Антон Чехов. Йилқибоп фамилия (ҳикоя)

Отставкага чиққан генерал-майор Алексей Булдеевнинг тиши оғриб қолди. У, оғзини арақ билан, коньяк билан чайқади, қулоқларига пахта тиқиб юрди, оғриётган тишига тамаки юқи ва афюн қўйди, скипидар, керосин томизди, юзига йод суркади — лекин ҳеч бириси наф қилмади, ҳатто баъзиси кўнглини айнитиб юборди. Доктор келиб, тишини кавлаб кўргач, дарҳол олдиришни маслаҳат берди, лекин генерал кўнмади. Берган хина дориси ҳам фойда қилмади. Уй ичидагиларнинг ҳаммаси — то хотинидан тортиб болалари-ю, хизматкорлари ва ҳатто ошпаз бола Петькагача — ҳар ким билган давосини унга таклиф этар эди. Шулар қаторида, Булдеевнинг гумаштаси Иван Евсеич ҳам келди, оғриқни ўқитиб боғлатишни маслаҳат берди.

— Шу уездимизда, жаноби олийлари, — деди у, бундан ўн йил муқаддам Яков Васильич деган бир одам ўлпон маҳкамасида хизмат қиларди. Тиш оғриқни боғлашда — тенгги йўқ эди. Деразага ўгирилиб, шивирлаб-шивирлаб, куф-суф қилса, оғриқ таққа қоларди. Заб нафаси ўткир одам эди-да!..

— Ҳозир у қаерда экан?

— Ўлпон маҳкамасидан бўшатишгандан кейин Саратовга, қайнанасиникига кўчиб кетган. Ҳозир фақат тиш оғриқни боғлаш билан кун кўради. Тиши оғриган одам борки, тўғри ўшанинг олдига боради, албатта тузалади… Агар тиши оғриган одам саратовлик бўлса, уйида қабул қилар экан; борди-ю бошқа шаҳардан бўлса, телеграф орқали тузата берармиш. Ўшанга сиз ҳам, жаноби олийлари, телеграмма юбориб, шундай-шундай: бир бечора бандаи худонинг, яъни Алексейнинг тиши оғриб қолди, тузатмоғингизни илтимос қиламиз деб, арз-ҳол қилсангиз — ёмон бўлмас эди… Хизмат ҳақини почта орқали юбора берасиз.

— Бекорчи гап! Ҳийлагарлик!

— Бир ёзиб кўрингчи, жаноби олийлари. Ўзи ҳозир хотини билан бирга эмас, бир немис хотинни топиб олган; ўлгудай арақхўр, оғзи бепаравуз, лекин каромати жойида…

— Юбора қол, Алёша, — деб генерал хотини ялина бошлади. — Сен-ку бундай гапларга ишонмайсан-а, лекин мен ўқитиб синаб кўрганман. Ишонмасанг ҳам ёзиб кўргин-чи! Қўлинг қуриб қолмас ахир!

— Ҳа, майли, — деб рози бўлди Булдеев. — Жондан ўтгандан кейин ўлпончи тугул, шайтонга телеграмма юборарсан… Вой-вой! Тоқатим қолмади! Уҳ!.. Қани айтчи, ўлпончинг ўзи қаерда туради? Нима деб ёзай?

Генерал стол ёнига бориб ўтирди ва қўлига ручка олди.

— Саратовда уни билмаган одам йўқ, — деди гумашта. — Қани, ёзсинлар, жаноби олийлари, демак Саратов шаҳрида яшагувчи… Жаноби Яков Васильич… Васильич…

— Хўш?

— Васильич… Яков Васильич… Ҳаҳ фамилияси қурғур… Тилимнинг учида турибди… Яков Васильич… Васильич… Унутибман… Васильич… Вой дардисар-эй! Фамилияси нима бало эди? Ҳалигина шу ёққа келаётганимда эсимда эди-я!.. Шошманг-чи!..

Иван Евсеич кўзларини шифтга тикиб, лабларини қимирлатар эди, холос. Булдеев билан генерал ойим тоқатсизланиб кутишарди.

— Қани, нима бўлди? Тезроқ ўйла!

— Мана ҳозир… Васильич… Яков Васильич… Унутибман! Шунчалик осон фамилия эдики!.. Худди йилқибоп бир нарсага ўхшарди… Тўхтанг-чи… Кобилин…[1] йўқ, Кобилин эмас… Айтгандай. Жеребцовмикин?..[2] Йўқ, Жеребцов ҳам эмас… ҳар ҳолда йилқибоп фамилия эди-да, лекин нима экани — хаёлимдан кўтарилибди…

— Жеребятниковми?

— Йўқ, бу эмас… Тўхтанг-чи… Кобилятников… Кобилицин… Кобелев…[3]

— Бунисини кучукбоп демасанг йилқибоплик жойи йўқ. Жеребчиковдир?

— Йўқ, Жеребчиков ҳам эмас… Лошадинин…[4] Лошаков… Жеребкин… Йўқ, булар ҳам эмас!

— Хўш, мен унга нима деб ёзаман? Ўзинг ўйлаб кўр…

— Ҳозир. Лошадкин, Кобилкин… Коренной…[5]

— Коренниковми? — деб сўради генерал ойим.

— Йўқ, йўқ… Пристяжкин…[6] Бу ҳам эмас… Унутибман!

— Ахир унутган бўлсанг, нимага келдинг, башаранг қурғур, ёки мен сендан маслаҳат сўрадимми? — Генералнинг жаҳли чиқиб кетди. — Йўқол бу ердан!

Иван Евсеич секин-секин юриб, чиқиб кетди; генерал эса, жағини ушлаб, у уйдан бу уйга югурар эди.

— Вой бошим-эй! Вой жонгинам-эй! — деб додлар эди. — Вой, кўзим тиниб кетди!

Гумашта боққа чиқди ва ўлпончининг фамилиясини эсламоқчи бўлиб, осмонга қараганича туриб қолди:

— Жеребчиков… Жеребковский… Жеребенко… Йўқ, бу эмас!.. Лошадинский… Лошадевич… Жеребкович… Кобилянский…

Бир оздан кейин хўжайин уни чақиртириб келди.

— Топдингми? — деб сўради генерал.

— Йўқ, топа олмадим, жаноби олийлари.

— Балки, Конявскийдир?[7] Лошадников-чи? Бу ҳам эмасми?..

Шундай қилиб уйдагиларнинг ҳаммаси бараварига фамилия қидиришга тушиб кетишди. Йилқи жинсининг қулунидан тортиб қарисигача бирма-бир айтиб чиқишди, ёлу туёқ ҳам қолмади, эгар-жабдуқ авра-астаригача текшириб кўрилди… Уйда, боғда, ошхонада, хизматкорлар қўрасида, — хуллас ҳамма жойда одамлар бурчак-бурчакда юрар ва пешоналарини қашиб, фамилия қидирарди холос…

Дам-бадам гумаштани чақиртиришарди.

— Табунов[8] эмасми? — деб сўрашарди ундан. — Копитинчи?[9] Жеребовскийми?

— Йўқ, бу эмас, — деб жавоб берарди бечора Иван Евсеич ва яна шифтга қараб, ўзича ўйланарди: — Коненко… Конченко… Жеребеев… Кобилеев…

Болалар ўз бўлмасидан:

— Дада, топдик! Тройкин![10] Уздечкин![11] — деб бақирарди. Хўжайиннинг тиш оғриғи ҳаммани безовта қилиб, ташвишга солиб қўйди. Тоқати тоқ бўлган генерал, ўша фамилияни топган кишига беш сўм суюнчи ваъда қилди. Одамлар буни эшитиб, Иван Евсеич олдига энди гала-гала бўлиб келарди…

— Гнедовми?[12] Рисистий[13] эмасми? Лошадинский-чи? — деб сўрашарди ундан.

Кеч кирди, ҳамон фамилия топилмади. Телеграмма юборилмай, шу аҳволда ётиб қолишди. Генерал мижжа қоқмасдан, тун бўйи инграб, юриб чиқди… Кечаси соат иккидан ошганда уйидан чиқдию, тўғри гумаштасининг деразасини тақиллатди.

— Меринов[14] эмасми? — деб сўради йиғламсираб.

— Йўқ, Меринов эмас, жаноби олийлари, — деб жавоб берди Иван Евсеич, гуноҳкор одамдай хўрсиниб.

— Бўлмаса, балки йилқибоп эмас, бошқачароқ фамилиядир-да!

— Худо ҳаққи, йилқибоп фамилия, жаноби олийлари… Буниси аниқ эсимда.

— Эс ҳам шунчалик кирди-чиқди бўладими, ука? Дунёда менга энг қиммат нарса — шу фамилия бўлиб қолди. Ўлар бўлсам — ўлиб бўлдим!

Эрталаб генерал яна докторга одам юборди.

— Майли олиб ташласин! — деб рози бўлди энди, — Ортиқ тоқатим қолмади.

Доктор етиб келди, оғриқ тишни суғуриб олди.

Ўша заҳотиёқ оғриғи босилиб, генерал тинчиди. Доктор ўз вазифасини адо этиб, хизмат ҳақини олгач, бричкасига ўтириб уйига жўнади. Дарвозадан чиққандан сўнг далада Иван Евсеични кўриб қолди. Гумашта йўл ёқасида, оёғи остига қаттиқ тикилиб, алланимани ўйлаб турган эди. Пешонасининг мунчалик тиришганлиги, кўзларининг бу хилда паришонлиги — ўйлана бериб қийналганини кўрсатарди.

— Буланов…[15] Черезседельников…[16] Засупонин…[17] Лошадский… — деб ғўлдирар эди, холос…

— Иван Евсеич! — деб доктор уни чақирди. — Барака топкур, менга беш-олти чорак сули сотмайсизми? Ўзимизнинг мужиклардан ҳам топилади-ю, лекин сулиси жуда ёмон…

Иван Евсеич анқайиб докторга қараб қолди ва бирданига юзлари тиржайиб кетди; суюнганидан қўлини-қўлига шартта урди-ю, докторга бирон жавоб бермасдан, қўрғонга қараб шундай чопдики, кўрган одам, қутурган ит қувдими, деб ҳайрон бўларди.

— Топдим, жаноби олийлари! Топдим! — деб генерал кабинетига шу қадар бақириб кириб келдики, ҳовлиққанидан овози бутунлай ўзгариб кетган эди. — Топдим! Умри узоқ бўлар экан! Овсов,[18] Овсов! Ўлпончининг фамилияси Овсов! Овсов, жаноби олийлари! Телеграммани Овсовга тегсин деб юбораверинг!

— Ма! Мана буни ебсан! — деб кўрсатди генерал, бош бармоғини икки бармоқ орасига жойлаб. — Йилқибоп фомилиянгни энди бошимга ураманми?

О. Шарапов таржимаси

____________________
[1] Кобила — бия; Кобилин ва бошқа шу хил фамилияларнинг ҳаммаси шу сўздан ясалган.
[2] Жеребец — айғир; Жеребцов ва бошқа шу хил фамилияларнинг ҳаммаси шу сўздан ясалган.
[3] Кобель — эркак ит; Кобелев деган фамилия шундан ясалган.
[4] Лошадь — от; Лошадин ва бошқа шунинг сингари фамилиялар шу сўздан ясалган.
[5] Коренной — извошга, бричкага ўртага қўшиладиган от; шундай фамилия ҳам бўлади.
[6] Пристяжка — извошка, бричкага ёнга қўшиладиган от; шундай фамилия ҳам бўлади.
[7] Конь — яхши от, наслдор, зотли от; Конявский — шундан олинган фамилия.
[8] Табун — йилқи уйири; Табунов шундан ясалган фамилия.
[9] Копито — туёқ; Копитин шундан ясалган фамилия.
[10] Тройка — уч от ҳўшилган извош, бричка; Тройкин шунда» ясалган фамилия.
[11] Уздечко — юган; Уздечкин шундан ясалган фамилия.
[12] Гнедой — тўриқ, Гнедов — шундан ясалган фамилия.
[13] Рисистий — ҳайдама йўрғалик от. Шундай фамилия ҳам бўлади.
[14] Мерин — ахта; Меринов — шундан ясалган фамилия.
[15] Буланой — жийрон; Буланов — шундан ясалган фамилия.
[16] Черезседельников — араванинг тирқиши.
[17] Засуп — бўйинча боғи.
[18] Овёс — сули; Овсов — шундан ясалган фамилия.