Асанбек Стамов. Даҳрийнинг туши (ҳикоя)

Тун. Хонадаги сукунатни девор соатининг бир маромдаги чиқиллаши бетиним зарбалайди. Шунданми ёки бугун мазаси қочдими, ҳайтовур, Жўлдўшбекнинг уйқуси келмайди. Қайдадир узоқда автобус бир гуриллади-да, худди ўпқонга тушиб кетгандай шу заҳоти тинчиди-қолди. Ташқарида шамол қўзғалиб, деразага урилди, томда биров юргандай бўлди. Аъзойи бадани ҳилвираган Жўлдўшбекнинг кўнглини нотайин ғусса ғижимлайди. У оғир хўрсиниб ўнг томонига ағдарилди-да, кўзини юмди.
Шу чоғ ғамгусор бир товуш янгради:
— Ҳайҳот, Жўлдўшбек, не бўлди, хўрсинасан? Бирор еринг оғрияптими? Ё ишда бирон кўнгилсизлик рўй бердими?
Ҳушёр тортган Жўлдўшбек ялт этиб қараса, рўпарасида фаришта турибди. Бармоқлари чақалоқникидай қисқа ва оппоқ. Сочлари патила-патила, чеҳраси моҳитобон. Нигоҳи мунис. Калта оппоқ қанотлари бор.
Жўлдўшбек тавозе билан унга жилмайди.
— Ҳеч ерим оғримайди. Ишим ҳам жойида, фариштам.
— Нафсиламбирини айтганда, сен азалдан ўзига пухта йигит эдинг. Хўрсиниғингни эшитиб етиб келдим-да. Тани-сиҳатинг яхши, ишинг жойида бўлса, нега уҳ тортасан?
— Э-э фариштам, бани одам шундай ташвишчан бўлар экан. Ўй-ташвишларимнинг қайбирини айтайин. Боз устига, ярим кечада Сизни андармон қиламанми…
— Асло, Жўлдўшбек. Чарчаш бизга ёт. Аъмолимиз шундай. Жафокашга имдод бериш, йўлдан озаётганларни тўғри йўлга солмоқ — бизнинг вазифамиз. Хулласи, хоҳишимиз — одамларга эзгулик.
— Гапингиз ҳақ, фариштам. Ва лекин менинг ғуссам душвор.
— Атеистман дейсан, Жўлдўшбек. Ва шунингдек, анжуманларда: “Худо йўқ, материя бирламчи”, деб баралла сўзлайсан, бошингга иш тушганда эса, доимо худога ёлборасан. Қудрати улуғ, карами кенг парвардигор ихлосингни инобатга олиб, гуноҳларингдан ўтиб, барча тилакларингни жо-бажо айлаган.
— Гапларингиз ўринли, фариштам. Бироқ барча тилакларингни бажо айлади деганингизда ғализлик бор. Ҳали кўп ниятларимга етганимча йўқ.
— Ия: Ундай дема. Жами орзуларинг рўёбга чиқди. Хўш… у ҳолда сен инкор этаётган ҳою-ҳавасларни ҳисоблаб берайин.
Жўлдўшбек индамай фариштанинг оғзига қаради.
— Қирғин-барот уруш пайти. У вақтлар сен ақлини таниб қолган дастёр бола эдинг. Ота-онангдан айрилиб, қариндошинг Бойбекнинг уйидан бошпана топгансан. Ўшанда яратганга бу хилда ялинар эдинг-ку: “Эй худо, замон ўзгариб, буғдой нонга тўяр кун бормикин?” Ўша тилагинг рўёбга чиқмадими?
— Ҳа-ҳа, шу хилда ёлборган кунларим бўлган, фариштам. У вақтлар узоқни кўрмаган бола эканмиз-да.
— Ҳақ, у кез бола эдингиз. Қориндан бошқа ғам йўқ эди. Баъзида-чи, баъдаз, ўнинчи синфни битириб, институт остонасида имтиҳондан ўтиб студент бўла олсам, Сиздан мингдан-минг миннатдорман, дегансан. Бу тилагинг бажо бўлмадими?
— У пайт ақлимиз қуйилмаган бўз бола эдик-да.
— Институтни битирар чоғинг худога илтижо қилганинг ёдингдами? Мўйлови сабза урган йигирма тўрт яшар йигит эдинг-ку.
— Фариштам, нелар деяпсиз? Унда мен материалистик фалсафани чандон ўзлаштириб олган маҳалим эди. Бундан ташқари, аспирантурага кирмоқчи эдим. Мен ўшанда қандай худога топинайин.
— Мен фариштаман. Одамзот яралиб, у ўз ҳолича тирикчилик қила бошлагандан буён интилганим эзгулик. Риё ризқни йўқотади. Фаришталар ёлғон сўзлармиди. Ҳар бир имтиҳон олдидан худога тавалло қилар эдинг. Шу сабаб, имтиҳонлардан аъло ўтдинг, кафедра аъзолари қўлингни қисишди, аспирантурага қабул қилишди. Тўғри, боя айтганингдек, атеизм бўйича диссертация ёқламоқчи бўлдинг. Тўрт йил ўтгач, кекса-ёш олимлар анжуманида диссертация ёқладинг. Бай-бай, илгари сени ҳеч шу тахлит кўрган эмас эдим. Диссертация ёқлар кунинг тун бўйи кўз юммадинг. “Эй худо таоло, мададкор бўл. Икки дунёда унутмайман. Қўллар бўлсанг, шу гал қўлла. Иккинчи марта куфроналик қилмайман”, — дединг… Зал тўла одам. Илмий котиб сўз берганда, йўрғалаб кафедрага чиқдинг. Қўлинг титраб, овозинг бўғилиб бир оз турдинг. Ичингда калима келтириб, материянинг бирламчилиги ҳақида гап бошладинг. Қадим замонлардан Марксгача ўтган файласуфларнинг дунёқарашларига тўхталдинг-да, диннинг келиб чиқиши, худо деган тушунчанинг аниқ ва мавҳум маъноларини таҳлил қилдинг. Шундай қилиб, “Худо йўқ. У минг йиллардан буён халқ онгини заҳарлаб, ижтимоий тараққиётга ғов бўлиб келган”, — дединг. Залда ўтирганлар қарсак чалиб олқишладилар. Ўша куни сен фалсафа фанлари номзоди деган унвонга сазовор бўлдинг.
— Тўғри, — деди Жўлдўшбек бош ирғаб.
— Кўрдингми, Жўлдўшбек, худонинг ана шундай қудрати улуғ, карами кенг. Қанчалар таҳқирласанг ҳам, у сендан яхшиликни дариғ тутмади. Ҳозир ҳам худонинг атрофида қўрғонлашиб ўтирган эдик. Сенинг хўрсинганингни эшитиб, “Бориб кўр-чи, — деди менга парвардигори олам. — Ярим кечада оҳ уриб азоб чекаётган қай бандам экан? Келиб кўрсам, сен экансан. Не бўлди, Жўлдўшбек? Бу хил ғаминг йўқ эди-ку. Орзулаган саодатларига сен каби ким етибди. Мана данғиллама уй. Пулни эса дасталаб оляпсан. Оилали бўлдинг. Мунчоқдек икки боланг чопқиллаб юрибди. Яна сенга не керак?”
— Э-э, фариштам, нималар деяпсан? Барибир мен бахтсизман. Бир пайт ўйламай қўйган қадамимнинг касрини тортяпман. Ҳамма ишни ақл билан қилар эдим. Охирги… ишда янглишдим.
— Эвоҳ, айта қол, қай ишда янглишибсан? — деди фаришта. — Балки тузатармиз.
“Тузатармиз” деганидан Жўлдўшбек суюниб кетди.
— Фариштам, қай тил билан сўзлайин… Рафиқам ёмон чиқиб қолди. Қисқа қилиб айтганда, ўзимга ёқмайди. Эндигина ўттиз баҳорни кўрдим. Олдинда қанча умр бор, билмайман. Бутун умрим шу хотин билан ўтадими? Ё…
Фаришта таажжубланди.
— Тўхта, тўхта, Жўлдўшбек. Бу хотин билан кўнгил қўйиб қовушган эдинг-ку. У қиз таранг қилиб уйидан чиқмаганда, оҳ уриб: “Эй худо, шу қиз ёрим бўлса, икки дунёда шукроналик келтираман”, деб эдинг. Дардинг бўлак, шекилли. Ҳалиги лаборант жувонга кўз олайтиряпсан, чоғи, унга ишқибозсан-а? Икковингизни бир-икки бор ресторанда кўрган эдим.
— Фариштам, йигитнинг жонини киргизадиган жувон экан. Рафиқамга ёшлик қилиб уйланиб қўйибман. Худодан охирги марта сўрайман, агар чин бандам деса, бу гал ҳам раҳм айласин. Асло армоним қолмайди.
— Яхши, — деди фаришта Жўлдўшбекка. — Бу сўнгги ўтинчингми? Майли, шафелик қилиб кўрайин. Зораки, бу гал ҳам шафқат айласа. Лекин келишиб олайлик. Сен жуда паришонхотир экансан. Кейин тониб юрмагин. Шунинг учун бу ўтинчингни ёзма равишда изҳор этсанг. Тушуняпсанми? Бизга ҳам ҳужжат керак.
— Ёзма равишда дедингизми?
— Ҳа. Худо таолога ариза ёз. Унда илтимосингни мухтасар баён эт.
— Аризани қай хилда ёзсамикин? — деди Жўлдўшбек ўйланиб.
— Қандай бўлар эди. Одатдагидек. Масалан, таътил сўраб ёки аванс пул зарур бўлганда, қай тарзда ёзар эдинг?
Жўлдўшбек ўрнидан туриб, стулга ўтирди-да, ариза ёза бошлади. Ҳар бир ҳарфни шошмай равон чизади: “…Ўн саккиз минг оламни яратган, ҳар бир нарсани кўриб турган шафқатли худо таолога.
Олим Жўлдўшбек Жўлбўлдиевдан ариза”, — деб ёзди-да, бир сидра кўздан кечириб, тараддудланди ва “олим” деган сўзни ўчириб ташлаб, давом эттирди: “Қудрати беқиёс худо, сенга ариза ёзишимнинг сабаби қўйидагича: ёстиқдошим ёмон чиқиб қолди. Ҳар куни тергаб уришади. Мен каби олим куёвидан фахрланиш ўрнига, баъзида оғайнилар билан улфатчилик қилиб келсам, ечинтириб диванга ётқизиб иссиқ қаҳва бериш ўрнига, пиқиллаб йиғлаб кайфиятимни бузади: “Сен хоҳлаган жойда, истаган кишинг билан юрасан. Ҳайҳотдай уйда қамалиб кечалар ўзим ёлғиз қоламан”. Хотинимнинг нодонлигини кўринг. Кенг уйнинг келини бўлиб ўтирганига суюнмайдими? Бугина эмас. Ёр-биродар ёки қишлоқдан қариндош-уруғлар меҳмон бўлиб келишганда, камситгандай мени дастёрликка солади: “Жўлдўшбек, дўконга чиқиб кел. Газга қўйилган сув қайнадимикин, қара-чи!” Унинг қилмишларини санаб чиқишга сўз етмайди, Тангрим, адолат қилинг. Ҳаммасини ёзиб бошингизни қотирмоқчи эмасман. Ўзингиз кўриб турибсиз-ку, ахир. Сиздан сўровим: ушбу хотиндан мени хориж этинг, бирон яхши аёлга йўлиқтиринг. Умрим ҳаром бўлмасин. Сиз ахир инсонга бир мартагина умр берасиз. Бу менинг сўнгги илтижойим.
Сизнинг садоқатли бандангиз — Жўлдўшбек Жўлбўлдиев”.
Жўлдўшбек аризани ёзиб бўлгач, уни бир сидра ўқиб чиқди-да, фариштага ялинчоқ боқди.
— Ёзиб бўлдингми?
— Ёзиб бўлдим. Лутф этинг, фариштам.
Фаришта аризани лип этиб олди-да, шувиллаганича арши аълога учиб кетди. Қандайин жавоб бўлар экан, деб Жўлдўшбек не ўйларга бормади. Орадан қанча вақт ўтди, билмади, бир вақт қўлида аризани тутганича фаришта учиб келди.
Жўлдўшбек ҳовлиққанича ўрнидан турди.
— Қандай? Хурсандчиликми?
— Аризангни тўғридан-тўғри Аллоҳ таолога элтдим. Дарҳол ўқиб чиқиб, ул ҳазрат тагига ёзиб қўйдилар. Ўзинг ўқиб боқ-чи.
Жўлдўшбек шошилиб овоз чиқариб ўқиди: “Бандаи азизим, олим Жўлдўшбек Жўлбўлдиевга. Тўғри, орзуга айб йўқ. Ва лекин истиғфор қилғил. Жамий эркаклар киройи ёр деб интиласизлар. Гар сизларга фақат яхши хотинларнигина насиб этсам, ёмон хотинларни кимга буюраман. Ёмон бўлса ҳам, пешонангга шу қиз жуфти ҳалолинг битилган. Тотув яшашга ҳаракат қилгил. Худо таоло”…
Оғзини очганича лол туриб қолган Жўлдўшбекка фаришта маъноли боқди.
— Тушунарлими? Тақдирга тан бер. Бундан буён аҳил бўлинглар, — дея само сари йўл олди.
Шу чоғ кимдир Жўлдўшбекнинг биқинига туртди. Қараса, қаршисида шайтон турибди. Думи узун, эчкиникидай бурама шохли. Башараси одамга ўхшаш-у, иржайиши бирам қутсиз. У қийшанглаб кулди-да:
— Жўлдўшбек, яратган эгаминг билан фариштанг сенга кўмак бердими? Яхшиси, менга қулоқ ос: илгаригидай еб-ичиб, ўйнаб-кулиб юравер. Одам боласи бир марта дунёга келади. Хи-хи-ху-ху… Биқинига қаттиқ зарба еган Жўлдўшбек сакраб ўрнидан турди. Кўзини очса, хотини турибди, кўзлари ёшли.
— Жўлдўшбек, турмайсанми, тур. Бугун ҳам маст бўлиб келдинг. Бу одатингни қачон ташлайсан? Нега қийнайсан мени? Туриб, нонуштангни қил. Мен болаларни боғчага олиб кетяпман.
Жўлдўшбек ёстиқдошини ўзига тортди, бошини силади-да:
— Йиғламагин, жоним! — деди. — Болаларни боғчага мен ўзим олиб бораман…

Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 7-сон