали почтага кетаётгандим. Ўнг томонимда оҳиста суҳбатлашаётган овозларни эшитдим. Дарахт остида учта солдат милтиқларини чорпояга қўйиб, чекиб ўтиришарди. Мен ҳатто тўхтаб қолдим. Ҳамма дарахтларнинг тагида солдатлар ўтиришарди. Улар бу ерда нима қилишяпти? Уларнинг бўғиқ кулгилари қулоққа чалинарди. Биздан икки чақирим наридаги Қизилай майдонида митинг авжида эди. Демак, намойишчиларни ўраб олишибди-да.
Қўшиқ куйлаётган митинг қатнашчилари бизнинг олдимизгача етиб келишсачи? Улар қўлларини бир-бирларига бериб, шахдам қадам ташлаганча келишяп-ти. Уларга «тўхта!» дейишлари турган гап. Лекин уларни тўхтатадиган куч йўқ. Солдатлар ўт очишади. Апрелда ҳам худди шундай бўлган эди. Аввал Истамбулда, кейин Анқарада. Одамларга қарата отишганди, лекин улар бари бир қўшиқ айтганча жаҳаннам ўтини писанд қилмай бостириб келишаверганди…
Ҳозир бўлса сокинлик ҳукмрон эди. На қўшиқ, на ур-йиқитлар, на бақириқ-чақириқлар буларнинг ҳеч қайсиси бизгача етиб келмасди.
Почтага кираётганимда бехосдан ёнгимга қараб титраб кетдим: у ерда кўм-кўк семиз қурт ўтирарди. Мен беихтиёр бошимни чангаллаб қолдим — гарданимда яна битта, аввалгисидан ҳам кўкроқ ва семизроқ қуртни қўлим пайпаслади. Мен тўхтаб, ит чўмилибчиқ қанидан кейин силкингандек силкина бошладим, почта ходимлари эса менга қувноқ ҳамдардлик билан қараб туришарди. Ёшгина қизча менга яқинлашиб елкамдан яна битта қуртни олиб, оёғи билан мажақлади. Бундан бутун аъзойи баданим худди терлама билан оғригандай қичиша бошлади.
Почтадан чиқа туриб, мезонга илашиб турган капалакқуртларга кўзим тушди. Кўпи ҳали жудаям юқорида эди. Фақат учтасигина одам бўйи баландликка тушиб қолганди.
Кичкиналари ҳам яшин тезлигида ўсишди. Эндиликда почтага соябонсиз бориб бўлмасди.
Биздан икки километр нарида эса, қамоққа олинганларнинг сони ортиб борарди.
* * *
Римда фақат фашистларнинг газетаси чиқарди, фақат фашистларнинг касаба союзи ишларди. Қолганлари тақа-тақ ёпиб қўйилганди. Тез орада партияларни ҳам тақиқлашлари аён бўлиб қолганди. Янгиликларни бир-бировларига шивирлаб етказишарди. Ҳамма янгидан-янги фалокатларни кутарди.
Жижи Францияга кетганди, кейинчалик хотинини ҳам бирга олиб кетмоқчи бўлганди, лекин у тезда қайтиб келди. Икки кундан кейин эса хорижда юрганларни гражданликдан маҳрум қилиш ҳақидаги қонун чиқарилди. У ватанидан мосуво қилишларидан қўрқарди. Аёл эрининг бу ҳақда элбурутдан қаердан эшитганлигини сўрашга ботинолмади. У ҳаммасини сўзсиз тушунарди. Ҳар куни бир-биридан хунук хабарлар олишарди. Кимнидир ўласи қилиб калтаклаб кетишган бўлса, бошқасини қоронғи бурчакка судраб олиб кириб бир шиша сурги дорини оғзидан қуйишган. Кимларнидир ўлдириб, яна кимларнидир майиб қилиб кетишарди.
Бир куни театрдан чиқиб кела туриб, орқаларидан таъқиб қилишаётганини сезиб қолишди. Жижи унга:«Бирор-бир эшикка сездирмай лип этиб кириб олиш учун қадамни тезлаштириш керак»,— деб шивирлади. Ёрқин чироқ шуъласида бизга ҳужум қилмасликларига ақлимиз етганидан кўчанинг бошигача бир меъёрда юриб бордик, таъқибчилар ҳам қорама-қора келишаётганди.
Эр-хотин қоп-қоронғи муюшга шўнғидик. Аксига, такси ҳам учрамасди. Агар, мабодо, учраган тақдирда ҳам ёрдам бериши қийин эди. Улар қоронғиликка кирган заҳотилари Жижи Жулиянинг қўлидан маҳкам ушлаб олди ва кучларининг борича югуриб кетишди. Жулия йўл-йўлакай туфлисини ҳам ечиб олди. Тошга урилган сари оёғи чақа бўлиб қичишар, лекин қўрқув, ҳайвоний қўрқув уни чопишга ундарди. Таъқиб қилаётганларни чалғитиш мақсадида илонизи қилиб қочиб боришарди. Жон аччиғида қочиб борарканлар, тобора мадорлари қуриётганини сезишарди. Хоҳ данғиллама, хоҳ жулдур-воқи бўлсин, барча уйларнииг эшиклари , тақа-тақ берк эди.
Улар таъқибчилар қолиб кетишдимикин, деб тўхтаб, қулоқ солишди. Шу заҳоти муюлишда чопиб келаётганларнинг тапира-тупури эшитилди. Жижи, асли флоренциялик бўлса ҳам, лекин Римнинг бу районини беш қўлидай биларди. Шунинг учун зимистон бўлишига қарамай хотинини дадил бошлаб борарди.
— Худога шукур. Ўша вақтдаги модага мос калта юбкада эдим. Флоренцияда, албатта, ҳеч қачон бундай қилмаган бўлардим. Римда эса бир оз олифталик қилишга журъат қила олардим.
Жулиянинг нафаси қиса бошлади. Жижи уни деярли ортидан сургаб борарди. Бирдан улар қия очиқ эшикни кўрнб қолишди-да, ўзларини ўшаэшикка уришди. «Эшик сизлар учун ёпиқ!..»—кекса одамнинг дўриллаган овозини эшитишди. Унга жавоб бермай, Жижи хотинини қучоқлади ва улар ҳарсиллашлари сезилиб қолмаслиги учун ҳам узоқ ўпишиб турдилар. «Чет элликларга хона бермаймиз»,— дея гапида давом этди бояги овоз. Таъқиб қилибкелаётганларнингқадамлари шундоққина яқинларидан эшитилди. Уларнинг сўкинишлари аниқ-таниқ эшитилиб турарди. Кейин оёқ товушлари узоқлашди. «Қани, туёқларингни шиқиллатиб қолларинг-чи!— қоронғиликдан ҳорғин буйруқ берди аллаким.— Сенларни деб бошим балога қолишини истамайман!» Улар индамай ташқари чиқишдида, девор ёқалаб секинлик билан кета бошладилар. Ўн қадам ҳам юришмагандики, ортларидан эшикнинг тарақлаб берқилгани эшитилди. Кимдир уларни қувиб келмоқда эди. Улар турган жойларида тирракдек қотиб қолдилар. Ёнларидан қундуз ёқали пальто ва қалпоқ кийган, ҳассасидаги кумуш нақшини ялтиратганча бир киши ўтиб кетди. Кейинчалик улар ўша ўткинчини эслаб ичаклари узилгудек кулишганди. Лекин ўша даҳшатли тунда кулишга ҳол-қудратлари йўқ эди. Улар ҳар қадамда орқаларига аланглаганча девор ёқалаб писиб боришаркан, юраклари отилиб кетгудай дукилларди.
— Иккинчи марта йигирма тўрт кундан кейин шу ҳолга тушдик. Биз кинодан чиқиб келаётгандик.
Ёмғир ёғаётганди, Жулиянинг қўлида шамсияси бор эди. Жижининг қўлида эса металл қопламали ёғоч, чўнтагида пистолети бор эди. У энди доим қурол билан юрарди. Улар билан Жижининг укаси ҳам бирга эди. Йигитча ҳам уч ҳафтадан бери финка пичоғидан ажралмасди. «Акамга тирғалишибди, демак, менга ҳам ҳужум қилишлари ҳеч гап эмас»,— деб мулоҳаза юритарди.
Ҳужум қўққисдан бўлди. Жулия бурчакка биқиниб олиб, жон-жаҳди билан бутун квартални бошига кўтариб қичқирганча, кучининг борича шамсияси билан ён-веридагиларни дўппосларди. Ҳеч ким ёрдам қўлини чўзмади. Бундай воқеалар ҳозирда одатий ҳолга айланиб қолганди. Одамлар дераза ромларининг тирқишидан мўралашарди-ю, лекин ҳеч ким кўчага чиқмасди. Бугун буларни уришса, эртага бошқаларини уришади. Кейин уларнинг ўзларига ҳужум қилишади, ўшанда улар ҳам якка-ёлғиз, ҳимоясиз қолишлари аниқ.
— Аммо-лекин ўшанда уларни роса адабларини бергандикда ўзиям. Тўғри, тўс-тўполонда анча-мунча суробимиз тўғри бўлиб чиқди. Пистолетдан фойдаланмадигу, лекин ханжар ўз ишини қилди. Шуниси ажабланарлики, бандитлар фақат калтаклар билан қуролланишганди. Улар муштлашувни қандай бехосдан бошлашган бўлса, шунчалик тез тамомлашди. Бир жойга тўпланиб, Жижи билан укасига: «Бу сизга сабоқ!»— деб бақиришдида, кўздан ғойиб бўлишди. Пичоқдан қўрқиб кетишди, шекилли. Мен ўзимизникиларнинг олдига чопиб бордим. Ҳаммаёғимиз қонга беланганди. лекин уйга ўз оёғимиз билан етиб олдик. Ўшандан кейин кечқурунлари кўчага чиқмайдиган бўлдим. Жижи эса, фақат мажлисга боргандагина мени ёлғиз ташлаб кетарди, холос. Тез орада биз Истамбулга кўчиб ўтдик.
Истамбулда Жулия дарс бера бошлади, Жижи юк кемасига ишга жойлашди. Кунлардан бир кун унга кемадан хат олиб келиб беришди, унда Жижи Буэнос Айресда қолганлигини хабар қилишганди. Уч йилдан кейин у келиб, яна бир йилча сабр қилиб туришини илтимос қилди. Лекин Жулия ҳеч қаёққа боришни хоҳламади, эри эса йиғларди.
— У кўркам, кучли, хушчақчақ, ҳозиржавоб эди. Лекин қандай қилиб у ерда Муссолини билан олишмоқчи эди? Бунинг бефойдалигини тушунишга ақли етмасмиди ёки.
* * *
Ёки бу одамлар азоб-уқубат чекиш, ўлдириш, отиш учун туғилишганмиди? Бирлари, қўшиқ айтганча майдонларда марш қилиб юришар, бошқалари эса, охирги янгиликларни бир-бирларига яширин тарзда етказишарди. Уларни полиция ҳайдар, калтаклар, тутиб қамарди, лекин уларнинг сафи борган сари ўсиб борарди. Кўпчилиги эса кўрсичқонга ўхшаб тешик-туйнукларга ўзини урарди. Тут баргларини ямлаган қуртлар расвосини чиқарган дарахтлардан ерга тушиб олиш учун. баҳорнинг охирида яна ўз уяларини тўқий бошладилар.
Бир неча ҳафтадан кейин шланга кўтарган одамлар келишди. Иш бошланди. Теварак-атроф шунақанги сасиб кетгандики, почтага кетаётганимда оғзим билан бурнимни кафтим билан беркитиб олардим. Солдатлар ҳам бу ердан даф бўлишганди. «Демак, кимдир дарахтлар ҳақида ўйлаётган экан-да,— дея севиндим.— Балки, биргина мазутнинг ўзи камлик қилар? Балки, гугурт билан.»
Олов билан тозаликка эришиб бўлармикин? Билмайман.
Кейин жала қуйди. У соатлаб ёққанидан, дарахтларнинг тагида халқобча пайдо бўлди, кейин селоб ҳамма ифлосларни оқизиб кетди.
Қўшиқлар қаттиқроқ жаранглай бошлади. Ўша кунлар хотирасига бағишланган қайғули ҳамда музаффар қўшиқлар янгради. Улар Дунайни тўхтатиб, унинг сувларини тескарисига оқизиш мумкин, деб куйланадиган қўшиқни айтишди. Улар ғалаба қилишмоқда эди.
* * *
Мен дарахт поясини силаганча, яна бир бор бу тушим эмасмикин, дегандай унинг баргларига қарадим.
Ҳа, мана бошим узра бир қатраям қуёш нурини ўтказмайдиган сершох тут дарахти. Дунайни тўхтатиб бўладими, ахир?
* * *
Мана, ниҳоят, тут хиёбони тугаб, мен почтанинг олдига чиқиб олдим.
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси