Антон Чехов. Ёвуз ниятли киши (ҳикоя)

Суд терговчиси ҳузурида тик кўйлак, серямоқ лозим кийган кичкинагина, ниҳоят даражада озғин бир мужик турибди. Унинг мўй босган бужур юзларида, қалин ва узун қошлари остидан зўрға кўриниб турган кўзларида тунд бир шиддат ифодаси бор. Қанчадан бери тароқ тегмаган чигал сочлари бошини шапкадек қоплаб олиб, у чеҳрага яна кўпроқ шиддат, ўргумчак шиддати беради. У ялангоёқ.
— Денис Григорьев!—деб сўз бошлайди терговчи. — Яқинроқ келиб менинг саволларимга жавоб бер. Ушбу июль ойининг еттинчи куни темир йўл қоровули Иван Семён ўғли Акинфов эрта билан сени кўрипти, сен — рельсни шпалга бириктирадиган гайкани бураб, чиқариб турган экансан. Мана шу гайка!.. У сени шу гайка билан ушлапти. Шундайми?
— Лаббай?
— Бутун воқеа шу Акинфов айтгандек бўлганмиди?
— Ҳа, шундоқ бўлганди.
— Яхши; хўш, энди айтиб бер-чи: гайкани нега бураб чиқардинг?
— Лаббай?
— Сен «лаббай»ни қўйиб, саволга жавоб бер; гайкани нима учун бураб чиқардинг?
Денис шипга қараган ҳолда хирқираб жавоб беради:
— Бир кераги бўлмаса бураб чиқарармидим?
— Бу гайка сенга нима учун керак бўлди, ахир?
— Гайками? Биз бу гайкадан чўкдиргич ясаймиз…
— Ким у, «биз» деганинг?
— Биз, аҳоли… Климов қишлоғининг мужиклари.
— Менга қара, оғайни сен унақа ўзингни телбаликка солмасдан дурустроқ гапирсанг-чи. Бўлмағур чўкдиргичлар билан бошни айлантириб ёлғон гапирма.
Денис кўзларини пирпиратиб туриб, сўзлайди:
— Умримда ёлғон гапирган одам эмасман. Энди келиб, мана ёлғончи бўлиб ўтирибман… Чўкдиргич бўлмаса иш битадими, тақсир? Қармоққа чувалчанг ё бўлмаса майда балиқни ўтказганингминан, у ўлгурда чўкдиргич бўлмаса, сувга ботадими? Ёлғончи эмишман… — деб илжаяди Денис— Сув бетида қалқиб юраверадиган бўлса, ундан нима фойда? Олабуғани олинг, чўртанни олинг, ширин балиқни олинг — ҳаммаси чуқурдаги емга келади; сув бетида турган емни шилишпер чўқиса чўқийди, уям бўлса йилда бир… Бизнинг сойда шилишпер ўзи йўғам… У балиқ катта сувни хушлайди.
— Сен менга шилишпердан гапириб нима қиласан?
— Лаббай? Ўзингиз сўрадингиз-ку! Биз томонда катта-катта бойлар ҳам балиқни шунақа қилиб тутади. Энг ярамас бир болани олган вақтингиздаям чўкдиргич бўлмаса балиқ овламайди. Албатта, тушунмаган одам бўлса бошқа гап — у чўкдиргич бўлмасаям овга чиқаверади. Аҳмоққа закон йўқ деган гап бор эмасми, ахир?
— Демак, сен ўша гайкани чўкдиргич ясаш учун бураб чиқарган экансан-да?
— Бўлмасам-чи? Нима, уни соққа қилиб ўйнардимми?
— Чўкдиргич учун қўрғошин, ё милтиқ ўқи… ё биронта мих топиб ишлатсанг бўларди-ку…
— Қўрғошин кўчада ётгани йўқ, у пулга келади, мих бўлса ярамайди. Гайкадан бошқаси қўл келмайди… У ҳам оғир, ҳам тайёргина тешиги бор.
— Жинниликка солади-я ўзини! Гўё кечагина туғилган-у, ё бўлмаса осмондан тушган. Бу гайка бурашнинг оқибати қандай бўлишини билмайсанми, ҳой эси паст? Агар қоровул кўриб қолмаса, поезд изидан чиқиб кетиб, қанча одам ўлади! Сен одам ўлдирган бўлардинг, одам!
— Э, худо сақласин, тақсир! Нега одам ўлдирай? Нима, биз динсизмидик, ё ёвузмидик? Худога шукур, жаноби тақсир, ёшимиз шунчага етиб одам ўлдириш тугул, ундай нарсаларни ўйлаганимиз ҳам йўқ… Ўзинг сақла, парвардигорим, раҳминг келсин… Гапингизни қаранг-а!
— Хўш, сенингча, поездларнинг ағанаши нимадан бўлади? Бир-иккита гайкани бураб чиқардингми, ағанайди кетади!
Денис илжаяди, ишонмагандек бўлиб, терговчига кўзини пирпиратиб қарайди.
— Йўғ-е! Неча йилдан бери бутун қишлоқ гайка бураш билан тирикчилик қилсак ҳам, шу кунгача худо ўзи сақлаб келди, мана энди ағанаш, одам ўлдириш деган гаплар чиқиб турипти… Мен унинг рельсини олиб кетсам, ё бўлмаса айтайлик, йўлга битта-яримта ходани кўндаланг қилиб қўйган бўлсам, ана унда поезд, эҳтимол ағинарди, бу бўлса… ниҳояти бир гайка холос… Гайка-я!
— Сен ахир тушунсанг-чи, рельсни шпалларга ўша гайкалар билан бириктириб қўядилар-да!
— Буни биз яхши биламиз… Биз, ахир, ҳаммасини бураб олмаймиз-да… қолдирамизам… Телбаларнинг ишини қилмаймиз… тушунамиз…
Денис эснаб оғзини чўқинтиради.
— Ўтган йил шу ерда поезд ағанаб эди, — деди терговчи. — Сабаби энди маълум бўлди…
— Нима дедингиз?
— Ўтган йил дейман, бир поезд изидан чиққан эди. Шунинг сабаби мана энди маълум бўлди… Ҳа-а билдим!
— Сиз меҳрибонларимиз, шунақа нарсаларни билиш учун билимдон бўлгансизлар-да. Худо фаҳм берганда кимга беришини яхши билган… Сиз, мана, бу ундай, бу мундай деб дарров гапнинг фаҳмига етдингиз, аммо анови қоровулингиз бир мужик эмасми, ҳеч нарсаиинг фаҳмига бормасдан, одамнинг ёқасига осилиб, судрай беради… Аввал бир нарсанинг фаҳмига боргин, ундан кейин судра-да! Мужик бўлдими, мияси ҳам мужикка яраша бўлади… Жаноби тақсир, муни ҳам дафтарингизга ёзиб қўйинг, у мени икки марта лунжимга, яна тағин кўкрагимга муштлади.
— Сенинг уйингни тинтиган вақтда яна битта гайка топиптилар… Мунисини қачон ва қаердан бураб олган эдинг?
— Э, сиз анави қизил сандиқ остида ётган гайкани айтяпсизми?
— Қаерда ётганини билмайман, иш қилиб сеникидан топганлар. Қачон бураб олгансан?
— Уни мен бураб олганим йўқ. Уни менга ана у Семён кўрнинг ўғли Игнашка берган. Мен ҳалиги қизил сандиқ остидагисини айтаётибман, аммо ташқарида, чанадан топилганини Митрофан икковимиз бураб чиқарганмиз…
— Қайси Митрофан у?
— Петров Митрофан… Эшитганмисиз? Ўзи тўр қилиб, бойларга сотади. Унга ҳалиги гайка ўлгурдан жуда кўп керак бўлади. Ҳар бир тўрга, мен сизга айтсам, ўнтадан кетади…
— Менга қара… Жазо қонуни мажмуасининг 1081-моддасида айтилганки, башарти бирон кимса ёмон ният билан темир йўлга бирон зарар еткизса, агарда мазкур зарар натижасида ўша йўлда келаётган транспорт хавф остида бўлса ва у ишнинг натижасида фалокат рўй беришини ул кимса билса… тушундингми? Билса! Бу бураб олишнинг оқибати қандай бўлишини сен билгансан, албатта… Ул кимса каторга ишларига юборилмоққа ҳукм этилади.
— Сиз яхши биласиз, албатта… Биз нодон одамлармиз… Биз нимани билардик?
— Сен ҳамма нарсани биласан! Ҳозир ёлғон айтаётибсан, ўзингни телбаликка соласан!
— Нега ёлғон айтай? Ишонмасангиз қишлоққа бориб сўранг… Чўкдиргич бўлмаса елим балиқдан бошқа нарса тутиб бўлмайди; тошбоши балиқдан бемаза балиқ борми дунёда, ўшаям чўкдиргич бўлмаса илинмайди.
Терговчи кулади:
— Ҳа-а, шилишпердан ҳам гапир бўлмаса!
— Бизнинг сойда шилишпер бўлмайди. Қармоққа капалакни ўтказиб, чўкдиргичсиз ташласак қўшбоши балиқ илинади холос, уям онда-сонда.
— Бўлди, жим…
Жимлик чўкди. Денис оғирлигини гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига солиб, кўк мовут ёпилган столга қаради ва зўр бериб киприк қоқди, қаршисида гўё мовут эмас, қуёш кўринаётгандай. Терговчи шошилиб ёзади. Бироз жимликдан сўнг:
— Мен энди кетаверайми?—деди Денис.
— Йўқ. Мен сени миршабларга қўшиб, қамоқхонага жўнатаман.
Денис киприк қоқишдан тўхтаб, қалин қошларини кўтариб, тўрага савол назари билан қаради:
— Бу нимаси? Нега қамоқхонага юборасиз жаноби тақсир? Сира вақтим йўқ, ҳозир ярмаркага жўнашим керак; Егорда тузланган чўчқа мойи пулидан уч сўм қолувди, ўшани олмасам бўлмайди…
— Жим тур, халақит берма.
— Қамоқхонага эмиш… бирон гуноҳим бўлса, майлийди, борардим, йўқса бекордан-бекорга… қуруқ туҳматга-я… Бўлмаса нимага ахир? Ўғрилик қилган бўлмасам, муштлашган бўлмасам… Олиқ-солиқдан боқимонда қолган, деб ўйласангиз, жаноби тақсир, хотиржам бўлинг, оқсоқолнинг гапларига ишонманг… Сиз ана у тўрадан сўранг, тақсир… У оқсоқолда имон деган нарса йўқ ўзи…
— Жим тур!
Денис:
— Ҳалиям жим турибман… — деб ғўдиллайди. — Хатлаш вақтида оқсоқол жуда орттириб ёзган, буни мен қасам ичиб тасдиқлайман. Биз ўзимиз: уч оғайнимиз: Кузьма Григорьевич, чунончи, Егор Григорьевич, ундан кейин мана мен Денис Григорьевич…
— Сен менга халақит бераётибсан… — дейди терговчи, сўнгра қичқиради. — Ҳой Семён! Олиб бор муни!
Иккита салобатлик солдат келиб, уни маҳкамадан олиб чиқиб кетаркан, Денис яна сўзлайди:
— Биз ўзимиз уч оғайнимиз. Бирининг гуноҳига бири жавобгар эмас… Солиқни Кузьма тўламасин-у, жавобини мен, Денис берай эмиш… Судьялар! Аттанг, бурунги хўжайиним катта генерал ўлиб кетди-да, худо раҳмат қилгур, йўқса сиз судьяларнинг тоза адабингизни берарди… Адашмасдан, яхши билиб ҳукм қилиш керак. Урсанг ҳам майли, лекин гуноҳим бўлса ур, инсоф билан ур…

Абдулла Қаҳҳор таржимаси