Ўша тунда Мари бу ҳақда ҳатто хотира дафтарчасига ҳам ёзиб қўйди. Дафтарчанинг 2155 йил 15 майга тегишли саҳифасида шундай дейилган эди: «Бугун Томми уйдан китоб топиб олди!»
Китоблар ҳақида Мари бобосидан эшитган эди. Бобосига ҳам ўз пайтида ўзининг бобоси айтиб берган эмиш. Бобосининг айтишича, бир пайтлар ёзувлар қоғозларда чоп этилган!
Томми топиб олган китоб жуда эски эди. Ака-сингил уни варақлай бошлашди. Китобда қимирламай турган ҳарфларни томоша қилиш уларга ҳаддан зиёд завқли эди. Чунки улар сўзларни экранда ўқишга ўрганиб қолишган эди-да…
– Буни қара! – деди Томми, – эсизгина… Бундай китобларни ўқиб бўлгач, ташлаб юборган бўлишса керак. Бизнинг электрон кутубхонамизда миллионлаб китоблар бўлса ҳам, буниси улардан минг марта яхшироққа ўхшайди. Уни қўлда ушлаш, ҳатто ёнингда олиб юришинг ҳам мумкин. Мен бунақа китобларни ташлаб юбормаган бўлардим.
– Мен ҳам, – деди Мари китобни авайлабгина сийпаларкан.У эндигина ўн бир ёшга кирган, Томмичалик телекитобларни кўп кўрмаган эди. Томмининг ёши ўн учда, электрон кутубхонага киритилган китобларни кўп ўқийди, тил ўрганишга қизиқади, ҳатто қадимий тиллардан айримларини ҳам ўзлаштирган.
– Буни қаэрдан топдинг? – сўради қизалоқ. Бола китобдан кўзини узмаган ҳолда қўли билан ишора қилди: «томдан».
Томми китоб ёзилган қадимий тилни унча-бунча тушунар экан, уни ўқишга берилиб кетди.
– Нима ҳақда экан? – сўради Мари сабри чидамай.
– Мактаб ҳақида…
Мари бу гапдан бурнини жийирди. «Мактаб? Мактаб ҳақида нимани ҳам ёзиш мумкин? Мен мактабни ёмон кўраман!»
Қизча мактабни чиндан ҳам ёмон кўрарди. Негаки, робот «ўқитувчи» қизчага фанлардан тест устига тест берар, у эса ҳеч яхши ўзлаштира олмасди. Бу ҳолат то унинг онаси уйга «ўқитувчи»нинг ҳолатини текшириб кўриш учун техник мутахассисни чақирмагунча давом этди. Мутахассис ўзининг ҳар хил темир-терсакларга тўла асбоблар қутиси билан келиб, «ўқитувчи»ни бўлаклаб кўрди. Ўша тобда Мари «ўқитувчи»сининг қайта тикланмасдан, бир уюм темир-терсак ҳолида қолиб кетишини шундай хоҳладики… Бироқ ундай бўлмади. Техник уста ҳаммаси жойида эканлигига ишонч ҳосил қилди ва бир соат ўтар-ўтмас, Марининг қаршисида яна ўша – баҳайбат, қоп-қора, саволлару уй вазифалари кўрсатиб бориладиган совуққина экранли «ўқитувчи» турарди.
Мари энг ёмон кўрган нарса бу «ўқитувчи» экранидаги тест жавоблари ва уй вазифаларини қўйиш учун мўлжалланган очиқ жой эди. У ҳар сафар топшириқларга олти ёшлигида мажбуран ўргатилган кодни киритиши керак бўларди. Робот «ўқитувчи» эса баҳони дарровгина ҳисоблаб қўя қоларди.
Ўша куни техник мутахассис Марининг онасига қарата деди:
– Айб қизчада эмас, миссис Жонс. Менимча, фанлар сектори меъёрдан бироз тезроқ ишлайди. Мен уни ўн ёшга мослаб секинлаштириб қўяман…
Марининг умиди пучга чиқди. У «ўқитувчи»ни олиб кетишса керак, деб ўйлаганди. Бир сафар Томмининг «ўқитувчи»сини роса бир ойга олиб кетишганди-да. Сабаби, ундаги тарих сектори бутунлай ёпилиб қолган экан.
Шуларни хаёлидан ўтказаркан, Мари эски қоғоз китобни берилиб ўқиётган акасига деди:
– Нимага энди айнан мактаб ҳақида ёзишган экан? Бунинг нимаси қизиқ?
Томми синглисига ғалати қараш қилди ва билағонлик билан деди:
– Бунда бизникига ўхшаган мактаб ҳақида ёзишмаган, тентаквой! Бу юзлаб йиллар олдинги мактаб!
Унақа мактаб ҳақида ҳеч нима билмаслиги Марига жуда алам қилди. У Томмининг елкалари оша китобга кўз югуртирар экан:
– Нима бўлганда ҳам у ерда ўқитувчилар бўлган-ку. Уларнинг нимасини ёзиш мумкин? – деди бўш келмай.
– Ҳа, албатта, у ерда ўқитувчилар бўлган. Аммо улар одам бўлган!
– Одам?! – Энди Мари чинакамига ҳайратда қолди. – Қандай қилиб одам ўқитувчи бўлади?
Томми кулгудан ёрилай деди.
– Мен бегона одамнинг уйимизда менга дарс беришини истамаган бўлардим, – деди Мари бидирлаб.
Томми энди жиддий тортди.
– Сен билмайсан, Мари. Ўқитувчи ўқувчиларининг уйида яшамаган. Мактаб учун алоҳида, махсус бинолар қурилган. Ҳамма болалар ўша ерга бориб таҳсил олишган.
– Улар бир хил сабоқ олганларми?
– Албатта, тенгдошлар бир синфда бир хил сабоқ олишган…
Энди Мари ўша қизиқ мактаблар ҳақида кўпроқ билиш иштиёқига тушиб қолди. Томмидан китобни овоз чиқариб ўқишини ялиниб сўрай бошлади.
Уларнинг онаси «Болалар! Мактабга!» деб чақирганда улар китобни ҳали ярмигача ҳам ўқиб улгуришмаган эди. Мари Томмига ёлворган оҳангда деди:
– Дарсдан сўнг китобни яна ўқиймиз-а?
– Бўпти, – деди Томми. Унинг ўзи ҳам китобда ёзилганлар таъсирида ғалати аҳволга тушиб қолганди.
Мари уйларидаги мактаб деб номланадиган хонага кирди. Бу хона унинг ётоқхонаси рўпарасида эди. Ичкарида робот «ўқитувчи» қизни кутиб турган экан, Мари киргач, унинг экрани ёришди ва «Илтимос, кечаги уй вазифаларини керакли жойга киритинг», деган совуқ темир овоз янгради. Мари хўрсиниб, кўрсатмани бажарди. У ҳамон бобосининг бобоси бола бўлган пайтлардаги қадимий мактаб ҳақида ўйларди. «Барча болалар кулишиб, ўйнаб-кулиб мактаб ҳовлисига кириб келишган, – ўйларди қизча ҳавас билан энтикиб. – Синф хонаси деган жойда барчалари бирга ўтиришган, уларга бир хилда сабоқ берилган. Кун охирида барча ўқувчилар уйга ҳам бирга қайтишган. Уй вазифаларини бирга тайёрлашган, бир-бирларига кўмаклашишган, баҳслашишган… Ўқитувчилари ҳам одам бўлган экан. Демак, у билан бемалол гаплашиш, маслаҳат олиш, ҳатто дўстона суҳбатлашиш мумкин бўлган…»
Мари ўша вақтда болалар ўз мактабларини қанчалик севганларини тасаввур қилишга уринар, «Мактаб ҳам, ўқитувчилар ҳам шунчалик яхши бўлиши мумкин экан-да! Ўша вақтларда болаларга қандай мазза бўлган экан-а!» дея ўйларди.
Инглиз тилидан Маҳбуба Ваҳобова таржимаси.