Бизда врачлар етишмай турган бир пайтда айримлари катта пул илинжида Европа ва Америкага кетиб қолишмоқда. Ўзимиздаги баъзи ақли ноқис кимсалар хорижда ўқиб юртига қайтган ёш врачларни иш бошлашларидан олдин имтиҳон қилиб кўришни ўйлаб топишибди.
– Сиз нима учун келдингиз?- деб сўрайди кекса, тажрибали врач.
– Ишлаш, одамларни даволаш учун келувдим.
– Ҳмм, тушунарли. Хўш, яна нима иш қўлингиздан келади?
– Яна…деганингиз нимаси?
– Нимаси деганингиз нима? Масалан, айтмоқчийдимки, мусиқа басталай оласизми? Шеър ёзиш, кинода рол ўйнаш, пудрат асосида ишлаш, бизнес билан шуғулланиш қўлингиздан келадими? Миллий мажлисга депутат ёки вазир бўла оласизми? Сиёсатга тобингиз қалай? Албатта, сиз бирон нарса билан шуғуллансангиз керак.
– Йўқ, мен фақат даволайман…Мен камбағал оиладан чиққанман, маошга қаноат қилолмайман, шу боис хусусий даволаш билан шуғулланмоқчиман.
– Хо-хо-хо…Доцент, профессор унвонларисиз хусусий даволаш билан шуғулланмоқчи эмиш! Хўш, мижозларни сизга ким юбориб туради? Ким?
– Касалларни демоқчисиз-да?
– Ҳа, мижозларни…
– Ҳойнаҳой, касаллар ўзлари келар…
– Қанақасига касаллар ўзлари келаркан?
– Оғирроқ беморларни кимлардир олиб келар…
– Яхши, унда айтингчи, ўша касални олиб келадиган одамни нима дейишади?
– Мен бу одамнинг исмини билмайман, у ҳали беморни олиб келгани йўқ.
– Мен унинг исмини сўраётганим йўқ, касалларни юбориб турадиган одамни нима деб аташади деяпман.
– ?..
– Уни маклер дейишади, маклер… Тиббиёт маклери…Сен ўзинг поликлиника мижозини хусусий врачга юборолмайсан-ку! Сизларни хорижда шунга ҳам ўргатишмаган экан-да. Ҳай майли, энди айтчи, ҳамкасбларнинг хайрихоҳлиги деганда нимани тушунасан ўзи?
– Ўзаро ёрдами демоқчимисиз?
– Билмас экансан, майли, ўзим тушунтира қолай. Айтайлик, ҳузурингга бир одам бавосилидан шикоят қилиб келди…Сен уни текшириб, аёллар касали бўйича мутахассис бўлган танишингга юборасан…
– Ахир у одам бавосил билан касалланган-ку, нега энди уни гинекологга юбориш керак?
– Сенинг танишинг пул ишлаб олади ва касални тиш дўхтири бўлган танишига юборади.
– Ахир…
– Тиш дўхтири уни тери касалликлари врачига юборади, у эса рентгенологга, рентгенолог эса кўз дўхтирига…Охир-оқибат уни невропотологга юбориш лозим бўлади. Бу вақтга келиб беморнинг асаби батамом ишдан чиқади…Мабодо ажали етмаган бўлса ўзи тузалиб кетади, акс ҳолда касалидан халос бўлади. Ўлимидан кейин у яна тиббиёт ходимлари – паталогоанатомнинг қўлига тушади. Мана энди айтчи, ном чиқариб, машҳур бўлиш учун нима қилишинг керак?
– Мен касалларни шундай даволайманки, ўз устимда шундай ишлайманки…
– Хих…Менга қара, сен газетага шундай эълон берасан: «Камбағал касаллар қабул қилинади. Қабул ҳар куни тушдан кейин.» Касаллар кела бошлаганда сен фақат душанба ва пайшанба кунлари қабул қиладиган бўласан. Кейинчалик ҳафтада бир марта, сўнгра ойда бир марта қабул қилишга ўтасан…Мижозлар кўпайиб кетганда сен текин қабулни бекор қиласан. Айни чоғда тўловлар нархини ошириб бораверасан, одамлар сени даволашнинг қандайдир бир мўъжизавий сир-асрорини билса керакки хизмати қимматлашяпти деб ўйлашади. Ҳамма касаллар сенга оқиб келаверишади…Кейинчалик газеталарда беморлар номидан миннатдорчилик изҳор этилган мактубларни ҳам чоп этиб туриш керак. Мабодо ҳузурингга мижоз келса ва сен уни текшириб, ҳеч қандай касал тополмасанг, нима қиласан?
– Мен унга соғлом эканлигини айтардим.
– Воҳ-воҳ!..Бунақа врачни биринчи кўришим.!..Ахир ҳаётда касал бўлмаган одам бор эканми? Агар мижозинг бутунлай соппа-соғ бўлса ҳам унга ажи-бужи ёзув билан аптекага йўлланма ёзиб берасан…Нима бўлган тақдирда ҳам психиатр ундан бир ишкал топмай қўймайди…Ҳа-а, йўлланмани қанчалик бировнинг тиши ўтмайдиган қилиб ёзсанг-да, тўланиши лозим бўлган ҳақни аниқ-равшан қилиб ёзгин…Кейин, газеталарга тез-тез турли мавзуларда мақолалар ёзиб туриш лозим. Масалан, «Турар жойларни ижарага олиш хусусида», «Ўрмонлар муҳофазаси», «Ҳайдовчиларнинг аҳлоқий қиёфаси», «Одамлар нима учун ақлдан озадилар» ва ҳакозо. Муҳими – номинг тез-тез матбуотда кўриниб турсин ва ҳамма сени «Қаранглар-а, у қанчалар ақлли!» деб ўйлашсин. Бу ишларни шундай қилиш керакки, келажакда шаҳар ҳокими ёки губернатор ва ҳатто министр лавозимигача эришишмумкин бўлсин. Ҳа, сенинг бу ерда врач сифатида нон топиб ишлай олмаслигинг ойдай равшан!. Яхшиси ўша келган жойингга – Германиягами ёки Америкагами қайтиб кета қол!..
– Раҳмат, саломат бўлинг…
– Сен ҳам саломат бўл, ўғлим, яна касал-пасал бўлиб юрма!
Шодмон Отабек таржимаси