Ахтаруззамон Илёс. Ёмғирпўш (ҳикоя)

Каллаи саҳардан ёмғир қуймоқда. Оҳ-оҳ, чак-чак товушлари бирам ёқимлики. Худо хоҳласа, бу ёмғир уч кун тинмайди. Агар у шанба куни ёға бошласа, бу уч кун давомида етти хайрли иш бўлишини англатади. Ҳафтанинг бошқа кунлари шунчаки сийқаси чиққан кунлар. Ҳа энди бу шунчаки бир умумий гап-да. Аммо бу борада махсус таснифлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, агар ёмғир сешанба куни азонда қуя бошласа, булутларнинг гумбур-гумбури уч кунгача тинмайди. Агар у чоршанба эрталабдан бошланса, булутлар тушга яқин тарқаб кетади. Пайшанба ва жума ҳақида ҳам нимадир айтилганди, бироқ шуниси хотиримиздан фаромуш бўлибди. Нима бўлган тақдирда ҳам, у қалин кўрпага бурканиб олиш учун етарли баҳона бўла олади. Ҳеч бўлмаганда ўқ товушидан уч кунгина қулоқ тин олиши мумкин. Ахир қурол ва ўқ-дорилар шундоқ кучли жаладаям қулоқни қоматга келтираверсинми? Бир неча кунлик осойишталикка еткизганига шукр.
Аммо, шундоқ бўлиши керакмиди ўзи? Бандаси дейди ўттиз… Шу чоқ эшикнинг ўта кучли, зарб билан тақиллашидан кузнинг тонгги ёмғири сабабли турган майин изғирин шафқатсизларча парча-парча бўлиб кетди. Ҳаммаси тугади. Ҳарбийларни деб бари кунпаякун бўлди. Ана, эшик тагида турган ўша ҳарбийлар шекил. Ё Худойим! У “Ё, Оллоҳ, ўзинг пок зотсан, золимнинг зулмидан асрагувчи ўзингсан”, дея эшикка яқинлашди. Ўтган ойлар ичида у Қуръондаги саноқсиз сураларни ёд олишига тўғри келди. Ҳар сафар кўчага чиққанда, ҳарбийлар қай замон пайдо бўлишини билмагани учун, бешта калимани дарҳол тилининг учида тутиб, тез-тез қайтарадиган бўлди. Шунга қарамай, билиб-билмай хато қилиб қўйиши муқаррар эди. У айни керакли оятларни ёдлаб олган, аммо бошига оддийгина шапка кийишни унутганди.
Ана, иккита металл мурватли тахта эшик очилиб, шиддатли шамол ва ёмғир заррачалари ила мактаб директорининг югурдак элчиси кириб келди. Туф-туф, Ўзига беадад шукрлар бўлсин, яхшиям ҳарбийлар эмас экан. Унинг кўнгли таскин топиб, югурдакни ўпиб олгиси келди. “Жанобимиз сизга салом йўллади”, деди элчи жиддий оҳангда. Лекин ўша заҳотиёқ озғин юзига чўп илашган бу инсон аввалги гапидаги назокатни тўғирлаган бўлиб, гапни қисқа қилди: “У сизни олиб келиш учун мени юборди. Ҳозироқ боришингиз лозим экан”.
“Нима бўлди, тинчликми ўзи?”
“Беҳуда вақт ўтказмай олдимга тушинг, кеча тунда кимдир коллеж девори яқинида бомба портлатибди.”
“Бу нима деганинг?”
“Фосиқлар трансформаторни бузиб, қайтишда директоримизнинг уйига граната отиб кетишибди. Дарвозага ҳам шикаст етган.”
Бу чиндан ҳам ўта ваҳимали. Трансформатор коллежни ўраб турган девор билан ёнма-ён жойлашганди. Девор орқасида боғ ва теннис майдончаси, унинг ёнида эса коллеж биноси қад ростлаганди. Бинонинг нариги тарафидан каттакон футбол ва крикет майдонига ўтиларди. Сал чапроққа юрилса, коллеж директорининг уйи олдидан чиқиларди. Ҳаммасига шу ҳарбий лагерь балогардон. У айни пайтда коллеж спортзалида жойлашганди. Директор қароргоҳининг дарвозасига ҳужум қилиш ҳарбий лагерга ҳужум қилишдай гап эди. Тавба, қандоқ қилиб шундоқ кенг майдонлардан ошириб, коллеж деворига граната улоқтиришдийкин? Қандоқ қилиб?
Директорнинг хизматкори қаёқдан хабар топдийкин? У “Буни ўзингиз биласиз”, деб айтди. Бу нима деганийкин? Наҳот хизматкор уни ҳам фосиқларнинг шериги деб ўйлаётган бўлса? Табиий, кўнгли ғаш бўлганини билдирмасликка тиришиб, лабларидан «Марҳамат, Исҳоқ Миаҳ, ўтириб, бир пиёла чой билан ширинликлардан еб тур, мен олти-етти дақиқада тайёр бўламан» деган сўзлар учди.
«Йўқ».
Бу илтифотни рад этган Исҳоқ деди:
«Абдусаттор Мридҳанинг ҳам уйига боришим керак. Сиз ҳам тезроқ бормасангиз бўлмас. Полковник аллақачон ўша ерда. Ҳамма ўқитувчилар чақиртирилди. Бўлақолинг».
Коллеж ва унинг ходимларини полковник ихтиёрига топширган Исҳоқ жуғрофия ўқитувчиснинг уйига равона бўлди. У ўзини нақ полковникка қиёсларди. Албатта, айни пайтда у ўз лавозимини лейтенант полковник даражасига туширилди, деб ҳис қилиши мумкин эди, чунки асл полковник коллежда эрталабданоқ пайдо бўлганди. У лавозимини янада қуйироққа туширса бўларди, бироқ аллақандай тайинсиз капитанга ўхшаб қолиш ҳеч имконсиздек туюларди. Ҳарбийлар келганидан буён у деярли ҳаммани қақшатиб чиқди ҳисоб. Апрель охирларида у бангла тилини ишлатмай қўйди. Қачонлардир асфаласафилинга риҳлат қилган ота-боболари Уайт Соҳибнинг катта хизматчиси бўлиб ишлаган шекилли, Исҳоқ энди урду тилида чулдирай бошлаганди. Жуссаси кичик, аммо бақалоққина коллеж директори урдуча гапирадиган югурдагини ўзига мослаштириш учун анча тер тўкишига тўғри келганди. Бузуқ урду тилида директор:
“Исҳоқ Миаҳ, мамлакат бошига катта кулфат ёғилмоқда. Ўқитувчилардан огоҳ бўлишни, ҳар турли олди-қочди гапларга эътибор бермасликни сўра. Ҳозир энг муҳим вазифамиз ҳарбий соҳибларга ёрдам беришдан иборат”, деганди.
“Шубҳасиз”, деди Исҳоқ унинг гапини уч карра тасдиқлаган кўйи ориққина гавдасининг тепасига нақ намчил порохнинг митти зўлдиридай ўрнатиб қўйилган кичкинагина бошини лиқиллатиб. Портлашга ўхшаш товуш эшитилганда Исҳоқнинг ифодали қилиб “шубҳасиз” деган калимаси қулоқлар остида жаранглаб турганди. Ёмғирдаям тўхтамас экан-да, а, яна бошландими? Йўқ… Хайрият, у момоқалдироқнинг гумбур-гумбур товуши экан. Афтидан ёмғир ҳали челаклаб қуйишда давом этади. Ҳозироқ бошланса қанийди. Майли, Худонинг айтгани бўлади.
“Боришингиз шартми? Бевақт қуйиб турган шундоқ ёмғирда тағин кўчага чиқиб нафасингиз қисиши баттар зўриқиб кетмаса, деб қўрқаман”.
Хотинининг бундоқ меҳрибончилигига қулоқ солса қани. Директор тинмай танбеҳ берган маҳал ҳам шу хотини ёнини ола билармикин? Бунинг устига полковник жаноблари қорасини кўрсатиб кетди. Бугун пешонага нима битилгани ёлғиз Аллоҳга аён. Мабодо уни отишга ҳукм этишса, пешонасидан дарча очиб қўйишни сўраб полковникка юзланиш имкони бўлармикин? Ва ё директор унинг номидан бу илтимосни қондиришни сўраб ҳимояга ўтармикин?
Директор туну кун Покистон учун ибодат қиларди. Кун уззукун у кўз ёш тўкиб қўлларини дуога очганча Худога илтижо қилар, ора-сира ҳамкасбларини тергашга ҳам вақт ажратарди. Апрель ойининг ўрталари эди. Директор каттагина ҳарбийлар гуруҳига мурожаат қилган, агар Покистон асраб қолиниши керак бўлса, бу Шоид Минорлар мактаб ва коллежлардан четлатилиши лозим эди. Бундай ваколатсиз тизимлар ҳиндуларнинг Шив Лингами каби бўлиб, улар Покистон танасига қадалган тиконлар эди. Тананинг софлигини таъминлаш учун ўша тиконларни суғуриб олмоқ даркор. Ҳарбийлар доктор Афаз Аҳмадга қулоқ тутишди. Қай қишлоқ ё гўшага борилмасин, биринчи бўлиб ана шу Минорлар ўққа тутиларди. Бирон мактаб ё коллеж йўқки, Минор уруғига шафқат қилинган бўлса. Директор уларга ўта қимматли маслаҳат берган, бунинг эвазига улар бечора Воизни пешонасидан отиб ташлашармиди? У ҳам директорга шундай хизмат қилганди, наҳот директор ўз ҳамкасбига, узр, қўл остидаги ходимига, ундан ошириб бир нарса қилолмаса?
Ивирсиб шимини кияркан, у хотинининг ошхонадан туриб жавраганини эшитди:
“Тезроқ бориб келинг. Ёмғир бошлашидан сал аввал Мирпур кўприги тарафидан ўқ товуши келаётганини эшитдим. Нима бўлишини ким билиб ўтирибди дейсиз?”.
Шу гапларни айтишга нима ҳожат бор эди! Радио-телевидение тинмай вазият нормал эканини вайсаб турган бўлса. Душман тор-мор келтирилган. Барча ғаламислар йўқ қилинган. Президент мамлакатга демократия шабадалари қайтиб кирди, дея бонг уряпти ахир. У ўз чиқишларида ҳокимиятни халқ сайлаган вакилларга ўтказиш асосий мақсад эканини айтиб келмоқда. Ҳамма нарса гўё ўз ишига тушмоқда эди. Шундоқ экан, нега хотини бунақа нохуш гапларни айтяпти тағин? Асма ўзи ғалати аёл-да. Ўтган кеча у ётоқда у ёқдан бу ёққа ағанайвериб, тун қоронғусини кесиб учиб ўтган бир жуфтгина ўқ товушини эшитмаса, ҳечам уйқуси келмаётганини айтиб нолиётганди. Худо билади бу аёлни деб бошимизга яна қандай кўргуликлар тушаркин?
“Азизим, бу соябон сизни ҳўл бўлишдан асрашга ярамайди. Минтунинг ёмғирпўшини эгнингизга илиб олсангиз бўлмайдими?” қистади хотини тағин.
Оҳ, йўқ! Яна ўша Минтуми? Бу қайн укам тушмагур роса бошоғриғи бўлди-ку. У бу ердан кетганди, ҳа, ҳа, Мағбозордаги шу икки хонали квартирамиздан июнда, янаям аниқроғи 23 июнда бошқа жойга кўчганди. Биринчи июлда бирор киши шубҳаланмасин деган ўйда уйни яна алмаштиришимизга тўғри келди. Қайнукам кетганидан уч кун ўтиб, дум-думлоқ юзли ён қўшнимиз “Бҳаби, укангиз кўринмай қолдими?” деб сўраб қолди. Шу гапнинг ўзиёқ етарли бўлди. Хотин иложи борича тезроқ бу ердан кетиш тараддудига тушди. Ҳарбийлардан келгандан бери бизга уй алмаштириш чўт бўлмай қолди ўзиям. Бу галгини қўшиб ҳисоблаганда тўртинчи марта кўчишимиз. Шу ерга келганимиздан кейин пастки қаватдаги мулойим жаноб “Укамизни шаҳарга жўнатсак бехатарроқ бўлармиди? Атрофдаги ҳар турли гап-сўзлар важидан уни қишлоққа юбориш энг тўғри қарор, деб ўйлайман”, дея шипшитди. Бу гапни эшитиб, юрак гупиллаб уриб кетди; биров сенинг қайнинг ҳақида шундай деб турса, осон тутиб бўлармиди? Ахир ўзини хавфлироқ сезиши учун шу ерга кўчиб ўтмаганмиди? Коллеж, қариндош-уруғлар ва таниш-билишлардан йироқ бир жой. Шаҳардан ҳам анчагина узоқ. Етарли даражада йироқ маскан, деб ўйлагандим. Шарқ томондаги деразадан қаралса, кўлларни, шолипояларни кўриш мукин эди. Бахтга қарши, қўлига қурол ушлаб, қайиқда сузиб келаётган ёш-ялангнлар кўзга кўпроқ ташланарди. Бу томонларда одамлар қайиқларни, уларга юкланган қурол-аслаҳаларни кўради. Мана энди хотинининг укаси билан қатор ҳарбийлар уларнинг уйига бостириб келиши мумкин. Хотини иккалови Минту қаердалигини яхши биларди. Аёл маҳалладиги болалар олдида мақтанар, миттивойлар эса “Тоғамиз Хоннинг солдатларини ўлдиришга кетди” деб ўйноқлаб ҳар томонга чопишарди. Бундоқ бемаза гаплар қандай натижалар келтириб чиқаришини ким билсин? Хўш, Асма хоним шунчалик жасур аёл бўлса, негаям укасига қўшилиб кетмади? Албатта, бу саволни ҳеч ундан сўраган эмас, лекин бир кун лоп этиб оғзидан чиқиб кетиши турган гап. Унут уни, Асма, унут. Ёнимизни оладиган, биз билан елкама-елка турадиган ҳеч ким йўқ. Жаноб Киссинжер бу – мамлакатнинг ички иши, деб айтди. Одамлар маҳв бўлмоқда, уйлар, молу мулклар, қишлоқлар теп-текис қилинмоқда-ю, бирон кимсанинг парвойига келмаса. “Ички иш” бўлмай қолсин. Йўқ, йўқ, бундай хаёлларга эрк бериб бўлмас. Пастки қаватда пайвандчилик устахонаси хўжайини яшайди. Унинг оғир-вазмин қайнотаси бўлиб, ҳафтасига икки ё уч марта қизининг квартирасига музлатгич, магнитофон, юмшоқ диван, вентилятор, каравот ва шунга ўхшаш нарсаларни юбориб туради. Бир сафар бу важларга қўшиб ҳатто ҳинду маъбудаси (тиллодан бўлса не ажаб!) ҳам юборибди. Юк машинлари келиб-кетверади. Мабодо ўша киши тепа қаватда яшайдиган Устознинг “фосиқ” қайин укаси борлигидан хабар топса борми, бошига жаҳаннам кунлари тушди деяверинг. Эҳтимол, Асма бутун умр уйқусини келтирадиган ўқ товушларини аниқ эшитиб туриши керак бўларди. Бундай нарсаларни гапиришдан эҳтиёт бўлиш лозим.
“Қани, кийиб кўринг-чи”, – деди Асма ёмғирпўшни келтириб. Сўнг эрига уни кийишга ёрдамлашаркан, “Минту сиздан анча новча, бу сизга мос келаркмикин?” деб сўради. Ана, яна бошлади у укасини мақташни. Жигарини яхши кўриш Асмачалик бўлар-да.
“Яхши келди, тиззангиздан сал пастроқ тушаркан. Тўпиғингиз ҳўл бўлмайди энди”. Асма эрига меҳрибончилигини ҳали тугатгани йўқ. Зипиллаганча қалпоқ келтириб, эрининг бошига кийгизди.
“Минту жуда пала-партиш-да”.
Нега Асма бундай деяпти? Балки Минту ёмғирпўшни илгичга илгани, капюшонни эса кийим шкафининг устида қолдиргани учундир? Асма уни эҳтиром юзасидан одатда шкафда сақланадиган муборак Қуръони каримни олгани боргандагина кўриб қолувди.
Қайин ука яна бирор нарсани ногаҳон яшириб қўймаганмикин? Шкаф устига қўйилган лаш-лушлар орасини текшириб кўриш керак. Мағбозорда ҳарбийлар бир уйга кириб, у ердаги каравот остидан учта хитойча милтиқ топиб олган, бироқ бечора уй эгаси – ғарибгина шифокор – бундан мутлақо бехабар эмиш. Шундай экан, уйда нима бору нима йўқлигини ҳар куни текшириб туриш фойдадан холи эмасга ўхшайди.
“Дадам Минту амакимга ўхшаб қолди, дадам Минту амакига ўхшаб қолди”, – деди уйқудан турган жажжи қизалоғи. Уйқусираган қизалоқнинг гапи отасини сергак торттирди. Минту уйга қурол кўтариб кирганмиди? Шундоқ бўлса, ҳарбийлар унинг изидан тушиши аниқ. Бу дегани… Йўқ… эшик зич ёпиқ ва тамбаланган. Икки ярим яшар гўдак каравотида ўтирганча “Дадам – Минту амаким, дадам – Митну амаким” дерди чапак чалиб.
Наҳот у Минтуга ўхшаса? Ҳарбийлар уни янглишиб Минту деб ҳисоблаши мумкинми? Ана, беш яшар ўғилчаси ҳам уни кузатиб тураркан, “Дадам Минту амакига ўхшайди. Бизнинг дадамиз ҳам озодлик курашчиси, шунақами?” деди.
Даҳшат-ку. У ойнага қарашдан ҳам қўрқди. Ёмғирпўш на бўз, на кўк тусда эди. У намчил тупроқ рангига ҳам ўхшаб кетар, аммо бир кўрган кишида катта таассурот қолдирарди. Бир қарасанг, ҳарбийларнинг кийимига ҳам ўхшар, аммо уни кийиб, одамларга кўриниш бериш анча ноқулай эди. Ҳарбийлар уни камуфляж ўрнида қабул қилиши ва дарҳол ҳарбийлар шаҳарчасига юборишиш мумкин. Йўқ… бунчалик ўйлаш ярашмайди. Ёмғирли кунда устингга ёмғирпўш ташлаб олишнинг нимаси жиноят бўлсин ахир? Ҳарбийларнинг ақли йўқми шунга етадиган? Директор, доктор Афазнинг “Менга қаранг, ҳарбийлар аниқ бир сабабсиз одамларни ушлаб турмайди. Қўлга тушганлар доим қандайдир қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этганлар бўлиб чиқади”, деган гапи тўғри. Аммо айни пайтда унинг миясига келган фикрлар бу гаплардан йироқ эмасми? Тўғри, қайин укаси чегарани кесиб ўтиб, ватанга қайтгач, ҳеч тап тортмай ҳарбийларни ўлдира бошлади. Хўш, бу ишда унинг синглисига уйланган кишининг қанчалик айби бор? Шаҳар бўйлаб авж олган талон-тарожлик, бузғунчилик, саноқсиз кишиларнинг пашшадай қирғин қилиниши, аёлларнинг ўғирланишига қарши бирор оғиз сўз айтолдими? Ҳарбийлар коллеж директорининг уйи яқинида лагерь тиклади. Дарслар тўхтатилди. Талабалар сира кўринмайди. Ўқитувчилар ишга келиши талаб қилинди, лекин уларнинг кўпи анча аввал Даккага кетиб қолди. Устозлар хонасига йиғилиб олган ўқитувчилар қайси кўприк портлатилгани, ёш болалар портлатган бомба тагида етти нафар солдат ҳалок бўлгани, коллеждаги неча нафар бола фронтга кетгани ва ҳоказолар ҳақида турли гапларни муҳокама қилганда, бундай баҳсларнинг биронтасига қўшилган пайтлар бўлдими ўзи? Қачон шундай суҳбатлар бошланса, дарҳол ўрнидан туриб, директор хонасига равона бўлгучи эди. Доктор Афаз қалтироқ овозида Ҳиндустан ва “фосиқлар”нинг муқарра тақидиридан фол очган бўларди. Бир неча ўртоқлар директор хонасига яқин келишарди. Директор урду тили ўқитувчиси Акбар Сожидга қараганда анча ҳурматга сазовор киши эди, гарчи урду муаллими директорни у қадар хушламаса ҳам. Гоҳида у директорнинг бенгалча-урдучада айтадиган “Соғлигинг яхши деб ўйлайман” деган гапини қайтариб мазах қилган бўлади. Бунга жавобан доктор Афаз лом-мим демайди, чунки у мамлакат бирлигидан кўпроқ ташвишга тушади ёки урду тилида грамматик жиҳатдан тўғри гап туза олмаслгидиан хижолат бўлади.
Аммо, у жавоб олмагани учун профессор Сожиднинг жаҳли чиқиши мумкинлигидан хавотирга тушарди, шу боис “Ҳа, албатта, барча яхшилик сизга бўлсин”, деб ғулдурарди. Сожид бўлса дарҳол бу гапга эътироз билдирар, агар бирон яхшилик қилинаётган бўлса, у генералга нисбатан айтилиши лозим эди. Директор урду тилида гаплашишга нўноқлиги боис баҳсни ортиқ давом эттира олмасди. Урду тили ўқитувчиси билан боғлиқ бир муаммо бор эди: унинг қачон заҳарханда қилиши-ю қачон самимий муносабатда бўлишини ҳеч ким ҳеч қачон англолмасди. Бир сафар директорнинг уруш жараёнини таҳлил қилишини эшитгач, шундай деб луқма ташлаганди: “Сиз ҳарбий фанлар бўйича докторлик диссертацияси ёзсангиз бўларкан, сэр. Яқинда Муҳаммадпурда лимфоцитларга ихтисослашган бир шифокор аллопатияга қўшиб гомеопатияни ўргана бошлади. Маҳалласидагилар уни “қўшалоқ доктор” деб чақиришади. Сиз ҳам ўшанга ўхшаб қўшалоқ бўлардингиз-да”. Бу гапга директор урду тили ўқитувчисига қўшилиб майин кулиб қўйган, аммо ҳамкасблари на кулишни, на тасдиқлашни билмай, серрайиб қолишганди.
Минту қолдирган ёмғирпўшни эгнига илар экан, унинг оёқлари қалтирай бошлади. Вақтни пайсалга солиш ноқулай. Директор чақиртирганига ҳам озмунча фурсат бўлди. Бугун кўчада рикшалар ҳам йўқ аксига олиб. Қачон келаркин, деб кутиб ўтириш ярамайди. Ёмғирпўшни илиб, автобус бекатига пиёда юриб бориш жуда қўрқинчли эмасдир-ов. Ёмғири тушмагур устидан тинимсиз қуймоқда. Яхшики баданига бирор дона бўлсин томчи тушмаяпти. Шапкасининг четидан сачраётган томчилар лабларига тегиб ўтади. Ёмғир сувининг таъмини туяди у. Шапкасининг катталиги сизаётган сув томчиларига таъсир этдими? У энди ҳарбийларга ўхшаб қолдими? Панжоб артиллерияси ё Балуч полки, Қўмондон кучлари в ё ҳарбий полициягами ўхшайди? Уларнинг келиб-чиқиш тарихию туриш-турмуши турлича эди. Бу ёмғирпўш уни қандайдир бошқа бир янги дивизияга алоқадор қилиб кўрсатмаяптими? Нима бўлса бўлар. У тез-тез юриб бормоқда. Кечки куз ҳавоси этни жунжиктирар даражада совуқлиги сезилади. Аммо ёмғирпўш ичи ҳузурбахш ва илиқ. Минту ўзидан эсдалик қилиб шуни қолдириб кетгани қандоқ ҳам яхши бўлган экан. Уни олиб кетишга тағин қачон келади, Худо билади. Ким билсин, бундай ваҳимали об-ҳавода қайси дарё қирғоғида пайт пойлаб ўтирганикин? Балки Минту ҳозиргина бутун қишлоқ кулини кўкка совуриб, юзлаб тинч аҳолини тилка-пора қилиб, қириб ташлаган, машиналарига меҳнатга яроқли асирлар, ёш эркак ва аёлларни юклаб кетиб бораётган покистонлик жангарилар қўшинини нишонга олиш учун милтиғини шайлаб тургандир? Барча ҳарбийларни асфаласофилинга юборгач, унинг қайин укаси қиз-жувонларни асраб қола билармикин? Бу ишни уддалай олармикин? Шу топда аллақандай ҳарбий машинага кўзи тушаркан, унинг хаёли бўлинди. Хаёлларини яшириш учун кўзларида қотган бир эҳтиром билан машинага қарайди. Йўқ, ҳарбийларга бунчалик тикилиб турмагани маъқул. Машина шимол томонга кетиб борарди, демак у жанубга юзини буриши лозим. Бироқ, ёмғирда шалаббо бўлган машинани кўздан қочириш унчалик ҳам осон эмасди. Асма Мирпур кўприги тарафда отишма бўлганини эшитувди, ҳарбийлар ўша ёққами йўл олди? Шунгаям бош қотириб ўтириш керакми? Қолаверса, Асманинг қулоғига ўқ товуши ҳар куни чалинади. Ҳаммаси турган-битган миш-миш холос. Директор “миш-миш яратиш ва тарқатиш бир хил жиноят. Худди бир шеърда айтилганидек, “нотўғри иш қиладиган ҳам, ундай ишларга тоқат қиладиган ҳам бирдай жазоланиши даркор”, деб бежиз айтмаган. Балки бу шеър қайсидир ҳинд шоири қаламига мансублиги ва ё унинг қолган сатрлари хотиридан фаромуш бўлгани учунми, директор тафсилотларга берилиб ўтирмаганди. Бунинг ўрнига у урду тилида профессор Сожидга қарата “Барча миш-миш асли қарғиш” деб айтганди. Сожид буни дарҳол мушоҳада этаркан, унга қофиядош мисра тузишга киришади: “Гужоб (миш-миш) … бўлса нетар…” Завққа тўлган директор хитоб қилади: “Иқболдан иқтибос келтирдингизми? Ҳозир, бир дақиқа тўхтаб туринг, дафтаримга ёзиб олай!” Акбар Сожид эса, “Менга қаранг, “гужоб” бенгалча сўз бўлса, қандай қилиб бу шеър Иқболга тегишли бўлиши мумкин?”, дея уни тўхтатади. Бунга жавобан директор яхшиси Сожид соҳиб ҳозиргина айтган мисраларни яна бир такрорлашини, уни ёзиб олишни жудям истаётганини илтимос қилади.
Аммо директор Сожид ўқиган бандни тушунолмай ҳалак. Сожид тап тортмай ўқий бошлайди:

“На миш-мишки бўлибдир қарғиш,
Амирнинг матлаби ижобат бўлмиш,
Аллоҳ воҳид, расул битта, Покистон ҳам бир,
Кимки бунга инонмаса, ул аниқ гўлдир.
Покистоннинг жангчилари доимо ҳушёр,
Қайда хоин кўрса яксон этмоққа тайёр”.

Ўқитувчилар хонаси тўрида ўтирган Сожид агар бу шеър бирор майор ё полковник ҳузурида ўқилса, директорнинг ҳолига маймунлар йиғлашини айтади. Ҳамкасбларнинг биронтаси чурқ этиб оғиз очолмайди. Шу кунларда Сожидга бир нима дейишга ҳеч кимса юрак бетлолмайди. Ҳатто унинг дўсти Али Акбар ҳам бепарво. Директор жаҳд билан бенгал ёзувида битилган сатрларни ўқир экан, шеър деярли худди унинг қаламидан тўкилгандай таассурот қолдиради. Шеърни ўқиркан, у ўзини ҳузур-ҳаловат оғушида ётгандай кўзларини чирт юмиб олади.
 
Ёмғир шу шеърдаги оҳанг мисоли ёмғирпўшни так-так савалайди. Директор айни дамда ўша шеърни полковник олдида ўқиб ўтирган бўлса ажабмас. Полковник дафъатан “гужоб” сўзининг урду тилидаги муқобилини сўраб қолса-ю, ўзи истаган жавоб ололмай жаҳл отига минса нима бўлади? Урду тили муаллими Акбар Сожид кўпинча ҳарбийларни калака қилишни хуш кўрарди. Жуғрофия ўқитувчиси Абдусаттор Мридҳанинг пичирлаб айтишича, Сожид ўз тилидан бир восита сифатида фойдаланади ва “фосиқлар”га хизмат қилади. Инглиз тили муаллими эса ҳаммани Сожид айтган гапларга эътибор бермасликка даъват этади. У шунчаки одамларнинг эътиборини ўзига жалб қилишга уринаётган бўлиши мумкин эмиш. У армия томонидан атайин орага суқилган шахс бўлиши ҳам мумкин. Дарҳақиқат, Сожид бир неча кун ўта сипо бўлиб юрди. У ўқитувчилар хонасига кирганда, ҳамма ўзини ноқулай сеза бошлади. У директор хонасига киришни ҳам хушламасди. Бошқаларга қулоқ солиб, яхшиси Сожиддан сал нарироқ юрган афзал. Аммо ёмғирпўшга бурканиб жалада тураркан, у бир неча дақиқагина Сожид билан суҳбатлашишни шунчалик истадики… Жин урсин, бу ниманинг белгиси экан? Йўқ, бунақа қилиш яхшимас. Бенгал ё урду тилида ҳарбийлар тўғрисида битилган ҳажвий шеърларга чуқур берилиб кетиш ярамайди.
Бекатга келгач, у шимол тарафдан келадиган автобусни кутишига тўғри келди. На ҳарбий машина, на у чиқадиган автобусдан дарак бор. Кўчада ўзидан бўлак ғимирлаган жонни учратиш маҳол. Йўл четидаги дўкончада ўтирган киши пардани секин очиб, шимол тарафга мўралади. У ёқда нимадир содир бўлдими? Дўкондор вайсақи бир нусха эди. У сўзсиз бир нималар деб ғўлдирашга тайёр эди: “Вой, кеча нима рўй берганидан хабарингиз йўқми?” Ёки “Улар канал орқали иккита қайиқни тўлдириб келишди, сўнг битта жип ва беш нафар жангчини ёндириб юборишди”. Ва ё “ББСдан хабар қилишларича, Рангпур-Динажпурдаги кўп ерлар озод этилди”, ёхуд “Радиодан узатилган сўнгги мактубни эшитдингизми?” ва ҳоказо. Умуман олганда, вайсақининг дўкон билан иши йўқ, унинг олдида туриш хатарли, бирор кимса ундан бундай гапларни эшитганингизни билиб қолса борми, балонинг уясига суқилдим, деяверинг. Аммо миш-мишлар одамни роса қизиқтириб қўйиши ҳам бор гап. Совуқ ҳаво ё-да ёмғирпўш туфайли ҳис этаётгани хавфсизлик ортидан у истисно тариқасида ўша дўконга яқинлашди. Вайсақи дўкондордан турли-туман миш-мишларни эшитиш умидида ундан охирги автобус қачон келиб кетганини сўради.
“Қанақа автобус? Қаёқдан келади у?” деди дўкондор ва парда ортида кўздан йўқолди. Тавба, бу нимаси энди? Автопаркка ҳужум қилишдими ё? Асма эшитган ўқ товуши ўша автопарк тарафдан келганмикин? Ҳарбийлар машинаси шу тарафгами равона бўлди? Автопарк орқасида бир кулба бўлгучийди, ҳарбийлар уни вайрон қилишга кетишдими ё? У жой бекатдан унча узоқ эмас; ё бориб, ўзи текшириб келсинми? Эҳ, энди кеч. Чунки давлатга қарашли қизилранг автобус ўша лаҳза бир оз пасайган ёмғирда қизил нур таратиб, бекатга келиб тўхтади.
Автобусда бир неча киши ўтирарди. Ўриндиқларнинг ярми бўш. Ёмғирпўшидан қуйилаётган сув бирпаста автобус полини жиққа ҳўл қилди. Бошқа пайт бўлганда бу иши учун қўпол танбеҳ эшитган бўларди, аммо бугун ҳеч ким чурқ этмади. Бўш жой жуда кўп. У мийиғида кулиб қўйди. Бу майин кулгуга нима сабаб бўлди? Нега автобусни ҳўл қилиб қўйган бўлса ҳам бирор кимса шикоят қилмаяпти? Ё эгнидаги либоснинг таъсирими бу?
Автобус бўм-бўш кўчада ғизиллаб борарди. Хўш, қайси жойга ўтирса экан? Биттасига бориб ўтирди, лекин жой унга ёқмади, дарҳол бошқасига кўчди. Бирдан икки нафар йўловчи ҳовлиққанича ўрнидан қўзғолиб, ҳайдовчини автобусни тўхтатишга ундади ва ҳали секинлашга улгурмаган уловдан урра тушиб қочди. Афтидан иккиси ҳам уни кўрибоқ қочиб қолди. Шубҳасиз, улар жиноятчилар эди. Бири – ўғри, иккинчиси – киссавур. Тушар экан, сал бақувватроғи ортига ўғринча қараб қўйди. Унинг кўзларида қаттиқ қўрқув борлиги аниқ-тиниқ сезиларди.
Яхшигина жой топаркан, унга таппиллаб ўтириб олди, ҳатто ўриндиқнинг авра-астари кўчиб кетгандай бўлди. Олдинроқда ўтирган йўловчилар бошини ўгириб, у томонга қаради. Шунда улар ҳам кўзига ўғрию чўнтаккесарга ўхшаб кўринди. Ким билсин, балки ҳатто қароқчидир. Ё ҳарбийлар кулбанинг кулини кўкка совургач, бу каби нусхалар ундаги қолган-қутганни талаш мақсадида учиб боради. Ва ё ҳарбийлар талон-тарож қилган жойларни баттар шилиб кетишга шай туради булар. Уччалови ҳам безовталаниб, тезроқ қочиш тараддудига тушди. Автобус тўхташи заҳоти шоша-пиша ундан учиб чиқди. Биронтаси, номига бўлсин, унга қайрилиб қарашга бетлагани йўқ. Учтаси ҳам нигоҳлари уники билан тўқнашиб кетишидан жуда қўрққанини пайқаш қийин эмасди.
Қойил-эй! Минтунинг ёмғирпўши чиндан ҳам ўз кучини кўрсатди. Тумтарақай қочганларнинг бари ўғри-каззоблар, қароқчию киссавурлар эди. Автобус ичида яхши одамлар қолган бўлса керак, мана энди тартиб-интизомли кишилар билан бирга манзилга етиб оладиган бўлди.
Бир неча нафар йўловчи “Асад дарвоза” олдида тинмай қуйиб турган ёмғир остида автобус келишини кутарди. Уларнинг баъзилари қўлида соябон тутган, лекин кўпчилигида у йўқ эди. Соябони йўқлар соябони борлар тарафга суирилиб, ақалли бошларига ёмғир тушмаслиги ҳаракатини қиларди. Автобус тўхтагач, унга тўққиз нафар йўловчи чиқди. У бу йўловчиларни зимдан кузатиб борди. Учтаси унга кўзи тушиши заҳоти бирданига тезроқ автобусни тарк этгиси келиб қолди. Охирги чиққани афтидан майда ўғрига ўхшар, биринчи учтаси эса ҳарбийларнинг кетига пахта қўйиб, чиройли қиз-жувонларни кўрганда уларга шипшитиб қўювчилар тоифасидан эди. Ёхуд улар ҳарбийларнинг қурол-яроғини кўтарганча, маҳаллалар оралаб юриб, ҳарбий лагерларга юборилиши мумкин бўлган дилбар қизларни ўзига жалб қилиш мақсадида “Покистон Зиндобод, Покистон Зиндобод” дея қўшиқ айтувчиларга менгзарди. Бир сўз билан айтганда, улар қўшмачилар эди. Бундай ифлос нусхалардан қутулиб, яна яхши одамлар билан ҳамроҳ бўлишни истади у. Дераза ортида совуқ шамол эсиб, майин ёмғир қуяр, ўша манзарагина қалбга бир оз хушнудлик бахш этиб турарди. Бундай ширин туйғуни ҳайдовчининг кескин тормоз босиши тарқатиб юборди. Чап тарафга қараганди, янги қурилаётган масжидга кўзи тушди. Автобус ичига эшик орқали совуқ ёмғир шабадаси учиб кириб, унинг бурун катакларини кенгайтирди, юрагини ҳапқиртирди. Бешафқат тун ортидан тонг ота бошлаган, ўқ-ёйларнинг визиллаб учиши масжид муаззинини томдан пастга тушишга мажбур қилганди. Ёмғирпўш баданни шунчалик илиқ тутардики, этни жунжиктирувчи совуқ ҳаво ҳам илиққина бўлиб туюлар, ҳатто танани куйдирарди. Улар илгари шу масжид рўпарасидаги уйнинг учинчи қаватида яшашганди.
Ўшанда танкларнинг наъраси, пулемёт ва автоматларнинг тариллаши, халойиқнинг доду фарёди бирон кимсага хотиржам ором олишга имкон бермас, бутун оила тунни каравот тагига биқиниб ўтказишига тўғри келганди. Субҳи содиққа яқин ҳарбийлар ўт очишдан тўхтаган маҳал гўдаклар уйқуга кетар, у пардани кўтариб, ташқарига назар ташларди. Муаззин масжид томига чиқиб, азон айтишга шайланарди. У муаззиннинг намозга чақиришига қулоқ тутишни истаркан, дераза олдидан узоқ жилмай турганди. Чироқ ўчиқ, масжид микрофони ишдан чиққан. Муаззин бор маҳоратини ишга солиб “Аллоҳу акбар” дея баланд овозда азон айта бошлаганди. Бироқ у иккинчи бор бу калимани айтишга улгуролмай қолган, ғалати овоз чиқарганча томдан пастдаги кўчага қулаб тушганди. Ўша тонгда ёмғир ёғмаётган эди. Наҳот бугунгидай ёмғирли кунда ҳарбийлар яна ўша воқеани такрорлашни ўйлаётган бўлса? Айни лаҳзаларда бирор намоз пайти эмас, азон чақирилишга ҳожат йўқ эди. Кимнидир азон айтишга мажбурлашга қандай ҳаддилари сиғди? Ҳа-я, эсим қурсин, ахир улар истаса намоз вақтларини ўзлари хоҳлаган маҳалга ўзгартиришлари, янгича тартиб жорий этишлари мумкин-ку!
Ҳарбийлар ҳар қандай уловни тўхтатаётганди. Машиналардан тушиб, кўча бетида турган йўловчилар талайгина эди. Бир гуруҳ солдатлар қуролини нақ қаққайган йўловчиларга қаратиб турарди. Бошқа бир гуруҳ эса уст-бошларни текширар, кийим устидан одамларнинг жинсий органларини пайпаслаб кўрарди. Улар ўзларига маъқул келган йўловчиларни шу яқин орада турган юк машинаси томонга итаришарди. Шу пайт басавлат, юзи чўтир биттаси автобусга тирмашди.
Шовқин-сурон кўтарилмади, ҳаво мўътадил. Йўловчиларнинг юраги бир текис урар, унинг бошида эса бир нарсалар айланарди. Негадир қайирма қалпоғининг учи ёниб кетаётгандай туюлиб, учқунлари кўзларига урилгандай бўлди. Бир алфозда у жойидан қимирлаб қўйди. Юрагининг ҳаддан ортиқ гупиллаб уриши-ю бошининг ғувиллашига эътибор бермаган кўйи у зобитнинг юзига тик қаради. Ҳарбийнинг ўткирдан-ўткир кўзлари унга қадалди. У ҳам қолишмай кескин ва ўтли нигоҳини зобитнинг қирра бурни, бургутникидек кўзлари, қорамтир қабоғи ва мўйловига қадади. Шундай қилиши иш берди. Ҳарбий энди ўткир нигоҳини унинг юзларидан буриб ёмғирпўшга назар ташлади. У худди ёмғирпўшда қотган ёмғирнинг майда-майда томчиларини синчиклаб санаётганга ўхшарди. Томчилар ёмғирпўш эгасининг ичидан чиқаётган ҳовур туфайли қизил тусга кирдимикан? Нега бунча бир неча сув томчиси шу зобитни донг қотириб қўймаса? Наҳот у серсув бир ўлканинг халқини маҳв этишга келган бўлса? Бу қон тўкилишидан дарак эмасми? Бирдан ўзига келган зобит “Олға!” дея буйруқ берди. Автобус тезда ўрнидан қўзғолиб, йўлида давом этди. Йўловчилар қутулганлари учун чуқур-чуқур нафас олиб, шукрона келтиришди, шу орада автобус Дакка колежи дарвозаси олдига етди. Янги бозор рўпарасига келганда, у ўрнидан туриб, ҳайдовчидан тўхташни сўради. Автобус секинлашгач, пастга иниш асносида у йўловчиларга заҳарханда қараш қилди. Унинг қандай кулишини аввал кўрганлар бу қарашни самимий табассум деб ўйлаши аниқ эди.
Директорнинг хонасидаги креслода оғир-вазмин бир ҳарбий ўтирарди. Тушуниб бўлмайдиган афт-ангорига қараганда у полковник, генерал майор, майор ёки ҳеч бўлмаса бригадир бўлиши керак. Директорнинг юзи қизариб кетган. Магистр, фан доктори, яна аллақандай унвонлар соҳиби, доктор Афаз Аҳмад уни тиништирмоқчи бўлиб ғулдурайди: “Бу устоз Нурул Ҳуда”.
Директор шу заҳоти тўғирлаган бўлади: “Узр, у ўқитувчи эмас, балки химия фани бўйича маърузачи”.
“Жим бўлинсин!”
Директор чурқ этмайди.
Абдусаттор Мридҳа билан бирга уни ҳарбий машинага чиқаришдан аввал бу майор ёки полковник бўлмиш жиддий оҳангда ҳарбийларга қарши сатира ё ҳажвий шеърлар битиш ҳақорат эканини айтади. Шу пайт унинг қиёфаси ўзгаради, аммо директордан назарини қочирмайди. Директор ҳаммасига урду тили ўқитувчиси Акбар Сожид балогардон эканини юрак бетлаб айтолмайди.
Нурул ташвишлана бошлади, агар Сожид беркиниб олмаган бўлса, Нурулнинг тақдирига нималар битилгани ёлғиз Худо ва шу ҳарбийларга аён.
Уларнинг кўзларини боғлаб, машинага ўтқизишаркан, улов эгри чизиқ чизиб олға кетаберди. Бир маҳалдан сўнг уларни аллақаёқдаги баландликда жойлашган хонага улоқтиришди. Кўзга боғланган латталар ечилганида Нурул Мридҳа бор-йўқлигини кўролмади. Бу тамоман нотаниш жой эди. У букма стулга ўтирганча узоқ кутди. Ахири бир ҳарбий келиб унинг қаршисидаги стулга чўкди. Унга инглиз тилида ҳар турли саволлар берди. Нурул саволарга жавоб қайтараверди. Бу ҳарбий кетгач, ўрнига бошқаси кирди ва ундан бошқача саволлар сўрай бошлади. Саволар деярли бир-бирига ўхшагани сабабли жавоблар ҳам шунга яраша бири иккинчисини такрорларди. Мисол учун, бир неча кун аввал коллеж сотиб олган темир шкафларни ким келтириб берди, деган савол берилди. Нурул ҳаммаси бўлиб ўнта темир шкаф сотиб олинди, деб жавоб қайтарди. Учтаси идорага, биттадан ботаника, тарих ва жуғрофия бўлимига, яна биттаси эса инглиз тили бўлимига. Буларни айтишга ҳожат йўқ эди. Шкафлар коллежга бир нечта араваларда келтирилган, афтидан Нурул уларни олиб келган, терговчи зўр бериб суриштираётган кишиларнинг ким эканини яхши биларди. Аммо Нурул Ҳуда уларни қаёқдан биламан мен, деб туриб олди. Ахир улар оддий юк ташувчилар, у эса оддий бир маърузачи бўлса.
Шундоқ экан, нега шунча вақтдан бери улар билан пачакилашиб ўтирибди?
Директор ундан шкафлар ясалган темирнинг қалинлиги, ранги, ғаладонлар сони ва ўлчамини, қулф ва калитлар сифатини, уларнинг ҳужжатда кўрсатилганига мувофиқ келишини текширишни сўраганди.
Ҳарбий паст овозда бир неча нафар нобакор юк ташувчи қиёфасида коллеж ҳудудига кирганлигини айтди. Буни Нурул Ҳудадан бошқа яна ким ҳам яхшироқ биларди? Мана бугун улар қўлга тушиб, Нурул Ҳуданинг исмини сотиб қўйишди. У бир шайканинг аъзоси бўлиб, улар билан доимий алоқа боғлаб тургучи эди.
Нуру Ҳуда “Менинг исмим дейсизми? Улар шундай дейишдими? Ростдан ҳам менинг отимни айтишдими?” деди овозини кўтариб. Ҳарбийларнинг жаҳли чиқмади, бундан у янада тўлқинланиб, ўзига ўзи юк ташувчиларнинг асли ниқобдаги нобакорлар эканини такрорлайберди. Коллеж ходимлари орасидан улар фақат Нурул Ҳуданинг отини айтишганмиш.
Нурул Ҳуда бунга ишонмай тикилиб турарди. Наҳот улар буни билишса? Шкафни химия хонасига жойлштираётганда уларнинг бири Нурулга яқинроқ турганди. Ёмғирлар фаслиниг қоқ ўртаси эди ўшанда. Даккага хос бўлмаган кучли жала ёғарди. Нурул тиним билмас бу ёмғир ҳақида нимадир деб ғўлдираганди. Ҳаммол эса бундай ёмғирли фасл нақадар роҳатбахш эканини айтганди унга жавобан. Бу ёмғир ҳали яна уч кун давом этади, иншооллоҳ. Агар у шанба куни бошласа, бу уч кун еттита хайрли тадбир бўлишидан дарак беради. Ҳафтанинг қолгани шунчаки сийқаси чиққан кунлардир. Ҳа энди, бу шунчаки бир умумий гап-да. Аммо бу борада махсус таснифлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, агар ёмғир сешанба куни азонда қуя бошласа, булутларнинг гумбур-гумбури уч кунгача тинмайди. Агар у чоршанба эрталабдан бошланса, булутлар тушга яқин тарқаб кетади. Пайшанба ва жума ҳақида ҳам нимадир айтилганди, бироқ бу хотиримиздан фаромуш бўлмиш. Нима бўлган тақдирда ҳам, у қалин кўрпага бурканиб олиш учун етарли баҳона бўла олади. Ҳеч бўлмаганда ўқ товушидан уч кунгина қулоқ тин олиши мумкин. Ахир қурол ва ўқ-дорилар шундоқ кучли жаладаям қулоқни қоматга келтираверсинми? Бир неча кунлик осойишталикка еткизганига шукр.
Ҳарбийлар вақти-вақти билан айни бир нарсани сўрашда давом этаверди. Жўяли жавоб ололмагач, Нурулнинг юзига икки марта гурзидай мушт тушди. Биринчи зарбада у бир оз қалқиб кетди, аммо иккинчи зарба зўридан у полга қулади. Зобитлар уни полдан даст кўтариб оларкан, Нурулнинг ўша нобакорлар яширинган жойни жуда яхши билишини такрорларди. У эса “ҳа” деб жавоб қилди.
Унга озроқ сут ва нон беришди. Агар ўша нобакорларнинг манзилини айтса, дарҳол қўйиб юборишга ишонтиришди. Зобитлар унга ўйлаб кўриш учун фурсат бериб, олдидан чиқиб кетишди. Бир муддат ўтгач, бир зобит қайтиб кириб, Нурул нобакор-фосиқларнинг манзилини жуда яхши билишини яна такрорлади. Нурул тағин “ҳа” деб жавоб қайтарди. Аммо бундан бошқа ҳеч нарса демагани учун уни бошқа хонага олиб ўтиб, шифтга илмоқ билан осиб қўйишди. Арқон тугунлари унинг танасини кесиб ўта бошлади. Узоқ осилиб тургани сабабли нохуш воқеа содир бўлиши аниққа ўхшади Нурулга. Бирдан Минтунинг ёмғирпўши устидан ёмғир қуяётгандай туюлди. Улар ёмғирпўшни ечиб олишганди, уни қаёққа ташлашганини Худо билади. Аммо ёмғирпўшнинг тафти ҳамон унинг баданида сақланиб турарди. Ёмғир мисоли арқон унинг ёмғирпўшга ўхшаш терисини шилиб ўта бошлади. У бўлса ўша нобакорларнинг манзилини билишини айтаберди-айтаберди. У нафақат ўз қайин укаси ва ниқобдаги кишиларнинг манзилини биларди, балки улар ҳам уни яхши билишар ва унга жуда-жуда ишонишарди. Бундай пайтда улар билан тузилган битимга охиригача амал қилиш учун ўзида куч топгани, бундай битим тузишдан шунчалик завқу шавққа тўлганидан арқоннинг ўз кучини кўрсатаётганига бутунлай, бутунлай эътибор ҳам бермас эди Нурул.

Инглиз тилидан Аъзам Обид таржима қилди