1
Оқшом. Шукия кўчаси бўйлаб жадал қадам ташлаб борардим. Мен ишлайдиган дорихона аллақачон очилиб бўлганди, мен бўлсам кечикяпман.
Дабдурустдан бир устун соясида турган кекса аёлнинг шарпасига кўзим тушди-ю, қоқан қозиқдек тўхтаб қолдим.
Наҳотки бу Шулочонанинг онаси бўлса? Ҳақиқатан ҳам у қизига жуда ўхшаб кетарди. Лекин қандай қилиб бу ерга келиб қолдийкин-а? Ақл бовар қилмайди… Орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Яна уни бу ерда − Калькуттада учратсам-а!
Мен аста аёлнинг отини айтиб чақирдим. Аёл иккиланиб мен томон ўгирилди. Мен ҳақиқатан ҳам бу аёл Шулочонанинг онаси эканлигига шоҳид бўлдим. У кимлигимни танимаса-да, мен томон аста юриб кела бошлади.
Мен ўзимни таништирганимда у тишсиз оғзини катта очиб, куларкан:
− Сен Жодусан-а?! Ҳа, ҳа, Жодусан! Анчадан буён кўришмагандик… − деди севиниб.
Мен унинг овозини эшитишим биланоқ бундан йигирма етти йил аввал бўлиб ўтган воқеалар хотирамда зумда қайта жонланди. Биринчи жаҳон уруши пайтидаги Калькутта… У пайтлар конка юрмасди… Ҳа, бу кампир мен билган ўша Шулочонанинг онаси эди. Ўша пайтларда бу қиз менга дунёдаги энг гўзал қиз бўлиб туюлганди… Аммо уни тез орада ҳаёт денгизида йўқотиб қўйдим.
Ўша йилларда аёллар сочларини ўзгача турмаклаб, ажойиб сарилар кийишар эди. Аммо гўзаллик доимо гўзаллигича қолаверади. Шулочона ҳақиқатан ҳам жуда ёқимтой қиз эди. Унинг келишган қадди-басти гўё чампак гули каби сарвқомат эди, тимқора шаҳло кўзлари, орқаси билан битта бўлиб тўлқинланиб турувчи сочлари-ю нозик қўллари ва унинг ўта ёқимтой чеҳраси сув ёқалаб кетаётганимда ҳам, катта кўчадан жинкўчага бурилганимда ҳам, кимсасиз боғда айланиб юрган пайтимда ҳам кўз ўнгимда намоён бўлаверарди. Июль, август ойларининг ёмғирли тунларида ёшликдаги мен ҳис этган орзу-умидларга тўла бу хотиралар хаёлимдан ўчиб кетган бўлса-да, лекин ҳозир қалбимни қайта жунбушга келтирди. Унутилган Шулочона яна кўз ўнгимда намоён бўлди. Бу ҳол айнан шу бугун, Калькуттада содир бўлди.
Бу оддий ишқий саргузашт эмасди. Дангал айтаман, саргузашт қаҳрамони мен эмасдим.
Ҳаммавақт муҳаббат бобида қизлар изтироб чекадилар, жавобсиз муҳаббат изтиробидан индамай, куйиб кул бўладилар, кун-бакун сўлиб борадилар…
Шулочона ҳам бу ҳолдан қочиб қутула олмаганини билардим. Орадан кўп йиллар ўтиб, ақлим тўлишгач, ёш ва соҳибжамол Шулочонага раҳмим кела бошлади.
Ўтган кунларни эслашнинг нима ҳожати бор! Ҳозир эса қаршимда Шулочонанинг онаси турибди, у жуда қариб қолганди, буни дарҳол сездим. Қизиқ, у нега тиланиб юрибди? Устун соясида у бирон пайса беришларига умид қилиб, қўл узатиб турганини ўз кўзим билан кўрдим. Унинг қизи ҳозир қаерда экан-а?
Кампир уялинқираб турарди, уни ноқулай аҳволдан қутқариш ниятида:
− Ҳойнаҳой, сиз шу яқин атрофда яшасангиз керак? Дўконга харид қилгани чиққанмидингиз? Соғлиғингиз яхшими? − деб сўрадим.
− Эҳ, ўғлим-а, бир амаллаб кунимни кўряпман! Ўзинг қандай яшаяпсан?
Мен унинг жавобидан қониқмадим. Анчадан буён ичимда қолиб кетган саволни бердим қизнинг онасига. Шулочона афтидан қирқ икки ёшларда бўлса эҳтимол, мен ноқулай аҳволга тушиб қолишдан чўчимай ундан қизи ҳақида сўраб-суриштирсам бўлади. Ҳозир Шулочонанинг ҳаёти ўз измига тушиб кетган бўлиши керак.
− Ўғлим, қизим тирик бўлганида эди, у бугун… − шундай дея кампир йиғлаб юборди.
Мен донг қотиб қолдим, ўзимни йўқотиб ғўлдирардим:
− Йўғ-е… У ўлди…
Биз бироз сукут сақлаб турдик. Сўнгра яна мен гап бошладим.
− Сиз ҳозир қаерда яшаяпсиз?
− Кўчада… Ҳа, ҳа, кўчада…
Гап нимадалигини тушундим. Ичим эзилиб, қандай аҳволга тушганим ёлғиз ўзимга аён. Тўғри, фақат бу кампир деб эмас. Мен унга бироз чой-чақа бериб, хайрлашмоқчи бўлганимда, у мени гапга тутди:
− Сени учратганим яхши бўлди. Бечора қизим, икки боласини менга ташлаб, ўзи бу оламни тарк этди. Болаларнинг бири ўн олти ёшда, иккинчиси эса ўн тўрт ёшда. Бу ёшимда икки бола билан қолишнинг қанчалик оғирлигини тасаввур қиласанми! Мўъжазгина уйчада яшаймиз, яқин орада у жойдан ҳам қувиб юборсалар керак. Ижара ҳақини тўлашга пулимиз йўқ. Ана шунинг учун ҳам “кўча”да яшаяпмиз деб айтяпман.
− Шулочона қачон вафот этди?
− Ҳадемай ўн тўрт йил бўлади. Ўшанда кичик ўғли икки ойлик эди. Қизимнинг вафотидан кейин ўғиллари мен билан қолган.
Кутилмаганда бир фикр ярқ этиб миямга келиб урилди. Шулочонани мен танисам-да, лекин асл ҳаёти мен учун жумбоқ эди. Ёш бўлганлигим сабабли ўша йилларда мен кўп нарсанинг асл моҳиятини тушуниб етмасдим. Соҳибжамол Шулочона мен учун абадий гўзаллик тимсоли бўлиб, шундайлигича қолган эди. Ҳозир эса унинг ҳаёти ҳақида батафсил билиб олишим учун имконият туғилганди.
Мен кампирга:
− Эртага соат бешда мени Шродханондо боғида кутинг, − дедим. − Турар жой муаммосини ҳал этамиз.
Кампир мени қўйиб юборгиси келмас, ҳозироқ бориб улар яшаётган кулбани кўришимни жуда хоҳларди. Хуллас, боришимга тўғри келди. Улар яшаётган хонани кўргач, бу ерда нафақат одам, балки ҳайвонни ҳам сақлаб бўлмаслигининг гувоҳи бўлдим. Деразасиз ертўлага ўхшаш пастак бир хона эди. Ҳатто ҳозир август ойининг ёмғирли, салқин куни бўлса-да, бу ерда нафас олиб бўлмасди.
Шу тоб Шулочонанинг келишган икки ўғли кириб келди. Айниқса, кичик ўғли келишган экан. Мен Шулочонанинг кўринишини унутаёзган бўлсам-да, фарзандларини кўргач, унинг ҳусни-жамоли яна кўз ўнгимда намоён бўлди. Улар сайёҳ гуруҳ билан бирга эканликларини − бири Кришна ролини ижро этишини, иккинчиси эса қўшиқ куйлашини сўзлаб бердилар.
Бахти қаро Шулочона!.. Бу гўзал аёлнинг икки ўғли ва онаси эндиликда қандай ночор ҳаёт кечиришга маҳкумлар-а! Хонадаги торгина ёғоч каравотнинг сирти қоп билан қопланган бўлиб, унинг устида увадаси чиққан ёстиқ бор эди, холос. Бу каравот уч кимсанинг ётадиган жойи бўлиб, қария ўртада, болалар эса унинг икки ёнида ётар эдилар. Хонада синган тувак, тақсимчанинг бир бўлаги, сопол кўзача бор эди, холос. Тортилган арқонда кир-чир латта-путталар осилиб ётарди, хонадаги бор нарса шулардан иборат эди. Наҳотки, бу хонанинг эгаси ташландиқ мана шу ўрадан уларни ҳайдаб чиқармоқчи бўлса?
Ҳикоямни давом эттиришдан аввал мен Шулочона билан қандай танишганимни ва у ҳақда нималарни билишлигимни сўзлаб бермоқчиман. Буларни айтмасам, ўқувчи учун кўп нарсалар тушунарсиз бўлиб қолиши мумкин.
2
Мактабни тугатгач, коллежга кириш мақсадида Калькуттага келдим. Бечу Чатужо кўчасида истиқомат қилувчи ҳамқишлоғимнинг уйига келиб тушдим. У пайт дўстимнинг акаси бакалаврликка имтиҳон топшираётган эди, унинг олдига Прокашчондро Бошу тез-тез қадам ранжида қилиб турарди. У жуда ғаройиб кимса эди. Айтишларича, у Бенгалиянинг бўлинишига қарши ҳаракатда фаол иштирок этгани учун полиция томонидан калтакланган бўлиб, госпиталь ва қамоқхонага тушиб чиққан эди. Унинг шахсан ўзи бомба ташлаганини аниқ билмасам-да, аммо Алипурдаги портлаш бўйича олиб борилаётган суд жараёни давомида у полиция назоратида бўлган. Прокаш баланд бўйли, бақувват, зийрак ва ақл билан иш қилувчи бола эди. У Калькуттадаги европача услубдаги қадимги ўқув юртларидан ҳисобланмиш Президенси коллежини тугаллаш арафасида эди. У коллежни яхши битирувчиларидан бири ҳисобланарди. Биз Прокашни жуда ҳурмат қилардик. У келганида ҳамманинг чеҳраси очилиб кетарди, айниқса, қизларни айтмайсизми! У уйимизга келган заҳотиёқ − Прокашга чой дамланглар, Прокашнинг орқасига ёстиқ қўйинглар, деган гаплар қулоққа чалинарди; Минни исмли қиз унга ўзи тўқиган нарсаларини кўрсатишга ошиқарди, Долли эса қийин уй вазифасини тушунтириб беришини илтимос қилиб, уни бизнинг ёнимиздан олиб кетар ва соатлаб у билан гап сотарди. Хуллас, Прокашни оиланинг барча аъзолари билан дўстлик ришталари боғлаб турарди. У атрофидагиларнинг ғазабини қўзғатмаслик учун ҳаммамиз билан очиқкўнгиллик билан гаплашар эди.
Баъзан Прокаш ўзи билан бирга қорачадан келган, кўзлари катта, тиббиёт коллежининг талабаси бўлмиш дўсти Шотиш Райни бошлаб келарди. Ўша кезларда ҳамма талабалар менга хушчақчақ ва ёқимтой бўлиб кўринардилар − улар келганида уй кулгу, қизғин суҳбатлару қўшиқларга тўлиб кетарди. Аммо дўстлар фақат хушчақчақлик билан кун ўтказмас эдилар, баъзида улар хонага қамалиб олиб, алланималар ҳақида сўзлашишар, шундай пайтларда эшик ва дераза ёнига келиб туриш ман этиларди.
Кунлардан бир куни ўзимни тиёлмай дўстим Шоротдан:
− Улар хонага беркиниб олиб нима қиладилар? − деб сўрадим.
Шорот шивирлаб:
− Ўртоқ, фақат ҳеч кимга айтма, улар анархистлар, – деди.
− Сенинг аканг ҳамми?
− Ҳа, уни ҳам гуруҳга қабул қилишган.
Барчалари хонада гаплашиб олишгач, уларда қандайдир бесаранжомликни сезардим. Анархистлар билан бир уйда эканлигимни ўйласам, этим жимирлаб кетарди.
Ана шу уйда мен Шулочонанинг онасини биринчи бор кўрган эдим. Мен ўз хонамда китоб ўқиб ўтирганимда ўрта ёшдаги нотаниш бир аёл хонамга бош суқиб, Прокашнинг бизникига келиш-келмаслигини сўради. У эгнига бевалар киядиган дағал матодан тикилган кийим кийиб олганди. У чамаси ўттиз беш-ўттиз олти ёшларда эди. Оқ танли бўлиб, ҳали ҳуснини йўқотмаганди. Мендан Прокаш бабу келиши мумкинлигини эшитгач, ёнимга келиб ўтирди-да:
− Ўғлим, сен ўқийсанми? − деб сўради.
− Ҳа, биринчи курсда ўқийман.
− Бу уй сенинг ота-онангникими?
− Йўқ. Бу уй дўстимнинг отасиники, мен улар билан яшаяпман. Сизни аёллар хонасига кузатиб қўяйми?
Шулочонанинг онаси билан танишиш мана шундай бошланганди. Тез орада мен ва дўстимнинг қариндошлари бева аёл бу ерга фақат Прокаш билан учрашиш учун келишини тушуниб етдик. Кейинчалик бу аёл Прокашдан пул олиб туриши маълум бўлди. У кўпинча бизнинг олдимизда ҳам тортинмай ундан пул сўрарди.
− Прокаш бобу, илтимос, ўн рупий бериб тур. Қизимга китоб олиб беришим керак, бўлмаса уни уришадилар, қизим мактабга боролмай қолади, – дерди у.
− Маълум бўлишича, бу беванинг қизи бор экан, − дедим дўстимга кунлардан бир куни. − Улар Прокашга ким бўладилар? Прокаш нега уларга пул беради?
− Унинг қизи мактабда ўқишини биламан. Айтишларича, қизи турмушга чиққан экан, аммо эри узоқда бўлганлиги сабабли у ҳақда ғамхўрлик қилмас экан. У онаси билан яшайди, Прокаш билан Шотиш эса уларнинг барча харажатларини кўтарадилар. Бу ҳақда менга акам гапириб берган.
− Нима учун Прокаш билан Шотиш уларни пул билан таъминлаб турадилар?
− Улар анархистлар-ку, улар учун, айниқса, Прокаш учун муҳими, ўз Ватанига ва халқига хизмат қилиш. Акамнинг айтишига қараганда, уйидан келадиган пулнинг кўпини у ана шу бева билан қизига бериб, ўзи биздан дам-бадам қарз олиб туради. Яна икки ўқувчисидан оладиган ўқитиш ҳақини ҳам уларга берар экан.
Менда бу аёл турли баҳоналар билан Прокашдан уялмай пул ундиради, деган фикр туғилди. У ҳамма вақт қизини баҳона қилиб келарди. Бугун униси йўқ, эртага бошқаси йўқ, деб танда қўярди. Пул олиши учун баҳоналари жуда кўп эди. Прокаш гўё сеҳрли хазинабон каби унинг ҳамма истакларини бажо келтириб, уларнинг ҳеч қачон илтимосини рад этмасди. Ичимда жуда жаҳлим чиқарди. Ўша вақтларда бу аёл ёш кўринарди, аммо мен уни ёмон кўриб қолганимдан кампир деб атардим.
Мен бир неча маротаба:
− Прокаш, улар сени шилишяпти, нега сен доимо уларга сўраган пулларини бераверасан, − деб айтишга чоғланардиму, аммо ундан ҳайиққанимдан айтмоқчи бўлган гапим ичимда қолиб кетаверарди, бу сўзларни айтишга менда журъат етишмасди.
3
Кунлардан бир куни Шулочона онаси билан бирга бизникига кириб келди. Унинг гўзаллиги ақли ҳушимни ўғирлади. Мен – қишлоқи бир бола шунча вақт шаҳарда яшаб, бундай соҳибжамолни умрим бино бўлиб учратмагандим. Кўринишдан қиз ўн олти-ўн етти ёшларда эди. Юзи сутга чайиб олингандек, шундай оппоқ эдики! Сочларини айтмайсизми, қоп-қора зулукдек бўлиб, елкасида қулф уриб турарди.
Шулочона бир зумда уйдагилар билан чиқишиб, дўстлашиб кетди ва бизникига тез-тез қадам ранжида этиб турадиган бўлди. У одатда Прокаш билан қарийб бир вақтда уйимизга келар, фақат йигит билан суҳбатлашар, унинг олдидан сира жилмасди. Одатда Прокаш ўтирган стулнинг ортидан ушлаганча тик турарди. У бу одатини тарк этганини мен сира эслай олмайман.
Прокаш кетгач, Шулочона бизларга тегишиб, шўхлик қила бошларди. Балки у бизни одам ўрнида кўрмаган бўлса керак. Мен дарс тайёрлаётган пайтимда бирдан у пайдо бўлиб қолар, қўлимдаги китобни юлиб, қочиб кетарди ёки орқадан пусиб келиб, қўллари билан кўзимни беркитганча маҳкам ушлаб турарди ё бўлмаса рўпарамга ўтириб олиб, арвоҳлар ҳақида сўзлаб беришимга мажбур этарди. Шундай пайтда қандай қилиб дарс тайёрлаб бўлади дейсиз.
− Ўқишни бас қилинг, юринг, томга чиқамиз! − дерди қиз.
Томда у турли хил ўйинларни ўйлаб топарди. Масалан, ўзининг қўғирчоғи билан Доллининг қўғирчоғининг тўйини дегандай… Кунлар шу зайлда ўтиб борарди.
Прокашнинг олдида эса Шулочона бошқа одамга айланиб қоларди. Оғир-вазмин, камгап бўлиб, деярли кулмас, нимадандир уялгандек тортиниб гапирарди. Мен кўпинча унинг хафа бўлиб юрганини кўрардим.
Прокаш уни Шу деб чақирарди, биз ҳам унга эргашиб Шулочонани Шу деб атай бошладик. Бир куни Шулочона тўсатдан Шотишга буйруғона шундай деб қолди:
− Мени бундай деб чақирманглар! Мен сизни Прокаш каби чақиришингизни истамайман!
Унинг бу гапидан жуда жаҳлим чиққани эсимда. Шулочонага қанча гуруч бериш ҳақида гап кетганида мен жаҳл устида, бу мағрур ва мақтанчоқ қизга ҳеч нарса бериш керак эмас, у умуман биз билан ўйнамаса-ўйнамас, деб юбордим.
Шу каби жанжаллар Шулочона иккимиз ўртамизда тез-тез бўлиб турарди. Шулочона бизникига келиб-кетишни канда қилмасди. Ҳамма қизни Прокаш келган куни келишига ўрганиб қолган эди.
Мен яна бир нарсани сезиб қолдим. Шулочона доим Шотишни кўрса, тескари ўгирилиб олар, у бўлса қизни жонидан ортиқ севарди. Дўстим Шоротнинг айтишича, она-боланинг барча харажатларини Шотиш ўз бўйнига олган экан. Лекин қиз Шотишни ёқтирмасди.
Ҳозир бир воқеани сўзлаб бермоқчиман. Кунлардан бир куни Шотиш келганидан кейин зум ўтмаёқ Шулочона онаси билан кириб келди. Қизнинг онаси Шотишдан қизи билан бирга Докхинешварга бориб келишни илтимос қилди.
− Амаки, йўқ деманг (қиз Шотишни амаки деб чақирарди), кетдик, мен ҳам сиз билан бирга бораман, − деди Шулочона.
Шотиш гўё ойни қўлга киритгандек мамнун жилмайди. Унинг чеҳраси очилиб кетди.
− Яхши, яхши, албатта бораман! − суюниб деди у. − Докхинешвардан биз Бораногорга ўтиб, Свами Одбхутанондо ибодатхонасини зиёрат қиламиз − бу Ганг дарёси соҳилидаги гўзал жойлардан бири ҳисобланади.
− Ундай бўлса бирйўла йигирма икки қудратга эга Шива ибодатхонасини ҳам зиёрат қилармиз? − деди Шулочонанинг онаси.
− Амаки, жуда зўр бўларди-да! − хитоб қилди қиз. − Тезроқ извошчини чақиринг.
Шотиш извошчини қидириб кетди, шу орада уларнинг ёнига Прокаш келиб қолди. Шулочона Прокашни ҳам ўзлари билан бирга боришини илтимос қила бошлади. Негалигини билмадиму, лекин Прокаш улар билан боришга рози бўлмади. Шунда Шулочона ҳам бормаслигини ва агар истаса, онаси усиз кетавериши мумкинлигини айтди. Шотиш арава топиб келди. Гап нимадалигини тушунгач, унинг авзойи бузилди. Прокаш Шулочонани кетишга увалло ундади, кўндира олмагач, қайсар Шулочонадан жаҳли чиқди. Аммо Шулочона ўз сўзида қатъий туриб олди. Шундай қилиб, бечора Шотишни Шулочонанинг онаси билан йўлга тушишдан ўзга чораси қолмади. Уларга дўстимнинг сингиллари ҳам қўшилиб олдилар. Шулочона эса Прокаш билан қолди.
Орадан икки йил ўтди, бошимдан кўп савдолар кечди. Мен дўстимнинг уйидан кетиб, коллеж ётоқхонасига жойлашдим ва шундан сўнг Шулочонани учратмадим. Коллежни тугатгунимга қадар мен на Шулочонани кўрдим ва на унинг онасини. Шотишни ҳам учратмадим. Уни полиция таъқибга олганди. Шунинг учун у турар жойини ўзгартиришга мажбур бўлганди.
Прокаш ҳам дом-дараксиз кетди. Уни охирги маротаба учинчи курсда ўқиб юрган пайтимда кўрган эдим. Бир йиллар ўтгач, Бенгалиянинг бўлинишига қарши ҳаракат вақтида полициячининг отган ўқидан ҳалок бўлганлигини эшитдим.
Орадан анча йиллар ўтди. Коллежни тугатгач, мен Калькутта яқинидаги бир ерга ишга жойлашдим. Кунлардан бир куни тўсатдан Ховра станциясида тушиб қолишимга тўғри келди. Уйга мен Шеялдохо орқали кетаётган эдим. У пайтларда Шеялдохо-Нортда поезд тўхтамасди. Ҳозир енгил машиналарнинг турар жойи бўлган вокзал ёнида қатор кичик қаҳвахоналар бўлиб, чой, шарбат ва бошқа егуликлар билан савдо қилинарди. Мен шарбат ичгани ичкарига кирдим, одам кўп. Улар орасида бир йигит ва яхши кийинган қиз эътиборимни тортди. Улар тик турганча сопол идишда шарбат ичмоқда эдилар. Қизга ўғринча қараб, унинг ёши йигирма иккиларда бўлса керак, деб хаёл қилдим. Қиз шундай соҳибжамол эдики, асти қўяверасиз! Унга фақат менгина суқланиб қарамаётган эдим, балки атрофдагилар ҳам унинг ҳусни-жамолидан кўз узолмаётган эдилар.
Беҳосдан қиз жилмайиб мен томон яқинлашиб кела бошлади:
− Ахир бу Жоду-ку! − деди кафтларини жуфтлаб менга таъзим қиларкан.
Қизнинг овозини эшитиб, мен унинг кимлигини танидим:
− Шулочона! Қаердан келяпсан? Бу ерга қандай келиб қолдинг? Ойинг қаердалар? Соғлиқларинг яхшими? Ҳозир нима иш қиляпсан?
Шулочона саволларимга жавоб бермай, гапимни бўлиб:
− Сен Прокаш ҳақида бирон гап эшитмадингми? − сўради энтикиб.
Прокашнинг ҳалок бўлганини билсам-да, унга бу ҳақда айтишга тилим бормади. У мени бир чеккага олиб ўтди-да, эски қадрдонлар ҳақида суриштириб кетди: Дўстим Шорот қаердалигини, унинг акаси Бинод нима иш қилаётганини, улар уйланишдими-йўқми, шулар ҳақида сўраб-суриштира бошлади.
Шулочона енгимдан тутиб:
− Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди, шунинг учун буни нишонлашимиз керак, юр, “Рая” меҳмонхонасига борамиз, − деди.
Шулочона худди ёшлик давридагидек ўзини эмин-эркин тутарди. У улғайган бўлса-да, болаларча қилиқлари, ўйламай-нетмай гапиришлари ҳали ҳам сақланиб қолганди. Кийган кийимига қараганда ўзига тўқ яшаши шундоқ кўзга ташланиб турарди: устида ҳаворанг ялтироқ ҳошияли сари, чиройли кофта, оёғига эса кумушранг гулдор туфли кийиб олганди. Нозик қўлларини тилла билакузук ва ингичка тасмали соат безаб турарди. “Агар ёш қизлар чиройли кийинмасалар, пардоз қилиб, атир сепмасалар, чиройли кўринадиларми?” Эгнидаги чиройли сариси Шулочонани янаям очиб юборганди, суҳбатдошимга суқланиб тикилар эканман:
− Енгимдан тортма. “Рая” меҳмонхонасида нима бор, яхшиси, трамвайга ўтириб, Коллеж-стрит кўчаси муюлишидаги “Национал” қаҳвахонасига борамиз, – дедим. Биз ҳойнаҳой шундай қилган ҳам бўлардик, аммо шу пайт Шулочонанинг ҳамроҳи уни чақириб қолди.
− Ҳадемай поезд келиб қолади, сен қаерга кетяпсан? − деди у буйруқ оҳангида соатига қараб қўяркан.
“У буйруқ бераяпти-ку! – ўйладим мен жаҳлим чиқиб. − Биродар, сен қаердан пайдо бўлиб қолдинг? Мен Шулочонани болалигидан танийман, у пайтда сен онангнинг қорнида эдинг. Энди унга буйруқ беряпсан-а!”
Илгаридан Шулочонанинг қўлидан ҳар қандай иш келишини яхши билардим − ҳозир бу яна бир бора тасдиқланди. Бечора Прокаш! Ана сенга Шулочонанинг муҳаббати! Ҳеч бўлмаганда Шулочона кабиларни… Қиздан нафратлана бошладим.
Ёш йигит Шулочона билан бирга станция томон кета бошлашди. Улар бир неча қадам босгач, Шулочона ўгирилиб:
− Мен Домдом ҳудудида яшайман. Йўлинг тушса, кириб ўт, − деди. − Онам жуда хурсанд бўладилар. Бизнинг уй Нореш Пала гулхонаси олдидаги қандолат фабрикасининг орқасида жойлашган.
Домдом ҳудудидаги Нореш Пала гулхонаси олдидаги уйни қидириб топишга на вақтим, на хоҳишим бор эди.
* * *
Кунлардан бир куни кечқурун Эспланада майдонидаги трамвай бекатида турган эдим. Трамвай келиб тўхтади. Вагонда Шулочона ўтирганини кўриб қолдим. У ойна олдида ўтирарди. Ўйлаб ўтирмай вагонга чиқдим-да, унинг ёнига бориб ўтирдим. Шулочона аввал бир чўчиб тушди, мени танигач, қувониб кетди.
− Қўрқитиб юбординг-а! Мен бўлсам вагонга сакраб чиқиб, ёнимга келиб ўтирган ким экан, деб ўйлабман! Кўришмаганимизга ҳам қанча йиллар бўлиб кетди-я! Охирги марта Шеялдохо станциясида учрашганимиз бўлди-да! Хўш, ишларинг қалай, яхши юрибсанми?
Трамвай Чадана муюлишига келиб тўхтаганини ҳам сезмай қолибмиз.
− Мен шу ерда тушаман. Тўқиш учун ип ва ўғлим учун ширинлик харид қилишим керак.
Мен ҳайратланганча ундан кўзимни узолмай турардим. Шулочона хижолат тортиб:
− Эримнинг қайтиб келганига бир йилча бўлиб қолди. Менинг яхши пул топаётганимни эшитиб, дарҳол югуриб келибди. Авваллари у мени излаб топишни хаёлига ҳам келтирмаганди, – деди.
− Ҳозир нима иш қиляпсан?
− Биласанми, Кемпбелда ҳамшира бўлиб ишлаяпман. Узоқ вақт ётоқхонада яшаб юрдим. Эрим қайтиб келгач, Домдом ҳудудига кўчиб ўтдим. Ўғлимни кўришни истайсанми?
− Майли, кейинги сафар кўрарман. Юр, бирон жойда чой ичайлик.
− Менга қара, сен боламга тоғаси ўрнидасан. Маржон олиб беришга қарздорсан-а!
Афтидан, Шулочона ҳам онаси каби совғалар ундириб олишга ўрганган, шекилли. Ҳозирги “туғишган” тоғаси жиянига бир неча рупий совға қила олади, холос. Қизиқ, менга бегона бўлган бола учун онасига нега маржон совға қилишим керак экан?
Биз устун чироғи тагига келиб тўхтадик. Гўзал Шулочонага тикилиб қарар эканман, аввалгидек ундан кўзимни узолмасдим. Бундай гўзал хоним билан қаҳвахонага бирга киришга иймандим, чунки ўша 1913 йиллари Калькутта кўчаларида аёллар кам кўзга ташланардилар. Мен тахмин қилгандек, қаҳвахонадагиларнинг барчаси Шулочонага еб қўйгудек қарай бошладилар. У бўлса парво қилмай, тўхтамай жаврарди − ахир у жим туролмасди-да.
− Ихтиёринг, − деди Шулочона. − Рост айтяпман, бизникига кирайлик, ўғлимни ҳали кўрмагансан-ку. Совғадан қочяпсанми? Уялмайсанми! Келишдик, сени биз шанба куни кутамиз, эшитяпсанми? Сени эрим билан таништириб қўяман.
Унинг ҳаёти сир-синоатга тўла эди: эри қаерда юргану қаердан келиб қолди. Бу ҳақда сўрашни жуда истасам-да, аммо журъат этолмадим. Бир нарсани аниқ билардим − Шулочона ёлғон гапирмаётганди. У ҳар вақт, ҳар қандай шароитда ҳам, ҳатто ўзига зиён келтирадиган шароитда ҳам тўғрисини айтарди-қўярди, шунинг учун унинг гапига ишондим.
Биз чой ичиб бўлгач, Шулочона учун керакли нарсаларни сотиб олиб, трамвай бекатига қайтиб келдик.
− Кетдик, Жоду! − деди Шулочона трамвай бекатига келиб тўхтагач.
− Кечирасан, Шулочона, бугун иложим йўқ. Ишларим кўп, боролмайман.
− Ишинг қочиб кетмайди, кетдик! − ранжиганнамо оҳангда деди Шулочона. − Сенга айтадиган гапларим кўп! Ўтмишим ҳақида яна мен ким билан ҳам гаплашишим мумкин?
Сўнг у ҳаяжонланиб:
− Прокаш ҳақида ҳеч нарса эшитмадингми? − деб сўради.
− Йўқ. Қаерданам эшитай, − дедим мен. Ичимда эса: “Сенга унинг ўликми-тириклигининг нима кераги бор”, деб қўйдим.
− У тирик, полициядан қочиб юрган бўлса керак. У ҳақда менга сендан бошқа ким ҳам гапириб бериши мумкин?
− Шотиш бобу қаерда?
− Амакимми? У уйланиб, уйда ўтириб қолди. Қўлидан нима ҳам келарди дейсан, ахир, у Прокаш эмас-ку!
Қўнғироқ чалинди.
− Жоду ростданам уйимизга бормайсанми? − унинг овозидан хафа бўлаётгани шундоқ сезилиб турарди. − Чиқ трамвайга! − қистади у мени.
У қўлимдан торта бошлади. Аммо мен трамвайга чиқмадим. Негадир оёғим тортмади. Устига-устак кечқурун ишга боришим керак эди, охирги поездга улгурмасам, ишга кеч қолишим тайин. Ишга кечикиш мумкин эмасди!
Ўшанда, бундан ўн етти йил муқаддам мен Шулочонани сўнгги марта кўриб турганлигимни қаердан ҳам билай?
4
Шулочонанинг онаси мени хиёбонда кутиб турарди. Мен унга яшаётган уйининг ижара ҳақини бериб:
− Хўш, энди менга ҳаммасини − бор ҳақиқатни айтиб беринг, кўп нарсадан хабарим йўқ, − дедим.
Вақт чошгоҳга яқинлашмоқда эди. Атрофимизда болалар шовқин кўтарганча арғимчоқ учардилар.
Мен воқеани эшитар эканман, ич-ичимдан уларга ачиниб кетдим.
Шулочонанинг онаси жуда ёшлигиданоқ бева қолган экан. Улар Бурдван мавзесида яшабдилар. Шулочона саккиз ёшга тўлгач, уни қўшни қишлоққа эрга берибдилар. Эрининг ёши ўн учдан-ўн тўртга қараб кетаётган экан. Куёв кўримсиз бўлгани учун, ёш қизалоқ уникига боришни истамабди. Устига-устак, боланинг хулқ-атвори ҳам ўзига яраша − ўжар ва калтабин экан. Куёв саккиз яшар хотинини дўппослаб, азоб бераркан. Ниҳоят, онаси ерини сотиб, қизи билан Калькуттага кўчиб ўтибди. Шу пайт Шулочона ўн ёшларда экан, онаси уни мактабга бермоқчи бўлибди.
Аммо ўша вақтларда қизлар ўқишмас экан. Онаси қизини у мактабдан-бу мактабга олиб бораркан, жамғариб қўйган пулларининг таги кўриниб қолибди, бироқ Шулочонани мактабга жойлаштиришнинг иложи бўлмабди. Бахтга қарши қиз ниҳоятда гўзал бўлиб, ташқи кўринишидан ўн уч яшар қизнинг нусхини бераркан. Устига-устак қиз ёвуз ниятли одамлар эътиборига тушибди. Кунлардан бир куни онаси уйига қайтиб келгач, қизига:
− Қизим, бизга бир чора − ўзимизни Ганг сувига ташлаш қолди, холос, бошқа йўл йўқ − сенинг номусингни сақлаш учун бундан ўзга иложимиз йўқ. Ҳимоячимиз ҳам йўқ, − дебди.
Кечқурун соат тўққизларда Шулочона:
− Онажон, қачонгача биз ўзимизни дарёга ташламоқчи бўламиз? − деган саволни берибди. − Юринг, Аннапурна соҳилига борайлик!
− Кейин борамиз, қизим. Ҳозир у ерда одам кўп.
Кечқурун соат ўнларда улар Аннапурна соҳилининг зинапояларидан тушиб борибдилар.
− Сен ўзингни чўктира оласанми? Бунга журъат эта оласанми? Айт, журъат эта оласанми? − қатъий сўрабди онаси қизидан.
Қиз мутлақо қўрқмабди.
− Сиз билан бўлса қўрқмайман.
Шу пайт Жамини Гхош исмли йигит соҳил бўйлаб ўтиб бормоқда эди. У бир оз очиқ ҳаводан нафас олай деб ташқарига чиққан экан.
− Сизлар ярим тунда бу ерда нима қилмоқчисизлар? − сўрабди у она-болага яқинлашиб. − Тинчликми?
Шулочона эсанкираб йиғлаб юборибди. Онаси эса йигитга бор гапни рўйи рост сўзлаб берибди. Жамини уларни ўз уйига олиб кетибди. У она-болани уйига жойлаштирибди. Она-бола бу ерда икки ҳафта осойишта ҳаёт кечирибдилар. Жамини инсофли йигит экан. Кунлардан бир куни йигитнинг дўстларидан бири бу воқеадан хабар топгач, унда она-болани кўриш истаги туғилибди, дўстининг уйига кирибди-ю, бу ердан кетгиси келмай қолибди. У дўстининг уйига деярли ҳар куни келадиган одат чиқарибди. Шулочона ундан ўзини олиб қочар экан. Унинг қадам товушини эшитгудек бўлса, аёллар хонасига кириб оладиган бўлибди. Шулочона унга Какатуя, яъни тўтиқуш деб лақаб қўйибди.
− Ойи, Какатуя ёмон одам. У қутичадаги тақинчоқларни кўрсатиб, мен билан кетсанг, шуларнинг барчасини сенга бераман, деди. Энди мен сира унинг олдига чиқмайман, – дебди.
− Бечора қизим, ундан эҳтиёт бўл, − дебди онаси. − Ҳамманинг кўзига кўринаверма. Биз камбағал одамлармиз, ишқилиб, хато қилиб қўймайлик-да.
Жаминининг Шотиш Рай исмли яна бир дўсти бор экан. Она-боланинг бошдан кечирган қийинчиликларини кўриб, у уларни ўз уйига олиб кетибди. Аммо бу ерда ҳам уларга тинчлик беришмабди. Шотиш ҳам қизга ошиқи беқарор бўлиб қолибди. Шотишнинг онаси Шулочонанинг турмушга чиққанлигини билса ҳам, уни ўз ўғли билан никоҳлаб қўйишни таклиф қилибди. Шулочонанинг онаси рози бўлса-да, аммо қизи бунга қаршилик қилиб:
– Неча маротаба эрга тегишим мумкин? Ҳаммангиз эсингизни еб қўйибсиз. Агар мени ўқишга жойлаштирмасангиз, унда, яхшиси, қайнотамнинг уйига олиб бориб қўйинг. Ўша ерда яшаб, ўша ерда ўлганим яхши! Ҳаётдан жуда чарчадим, − дебди.
Ва ниҳоят, кунлардан бир куни қиз Прокаш билан учрашиб қолибди. Прокаш дўсти Шотишникига қадам ранжида қилган экан. Талабалар Прокашни ўз дўсти деб атар эканлар. Лекин у полиция рўйхатида тураркан. Прокаш Шулочонанинг бошидан ўтган воқеаларни билгач, уни қизлар мактабига жойлаштириб қўйибди. Вақти-вақти билан келиб, унинг ўқишидан хабар олиб тураркан.
Шотишнинг борган сари Шулочонага муҳаббати орта бошлабди. У Шулочона билан учрашишга интилар, қиз бечора бир ҳовлида яшаётганларидан ҳеч қаерга қоча олмас экан. У Шулочонага қимматбаҳо совғалар ҳадя этаркан. Шулочона эса унга:
− Амакижон, нега менга қимматбаҳо совғаларни ҳадя этяпсиз? Бунинг тагида бир гап бўлмасин тағин! Мен совғаларингизни олмайман, − деркан.
Шулочона онасига:
− Ойижон, ҳаётим давомида турли хил одамларни кўрдим, аммо Прокашдек инсонни ҳали учратмадим, у мутлақо бошқа одам. Ўйимнинг тагига етолмайман, у инсонми ёки фариштами? − дер экан.
Қайсидир байрам муносабати билан Шотиш Шулочонага қимматбаҳо сари, Прокаш эса оддий қўлда тўқилган сарини совға этибдилар. Шулочона Прокашнинг совғасини олиб, қувончдан боши осмонга етибди. Шотиш совға қилган сарисини у аҳён-аҳёнда кийса, Прокаш совға қилган оддий сарини эгнидан ечмас экан.
Кунлардан бир куни Шулочона Прокашга Шотишнинг қилаётган шилқимлигини айтиб берибди.
− Сизлар бундан буён унинг уйида қолмаслигингиз керак, − дебди Прокаш. − Бу ерда яшаб туриб, ўқишинг қийин кечади. Бошқа хонадонга кўчиб ўтишингиз керак. Сизларга ўзим ёрдам бериб тураман.
Бир оз наридаги жинкўчада Шулочонанинг узоқ қариндоши рафиқаси билан истиқомат қиларди. Улар ўша ерга кўчиб ўтишга аҳд қилдилар. Шотишнинг хонадонини тарк этатуриб, Шулочона эгнига Прокаш совға қилган сарини кийди. Шотиш совға қилган барча қимматбаҳо кийим ва тақинчоқларни Шотишнинг уйида қолдириб кетди.
Қаттиқ ранжиган Шотиш бирон бир кимса билан, ҳатто Прокаш билан ҳам учрашишдан ўзини олиб қочиб юрди.
Онаси Шулочонани койиб:
− Сен нега Шотишни хафа қилдинг? Уни бекорга қийнаяпсан? − дерди.
− Бир оз қийналса, ақли киради. Тўғри, биз камбағалмиз, лекин бундан буён ундан ҳеч нарса олмайман.
Ранжигани бир оз ёдидан кўтарилгач, Шотиш яна Шулочонанинг ёнига қатнай бошлади, ҳар сафар унга бирон нарса олиб келарди.
− Амаки, нега ҳадеб келаверасиз? Мен сизга ишонмайман. Сиз фақат ўз манфаатингизни ўйлайсиз. Буларнинг барчаси менга ёқмайди. Очиғи, сиз Прокашдан ибрат олсангиз яхши бўларди.
Ниҳоят, Шотишнинг сабр косаси тўлиб:
− Хўш, қани айтгин-чи, нима қилсам кўнглингни оламан? − деди. − Айт, ростини айт…
− Тезроқ уйланинг, амаки. Ана шунда мен хурсанд бўламан, − унинг гапига жавоб қайтарди Шулочона. − Агар мени хурсанд бўлсин десангиз, ўзингизга қаллиқ топиб, уйланинг.
Прокаш Шулочоналар истиқомат қилаётган уйдан қадамини узибди, Шулочонанинг ёнига дўсти келиб туришини сезиб қолибди, қиз эса Прокашнинг уйига борадиган бўлибди.
Шу пайтларда Алипурда фитначи-анархистларга қарши кураш бошланиб кетганди, қандай қилиб Прокашнинг бу ишга аралашиб қолганини Шулочонанинг онаси менга тушунтириб беролмади. Прокаш дом-дараксиз кетибди. Шулочона ўзини қўярга жой тополмаётганини кўрган онаси Прокаш ўқийдиган коллежга борибди. У ерда Прокаш анчадан буён дарсга келмаётганини айтишибди.
Орадан олти ой ўтгач, Прокаш кўп ширинликлар билан уларникига ташриф буюрибди. Йигитнинг келганини билган Шулочона ҳамма ишини ташлаб, у томон ошиқибди.
− Прокаш бабу, шунча вақтдан бери қаерларда юрган эдингиз? Нега кўринишингиз бир ҳолатда!
− Мендан ҳеч нарса сўрама, Шу. Энди менинг ишим чатоқ. Полиция кетимдан изма-из кузатиб юрибди. Эҳтимол, сизларникига бошқа келолмасам керак. Балки сизлар билан бошқа кўришмасман ҳам, − деди Прокаш хайрлаша туриб. − Айт-чи, Шу, сен мени ёмон сўзлар билан эсламайсанми?
− Мен сизни жон-дилдан яхши кўраман, − деди Шулочона Прокашга. − Эҳ, негаям эрга текканман, сиз билан бахтли бўлган бўлардим… Пойингизни ола туриб, шуни онт ичиб айтаманки, бошим очиқ бўлганида сизни шундай оғир аҳволда асло ёлғиз ташлаб қўймаган бўлардим… − Шулочона шундай дея йиғлаб юборди.
− Қизим ҳеч қачон кўз ёши қилмаганди, − ҳикоясини тугатаркан деди бева аёл. − Мен қизимнинг йиғлаётганини кўриб қолдим. У Прокашдан имконият бўлиши билан ўзи ҳақида хабар бериши ваъдасини олди.
Прокаш шу кетганича дом-дараксиз кетди.
− Кейин нима бўлди? − сўрадим мен. − Сизларнинг ҳолингиз нима кечди?
− Прокаш шу кетганича қайтиб келмади. Ҳикоямнинг давомини эшит. Қизим ва мен бошимиздан қанча қайғули кунларни ўтказганимизни айтсам, ишонмайсан. Бахти қаро қизим, гўзаллиги сабаб Калькуттада эсини йўқотиб қўяёзди. Сен билан учрашиб қолганини менга сўзлаб берганди.
− Ҳа, мен қизингиз билан учрашган эдим, − дедим. Шу тобда яна йигирма йил аввалгидек қаршимда худди тирик Шулочонанинг гўзал сиймоси намоён бўлди. Катта шаҳло кўзлари, қалин зулукдек қоп-қора сочлари ва мафтункор қилиқлари-ю жон олғувчи кулишлари…
Ўша пайтлари ёшлигимга бориб мен ҳеч нарсани тушунмаган эканман; тажрибасизлигим учун Шулочона менга ўжар ва тантиқ қиз бўлиб кўринган экан. Нафақат мен, дўстимнинг уйидагиларнинг ҳаммаси Шулочона ҳақида шу фикрда эдилар. Мен бўлсам бировнинг гапига ишонган эканман. Энди мен марҳум Шулочонадан уни тушунмаганим учун кечирим сўраб турибман. Шулочона Прокашни жон-дилдан севган, севгисига шунчалар содиқ эканлигини билмабман-а!
Она ҳикоясида давом этди:
− Прокаш кетганидан сўнг, у кечгача йиғлади, қимирламай дераза ёнида ўтирарди. Шотишни кўргани кўзи йўқ эди. Биз уйнинг ижара ҳақини ўз вақтида тўлай олмаганимиз учун у ердан ҳайдаб чиқардилар. Калигхатдаги бир кичик кулбага кўчиб ўтдик. Кунлардан бир куни рожа номидан қандайдир одам келиб, бизга ўн минг рупия ҳадя этди. Унинг айтишича, пул юборган жаноб Шулочона гапга кўнса, уни тиллага кўмиб ташлашга ваъда берганмиш.
− Ойи, мен сочимни кесиб ташлайман, сабр косам тўлди, − деди Шулочона жаҳли чиқиб.
− Аблаҳлар, мен уйда йўқлигимни билиб, уйни қуршаб олибдилар-да. Тавба, Калькуттада шундай ишлар бўлишига ақлинг бовар қилмайди. Қизим устидан керосин қуйиб, ўзини ёқиб юбормоқчи бўлибди. Мен ўз вақтида келиб қолибман, одамларни ёрдамга чақирдим. Разиллар қочиб кетишди.
− Шотиш сизларникига келиб турармиди? − сўрадим мен.
− Ҳа, келиб турарди, қизимга билдирмай менга пул ташлаб кетарди. Қизим уни кўрарга кўзи йўқ эди. У билан дурустроқ гаплашмасди ҳам. Хатларига жавоб ҳам ёзмасди. “Уни уйга киритманг, деб тайинларди менга. Нега у бизга пул беради? Нега биз у берган садақага яшашимиз керак? Агар биз унинг садақасини олмасак, у уйланиши мумкин”, дерди қизим мендан ранжиб.
− Кейинчалик бизга оқкўнгил, ёши улуғ шифокор учраб қолди. У қўшнимиз эди. У Шулочонани тиббиёт коллежининг ҳамширалар курсига жойлаштириб қўйди. Қизим ўқишни тугатгач, ўша шифокорнинг касалхонасида ишлай бошлади. Бир куни қизим менга:
− Ҳамма ер ҳам бир гўр экан, − деди. − Энди мен у ерда ишлолмайман. Кетишимга тўғри келади.
Орадан икки ой ўтгач, Шулочона Кемпбелдаги касалхонага ишга жойлашди. Ўшанда биз Потолдангда истиқомат қилардик. Мен ҳар куни қизимни кутиб олиш учун касалхона эшиги олдига кечқурун соат ўн бирда келиб турардим, биз уйга бирга қайтардик. Аммо бу ерда ҳам бизни бахтсизлик кутиб турган экан. Шифохонадаги санитар аёллар Шулочонанинг соҳибжамоллигини достон қилибдилар. Кўплар унга ошиқи беқарор бўлиб қолибдилар. Бу хушторлар қизимнинг кўнглини овламоқчи бўлганларида, у аблаҳларнинг қўлларидан зўрға қочиб қутулибди.
− Агар Прокаш қайтиб келганда, менинг азоб чекаётганимни кўрганда эди! Лекин мен уни ранжитадиган бирон-бир иш қилмаган бўлардим. Ойижон, сиз шу ерда ёлғиз яшайверинг. Мен касалхона қошидаги ётоқхонага кўчиб ўтаман, − дебди у онасига.
Шулочона ўз айтганини қилди. Ётоқхона қоровулига уни кўриши мумкин бўлган икки кишининг номини айтди: бири эри, иккинчиси Прокаш. Шулочона ҳамон Прокаш қайтиб келишидан умидвор эди.
− Прокашдан хат олиб турармидингиз? −сўрадим мен.
Она оғир хўрсинди:
− Бирорта ҳам хат келмади… Қизим фақат Прокаш ҳақида ўйларди ва унинг қайтиб келишига ишончи комил эди. Қизим мен билан сирлашарди. У Домдомда келиб-кетувчилар учун меҳмонхона очмоқчи эканлигини айтди. Онаси қизининг гапига ҳайрон бўлиб:
− Келгиндилар учун меҳмонхона? − дея сўради ажабланиб.
Қизим айтган гапини бажармай қўймасди. Меҳмонхонага келувчилар рўйхатига биринчилар қаторида Прокашни киритиб қўйди. У меҳмонхонани очишга очди-ку, лекин Прокаш ҳаётми, йўқми, билмасди.
Кемпбелда эрининг қишлоғидаги бир бемор даволанаётган эди. У қишлоққа қайтиб боргач, куёвимга биз ҳақимизда сўзлаб берибди, шундан сўнг у келиб биздан кечирим сўради. Бизни ҳимоя қилувчи ҳеч ким йўқ деб, уни қабул қилишга мажбур бўлдик, чунки қизимнинг соҳибжамоллиги сабабли ён-атрофдагилардан бизга тинчлик йўқ эди. Суянадиган дўстларимиз йўқ, атрофдагиларнинг барчаси душман эди. Бугун дўст бўлиб турганлар эртага душман бўлиб қолардилар. Қизим эри билан Домдомда яшай бошлади. Ким келмасин, барчани ширин муомала билан кутиб олардик, шунинг учун ҳам уйимиз мусофирхонага ўхшаб кетарди.
− Ҳойнаҳой, мен ўша кезлари Шулочонани учратган бўлсам керак. − Мен бу ҳақда қизнинг онасига сўзлаб бердим.
− Ҳа, ҳа, − деди аёл, − қизим менга айтганди. У шифохонадан бўшаб, хусусий фаолият кўрсата бошлади. Мўмайгина пул топарди. Шу орада икки ўғил кўрди. Куёвнинг қишлоқда катта қарзи бор экан. Уларни ҳам Шулочона тўлади. Бахтсиз кунларнинг бирида бир бегона кимса келиб Прокашнинг ўлгани ҳақида хабар берди. Қизим бу мудҳиш хабарни эшитиб, ҳушидан кетди. Ўшандан буён юрагида бир дард пайдо бўлди. Охири шу дард уни олиб кетди. Прокашнинг ўлимидан кейин Шулочона олти ой яшади, холос.
Биз узоқ вақт сукут сақлаганча жим ўтирдик.
− Мен зиёратгоҳларга боришни ният қилгандим, − ғўлдиради кампир, − шунинг учун ҳам қизимни эрта турмушга берган эдим. Орзуларим амалга ошмади. Қизим бу дунё ташвишидан қутулиб кетди, лекин мен-чи, қариган чоғимда невараларимни боқишимга тўғри келаяпти. Эрини ичкилик балосидан қутқарди, куёвим ҳам вафот этди. Мен ҳам бандаликни бажо келтирсам, болалар ғирт етим бўлиб қоладилар. Улар қаёққа борадилар? Нима қиладилар, кечаю-кундуз шуни ўйлаганим-ўйлаган. Кўчада қоладилар-да. Яхши кунларни ҳам кўрганмиз. Бундан хабаринг йўқ. Ўз уйимиз ҳам бўлган… Шулочона мўмайгина пул топарди. Барча анжомларни дидига мос қилиб сотиб оларди. У яхши кийинарди, ўзинг шоҳиди бўлибсан-ку. Ўзига ёқмайдиган нарсаларни уйида сақламасди. Қизимнинг вафотидан сўнг жамғармамиз куёвимнинг қўлига ўтиб қолди. У одамлардан устама ҳақ олиб, қарз берарди. Охирги битим бизни хонавайрон қилди. У Ховрдаги уй учун икки минг рупий берди-ю бандаликни бажо келтирди. Бу битимнинг ҳужжатлари ҳали ҳам менда сақланиб турибди, аммо саводсиз бўлсам, уларни нима ҳам қилардим, ўғлим?
−Ҳа, орадан ўн тўрт йил ўтибди, улар энди яроқсиз. Улар ўз қийматини йўқотган.
Дабдурустдан эслаб қолдим:
− Уни вокзалда учратганимда ёнида бир ёш йигит бор эди. Унинг кимлигини биласизми?
− Озғин, қорачадан келган йигитми? Унинг қайниси эди. Домдомда биз билан яшаганди.
Мен катта хатога йўл қўйганимни жуда кеч тушундим! Шулочонага нисбатан мен ноҳақ бўлган эканман! У кўчаларда бир ўзи юришига тўғри келган, ўша вақтларда аёлнинг ёлғиз юриши ман этилганди. Шунинг учун ҳам у ҳақда турли хил миш-мишлар болалаб кетганди. Раҳмдил ва меҳрибон Шулочона бир умр амалга ошмайдиган орзу-умидлари ила севгилисини беҳуда кутарди.
Ҳар сафар Кемпбел шифохонаси ёнидан ўтиб кетаётганимда соҳибжамол Шулочонанинг ҳаёти ёдимга тушаверади.
Рус тилидан Назира Жўраева таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон