Жаноб Фолькнер бугун ишга бормади. У фарзандларига бор йўғи оддий ота эмас, меҳрибон ва эътиборли ота эканлигини исботлашга интилгандай туюларди. Ҳафсала билан эрта тонгдан болаларини мактабга элтиб қўйди. Дарсларига қатнашиб ўқитувчиларидан уларнинг ўзлаштириш даражасини суриштирди. Мактаб вақти тугагач, яна ўзи уларни уйга олиб келди.
Ҳаммасидан қизиғи – эрталаб Фолькнер Аннага шу даражада суйкаландики, кўрганлар уларнинг қилиқларидан ёш севишганлар деб ўйлаши мумкин эди. Гап нимада эканлигини ақлга сиғдириш жуда мушкул. Наҳотки, ҳаммаси тамом деб айтиш учун шунчалик хушомад керак бўлса? Анна бу ҳаракатлардан фақат чуқур хўрсинар, азобланар ва самимияти йўқолган кишидан сохта туйғулар бурканган изҳорларни тинмасдан қабул қиларди. Фолькнернинг айбдор кулгиси, кечирим сўраётган жилмайиши ва сўлғин нафас олиши Аннани анчагина қийнаб қўйди.
Барча хурсанд ва шодланиб, кечки дастурхон атрофида ўтиришарди. Фақат болаларнинг онаси Аннанинг кайфияти чатоқ. Овқат ҳам емади. Юзида сохта бўлса ҳам табассумдан дарак йўқ. Аммо ҳар-ҳар замонда эрига мағрур ва кибрли боқиб қўярди. Одатдагидек, овқатдан сўнг оилавий суҳбат бошланиши керак эди. Бўлди ҳам. Аммо фарзандлар кутганидек мароқли эмас эди. Фолькнер авваллари қанчалик эркин бўлса, бугун суҳбат чоғида шунчалар иродасиз ва хафақон эди. Бийрон забон ҳар нени сўзлар эди-ю, бироқ ўша дилида тугилган гапни айтишга ирода чидамасди. Гоҳ тепага, гоҳ пастга қараб бўйинбоғини тўғриларди. Дам-бадам қулоғини ушлаб, уқалаб, тирнаб қўярди. Оёқларини чалиштирар, бошини сарак-сарак қилиб мажбуран зўрма-зўраки куларди. Сўнг яна мавзуга даҳли йўқ гапларни валақларди. Фарзандлар уни жон қулоғи билан тинглашар ва охири бахайр бўлишидан умидвор оҳангда отасига қўшилиб кулишарди. Чунки ота бугун нимадир муҳим гап айтиши керак. Бошқа ҳодиса бўлиши ҳам мумкин эмас.
– Ҳа, айтганча. Азизларим, айтиш ёдимдан кўтарилиб кетибди. Мен янги ҳафтадан ўзим ишлайдиган корхонага директорман. Ҳа, энди мендан муносиброқ одамни топишолмабди. Қурилиш ва архитектура соҳасини мукаммал тушунадиган бошқа одам йўқ ўзи, – деди-да, илжайиб қўйди.
Тўнғич фарзанд Аня ўйлардики, отасининг кимдандир катта миқдорда қарзи бор. Энди ҳаммасини: уйларимизни, машиналаримизни ва бор-будимизни сотиш керак. Ҳеч вақосиз қоламиз. Отам ҳозир “поп” этиб шу ҳақида гапиради. Бизни хотиржам қилиб қўйиш учун бошлиқ бўламан деб алдаяпти, деган ўйда эди. Сўнг жиддий оҳангда:
– Унда бойиб кетар эканмиз-да, – деди-ю, Аннага ялт этиб қаради. Онасининг асабийлашиши ва жиғибийрон бўлишидан билдики, ҳалиги қарз ҳақидаги тахминлари тўғри. Довдир ота эса янада жўшди. Сўзни узоқдан бошлади. Энди гапнинг индаллоси томон одимлади.
– Ҳали ёшсан, қизим. Бу дунёда бойликдан ҳам муҳим нарсалар бор. Бойиб кетиш инсоннинг қўлида. Астойдил ҳаракат қилган киши унга эришиши мумкин. Аммо ҳамма хоҳлаганлар ҳам бахтли бўлавермайди. Меҳрибон инсонлари билан бирга яшайвермайди. Шундай иложсизликлар бўладики, киши истаса ҳам ўзи хоҳлаган кишиси билан бирга бўлмаслиги мумкин. Аксинча, ўзи хоҳламаган кишиси билан туришга мажбур бўлади, – деди-ю, томоғига нимадир тиқилиб гапиролмай қолди. Уни жон қулоғи билан тинглаб турган Анна бўлса, беихтиёр йиғлаб юборди.
Ўртанчаси эса отасини эртага узоқ сафарга жўнаб кетади-ю, худди қайтиб келолмаслигини қандай айтишни билолмаётганлигини сезгандек бўларди. Билъакс, ҳеч қандай мажлис чақирилмаса ҳам мактабга борардими? Ўқитувчиларга тайинлаб келган-да. Бизнинг келажагимизга қизиқибди. Аммо нега ташлаб кетмоқчи?
– Дада, ўқитувчимиз мени мақтади-а? Охирги партада ўтирган бўлсам ҳам, сизга қилган табассумидан мен ҳақимда илиқ нарсалар айтаётганини англадим. Сиз хурсанд бўлганингиздан ўқитувчимни қучиб олдингиз, – деди ва ҳеч ким хурсанд бўлмагани ва кулмаганидан ўзи бемаъни гап айтиб қўйганини сезди. Бошини эгди.
– Ҳа, албатта, Эди. Менинг ўғлим бўласан-у, ёмон ўқирдингми. Сен янада яхши ўқишинг керак. Эдуард исмига муносиб бўлишинг шарт. Исм ота-онадан фарзандга қолдирилган ягона мерос саналади, – сергап ота анча ўзига келди. Аммо мерос сўзини нотўғри ишлатиб қўйганини сезмади.
Кичиги Элиф эса нуқул отасининг янги нарсаларга ўчлигини пайқарди. “Дадам янги машина олган. Бугунги зиёфат ва кўнгил олишлар машина туфайли. Бизнинг олдимиздан ўтади ва машинасига ҳеч кимни яқинлаштирмайди. Биз эса эски машина билан овуниб қоламиз” дея ўйларди.
Суҳбат узилиб қолди. Фолькнер ўғлига умуман мавзуга дахли бўлмаган сўзларни айта кетди.
– Биласанми, Элиф. Сен келажакда маданиятли ва ўзига хос обрўга эга инсон бўлишинг керак.
– Ҳа, – деди ўғил атрофдагиларга бир-бир қараб.
– Биласанми, бунинг учун нима қилишинг керак? – деди Фолькнер оғзига бир бўлак гўштни солиб.
– Билмайман-да, – деб қўйди жилмайганча Элиф.
– Унинг учун, аввало, шим кийишни ўрганишинг зарур.
– Шииим? Нега ахир?
– Кийганда ҳам уч нарсага амал қилишинг лозим. Биринчидан, шимни кийиб бўлгандан сўнг унинг занжирини ўтқазишни унутма. Бу сенинг обрўингни оширади. Иккинчидан, шиминг сенинг нуқсонларингни ошкор қилмасин, яширсин. Ўзининг чизиғи силлиқлигини йўқотмасин. Учинчидан, шимни кийгандан сўнг, ўтираётганингда липпасидан тепасига кўтариб қўйишни унутма. Буларнинг барчаси эркакларнинг обрў ва савлатини сақловчи муҳим мезонлар ҳисобланади, – дея оғзидаги гўшт бўлагини чайнашда давом этди.
– Шу холосми, – ҳеч нарсага тушунмаганидан Элиф гапнинг мазмунига ҳам эътибор бермасди. Англолмади ҳам. Хўп. Англаганда ҳам тўққиз ёшли болага айни дамда ва шу вазиятда шим кийиш фалсафасига эҳтиёж борми?
Ишонмайсиз, Фолькнер гапни шунчалик айлантирдики, агар хонанинг бурчагида сичқон бўлганда, аллақачон зерикканидан ухлаб қоларди. Ва ниҳоят, ота портлади. Чайнала-чайнала мақсадга ўтди:
– Гап шундаки, мен жуда ҳам кичик, меҳрга ва отага муҳтож бошқа бир болага керакман. Унинг онасига ҳам. Шунинг учун олти ёки етти йил уларнинг ёнида бўлишим керак. Аммо, азизларим, мен уларни сизлардан устун қўймаяпман. Унга ҳам отаман. Вазифамни бажаришим керак.
– Ахир қандай қилиб бегона болага ҳам ота бўлар экансиз? Ким ўзи у? – деди қичқириб Элиф.
– Ахир шунча вақт кетиш шартми? Бориб қўлига олти йилга етадиган пул бериб келсангиз бўлмайдими? – деди Аня жаҳл билан.
– Аммо бизга ҳам отасиз. Улар икки киши бўлса, биз тўрт кишимиз. Бизни шунча вақт ташлаб кетишингиз адолатданми? Ундан кўра оз муддат биз билан яшасин, кейин ўзлари уялганидан кетиб қолади. Чунки сиз бизга ҳам кераксиз. Олти йил отасиз хонадонда учаламиз онам билан қандай яшаймиз, – деди Эди тушкунликка тушиб.
Фолькнер унча ўйга толмади, чунки бу каби саволлар гирдобида қолишини билганди. У олдида бундан бошқа тўғри йўлни кўрмади. Эртага эрталабдан бу хонадондан кетади. Янги бола оқ-қорани танийди. Мактабдек зиё масканига қадам ранжида этганидан сўнг яна қайтади. Ахир ишониб бўладими, биргина отасиз ўсган бола туфайли бутун бошли мамлакат пароканда бўлиб кетиши мумкин. Ҳайтовур, катта болалари мактабга боришади. Улардан ҳавотир олмаса ҳам бўлади…
Немис тилидан Дилобар Аслиддин қизи таржимаси
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 2-сон