ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:
ВАН – мешкоб
УЧ ФАРИШТА
ШОЙ ДА (ШЕН ДЕ)
ЯН СУН – ишсиз учувчи
ЯН ХОНИМ – унинг онаси
БЕВА ШИН
САККИЗ КИШИДАН ИБОРАТ ОИЛА
ДУРАДГОР ЛИН ТО
УЙ ЭГАСИ МИ ДЗЮ ХОНИМ
ПОЛИЦИЯЧИ
ГИЛАМФУРУШ
УНИНГ ХОТИНИ
ҚАРИ ФОҲИША
ЁШ ФОҲИША
САРТАРОШ ШУ ФУ
БОНЗА
ОФИЦИАНТ
ИШСИЗ
ПРОЛОГДА ЙЎЛОВЧИ-ЎТКИНЧИЛАР
Воқеа ярим европалашган Сичуан марказида кечади. Ер юзида одамни одам эксплуатация қиладиган ҳамма жойлар Сичуан вилояти тимсолида умумлаштириб олинган, Сичуан ҳозир шундай жойлар сирасига кирмайди.
ПРОЛОГ
Сичуан марказида бир кўча. Оқшом. Мешкоб Ван томошабинларга ўзини танитади.
ВАН. Мен шу ерлик мешкоб – Сичуан марказида сув сотаман. Касбим оғир. Сув камайса, олисдан ташиб келишга тўғри келади. Сув камайса, чақаси оз тушади. Умуман вилоятимизда йўқчилик авжига чиққан. Ҳамманинг умиди фақат фаришталардан, ҳамма шундоқ дейди. Энди менинг севинчимни тасаввур қилаверинг, қорамол билан савдо қилувчи ошнам – у ҳар гўрда бўлади – айтдики, бир неча машҳур фаришталар йўлга чиқишганмиш. Улар Сичуанга ҳали замон келиб қолишса, ажабмас. Кўкка кўтарилаётган арзу додлардан осмону фалак ҳам ташвишга тушганмиш. Мана, мен сирасига учинчи кун, айниқса, оқшомлари меҳмонларга биринчи бўлиб пешвоз чиқиш учун ана шу шаҳар дарвозаси олдида тураман. Бу ишни орқага суролмайман. Нега десангиз, уларни олий мартабали зотлар дарров ўраб олишади, кейин яқинлашиб бўлмайди. Ҳа, дарвоқе, уларни қандай қилиб таниб олсам экан? Бир йўла ҳаммаси келишмаса керак. Жудаям эътиборни тортмаслик учун битта-битталаб келишса керак. Манавилар фаришталарга ўхшамайди, ишдан қайтишаяпти. (Ён веридан ўтаётган ишчиларга тикилиб қарайди) Юк ташийвериб, елкалари қапишиб кетган. Манави-чи? Қанақасига фаришта бўлсин – бармоқлари сиёҳга ботган. Нари борса, цемент заводида хизматчидир. Ҳаттоки, мана бу икки жаноб ҳам… (Ёнидан иккита эркак ўтади) чамамда, фаришта эмас. Юзлари, бировларни уриб-калтаклашга ўрганган одамлардек бешафқат, фаришталарга бировларни уриб-калтаклашнинг нима ҳожати бор! Мана, тағин учтаси! Булар – бошқа гап. Миқти гавдали, бир иш билан машғул бўлишгани ҳам маълум эмас, кавушлари чангга ботган, демак, олисдан келишаяпти. Ўшалар, ўшаларнинг худди ўзи! О, оқилу донолар, амрингизга мунтазирман!
(Тиз чўкиб, ер ўпади).
БИРИНЧИ ФАРИШТА (қувониб). Бизни бу ерда кутишаяптими?
ВАН (уларга сув тутиб). Кўпдан кутишаяпти. Аммо ташрифингиздан ёлғиз хабардор – мен.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тунаш учун бизга жой керак. Балки сен айтарсан, қаерда тунасак бўлади?
ВАН. Қаерда дейсизми? Истаган жойингизда! Бутун шаҳар изму ихтиёрингизда, оқилу донолар. Қаерни хоҳлайсиз?
Фаришталар бир-бирларига маъноли қарашади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Масалан, энг яқин уйга жойлаша қолсакмикин дейман, ўғлим! Энг яқинига жойлашишга бир уннаб кўрайлик!
ВАН. Мен боёнларимиздан биттасининг уйини танлаб, бошқасидан балога қолмасам эди, деб қўрқаман.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бас, шундоқ экан, сенга амр этамиз, энг яқинидан бошлайвер!
ВАН. Бу уйда Фо жаноблари яшайдилар! Бир дақиқа сабр… (Югурганча уй ёнига бориб, эшикни қоқади)
Эшик очилади, лекин Ван рад жавоби олгани маълум бўлади. У чўчинқираб, изига қайтади.
ВАН. Омадимиз келмади! Фо жаноблари уйда йўқ эканлар, хизматкорлар у кишининг буйруғисиз бирор иш қилишолмайди, хўжайинлари бағоят қаттиққўл! Ўзлари ҳам эшикдан кимларнинг қайтиб кетганини эшитиб, роса жаҳлга минсалар керак, шундоқ эмасми?
ФАРИШТАЛАР (кулимсираб). Албатта.
ВАН. Яна бир дақиқа сабр! Шундоқ ён томондаги уй бева хоним Суга тегишли. У жуда хурсанд бўлади. (уйга қараб югуради, аммо, афтидан, яна рад жавобини олади) Мен яхшиси нариги томонга ўта қолай. Бева битта ҳужрам бор, у ҳам ивирсиб ётипти, дейди. Мен ҳозироқ Чен жанобларига мурожаат қиламан.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бизга кичик ҳужра ҳам бўлаверади. Айт, биз ўшани ижарага оламиз.
ВАН. Ҳатто ивирсиган, ичи тўла ғиж-ғиж ўргимчак бўлса ҳам-а?
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Зиёни йўқ! Ўргимчак бор жойда пашша бўлмайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (очиқ чеҳралик билан Ванга). Ўғлим, жаноб Ченми ёки бошқа бировнинг эшигига борақол, ростини айтсам, ўргимчакларни жиним суймайди.
Ван қай бир эшикни қоқиб ичкари киради.
УЙ ИЧИДАН ОВОЗ. Фаришталарингни бошимга ураманми! Шусиз ҳам ташвишим ошиб ётипти!
ВАН (фаришталарнинг ёнига қайтиб). Чен жанобларининг кайфияти бузуқ, уйи тўла қариндошлар, у сизга кўринишга истиҳола қилаяпти, азизлар. Чамамда, бу албатта ўзаро гап, улар орасида ёмон одамлар борга ўхшайди. У ўшаларни кўриб қолишингизни истамайди шекилли. Қаҳри-ғазабингиздан қўрқади. Ҳамма бало шунда.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Наҳотки биз шу қадар даҳшатли бўлсак?
ВАН. Ёмонлар учун даҳшатлисиз, шундоқ эмасми? Мана, масалан ўн йилдирки Кван вилоятини сув босиб, халойиқ зарар кўради, сабабки, Худонинг қаҳрига учраган!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Йўғ-ей? Нега энди?
ВАН. Негаки, у ерда нуқул даҳрийлар яшайди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бекор гап! Тўғриси, улар тўғонни тузатишмаган.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Секинроқ! (Ванга) Ўғлим, сен ҳали ҳам умид қиласанми?
ВАН. Шундоқ дегани қандай тилингиз боради? Яна битта уй нарига ўтсак, бас, олам гулистон, сиз учун ётоқ муҳайё. Ҳамма кўзи тўрт бўлиб сизни кутиб турипти. Фақат омад келмаяпти, холос, тушундингизми? Хўп, мен югурдим! (Секин нари кетади ва қаёққа боришини билмай, кўча ўртасида қаққайиб туриб қолади)
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, мен айтмабмидим?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Барибир, фикри ожизимча, бу оддий бир тасодиф.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Шун вилоятида тасодиф, Кванда тасодиф ва Сичуанда тасодиф. Ер юзида энди ҳеч ким Худодан қўрқмайди – сиз ана шу ҳақиқатни тан олишдан қўрқасиз. Иқрор бўлаверинг, ишингиз чиппакка чиқди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Биз ҳали яхши кишига дуч келишимиз мумкин. Ҳар дақиқада! Дафъатан чекиниш ярамайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Қарорда нима дейилган эди: инсон деб аталишга лойиқ инсонлар ерда етарли экан, дунё дунёлигича қолади. Мешкоб, янглишмасам, ана шундай инсонлардан. (Ҳамон аросатда турган Ванга яқинлашади)
ИККИНЧИ ФАРИШТА. У янглишди. Мешкоб ҳали бизга сув тутганида, мен бир нарсани пайқаган эдим. Мана унинг кружкаси! (Уни биринчи фариштага кўрсатади)
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тагида яна тагламаси бор.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Қаллоб!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Майли, бу ҳисобга кирмайди, битта нотавон учраса, нима қипти? Биз ҳали инсонга муносиб ҳаёт кечиришга қодир бўлганларни албатта учратамиз. Биз уларни учратишимиз шарт! Мана, икки минг йилдирким, фарёду фиғонлар фалакнинг қулоғини қоматга келтиради, шундоқ давом этавериши яхши эмас! Бу дунёда ҳеч кимса яхши одам бўлолмайди! Биз, ниҳоят, илоҳий фармойишларга амал қиладиган инсонларни топиб кўрсатишимиз керак.
УЧИНЧИ ФАРИШТА(Ванга). Балки, бошпана топиш жудаям мушкулдир?
ВАН. Сиз учун мушкул эмас! Узр! Дарҳол топилмаганига айбдор – мен, ёмон излаяпман.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Гап, албатта, бунда эмас. (Изига қайтади).
ВАН. Улар пайқаб қолишди. (Ўткинчига) Муҳтарам жаноб, безовта қилаётганим учун афу этасиз. Биласизми, Сичуан халқи шунча йиллардан буён ана келади, мана келади деб орзиқиб кутаётган уч қодир фаришта ниҳоят қадам ранжида этишди, улар бошпанага муҳтож. Ҳой, сабр қилинг! Ишонмасангиз, мана, ўзингиз кўринг! Бир қарасангиз, кифоя! Худо ҳақи, ёрдам қилинг! Омадингиз келипти, фойдаланиб қолинг! Бошқалар илиб кетмасидан олдин фаришталарни уйингизга таклиф қилинг, рози бўлишади.
Ўткинчи йўлида давом этади.
(Бошқа бир ўткинчига мурожаат қилади). Муҳтарам зот, эшитдингизми? Балки сизда бошпана бордир? Кошона бўлиши шарт эмас. Ҳамма гап – яхши ниятда.
Иккинчи ўткинчи. Фаришталаринг қанақа фаришта ўзи, пешонасига ёзиб қўйганми? Уйимдан жой бериб, балога қолиб ўтирмай тағин. (Тамаки дўконига киради).
ВАН(югурганча, фаришталар ёнига қайтади). У рози бўладиганга ўхшайди. (Ўз кружкасининг ерда ётганини кўриб, фаришталарга ҳайрон бўлиб қарайди, сўнг кружкани қўлига олиб, яна югурганича кетади.)
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу жилла хушхабар эмас.
ВАН(тамаки дўконидан чиқиб келган ўткинчига). Хўш, бошпана берасизми?
Иккинчи ўткинчи. Уйим борлигини қаёқдан биласан, балки меҳмонхонада яшарман?
БИРИНЧИ ФАРИШТА. У барибир топа олмайди. Сичуанни ҳам рўйхатдан ўчиришга тўғри келади.
ВАН. Уч қодир фаришта! Ишонинг, сўзларим чин! Ибодатхонадаги ҳайкалларнинг худди ўзи! Агар фурсатни бой бермай, уларнинг олдига бориб, таклиф этсангиз, балки рози бўлишар.
Иккинчи ўткинчи (кулиб). Сен жойлаштирмоқчи бўлган кимсалар пихини ёрган муттаҳамлар бўлса керак. (Кетади).
ВАН (унинг ортидан сўкиниб). Муттаҳам чайқовчи! Худодан қўрқмайсанми? Бағритошлигинг учун жаҳаннам оловида ёнасан! Фаришталар сендақаларга тупуришади! Шошма, ҳали пушаймон ейсан! Етти уруғингга қадар жазога дучор бўласанлар! Сендақаларни деб бутун Сичуан маломатга қолди. (Пауза) Энди ёлғиз Шен Де қолди, у “йўқ” деёлмайди-ку. (Чақиради) Шен де!..
ШЕН ДЕ юқоридаги дераза ойнасидан қарайди.
Улар келиб қолишди, мен уларга бошпана тополмаяпман. Сен бир кечага қабул қилолмайсанми?
ШЕН ДЕ. Қабул қилолмасам керак, Ван. Мен меҳмон кутаяпман. Наҳотки, сен уларга бошпана тополмадинг?
ВАН. Ҳозир бу гапнинг мавриди эмас. Бутун Сичуан – бошдан-оёқ маразлар макони.
ШЕН ДЕ. Бўлмаса-чи, у келса, мен бекиниб тураман. Шунда балки кетиб қолар. Шу етмагандай, мен билан сайр қилишни ҳам истаб қолипти.
ВАН. Биз тепага чиқиб турсакмикин-а?
ШЕН ДЕ. Фақат баланд овозда гаплашманглар. Улар билан очиқчасига гаплашса бўладими?
ВАН. Худо асрасин! Улар сенинг ҳунаринг тўғрисида ҳеч нарса билмасликлари лозим. Йўқ, яхшиси, биз пастда кутиб турамиз. Ҳойнаҳой, сен у билан кетиб қолмайсанми?
ШЕН ДЕ. Ишим чатоқ, эртагача ижара ҳақини тўламасам, мени уйдан ҳайдашади.
ВАН. Шундай пайтда ҳисоб-китоб қилиб ўтиришинг яхши эмас.
ШЕН ДЕ. Қайдам. Афсуски, подшомизнинг туғилган кунида ҳам қорин қурғур қулдирайверади. Ҳа, майли, уларни қабул қиламан.
У чироқни ўчиради.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Афтидан, яна омадимиз юришмади.
Фаришталар Ваннинг ёнига келишади.
ВАН (ортида турган фаришталарни кўриб, сесканиб тушади). Бошпана топилди. (Юзидаги терларни артади).
Фаришталар. Ростми? Ундоқ бўлса, бора қолайлик.
ВАН. Бирпас сабр қилинг. Ҳужрани йиғиштириб бўлишсин.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бўлмаса, шу ерда кута турамиз.
ВАН. Бу ер серқатнов жой экан. Яхшиси, нариги томонга ўта қолайлик.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Биз одамларга разм солиб қарашни яхши кўрамиз. Нафсиламрни айтганда, бу ёққа келишимиздан ҳам муддао шу.
ВАН. Тўғрику-я, лекин бу ер елвизак жой экан.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. О, биз чиниққан одамлармиз.
ВАН. Балки сиз тунги Сичуанни томоша қилмоқчидирсиз? Жиндак сайр қилиб келмаймизми?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бугун биз етарлича йўл босдик. (Кулимсираб). Бордию бу ердан кетишимизни истасанг, буни очиқ қилиб айтавер.
Нари кетишади.
Хўш, энди хурсандмисан?
Улар бир уйнинг зинапоясига бориб ўлтиришади.
ВАН(улардан бир неча қадам нарида, ерга ўтиради, нафасини ростлаб). Сиз кимсасиз бир қизникида турасиз. Сичуанда у яхши одам саналади.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Жуда соз!
ВАН(томошабинларга). Мен кружкамни олганимда улар менга ғалати қилиб қарашди. Пайқашган бўлса-я? Мен энди уларнинг кўзига қандай қарайман?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Жуда чарчабсан.
ВАН. Ҳа, сал-пал. Югур-югурдан…
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, бу ерда одамлар ёмон яшашадими?
ВАН. Яхшилар ёмон яшашади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА(жиддий). Сен ҳамми?
ВАН. Нима демоқчисиз, мен билиб турибман. Мен яхши одам эмасман. Аммо менга ҳам осон тутманг.
Шу орада Шен Де уйи олдида бир эркак пайдо бўлади. У бир неча бор ҳуштак чалади. Ван ҳар гал бир сесканиб тушади.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (Ванга секин). Назаримда, у кутмасдан кетиб қолди.
ВАН(довдираб). Ҳа, ҳа.
(Ўрнидан туриб, кўза ва кружкасини қолдириб, майдонга қараб чопиб кетади).
Шу пайт қуйидаги воқеалар рўй беради: кўчада кетаётган эркак кетиб қолади, Шен Де уйидан чиқиб “Ван” деб секин чақирганча, кўчада уни излайди. Ван ҳам “Шен Де” деб секин чақиради, аммо унга ҳеч ким жавоб бермайди.
ВАН. У мени алдади. Ижара ҳақига пул ишлайман деб кетиб қолди, энди оқилу доноларни қаерга жойлаштиришга ҳам ҳайронман. Улар чарчаган ва кутишаяпти. Мен уларнинг олдига бориб, яна “Бошпана йўқ” деб қандоқ айтаман? Ўз уйим – сув оқадиган қувур, уни уй қаторига қўшиб ҳам бўлмайди. Бунинг устига, фаришталар ўзлари қаллоблигини пайқаган бир кимсаникида туришни албатта исташмайди. Энди ўлсам ҳам, уларнинг олдига қайтиб бормайман. Вой, у ерда идишим қолди-ку. Нима қилсам экан? Йўқ, бориб, уни ололмайман. Яхшиси, шаҳардан бош олиб кетаману уларга қорамниям кўрсатмайман. нега десангиз, ўзим сажда қилиб, сиғиниб юрган зотларга ёрдам беролмадим.
(Югурганича кетади. Унинг қораси ўчар-ўчмас, Шен Де қайтиб киради, Ванни излаб, фаришталарга кўзи тушади.)
ШЕН ДЕ. Бу сизмисиз, оқилу донолар? Менинг исмим Шен Де. Менинг кулбамга қадам ранжида этсангиз, хурсанд бўлардим.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Дарвоқе мешкоб қаёққа ғойиб бўлди?
ШЕН ДЕ. Чамаси, биз у билан йўлни адаштириб қўйдик.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. У сени келмайди деб ўйлаб, бизнинг олдимизга қайтиб келишга чўчиди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (кўза билан кружкани ердан олиб). Буларни сенга қолдирамиз. Булар ҳали унга керак бўлади.
Шен Де бошлаб, улар уйга киришади. Саҳна қоронғулашиб, яна ёришади. Тонготарда фаришталар уйдан чиқиб келишади. Шен Де олдинга тушиб, чироқ билан уларнинг йўлини ёритади. Улар хайрлашадилар.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Азизам Шен Де, меҳмондорчилик учун ташаккур. Бизга фақат сен бошпана берганингни сира унутмаймиз. Мешкобга идишларини бериб, яхши одамни бизга топиб бергани учун ташаккуримизни айтиб қўй.
ШЕН ДЕ. Мен яхши одам эмасман. Очиғини айтсам, Ван сизга деб бошпана сўраганда, мен иккиландим.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Иккиланиш, агар у енгиб ўтиларкан, зиён қилмайди. Билиб қўй, сен бизга фақат тунаш учун жой бермадинг, кўпроқ нарса бердинг. Кўпчиликда, ҳаттоки биз фаришталарда ҳам – Ер юзида яхши одамлар қолдимикин, деган шубҳа пайдо бўлди. Ана шуни аниқлаш учун йўлга чиқдик. Биз мамнуният билан яна йўлга тушамиз, негаки, битта яхши одамни учратдик. Хайр!
ШЕН ДЕ. Сабр қилинг, оқилу донолар, мен яхши киши эканлигимга унчаям ишонмайман. Тўғри, мен яхши одам бўлишни истардим, лекин ижара ҳақини қандай тўлайман? Иқрорман, мен тирикчилик деб ўзимни сотаман. Лекин шу йўл билан ҳам тирикчилик қилиш қийин, нега десангиз, бу йўлни тутганлар оз эмас. Бас, шунинг учун, мен ҳамиша ҳамма нарсага тайёрман. Хўш, айтингчи, ҳамма нарсага тайёр бўлмаган ким бор? Албатта, мен катталарни иззат-ҳурмат қилиш, ёлғон сўзламаслик каби илоҳий фармойишларни жон деб бажо этардим. Бировнинг уйига кўз тикмаслик – мен учун қувонч, битта эркакка содиқ бўлиш – менга роҳат. Мен яна бошқанинг кучидан фойдаланиш, ғариблар кўнглига озор беришни ҳам истамасдим. Аммо не илож? Самовий фармойишларни бузиб ҳам, зўрға кун кўрамиз.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Булар ҳаммаси, Шен Де, яхши кишининг шубҳа-гумонлари.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Хайр, Шен Де! Мешкобга самимий салом деб қўй. У бизга дўст эди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. У бизни деб заҳмат чекди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бахтинг ёр бўлсин!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Энг муҳими, раҳмдил, меҳрибон бўлиб қолавер! Хайр, Шен, Де!
Ўгирилиб, кета бошлайдилар, “хайр” маъносида бош силкийдилар.
ШЕН ДЕ (қўрқиб). Аммо мен ўзимга ишонмайман, оқилу донолар! Ҳамма нарса шундоқ қиммат-қирон бўлиб турганда, қандай қилиб мен раҳмдил бўлай?
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бу ўринда, афсуски, биз ожизмиз. Иқтисод масалаларига аралаша олмаймиз.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Тўхтанглар! Жиндак сабр. Бироз маблағи бўлганда, унинг яхши одам бўлиб қолиши балки осонроқ бўларди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Унга ҳеч нарса беролмаймиз, ҳаққимиз йўқ. Буни тепадагиларга тушунтириб бўлмайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Нега бўлмас экан?
Шивирлашадилар, қизғин тортишув.
(Шен Дега, хижолатомуз). Эшитишимизча, ижара ҳақи тўлашга қийналиб қолибсан. Биз жилла қашшоқ-бечоралар эмас. Бошпана ҳақи тўлашга қурбимиз етади. Мана, ол! (Унга пул узатади.) Фақат пул берганимиз ҳақида бировга оғиз очма. Гапни чуватиб юришади.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Чуватганда қандоқ!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Йўқ, бунга йўл бор. Биз қоидани бузмадик, бошпана учун ҳақ тўладик, холос. Қарорда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Хўп, хайр!
Фаришталар бир зумда ғойиб бўлишади.
I
Кичик тамаки дўкони.
Дўкон ҳали яхши жихозланмаган, берк.
ШЕН ДЕ (томошабинларга). Мана, фаришталарнинг кетишганига ҳам уч кун бўлди. Улар бошпана ҳақи тўлашди. Бир пайт, нима беришди экан деб бундоқ қарасам, қўлимдан минг кумуш доллардан зиёд ақча. Мен ана шу ақчага тамаки дўкони сотиб олдим. Кеча бу ёққа кўчиб ўтдим, кўп хайрли ишлар қиламан, деган ниятим бор. Масалан, шу дўконнинг собиқ эгаси Шин хоним. У кеча келиб, болалари учун гуруч сўради. Мана, у бугун ҳам майдонни кесиб, хурмачасини қўлтиқлаб, бу ёққа келаяпти.
Шин киради. Улар таъзим адо билан саломлашадилар.
Ассалому алайкум, Шин хоним.
ШИН. Ваалайкум ассалом, Шенбону. Янги уйда кайфиятингиз нечук?
ШЕН ДЕ. Дуруст. Болаларингиз бу кеча яхши ухлашдими?
ШИН. Бегона уй – бегона экан! Ўша чолдеворни уй дейишга ҳам тилинг бормайди. Кенжатойим ҳалитдан йўталаяпти.
ШЕН ДЕ. Бу яхши эмас.
ШИН. Сиз нима яхши эмаслигини яхши билмайсиз, негаки ўзингиз яхши яшайсиз. Аммо бу дўкончада бир нималарни татиб кўришингизга тўғри келади. Унутманг, бу ер – камбағаллар маҳалласи.
ШЕН ДЕ. Ҳа, лекин тушликда, ўзингиз айтганингиздек, цемент заводи ишчилари ҳам кириб туришади, шундоқ эмасми?
ШИН. Улардан бўлак ҳеч ким ҳеч нарса сотиб олмайди, ҳаттоки қўшнилар ҳам.
ШЕН ДЕ. Дўконни сотганда бу ҳақда лом-мим демагансиз.
ШИН. Етишмай тургани – шу таъна қилишингиз эди! Болаларимни уйдан маҳрум қилганингиз озмиди! Яна исқирт дўконча, камбағаллар маҳалласи деб жириллайсиз. Ноинсоф!..(Йиғлайди)
ШЕН ДЕ (шоша-пиша). Мен сизга ҳозир гуруч келтираман.
ШИН. Мен яна жиндак пул қарз сўрамоқчи эдим.
ШЕН ДЕ (хурмачага гуруч солаётиб). Бунинг иложи йўқ, қўлимга ҳали бир чақа ҳам тушмади.
ШИН. Менга пул керак. Бўлмаса, қандоқ яшайман? Сиз бор нарсамни олдингиз, энди тупроққа қориштирмоқчимисиз? Мен болаларимни келтириб оёғингиз остига ташлайман, қонхўр!(Шен Денинг қўлидан хурмачани тортиб олади).
ШЕН ДЕ. Жаҳлингиз чиқмасин, гуручни тўкасиз!
Ўрта яшар эр-хотин ва қашшоқ кийинган бир киши киради.
Хотин. Азизим Шен Де, биз омадинг келибди деб эшитдик. Корчалон хотин бўлибсан! Биласанми, жоним, бизнинг бошпанамиз йўқ. Тамаки дўконини ёпишга тўғри келди. Бир кеча сеникида тунасак, қандоқ бўларкин, деб келаяпмиз. Жиянимни эсласанг керак-а? Мана у, биз ҳамиша биргамиз.
ЖИЯН (дўконни кўздан кечириб). Яхшигина дўконча экан!
ШИН. Булар ким бўлди?
ШЕН ДЕ. Мен қишлоқдан шаҳарга келганимда дастлаб шуларникида ижарада турганман. (Томошабинларга). Чўнтагимда пулим тугагач, мени кўчага ҳайдаб чиқаришган. Улар чамамда мендан “йўқ” жавобини кутиб, чўчиб туришибди. Шўрликлар!
Улар уйсиз, бенаво,
Юрак-бағри эзилган.
Уларга мадад керак,
Қандоқ қилиб йўқ дейсан?
(Келганларга очиқ чеҳра билан.) Марҳамат қилинглар! Сизларни жон деб қабул қиламан. Лекин, ростини айтсам, дўкон ортида кичик бир ҳужрам бор, холос.
ЭРКАК. Бизга бўлаверади. Сен ташвиш чекма. (Шен Де уларга чой қуйиб тутади). Биз халал бермаслик учун мана шу ерга жойлаша қоламиз. Назаримда, илк бор бизникида турганингни эслаб, тамаки савдосини танлабсан, шундоқ эмасми? Биз баъзи маслаҳатлар билан сенга кўмаклашсак, деймиз. Бу ерга ана шу мақсадда келдик.
ШИН (мазах қилиб). Балки энди харидорлар ҳам келишар.
ХОТИН. У бизга шаъма қилаяпти шекилли?
ЭРКАК. Секинроқ! Мана, харидор ҳам келиб қолди.
Жулдур кийимли киши киради.
ЖУЛДУР КИЙИМЛИ. Кечирасиз. Мен ишсизман.
Шин кулади.
ШЕН ДЕ. Келинг, хизмат?
ИШСИЗ. Мен эртага дўконни очасиз деб эшитдим, мол ёйганда орасидан бирор чиқити чиқиб қолармикин, деб ўйладим. Ортиқча сигаретингиз йўқми?
ХОТИН. Уялмай тамаки сўрайди-я! Нон сўраса ҳам гўрга эди!
ИШСИЗ. Нон қиммат. Бир-икки тортсам, бас, бошқа одамга айланаман – қўяман. Тинкам қуриди.
ШЕН ДЕ (унга сигарета тутиб). Бошқа одамга айланиш – бу жуда яхши гап. Менинг биринчи харидорим бўлинг. Қадамингиз қутлуғ бўлсин.
Ишсиз дарҳол чекади ва йўталиб ташқарига чиқади.
ХОТИН. Тўғри иш қилмадинг, азизим Шен Де!
ШИН. Шундоқ савдо қилсангиз, уч кун деганда хонавайрон бўласиз.
ЭРКАК. Гаров ўйнайман, унинг киссасида пули бор эди.
ШЕН ДЕ. Лекин у ҳеч вақойим йўқ деб айтди.
ЖИЯН. Алдаган бўлса-чи?
ШЕН ДЕ (жаҳли чиқиб). Алдаганини мен қаёқдан билай?
ХОТИН (бошини чайқаб). У “йўқ” деёлмайди! Сен жуда раҳмдилсан, Шен Де. Дўконни қўлдан бериб қўймайин десанг, биров бирор нима сўраганда “йўқ” деб жавоб беришга одат қил.
ЭРКАК. Бу дўкон меникимас, бир қариндошники, у мендан ҳисоб сўраб туради, деб айт. Шу гапни айтиш қийинми?
ШИН. Ўзингни олийҳиммат қилиб кўрсатишни истамасанг, қийинчилиги йўқ.
ШЕН ДЕ (кулиб). Койийверинглар! Мен ҳам шартта айнайман-да, бошпана ҳам бермайман, гуручни ҳам тортиб оламан.
ХОТИН (қўрқиб). Ҳали гуруч ҳам сеникимиди?
ШЕН ДЕ (томошабинларга).
Улар – ёмонлар,
Улар хуш кўрмайди бирор кимсани.
Улар бир кимсага бермас бир коса таом.
Улар ўзларини билишар фақат,
Бунинг-чун ким айбдор этар уларни?
Пакана бир киши киради.
ШИН (уни кўриб, кетишга ошиқиб). Эртагаям бирров кираман. (Кетади)
ПАКАНА (унинг изидан қичқириб). Тўхтанг, Шин хоним! Сизда ишим бор!
ХОТИН. Нега у ўралашади? Сенда ҳақи қолганми?
ШЕН ДЕ. Хақи қолмаган, лекин у – оч. Очлик билан ҳазиллашиб бўлмайди.
ПАКАНА. У туёқни шиқиллатиб, қочиб қолиш кераклигини яхши билади. Дўконнинг янги хўжайини сиз бўласизми? Токчаларга мол теришга ҳам улгурибсиз! Айтиб қўяй, токчаларни мен ясаб берганман! То ҳақини тўламас экансиз, улар меники бўлиб қолаверади! Бояги тавия ҳақимни тўламаган. (Бошқаларга). Мен дурадгорман.
ШЕН ДЕ. Мен дўконнинг бутун асбоб-ускунаси ҳақини тўлаганман, токчалар ҳам шунга кирмайдими?
ДУРАДГОР. Бекор гап! Ҳамма ёқда алдоқчилик! Сиз ана у Шин билан тил бириктириб олгансиз! Мен юз кумуш доллар ҳақимни талаб қиламан, уни олмас эканман, Лин То отимни бошқа қўяман.
ШЕН ДЕ. Пулим бўлмаса қаёқдан тўлайман?
ДУРАДГОР. Ундоқ бўлса, мен уларни “ким ошди” қилиб сотаман! Ҳозироқ сотаман! Ё ҳақимни тўлайсиз, ё ҳозироқ сотаман!
ЭРКАК (Шен Дега шивирлаб). Қариндош!
ШЕН ДЕ. Келаси ойгача сабр қилолмайсизми?
ДУРАДГОР (қичқириб). Йўқ!
ШЕН ДЕ. Жудаям бағри тош бўлманг, жаноб Лин То. Мен ҳамма билан бир йўла ҳисоб-китоб қилолмайман-ку. (Томошабинарга).
Жиндак ҳиммат бўлса, кучга куч қўшилади.
Мана арава от, ўтга бўйнин чўзади.
Қўйиб беринг –
Аравани яхши тортади.
Саратонда бир оз сабр этсангиз борми,
Сумбулада шарбатларга тўлар шафтоли.
Не бўларди агар ҳиммат бўлмаса, дунё?
Жиндак сабр –
Ҳосил бўлур буюк муддао.
(Дурадгорга). Ҳиммат қилинг, жаноб Лин То!
ДУРАДГОР. Хўш, менга, менинг оиламга ким ҳиммат қилади? (Токчалардан бирини девордан узиб, гўё уни ўзи билан олиб кетмоқчи бўлади) Пулини тўланг, йўқса токчаларни олиб кетаман!
ХОТИН. Азизим Шен Де, шу ишни қариндошингга топшира қолсанг, нима қилади? (дурадгорга). Нархини ёзинг, Шен Денинг амакиваччаси тўлайди.
ДУРАДГОР. Биламиз унақа амакиваччаларни!
ЖИЯН. Нега аҳмоққа ўхшаб тиржаясан? Мен уни шахсан танийман!
ЭРКАК. Бу одам эмас, тиғи паррон!
ДУРАДГОР. Бўпти, ҳисобни унга бериб қўйишсин. (Токчани тўнкариб, унга ўлтириб, ҳисоб ёзади).
ХОТИН. Агар қўйиб берсанг, устингдаги кўйлагингни ҳам ечиб олади. Ҳақлими, ҳақсизми, даъволарини рад қилавер, йўқса, даъволардан бошинг чиқмай қолади. Ахлат қутисига бир бурда эт ташлаб қўйсанг, бутун маҳалла итлари ҳовлингга келиб, бир-бири билан ғажишади. Ахир, суд-маҳкама деган нега керак?
ШЕН ДЕ. У ўз ҳақини сўраяпти. Унинг оиласи бор. Пулим йўқлиги алам қилади, бўлмаса, тўлардим. Ахир, фаришталар нима дейди?
ЭРКАК. Сен бизга бошпана бердинг, шунинг ўзи етиб ортади.
Чўлоқ эркак билан ҳомиладор аёл киради.
ЧЎЛОҚ (эр-хотинга). Ийе, шу ердамисизлар! Азиз қариндошлар деганича бор! Бизни кўчага ташлаб келаверибсизлар-да, баракалла-ей!
ХОТИН (Шен Дега, уялинқираб). Бу менинг иним Вун ва келинимиз. (Иккаласига.) Гинахонликни қўйиб, мана бу бурчакка ўтинглар, қадрдонимиз Шен Дега халал бермайлик. (Шен Дега.) Менимча, уларни қолдиришга тўғри келади – келиннинг бўйида беш ойлик боласи бор. Ёки сен бошқача фикрдамисан?
ШЕН ДЕ. Йўқ-йўқ, марҳамат, қолаверишсин!
ХОТИН. Раҳмат айтинглар. Пиёлалар анави ерда. (Шен Дега.) Булар қаёққа бош суқишни билмай, тентираб юришган эди. Яхшиям дўконинг бор экан!
ШЕН ДЕ (табассум билан чой тутиб, томошабинларга). Яхшиям, дўконим бор экан!
Уй эгаси Ми Дзю хоним қоғоз кўтариб киради.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Шен Де бону, мен уй эгаси Ми Дзю хоним бўламан. Биз бир-биримиз билан чиқишамиз деб умид қиламан. Мана, ижара ҳақида шартнома. (Шен Де шартномани ўқийди.) Кичик савдо дўконининг очилиши – ажойиб сана, шундоқ эмасми, жаноблар? (Дўконни кўздан кечиради.) Токчаларда ҳали мол сийрак, аммо зиёни йўқ, ҳаммаси вақти-соатида бўлади. Сиз, ишонаманки, бир неча тавсиянома кўрсата оласиз?
ШЕН ДЕ. Бу шунчалик зарурми?
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Ахир, мен сизни яхши танимасам…
ЭРКАК. Биз Шен Дега кафилмиз. Уни шаҳарга келганидан буён биламиз ва унинг учун ҳар дақиқа бошимиз билан жавоб беришга тайёрмиз.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Сиз ким бўласиз?
ЭРКАК. Тамаки савдогари Ма Фу.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Дўконингиз қаерда?
ЭРКАК. Ҳозир дўконим йўқ. Биласизми, мен уни яқинда сотдим.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Шунақа денг? (Шен Дега). Бошқа ҳеч кимса сизга кафолат беролмайдими?
ХОТИН (шивирлаб). Амакиваччанг! Амакиваччанг!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Мен сизни уйга қўйишим учун кимдир кафолат бериши керак. Азизим, бу жудаям эътиборли уй. Акс ҳолда, мен сиз билан шартнома тузолмайман.
ШЕН ДЕ (секин, ерга қараб). Менинг амакиваччам бор.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Вой, амакиваччангиз борми? Шу ерда, шаҳардами? Бўлмаса, тўппа-тўғри унинг олдига бора қолайлик. У нима иш қилади?
ШЕН ДЕ. У бу ерда эмас, бошқа шаҳарда яшайди.
ХОТИН. У Шун шаҳрида яшайди, деб айтгандинг шекилли?
ШЕН ДЕ. Жаноб Шой Да. У Шун шаҳрида яшайди!
ЭРКАК. Ҳа, ҳа, мен уни яхши биламан. Баланд бўйли, қотмадан келган.
ЖИЯН (дурадгорга). Сиз ҳам, чамамда, токчалар тўғрисида Шен Де бонунинг амакиваччаси билан битишдингиз, шундоқ эмасми?
ДУРАДГОР (тўнғиллаб). Ҳозир унга ҳисоб ёзаяпман. Мана! (Ҳисобни беради) Эртага эрталаб яна келаман! (Кетади.)
ЖИЯН (кўз қири билан уй эгаси хонимни таъқиб этиб, дурадгорнинг изидан қичқиради). Хотиржам бўлинг, амакиваччаси ҳаммасини тўлайди!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ (Шен Дега синчковлик билан тикилиб). Ҳа, майли! Сиз билан танишсам, хурсанд бўламан. Оқшомингиз хайрли бўлсин, бону. (Кетади).
ХОТИН (бироз жимликдан сўнг). Энди ҳаммаси очилади! Ишонавер, у эртага эрталаб сен тўғрингда бор гапни билиб олади.
КЕЛИН (жиянга, секин). Бу ерда узоқ туриб бўлмайди.
Бир чолни етаклаб, бола киради.
БОЛА (елкаси оша кўрсатиб). Улар шу ерда.
ХОТИН. Салом, бобожон. (Шен Дега). Жудаям меҳрибон чол! Бизни деб роса ташвиш чеккан бўлса керак. Болани қаранг, кап-катта йигит бўлиб қолибди. Уч кишининг овқатини ейди азамат. Яна кимни бошлаб келдиларинг?
ЭРКАК (ташқарига қараб). Қиз жиянимиздан бўлак ҳеч кимни.
ХОТИН (Шен Дега). Ўзи ёшгина, яқинда қишлоқдан келган. Сенга оғирлиги тушмаса керак? Сен бизникида турганингда уйимиз бозор эди, шундоқ эмасми? Лекин кўпайгандан кўпаявердик. Кўпайганимиз сари маишатимиз оғирлашаверди. Келинглар, энди эшикни тамбалаймиз, бўлмаса, тинчлик беришмайди. (Эшикни қулфлайди.)
Ҳамма ўтиради.
Энг муҳими – сенинг ишингга халал бермаслик. Йўқса, бу уйда қозон қайнамайди. Шундоқ тартиб жорий қиламиз: кундузи ёшлар кетади, фақат бобом, келин ва мен қоламиз. Бошқалар кундузи кўпи билан бир икки бор бош суқишади, қалай? Хўп, энди чироқни ёқиб, яхшироқ жойлашиб олинглар.
ЖИЯН (муғомбирона кулиб). Бугун кечаси амакивачча, даҳшатли Шой Да жаноблари бостириб келмаса, гўрга эди.
Келин кулади.
АКАСИ (сигаретга қўл чўзиб). Битта олсак, зиён қилмас!
ЭРКАК. Бемалол.
Ҳамма сигарета олиб чекади. Ака даврада шароб тўла кўзани юргизади.
ЖИЯН. Амакивачча тўлайди!
ЧОЛ (Шен Дега, жиддий). Ассалому алайкум!
Шен Де хижолат чекиб, таъзим қилади. Унинг бир қўлида дурадгор берган ҳисоб қоғози, иккинчи қўлида ижара ҳақидаги шартнома.
ХОТИН. Бир нима куйлаб, бекани хурсанд қилмайсизларми?
ЖИЯН. Бобомиз бошласин!
Улар куйлашади.
Тутун ҳақида қўшиқ
ЧОЛ:
Соч-соқолим оппоқ оқармагунча,
Ўйлардим менга чин ақл бўлса, бас.
Энди биламанки, ҳеч қандай ақл
Менинг оч қорнимни тўйдира билмас.
Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.
ЭРКАК:
Ҳалол меҳнат қилсанг теринг шиларлар,
Қинғир йўл танладим, лекин алъомон,
Шунда ҳам ғов бўлиб, йўлим тўсдилар,
Энди аросатда турибман ҳайрон.
Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.
ҚИЗ ЖИЯН:
Умид ёшни севар, унга вақт керак,
Лекин чил-чил синар охир-оқибат.
Ёшларга йўл очиқ, йўллар эшиклар
Бизни йўқлик сари етаклар фақат.
Шунинг-чун дейманки: унут барини!
Кулранг тутунга боқ, таралур қандай.
У совуқ самога учар, бир куни
Таралиб кетасан сен ҳам тутундай.
ЖИЯН (акасига). Шаробни қайдан олдинг?
КЕЛИН. У бир қоп тамакини гаровга қўйди.
ЭРКАК. Нима-нима? У тамаки бисотимизда сўнгги мол эди. Биз бош пана ҳақи тўлаш учун ҳам унга қўл теккизмаган эдик. Чўчқа!
АКА. Хотиним совуқ қотиб ўтиргани учун мени чўчқа деб атайсанми? Ўзинг ҳам ичдинг-ку! Қани, кўзани бу ёққа чўз!
Улар талашадилар. Токчалар тамакиси билан қулайди.
ШЕН ДЕ (уларга ёлвориб). О, дўконни аянглар, бузиб қўясиз! Бу – фаришталар туҳфаси! Нима истасаларинг, олинглар, лекин дўконни бузманглар!
ХОТИН (заҳарханда қилиб). Дўкон мен ўйлаганимдан кичикроқ экан. Уни холамга ва бошқаларга мақтаб ўтирибман денг. Агар улар ҳам келишса борми, нақ зиндонга айланади-қўяди.
КЕЛИН. Дўкон ойим назаримда қовоқларини солиб олдилар.
Ташқаридан овозлар эшитилиб, эшик қоқилади.
ҚИЧҚИРИҚЛАР. Очинглар! Биз келдик!..
ХОТИН. Хола – бу сизмисиз? Вой, энди нима қилдим?
ШЕН ДЕ. Шўрлик дўконгинам! О, менинг умидларим! Очилдингу дўконга ўхшамай қолдинг. (Томошабинларга.)
Қутқазувчи қайиқча
Денгизга чўкар шу он.
Чўкаётганлар унга
Ёпишганлар кўп ёмон…
ҚИЧҚИРИҚЛАР (ташқаридан). Очинглар!
КЎПРИК ОСТИДА ИНТЕРМЕДИЯ
Дарё бўйида ғужанак бўлиб мешкоб ўлтирибди.
ВАН (теваракка аланглаб). Атроф жимжит. Мана тўрт кундирки, шу ерда яшириниб ётибман. Улар мени топиша олмайди, нега десангиз, ҳар нарсага олазарак бўлиб қарайман. Мен атай улар кетган томонга қараб югурдим. Кеча кўприкдан ўтишди, тепамда оёқ товушларини эшитдим. Ҳозир улар ҳойнаҳой узоқда бўлишса керак, энди тинчиб ётаверсам ҳам бўлади. (ётиб ухлаб қолади).
Мусиқа. Тепалик ёришиб, шаффоф тус олади, фаришталар ҳозир бўлишади.
(Гўё ўзини ҳимоя қилмоқчидай, юзини тирсаклари билан бекитиб олади) Гапирманг, мен ҳаммасини биламан! Мен сизга бошпана беришни истайдиган бирор кимса, бирор хонадонни тополмадим! Энди сизга ҳаммаси аён, энди кетаверинглар.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Йўқ, сен топдинг. Сен кетиб қолганингда, ўша топган одаминг ёнимизга келди. У бизга бошпана берди, тинчимизни қўриқлади, кетар чоғимизда чироқ тутиб, йўлимизни ёритди. Сен уни яхши одам дединг, у чиндан ҳам яхши одам бўлиб чиқди.
ВАН. У Шен Де эмасми?
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Худди ўшанинг ўзи!
ВАН. Мен қўрқоқ эса қочиб юрибман! Уни келмайди деб ўйладим. Келиши ҳам даргумон эди, негаки, ишлари чатоқ эди.
ФАРИШТАЛАР.
Эй ожиз инсон!
Ожиз, аммо оқкўнгил инсон!
Муҳтожлик ёнида эзгулик кўрмас,
Хавф-хатар ёнида кўрмас қаҳрамон.
Эй ожизлик, яхшиликка кўзларинг ботил!
Ҳукмларинг енгил-елпи! Унинг ортидан
Етиб келар дарҳол афсус-пушаймонларинг!
ВАН. Мен жуда хижолатман, оқилу донолар!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Энди сен биздан битта хизматингни аяма, пойтахтга қайтиб, Шен Дени топ, кейин бизни хабардор қил. Унинг ишлари ҳозир ёмон эмас. Айтишларича, у ҳозир маблағ топиб, дўкон очиб, ўз меҳрибончилигини кўрсатиш имкониятига эга бўлганмиш. Унинг ёрдамига муҳтожлигингни маълум қил, зеро, инсондан меҳрибонлик талаб қилинмас экан, у узоқ вақт меҳрибон бўлиб қололмайди. Биз эса Сичуандан чиққан меҳрибонга ўхшаш инсонларни излаб кетамиз, уларни топиб, Ер юзида яхшиларга ўрин йўқ, деган турли гап-сўзларга чек қўймоқчимиз.
Фаришталар ғойиб бўлишади.
II
Тамаки дўкони. Ҳамма ёқда одамлар ухлаб ётишибди. Чироқ ҳамон ёниб турибди. Эшик тақиллайди.
ХОТИН (уйқусираб, ўрнидан туради). Шен Де! Эшикни қоқишаяпти! У қайда қолди экан?
ҚИЗ ЖИЯН. Нонуштага бирор нарса топиб келгани кетди шекилли. Жаноб амакиваччаси тўлайди.
Хотин кулади ва оёқларини судраб, эшикка қараб юради. Ичкарига ёш йигит, унинг ортидан дурадгор киради.
ЁШ ЙИГИТ. Мен амакиваччаси бўламан.
ХОТИН (ҳайратланиб). Қандай? Кимсиз?
ЁШ ЙИГИТ. Менинг исмим Шой Да.
МЕҲМОНЛАР (бир-бирини уйғотиб). Амакиваччаси! Вой, бу ҳазил эди-ку, унинг ҳеч қанақа амакиваччаси йўқ!
– Лекин мана биттаси келиб, мен амакиваччасиман, деяпти!
– Ғалати, шундай бемаҳалда-я!
ҚИЗ ЖИЯН. Сиз бекамизнинг амакиваччаси бўлсангиз, марҳамат қилиб, бизга нонушта тайёрланг.
ШОЙ ДА (чироқни ўчириб). Ҳали замон харидорлар келиб қолишади, марҳамат қилиб, тезроқ кийининглар, дўконимни очадиган вақт бўлди.
ЭРКАК. Дўконимни? Менимча, бу дўкон ошнамиз Шен Дега тегишли эди? (Шой Да “йўқ” деб бош чайқайди.) Нима, бу унинг дўкони эмасмиди?
КЕЛИН. У бизни роса лақиллатибди. Ўзи қаёққа йўқолди экан?
ШОЙ ДА. У бир оз ушланиб қолди. У сизга бошқа ҳеч қандай ёрдам беролмаслигини айтиб қўйишимни сўради.
ХОТИН (ҳанг-манг бўлиб). Биз уни яхши одам деб ўйлаган эдик.
ЖИЯН. Бунга ишонманглар. Анавини топиш керак.
ЭРКАК. Ҳа, ҳозироқ бу ишга киришамиз. (Буюради). Сен, сен, сен ва сен! Чиқиб, уни ҳамма ёқдан ахтаринглар. Биз қария билан шу ерда қолиб, қалъани қўриқлаб турамиз. Болакай шу орада бизга бирор егулик топиб келади. (Болага). Ҳу, бурчакдаги нон дўконини кўраяпсанми? Секин ўшанга яқинлаш-да, қўйнингни нонга тўлдириб қайт.
КЕЛИН. Бир жуфт жажжи оқ сомса олишниям унутма!
ЭРКАК. Ҳазир бўл, дўкондор ушлаб олмасин тағин. Ҳа, полициячига ҳам йўлиқа кўрма!
Бола бош ирғаб, ташқарига чиқади. Бошқалар тез кийина бошлайдилар.
ШОЙ ДА. Ўғрилик қилиш сиз паноҳ топган жойнинг шаънига доғ туширмаса эди, деб қўрқаман.
ЖИЯН. Унга эътибор қилманглар. Биз анавини тезда топамиз, шунда у манавининг таъзирини бериб қўяди!
Жиян, ака, келин ва қиз жиян чиқишади.
КЕЛИН (йўл-йўлакай). Бизга ҳам нонуштадан қолдиринглар!
ШОЙ ДА (хотиржам). Сиз уни тополмайсиз. Жияним ҳа деб меҳмондорчилик қилолмайди. Сиз жудаям кўпсиз! Тамаки дўконини буткул эгаллаб олибсиз, ҳолбуки у Шен Де бонуга керак.
ЭРКАК. Бизнинг Шен Де бу сўзларни оғзига ҳам олмасди.
ШОЙ ДА. Балки сиз ҳақдирсиз. (Дурадгорга) Аммо, ҳамма бало шундаки, бу шаҳарда йўқчилик ҳаддига етган, унга бир киши бас келолмайди. Афсуски, кейинги ўн бир аср давомида, кимдур ушбу тўртликни тўқигандан буён бу ерда бирор ўзгариш юз бермаган. Мана, ўша шеър:
– Айтингчи, деб ҳокимдан савол сўрдилар бир кун,
Не қилса, совуқ қотмас юпунлар, айтинг, ёҳу?
– О, бутун маҳалланинг устига ёпмоқ учун
Ўн минг газ кўрпа керак, – дея жавоб берди у…
(Дўконни тартибга сола бошлайди)
ДУРАДГОР. Назаримда сиз жиянингизнинг ишини саранжом этмоқчисиз, дарвоқе, унинг кичик бир қарзи бор эди – токчалар учун – шуни тўласангиз ёмон бўлмасди. Гувоҳларим ҳам бор. Юз кумуш доллар.
ШОЙ ДА (чўнтагидан ҳисобни чиқазиб, дўстона бир оҳангда). Сизнингча, юз кумуш доллар – жудаям кўп эмасми?
ДУРАДГОР. Йўқ, унчалик эмас. Бир тийин ҳам тушмайман. Бола-чақали одамман.
ШОЙ ДА (кескин). Нечта болангиз бор?
ДУРАДГОР. Тўртта.
ШОЙ ДА. Унда мен йигирма кумуш доллар бераман.
ЭРКАК кулади.
ДУРАДГОР. Нима, жинни бўлдингизми? Токчалар ёнғоқ ёғочидан ишланган!
ШОЙ ДА. Марҳамат, олинг уларни.
ДУРАДГОР. Бу нима деганингиз?
ШОЙ ДА. Улар мен учун жудаям қиммат. Марҳамат қилиб ёнғоқ ёғочидан ишланган токчаларингизни олинг бу ердан.
ХОТИН. Боплади азамат! (У ҳам кулади).
ДУРАДГОР (ишонқирамай). Мен Шен Де хонимнинг келишини талаб қиламан. У сиздан кўра инсофлироқ эди.
ШОЙ ДА. Шубҳасиз. У синди, касод бўлди.
ДУРАДГОР (токчалардан бирини шартта қўпориб эшикка қараб юради). Молингизни ерга ёяберинг! Мен тупурдим уларга!
ШОЙ ДА (эркакка). Унга ёрдамлашиб юборинг!
ЭРКАК (токчаларни қўпориб, илжайганча, эшикка қараб юради). Хуллас, даф бўлсин токчалар.
ДУРАДГОР. Сен ит! Менинг оилам очликдан ўлсин экан-да, а?
ШОЙ ДА. Мен сизга яна бир карра йигирма кумуш доллар таклиф этаман, нега десангиз, молимни ерга ёймоқчи эмасман.
ДУРАДГОР. Юз доллар! (Шой Да бепарво бир қиёфада деразадан ташқарига қараб туради. Эркак яна токчаларга ёпишади) Эшикка уриб, синдириб қўйма, тентак! (Алам билан) Айтмоқчи, улар маълум ўлчамда ясалган, шу тешикдан бошқа жойга ярамайди. Кесилган тахталар.
ШОЙ ДА. Ҳамма гап шунда-да. Шунинг учун ҳам мен сизга фақат йигирма доллар бераман, яъни кесик тахталар учун.
Хотин севинчидан қийқириб юборади.
ДУРАДГОР (бирдан бўшашиб). Ҳе, жин урсин! Ҳа, майли, токчаларни олиб, берадиганингизни беринг.
ШОЙ ДА. Йигирма кумуш доллар. (Стол устига иккита йирик танга ташлайди. Дурадгор уларни олади.)
ЭРКАК (яна токчаларни жойига ташиб). Бир қучоқ кесик тахта учун шу ҳам етади.
ДУРАДГОР. Ҳа, бир мириқиб ичишга етади! (Кетади)
ЭРКАК. Бунисидан қутилдингиз!
ХОТИН (кулавериб, кўз ёшларини артиб). “Улар ёнғоқ ёғочидан ишланган!” – “Олинг уларни!” – “Юз кумуш доллар!” – “Менинг тўрт болам бор!” – “Унда мен йигирма доллар бераман!” – “Аммо улар кесилган!” – “Ҳамма гап шунда-да!” – “Йигирма кумуш доллар!” Бу кимсалар билан ана шундоқ гаплашиш керак.
ШОЙ ДА. Ҳа. (Жиддий) Энди кетинглар.
ЭРКАК. Биз кетайликми?
ШОЙ ДА. Ҳа, сиз. Сиз ўғри ва текинхўрлар. Ҳозир гапни чўзмай, кетақолсангиз қутулишингиз мумкин.
ЭРКАК. Яхшиси унга жавоб бермаган маъқул. Оч қоринга кекирдакка зўр бериб бўлмайди. Бола қаёққа йўқолди экан?
ШОЙ ДА. Ҳа, бола қаёққа йўқолди? Мен сизни огоҳлантирдим: У сомса ўғирлаб, менинг дўконимга оёқ боса кўрмасин. (Бирдан бақириб) Кетинглар!
Улар миқ этмай ўтираверишади.
(Яна тамом хотиржам овоз билан). Ихтиёрингиз. (эшикка қараб юради ва у ерда кимгадир таъзим қилади. Эшикда полициячи пайдо бўлади.)
Сиз маҳалламиз тинчини қўриқлаётган ҳокимият кишиси бўлсангиз керак.
ПОЛИЦИЯЧИ. Худди шундоқ, жаноб…
Шой Да. Шой Да.
Улар бир-бирларига қараб табассум қилишади.
Бугун ҳаво ажаб илиқ.
ПОЛИЦИЯЧИ. Ҳа, бир оз иссиқроқ.
ШОЙ ДА. Дарвоқе, бир оз иссиқроқ.
ЭРКАК (хотинга, секин). У шундоқ гап сотиб турса, бола қайтиб келади, шунда бизни тутиб олишади. (Шой Дага яширинча имо-ишоралар қилишга интилади)
ШОЙ ДА (унга парво қилмай). Аммо об-ҳаво ҳақида чанг-тўзонли кўчада гапириш бир бошқаю салқин хонада туриб гапириш бир бошқа.
ПОЛИЦИЯЧИ. Шубҳасиз! Бу ерда фарқ бор!
ХОТИН (эрига). Хавотир олма! Бола эшикда миршабни кўриб, бу ёққа кирмайди.
ШОЙ ДА. Кира қолинг. Бу ер анча салқин. Биз жияним билан дўкон очдик. Айтишга ижозат беринг, биз бошлиқлар билан яхши муносабатда бўлишга алоҳида эътибор берамиз.
ПОЛИЦИЯЧИ (ичкарига кириб). Сиз назокатли одамсиз, жаноб Шой Да. Дарвоқе, бу ер анча салқин экан.
ЭРКАК (секин). Бола ташқаридан кўриб қолмасин учун у миршабни атай бу ёққа киритди.
ШОЙ ДА. Меҳмонлар! Эшитишимча, жиянимнинг узоқ танишлари. Бу ёққа йўл усти киришибди.
Ўзаро саломлашадилар.
Ҳозир хайрлашмоқчи эдик.
ЭРКАК (хириллаб). Хўп, биз жўнадик.
ШОЙ ДА. Мен жиянимга бошпана учун миннатдорчилигингизни айтиб қўяман, кутишга фурсатлари бўлмади, дейман.
Кўчадан шовқин ва “ўғрини ушла!” деган қичқириқлар эшитилади.
ПОЛИЦИЯЧИ. Нима гап?
Эшикда бола пайдо бўлади. Қўйнидан нон ва сомсалар тўкилади. Хотин унга “кет!” деб ишора қилади. Бола ўгирилиб кетмоқчи бўлади.
Ҳой, тўхта! (Уни тутиб қолади) Сомсаларни қайдан олдинг?
БОЛА. Ана у ердан.
ПОЛИЦИЯЧИ. А-ҳа, ўғирладингми?
ХОТИН. Бундан бизнинг сираям хабаримиз йўқ. Боласи тушмагур ўз бошича иш қилибди. Ҳа, ер ютсин сени!
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Шой Да, нима гаплигини сиз тушунтириб беролмайсизми?
(Шой Да индамайди)
А-ҳа! Ҳамма мен билан маҳкамага боради.
ШОЙ ДА. Менинг дўконимда шундай воқеа рўй берганидан жуда хафаман.
ХОТИН. Боланинг кетганини у билар эди.
ШОЙ ДА. Миршаб жаноблари, ишонтириб айтаманки, мен жиноятни бекитмоқчи бўлсам, сизни бу ёққа таклиф этмас эдим.
ПОЛИЦИЯЧИ. Ўз-ўзидан равшан. Аммо Шой Да жаноблари, албатта, тушунсалар керак, бу кимсаларни қамоққа олиш – менинг бурчим.
(Шой Да таъзим қилади.) Қани, олдинга тушинглар, марш! (уларни ҳайдаб чиқади)
ЧОЛ (остонада туриб, дўстона оҳангда). Кўришгунча хайр!
Шой Дадан бўлак, ҳамма кетади. У дўконни тартибга солишда давом этади. Уй эгаси хоним киради.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Демак, сиз унинг амакиваччаси бўласиз! Менинг уйимда одамларни қамоққа олишади – бу нима деган гап? Жиянингиз бу ерни карвонсаройга айлантирган шекилли? Кечагина кавакларда яшаб, нонвойдан нон тилаган кимсаларга қайишсанг, мана, оқибати нима бўлади. Кўриб турибсизки, мен ҳамма гапдан хабардорман.
ШОЙ ДА. Кўриб турибман. Жияним тўғрисида сизга роса тўқиб-чатишган кўринади. Уни қаровсиз, оч қолган эди, деб айблашган бўлса керак. Дарҳақиқат, у ночорликда яшар эди. Ўта бадном, яъни камбағал эди.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. У бир…
ШОЙ ДА. Гадо эди. Келинг гапнинг пўскалласини айтақоламиз!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. О, марҳамат, фақат кўз ёшига тоқатим йўқ! Мен унинг хулқ-атворини айтаман, даромадини эмас. Шубҳасиз даромади ҳам баҳарнав бор эди, йўқса мана бу дўкон бўлмасди. Айрим табаррук зотлар ғамхўрлик қилишган. Бўлмаса, дўкон қаёқдан бўлиб қолди? Тақсирим, бу мўътабар уй! Бу ерда ҳақ тўлаб турувчилар шундай бир кимса билан девор-дармиён бўлиб яшашни исташмайди, ҳа! (Пауза) Мен бағритош эмасман, аммо бу жиҳатни ҳисобга олмасам бўлмайди.
ШОЙ ДА (совуқ оҳангда). Ми Дзю хоним, мен бандман. Очиғини айтинг-чи, бу мўътабар уйда туриш бизга қанчага тушади?
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Жудаям совуққон одам экансиз.
ШОЙ ДА (пештахта остидан ижара ҳақидаги шартномани олади). Ижара ҳақи жуда баланд. Менимча, шартномани шундоқ тузиш керакки, ижара ҳақи ойма-ой тўланадиган бўлсин.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ (бидирлаб). Аммо сизнинг жиянингизга ўхшаш одамлар билан бундоқ шартнома тузиб бўлмайди.
ШОЙ ДА. Хўш, нима демоқчисиз?
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Демоқчиманки, жиянингизга ўхшаш одамлар икки юз кумуш долларни ярим йил олдин тўлаб қўйишлари шарт.
ШОЙ ДА. Икки юз кумуш доллар! Бу – талончилик-ку! Хўш, мен уни қайдан оламан? Бу ерда катта даромадга кўз тутиб бўлмайди. Ёлғиз умид – цемент заводида қоп тикувчи аёллар, улар кўп чекишади, айтишларича, меҳнатлари жудаям оғир эмиш. Аммо иш ҳақлари оз.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Бу ҳақда олдинроқ ўйлаш керак эди.
ШОЙ ДА. Ми Дзю хоним, жудаям бераҳм бўлманг. Ҳа, жияним уйсизларга бошпана бериб, тўғри иш қилмади. Аммо у хатосини тузатади, ишонаверинг, мен бунга кафилман. Бошқа жиҳатни ҳам ўйлаб кўринг, ўзи тубанликдан чиққан, тубанликдаги ҳаётни яхши билувчи кишидан ҳам афзалроқ ижарачи топа олармикинсиз? У ҳақингизни ўз вақтида тўлаш учун ўлиб-тирилиб ишлайди. У ҳамма ишни қилади, ҳамма нарсадан кечади, ҳамма нарсани сотади, ҳеч нарсани аямайди, бир қулдек хизмат қилади, амрингизга “лаббай” деб туради, негаки, ҳалиги эски жойига қайтиб боришни истамайди. Ахир, бундай ижарачи тиллога топилмайди.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Икки юз кумуш долларни олдиндан тўлашни талаб қиламан, йўқса, келган жойига жўнайди.
Полициячи киради.
ПОЛИЦИЯЧИ. Мен халал бермасам керак, жаноб Шой Да.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Дарҳақиқат, полиция бу дўконга айрича эътибор билан қарайди.
ПОЛИЦИЯЧИ. Ми Дзю хоним, сиз бошқача хаёлларга борманг. Жаноб Шой Да бизга яхши хизмат қилди, мен унга маҳкама номидан раҳмат айтиш учун атай келдим.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Ҳа, бунинг менга дахли йўқ. Жаноб Шой Да, менинг таклифим жиянингизга маъқул бўлар деган умиддаман. Мен ижарачиларим билан аҳил яшашга одатланганман. Хайр, жаноблар. (Кетади)
ПОЛИЦИЯЧИ. Ми Дзю хоним билан ораларингда бирор англашилмовчилик борми?
Шой Да. У ижара ҳақини олдиндан тўлашни талаб қилади, жияним унинг кўзига етарлича нуфузли бўлиб кўринмаётган эмиш.
ПОЛИЦИЯЧИ. Нима, сизда пул йўқми?
Шой Да индамайди.
Жаноб Шой Да, сиздек киши кредитдан фойдаланиши керак, шундоқ эмасми?
ШОЙ ДА. Эҳтимол. Аммо Шен Дега ўхшаганларга ким кредит беради?
ПОЛИЦИЯЧИ. Бу ерда қолиш ниятингиз йўқми?
ШОЙ ДА. Йўқ. Лекин бу ердан кетолмайман ҳам. Фалокатнинг олдини олиш учун, унга йўл-йўлакай ёрдам қўлини чўзолдим, холос. Ҳа демай, у яна ёлғиз қолади, уни нималар кутишини ўйлашга ҳам қўрқаман.
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Шой Да, ижара ҳақи масаласида қийналиб қолганингизга ачинаман. Ростини айтсам, биз бу дўконга бошда бошқача кўз билан қарардик, аммо бугунги холис хизматингиз сизнинг кимлигингизни кўрсатди, биз, ҳокимият вакиллари тартиб-интизом масаласида кимга суяниш мумкинлигини бир қарашда биламиз.
ШОЙ ДА (алам билан). Полициячи жаноблари, жияним айтмоқчи, фаришталар туҳфаси бўлмиш бу дўконни сақлаб қолиш учун мен қонун кўтаргунча, ҳар бир чорани кўришга ҳозирман. Бироқ қаттиққўллик ва айёрлик фақат тубан кишиларга қарши қаратилганда яхши фойда беради, бу чегара оқилона тортилган. Мен ёмғирдан қутилиб, қорга учраган кишига ўхшайман. (Бироз жим туриб) Чекасизми?
ПОЛИЦИЯЧИ (чўнтагига иккита сигара солиб). Биз, ҳокимият вакиллари, сизни қўлдан бериб қўйишни истамаймиз. Аммо Ми Дзю хонимни ҳам тушуниш керак. Шен Де – ёлғон гапиришнинг нима кераги бор – ўзини бошқаларга сотиб кун кечирарди. Менга эътироз этишингиз мумкин: хўш, бошқа чораси бўлмаса, нима қилсин? Масалан, уй учун ижара ҳақини қандай тўласин? Тўғри, аммо лекин бу соҳиби эҳтиром белгиси эмас. Нега? Биринчидан, севгини сотиш расм эмас, сотилса, у сотқин севги бўлади. Иккинчидан, ақча тўлаган кимса билан эмас, ўзинг севган киши билан бирга бўлиш соҳиби эҳтиром белгиси саналади. Учинчидан, у бир ҳовуч гуручни деб эмас, севгани учун ўша киши билан бирга бўлади. Баракалла, дейсиз, аммо бўлган иш бўлиб, бўёғи синган экан, бу гаплардан не фойда? Хўш, у нима қилсин? У ярим йиллик ижара хақини топиши керак. Жаноб Шой Да, иқрорманки, мен бу саволга жавоб беришга ожизман. (Қаттиқ ўйлайди) Жаноб Шой Да! Топдим! Унга эр топинг!
Кичик бир кампир киради.
КАМПИР. Марҳамат қилиб, эрим учун арзонроқ, яхшироқ сигара топиб берсангиз. Эртага бир ёстиққа бош қўйганимизга роса қирқ йил тўлади, шунинг шарафига тўйча қилмоқчимиз.
ШОЙ ДА (хушфеъллик билан). Қирқ йил ўтибдики, ҳамон тўй экан-да!
Кампир. Қурбимиз етгунча! Қаршингиздаги дўкон бизники бўлади – гилам билан савдо қиламиз. Сиз билан аҳил қўшни бўламиз деган умиддаман. Бу ҳозирги замонда жуда муҳим.
ШОЙ ДА (унга турли қутичалар таклиф этади). Ҳа, замоннинг яхшиланишига кўзим етмай турибди.
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Шой Да, бизга капитал керак. Шундоқ экан, менинг таклифим – никоҳ.
ШОЙ ДА (хижолат чекиб, кампирга). Мен ўз ташвишларимга полиция жанобларини ҳам шерик қилдим.
ПОЛИЦИЯЧИ. Биз ярим йиллик ижара ҳақини тўлай олмаймиз. Бас, кичик бир капиталга турмушга чиқамиз.
ШОЙ ДА. Бу унча осон эмас.
ПОЛИЦИЯЧИ. Нега? У ёмон қиз эмас! Кичик бўлса ҳам, ўз дўкони бор! (Кампирга) Хўш, сиз нима дейсиз?
КАМПИР (ҳайрон қолиб). Ҳа…
ПОЛИЦИЯЧИ. Газетага эълон берамиз.
КАМПИР (босиқлик билан). Қиз рози бўлса…
ПОЛИЦИЯЧИ. Нега рози бўлмас экан? Ҳозироқ ёзамиз. Ҳимматга ҳиммат. Ҳокимият вакиллари тирикчилик тоши остида эзилган майда савдогарларга ачинмайди, деб ўйламанг. Сиз бизга кўмаклашасиз, биз эса турмуш қуриш ниятингиз борлиги ҳақида эълон ёзамиз. (Кулиб). Хо-хо-хо! (Ён дафтарчасини шартта олиб, қаламни ҳўллаб, ёза бошлайди)
ШОЙ ДА (секин). Ёмон эмас.
ПОЛИЦИЯЧИ. “Ким, яъни, кичик капиталга эга бўлган эркак… Бева бўлиши ҳам мумкин… гуллаб яшнаётган тамаки савдоси соҳибаси билан никоҳдан ўтишни истайди?” Яна қўшиб қўямиз: “Ёқимтой ҳусн эгасиман”. Хўш, қалай?
ШОЙ ДА. Агар сиз муболаға бўлди деб ўйламасангиз…
КАМПИР (очиқ чеҳра билан). Йўғ-ей, йўғ-ей! Ахир, мен уни кўрганман.
Полициячи дафтарчадан варақни йиртиб, Шой Дага узатади.
ШОЙ ДА. Ғилдирак остига тушиб қолмаслик учун қанчалар эпчил бўлиш керак! Қанча айёрлик керак! Қанча дўст керак! (полициячига) Қатъий ҳаракат қилишга қарор берган бўлсам-да, ижара ҳақи масаласини қандай ҳал этишни билолмай турувдим. Мана, сиз келиб, оқилона маслаҳат билан ёрдамлашиб юбордингиз. Назаримда, нажот йўли энди кўриниб қолди.
III
Шаҳар боғида оқшом.
Жулдур кийинган ёш йигит боғ устидан баланд учиб ўтаётган самолётни кузатиб қолади. У чўнтагидан чилвир олиб, атрофга аланглайди. Сўнг баланд толга қараб юради. Шу пайт йўлда иккита фоҳиша кўринади. Бири қари, иккинчиси Шен Де дўконига жойлашган оиладан, қиз жиян.
ЁШ ФОҲИША. Оқшоминг хайрли бўлсин, азизим. Мен билан юрмайсанми?
СУН. Борсам боравераман, азиз хонимлар. Егулик бирор нима берсаларинг, бас.
ҚАРИ ФОҲИША. Нима, жинни-пинни бўлдингми? (Ёш фоҳишага) Қани, юр. Бекорга вақтни ўтказмайлик. Бу ишсиз учувчи-ку.
ЁШ ФОҲИША. Боғда, афтидан, ҳеч ким қолмаган, ҳадемай, ёмғир ёғади.
ҚАРИ ФОҲИША. Қараб кўрайлик, балки бирортаси учрар.
Улар кетишади. Сун атрофга кўз солиб, чилвирни дарахт шохига ташлайди. Лекин унга яна халал беришади. Икки фоҳиша изига қайтади. Улар йигитни кўришмайди.
ЁШ ФОҲИША. Оҳ, сел ёғса керак.
Йўлда Шен Де кўринади.
ҚАРИ ФОҲИША. Қара, анави тасқара келаяпти! У сени ҳам, қариндошларингни ҳам адо қилди.
ЁШ ФОҲИША. У эмас, амакиваччаси. У бизга бошпана бериб, сомсага пул тўланглар, деди. Унга қасдим йўқ.
ҚАРИ ФОҲИША. Сеники бўлмаса, меники бор! (Баланд овозда) Ҳа, мана, жондан азиз синглимиз хурмачасини тиллага тўлдириб келаяпти! Унга дўкони камлик қилгандай, хушторларимизни ҳам йўлдан урмоқчи.
ШЕН ДЕ. Нега менга бақраясан? Мен ҳовуз бўйидаги чойхонага бораяпман.
ЁШ ФОҲИША. Ҳамма ёқда дув-дув гап… Уч боласи бор бевага турмушга чиқармишсан!
ШЕН ДЕ. Ҳа, у билан чойхонада учрашмоқчиман.
СУН (бетоқат). Қорангизни ўчиринг, шаллақилар! Шу ерда ҳам тинчлик беришмайди!
ҚАРИ ФОҲИША. Ўзинг овозингни ўчир!
Иккала фоҳиша кетади.
СУН (улар изидан қичқириб). Қирғийлар! (Томошабинларга) Шундай хилват жойда ҳам ўзларига қурбон излашади, бутазорлар орасида, ёмғир остида ҳам ўз харидорларини қўлга туширмоқчи бўлишади.
ШЕН ДЕ (жаҳли чиқиб). Нега уларни сўкасиз? (Чилвирга кўзи тушиб). Вой!..
СУН. Нега қаққайиб қолдинг?
ШЕН ДЕ. Чилвир сизга нега керак?
СУН. Қани, жўна, йўлингдан қолма, синглим! Менда пул у ёқда турсин, чақа ҳам йўқ. Аммо бўлганда ҳам сенга харж қилмас эдим, бир кружка сув сотиб олардим.
Ёмғир ёға бошлайди.
ШЕН ДЕ. Чилвир нега керак? Сиз бу ишни қила кўрманг!
СУН. Сенга нима? Қани, туёғингни шиқиллат!
ШЕН ДЕ. Ёмғир ёғаяпти-ку.
СУН. Жонингдан умидинг бўлса, дарахтга яқинлашма.
ШЕН ДЕ (ёмғир остида қаққайиб тураверади). Йўқ.
СУН. Жўна, дейман, бекорга овора бўласан. Барибир мендан иш чиқмайди. Бунинг устига, жуда хунуксан. Оёқларинг қийшиқ.
ШЕН ДЕ. Ёлғон.
СУН. Кўрсатма! Ҳе, жин урсин, майли, ёмғир ёғаётган экан, дарахт остига келиб тур.
ШЕН ДЕ (секин дарахт остига келиб ўтиради). Нега бундай қилмоқчи бўлдингиз?
СУН. Билгинг келаяптими? Майли, айтсам, айтақолай, балки кейин тинч қўярсан.
(Бир пас жимлик)
Сен учувчи кимлигини биласанми?
ШЕН ДЕ. Чойхонада уларни кўрганман.
СУН. Йўқ, сен уларни кўрмагансан. Балки чарм қалпоқ кийган анави эзмалар, аҳмоқларни кўргандирсан… Уларда на матор сезгиси бор, на машина туйғуси. Улар бошқарувчининг томоғини мойлаб, қутига тушиб олишган. Шунақаларга, қани, сандиғингни икки минг фунт баландликдан булутни ёриб, пастга ағдар-да, сўнг ричагни бир силтаб, уни ўнглаб ол, деб кўр-чи, нима деркин? У, бу гаплар шартномада йўқ, дейди. Самолётни худди ўз орқасидек ерга қўндиролмаган учувчи – учувчи эмас, лақма. Мен эса – учувчиман. Ростини айтсам, дунёда энг катта аҳмоқ ҳам ўзим, чунки Пекин мактабида учишга доир жамики китобларни ўқиб чиққанман. Ёлғиз бир китобнинг битта саҳифаси қолган, унда учувчилар ортиқ керак эмас, деб ёзилган экан. Хуллас, мен энди самолётсиз учувчи, почтасиз почта учувчисиман. Ишлар шунақа, э, сен нимани ҳам тушунардинг!
ШЕН ДЕ. Ҳар ҳолда тушунаман.
СУН. Тушунмайсан, дедимми, тушунмайсан.
ШЕН ДЕ (дам кулиб, дам йиғлаб). Болалигимда ҳовлимизда қаноти синган бир турна бўлар эди. Меҳрибон қуш эди, шўхлик-шумлик қилсак, кўтарар, бўйнини ғоз қилиб, биз билан ёнма-ён юрар, фақат ундан ўзиб кетсак, безовта бўлиб, қичқирар эди. Аммо баҳор ва кузда қишлоғимиз устидан гала-гала бўлиб қушлар учиб ўтганда, оромини йўқотиб қўярди, мен уни яхши тушунардим.
СУН. Йиғлама.
ШЕН ДЕ. Йўқ.
СУН. Кўз ёшидан юзинг униқади.
ШЕН ДЕ. Мана, бас қилдим. (Енги билан кўз ёшини артади)
СУН (дарахтга суянганча, Шен Дега ўгирилмасдан, қўлини чўзиб, қизнинг юзини силайди). Сен эплаб юзингни ҳам артолмайсан. (Рўмолчаси билан унинг юзини артади).
Бир пас жимлик.
Бас, ўзимни осишга қўймас экансан, гапир, тилга кир.
ШЕН ДЕ. Нимани гапирай?
СУН. Нега мени сиртмоқдан қутқармоқчи бўлдинг, синглим?
ШЕН ДЕ. Мен қўрқиб кетдим, сиз, балки, оқшом шу қадар бадқовоқ бўлгани учун ҳам шу ишга жазм этгансиз. (Томошабинларга)
Бизнинг мамлакатда
Хўмрайган оқшомлар бўлмасин
Ва дарё устида баланд кўприклар.
Бағоят хавфлидир субҳу саҳарлар,
Ғоят хатарлидир қиш фасли.
Гап шунда-ки, арзимас нарса
Этар камбағалнинг тоқатини тоқ.
Шунда у ўзидан ҳаёт юкини
Улоқтириб ташлайди мутлоқ…
СУН. Ўзинг ҳақингда гапириб бер.
ШЕН ДЕ. Нимани гапирсам экан? Кичик дўконим бор.
СУН (масхаралаб). Ростдан-а? Хушторлар изидан қувмайсан, кичик дўконинг бор!
ШЕН ДЕ (қатъий). Дўконим бор, аммо илгари фоҳиша эдим.
СУН. Сенга дўконни фаришталар совға қилишгандир?
ШЕН ДЕ. Ҳа.
СУН. Бир куни оқшом улар ҳозир бўлишгану “Мана, ол” деб сенга пул чўзишган.
ШЕН ДЕ (оҳиста кулиб). Унда тонг эди.
СУН. Ҳар ҳолда сен билан суҳбатлашиб, хурсанд бўлишган, деб айтолмайман.
ШЕН ДЕ (бироз жим туриб). Мен ситра чалиб, бировларга тақлид эта оламан. (Иззат-эътиборли кишининг паст, бўғиқ овози билан) “Йўқ, нима десангиз денг, мен ҳамёнимни йўқотиб қўйдим шекилли!..” Кейин мен дўкон сотиб олдим. Шунда биринчи галда ситрани совға қилиб юбордим. Энди, дедим мен ўз-ўзимга, тош ҳайкалдек тура оламан, ҳалиги ишлар, менга энди керак эмас!
Энди бой хотинман, дедим ўзимга,
Ёлғиз юраман ва ётаман ёлғиз.
Мен энди йил бўйи эркак зотини
Йўлатмайман ёнимга ҳаргиз…
СУН. Энди бўлса, турмушга чиқаяпсан, шундоқми? Ҳовуз бўйидаги чойхонада ўтирган кимсага.
(Шен Де индамайди)
Сен севги ҳақида аслида нима биласан?
ШЕН ДЕ. Ҳамма нарсани.
СУН. Хўп, майли, синглим. Менга ўша ёқар эди, демоқчимисан.
ШЕН ДЕ. Йўқ.
СУН (ўгирилмай, унинг юзини силайди). Мана бу-чи, ёқадими?
ШЕН ДЕ. Ҳа.
СУН. Кўриб турибманки, сенга кўп нарса керак эмас. Бу қанақа шаҳар ўзи!
ШЕН ДЕ. Дўстларингиз йўқми?
СУН. Дўстларим кўп, лекин ҳамон ишсиз юрганимни сабр-тоқат билан эшитадиган биттаси ҳам йўқ. Гапирсанг, ҳаммаси оғзини очиб, кўзини чақчайтиради. Сенинг дўстинг борми?
ШЕН ДЕ (бўшашиб). Амакиваччам бор.
СУН. Ундан эҳтиёт бўл.
ШЕН ДЕ. У бу ерда атиги бир марта бўлди, холос. Кетди, энди сира қайтиб келмайди. Намунча ноумидсиз? Ахир, мақол бор: ноумид – шайтон.
СУН. Хўш-хўш, гапиравер. Не бўлса ҳам инсон овози-ку.
ШЕН ДЕ (куйиб-пишиб). Муҳтожлик нақадар авжига чиқмасин, барибир дунёда раҳмдил кишилар учрайди. Ёш бола эдим, бир гал елкамда бир боғ ўтин билан йиқилиб тушдим. Бир чол мени ўрнимдан турғизиб, қўлимга бир чақа танга берди. Кейин шуни тез-тез эслаб юрдим. Фақирлар бир бурда нонни ҳам бошқалар билан бўлишиб ейди. Одамзод ўзи нималарга қодирлигини кўз-кўз қилишни хуш кўради, аммо қодир бўлган нарсалар ичида энг афзали – меҳрибонлик эмасми? Қаҳр-ғазаб қобилият етмаган ерда юз беради. Кимда ким қўшиқ куйласа ёки машина яратса, ёки шоли экса, шубҳасиз, у раҳмдил бўлади. Сиз ҳам раҳмдилсиз.
СУН. Кўриб турибманки, сенга кўп нарса керак эмас.
ШЕН ДЕ. Вой, юзимга ёмғир томчилади.
СУН. Қани қаерига?
ШЕН ДЕ. Икки кўзим орасига.
СУН. Ўнгига яқинроқми, чапига?
ШЕН ДЕ. Чапига.
СУН. Яхши. (Бироздан сўнг, уйқисираган овозда) Хўш, эркаклар билан ҳисоб-китобинг битдими?
ШЕН ДЕ (кулимсираб). Лекин менинг оёқларим қийшиқ эмас.
СУН. Балки қийшиқ эмасдир.
ШЕН ДЕ. Сираям қийшиқ эмас.
СУН (дарахтга хорғин суяниб). Икки кундан буён туз тотмадим, кечадан буён ташнаман, ўзим истаган тақдирда ҳам сени севолмайман, синглим.
ШЕН ДЕ. Ёмғирнинг ёғиши қандай яхши.
Мешкоб Ван пайдо бўлади. У куйлайди.
ЁМҒИР ЁҒАЁТГАНДА МЕШКОБ ҚЎШИҒИ
Қалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуяди,
Мен эсам кўчада сув сотаман, сув.
Ҳеч ким сув сўрамас, сув сотиб олмас,
Ҳеч кимсага керак эмас у.
Тинмай қичқираман: “Яхтдай яхоб!”
Ҳеч ким сотиб олмайди уни.
Ҳаттоки тушмайди сариқ чақа ҳам
Менинг чўнтагимга шу куни.
Сув сотиб олинглар, кўппаклар!
Қанийди, ҳеч ёмғир ёғмаса,
Етти йил ёғмаса, истардим шуни.
Сув сотиб, мириқиб яшардим,
Қатра-қатра сотардим уни.
– Сув бер! Тезроқ сув! – деб қичқириб,
Ўраб олишарди мени ҳар маҳал.
Мен эсам ҳар битта харидорга
Синчковлик билан боқардим аввал.
Балки у тўсатдан ёқмай қолар?
Чанқаб ўлардингиз шунда, кўппаклар!
(Кулиб)
Ёмғир қуйганидан қуяр, сиз эса,
Текин сув завқини сурасиз.
Булутларнинг улкан сийнасини
Бир тийин бермасдан сўрасиз.
Мен эсам қичқириб юраман ҳамон,
“Яхтдай яхоб!” дея мақтайман уни,
Ҳеч ким сотиб олмайди сувни…
Сув сотиб олингиз, кўппаклар!
Ёмғир тинади.
ШЕН ДЕ (Ванни кўриб, унинг ёнига югуриб боради). Оҳ, Ван, қайтиб келдингми-а? Идишларинг меникида.
ВАН. Уларни асраб қўйганинг учун раҳмат. Аҳволинг қалай, Шен Де?
ШЕН ДЕ. Яхши. Мен жуда жасур ва ақлли йигит билан танишиб қолдим. Ўшанга деб сендан бир кружка сув сотиб олмоқчиман.
ВАН. Бошингни орқага ташласанг, оғзинг сувга тўлади. Ана, тол баргидан томиб турибди.
ШЕН ДЕ. Лекин мен сенинг сувингдан сотиб олмоқчиман, Ван.
Узоқдан ташиб келдинг,
Машаққат чекдинг талай,
Ёмғир ёғиб турганда
Ҳеч ким сотиб олмагай.
Аммо у менга керак
Анави жаноб учун.
У учувчи бир йигит,
Демак, ҳаммадан жасур.
У булутларни суриб,
Бўронни тикка ёриб,
Кўкларда парвоз этар.
Узоқ ўлкалардаги
Дўстларга салом элтар.
(Пул тўлаб, бир кружка сув билан Сун томонга югуради. Йўл-йўлакай Ванга ўгрилиб, кулиб қичқиради). У ухлаб қолди. Умидсизлик, ёмғир ва мен уни чарчатиб қўйдик.
ИНТЕРМЕДИЯ
Ваннинг қўналғаси – сув оқадиган қувур. Мешкоб ухлаб ётибди. Мусиқа. Оҳанг тобора нозик тус олади. Ваннинг бошида фаришталар пайдо бўлишади.
ВАН (қувончдан энтикиб). Мен уни кўрдим, оқилу донолар! Аввал қандоқ бўлса, ҳозир ҳам шундоқ.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу бизни қувонтиради.
ВАН. У бировни севиб қолибди! Менга кўрсатди. Чиндан ҳам унинг аҳволи яхши.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Эшитиб хурсанд бўлдик. Бу нарса унинг эзгуликка бўлган интилишини янада мустаҳкамлайди, деб умид қиламиз.
ВАН. О, албатта! У қўлидан келганича яхшилик қилади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, у нечук яхшиликлар қилди? Сўзлаб бер бизга, азизим Ван.
ВАН. Ҳеч кимдан яхши сўзини аямайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА (қизиқсиниб). Хўш-хўш?
ВАН. Чўнтагида пули бор киши унинг дўконидан тамакисиз чиқмайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу ёмон эмас. Хўш, яна?
ВАН. У саккиз жондан иборат оилага бошпана берди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА (руҳланиб кетиб, иккинчи фариштага). Саккиз жондан иборат! Бу ҳали ҳаммаси бўлмаса керак?
ВАН. Ёмғир қуйиб турганига қарамай, у мендан бир кружка сув сотиб олди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Булар бари майда-чуйда хайрли ишлар, вассалом. Лекин ҳар холда, тушунарли.
ВАН. Хайрли ишлар ақча талаб қилади. Кичик бир дўкондан тушадиган даромад бутун харажатни қопламайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Албатта, албатта! Аммо яхши боғбон бир парча ерда ҳам мўъжиза кўрсата олади.
ВАН. Шен Де мўъжиза кўрсатаяпти! У ҳар эрталаб гуруч тарқатади, даромадининг ярмидан кўпи шунга кетади. Менга ишонаверинг, оқилу донолар.
БИРИНЧИ ФАРИШТА (бир оз хафсаласи пир бўлиб). Мен бир нима демадим шекилли. Бошланиши ёмон эмас.
ВАН. Замон оғир, шуни инобатга олишингизни сўрайман! У дўкончасини сақлаб қолиш учун бир гал амакиваччасини ёрдамга чақиришга ҳам мажбур бўлди.
Топилгач шамолдан овлоқ, пана жой,
Аёзли осмоннинг чор тарафидан
Чуғурлашиб келди қушлар галаси.
Бошланди жой учун талаш, шум тулки
Туйнук очди юпқа девордан.
Ёлғиз оёқ бўри бўлса-чи,
Ош тўла косани ерга ағдарди…
Хуллас, унинг ёлғиз ўзи ишни эплай олмасди. Лекин ҳамма уни, меҳрибон қиз, дейди. Ҳамма жойда уни, маҳалла фариштаси деб аташади. Унинг дўкон – эзгуликлар макони! Дурадгор Лин То нима деса, деяверсин.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, нима гап? Дурадгор Лин То уни хуш кўрмайдими?
ВАН. Э, токчалар ҳақини тугал тўлашмади деб ҳасрат қилиб юради, холос.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Нималар деяпсан? Дурадгорга тўлашмадими? Шен Де дўконида-я? У бунга қандоқ қилиб йўл қўйди экан?
ВАН. Чамамда, пули етишмаган.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Йўқ, бу инсофдан эмас. Қарздормисан – қарзингни тўла! Шаънингга зарра доғ тушмасин. Қонунга аввал амал қил, кейин қонун талашсанг, ярашади.
ВАН. Бу ерда унинг ўзи эмас, амакиваччаси айбдор, оқилу донолар.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Ундоқ бўлса, амакиваччаси энди унинг дўконига оёқ босмайди.
ВАН (маъюс тортиб). Тушунаман, оқилу донолар. Лекин шуни ҳам айтишим керакки, амакиваччаси ғоят эътиборли бир савдогар. Ҳатто полиция ҳам уни қадрлайди.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Биз амакивачча жанобларини эшитмай туриб, ҳукм чиқаролмаймиз. Иқрор этишим керак, савдо-сотиқ масалаларида дарҳол чалкашиб кетаман, балки савдогарчиликда нима маъқул, нима маъқул эмаслигини олдин аниқлаб олиш керакдир. Оҳ, бу жонга теккан савдогарчилик! Шу ишнинг бўлиши шартмикин ўзи? Ҳамма савдо деб ақлдан озади! Магар етти меҳрибон қирол савдогарчилик қилишганмиди? Ёки тақводор балиқ сотганмиди? Инсонга муносиб ҳалол ҳаёт кечиришга савдогарчиликнинг нима алоқаси бор?
ИККИНЧИ ФАРИШТА (қаттиқ жаҳл ила). Нима бўлса ҳам, бу бошқа такрорланмаслиги шарт. (Ўгирилиб кетмоқчи бўлади)
Қолган иккиси ҳам кетишга шайланади.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (хижолатомуз). Қаттиқ гапирдик, узр. Биз бугун жуда чарчадик, уйқу ҳам чала бўлди. Тунаш учун бошпана! Бойлар бизга камбағаллар учун яхши тавсиялар беришади, камбағаллар эса бошпанага зор.
ФАРИШТАЛАР (йироқлашиб, койиб боришади). Уларнинг энг яхшиси ҳам ожиз. Хўш, бунинг нимасига хайрон қоласан? Оз!Оз! Тўғри, ҳаммаси чин юракдан, лекин фойдаси зиғирча! У ҳеч бўлмаганда…
Уларнинг овози эшитилмай қолади.
ВАН (уларнинг изидан қичқириб). Жаҳлга минаверманг, оқилу донолар!
Бошланиши учун шу ҳам оз эмас!
IV
Шен Де тамаки дўкони олдида.
Сартарошхона, гиламфурушлик ва Шен Денинг тамаки дўкони. Кун – душанба. Шен Де дўкони олдида саккиз жон оиланинг қолган аъзолари – чол ва келинчак, шунингдек ишсиз киши билан бева Шин кутиб туришибди.
КЕЛИНЧАК. У бугун уйида тунамади!
ШИН. Ақл бовар қилмайди! Хайриятки, анави ёвуз амакиваччаси йўқолдию бу бизга марҳамат юзасидан гоҳ-гоҳ гуруч берадиган бўлди. Аммо бир неча кунлаб қорасини кўрсатмай, аллақаёқларда тентираб юришга бало борми!
Сартарошхонада шовқин кўтарилади. У ёқдан қоқилиб-суқилиб Ван чиқади, уни семиз сартарош қувиб келмоқда, қўлида соч жингалак қилувчи оғир омбур.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Мижозларга қўланса сувинг билан хиралик қилишни кўрсатиб қўяман сенга! Қани, кружкангни ол-да, бу ердан қорангни ўчир!
(Ван жаноб Шу Фу қўлидан кружкани олмоқчи бўлади, лекин шу пайт сартарош унинг қўлига омбур билан уради, Ван қичқириб юборади.)
Мана, сенга! Бундан кейин сабоқ бўлсин! (Ҳансираб, сартарошхонага қайтади)
ИШСИЗ КИШИ (кружкани ердан олиб, Ванга узатади). Ургани учун судга беришинг мумкин.
ВАН. Қўл адо бўлди.
ИШСИЗ КИШИ. Нима, синдими?
ВАН. Қимирлатолмайман.
ИШСИЗ КИШИ. Ўтир, устидан сув қуй.
Ван ўтиради.
ШИН. Ҳа, сенга сув теп-текин.
КЕЛИНЧАК. Соат саккиз бўлибдики, юмшоқ супургидан ҳамон дарак йўқ! Аллақайларда ялло қилиб юрибди! Шармандалик!
ШИН (қовоғини солиб). У бизни унутди!
Кўчада бир хурмача гуруч кўтариб Шен Де ҳозир бўлади.
ШЕН ДЕ (томошабинларга). Мен шаҳарни эрта тонгда сира кўрмагандим. Одатда бу паллада бошимни иркит кўрпага буркаб, қани энди ҳеч уйғонмасам, деб қимирламай ётардим. Бугун мен газета сотувчи болалар, кўча асфалтини юваётган эркаклар, қишлоқдан тоза сабзавот олиб тушган деҳқонларнинг аравачалари оралаб юрдим. Суннинг маҳалласидан уйимгача узоқ йўл босдим, аммо қадам сайин қувончим оша борди. Мен севишганлар осмону фалакда учиб юришади деб эшитгандим, аммо энг яхшиси ерда, асфалтда юриш экан. Менга ишонинг, бировни севиб эрта тонгда уйғонаётган шаҳарни кўрмабсиз – дунёга келмабсиз. Шаҳар бу паллада, шоирлар айтмоқчи, уйқудан туриб, соф ҳавони симириб, иш асбобини қўлига олган тетик ҳунарманд Чолга ўхшайди. (Кутаётганларга) Ассалому алайкум! Мана, гуруч! (Гуручни тарқатиб, Ванга кўзи тушади) Салом, Ван. Мен бугун бироз бепарвороқман. Йўл бўйи ҳар витрина ойнасида ўзимни кузатдим, энди ўзимга шол рўмол олмоқчиман. (Сал туриб) Биласанми, жудаям чиройли бўлгим келади. (Дарҳол гиламфурушлик дўконига киради)
ЖАНОБ ШУ ФУ (эшикда кўриниб, томошабинларга). Тавба, бугун Шен Дебону жудаям чиройли бўлиб кетибдими? Шу пайтгача пайқамаганимни қаранг! Бор-йўғи уч дақиқа кўрдиму чиппа-чин ошиқ бўлдим – қўйдим. Ажойиб гўзал аёл! (Ванга) Йўқол, ярамас! (Сартарошхонага қайтиб киради)
Шен Де, мункиллаган эр-хотин – гиламфуруш савдогари ва унинг рафиқаси – дўкондан чиқишади. Шен Денинг қўлида шол рўмол, гилам савдогарининг қўлида кўзгу.
КАМПИР. Аломат рўмол, нархиям арзон, кичик бир тешиги бор, холос.
ШЕН ДЕ (рўмолни кампирга тутқизиб, ўзи томоша қилади). Яшил рўмол ҳам аломат экан.
КАМПИР (кулимсираб). Афсуски, у бежирим.
ШЕН ДЕ. Иложим қанча. Мен дўкондор бўлиб ҳам ўзимга тузукроқ бир нарса ололмайман. Даромаддан буромадим кўп.
КАМПИР. Хайр-эҳсон қиласиз. Намунча? Дастлабки пайтларда бир коса гуруч ҳам – пул, шундоқ эмасми?
ШЕН ДЕ (яроқсиз рўмолни ўзига чамалаб). Ҳа, бўлар иш бўлди, аммо бугун мен бепарвоман. Бу ранг менга ярашадими?
КАМПИР. Буни бирорта эркак кишидан сўранг.
ШЕН ДЕ (Чолга ўгирилиб). Менга ярашадими?
ЧОЛ. Буни мендан сўраманг…
ШЕН ДЕ (ўта хушфеъллик билан). Йўқ, мен сиздан сўрайман.
ЧОЛ (хушфеъллик билан). Рўмол сизга ярашади. Фақат тескарисини ёпининг.
Шен Де пул тўлайди.
КАМПИР. Агар у сизга ёқмаса, алмаштириб олишингиз мумкин. (Шен Дени четга тортиб) Унинг бироз жамғармаси бордир?
ШЕН ДЕ (кулиб). О, йўқ.
КАМПИР. Унда ижара ҳақини қандай тўлайсиз?
ШЕН ДЕ. Ижара ҳақи? Вой, тамом унутибман!
КАМПИР. Ўзим ҳам шундоқ деб ўйловдим! Янаги душанба – ойнинг биринчи куни. Мен сиз билан гаплашиб олишим керак. Биласизми, эрим билан мен сизни яқиндан танигач, анави никоҳ ҳақидаги эълонга ишонмай қўйдик ва сизга жилла бўлса ҳам ёрдам қўлини чўзишга қарор қилдик. Жиндак асраб қўйганимиз бор, сизга икки юз кумуш доллар қарз бера оламиз. Истасангиз, дўкондаги тамакингизни гаровга қўйинг. Ёзма кафолат бериш шарт эмас.
ШЕН ДЕ. Наҳотки мендек енгилтак бир кимсага қарз бермоқчи бўлсангиз?
КАМПИР. Амакиваччангиз енгилтак киши эмас эди, ростини айтсам, биз унга қарз бермасдик, лекин сизга – бажонудил.
ЧОЛ (уларга яқинлашиб). Келишиб олдиларингми?
ШЕН ДЕ. Жаноб Фен, қанийди хотинингиз менга нималар деганини фаришталар эшитсайди. Улар меҳрибон ва бахтиёр кишиларни излаб юришибди. Сиз чамамда менга ёрдам қўлини чўзиш билан бахтиёрсиз, ахир, мен севгини деб шу ночор аҳволга тушиб қолдим.
Чол кампир бир-бирларига кулиб қарашади.
КАМПИР. Мана, пул. (Шен Дега конверт чўзади. Шен Де уни олиб, таъзим қилади. чол-кампир ҳам унга таъзим қилишади. Ҳар ким ўз дўконига қараб юради).
ШЕН ДЕ (Ванга, конвертни баланд кўтариб). Ярим йиллик ижара ҳақи тайёр. Мўъжиза эмасми? Янги шол рўмолим сенга ёқдими, Ван?
ВАН. Сен буни мен шаҳар боғида кўрган анави йигитни деб олдинг, шундоқми?
Шен Де бош қимирлатиб тасдиқлайди.
ШИН. Ишқий савдоларингни вайсаб ўтиргунча, бунинг қўлига бир назар солсанг бўларди!
ШЕН ДЕ (қўрқиб). Вой, қўлингга нима қилди?
ШИН. Сартарош бизнинг кўз ўнгимизда уриб, синдирди.
ШЕН ДЕ (ўз эътиборсизлигидан даҳшатга тушиб). Мен ҳеч нарса пайқамабман! Ҳозироқ врачга югур, йўқса, қўлинг ёғочдай қотиб, ишга ярамай қолади! Қандай фалокат! Қани, бўла қол! Тезроқ бор!
ИШСИЗ КИШИ. Унга врач эмас, судья керак. У бадавлат сартарошдан кўрган зиёни учун ҳақ талаб қилсин.
ВАН. Шундоқ қилса бўлармикин?
ШИН. Агар қўлинг чиндан ҳам синган бўлса?
ВАН. Синган шекилли. Шишганини қара! Умрбод нафақа беришади деб ўйлайсанми?
ШИН. Ҳар ҳолда, сенга гувоҳлар керак.
ВАН. Ахир, ҳамма кўрди-ку! Гувоҳлик бера оласиз. (Атрофга аланглайди. Ишсиз киши, қария ва келинчак деворга суяниб, овқат ейиш билан банд, ҳеч ким бошини кўтариб унга қарамайди).
ШЕН ДЕ (Шинга). Ахир сиз кўргансиз-ку!
ШИН. Полиция билан борди-келди қилишга тоқатим йўқ.
ШЕН ДЕ (келинчакка). Унда, сиз!
КЕЛИНЧАК. Мен? Кўзим бошқа ёқда эди.
ШИН. Қанақасига кўзингиз бошқа ёқда бўлсин? Қараб турганингизни ўз кўзим билан кўрдим. Сиз қўрқаяпсиз, негаки сартарошнинг қўлида ҳокимият бор.
ШЕН ДЕ (қарияга). Ишонаманки, сиз гувоҳлик берасиз, йўқ демайсиз.
КЕЛИНЧАК. Унинг гувоҳлиги ўтмайди. У эсини йўқотиб қўйган.
ШЕН ДЕ (ишсиз кишига). Гап умрбод нафақа устида боради.
ИШСИЗ. Тиланчилик қилганим учун икки бор қамалиб чиққанман. Менинг гувоҳлигим унга фақат зиён келтиради.
ШЕН ДЕ (ишонқирамай). Хуллас, бу ерда нима воқеа бўлганини айтишга ҳеч ким ботинмайди? Бу қандай гап, куппа-кундузи уриб, бировнинг қўлини синдиришсаю, буни ҳамма кўриб жим ўтираверса? (Ғазабланиб)
О, сиз, шўрликлар!
Ҳақоратлайдилар оғайнингизни,
Лекин сиз кўз юмиб ўтасиз!
У шўрлик қичқирар, сиз эса
Индамай турасиз тобакай?
Орангизда юриб, ўзига
Янги қурбон излар зўравон,
Сиз эса, у мени аяйди,
Чунки мен қўзидек ювошман, дейсиз.
Бу не шаҳар ўзи? Бу не одамлар?
Шаҳарга ҳақсизлик бўларкан ҳоким,
У қўзғолиб, исён этмоғи лозим.
Агар у қўзғолиб, исён этмаса,
Ҳали тун зулмати чўкмасдан туриб,
Куйиб оловларда, адо бўлсин у…
Ван, майли, кўрганлар гувоҳлик беришдан бош тортишар экан, мен ўзим кўрдим деб гувоҳлик бераман.
ШИН. Бу сохта гувоҳлик бўлади.
ВАН. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Майли, не бўлса ҳам, бир уннаб кўраман. (Қўлига тикилиб, ташвишланиб). Нима дейсиз, жуда шишиб кетибдими? Назаримда, шиши бир оз қайтгандек, шундоқ эмасми?
Ишсиз (уни юпатиб). Йўқ, шиши сираям қайтмаган.
ВАН. Ростданми? Дарвоқе, бир оз шишинқираган. Суяги синган шекилли. Яхшиси, судьяга бора қолай. (Қўлини эҳтиёт билан ушлаб, ундан кўз узмай, узоқлашади. Шин сартарошхонага қараб чопади).
ИШСИЗ. У хушомад қилгани сартарошга югурди.
КЕЛИНЧАК. Биз бу дунёни ўзгартира олмаймиз.
ШЕН ДЕ (маъюсланиб). Мен сизларни хафа қилмоқчи эмасдим. Мен жуда қўрқиб кетдим. Йўқ, хафа қилмоқчи эдим. Қани, кўзимдан йўқолинг!
Ишсиз, келинчак ва қария қовоқ уйиб, овқат чайнаб, нари кетадилар.
(Томошабинларга)
Улар энди жавоб беришмас.
Тур, деган жойингда туришар қотиб.
Кет! – десанг, шу замон бўлишар ғойиб.
Уларга ҳеч нима таъсир этмагай.
Фақат овқат ҳиди димоққа урса,
Боқишар бақрайиб, хўмрайиб.
Югуриб, бир қари аёл киради. Бу Суннинг онаси, Ян хоним.
ЯН ХОНИМ (нафаси бўғилиб). Сиз Шен Де бонумисиз? Ўғлим менга ҳаммасини айтиб берди. Мен Суннинг онаси, Ян хонимман. Биласизми, ўғлим яна учадиган бўлди! Ҳозиргина Пекиндан мактуб олдик. Почта самолётлари устахонаси бошлиғидан.
ШЕН ДЕ. У яна учади денг? О, Ян хоним!
ЯН ХОНИМ. Лекин бунинг учун катта пул керак, беш юз кумуш доллар.
ШЕН ДЕ. Кўп экан. Лекин пулидан қочиб, шундоқ имкониятдан кечиб бўлмайди-ку, шундоқ эмасми? Менинг дўконим бор.
ЯН ХОНИМ. Оҳ, сиз ёрдам бера олсангиз эди!
ШЕН ДЕ (уни қучоқлаб). Оҳ, мен ёрдам бера олсам эди!
ЯН ХОНИМ. Шарофатингиз билан у одам қаторига ўтарди.
ШЕН ДЕ. Кишини фойдали иш қилишгаям қўйишмайди! (Бир оз жим туриб). Дўконнинг даромади кам, мана бу икки юз долларни менга қарз беришди. Буни ҳозироқ олишингиз мумкин. Мен дўкондаги тамакини сотиб, қарзимни узарман. (Унга чол-кампирдан олган пулини беради)
ЯН ХОНИМ. О, Шен Де бону, ўғлим шу пулга жудаям муҳтож. Биласизми, уни бу ерда нима деб аташади? Ўлик учувчи деб. Бас, учмайдими, демак у ўлик учувчи.
ШЕН ДЕ. Аммо бизга яна уч юз кумуш доллар етишмайди. Ўйлаб, чорасини топиш керак, Ян хоним. (Секин). Мен бир кишини биламан, хоҳласа, у ёрдам бера олади. О, мен у билан гаплашишниям истамасдим – у шу қадар бағри тош, шу қадар маккор. Аммо лекин у билан охирги марта гаплашсам, нима қилади? Ахир, учувчи учиши керак! Гапнинг индаллоси шу!
Узоқдан мотор шовқини эшитилади.
ЯН ХОНИМ. Оҳ, сиз айтган ўша одам пул берсайди! Қаранг, эрталабки почта самолёти, Пекинга учаяпти!
ШЕН ДЕ (қатъий). Унга қўлингизни силкинг, Ян хоним! Учувчи бизни кўриб қолса, ажабмас! (Ўзи шол рўмолини силкийди) Қўлингизни силкинг, деяпман!
ЯН ХОНИМ (қўл силкиб). Сиз уни танийсизми?
ШЕН ДЕ. Йўқ. энди учадиганини танийман. Умидсизликка тушган жаноб Ян учақолсин энди! Майли, ҳеч бўлмаса, бизнинг устимиздан, жамийки кулфатларимиз устидан баланд кўтарилиб, парвоз этсин! (Томошабинларга)
Ян Сун, қалбим соҳиби, булутлар билан
Бўронларга тушиб басма бас,
Осмон оша –
Дўстлик мактубларини
Олис ўлкалардаги дўстларга элтар.
Парда олдида интермедия
Шен Де қўлида Шой Данинг ниқоби ва кийимлари билан киради, куйлайди.
Фаришталар ва яхши кишиларнинг ожизлиги ҳақида қўшиқ
Бизнинг мамлакатда
Яхшининг яхшилик қилиши мушкул.
У исботлай олур яхшилигини
Зўравонлар мададига суяниб фақат.
Яхшилар нотавон, малаклар ожиз,
Нега малакларда крейсерлар йўқ?
Танклар, самолётлар, замбараклар йўқ?
Йўқса, ёмонларни йўқотиб буткул,
Яхшилар авайлаб-асралганда-чи,
Ҳам бизга, ҳам малакларга бўларди яхши.
(Шой Данинг кийимларини кийиб, унинг юриши билан бир-икки қадам ташлаб)
Бизнинг мамлакатда
Яхши бўлиб қолиш ҳам мушкул:
Нон етмаса, хўрандалар кўтарар ғовур.
О, малаклар тайин этган қонунлар бари
Фақирларни фақирликдан қутқара олмас.
Нега бизнинг бозорларга малаклар келмас, –
Тўкин-сочин қилиб бунда ҳамма нарсани,
Табассум айламас, нон еб, мусаллас ичган
Одамларни, бундан кейин бир-бирингиз-ла
Аҳил-иноқ бўлинг, дея далолат этмас?
(Шой Данинг ниқобини кийиб, унинг овози билан куйлашда давом этади)
Қошиқни косага тамом етказмоқ учун
Бағритошлик керак.
Шунга суянади буткул империялар.
Ўн икки гадони абгор этмасдан туриб,
Ўн учинчи гадога эҳсон берилмас.
Нега уни айтишмайди арши аълода,
Яхшиларга яхши кун йўқ ушбу дунёда?
Нечук замбараклар бериб, биз яхшиларга:
“Ўт очинг!” деб амру фармон этмас малаклар?
Қачонгача тоқат қилиб туришар улар?
V
Тамаки дўкони
Шой Да пештахта олдида газета ўқиб ўтирибди. У бетиним вайсаб, дўконни супуриб-сидираётган Шиннинг сўзларига парво қилмайди.
ШИН. Агар миш-мишлар тарқаб қолса борми, дўкончам синди, деяверинг. Менга ишонинг, мен билиб гапираман. Шен Денинг Сариқ кўчалик анави Ян Сун билан нима ишлар қилиб юрганини бир текшириб кўрсангиз бўларди. Унутмангки, қаршингизда яшовчи сартарош, ўн икки уйи, ёлғиз биргина қари хотини бўлган жаноб Шу Фу ойимқизни жудаям ёқтириб қолганини шахсан менга айтди. У ҳатто қизнинг мулк-маблағи не аҳволда эканини ҳам суриштирибди. Хўш, бу сизга чин муҳаббат белгиси эмасми? (Тайин жавоб ололмагач, челакни кўтариб чиқади)
Суннинг овози (ташқаридан). Бу Шен Де бонунинг дўконими?
ШИННИНГ ОВОЗИ. Ҳа. Аммо бугун дўконда амакиваччаси ўтирибди.
Шой Да Шен Дега ўхшаб, енгил қадамлар билан кўзгуга интилиб, сочларини тузатмоқчи бўлади, аммо хатосини пайқаб қолади. У ўзича кулиб, ўрнига қайтади. Кетма-кет – Ян Сун ва Шин пайдо бўлади. Шин унинг ёнидан ўтиб, ичкарига киради.
СУН. Мен Ян Сунман.
Шой Да таъзим қилади.
Шен Де шу ердами?
ШОЙ ДА. У бу ерда йўқ.
СУН. Бизнинг муносабатларимиз сизга маълум бўлса керак. (Дўконни кўздан кечириб). Вой-бўй, ҳақиқий магазин-ку! Мен эсам уни бир оз муболаға қилди, деб ўйлабман. (Турли қутичалар, чинни тувакчаларга ҳавас билан тикилиб). Оғайни! Мен яна учаман! (Сигара олади).
Шой Да унга гугурт ёқиб, тутади.
Фикрингиз қалай, биз бу дўкондан яна уч юз кумуш доллар ундира олармикинмиз?
ШОЙ ДА. Сўрашга ижозат этинг: сиз дўконни ҳозироқ сотмоқчимисиз?
СУН. Ахир бизга нақд уч юз доллар етишмаяпти-ку, шундоқ эмасми?
Шой Да бош силкиб тасдиқлайди.
Шен Де марҳамат қилиб, дарҳол икки юз доллар берди. Аммо яна уч юз керак, ўшасиз ишим юришмайди.
ШОЙ ДА. Менимча, у сизга ваъда берганда бир оз шошқалоқлик қилган. У дўкондан айрилиб қолиши мумкин. Шошқалоқлик – шамол, у иморатни ҳам йиқитади, деган мақол бор.
СУН. Менга ҳозироқ пул керак, кейин кеч бўлади. У танти қиз, бировга бир нарса керак бўлиб қолса ўйлаб-нетиб ўтирмайди, шартта беради. Бу – эркаклар орасидаги ўзаро гап: шу пайтгача у “йўқ” демаган.
ШОЙ ДА. Шунақа денг?
СУН. Ҳа, шунақа танти у.
ШОЙ ДА. Билсам бўладими, беш юз кумуш доллар сизга нега керак бўлиб қолди?
СУН. Марҳамат. Сезиб турибман, мени пайпаслаб кўраяпсиз. Пекиндаги самолёт устахонаси бошлиғи, мактабдош дўстим беш юз кумуш доллар эвазига мени ишга жойламоқчи.
ШОЙ ДА. Бу жудаям кўп эмасми?
СУН. Йўқ. У катта оиланинг бошлиғи, шунинг учун ҳам, ўз хизматини астойдил бажарадиган бир учувчининг хатосини топиб, ишдан ҳайдамоқчи. Тушундингизми? Ҳа, айтмоқчи, бу ўзаро гап. Шен Де эшитмасин.
ШОЙ ДА. Хўп. Лекин устахона бошлиғи янаги ойда сизнинг ўзингизни ҳам сотиб қўймасмикин?
СУН. Бошқаларни сотса ҳам, мени сотмайди. Мен хатога йўл қўймайман. Мен узоқ вақт ишсиз юрдим.
ШОЙ ДА (боши билан тасдиқлаб). Оч ит аравачани уйига тезроқ тортади, денг. (бир муддат Сунга тикилиб туради) Қалтис иш. Жаноб Ян Сун, сиз жиянимдан шаҳардаги кичик дўкони ва барча дўстларидан воз кечиб, ўз тақдирини қўлингизга топширишни талаб қилаяпсиз. Назаримда, Шен Дега уйланмоқчисиз, шундоқми?
СУН. Ҳа, мен бунга тайёрман.
ШОЙ ДА. Шундоқ экан, дўконни бир неча кумуш долларга сотиб юборишга қандоқ кўзингиз қияди? Шошилиб сотган киши ҳамиша арзон сотади. Қўлингиздаги икки юз кумуш доллар бинонинг ярим йиллик ижара ҳақини қоплаган бўлурди. Сизни тамаки савдосининг истиқболи қизиқтирмайдими?
СУН. Мени-я? Учувчи Ян Сун қаққайиб, пештахта ортида турсинми? “Муҳтарам афандим, аччиқ сигарадан берайми ёки юмшоқроғиданми?”: йўқ, Ян Сунларга бундай ишлар ярашмайди.
ШОЙ ДА. Сўрашга ижозат этинг, учиш яхши ишми ўзи?
СУН (чўнтагидан хат олиб). Муҳтарам зот, мен ҳар ойда икки юз эллик кумуш доллар оламан! Мана, кўриб қўйинг – Пекиннинг почта маркаси ва муҳри.
ШОЙ ДА. Икки юз эллик кумуш доллар? Катта пул.
СУН. Сиз мени текинга учади, деб ўйлабмидингиз?
ШОЙ ДА. Кўриниб турибди, яхши жой экан! Жаноб Ян Сун, жияним учувчи бўлиб жойлашишда сизга ёрдам беришимни сўради, ахир, учувчилик – жону дилингиз. Мен жиянимни тушунаман, у ўз қалбининг амрини адо этаркан, бунга ҳеч эътирозим йўқ. У муҳаббат лаззатини татиб кўришга батамом ҳақли. Мен бу ердаги ҳамма нарсани пулга чақишга тайёрман. Мана, уй эгаси Ми Дзю хоним келаяпти, фурсатдан фойдаланиб, савдо-сотиқ хусусида у билан кенгашиб оламан.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ (киради). Салом, жаноб Шой Да. Бир кундан кейин ижара ҳақини тўлаш муддати тугашидан хабарингиз бордир?
ШОЙ ДА. Ми Дзю хоним, шароит тақозосига кўра, жияним энди тамаки савдоси билан шуғулланмаса керак. У турмушга чиқаяпти, бўлажак куёв (Ян Сунни таништиради) уни ўзи билан Пекинга олиб кетмоқчи. Тамакига харидор топилса, дўконни сотмоқчиман.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Хўш, қанча сўрайсиз?
СУН. Нақ уч юз.
ШОЙ ДА (шошиб). Йўқ, беш юз!
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ (Сунга). Сизга ёрдам беролсам керак. (Шой Дага) Тамакингиз баҳоси қанча эди?
ШОЙ ДА. Жияним унга минг кумуш доллар тўлаган, бор-йўғи озгина тамаки сотилди, холос.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Минг кумуш доллар! Албатта, уни лақиллатишган! Гапнинг пўскалласи: агар эртадан кейин жўнайдиган бўлсаларинг, мен бутун дўкон учун уч юз кумуш доллар тўлайман.
СУН. Қўлни беринг! Нима дейсан, бобой?
ШОЙ ДА. Оз!
СУН. Етади!
ШОЙ ДА. Менга энг камида беш юз керак.
СУН. Нега?
ШОЙ ДА. Куёв билан гаплашиб олишимга ижозат этинг. (Сунни бир четга бошлайди) Дўкондаги бор тамаки сизга топширилган икки юз доллар учун чол-кампирга гаровга қўйилган.
СУН (бўшашиб). Бу ҳақда тилхат борми?
ШОЙ ДА. Йўқ.
СУН (бир пас жим туриб, уй бекаси хонимга). Биз уч юзга розимиз.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Дўкон қарз билан боғлиқ шартномалардан озодмикин, шуни ҳам билишим керак.
СУН. Жавоб беринг.
ШОЙ ДА. Озод.
СУН. Биз уч юз долларни қачон оламиз?
УЙ БЕКАСИ ХОНИМ. Эртадан кейин, унгача яна ўйлаб кўришингиз мумкин. Бир ой сабр қилсангиз, кўпроқ оласиз. Мен уч юз бераяпман, сабабки, сизга ёрдамлашмоқчиман. Ахир, гап ёш келин-куёвнинг бахти устида кетаяпти. (Кетади)
СУН (унинг изидан қичқириб). Розимиз! Қутичалар, тувакчалар, халтачалар – ҳаммасига уч юз, тамом-вассалом! (Шой Дага) Бириси кунгача бошқа кишига қимматроқ сотиб бўлмасмикин? Унда биз анави икки юзни ҳам қайтарардик.
ШОЙ ДА. Шундай қисқа муддат ичида-я? Биз Ми Дзю таклиф этганидан бир доллар ҳам ортиқ сотолмаймиз. Икки кишига етгулик йўл харажати ва дастлабки кунларда рўзғор қилиш учун пулингиз борми?
СУН. Бор.
ШОЙ ДА. Қанча?
СУН. Мен ўғирлаб бўлса ҳам топаман.
ШОЙ ДА. Оҳ, ҳали уни топиш керак денг?
СУН. Ғашимга тегаверма, бобой. Мен нима қилиб бўлса ҳам, Пекинга етиб оламан.
ШОЙ ДА. Аммо икки кишига ҳам пул керак.
СУН. Икки кишига? Шен Де шу ерда қолади. Биринчи кунлар, очиғини айтсам, у менга даҳмаза бўлади.
ШОЙ ДА. Тушунаман.
СУН. Нега менга тешик ёғдонга тикилгандек тикилиб қолдингиз? Киши кўрпасига қараб оёқ узатади.
ШОЙ ДА. Айтингчи, жияним бу ерда қайси маблағ ҳисобига яшайди?
СУН. Сиз ёрдамлашасиз, шундоқ эмасми?
ШОЙ ДА. Албатта.
Пауза
Жаноб Ян Сун, менга ҳалиги икки юз кумуш долларни қайтаринг, Пекинга бир жуфт билет олиб, келтириб кўрсатмас экансиз, пул шу ерда туради.
СУН. Менга қара, қайин оға, бу ишга аралашма, деб сенга айтганман.
ШОЙ ДА. Шен Де бону…
СУН. Буни менга қўйиб беринг.
ШОЙ ДА… балки дўконни сотишга унамас, агар у…
СУН. Барибир рози бўлади.
ШОЙ ДА. Мен рози бўлмасам-чи?
СУН. Эй, муҳтарам зот!
ШОЙ ДА. Ахир у ҳам одам, унинг ҳам ақл-идроки бор, буни унутдингиз шекилли.
СУН (хушчақчақлик билан). Хотинлар ҳақида, уларнинг ақл-идроки ҳақида нималарни тўқишмайди, эшитиб, ҳайрон қоласан киши! Сиз ҳеч маҳал муҳаббат қудрати, шаҳвоний ҳирс ҳақида эшитганмисиз? Сиз унинг ақлига умид боғлайсизми? Унда ақл йўқ. У шўрликни умр бўйи хўрлашган! Елкасига қўлимни қўйиб: “Қани, юр мен билан!” – десам, бас, шу ондаёқ қулоғида ибодатхона қўнғироғи жаранглаб, ўз туққан онасини ҳам таниёлмай қолади.
ШОЙ ДА (қийналиб). Жаноб Ян Сун!
СУН. Жаноб… Ҳа, отингиз нимайди?
ШОЙ ДА. Жияним сизга содиқ экан, бунинг сабаби…
СУН. Сабаби – менинг қучоғим унга хуш ёқади. Ҳа, буни яхшилаб эслаб олинг! (Қутидан битта сигара олади, кейин иккита сигара олиб, чўнтагига солади, ниҳоят, қутиси билан кўтариб, қўлтиқлаб олади). Тўй масаласи ҳал, тўйга қуруқ қўл билан келмайсан. Ёки у, ёки сен нақд уч юз келтирасан, ёки у, ёки сен! (Кетади)
ШИН (ичкари ҳужра эшигидан бошини чиқазиб). Вой, лаънати-ей! Бечора қизнинг бошини айлантириб олганини бутун Сариқ кўча билади.
ШОЙ ДА (қичқириб). Дўкон адо бўлди! У севмайди! Бу ҳалокат! Ўлим! (“Дўкон адо бўлди!” деб хонанинг у бошидан бу бошига югуради. Кейин Шиннинг қаршисида тўхтаб, унга мурожаат этади). Шин, сиз ахлатхонада ўсгансиз, мен ҳам. Наҳот, биз енгилтак кишилар бўлсак? Йўқ! Зарур бўлса, қўлимиздан қаттиққўллик келмас эканми? Йўқ! Мен ёқангиздан бўғиб, то ўзингиз мендан ўғирлаб олган тангани тупуриб ташламас экансиз, сизни тўхтовсиз силкитиб туришга ҳозирман. Сиз буни биласиз. Замон оғир, бу шаҳар – жаҳаннам, биз силлиқ деворга тирмашиб, тепага интиламиз. Бир пайт ногаҳон қай биримизга фалокат – севги фалокати ёпирилади. Қарабсизки, ҳамма нарса тугабди. Жиндак заифликка йўл қўйсангиз, бас, адо бўлдим, деяверинг. Бу заифликлар, ҳаммадан олдин, бу муҳаббат савдосидан қутулишнинг иложи бормикин? У инсон учун азоб-уқубат! У жудаям қиммат! Лекин, айтинг-чи, бир умр сергак – ҳушёр бўлиб туриб бўлармикин? Бу қанақа дунё ўзи?
Аввал ўпиб, кейин бўғадилар,
Ишқ оҳи фарёдга айланур шу он.
Оҳ, нега қузғунлар унда чарх урар?
Унда учрашувга ошиқар жувон!
ШИН. Яхшиси, мен сартарошни бошлаб кела қолай. Бир гаплашиб кўринг. У – ор-номусли киши. Сартарош – жиянингизга жуда муносиб куёв. (Жавобни ҳам кутмай, югурганча чиқади).
Шой Да яна безовталаниб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди, жаноб Шу Фу, унинг изидан Шин киради, у Шу Фунинг ишорати билан ғойиб бўлади.
ШОЙ ДА (унга пешвоз чиқиб). Афандим, эшитдимки, менинг жиянимни ёқтирар эмишсиз. Одоб-андишани бир чеккага йиғиштириб қўйиб, очиқ гапиришга ижозат беринг, негаки Шен Де бонуга ҳозир катта хавф-хатар таҳдид солиб турибди.
ЖАНОБ ШУ ФУ. О!
Шой Да. Боягина ўз дўконига эга бўлган жияним энди гадо-мосуво. Жаноб Шу Фу, дўкон адо бўлди.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Жаноб Шой Да, мен Шен Де хонимнинг ҳусни малоҳати унинг дўконидаги бойликларда эмас, балки меҳрибон қалбидадир деб ўйлайман. Унинг номиёқ кимлигини айтиб турибди, уни “маҳалла фариштаси” деб аташади!
ШОЙ ДА. Афандим, меҳрибонлик бугун жиянимга икки юз кумуш долларга тушди. Бунга чек қўйиш фурсати етди.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Бошқа, юмшоқроқ бир мулоҳазани ўртага ташлашга ижозат беринг. Ўша меҳрибонликни қўйиб беришнинг ҳозир айни фурсати. Яхшилик қилиш – Шен Де бонунинг касби. У бор-йўғи тўрт кишини боқади – мен ҳар эрталаб жуда мутаассир бўлиб, буни кузатаман. Нега энди у тўрт юз кишини боқмас экан? Эшитишимча, у бир неча уйсизларга бошпана бериш ҳақида бош қотириб юрганмиш. Менинг кушхона ортидаги уйларим бўм-бўш, ҳувуллаб ётибди. Уларни Шен Де бону ихтиёрига бераман ва ҳоказо, ва ҳоказо. Жаноб Шой Да, умид қилсам бўладими, кейинги кунларда менинг бошимга келган бу фикрлар Шен Де бонуни қизиқтирармикин?
ШОЙ ДА. Жаноб Шу Фу, бундай олижаноб фикрларни у жон деб эшитади.
Полициячи билан Ван киради. Жаноб Шу Фу ўгирилиб, токчаларни диққат билан кўздан кечира бошлайди.
ВАН. Шен Де шу ердами?
ШОЙ ДА. Йўқ.
ВАН. Мен мешкоб Ван бўламан. Сиз жаноб Шой Да бўлсангиз керак?
ШОЙ ДА. Худди шундай. Салом, Ван.
ВАН. Биз Шен Де билан дўстмиз.
ШОЙ ДА. Биламан, сиз унинг қадрдон дўстларидан бирисиз.
ВАН (полициячига). Кўрдингизми? (Шой Дага) Мен қўлим масаласида келган эдим.
ПОЛИЦИЯЧИ. Қўли синган, бу энди бор гап.
ШОЙ ДА (тез). Айтмоқчи, қўлингизни бойлаб олишингиз керак. (Хонадан шол рўмол чиқазиб, уни Ванга тутади)
ВАН. Бу янги шол рўмол-ку.
ШОЙ ДА. Бу рўмол энди унга керак эмас.
ВАН. Шен Де буни кимгадир ёқиш учун сотиб олган эди.
ШОЙ ДА. Маълум бўлдики, энди бунга эҳтиёж йўқ.
ВАН (қўлини шол рўмол билан бойлаб). У менинг ягона гувоҳим.
ПОЛИЦИЯЧИ. Сартарош Шу Фу омбур билан мешкобни урганини жиянингиз кўрган эмиш. Шу гапдан хабарингиз борми?
ШОЙ ДА. Мен шуни биламанки, бу кичик ҳодиса содир бўлганда жияним бу ерда бўлмаган.
ВАН. Бу – англашилмовчилик! Шен Де келсин, ҳаммаси равшан бўлади. Шен Де ҳаммасини тасдиқлайди. У қаерда?
ШОЙ ДА (жиддий). Жаноб Ван, сиз ўзингизни жиянимнинг дўсти деб атайсиз. Худди шу тобда унинг ташвишлари бошидан ошиб ётибди. Дуч келган ҳар кимса уни сиқиб, сувини ичган. Келажакда бундай ишларга у йўл қўёлмайди. Мен ишонаманки, унинг сохта гувоҳликка ўтиб, бор бисотидан айрилиб қолишини сиз истамайсиз.
ВАН (довдираб). Мен, ахир унинг маслаҳати билан судьяга бордим.
ШОЙ ДА. Қўлни даволаш судьянинг иши эканми?
ПОЛИЦИЯЧИ. Йўқ. Унинг иши етказилган зиённи қоплашга сартарошни мажбур этиш.
Жаноб Шу Фу ўгрилиб қарайди.
ШОЙ ДА. Жаноб Ван, дўстларнинг баҳсига мен аралашмайман, бу – менинг қоидам. (Шу Фуга таъзим қилади)
Шу Фу ҳам унга таъзим қилади.
ВАН (рўмолни ечиб, уни узатиб, маъюс қиёфада). Тушунарли.
ПОЛИЦИЯЧИ. Мен энди кетсам бўлар, сен шундоқ обрўли кишини шилмоқчи бўлдинг. Менга қара, йигит, бундан кейин қадамингга эҳтиёт бўл. Жаноб Шу Фу шафқат этмаса, туҳмат қилганинг учун қамаласан. Энди бор, жўна!
Полициячи билан Ван кетадилар.
ШОЙ ДА. Хафа бўлманг.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Зиёни йўқ. (Шоша пиша) Манави “кимгадир” (рўмолни кўрсатиб) билан боғлиқ иш энди ўтиб бўлдими? Батамом тугадими?
ШОЙ ДА. Тугади. Уни фош қилишди. Тўғри, жароҳатнинг битиши учун фурсат керак.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Албатта бу инобатга олинади.
ШОЙ ДА. Ҳали яраси янги.
ЖАНОБ ШУ ФУ. У қишлоққа жўнайди.
ШОЙ ДА. Бир неча ҳафтага. Аммо бу масалани у ишончли бир киши билан олдиндан маслаҳатлашиб олишни истайди.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Камтарин, аммо яхши ресторанда, камтарин дастурхон атрофида.
ШОЙ ДА. Хилватда. жиянимни тезроқ хабардор қилай. У ақлли қиз, тушунади. У ўзи фаришталар эҳсони деб биладиган дўкони учун ташвиш чекиб юрибди. Бир пас кутинг, мен ҳозир… (Ичкари хужрага киради)
ШИН (бошини чиқазиб). Табрикласа бўладими?
ЖАНОБ ШУ ФУ. Бўлади, Шин хоним, Шен Де боқимандаларига бугуноқ хабар қилинг, мен кушхона ортидаги уйимдан уларга бошпана бераман. (Шин боши билан тасдиқлайди, ишонқирамай, кулади. Ўрнидан туриб, томошабинларга) Хўш, мен қалай эканман, хонимлар ва жаноблар? Бундан ошириб бўлармикин? Мендек фидойи, мендек назокатли, мендек оқилу доно қайда бор? Камтарин дастурхон! Одатда, шундай деганда, алланечук дағал ва номуносиб фикрлар мияга келади! О, йўқ, бирор ножўя иш рўй бермайди. Ҳаттоки туздонни оламан, деб қўлим қўлига тегиб ҳам кетмайди. Фақат фикр алмашув, вассалом. Столни безаган гуллар, оқ хризантемалар орасида икки жон бир-бирини топади. (Шуни дафтарчасига ёзиб қўяди) Йўқ, бу ерда оғир аҳволдан истеъфода этиш, юз берган янглиш – хатодан фойдаланиш йўқ. Деярли унсиз – сўзсиз ғамхўрлик ва ёрдам таклиф этилади. Ҳамма нарса ёлғиз кўз қараши билан тушунтирилади. Ҳа, кўз қарашида гап кўп!
ШИН. Ҳамма нарса истаганингиздек бўлди, жаноб Шу Фу!
ЖАНОБ ШУ ФУ. О, нимасини айтасиз! Ҳа, энди ўзгаришлар бўлади. Анави кимса истеъфога чиқди, дўконга бўлган даъволар ҳам ўз кучини йўқотади. Шаҳардаги энг иффатли қизнинг шаънига доғ туширмоқчи бўлганлар энди мен билан ҳисоблашади. Сиз анави Ян Сун деганини танийсизми?
ШИН. У энг ифлос, энг ялқов…
ЖАНОБ ШУ ФУ. У – ҳеч нарса. У йўқ. У энди яшамайди.
Сун киради.
СУН. Бу ерда нималар бўлаяпти?
ШИН. Жаноб Шу Фу, хўп десангиз, мен жаноб Шой Дани чақира қолай. У дўконда бегоналарнинг қаққайиб туришини истамаса керак.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Шен Де бону билан жаноб Шой Да муҳим бир масала устида гаплашишаяпти, уларга халал бериб бўлмайди.
СУН. У шу ердами? Қандай қилиб? Унинг бу ёққа кирганини кўрмадим-ку! У қандай гап экан? Мен эшитишим керак!
ЖАНОБ ШУ ФУ (унинг йўлини тўсиб). Кутиб туришингизга тўғри келади, афандим. Ким билан гаплашаётганини сезиб турибман. Маълумотингиз учун айтиб қўяйки, биз Шен Де бону билан унаштирилганимизни эълон этмоқчимиз.
СУН. Нима – нима?
ШИН. Нега ҳайрон бўласиз?
Сун ичкари хонага кирмоқчи бўлиб, сартарош билан талашади, шу пайт Шен Де чиқиб келади.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Маъзур тутасиз, азизим Шен Де. Балки ўзингиз тушунтириб берарсиз?
СУН. Шен Де! Нима гап? Жинни бўлдингми?
ШЕН ДЕ (ҳаяжонланиб). Сун, амакиваччам ва жаноб Шу Фунинг битишувига кўра, мен жаноб Шу Фунинг маҳалламиздаги одамларга ёрдам бериш режалари билан танишмоқчиман.
Пауза
Амакиваччам бизнинг муносабатларимизни хуш кўрмайди.
СУН. Сен рози бўлдингми?
ШЕН ДЕ. Ҳа.
Пауза
СУН. Улар мени ёмон одам деб айтишдими? (Шен Де индамайди) Эҳтимол, шундайдирман, Шен Де. Шунинг учун ҳам сен менга кераксан. Мен – пасткаш бир одамман. Пулсиз, тарбиясиз. Аммо мен қараб турмайман. Улар бахтингга завол бўлишади, Шен Де. (Унга яқинлашиб, паст овоз билан) Унга бир қара! Кўзларинг қаёқда? (Қўлини унинг елкасига қўяди) Бечора оҳу! Улар сени қаёққа бошлашаяпти? Ҳисоб-китобли никоҳга! Мен бўлмасам, улар сени кушхонага ҳам судрашади. Қани, айтчи, мен келмасам, улар билан кетармидинг?
ШЕН ДЕ. Ҳа.
СУН. Ўзинг севмаган киши билан-а?
ШЕН ДЕ. Ҳа.
СУН. Сен ҳаммасини унутдингми? Ёмғир ёғиб турганини?
ШЕН ДЕ. Йўқ.
СУН. Мени сиртмоқдан қандай қутқарганинг, сув сотиб олиб берганинг, менинг яна учишим учун пул ваъда қилганингни унутдингми?
ШЕН ДЕ (қалтираб). Мендан нима истайсан?
СУН. Мен билан кетишингни истайман.
ШЕН ДЕ. Жаноб Шу Фу, мени кечиринг, мен Сун билан кетаман.
СУН. Кўраяпсизми, биз бир-биримизни севамиз, сиз буни тушуна олармикинсиз? (Уни эшикка бошлайди). Дўконнинг калити қани? (Калитни қизнинг чўнтагидан олиб, Шинга узатади) Супуриб бўлгач, буни остона устига қўйиб қўйинг. Кетдик, Шен Де.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Бу зўравонлик! (Саҳнанинг ичкарисига қараб қичқиради). Жаноб Шой Да!
СУН. Айт, бу ерда бақирмасин!
ШЕН ДЕ. Кечирасиз, амакиваччамни чақирманг, жаноб Шу Фу. Биламан, у менинг ишимга рози бўлмайди. Лекин, сезиб турибманки, у ҳақ эмас. (Томошабинларга)
Мен ўз севган кишим билан кетмоқ истайман,
Бу қанчага тушаркин, деб ҳисобламайман.
Ўйлашни ҳам истамайман – тўғри қилдимми?
Билишни ҳам истамайман – севарми мени?
Мен ўз севган кишим билан кетмоқ истайман.
Сун. Мана шундоқ.
Шен Де ва Сун кетадилар.
ПАРДА ОЛДИДА ИНТЕРМЕДИЯ
Шен Де тўй либосида, никоҳдан ўтишга бораяпти, у томошабинларга мурожаат қилади.
ШЕН ДЕ. Ҳозиргина даҳшатли дақиқани бошдан кечирдим. Уйдан хурсанд бўлиб, шўх-шодон орзуларга тўлиб чиқарканман, мени кўчада кампир – гиламфуришнинг хотини тўхтатди. У қалтираб, эрининг менга берган пули учун ташвиш чекавериб, касал бўлиб қолганини айтди. Пулни ҳозироқ қайтариб берсангиз, яхши бўларди, деди. Мен албатта ваъда қилдим. У тинчиб, кўзида ёш билан менга бахт тилади, узр сўраб, амакиваччамга ҳам, ҳаттоки Сунга ҳам ишонмаслигини айтди. Мен шундай аросатда қолдимки, кампир кетиши билан, оёқларим бўшашиб, ўтириб қолдим. Ана шу аросат ичра мен яна ўзимни Ян Суннинг қучоғига отдим. Унинг овози, эркалашлари мени эритди. Унинг Шой Дага айтган барча дағал сўзлари Шен Денинг эсини киритмади. Унинг кўксига бош қўйиб, фаришталар менинг ўз ўзимга ҳам меҳрибон бўлишимни истаган эди деб ўйладим.
Гар бошқалар ҳалок бўлмасин, десанг,
Ўзингни ҳам ҳалок айлама.
Гар бошқалар бахтга ёр бўлсин, десанг,
Ўзингни ҳам бахтиёр айла…
Қандоқ қилиб мен меҳрибон чол-кампирни унутиб қўйибман? Сун худди довулга ўхшаб, менинг дўконимни, унга қўшиб бутун дўстларимни Пекинга қараб учирди. Аммо у ёмон одам эмас ва мени севади. Эркакнинг эркакка айтган сўзи – ҳали ҳеч гапмас. Бундай пайтларда у улуғ, қудратли ва, албатта, қаттиққўл бўлиб кўринишга интилади. Мен чол-кампирнинг аҳволи танг, солиқ тўлаша олмайди, десам, бас, у ҳамма гапни тушунади. У цемент заводига ишчи бўлиб киради, жиноий йўл билан учувчи бўлмайди. Ҳа, учиш – унинг жону дили. Лекин унинг қалбида эзгу туйғулар уйғотишга кучим етармикин? Никоҳдан ўтишга бораяпман – юрагим тўла қувонч ва қўрқув. (Тез кетади)
VI
Шаҳар чеккасидаги арзон рестораннинг алоҳида хонаси. Официант тўйга келган меҳмонларга шароб қуяди. Шен Де ёнида қария, келинчак, қиз жиян, Шин ва ишсиз киши туришибди. Бурчакда ёлғиз Бонза кутиб ўтирибди. Олдинги планда Сун онаси Ян хоним билан гаплашмоқда. У қора смокингда.
СУН. Ойи, бир оз нохушлик юз берди. У ўзига хос соддалик билан, дўконни сотолмайман, деди. Қандайдир кишилар у қарзга олиб, сенга берган икки юз кумуш долларни талаб қилишибди. Амакиваччаси қарз учун орада тилхат йўқ, деб ўзи менга иқрор бўлган эди.
ЯН ХОНИМ. Сен унга нима дединг? Сен, албатта, унга уйлана олмайсан.
СУН. Бу гапларни унга гапириш фойдасиз. У жудаям тўмтоқ. Мен амакиваччасига киши юбордим.
ЯН ХОНИМ. Амакиваччаси уни сартарошга бермоқчи-ку.
СУН. Мен бу гапларга барҳам бердим. Сартарошнинг ҳам қораси ўчди. Энди амакиваччаси ҳам ўйлаб кўради, бас, икки юз кумуш доллар менинг қўлимда экан, дўконнинг ҳам куни битди, у берилган қарз учун гаровга олинади. (Лекин у яна ўйлайди) Тағин уч юз олмасам, мен учолмайман.
ЯН ХОНИМ. Чиқиб, мен уни кўчада пойлаб тураман. Сен келиннинг ёнига бор, Сун!
ШЕН ДЕ (томошабинларга). Мен унга ишониб, адашмадим. У кайфиятини сира бузмади. Албатта унга учишдан воз кечиш оғир. Лекин у ўзини тетик тутаяпти. Мен уни севаман. (Бош ишораси билан Сунни ўз ёнига чақиради) Сун! Сен келин билан ҳали қадаҳ уриштирмадинг.
СУН. Хўш, нима учун ичамиз?
ШЕН ДЕ. Келажак учун.
Ичадилар.
СУН. Куёв костюмни ижарага олиб юрмасин.
ШЕН ДЕ. Келин гоҳи ёмғирда қолиб, кўйлаги ивиса ҳам майли…
СУН. Энг яхши орзулар учун!
ШЕН ДЕ. Улар тезроқ рўёбга чиқсин!
ЯН ХОНИМ (ташқарига чиқаётиб, Шинга). Мен ўғлимдан беҳад хурсандман. Мен унга ҳамиша, истаган қизингга уйланасан, деб айтар эдим. Нега дейсизми? Ахир, у механик ва учувчи. У ҳозир менга нима дейди денг? Ойи, мен севиб уйланаяпман. Пул бу ҳали ҳамма нарса эмас. Бу – севгига суянган никоҳ! (Келинчакка) Бир кун эмас, бир кун шундоқ бўлиши керак-ку.
Шундоқ эмасми? Аммо онага осон тутманг. Ҳа, осон эмас. (Бонзага, баланд овозда) Жоним, жудаям шошилаверманг. Маросимни ўтказишга кетган вақтингиз қадар вақт сарфлаб, ҳақингиз учун талашсангиз, шубҳасиз, у анча ортган бўларди. (Шен Дега) Биз бироз кутамиз, азизам. Мўътабар меҳмонлардан бири ҳали келмаган. (Ҳаммага) Узр. (Кетади)
КЕЛИНЧАК. Май бор экан, кутаверамиз.
ИШСИЗ. Шошилиб, қаёққа ҳам борамиз.
СУН (баланд овозда, ҳазиломуз). Никоҳ олдидан сени бир имтиҳон қилиб кўрмоқчиман. Никоҳлар яшин тезлигида ўтказилаётган ҳозирги замонда бу иш фойдадан холи эмас. (Меҳмонларга) Хотиним қанақа одам ўзи, мен билмайман. Мана шу нарса мени ташвишлантиради. Хўш, айт-чи, уч дона чой баргидан беш пиёла чой тайёрлай оласанми?
ШЕН ДЕ. Йўқ.
СУН. Демак, мен чойсиз қолар эканман. Хўш, кафтдек курсига чиқиб, ёта оласанми?
ШЕН ДЕ. Иккимизми?
СУН. Ёлғиз ўзинг.
ШЕН ДЕ. У ҳолда – йўқ.
СУН. Мана, пешонамга қандай хотин битганини кўриб қўйинг.
Ҳамма кулади. Шен Денинг елкаси оша, эшикда Ян хоним кўринади. У кутилаётган меҳмондан дарак йўқ, деб Сунга елкасини қисади.
ЯН ХОНИМ (соатини кўрсатаётган Бонзага қараб). Намунча шошиласиз? Яна жиндак кутамиз, холос. Қаранг, ҳамма ичиб, чекиб ўтирибди, ҳеч ким шошилаётгани йўқ. (Меҳмонлар ёнига келиб ўтиради)
ШЕН ДЕ. Ишни саранжомлашни бир гаплашиб олсакмикин?
ЯН ХОНИМ. О, марҳамат қилиб, бугун ишдан оғиз очманг. Тўй совиб қолади, шундоқ эмасми?
Қўнғироқ чалинади. Ҳамма ўгирилиб эшикка қарайди, аммо ҳеч кимдан дарак йўқ.
ШЕН ДЕ. Ойинг кимни кутаяпти, Сун?
СУН. Бу ҳозирча сир. Айтмоқчи, амакиваччанг Шой Да қайларда юрибди? Биз у билан чиқишиб қолдик. Жуда ақлли йигит! Калласи ишлайди! Нега индамайсан?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Мен у ҳақда ўйлашни истамайман.
СУН. Нега энди.
ШЕН ДЕ. Сен у билан чиқишмаслигинг керак. Мени севсанг, уни севолмайсан.
СУН. Унда амакиваччангни жин урсин. Қани, ич! (Зўрлаб ичиради)
КЕЛИНЧАК (Шинга). Тўйга ўхшамаяпти.
ШИН. Сиз нима деб ўйловдингиз?
БОНЗА (шартта ўрнидан туриб, Ян хонимга яқинлашиб, унга соатини кўрсатиб). Мен кетишга мажбурман, Ян хоним. Бугун яна битта тўй бор, эртага эрталаб дафн маросими.
ЯН ХОНИМ. Пайсалга солиб ўтириш менга хуш ёқади деб ўйлайсизми? Биз бир кўза шароб етади, деб ўйлагандик. Қаранг, кўза бўм-бўш. (Баланд овозда Шен Дега) Ҳайронман, азизим Шен Де, амакиваччанг нега бизни шунча куттириб қўйди?
ШЕН ДЕ. Амакиваччам?
ЯН ХОНИМ. Азизим, биз ўшани кутаяпмиз. Мен эски расм-русумлар тарафдориман, шундоқ яқин қариндошинг тўйда бўлиши шарт.
ШЕН ДЕ. О, Сун, бу ҳалиги уч юз кумуш доллар учун!
СУН (унга қарамай). Нима учунлигини эшитиб турибсан. У эски расм-русумларни севади. Мен буни ҳисобга олишим керак. Яна чорак соат кутамиз, келмаса, жин урсин, ўзимиз бошлайверамиз!
ЯН ХОНИМ. Албатта, ҳамма эшитган бўлса керак, ўғлим почта самолёти учувчиси бўлиб ишга жойлашаяпти. Бу мени қувонтиради. Бу замонда ишлаб, кўпроқ пул топиш керак.
КЕЛИНЧАК. У Пекинда яшайдими?
ЯН ХОНИМ. Ҳа, Пекинда.
ШЕН ДЕ. Сун, энди Пекинга боролмайман деб ойингга айтишинг керак.
СУН. Агар гапларинг бир жойдан чиқса, буни унга амакиваччанг айтади. Менимча, у бошқача фикрда бўлса керак.
ШЕН ДЕ (қўрқиб). Сун!
СУН. Сичуанни кўрарга кўзим йўқ! Кўз қиримни ташласам, бу ердагилар, биласанми, менга нима бўлиб кўринади? Қирчанғи от бўлиб. Улар бошларини у ёқдан-бу ёққа силтагани-силтаган: вой, устимизда нима тарақлаяпти? Йўғ-ей? Биз энди керак бўлмай қолдикми? Бу қанақаси? Вақтимиз битдими? Майли, улар бу ўлакса шаҳарда бир-бирини ғажийверсин! Биз бу ердан чиқиб олсак, бас!
ШЕН ДЕ. Аммо мен пулни қайтариб бераман, деб ваъда қилдим.
СУН. Буни боя айтдинг. Шундоқ нодонликка борасанми, а? Яхшиям, амакиваччанг келади. Ич ва ишни қандай битиришни бизга қўйиб бер! Биз ҳаммасини тинчитамиз.
ШЕН ДЕ (жиғибийрон бўлиб). Ахир, амакиваччам келолмайди!
СУН. Нега келолмас экан?
ШЕН ДЕ. У ҳозир бу ерда йўқ.
СУН. Хўш, унда айт-чи, энди қандоқ яшаймиз?
ШЕН ДЕ. Ўйлайманки, сенда анави икки юз кумуш доллар турибди. Уни эртагаёқ эгасига қайтариб, тамакини сақлаб қоламиз, тамаки қиммат, уни цемент заводи дарвозаси олдида пуллаймиз. Йўқса, ярим йиллик ижара ҳақини тўлаб бўлмайди.
СУН. Буни каллангдан чиқар! Тамом, унут! Мен, учувчи Ян Сун, кўчада, цемент заводи ишчиларига тамаки сотаманми? Ундан кўра ўша икки юз кумуш долларни бир кечада совуришим ёки сувга оқизишим афзал эмасми! Амакиваччанг менинг кимлигимни билади. Мен у билан келишганман, у тўйга деб яна уч юз келтиради.
ШЕН ДЕ. Амакиваччам келмайди.
СУН. Келади, келмай иложи йўқ.
ШЕН ДЕ. Мен бор жойга у оёқ босмайди.
СУН. Ғалати-ку!
ШЕН ДЕ. Сун, қулоғингга қуйиб ол: у сенга дўст эмас. Сени мен севаман. Амакиваччам Шой Да ҳеч кимни севмайди. У менга дўст, аммо дўстларимга дўст эмас. У учувчи бўлиб жойлашарсан, деб чол-кампирнинг пулини олишингга рози бўлди. Лекин тўйга деб у уч юз кумуш доллар келтирмайди.
СУН. Нега келтирмас экан?
ШЕН ДЕ (унинг кўзларига тикка боқиб). Унинг айтишича, Пекинга ёлғиз битта чипта олганмишсан.
СУН. Кеча шундоқ бўлган эди, аммо бугун мен унга кўрсатишим мумкин! (Кўкрак чўнтагидан иккита қоғозни чала-ярим чиқазади). Кампир кўриб қолмасин. Пекинга бир жуфт чипта, иккимизга. Сен ҳали амакиваччанг бизнинг никоҳимизга қарши деб ўйлайсанми?
ШЕН ДЕ. Йўқ. учувчилик – яхши касб. Менинг энди дўконим йўқ.
СУН. Сени деб мебелни сотдим.
ШЕН ДЕ. Бас, бошқа гапирма! Билетларни кўрсатма! Ҳозир шундоқки, ҳамма нарсадан кечиб, сен билан кетиб қолишим ҳеч гапмас. Оҳ, Сун, сенга уч юз доллар беролмайман, чол-кампирни ўйласанг-чи!
СУН. Сен мени ўйласанг-чи!
Пауза
Яхшиси, ич! Ёки сен эсли-ҳушли хотинларданмисан? Менга ақлли хотин керак эмас. Мен ичсам, гўё яна учаман. Сен ҳам ич, балки шунда тушунарсан мени.
ШЕН ДЕ. Мени тушунмайди деб ўйлама, сен учмоқчисан, мен эса ёрдам беролмайман, мана шуни тушунмайсан.
СУН. “Мана, самолёт, севгилим, лекин битта қаноти бор!”
ШЕН ДЕ. Ҳалол йўл билан Пекиндаги ўша жойга жойлашиб бўлмайди. Шунинг учун мен ҳалиги икки юз кумуш долларни қайтариб олишим керак. Ҳозироқ пулни бер, Сун!
СУН. “Ҳозироқ пулни бер, Сун!” Нималар деяпсан? Менга хотинмисан ёки йўқ? Мени сотаяпсан-ку, наҳотки тушунмасанг? Ҳайриятки, бахтимизга, бу ёғи сенга боғлиқ эмас, ҳаммаси аллақачон ҳал қилиб қўйилган.
ЯН ХОНИМ (совуқ оҳангда). Сун, келиннинг амакиваччаси келади деб ишонасанми? У бу никоҳни истамайди, шунинг учун ҳам келиши даргумон.
СУН. Нималар деяпсиз, ойи! Биз у билан шундоқ қалинмизки, орадан қил ўтмайди. Мен эшикни ланг очиб қўяман, токи у дўстининг тўйига келиб, бизни дарҳол топиб олсин. (Эшикка бориб, уни тепиб очади. У кўп ичиб қўйган, енгил чайқалиб изига қайтади, Шен Денинг ёнига ўлтиради) Кутамиз. Амакиваччанг сендан ақллироқ. Севгини ҳаётдан ажратиб бўлмайди, деб жуда тўғри айтди. Энг муҳими, бу ишлар оқибатида ҳам эрсизу ҳам дўконсиз қолишингни у яхши билади.
Ҳамма кутади.
ЯН ХОНИМ. Келаяпти!
Оёқ товушлари эшитилади, ҳамма эшикка тикилади, оёқ товушлари узоқлашади.
ШИН. Жанжал бўлади. Сезаяпсизми? Келин тўйни, куёв унинг амакиваччасини кутаяпти.
СУН. Амакивачча жаноблари шошилмайдилар.
ШЕН ДЕ (секин). Оҳ, Сун!
СУН. Чўнтагимга бир жуфт чиптани солиб, саноқни ҳам билмайдиган бир нодон билан қаққайиб ёнма-ён ўтиришимни қаранг! Бир кун эмас, бир кун полицияни уйимга бошлаб келиб, мендан икки юз долларни талаб қилишингни олдиндан кўриб турибман.
ШЕН ДЕ (томошабинларга). У яхши одам эмас, менинг ҳам шундоқ бўлишимни истайди. Уни севадиган мен ёнида ўтирибман, у эса амакиваччамни кутади. Аммо менинг атрофимда аламзадалар – касалманд чолу кампир, эртага дўкон эшигида бир коса гуручга кўз тикиб турувчи камбағаллар, иш жойим қўлдан кетмаса эди, деб қўрқиб-қалтираб юрувчи пекинлик нотаниш учувчи ўлтиришибди. Улар ҳаммаси менга суянади, шунинг учун мени муҳофаза этади.
СУН (шиша кўзага тикилиб қарайди, кўзада шароб қолмаган). Шароб солинган кўза – бизнинг соатимиз. Биз камбағал кишилармиз, меҳмонлар шаробни ичиб тугатишибди, демак, соатимиз энди бутунлай тўхтаб қолибди.
Ян хоним унга “жим бўл” деб ишора қилади, яна оёқ товушлари эшитила бошлайди.
ОФИЦИАНТ (киради). Яна шароб келтирайми, Ян хоним?
ЯН ХОНИМ. Йўқ, менимча етади. Шароб кишини бўшаштириб юборади, шундоқ эмасми?
ШИН. Пули ҳам озмунча эмасдир.
ЯН ХОНИМ. Мен шароб ичсам, нуқул терлайман.
ОФИЦИАНТ. Унда ҳисоб-китоб қила қолайлик?
ЯН ХОНИМ (унга қулоқ солмай). Жаноблар, яна жиндак сабр. Келиннинг қариндоши ҳозир йўлда бўлса керак. (Официантга) Халал берма!
ОФИЦИАНТ. То ҳисоб-китоб қилинмас экан, мен ҳеч кимни қўйиб юбора олмайман.
ЯН ХОНИМ. Мени бу ерда ҳамма танийди.
ОФИЦИАНТ. Шунинг учун ҳам қўйиб юбора олмайман.
ЯН ХОНИМ. Тавба! Бугунги хизматкорлар шунақа! Сен нима дейсан, Сун?
БОНЗА. Яхши қолинглар! (Виқор билан юриб, чиқиб кетади)
ЯН ХОНИМ (жиғибийрон бўлиб). Қимирламанглар! Руҳоний ҳозир қайтиб келади.
СУН. Ойи, бўлди, бас қилинг энди. Жаноблар, руҳоний кетиб қолгач, сизларни ортиқ тутиб туролмаймиз.
КЕЛИНЧАК. Юринг, бобожон!
ҚАРИЯ (стаканни бўшатиб, жиддий). Келиннинг соғлиги учун!
ҚИЗ ЖИЯН (Шен Дега). Ундан ранжиманг. Юракдан чиқазиб айтди. У сизни яхши кўради.
ШИН. Ана шармандалик!
Барча меҳмонлар кетади.
ШЕН ДЕ. Мен ҳам кетсаммикин, Сун?
СУН. Йўқ, сен кутиб турасан. (Унинг рўмолидан силтаб тортади, рўмол бир тарафга қийшайиб қолади) Ёки бу сенинг тўйинг эмасми? Мен кутаяпман, кампир кутаяпти. Чамамда, у ҳали ҳам кўкда учган лочинни кўрмоқда. Рост, мен ишонаман, бу муқаддас Ҳафшанба куни рўй беради: унда онам эшикка қараб юради, шу пайт унинг томи устидан ўғлининг самолёти гумбурлаб учиб ўтади. (Бўм-бўш стулларга қараб, гўё уларда ҳали ҳам меҳмонлар ўтиргандай) Хонимлар ва жаноблар, нега ширин суҳбатни давом эттирмаяпсиз? Ёки бу ер сизга ёқмаяптими? Тўйни бироз кечиктирдик, сабаби, бир мўътабар меҳмон ҳаяллаб қолди, бунинг устига – келин ҳали муҳаббат нималигидан бехабар. Сизларни бироз овунтириб туриш учун мен – куёв ҳиргойи қилиб бераман. (Куйлайди)
Муқаддас Ҳафшанба ҳақида қўшиқ
Кимда ким камбағал бешикка ётмиш,
Шу сирли алланинг завқини тотмиш.
Соҳиби тахт бўлар камбағал бир кун,
Деган қўшиққа у ишонмиш бутун.
Бу қутлуғ Ҳафшанба куни рўй берар,
Ўша кун камбағал тахтга ўлтирар.
Ўша кун қабоҳат бўғилар буткул,
Ўша кун эзгулик очилар гул-гул.
Қўлни қўлга бериб хўжайин, қарор,
Шаробхона сари боришар хушҳол.
Муқаддас Ҳафшанба куни муқаррар
Қилтириқ семизнинг меҳмони бўлар.
Анҳор суви оқар ортига равон,
Ёмонлар кўринмас, ҳамма меҳрибон.
Ўша кун барчага роҳат бўлар, бас,
“Ҳа, бўл!” деб бировни биров ниқтамас.
Муқаддас Ҳафшанба куни муқаррар
Ер юзи жаннатдек яшнаб-ярқирар.
Ўша кун генерал бўларсан тайин,
Мен эсам, кўкларга учардим лекин.
Ваннинг оғриқ қўли тузалиб тамом,
Сен ҳам тиниб-тинчиб, олардинг ором.
Муқаддас Ҳафшанба куни эҳтимол,
Сен ҳам тиниб-тинчиб қолардинг, аёл.
Ортқ кутолмаймиз, тугади бардош,
Заҳматкаш инсонлар, барча қари-ёш
Қутлуғ Ҳафшанбани талаб қиламиз,
Қутлуғ Ҳафшанба кун келақолсин тез,
Токи дам олайлик биз ҳам бемалол!
ЯН ХОНИМ. У энди келмайди.
Учови ўтирибди, иккисининг кўзи эшикда.
ИНТЕРМЕДИЯ
Мешкобнинг тушига яна фаришталар киради. У катта бир китобни очиб, шу кўйи ухлаб қолган. Мусиқа.
ВАН. Ҳайриятки, келдингиз, оқилу донолар! Бошимни қотирган бир саволга жавоб берсангиз. Руҳоний руҳонийликни тарк этиб, цемент заводига ишчи бўлиб кетди. Унинг ташландиқ, хароба кулбасидан бир китоб топиб олиб, унда ғалати бир жумлага дуч келиб қолдим. Сизга ўқиб бермоқчиман. Мана эшитинг. (Тушида кўринаётган китобни ўнг қўлида тутиб, чап қўли билан уни варақлайди. Ҳақиқий китоб тиззасида турибди. У ўқий бошлайди) “Сунг вилоятида Чангалзор деган жой бор. У ерда кактуслар, сарвлар ва тут дарахтлари ўсади. Билакдек келадиган ниҳолларни одамлар кесиб, итларига катак ясашади. Ундан уч-тўрт карра йўғонроқ дарахтларни бой ва кибор оилалар кесиб, тобут учун тахта йўнишади. Танасига қулоч етмайдиган дарахтларни эса айрим одамлар ҳашаматли ёзлик иморатларига ғўла ўрнида ишлатишади. Шундай қилиб, бу дарахтларнинг ҳаммаси ўзининг ярим умрини аранг яшаб, арра ва болтага ем бўлади. Ким кўпроқ фойда келтирса, ўша кўп азоб чекади”.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Бундан чиқдики, ким ўта фойдасиз бўлса, ўша ҳаммадан қадрли бўлар экан-да?
ВАН. Йўқ, у ҳаммадан бахтиёр бўлади. Энг ярамас инсон – энг бахтиёр инсон.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Тавба, нималарни ёзишмайди!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бу ривоят нега сени ўйлантириб қўйди, мешкоб?
ВАН. Шен Де туфайли, оқилу донолар! У муҳаббатда бахт топмади, негаки, яқинларингга меҳрибон бўл, деган қоидага амал қилди. Бу дунё учун у ўта оқкўнгил шекилли!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бекор гап! Ожиз ва нотавон бандасан! Кўриб турибманки, бит билан шаккоклик тенг ярмингни ямлаб қўйибди.
ВАН. Албатта, албатта, эй оқилу доно! Узр! Балки аралаштириб кўрармикансиз, деб ўйлабман.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу сираям мумкин эмас. Дўстимиз (учинчи фариштага ишора этади, унинг кўзлари ости шишиб, кўкарган) кеча баҳсга аралашган эди, мана оқибати.
ВАН. Яна амакиваччасини чақиртиришга мажбур бўлди. Ўзим синаб кўрганман, у жудаям эпчил киши, аммо ўша ҳам ёрдам беролмаяпти. Дўконнинг куни битганга ўхшайди.
УЧИНЧИ ФАРИШТА (ташвишланиб). Балки, ёрдамлашиб юборармиз, нима дейсизлар?
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Менинг фикримча, у ўз ўзига ёрдамлашмоғи керак.
ИККИНЧИ ФАРИШТА (кескин). Яхши киши қанча кўп қийналса, ўзлигини шунча кўп намойиш этади. Азоб-изтироб кишини тозалайди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Ундан умидимиз катта.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Қидирувларимиз жилла натижа бермаяпти. Биз гоҳо яхши ният, эзгу мақсад, бир талай юксак тамойилларга дуч келамиз, аммо булар бари яхши инсон номини олишга камлик қилади. Бир қадар яхши одамлар учрайди, улар одамдек яшамайди. Усти-бошимизга ёпишган мана шу хору хаслардан ҳар кеча қаерда тунашимизни тасаввур қилавер.
ВАН. Ахир, сиз, ҳеч бўлмаганда…
ФАРИШТАЛАР. Зарари йўқ. Биз ёлғиз кузатувчилармиз, холос. Ва ишонамизки, яхши инсон ана шу қоронғу дунёда ўз ўрнини топиб олади. Юк қанча оғир бўлса, куч шунча мустаҳкам бўлади. Яна бироз сабр қил, мешкоб, кўрасан, ҳаммаси хайрли…
Фаришталар аста сўниб, овозлари пасайиб боради. Ниҳоят, улар ғойиб бўлиб, овозлари тамом эшитилмай қолади.
VII
Шен Де тамаки дўкони ортидаги ҳовли. Аравачада уй-рўзғорга тегишли лаш-лушлар. Шен Де ва Шин қуритиш учун дорга ёйилган чойшаб ва ич кийимларни йиғиштириб олишаяпти.
ШИН. Мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, дўконим учун тиш-тирноғим билан курашардим.
ШЕН ДЕ. Қўйсангиз-чи! Дўкон учун ҳатто ижара ҳақи тўлашгаям пулим йўқ-ку… Бугун чол-кампирга икки юз кумуш долларни қайтаришим керак, уни бировга бериб қўйдим, энди тамакини Ми Дзю хонимга сотишга тўғри келади.
ШИН. Хуллас, ҳаммаси тугади денг? На эр, на тамаки, на бошпана! Кўрпангга қараб оёқ узатмасанг, шунақа бўлади. Энди қандай яшайсиз?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Балки тамаки тозалашга ёлланарман.
ШИН. Жаноб Шой Данинг чалвори бу ерга қаёқдан келиб қолди? Нима, у яланғоч жўнадими?
ШЕН ДЕ. Унинг бошқа чалвори бор эди.
ШИН. Уни бутунлай кетди дедингиз, шекилли? Нега чалворини қолдирибди?
ШЕН ДЕ. Керак эмасдир-да.
ШИН. Уни жойлайми?
ШЕН ДЕ. Йўқ.
Ҳансираб, бўғилиб Шу Фу киради.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Бас қилинглар. Менга бари аён. Сиз ўзингизга ишонган чол-кампирни қутқараман деб шахсий бахтингиздан воз кечдингиз. Йўқ, бу маҳалла, ҳаммага шубҳа билан қаровчи бу тошбағир одамлар сизни бекорга фаришта деб атамайди. Куёвтўра сиз кўтарилган маънавий юксакликка кўтарила олмади, сиз у билан ажрашдингиз. Энди кўплар учун нажот оролчаси бўлмиш дўконни бекитмоқчимисиз? Мен бунга чидаб туролмайман. Мен ҳар куни эрталаб эшигимдан боқиб, дўконингиз олдида тўпланган бева-бечораларни, уларга гуруч улашиб бераётганингизни кўриб турардим. Наҳотки, бу энди такрорланмаса? Наҳотки, хайрли иш ҳалокатга маҳкум бўлса? Оҳ, ана шу олийжаноб ишда сизга ёрдам қўлини чўзишга ижозат берсангиз эди! Йўқ, ҳеч нарса деманг! Мени ишонтиришнинг ҳожати йўқ! Ёрдамимни қабул қилишингизни айтиб, ваъдалар ҳам берманг! Аммо, мана (Чўнтагидан дафтарчасини олиб, чек ёзиб, уни аравача устига ташлайди.) сизга чек, ўзингиз истаган рақамни унга ёзишингиз мумкин. Мен энди ҳеч нарса даъво қилмайман, фақат сизга нисбатан ҳурмат-эҳтиромга тўлиб, оёқ учида юриб, жимгина, камтаринларча, фидойиларча йўлимга равона бўламан! (Кетади.)
ШИН (чекни кўздан кечириб). Қутулдингиз! Сиздақаларга омад ҳамиша ёр! Қани, минг кумуш доллар деб ёзинг, анави ҳушини йиғиб олмасдан мен банкга югурай.
ШЕН ДЕ. Кийимлар солинган саватни аравачага қўйинг. Кирчининг ҳақини чексиз ҳам тўлай оламан.
ШИН. Нима? Чекни олмайсизми? Бу жиноят! Чекни олсам, унга турмушга чиқишимга тўғри келади, деб ўйлайсизми? Бу ғирт жиннилик. Ахир у мени лақиллатинглар, деб ўз оёғи билан ўзи келиб турибди-ку! Бунақалар шундан завқ олади. Наҳотки, ўша учувчингиздан ҳамон кўнгил узолмаяпсиз? У сизни қанчалар хўрлаганини бутун маҳалла, бутун Сариқ кўча билади.
ШЕН ДЕ. Ҳаммасига камбағаллик айбдор. (Томошабинларга)
Мен кўрдим, у тунда қовоғин солиб,
Осилтириб олди лаби-лунжини.
Сержаҳл кўринди шунда нақадар!
Эрталаб кўйлагин олиб қарадим,
Илма-тешик экан кўйлаги.
Шум кулгуси мени даҳшатга солди.
Аммо оёғида йиртиқ туфли кўриб,
Яна англадимки, севаман уни…
ШИН. Ҳали уни оқламоқчимисиз? Бунақанги тентакликни сира учратмагандим. (Жаҳли чиқиб) Бу ердан жўнасангиз, худога шукур дердим.
ШЕН ДЕ (ич кийимни дордан олаётиб, чайқалиб кетади.) Бошим айланди.
ШИН (унинг қўлидан ич кийимни олиб). Узаниб-энгашганингизда бошингиз тез-тез айланиб турадими? Бошқоронғи бўлманг тағин? (Кулади.) У сизни роса туширибди-ку. Агар шу гап рост бўлса, иш чатоқ, бундай пайтларда чек берилмайди. (Саватни кўтариб, саҳнанинг ичкарисига қараб кетади.)
ШЕН ДЕ (Унинг изидан индамай қараб қолади. Кейин ўзини кўздан кечиради, кафти билан қорнини силайди, юзида шодон бир табассум пайдо бўлади. Секин). О, бахт! Менда инсон туғилаяпти! Ҳозирча ҳеч нарса сезилмайди. Аммо у мана шу ерда. Дунё уни яширинча кутади. Шаҳарларда аллақачон айтиб юришибди: шундоқ бир одам пайдо бўладики, у билан ҳисоблашишга тўғри келади… (Томошабинларга ўзининг жажжи ўғлини гўё таништириб) Учувчи!
Осмон ўпар тоғлар, овлоқ ерларни
Забт этувчига сиз айтинг шарафлар!
У кимсасиз чўллар, саҳролар оша
Инсондан инсонга мактублар элтар.
(Хаёлан ўғилчасини етаклаб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди.) Юр, ўғлим, дунёни кўриб қўй. Мана бу – дарахт. Унга эгилиб салом бер. (Таъзим қилади.) Қулоқ сол, ана мешкоб келаяпти. У бизга дўст, унга қўлингни чўз, қўрқма. Марҳамат қилиб, ўғлимга бир кружка сув беринг! Бугун ҳаво иссиқ. (Ўғлига сув тутади.) Вой, полициячи келаяпти! Яхшиси, унга кўринмайлик. Фей Пун бойнинг боғига кириб, олча узайлик. Фақат биров кўриб қолмасин. Юр, етимчам! Нима, сенинг ҳам олча егинг келаяптими? Жим, секинроқ, ўғлим! (Атрофга олазарак боқиб, ҳадиксираб, эҳтиёт бўлиб юришади.) Йўқ, яхшиси бу ёққа юрамиз, буталар бизни пана қилиб туради. Вой, тиккасига бориб нима қиласан? (Бола афтидан ойисини судрайди, ойиси кўнмайди.) Ақлни ишга солайлик. (Тўсатдан кўниб, рози бўлади.) Қўймадинг, қўймадинг-да… (Болани кўтаради.) Олчаларга қўлинг етадими? Уларни тўппа тўғри оғзимга солавер, шунда ҳеч қаёққа кетмайди! (Ўғли оғзига солган олчани еб кўриб) Ширин! О, полициячи! Қочамиз! (Қочадилар.) Мана, кўчага ҳам чиқиб олдик. Энди ўзингни бос, шошилма, йўқса, бошқалар гумонсираб қолишади. Гўё ҳеч нарса бўлмагандай… (Хаёлан боласи билан сайр этиб, куйлайди.)
Олуча бечорани
Бир дайди ушлаб олди,
Жудаям эпчил экан,
Бўйнидан тишлаб олди…
Бола етаклаб мешкоб Ван киради. У Шен Дега ҳайрон бўлиб қарайди.
ШЕН ДЕ (Ваннинг йўталганига ўгрилиб). Ван, ўзингмисан? Ассалому алайкум!
ВАН. Шен Де, эшитдимки, аҳволинг оғир, қарзингдан қутулиш учун дўконни сотмоқчи эмишсан. Аммо манави бола бошпанасиз. Кушхона ҳовлисида тентираб юрибди. Бу бир неча ҳафта бурун устахонасидан айрилиб, ичкиликка берилган дурадгор Ли Тонинг ўғли бўлса керак. Унинг болалари оч-яланғоч, дарбадар юришибди. Буни нима қилсам экан?
ШЕН ДЕ (болани ундан олиб). Кела қол, болам. (Томошабинларга)
Ҳой, эшитинг! Инсон бошпана сўрар,
Бугун ёрдам сўрар эртанги инсон.
Унинг дўсти, сизга таниш жаҳонгир
Уни паноҳига олур шу замон.
(Ванга) У жаноб Шу Фунинг чолдеворида яшаб туради, балки мен ҳам ўша ёққа кўчиб ўтарман. Менинг ҳам ўз болам бўлади. Фақат бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очма, Ян Сун эшитиб қолмасин, бизнинг унга керагимиз йўқ. Қуйи шаҳарда Лин Тони топиб айт, менинг қошимга келсин.
ВАН. Раҳмат сенга Шен Де. Бирор чорасини топишингни билардим. (Болага) Кўрдингми, яхши киши ҳамиша чорасини топади. Мен бориб, отангни чақириб келай. (Кетмоқчи бўлади.)
ШЕН ДЕ. Дарвоқе, Ван, қўлинг қалай? Мен сен учун гувоҳликка ўтмоқчи эдим, аммо амакиваччам…
ВАН. Ташвиш чекма. Қара, мен ўнг қўлимсиз ҳам ишни эплай оламан. Менга энди ўнг қўлнинг кераги йўқ. (Ўнг қўлсиз кўза ва кружкани қандай эплашни кўрсатиб беради.) Мана, қара, менга бунинг ҳеч қийинчилиги йўқ.
ШЕН ДЕ. Аммо қўлинг шундоқ қотиб қолмаслиги керак. Менинг аравачамни ол-да, ундаги бор нарсани сотиб, докторга учра. Ўз сўзимнинг устидан чиқолмаганимга ҳижолатман. Бунинг устига, сартарошнинг чолдеворини олишга ҳам рози бўлдим. Сен бунга нима дейсан?
ВАН. Унда уйсизлар ва ўзинг яшай оласан, бу менинг қўлимдан кўра муҳимроқ. Дурадгорни чақириб келаман. (Кетади.)
ШЕН ДЕ (унинг ортидан қичқириб). Мен билан докторга бораман деб ваъда бер!.. (Шин қайтиб кириб, унга турли имо-ишоралар қилади.) Нима гап?
ШИН. Ақлдан оздингизми? Киши сўнгги лаш-лушлари билан аравачасини ҳам бировга совға қиладими? Унинг қўли оғриса, сизга нима? Агар бу гапдан сартарош хабар топса, ўша чолдевордан ҳам қувиб ҳайдайди сизни. Кирингизни ювганим учун ҳақимни ҳали тўлаганингиз йўқ!
ШЕН ДЕ. Сиз нега мунча заҳарсиз? (Томошабинларга)
Яқинларингизни топтаб, эзишдан
Наҳот чарчамайсиз? Манглайингизда
Очкўзликдан бўртиб турар томирлар.
Чин юракдан чўзилган қўлнинг
Бериши ҳам осон, олиши ҳам.
Сахий бўлиш нақадар зарур!
Очиқ чеҳра бўлиш нақадар яхши!
Ширин сўзлар
Бағрингиздан узилар енгил нафасдек…
(Шин аразлаб кетиб қолади.Болага) Сен шу ерда ўтириб тур. Ҳозир отанг келади.
Бола ерга ўтиради. Ҳовлига ёши ўтиб қолган эр-хотин киришади. Улар Шен Де дўкон очган кун келишган эди. Эр-хотин катта қопларни кўтариб олишган.
ХОТИН. Ёлғизмисан, Шен Де? (Шен Де “ҳа” деб боши билан тасдиқлагач, хотин жиянини чақиради, жияни ҳам қоп кўтариб киради.) Амакиваччанг қани?
ШЕН ДЕ. Кетди.
ХОТИН. Қайтиб келадими?
ШЕН ДЕ. Йўқ. Мен дўконни сотаман.
ХОТИН. Биз буни эшитдик, шунинг учун ҳам бу ёққа келдик. Биров биздан бир неча қоп тамаки барги қарз олган эди, шуни қайтариб берди. Янги уйингга ўз бисотинг билан шуларни ҳам ташлаб ўтсанг. Уларни қўйишга жойимиз йўқ. Кўчада турса, шубҳа-гумон қилишади. Дўконингда чеккан озоримиз ҳақи “йўқ” демайсан, деб ўйлайман.
ШЕН ДЕ. Марҳамат, мен “йўқ” демайман.
ЭРКАК. Бу қоплар кимники деб сўраб қолишса, меники деб айтавер.
ШЕН ДЕ. Ким сўраши мумкин?
ХОТИН (унга диққат билан тикилиб). Масалан, полиция. У ерда бизни хуш кўришмайди ва ҳар қадамда синдиришга ҳаракат қилишади. Қопларни қаерга қўяйлик?
ШЕН ДЕ. Билмадим. Айниқса, ҳозир бирор ножўя иш қилиб, турмага тушиб қолишдан қўрқаман.
ХОТИН. Ўзингга ўхшамаяпсан. Энди етмагандай, бисотимизда қолган шу бир-икки қоп тамакидан ҳам ажраб қолмасак эди!
Шен Де жим тураверади.
ЭРКАК. Биласанми, балки шу тамаки бизга дастмоя бўлар. Балки биз ўзимизни ўнглаб олармиз.
Шен Де. Хўп, мен қопларингизни яшириб қўяман. Ҳозирча улар ичкари ҳужрада тура турсин. (Улар билан ичкарига киради.)
Бола унинг изидан қараб туради. Сўнг қўрқа-писа ахлат челаги ёнига бориб, ундан бир нима олиб ея бошлайди. Шен Де ва бошқалар қайтиб киришади.
ХОТИН. Биласанми, энди суянган тоғимиз – сен.
ШЕН ДЕ. Хўп. (Болага кўзи тушиб, қотиб қолади.)
ЭРКАК. Эртадан кейин сени жаноб Шу Фунинг уйидан топиб оламиз.
ШЕН ДЕ. Энди кетинглар, тобим қочиб турибди. (Уларни кузатиб қўяди.
(Келганлар кетишади.) У – оч. Ахлат челагини титкилаяпти. (Болани кўтариб, болакайнинг гезарган лабларини кўрсатиб, томошабинларга мурожаат қилади. Ўз боласига нисбатан ҳеч қачон шундай тошбағир бўлмасликка қасамёд этади.)
О, ўғлим, о, учувчи!
Келмоқдасан қай бир дунёга?
Ахлат челагида балиқ овлашингни истайди улар!
Мана бу гезарган лабларга бир қаранг!
(Болани кўрсатиб)
Ўзингизга ўхшаш жонга оқибат шуми?
Бу ўз мевангиз-ку, ахир!
Сизда раҳм йўқ!
Шўрликлар, ўз-ўзингизга этмайсиз шафқат.
Хўш, мен ўз боламни нечук ҳимоя этгум?
Энди айланаман она йўлбарсга!
Ҳа, шу болакайга кўзим тушгандан буён
Сиздан айирилишни истайман.
Ўз ўғлимни, лоақал шу битта гўдакни
Қутқармагунимча менга тиним йўқ!
Ўғлим, мактабимда, ўша ахлат ўрада
Менга алдов ё мушт билан берилган сабоқ
Энди сенга холис хизмат қилмоғи зарур!
Ўғлим, энди ёлғиз сенга меҳрибон бўлгум,
Энди бошқаларга – йўлбарс, йиртқич бир ҳайвон.
Шундоқ бўлиши шарт,
Худди шундоқ бўлади!
(Амакиваччасига айланиш учун кета бошлайди.) Яна бир карра, ўйлайманки, сўнгги бор уннаб кўришга тўғри келади. (Йўл-йўлакай Шой Данинг чалворини олади. Қайтиб келган Шин унинг изидан қизиқсиниб қараб қолади. Келинчак билан қария киради.)
КЕЛИНЧАК. Дўкон берк, лаш-лушлар ҳовлида! Демак, ҳаммаси тамом!
ШИН. Мана енгилтаклик, ҳавойилик ва худбинлик оқибати! Қаёққа думалаяпти, дейсизми? Пастга! Жаноб Шу Фунинг чолдеворига, сизнинг ёнингизга!
КЕЛИНЧАК. У ерни хушлармикин? Биз арз қилгани келувдик. Оёқ остида каламушлар илма-тешик қилиб ташлаган пол. Сартарош совунлари моғорлаб кетгани учун бизни ўша чолдеворга таклиф этган. “Сизга бошпана бермоқчиман, нима дейсиз?” эмиш… Нима дердик, “Уят ва шармандалик!” деймиз.
Ишсиз киради.
ИШСИЗ. Шен Де кўчиб кетаяпти дейишяпти, ростми?
КЕЛИНЧАК. Ҳа, у ҳеч кимга билдирмай, қочиб қолмоқчи эди.
ШИН. У ўзининг синиб қолганидан ҳижолатда.
ИШСИЗ (ҳовлиқиб). Амакиваччасини чақириш керак! Унга шундай деб маслаҳат беринглар! Ёлғиз ўша бирор чорасини топа олади.
КЕЛИНЧАК. Ҳақ гап! Тўғри, у хасис, лекин ҳар қалай, дўконни қутқариб қолади, шунда бизга ҳам фойдаси тегади.
ИШСИЗ. Мен сизни эмас, унинг ўзини ўйладим. Лекин, рост гап, сиз учун ҳам уни чақириш керак.
Ван билан дурадгор киради. У иккита болани етаклаб олган.
ДУРАДГОР. Сизга қандай раҳмат айтишга ҳам ҳайронман. (Бошқаларга) Бизга бошпана ваъда қилишаяпти.
ШИН. Қаердан?
ИШСИЗ. Жаноб Шу Фунинг уйидан! Бу – кичкинтой Феннинг шарофати туфайли. Шен Де гўё: “Ҳой, эшитинг! Инсон сиздан бошпана сўрар!” – деб хитоб этдию бизга дарҳол бошпана топиб берди. Укаларингга қуллуқ қилинглар!
Дурадгор ва унинг болалари кичкинтойга қуллуқ қилишади.
Бошпана сўраганинг учун қуллуқ сенга!
Шой Да киради.
ШОЙ ДА. Хўш, бу ерда нима қилиб турибсизлар?
ИШСИЗ. Жаноб Шой Да!
ВАН. Ассалому алайкум, жаноб Шой Да! Қайтиб келганингиздан бехабар эдим. Сизга таниш дурадгор Лин То. Шен Де бону унга жаноб Шу Фу уйидан бошпана ваъда қилган эди.
ШОЙ ДА. Жаноб Шу Фунинг уйида ортиқча жой йўқ.
ДУРАДГОР. Демак, биз кўчиб ўтолмас эканмиз-да?
ШОЙ ДА. У бино бошқа бир мақсадга мўлжалланган.
КЕЛИНЧАК. Демак, бизни у ёқдан ҳайдашади, шундоқми?
ШОЙ ДА. Чамамда, шундай.
КЕЛИНЧАК. Унда биз қаёққа борамиз?
ШОЙ ДА (елкасини қисиб). Менинг билишимча, Шен Де бону – айтмоқчи, у жўнаб кетди – сиздан ҳимматини аямайди. Аммо келажакда бу иш оқилона ҳал этилади. Текинга овқат берилмайди, ҳимматга яраша хизмат бўлиши керак. Ҳар кимга ҳалол ишлаб, оёққа туриш имконияти берилади. Шен Де ҳаммангизга иш топиб бермоқчи. Кимда ким мен билан ҳозир Шу Фунинг уйига борса, қуруқ қолмайди.
КЕЛИНЧАК. Бундан чиқдики, Шен Де учун хизмат қилар эканмиз-да?
ШОЙ ДА. Ҳа. Тамаки тозалайсиз. Орқа хонада уч қоп тамаки бор. Олиб чиқинг!
КЕЛИНЧАК. Унутманг, бизнинг ҳам ўз дўконимиз бўлган, биз ўзимиз учун ишлашни афзал кўрамиз, негаки, ўз тамакимиз бор.
ШОЙ ДА (ишсиз ва дурадгорга). Сизлар-чи? Шен Де учун ишлайсизларми? Ўз тамакиларинг йўқ шекилли?
Дурадгор ва ишсиз норози бир қиёфада ҳужрага киришади. Уй эгаси хоним пайдо бўлади.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Хўш, жаноб Шой Да, дўконни сотасизми? Мана, сизга уч юз кумуш доллар.
ШОЙ ДА. Ми Дзю хоним, мен дўконни сотмасликка қарор қилдим, ижара шартномасига қўл қўймоқчиман.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Нима? Учувчи учун пул керак эмасми?
ШОЙ ДА. Йўқ.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. Ижара ҳақи тўлашга ҳам пулингиз бордир?
ШОЙ ДА (аравачадан сартарош ташлаб кетган чекни олиб, тўлдиради). Мана, жаноб Шу Фу ўн минг кумуш долларга ташлаб кетган чек, биласиз, у менинг жиянимга хуштор. Ишонмасангиз, ўқиб кўринг, Ми Дзю хоним! Ярим йиллик ижара ҳақи – икки юз кумуш доллар бугун кечқурун соат олтигача қўлингизга тегади. Энди Ми Дзю хоним, ижозатингиз билан мен ишни давом эттирай. Мен бугун жуда бандман, маъзур тутишингизни сўрайман.
УЙ ЭГАСИ ХОНИМ. О, тушунаман, жаноб Шу Фу учувчининг изидан бораяпти! Ўн минг кумуш доллар! Ҳар қалай бугунги ёш қизларнинг беқарорлиги ва енгилтаклиги мени ҳайрон қолдиради, жаноб Шой Да. (Кетади. Дурадгор ва ишсиз ичкаридан қопларни кўтариб чиқишади.)
ДУРАДГОР. Тушунмайман, нега мен сиз учун қоп ташишим керак экан?
ШОЙ ДА. Менинг тушунганим кифоя. Ўғлингизнинг иштаҳаси карнай. У овқат сўрайди, жаноб Лин То.
КЕЛИНЧАК (қопларга кўзи тушиб). Менинг поччам бу ёққа кирган эдими?
ШИН. Ҳа.
КЕЛИНЧАК. Қопларни танидим. Бу бизнинг тамакимиз.
ШОЙ ДА. Секинроқ гапиринг. Бу менинг тамаким, негаки, менинг дўконимда турибди. Шубҳалансангиз, ҳозироқ полицияга бориб, шубҳа-гумонларга барҳам беришимиз мумкин. Борамизми?
КЕЛИНЧАК (аччиқланиб). Йўқ.
ШОЙ ДА. Ўз тамакингиз йўқ шекилли. Балки энди, Шен Де бону ҳиммат қўлини чўзиб турганда фойдаланиб қоларсиз? Қани, марҳамат қилиб, менга Шу Фунинг уйини кўрсатиб қўйинг.
Дурадгорнинг кичкинтойини қўлидан етаклаб, Шой Да чиқади. Унинг изидан дурадгор, унинг болалари, келинчак, қария ва ишсиз равона бўладилар. Келинчак, дурадгор ва ишсиз қоп кўтариб чиқишади.
ВАН. У ёмон одам эмас, аммо Шен Де – раҳмдил.
ШИН. Билмадим. Кир ёйилган дордан чалвор йўқолиб қолди. Амакиваччаси кияр эди. Бунда бир сир борга ўхшайди. Ажабо, нима экан?
Чол билан кампир киради.
КАМПИР. Шен Де бону бормилар?
ШИН (қуруқ). Кетиб қолди.
КАМПИР. Қизиқ! У бизга бир нима бермоқчи эди.
ВАН (ўз қўлига алам билан боқиб). У менга ҳам ёрдам бермоқчи эди. Қўлим қотганидан қотиб бораяпти. Шен Де тез орада қайтса керак. Одатда амакиваччаси бу ерда узоқ турмайди.
ШИН. Шунақа денг?
ИНТЕРМЕДИЯ
Ваннинг қўналғаси. Мусиқа. Мешкоб уйқусида фаришталарга ўз ташвишлари ҳақида сўзлайди. Фаришталар ҳамон сафарни давом эттирмоқдалар. Уларнинг юзларидан хориб-чарчаганлари кўриниб туради. Кетаётиб, улар мешкобга ўгирилиб қарашади.
ВАН. Сизлар қадам ранжида қилишингиздан олдин, оқилу донолар, мен жонажон синглим Шен Дени туш кўрдим, унинг аҳволи бениҳоя оғир эди. У дарё ёқасидаги қамишзорда, аёллар ўз жонига қасд қиладиган жойда турар эди. У ғалати чайқалар, ботқоққа тортувчи аллақандай юмшоқ, аммо оғир бир юкни судраб бораётгандек бўйни эгик эди. Мен чақирсам, у бир қоп ёзма фармойишларни нариги қирғоққа олиб ўтишим керак, йўқса, улар ивиб, ёзувлари ўчиб кетади деб жавоб берди. Ростини айтсам, унинг елкасида мен ҳеч нарса кўрмадим. Аммо сиз фаришталар, о, қандай шармандалик! Тунаш учун бошпана тополмаганингизда у уйидан жой бергани учун унга улуғ фазилатлар инъом этганингизни эслаб, қўрқиб кетдим. Энди унинг учун қанчалар ташвиш чекаётанимни тушунган бўлсангиз керак.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Масалан, нимани камайтирайлик, Ван?
ВАН. Масалан, севги ўрнига шунчаки майл ҳам бўлаверади ёки…
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Аммо бу яна ҳам оғирроқ, о, бандаи гумроҳ!
ВАН. Ёки адолат ўрнига мурувват.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Унда ҳамманинг боши ташвишдан чиқмай қолади.
ВАН. Ёки номус кетиб, андиша қолса ҳам бўлаверади!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Лекин юк яна-да оғирроқ бўлади, о, бандаи нодон!
Фаришталар ҳорғин қадам босиб, кўздан ғойиб бўлишади.
VIII
Шой Данинг тамаки фабрикаси. Жаноб Шу Фунинг чолдеворларида Шой Да кичик тамаки фабрикаси очган. Панжарадан нари томондаги бино одамлар билан тирбанд. Айниқса, хотин-қизлар, болалар кўп. Улар орасида келинчак, қария, дурадгор ва унинг болалари. Панжара олдида Ян хоним, унга эргашиб, Сун пайдо бўлади.
ЯН ХОНИМ (томошабинларга). Мен сизларга айтсам, ҳаммангиз учун ҳурматли Шой Да жанобларининг донишмандлиги ва қаттиқ қўллиги туфайли ўғлим тушкун бенаводан фойдали кимсага айланди. Бутун маҳаллага маълум бўлганидек, Шой Да жаноблари кушхона яқинида кичик, аммо тез ривож топган фабрика очдилар. Уч ой бурун мен у кишига мурожаат этишга мажбур бўлдим. Кўп ўтмай, у мен билан ўғлимни қабул қилди.
Фабрикадан чиқиб келган Шой Да Ян хонимга яқинлашади.
ШОЙ ДА. Хизмат, Ян хоним?
ЯН ХОНИМ. Жаноб Шой Да, мен сиздан ўғлимнинг гуноҳини сўраб келдим. Бугун эрталаб уйимизга полициядан келиб, никоҳ ваъдасининг бузилгани ва қинғир йўл билан икки юз кумуш доллар ўзлаштириб олингани учун Шен Де бону номидан арз қилганингизни айтишди.
ШОЙ ДА. Худди шундай, Ян хоним.
Ян хоним. Жаноб Шой Да, барча фаришталар ҳаққи, яна бир бор шафқат қилинг. Пул йўқ. Учувчи бўлиш режаси амалга ошмагач, ўғлим уни икки кунда совурди. Биламан, у ярамас. Сал бўлмаса, у менинг мебелимни ҳам сотиб, қари онасини ҳам ташлаб, Пекинга кетиб қолаёзди. (Йиғлайди.) Шен Де бону бир пайтлар уни яхши одам санар эди.
ШОЙ ДА. Сиз нима дейсиз, жаноб Ян Сун?
СУН (қош-қовоғини солиб). Менда у пуллар энди йўқ.
ШОЙ ДА. Ян хоним, ноъмалум сабабларга кўра, жияним кўрсатган ўша меҳру оқибат ҳаққи, мен бетийиқ ўғлингизга яна ёрдамлашаман. У ҳалол меҳнат қилиб, ўзини тузатади, деб Шен Де умид қилади. Мен уни фабрикамга ишга оламан. Унинг иш ҳақидан икки юз кумуш доллар аста-секин чегириб қолинади.
СУН. Хуллас, ё турма, ё фабрика денг?
ШОЙ ДА. Ҳа, танлаб олинг.
СУН. Шен Де билан гаплашсам бўладими?
ШОЙ ДА. Йўқ.
СУН. Унда иш жойимни кўрсатинг.
ЯН ХОНИМ. Сизга минг раҳмат, жаноб Шой Да! Соҳиби мурувватсиз, бунинг учун фаришталар ярлақайди сизни. (Сунга) Сен ҳақ йўлдан оздинг. Энди ҳалол ишла, онангнинг кўзига уялмасдан, тикка қарайдиган бўл.
Шой Дага эргашиб, Сун фабрикага киради.
(Рампага қайтиб) Биринчи ҳафталар Сунга қийин бўлди. Иши унга ёқмас, ўзини кўрсатиш фурсати ўнг келмас эди. Фақат учинчи ҳафта деганда, омади юришди. У собиқ дурадгор Лин То билан тамаки солинган қопларни ташиши керак эди.
Сун ва собиқ дурадгор Лин То бир йўла икки қопдан тамаки кўтариб киришади.
ДУРАДГОР (йўталиб, инқиллаб тўхтаб қолади ва қоп устига ўтиради). Тинкам қуриди. Энди қаридим, бунақа ишларга ярамайман.
СУН (ўтириб). Нега сен бу қопларни уларнинг башарасига отмайсан?
ДУРАДГОР. Кейин-чи? Тирикчилик деб ҳатто болаларни ҳам қўшга қўшганман. Қанийди, дейман, ҳолимизни Шен Де бону бир кўрса! У раҳмдил эди.
СУН. Ҳа, у ёмон эмас эди. Турмуш машаққати бўлмаганда, балки биз Шен Де билан аҳил яшаб кетардик. Ҳозир у қайларда юрибди экан. Хўп, қани, ишлайлик – одатда у айни шу паллада пайдо бўлади. (Қўзғалишади. Яқинлашиб келаётган Шой Дани кўриб) Қопингни менга бер-чи, чўлоқ! (Лин Тонинг бир қопини ҳам кўтаради.)
ДУРАДГОР. Раҳмат, оғайни! Агар у шу ерда бўлса борми, қари одамга ёрдамлашганингни кўриб, сени мақтар эди. Ҳа, ҳа…
Шой Да киради.
ЯН ХОНИМ. Жаноб Шой Да, албатта, астойдил ишлаётган ҳақиқий ишчи кимлигини дарҳол пайқади ва индамай туролмади.
ШОЙ ДА. Ҳой, тўхтанглар-чи! Нима гап ўзи? Нега сен фақат битта қоп кўтариб олгансан?
ДУРАДГОР. Мен бугун бироз чарчадим, жаноб Шой Да, Ян Сун ёрдамлашиб юборди…
ШОЙ ДА. Сен, оғайни, изингга қайт-да, бир йўла учта қопни орқалаб ол. Ян Сун қилган ишни сен ҳам қила оласан. Ян Сун ғайрат қилиб ишлаяпти, сен-чи?
ЯН ХОНИМ (шу пайт собиқ дурадгор яна икки қоп юкни елкасига ортиб олади). Албатта жаноб Шой Да Сунга бир оғиз ҳам сўз қотмади, лекин унинг кимлигини билиб олган эди, келаси шанба куни иш ҳақи берилаётганда…
Ўртага стол қўйишади, Шой Да пул солинган халтача кўтариб киради. У назоратчи – собиқ ишсиз билан ёнма-ён туриб, иш ҳақи тўлайди.
Столга Сун яқинлашади.
НАЗОРАТЧИ. Ян Сун – олти кумуш доллар.
СУН. Кечирасиз, фақат беш кумуш доллар бўлади. (Назоратчи қўлидан рўйхатни олиб) Қаранг, бу ерга олти иш куни деб ёзилибди, ҳолбуки, мен бир кунни судда ўтказдим. (Мунофиқона) Менга оз бўлса ҳам ўз иш ҳақимдан бошқаси керак эмас.
НАЗОРАТЧИ. Демак, беш кумуш доллар! (Шой Дага) Тасодиф, жаноб Шой Да!
ШОЙ ДА. У беш кун ишлаган бўлса, қандай қилиб, олти кун ёзилибди?
НАЗОРАТЧИ. Тахминимча, бу менинг хатойим, жаноб Шой Да. (Сунга совуқ охангда) Бу бошқа такрорланмайди.
ШОЙ ДА (Сунни бир четга бошлаб). Мен яқинда пайқадимки, сиз кучли одам экансиз ва буни фирмадан яширишни истамайсиз. Назоратчи фирма зарарига ҳалигидай, тез-тез янглишиб турадими?
СУН. Ишчилар орасида унинг танишлари бор, улар назоратчини ўз одамлари деб билишади.
ШОЙ ДА. Тушунарли. Ҳимматга ҳиммат. Мукофот олишни истайсизми?
СУН. Йўқ. Аммо мен саводли кишиман, деб айтиб қўймоқчи эдим. Биласизми, бироз ўқиганман. Назоратчи ишчиларга илиқ муомала қилади, лекин ўқимишли эмас, фирма манфаатларини тушуниб етмайди. Ўтинаман, менга бир ҳафта муҳлат беринг, жаноб Шой Да. Фирмага қўл кучимдан кўра ақлий кучим кўпроқ фойда келтиришини исбот қиламан.
ЯН ХОНИМ. У дадил туриб, шундоқ деди. Мен ўша оқшом Сунга “Сен учувчисан! Ҳозирги иш жойингда ҳам учишга қодирлигингни кўрсатиб қўй! Уч, лочиним!” – деб айтдим. Дарҳақиқат, ақл ва билим нималарга қодир эмас! Ақлинг ва билиминг бўлмаса, нечук одам бўлдинг? Менинг ўғлим Шой Да жанобларинг тамаки фабрикасида чинакам мўъжиза кўрсатди!
Сун оёқларини кериб, ишчиларнинг ортида турибди. Улар тамаки солинган саватларни бошларидан ошириб, бир-бирларига узатмоқдалар.
СУН. Қани, қимирланглар, намунча иммиллайсанлар! Саватни шунақа узатадими? Тезроқ! (Болага) Сен нега ўтирмайсан? Ўтир, жойни банд қилма. Устига ўтирсанг, тамаки яхшироқ жойланади. Ялқовлар! Сенларга нега пул тўлаймиз ўзи? Чаққонроқ деяпман! Жин урсин ҳаммангни! Чолни нарига ўтказинглар, болалар билан ишласин! Бу ерда қўли ишга қовушмаяпти! Қани, ҳа, баракалла! (Иш маромига мос қилиб, чапак чалади, сават қўлдан қўлга тез-тез ўта бошлайди.)
ЯН ХОНИМ. Авом кишиларнинг ғанимлиги, уларнинг беҳисоб таъна-дашномига қарамай, ўғлим ўз бурчини адо этаверди.
Ишчилардан бири саккизинчи фил ҳақида қўшиқ бошлайди. Бошқалар нақоратни айтиб, унга жўр бўлишади.
Хўжайиннинг етти фили бор эди,
Бор эди боз саккизинчи фили ҳам.
Еттитаси ёввойи, бу – хонаки,
Еттисини кузатарди дам-бадам.
Қани, қадам қўйинг чаққонроқ!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!
Етти фил ўрмонда тўнка қўпорар,
Саккизинчи филда хўжайин – сувор.
Кун бўйи кузатар саккизинчи фил,
Нечук ишлаяпти бошқалар…
Қани, энди тезроқ ташинглар!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!
Етти фил ишлашни ортиқ истамас,
Улар бари кўзлар тинчини.
Хўжайин келди, у ғазабнок,
Гуруч билан сийлар саккизинчини.
Хўш, бу қандай номаъқулчилик?
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу!
Етти фил айрилди тишидан,
Фақат саккизинчи филда тиш қолди.
У бошқа филларни ботирди қонга,
Хўжайин кўрдию хахолаб кулди.
Қани, энди тезроқ ташинглар!
Ўрмонда бир тўнка қолмасин, ҳа, чуҳ!
Ҳаммасини қўпориш керак,
Ҳадемай тушади қоронғу…
Бемалол юриб, сигара чекиб, Шой Да чиқиб келади. Ян Сун кулиб, учинчи банднинг нақоратига жўр бўлади, охирги бандга етганда, чапак чалиб, суръатни оширади.
ЯН ХОНИМ. Шой Да жанобларига ўз ташаккуримизни қандоқ айтишга ҳам ҳайронмиз. У сездирмай-нетмай, ёлғиз талабчанлик ва донишмандлик билан Сунда яшириниб ётган барча яхши жиҳатларни юзага чиқарди. У жиянига ўхшаб кўкўпар ваъдалар бермади, лекин ҳалол меҳнат қилишга мажбур этди. Ҳозир Сунни таниёлмайсиз. У уч ой олдинги Сунга сираям ўхшамайди! Ўйлайманки, сиз менинг фикримга қўшиласиз! Қадимда бекорга айтишмаган: “олийжаноб киши – қўнғироқ, урсанг жаранглайди, урмасанг, жим туради…”
IX
Шой Данинг тамаки дўкони. Дўкон ҳашаматли креслолар, чўғдек гиламлар билан безатилиб, идорага айлантирилган. Ёмғир ёғмоқда. Бироз тўлишиб қолган Шой Да гиламфуруш чол-кампир билан хайр-маъзур қилаяпти. Шин мийиғида кулиб, бир четдан кузатиб туради. Унинг бошдан-оёқ янги кийим кийгани кўзга ташланади.
ШОЙ ДА. Афсуски, унинг қачон қайтиши менга маълум эмас.
КАМПИР. Бугун биз мактуб олдик. Мактубга бир пайтлар биз жиянингизга қарзга берган икки юз кумуш доллар солиб қўйилибди. Уни ким жўнатгани номаълум. Аммо, хат, албатта Шен Дедан. Биз унга жавоб ёзмоқчи эдик, манзилини айтолмайсизми?
ШОЙ ДА. Афсуски, манзилини ҳам билмайман.
ЧОЛ. Кетдик.
КАМПИР. Бир кун эмас бир кун у қайтиб келиши керак!
Шой Да таъзим қилади. Чол-кампир ажабланган, ташвишланган кўйи кетишади.
ШИН. Пул уларнинг қўлига анча кечикиб тегди. Солиқларни тўлай олмай, дўкондан ажраб қолишди.
ШОЙ ДА. Нега менга мурожаат этишмади?
ШИН. Сиздан тортиниб юришди. Бошда Шен Денинг қайтишини кутишди, қўлларида бирор тилхат йўқ эди-да. Аҳволлари ғоят танг паллада чол безгак билан оғриб, кампири куну тун унинг бошида ўтириб чиқди.
ШОЙ ДА (кўнгли беҳузур бўлиб, ўтиришга мажбур бўлади). Яна бошим айланаяпти.
ШИН (унга гирдикапалак бўлиб). Болангиз етти ойнинг юзини кўрди! Ҳаяжонланиш сизга – кони зарар. Ҳайриятки, мен ёнингиздаман. Ҳаммага ҳам ёрдам керак. Қўрқманг, ҳамиша ўзим ҳозир-нозирман. (Кулади.)
ШОЙ ДА. Сизга ишонсам бўладими, Шин хоним?
ШИН. Албатта! Аммо мени ҳам қуруқ қўймайсиз. Ёқангизни очинг, дарҳол енгил тортасиз.
ШОЙ ДА (маъюсланиб). Бу ишларни болани деб қилаяпман, Шин хоним.
ШИН. Балли, болани деб қилаяпсиз.
ШОЙ ДА. Жудаям тез тўлишаяпман. Сезилиб қолмаса деб қўрқаман.
ШИН. Буни яхши турмушдан деб ўйлашади.
ШОЙ ДА. Болам нима бўлади?
ШИН. Шуни ҳар куни уч карра сўрайсиз. Болани асраб-авайлаймиз. Тилла эвазига парваришни ундан аямаймиз.
ШОЙ ДА. Хўп. (Ҳадиксираб) У Шой Дани ҳеч қачон кўрмаслиги керак.
ШИН. Ҳеч қачон кўрмайди ҳам. У ёлғиз Шен Дени кўради.
ШОЙ ДА. Лекин маҳаллада миш-миш тарқалган! Мешкоб гап тарқатиб юрибди. Дўконни кузатишаяпти!
ШИН. Сартарош бу гаплардан бехабар экан, хотиржам юраверинг. Сувдан ичинг.
Башанг костюм кийиб, портфель қўлтиқлаган Сун киради. У ўзини Шиннинг қучоғига ташлаган Шой Дага ҳайрон бўлиб қарайди.
СУН. Мен халал бермадимми?
ШОЙ ДА (зўрға ўрнидан туриб, чайқалиб, эшикка қараб юради). Хайр, Шин хоним.
Шин қўлларига қўлқоп кийиб кулимсираб, чиқиб кетади.
СУН. Қўлқоп! Қаёқдан олади? Нега кияди? Эҳтиёт бўлинг, домига илинтириб олмасин тағин. (Шой Да жавоб бермагач, ўзи давом эттиради) Наҳотки шунақа ишларга сиз ҳам мойилсиз? Кулгули. (Портфелидан бир қоғоз олади.) Ҳар қалай, кейинги пайтларда аввалги шаҳдингиз йўқ. Ғалати қилиқлар. Ишончсизлик. Ё бетобмисиз? Бундан ишга зарар етади. Мана тағин полициядан қоғоз. Фабрикани бекитамиз деб дўқ уришибди. Бир бинода ишлаётганлар сони қонунда кўрсатилганидан икки карра зиёд бўлишига рухсат бор, аммо ундан ошмаслиги шарт эмиш. Бирор чорасини кўриш керак, жаноб Шой Да!
Шой Да унга бир дақиқа анграйиб қараб туради. Кейин тўрдаги хонага кириб, бир тугун олиб чиқади. Тугундан янги шляпа олиб, ёзув столи устига ташлайди.
ШОЙ ДА. Фирма вакиллари яхши кийинишлари керак.
СУН. Менга деб сотиб олдингизми?
ШОЙ ДА (бепарволик билан). Кийиб кўринг, тўғри келармикин?
Сун ҳайрон бўлиб Шой Дага қарайди ва шляпани кияди. Шой Да унга ёрдамлашади.
СУН. Ташаккур, келинг, гаплашиб олайлик. Бугун сартарош билан янги лойиҳани муҳокама этишингиз лозим.
ШОЙ ДА. Сартарош оғир шартлар қўяди.
СУН. Мени ҳам ўша шартлардан хабардор қилиб қўйсангиз бўларди.
ШОЙ ДА (гапни айлантириб). Чолдеворлар ҳали ярайверади.
СУН. У ерда ишлаётган чувриндилар учун ярайверади, аммо тамаки учун ярамайди. У нам тортиб қолаяпти. Мен мажлисгача Ми Дзю хоним билан гаплашиб, биносини беришга кўндираман. Янги бинога кўчиб ўтайлик, барча чўлоқ-маймоқ, гадо-рўдапо, қаланғи-қасанғиларни қувамиз. Улар ярамайди. Бир пиёла чой устида Ми Дзю хонимнинг семиз тиззаларини бир силаб қўйсам, бас, бинонинг ярим баҳосидан кечворади.
ШОЙ ДА (кескин). Керак эмас! Мен фирманинг шаънига муносиб, корчалон кишига хос ўзингизни вазмин ва сипо тутишингизни талаб қиламан.
СУН. Нега жаҳлингиз чиқади? Наҳотки анави ғийбатларни ўйлайсиз?
ШОЙ ДА. Мен ғийбатларга қулоқ солмайман.
СУН. Демак, яна ёмғир туфайли. Ҳар гал ёмғир ёғса, сиз асабийлашиб, маъюс тортиб қоласиз. Сабаби нимада экан?
КЎЧАДАН ВАННИНГ ОВОЗИ КЕЛАДИ:
Қалдироқ гумбурлаб, ёмғир қуяди,
Мен эса кўчада сув сотаман, сув.
Ҳеч ким сув сўрамас, сув сотиб олмас,
Ҳеч кимсага керак эмас у.
Тинмай қичқираман: “Яхдай яхоб!”
Ҳеч ким сотиб олмайди уни.
Ҳаттоки тушмайди сариқ чақа ҳам
Менинг чўнтагимга шу куни…
СУН. Яна ўша лаънати мешкоб! Яна у хиралигини бошлайди.
ВАННИНГ ОВОЗИ. Наҳотки, шаҳарда биттаям раҳмдил киши топилмаса? Ҳаттоки меҳрибон Шен Де яшаган мана шу уйда ҳам? Бундан бир неча ой олдин ёмғир қуйиб турганда, у қувончини ичига сиғдиролмай, мендан бир кружка сув сотиб олган эди, қани, ҳозир қаерда у? Наҳотки уни ҳеч кимса кўрмаган бўлса? Дарагини ҳеч кимса эшитмаган бўлса? Бир куни оқшом у ана шу уйга кирганича, қайтиб чиқмади.
СУН. Овозини ўчириб қўяйми? Унинг қаердалиги билан нима иши бор? Гапнинг сирасини айтганда, унинг қаердалигини сиз менга атай айтмаяпсиз.
ВАН (киради). Жаноб Шой Да, яна бир карра сўрайман, Шен Де қачон қайтади? Кетганига ярим йил бўлди. (Шой Да индамайди.)Бу орада шундай воқеалар рўй бердики, у бўлганда, балки рўй бермас эди. (Шой Да жим тураверади.)Жаноб Шой Да, Шен Дега бир гап бўлганмиш деган миш-мишлар юрибди. Биз, унинг дўстлари хавотирдамиз. Марҳамат қилиб, бизга манзилини айтиб берсангиз.
ШОЙ ДА. Жаноб Ван, афсуски, ҳозир вақтим зиқ. Келаси ҳафта келинг.
ВАН (ҳаяжонланиб). Дўкон эшиги олдида бева-бечораларга яна гуруч улашилмоқда.
ШОЙ ДА. Одамлар бунга нима дейишаяпти?
ВАН. Шен Де ҳеч қаёққа кетмаган, дейишаяпти.
ШОЙ ДА. Хўш? (Ван индамайди.) Унда мен жавоб бера қолай. Жавобим қатъий. Жаноб Ван, агар сиз Шен Денинг дўсти бўлсангиз, унинг қаердалигини суриштирманг. Сизга маслаҳатим шу.
ВАН. Яхши маслаҳат. Жаноб Шой Да, ғойиб бўлишидан олдин Шен Де менга оғироёқман, деган эди.
СУН. Нима?
ШОЙ ДА (шошиб). Ёлғон!
ВАН (жуда жиддий). Жаноб Шой Да, Шен Денинг дўстлари уни охир-оқибат суриштирмай қўяди, деб ўйласангиз, адашасиз. Яхши одамни унутиб бўлмайди, яхшилар оз учрайди. (Кетади.)
Шой Да ҳанг-манг бўлиб, унинг изидан қараб қолади. Кейин шошилиб, дўкон тўридаги хонага кириб кетади.
СУН (томошабинларга). Шен Де оғироёқ! Астағфуруллоҳ! Мени алдашибди! Буни у амакиваччасига айтган, бу ярамас эса уни дарҳол жўнатиб юборган. “Боланинг отаси хабар топмасдан аввал нарсаларингни йиғиштир-да, жўнаб қол”. Лекин бу – аблаҳлик! Бағритошлик! Менинг ўғлим туғилади. Яна битта Ян дунёга келади! Хўш, нима бўлаяпти ўзи? Қиз ғойиб бўлади, мени эса бу ерда қўшга қўшишади. (Ғазаби қўзиб) Йўқ, битта шляпа билан қутулмайсан! (Шляпани оёғи остига олиб, топтайди.) Жиноятчи! Қароқчи! Бола ўғриси! Қиз бечора эса пушти-паноҳидан маҳрум! (Ичкари хонадан бировнинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилади. У турган ерида қотиб қолади). У ерда ким йиғлаши мумкин? Бу ким бўлдийкин? Тинди. Йўқ, яна йиғлаяпти. Ҳар қалай, анави устаси фаранг Шой Да эмас! Бўлмаса, ким? Яна дўкон олдида гуруч хайри-худойи қилиниши-чи? Наҳотки, қиз шу ерда бўлса? Наҳотки, уни анави яшириб юрган бўлса? Бўлмаса, ким йиғлайди? Аломат иш бўларди-да! Бас, у оғироёқ экан, мен уни излаб топишим керак!
(Шой Да ичкаридан чиқиб келади. Эшикка яқинлашиб, ёмғирни кузатади.) Хўш, у қаерда?
ШОЙ ДА (қўлини кўтариб, қулоқ солади). Бирпас сабр! Соат тўққиз бўлди. Аммо негадир ҳеч нарса эшитилмаяпти. Сел ёғаяпти.
СУН (заҳарханда қилиб). Сиз нимани эшитмоқчи эдингиз?
ШОЙ ДА. Почта самолёти овозини.
СУН. Ҳазиллашаяпсиз!
ШОЙ ДА. Бир пайтлар учмоқчи эдингиз, шундоқми? Энди ҳафсалангиз пир бўлиб қолдими?
СУН. Агар сиз ҳозирги аҳволимни кўзда тутаётган бўлсангиз, ундан шикоятим йўқ. Ростини айтсам, мен тунги хизматни хуш кўрмайман. Почта самолётлари тунда учади. Мен эса, фирмага қаттиқ боғланиб қолдим. Ҳар қалай бу – собиқ қайлиғимнинг фирмаси. Гарчи ўзи бу ердан кетиб қолган бўлса ҳам. Унинг кетиб қолгани ростми?
ШОЙ ДА. Нега буни сўрайсиз?
СУН. Сабабки, унинг ишларига мен ҳали бепарво қарай олмайман.
ШОЙ ДА. Бу гапни жияним ҳам қизиқиб эшитган бўларди.
СУН. Мен уни эрки ихтиёридан маҳрум қилишларига энди қараб туролмайман.
ШОЙ ДА. Ким маҳрум қилди?
СУН. Сиз!
Пауза
ШОЙ ДА. Хўш, нима қилмоқчисиз?
СУН. Мен аввало фирмадаги мавқеимни гаплашиб олишни истардим.
ШОЙ ДА. Гап бу ёқда денг! Хуллас, агар фирма, яъни, мен сизни маълум мансабга кўтарсам, собиқ қайлиғингизни сўраб-суриштиришни бас қиласиз, шундоқми?
СУН. Эҳтимол.
ШОЙ ДА. Хўш, қайси мансабни истайсиз, ким бўлмоқчисиз?
СУН. Хўжайин. Яъни, мен сизни улоқтириб ташламоқчиман.
ШОЙ ДА. Фирма сизни улоқтириб ташласа-чи?
СУН. Унда мен балки, қўшалоқ бўлиб келардим.
ШОЙ ДА. Ким билан?
СУН. Полиция билан.
ШОЙ ДА. Полиция билан? Хўш, полиция бу ерда ҳеч нарса тополмаса-чи?
СУН. У нариги хонага ҳам бир кўз ташлаб қўярди! Жаноб Шой Да, мен севгилимни жуда соғиндим. Уни яна бағримга босишим учун бир нималар қилишим керак, мен буни сезиб турибман. (Хотиржамлик билан) У оғироёқ, ёрдамга муҳтож. Бориб, мешкоб билан гаплашаман. (Кетади. Шой Да унинг изидан индамай қараб туради. Кейин шошилинч нариги хонага киради. Шен Денинг кийим-кечак, атир-упаларини олиб чиқади. Гиламфуришдан сотиб олинган шолрўмолга узоқ тикилиб қолади. Сўнг ҳаммасини битта тугун қилиб тугади, ташқаридан оёқ шарпасини эшитиб, уни стол остига ташлайди. Уй эгаси-хоним билан жаноб Шу Фу киради. Улар Шой Дага салом бериб, калишларини ечиб, соябонларини ғилофга жойлашади).
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Куз ҳам келиб қолди, жаноб Шой Да.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Ҳа, юракни ғаш қиладиган фасл!
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Анави мафтункор ходимингиз кўринмайдими? Ўзиям офатижон! Балки сиз бу жиҳатларидан бехабардирсиз. Лекин у ўз эркакча сеҳрини – хизмат бурчини бежирим адо этиш билан боғлай оладики, буниси сизга кони фойда.
ШОЙ ДА (таъзим қилиб). Марҳамат, ўтирсинлар. (Ўтириб, чекишади.) Дўстларим, оқибати бахайр бўлмаган воқеалар корхона истиқболи ҳақида бошлаган музокараларимизни тезлаштиришни тақозо этади. Жаноб Шу Фу, менинг фабрикам танг аҳволда.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Ҳамишагидек.
ШОЙ ДА. Мен янги бино ҳақида келишиб олдик демасам, полиция фабрикани бекитмоқчи бўлиб, очиқдан-очиқ таҳдид қилмоқда. Жаноб Шу Фу, гап сиз ёқтириб қолган жиянимнинг яккаю ягона мулки устида кетаяпти…
ЖАНОБ ШУ ФУ. Жаноб Шой Да, доимий кенгайиб борувчи лойиҳаларингиз муҳокамасида иштирок этишга унча ҳушим йўқ. Мен жиянингиз билан бир пиёла чой устида гаплашмоқчиман десам, сиз молиявий қийинчиликларингизни рўкач қиласиз. Мен уйсизлар учун жиянингиз ихтиёрига бошпана берсам, сиз у ерда фабрика очасиз. Мен жиянингизга деб чек берсам, сиз уни ундириб оласиз. Жиянингиз ғойиб бўлади, сиз эса юз минг кумуш доллар ундирмоқчи бўласиз. Боз устига, берган уйларингиз торлик қилаяпти, деб менга таъна қиласиз. Жаноб Шой Да, жиянингиз қаерда?
ШОЙ ДА. Хотиржам бўлинг, жаноб Шу Фу. Сизни ишонтириб айтаманки, у тез орада қайтади.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Тез орада? Қачон? Мен бу сўзни сиздан сурункасига бир неча ҳафтадан буён эшитаман.
ШОЙ ДА. Мен сиздан яна имзо чекинг деб талаб қилаётганим йўқ. жияним қайтса, менинг лойиҳам билан қизиқиб кўрасизми – ёлғиз мана шуни сўраяпман, холос.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Мен минг марталаб айтганман, сиз билан гаплашадиган гапим йўқ, жиянингиз билан эса, аксинча, ҳамма нарсани муҳокама этишга ҳозирман. Аммо, менинг назаримда, сиз бизнинг суҳбатимизга йўл қўймоқчи эмассиз.
ШОЙ ДА. Энди унақа ниятим йўқ.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Хўш, унда биз қачон суҳбатлашамиз?
ШОЙ ДА (мужмал қилиб). Уч ойдан сўнг…
ЖАНОБ ШУ ФУ (аччиқланиб). Унда мен уч ойдан сўнг имзо чекаман.
ШОЙ ДА. Унгача ҳамма нарсани тайёрлаш керак.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Жиянингизнинг бу гал чиндан ҳам келишига ишонсангиз, Шой Да, сиз ҳамма нарсани тайёрлашга улгурасиз.
ШОЙ ДА. Ми Дзю хоним, фабрикангиз биносини олаётганим ҳақида сиз полицияга кафолат бера оласизми?
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Албатта, ўз бошқарувчингизни менга хизматга берсангиз, бас. Мен буни сизга аллақачон айтганман (Жаноб Шу Фуга). У жуда уддабурон йигит, менга эса бошқарувчи керак.
ШОЙ ДА. Ишда қийинчиликлар кўпайиб, соғлигим ёмонлашиб қолган шу тобда жаноб Ян Суннинг ёрдамига жудаям муҳтожман, сиз буни тушунмоғингиз керак! Мен бошданоқ уни сизга бермоқчи эдим, лекин…
Пауза
ШОЙ ДА. Хўп, эртага идорангизга боради.
ЖАНОБ ШУ ФУ. Баракалла, Шой Да, мана бу бошқа гап. Агар Шен Де бону чинданам қайтадиган бўлса, у йигитнинг бу ерда бўлиши жуда ноқулай. Шўрлик қизнинг бошига не кунларни солгани ҳаммамизга маълум.
ШОЙ ДА (таъзим қилиб). Шубҳасиз. Жияним Шен Де ва жаноб Ян Сунга тегишли ҳар икки масалада гапни чайнаб, иккиланиб гапирганим учун узр. Улар бир пайтлар жуда қадрдон бўлишган.
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Сизни тушунамиз.
ШОЙ ДА (эшикка қараб). Дўстларим, келинг, энди қатъий қарорга келайлик. Бир пайтлар маҳалла камбағаллари тамаки сотиб оладиган кичкина дўконча ўрнига йигирмата йирик дўкон очамиз, уларда Шен Денинг хушбўй тамакиси сотилади. Биламан, халқ мени Сичуаннинг тамаки қироли деб атайди. Аслида мен ёлғиз жиянимнинг манфаатини кўзлаб, бу корхонага бош-қош бўлдим. У жиянимга, унинг болаларига, болаларининг болаларига мерос бўлиб қолади.
Кўчадан халойиқнинг шовқини эшитилади. Сун, Ван ва полициячи киради.
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Шой Да, мени маъзур тутасиз, бизга фабрикангиздан жиянингиз Шен Дени қамоқда сақлаётганингиз ҳақида шикоят тушган, маҳалла аҳолиси кўтарган шов-шув ана шу даъвони текшириб кўришни тақоза этади.
ШОЙ ДА. Бу беҳуда гап.
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Ян Сун ичкари хонадан хотин кишининг йиғисини эшитдим, деб айтди.
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Бу кулгули гап. Мен ва жаноб Шу Фу, яъни фикри полицияга ҳам мўътабар бўлган шаҳарнинг муҳтарам фуқаролари, гувоҳлик бериб айтамизки, бу ерда ҳеч кимса йиғлагани йўқ. Биз ўз сигарамизни бемалол чекиб ўтирибмиз.
ПОЛИЦИЯЧИ. Маъзур тутасиз, менга ўша хонани кўздан кечириш топширилган. (Шой Да эшикни очади. Полициячи таъзим қилиб, ичкари киради. У ерни кўздан кечириб, изига қайтади, кулимсирайди.) Дарҳақиқат, у ерда ҳеч ким йўқ.
СУН (унга яқинлашиб). Ахир, кимдир йиғлади, мен ўз қулоғим билан эшитдим! (Унинг кўзи стол остидаги тугунга тушади. Ўшанга ташланади.) Манави бу ерда йўқ эди. (Тугунни ечиб, Шен Денинг кўйлакларини кўрсатади.)
ВАН. Шен Денинг кийимлари! (Эшикка қараб чопади ва қичқиради.) Унинг кўйлакларини топишди!
ПОЛИЦИЯЧИ (кийимларни олиб). Сиз, жияним жўнаб кетди, деган эдингиз. Стол остидан унинг кийимлари тугилган тугун топилди. Қиз қаерда, жаноб Шой Да?
ШОЙ ДА. Унинг манзили менга номаълум.
ПОЛИЦИЯЧИ. Афсус.
ХАЛОЙИҚ ИЧИДАН ОВОЗЛАР. Шен Денинг нарсаларини топишди! Тамаки қироли уни ўлдириб, гумдон қилган!..
ПОЛИЦИЯЧИ. Жаноб Шой Да, мен билан боришингизга тўғри келади.
ШОЙ ДА (уй эгаси-хоним ва жаноб Шу Фуга таъзим қилиб). Шундоқ можаро рўй бергани учун узр сўрайман, жаноблар. Аммо Сичуанда ҳали судялар бор. Ишонаманки, тезда ҳаммаси равшан бўлади. (Чиқади, унинг изидан полициячи эргашади.)
ВАН. Даҳшатли жиноят юз берган!
СУН (қалтираб). Йиғи товушини ўз қулоғим билан эшитдим…
ИНТЕРМЕДИЯ
Ваннинг қўналғаси. Мусиқа. Мешкоб сўнгги бор фаришталарни туш кўради. Улар жуда ўзгариб кетишган. Сарсонлик-саргардонлик, бениҳоя ҳорғинлик ва машаққатли синовларнинг излари кўриниб туради. Бирининг шляпаси қийшайиб қолган, бошқаси тулки учун қўйилган қопқонга тушган, учаласи ҳам ялангоёқ.
ВАН. Ҳайриятки келдингиз, оқилу донолар! Шен Денинг тамаки дўконида қўрқинчли воқеалар рўй бермоқда! Мана, бир неча ойдирким, унинг ўзидан дом-дарак йўқ. Ҳамма ишни амакиваччаси ўз қўлига олиб олган! Бугун уни қамоққа олишди. Айтишларича, у дўконни эгаллаш учун қизни ўлдирган эмиш. Мен бунга ишонмайман, нега десангиз, Шен Де тушимга кириб, мен амакиваччам қўлида асирман, деди. Эй оқилу донолар, сиз ҳозироқ бориб Шен Дени топиб беришингиз керак.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Мана бу – даҳшат. Бутун ҳаракатларимиз зое кетди. Биз яхши кишиларни оз учратдик, ўшалар ҳам инсонга муносиб ҳаёт кечиришмайди. Ишонган тоғимиз Шен Де эди.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Агар у ҳам айнамаган бўлса!
ВАН. Йўқ, у айнамаган, фақат йўқолиб қолди, холос!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Унда ҳамма нарса тугади.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Босиқ бўлинг.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Босиқ бўлинг нимаси? Уни топмасак, истеъфога чиқишга мажбур бўламиз. О, биз кўрган дунёни айтишга тил ожиз – ҳаммаёқда ҳалокат, пасткашлик, хиёнат! Ҳатто, табиат ҳам бизни алдади. Гўзал дарахтларнинг бошлари сим билан қирқилган, тоғлар ортида қуюқ тутунлар бурқсиб, замбараклар гумбурламоқда, булардан сесканмай, собит тура оладиган битта ҳам инсон йўқ!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Оҳ, мешкоб, афтидан, фармойишларимизнинг оқибати вой! Биз тайин этган барча ахлоқий қоидалар ўчириб ташланмаса эди, деб қўрқаман. Инсонлар лоақал ўз жонларини сақлаб қолиш учун ҳам қанчалар захмат чекишади. Яхши ниятлар уларни жар ёқасига элтади, яхши ишлар эса жаҳаннамга улоқтиради. (Шерикларига). Дунё тирикчилик учун ноқулай, сиз буни эътироф этишингиз лозим!
БИРИНЧИ ФАРИШТА (қизғин). Йўқ, одамзод ўзи ҳеч нарсага арзимайди!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Негаки, дунё жудаям совуқ!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Сабабки, одамлар жуда ожиз!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Сабот керак, азизлар, сабот! Ноумид бўлманг, биродарлар! Ёмонлик йўлига юрмаган битта яхши инсонни топа олдик-ку. У йўқолиб қолди. Уни қидириб, топайлик. Битта яхши инсон ҳам етади. Бундай ҳаётга бардош бера олган битта яхши инсон, ҳа, ёлғиз битта одам топилса, бас, ҳаммаси тузалади, деб айтмаганмидик?!
Фаришталар тезда ғойиб бўлишади.
X
Суд зали. Гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтиришибди: жаноб Шу Фу ва уй эгаси-хоним. Сун ва унинг онаси. Ван, дурадгор, қария, ёш фоҳиша, чол-кампир. Шин. Полициячи. Келинчак.
ЧОЛ. Унинг қўли ҳамма ёққа етади.
ВАН. У ўн иккита янги дўкон очаяпти.
ДУРАДГОР. Сартарош Шу Фу билан уй эгаси Ми Дзю хоним судянинг ҳам, айбланувчининг ҳам дўстлари. Шундоқ бўлгач, адолатли ҳукм чиқаришармикин?
КЕЛИНЧАК. Кеча кечқурун одамлар кўришибди, жаноб Шой Данинг топшириғи билан Шин судянинг уйига семиз бир ғоз элтиб берибди. Ёғи саватдан томиб турганмиш.
КАМПИР (Ванга). Шўрлик Шен Демизни энди ҳеч қачон топишолмайди.
ВАН. Ҳа, фақат фаришталар ҳақиқат қилишлари мумкин.
ПОЛИЦИЯЧИ. Жим бўлинглар! Суд келаяпти!
Судялар либосида уч фаришта киради. Улар рампа олдидан ўтиб, ўз ўринларига қараб боришаркан, ўзаро шивирлаб гаплашганлари эшитилиб туради.
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Ҳаммаси ошкор бўлади. Ҳужжатлар қалбаки, яхши тайёрланмаган.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Судянинг тўсатдан қорни оғриб қолиши ҳам одамларда шубҳа уйғотади.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Йўқ, шундоқ бўлиши табиий, ахир у бир ўзи яримта ғозни паққос туширди.
ШИН. Янги судялар!
ВАН. Ва жуда яхши судялар!
Ҳаммадан орқада бораётган учинчи фаришта бу сўзларни эшитиб, ўгирилиб, унга табассум қилади. Фаришталар ўтиришади. Биринчи фаришта болғача билан столни тақиллатади. Полициячи Шой Дани олиб киради. Уни ҳуштакбозлик билан қарши олишади, аммо у ўзини мағрур тутади.
ПОЛИЦИЯЧИ. Тасодифларга шай бўлиб туринг. Бу сизга судя Фу И-Чен эмас. Лекин янги судялар ҳам анча мурувватли кўринади.
(Фаришталарни кўрган Шой Да йиқилиб, ҳушидан кетади.)
ЁШ ФОҲИША. Вой, нима бўлди? Тамаки қироли ҳушидан кетиб қолди.
КЕЛИНЧАК. Ҳа, янги судяларни кўриб, эси оғди!
ВАН. Демак, уларни танир экан-да! Ғалати!
БИРИНЧИ ФАРИШТА (суд мажлисини очиб). Сиз йирик тамаки савдогари Шой Дасиз, шундоқми?
ШОЙ ДА (жуда заиф овоз билан). Ҳа.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Сиз жиянингиз Шен Де хонимни бир ёққа суриб, унинг дўконини эгаллаб олганингиз ҳақида шикоят тушди. Айбингизга иқрормисиз?
ШОЙ ДА. Йўқ.
БИРИНЧИ ФАРИШТА (ишни варақлаб). Дастлаб айбланувчи ва унинг жияни ҳақида маҳалла полициясининг фикрини эшитсак.
ПОЛИЦИЯЧИ (олдинга чиқиб). Шен Де бону ҳаммага бажонудил ёрдам берар эди. Ўзи ҳам яшар, ўзгани ҳам яшатар эди. Жаноб Шой Да, аксинча, қаттиққўл одам. Жиянининг раҳмдиллиги оқибатининг олдини олиш учун у баъзан кескин чоралар кўришга ҳам мажбур бўлди. Жаноби олийлари, қизга қарама-қарши ўлароқ, у ҳамиша қонунга суяниб иш кўрди. У жияни ишониб, бошпана берган кишиларни ўғрилар шайкаси сифатида фош этди, бир гал энг сўнгги дақиқада Шен Дени сохта гувоҳлик беришдан сақлаб қолди. Мен жаноб Шой Дани қонунларни ҳурмат қилувчи, иззат-эътиборли граждан сифатида танийман.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Айбланувчини оқлаб, гувоҳлик берувчи яна ким бор?
Жаноб Шу Фу билан Уй эгаси хоним олдинга чиқишади.
ПОЛИЦИЯЧИ (фаришталарга шивирлаб). Жаноб Шу Фу, ғоят нуфузли зот!
ЖАНОБ ШУ ФУ. Жаноб Шой Да шаҳарда мухтарам зот саналади. У савдо палатасида иккинчи раис, ўзи яшаётган маҳалла халқи уни яқинда мировой судя қилиб кўтармоқчи.
ВАН (қичқириб). Сиз кўтармоқчисиз! Оғиз-бурун ўпишиб, иш битирасиз!
ПОЛИЦИЯЧИ (шивирлаб). Қора ниятли шахс!
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ. Васийлик жамиятининг раисаси сифатида судга маълум қиламанки, жаноб Шой Да ўз фабрикасининг кўплаб ишчиларига энг яхши, ёруғ ва кенг ишхоналар тақдим этиш ниятидадир, шу билан бирга, у ногиронлар уйига атаб, ҳамиша хайри худойи қилиб туради.
ПОЛИЦИЯЧИ (шивирлаб). Ми Дзю хоним, судя Фу И-Ченнинг улфати.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўп-хўп, биз энди айбланувчини айблаб гапирувчиларни ҳам эшитишимиз керак.
Олдинга Ван, дурадгор, чол-кампир, ишсиз, келинчак, ёш фоҳиша чиқишади.
ПОЛИЦИЯЧИ. Маҳалланинг чувриндилари.
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, Шой Да ҳақида сиз нима дея оласиз?
ХИТОБЛАР:
– У бизни адо қилди!
– Менинг пулимни тортиб олди!
– Ёмон йўлга бошлади!
– Сиқиб, сувимизни ичди!
– Алдади!
– Чап берди!
– Ўлдирди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Айбланувчи, сиз бунга нима дейсиз?
ШОЙ ДА. Жаноби олийлари, мен ўз жиянимни фалокатдан асраб қолдим, холос. Мен ҳар гал хавф-хатар туғилиб, у дўкончасидан айрилиши муқаррар бўлганда, ҳозир бўлдим. Уч карра келишимга тўғри келди. Ҳеч қачон бу ерда доимий қолишни ўйламадим. Кейинги гал шароит оғирлашиб қолганлиги туфайли узоқ туриб қолдим. Мен ҳамиша иш, ташвишга ботдим. Бу ерда жиянимни севишади, менга қолгани – қора иш. Шунинг учун ҳам мени ёмон кўришади!
КЕЛИНЧАК. Ажаб бўпти! Жаноби олийлари, лоақал бизнинг боламизни эсланг. (Шой Дага) Мен қоплар ҳақида гапириб ўтирмайман.
ШОЙ ДА. Нега гапирмайсан, а? Нега гапирмайсан?
КЕЛИНЧАК (фаришталарга). Шен Де бизга бошпана берди, у эса бизни қаматди.
ШОЙ ДА. Сенлар сомса ўғирладиларинг!
КЕЛИНЧАК. Сен новвойни ўйладингми? Ҳечам-да! Сен дўконни эгаллаб олмоқчи бўлдинг.
ШОЙ ДА. Дўкон карвонсарой эмас. Сенлар нуқул ўзларингни ўйладиларинг!
КЕЛИНЧАК. Бош суқадиган бошқа жойимиз йўқ эди!
ШОЙ ДА. Сенлар кўп бўлсаларинг, мен нима қилай?
ВАН. Булар-чи? (Чол-кампирни кўрсатиб) Булар ҳам фақат ўзларини ўйлашдими?
ЧОЛ. Биз жамғарган пулларимизни Шен Денинг дўконига бердик. Сен нега бизни ўз дўконимиздан айирдинг?
ШОЙ ДА. Жияним бир учувчига ёрдамлашмоқчи бўлди. Мен пул топишим керак эди!
ВАН. У эҳтимол ёрдамлашмоқчи бўлгандир, лекин сен ўз фойдангни изладинг! Битта дўкон сенга камлик қилди.
ШОЙ ДА. Бинонинг ижара баҳоси баланд эди!
ШИН. Тўғри, мен буни тасдиқлайман.
ШОЙ ДА. Жияним иш юритишни билмас эди.
ШИН. Бу ҳам тўғри, мен тасдиқлайман. У ҳатто бир учувчини севиб қолган эди.
ШОЙ ДА. Нима, севмаслиги керак эдими?
ВАН. Албатта! Лекин сен уни ўзи севмаган кимсага, анави сартарошга бермоқчи бўлдинг!
ШОЙ ДА. Унинг кўнгил қўйган одами пасткаш бўлиб чиқди.
ВАН. Мана буми? (Сунни кўрсатади.)
СУН (сакраб ўрнидан туради). Мени пасткашлигим учун ишга олдингми?
ШОЙ ДА. Сени тузатиш учун ишга олдим! Тузатиш учун!
КЕЛИНЧАК. Ҳа, уни ур-калтак қилиш учун олдинг!
ВАН. Уни тузатиб, кейин манави хонимга сотдинг, тўғрими? (Уй эгаси хонимга ишора қилади.) Бу ҳақда у ҳамма жойда жар солиб юрибди!
ШОЙ ДА. У аввал унга тиззаларини силатиб, кейин менга биносини беришга рози бўлди.
УЙ ЭГАСИ-ХОНИМ (иззат-нафсига оғир олиб). Ёлғон! Бинога тил тегизманг! Мен энди гаплашишниям истамайман, қотил!
СУН (қатъий). Жаноби олийлари, мен айбланувчи фойдасига бир-икки оғиз гапирмоқчи эдим.
КЕЛИНЧАК. Албатта гапиришинг керак. Чунки қўл остида ишлайсан.
ИШСИЗ. Бунақа ёвуз ур-калтакни биринчи бор кўришим. У жудаям қутуриб кетди.
СУН. Жаноби олийлари, айбланувчи менга жабр қилгани рост, лекин у қотил эмас. Уни қамоққа олишларидан бир неча дақиқа олдин мен дўконхона тўридаги ҳужрадан Шен Денинг овозини эшитдим.
БИРИНЧИ ФАРИШТА (шошиб). Демак, у тирик? Бизга аниқ қилиб айт, нима эшитдинг?
СУН (тантанавор). Йиғи, жаноби олийлари, йиғи!
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Сен унинг овозини танидингми?
СУН. Албатта! Мен танимасам, ким танийди?
ЖАНОБ ШУ ФУ. Ҳа, сен уни тез-тез йиғлатиб турардинг.
СУН. Мен уни ҳарқалай бахтиёр қилдим. Лекин манави (Шой Дани кўрсатиб) уни сенга сотмоқчи бўлди.
ШОЙ ДА (Сунга). Чунки сен уни севмас эдинг!
ВАН. Йўқ, бунинг учун эмас. Сенга пул керак эди!
ШОЙ ДА. Хўш, нега пул керак эди? (Сунга) Сен унинг ҳамма дўстларидан воз кечишини талаб қилдинг, сартарош эса бева-бечораларга ёрдамлашиш учун уй ва ақчаларини аямади. Хайрли ишини давом эттирсин деб, мен қизни сартарошга унаштириб қўйдим.
ВАН. Хўш, қўлингда имзоланган катта чек турганда, нега сен хайрли ишларга йўл қўймадинг? Ҳой, тамаки қироли, айт, нега сен Шен Де дўстларини фабриканинг ифлос катакларига қамаб қўйдинг.
ШОЙ ДА. Мен буни болани деб қилдим.
ДУРАДГОР. Менинг болаларимни ўйладингми? Сен уларнинг бошига не кунларни солмадинг.
Шой Да индамайди.
ВАН. Энди индамайсан. Фаришталар Шен Дега, хайрли ишларнинг мўъжаз булоғи бўлсин, деб дўкон ато этишди. У ҳамиша хайрли ишларга интилди, сен келиб, барини барбод қилдинг.
ШОЙ ДА (ғазабланиб). Шундай қилмасам, булоқ қуриб қолар эди, нодон!
ШИН. У тўғри айтади, жаноби олийлари!
ВАН. Сув ичилмайдиган чашмадан не фойда?
ШОЙ ДА. Хайрли ишлар охири хонавайрон қилади!
ВАН (ғазаби қайнаб). Увол ишлар бахт келтирадими, а? Сен оқкўнгил Шен Дени нима қилиб қўйдинг, бадбахт? Яхши одамни топиш осон эканми, оқилу донолар? У яхши одам эди. Анави менинг қўлимни синдириб қўйганда, у гувоҳликка ўтмоқчи бўлди. Мана, мен энди унга гувоҳликка ўтаяпман. У яхши инсон эди, қасамёд қиламан, қасамёд қиламан! (Қасам ичиш учун қўлини кўтаради.)
УЧИНЧИ ФАРИШТА. Қўлингга нима қилди, мешкоб? У букулмаяпти-ку!
ВАН (Шой Дани кўрсатиб). Бунга манави айбдор, ҳа, фақат, шу. Шен Де даволаниш учун менга пул бермоқчи эди, лекин манави етиб келди. Сен унинг хундор душмани эдинг!
ШОЙ ДА. Мен унинг ягона дўсти эдим!
ҲАММА. У қаерда?
ШОЙ ДА. Жўнаб кетди.
ВАН. Қаёққа?
ШОЙ ДА. Айтмайман!
ҲАММА. Хўш, у нега жўнаб кетади?
ШОЙ ДА (қичқириб). Кетмаса, уни тилка-пора қилар эдиларинг! (Тўсатдан жимлик чўкади.Стулга ўзини ташлайди). Мен ортиқ чидай олмайман! Ҳаммасини очиб ташлайман! Зални бўшатишсин! Фақат судялар қолсин, мен бор гапни айтаман.
ҲАММА. У иқрор бўлди! Сири очилди!
БИРИНЧИ ФАРИШТА (болғача билан столга уриб). Зални бўшатинглар!
Полициячи халойиқни ташқарига ҳайдайди.
ШИН (кетаётиб, кулади). Ажаб ҳангома бўладиган бўлди!
ШОЙ ДА. Кетишдими? Ҳамма кетдими? Мен ортиқ жим туролмайман. Мен сизларни танидим, оқилу донолар!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Бизнинг Сичуандан чиққан меҳрибон кишимизни нима қилиб қўйдинг?
ШОЙ ДА. Ижозат беринг, даҳшатли ҳақиқатга иқрор бўлай, ўша меҳрибон кишингиз – мен ўзимман! (Ниқобини ечиб, кийимларини юлқиб, бир ёққа отади. Судялар олдида Шен Де пайдо бўлади.)
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Шен Де!
ШЕН ДЕ. Ҳа, мен. Шой Да ҳам, Шен Де ҳам – мен ўзимман!
Сизнинг ўша мутлақ фармойишингиз, яъни,
Яша, яхши инсон бўл, деб берилган фармон
Чақмоқдай иккига бўлиб ташлади мени.
Билолмадим, нега, аммо бўлолмадим мен
Ҳам ўзим, ҳам ўзгаларга бирдек меҳрибон.
Ҳам ўзим, ҳам ўзгаларга қайишмоқ қийин.
Оҳ, дунёнгиз оғир! Унда эҳтиёж бисёр.
Яна бисёр эрур унда афсус-надомат!
Камбағалга қўл узатсанг, юлиб олар у!
Йиқилганга ёрдамлашсанг, бўлурсан хароб!
Гўшт емасанг – ўласан! Бас, мен қандай қилиб
Тошбағир бўлмайин? Барча зарур нарсани
Мен қаёқдан олай? Демак, ёлғиз ўзимдан.
Бу ахир, билсангиз, ҳалок бўлиш деган гап.
Мени ерга тиқди яхши ниятлар юки,
Аммо лекин қабоҳатга йўл қўйганда-чи,
Яхши этлар едим, бўлдим соҳиби қудрат.
Дунёнгизда бирор иллат борга ўхшайди.
Нечун ёмонлик иззатда, яхшилик забун?
Бахт-иқболга ташналигим билсангиз эди.
Боз устига, менда пинҳон илму дониш бор,
Зеро, асраб олган онам мени зовурда
Чўмилтирган, шунинг учун кўзларим ўткир,
Лекин раҳмдиллик мени азобга қўйди.
Қашшоқликни кўриб, худди бир бўри каби
Мен ғазабга тўлиб бордим, яъни, ўзгардим,
Оғзим ўхшаб қолди худди бўри оғзига,
Бир ҳовуч кул бўлиб қолди унда сўзларим.
Кошки юрсам маҳаллада фаришта бўлиб.
Бировларга совға бериш – менга саодат,
Шод чеҳрани кўрсам – бошим арши аълода.
Менга лаънат айтинг,
Лекин ростини айтай –
Қўшниларга ёрдам бериб,
Бировни севиб,
Ўз ўғлимни фақирликдан қутқараман деб,
Қилган бўлсам, қилдим мен шу жиноятларни.
Мен – кичик одамман, нетай, ожизман ҳатто
Сизнинг улуғ режангизга қодир малаклар!
БИРИНЧИ ФАРИШТА (даҳшатга тушгани кўриниб туради). Жим бўл, бадбахт! Бу гапларнинг нима кераги бор, сени топганимиздан хурсанд бўлиб турибмиз!
ШЕН ДЕ. Ҳалигина жиноятлари сизга нақл этилган ўша ёвуз одам – мен ўзим бўламан деб сизга айтишим керак, ахир!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Ҳа, ҳамма нуқул яхшиликларини гапирган ўша яхши одам – сен ўзингсан!
ШЕН ДЕ. Йўқ, ёвуз ҳам мен ўзимман!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Бу англашилмовчилик! Бир неча бахтсиз тасодиф! Қандайдир тошбағир қўшнилар! Бироз ошириб гапиришди, холос!
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Хўш, у энди қандай яшайди?
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Яшайверади! У кучли ва чидамли, машаққатлар унга писандмас.
ИККИНЧИ ФАРИШТА. Унинг нималар деганини эшитмадингми?
БИРИНЧИ ФАРИШТА (қизишиб). Гаплари айқаш-уйқаш, ҳа, жудаям айқаш-уйқаш! Ақлга сиғмайди, сираям ақлга сиғмайди! Наҳотки фармойишларимиз ҳалокатга элтади деб тан оламиз? Наҳотки улардан воз кечамиз? (Қайсарлик билан) Йўқ, асло! Дунё ўзгариши керак деб эътироф этайликми? Қандай қилиб? Ким ўзгартиради? Йўқ, ҳаммаси жойида! (Болғачаси билан столга уради. Унинг ишораси билан мусиқа янграйди. Нимпушти чироқ ёнади.)
Энди қайтишимиз керак, биз бу дунёга
Жуда ҳам боғланиб қолдик, севинч, ғамлари
Гоҳо севинтириб, гоҳо ранжитди бизни.
Барибир, биз ўша юксак юлдузлар узра
Қувонч билан сени эсга оламиз, Шен Де!
Бу ерда, пастликда бизнинг фармойишларни
Ҳамон унутмаган, эй сен, мунис меҳрибон,
Совуқ зулмат аро машъал кўтарган инсон,
Хайр, бахтиёр бўл!..
Унинг ишорати билан шифт ёрилиб, тепадан пушти ранг булут тушади. Фаришталар булутга ўтириб, аста-секин тепага кўтарила бошлайдилар.
ШЕН ДЕ. О, кетманг, оқилу донолар! Бизни тарк этманг! Мен дўконидан айрилган раҳмдил чол-кампир, қўли майиб мешкобнинг кўзларига қандоқ қарайман? Жиним севмаган сартарошдан, жондан севганим Сундан ўзимни қандай ҳимоя қилай? Оғироёқман, ҳадемай болам дунёга келиб, нон сўрайди. Мен бу ерда қололмайман, ахир! (Тинкаси қуриб, эшикка қарайди, эшикдан унинг жафокорлари кириб келишади.)
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Қоласан! Меҳрибон бўлишга интил, ҳаммаси бахайр бўлади!
Гувоҳлар киришади. Улар булутга ўтириб тепага кўтарилаётган судяларга ҳанг-манг бўлиб қарашади.
ВАН. Бизга фаришталар ташриф буюришди! Уларни иззат-эҳтиром қилинг! Уч олий фаришта яхши инсон излаб, Сичуанга келишди. Уни топишди, лекин…
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ! Мана у!
ҲАММА. Шен Де!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. У ўлмаган, тирик, уни фақат яшириб қўйишган. Яхши одам ораларингда қолади!
ШЕН ДЕ. Менга амакиваччам керак бўлиб туради!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Фақат тез-тез эмас!
ШЕН ДЕ. Ҳафтада бир марта!
БИРИНЧИ ФАРИШТА. Ойида бир марта бўлса ҳам, етади!
ШЕН ДЕ. О, узоқлашманг, оқилу донолар! Мен ҳали ҳамма гапимни айтганимча йўқ! Сиз менга кераксиз!
ФАРИШТАЛАР (куйлашади).
Булутга миниб, ғойиб бўлаётган фаришталар қўшиғи:
Афсуски, биз энди бунда
Қололмаймиз бир муддат.
Фақат учқур бир дақиқа
Мана, бизнинг бор муҳлат.
Гўзал, жонон аёлларни
Чўчитмайлик деб ҳаргиз,
Биз – рўёмиз, сиз – жисмоний,
Бошқачадир йўлимиз.
Сизни ерда тарк этамиз,
Йўқлик сари кетамиз…
ШЕН ДЕ. Ёрдам беринглар!
ФАРИШТАЛАР:
Биз сафарни тугатамиз,
Кўкка парвоз этамиз.
Сенга олқиш, мангу шарафшон,
Сичуандан чиққан меҳрибон!
Шен Де жонҳолатда қўлларини уларга чўзади, фаришталар кулимсираб, бош силкиб, кўздан ғойиб бўлишади.
ЭПИЛОГ
Парда олдида актёр ҳозир бўлиб, томошабинларга хитобан мурожаат қилади.
АКТЁР.
Эй сиз, томошабин, азиз, муҳтарам!
Хотима яхшимас, ўзим биламан.
Бизнинг қўлимизда гўзал афсона
Топди шундоқ якун, аччиқ паймона.
Парда тушди, бизда ҳижолат улуғ,
Муаммолар ҳали ҳал бўлгани йўқ.
Тақдиримиз сизга боғлиқдир тамом:
Кўнгилхуши излаб келгансиз буён.
Омадимиз сизга боғлиқдир фақат!
Хўш, нима гап? Йўқми бизда жасорат?
Қўрқоқмизми? Ёки санъатда нуқул
Фойда излаймизми? Қани тўғри йўл?
Пул деб нималарни тўқимас одам!
Бошқа бир қаҳрамон,бошқа бир олам,
Бошқа бир малаклар керакми, дейман?
Балки керакмасдир? Тилни тияман.
Бизга ёрдам беринг! Ҳа, ҳиммат айланг,
Ақлу фаросатни хизматга шайланг.
Токи оқибатли инсонлар учун
Топилса яхши йўл, яхши бир якун.
Ёмон якун бизга керакмас асло,
У яхши бўлмоғи зарур мутлақо!
ТАМОМ
Рус тилидан Жамол Камол таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 11-12-сонлар