Антон Чехов. Вакил ёки Дездемоновнинг 25 сўм йўқотгани ҳақида қисса

Л. И. Пальминга бағишланади

— Тссс! Юринглар, швейцарскийга кирайлик, бу ер ноқулай… Эшитиб қолиши мумкин…
Швейцарскийга киришди. Швецар Макарни, гапларини эшитиб, чақимчилик қилмасин деб, казначействога юбордилар. У казначействога бормасдан, зина тагига беркиниб олди: у, исён чиқишини аниқ билар эди.. Олдин гапни Кашалотов бошлади, унинг кетидан Дездемонов, ундан кейин Зрачков гапирди… Томирдаги қонлар қизишиб кетди! Қипқизарган юзлар тиришди, кўкракларига урабошладилар…
— Биз даққиюнус замонларида эмас, XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаймиз! — деб гап бошлади Кашалотов. — Қорни йўғонларга илгари йўл қўйилган бўлса, энди қўйилмайди. Ахир, жоиимизга тегди-ку бу! У замонлар ўтиб кетган! Ва ҳоказолар…
Дездемонов ҳам тахминан шундай гапларни гапирди. Зрачков ҳатто беодоблик билан сўкиниб ҳам олди… Чуғур-чуғур бошланиб кетди. Аммо ичларидан ақли расо бир киши ҳам чиқиб қолди. Ақли расо киши юзини ғамгинликка солди-да, бурун қоқавериб ҳўл бўлиб кетган рўмолчаси билан бетини артиб, деди:
— Бу гапларнинг нима кераги бор-а? Эҳ… Хўп деяйликки, гапирилган ҳамма гаплар тўғри, аммо нима кераги бор? Бировга отган тош ўзларингга келиб тегиши ҳам мумкин: ўзларинг маҳкамага бошлиқ бўлганларингда сизларга ҳам қарши исён чиқиши мумкин. Рост айтаман! Фақат ўз бошларингга етасизлар, холос.
Бироқ, ақли расонинг гапига ҳечким қулоқ солмади.
Уни гапириб бўлишига ҳам қўймай, эшик ёнига суриб қўйдилар. У ақли расолик билан ҳеч нарсага эришаолмаслигини кўриб, ақли пастлик қила бошлади ва ўзи ҳам қизишиб, киришиб кетди.
— Биз ҳам унинг сингари одам эканлигимизни кўрсатиб қўйиш вақти етди энди! — деди Дездемонов. — Яна такрор айтаманки, биз малай ёки авомлардан эмасмиз! Биз гладиатор эмасмиз! Биз ўзимизни таҳқир қилишга йўл қўймаймиз! Бизни сенсираса, саломимизга алик олмаса, ҳузурига кириб бирон гап айтиб турсак юзини тескари ўгирса, сўкинса… Бу нима деган гап? Ҳозирги замонда олижаноб одамлар уёқда турсин, ҳатто малайларни ҳам сенсираш мумкин эмас! Кириб, ўзига худди шундай деб айтиш керак!
— Қайси бир куни бўлса менга қараб: «Нега тумшуғинг бундай бўялиб қопти, бор Макарнинг олдига, тумшуғингни супурги билан тозалаб қўйсин!» дейди. Шу ҳам ҳазил бўптими! Яна бир куни бўлса…
— Бир куни мен хотиним билан кетаётган эдим, у учраб қолди!.. — деб унинг гапини бўлди Зрачков. — «Ҳа, дўрдоқлаб, доим қизлар билан юрганинг юрган, тағин куппа-кундуз куни-я!» дейди. Бу менинг хотиним бўлади, жаноби олийлари, — дедим. Кечирим ҳам сўрамади, фақат лабини чўпиллатиб кетаверди, денг! Шу таҳқирланишдан кейин хотиним бойқиш уч кунгача йиғлайвериб хум бўлди. У қиз эмас, аксинча… Ўзларинг биласизлар-ку…
— Хулласи калом, жаноблар бунга ортиқ чидаб бўлмайди! Ё у турсин, ё биз, бирга ишлолмаймиз. Ё у кетсин, ё биз кетайлик! Обрўйни тўкиб юргандан кўра ишсиз юрганимиз яхшироқ! Ҳозир XIX аср бўлади! Ҳар кимнинг ўзига яраша иззати-нафси бор! Гарчи мен ўзим кичик бир одам бўлсам ҳам, бирон субъект эмасман, ҳатто кўнглимда ўз услубим бор! Бунга йўл қўймайман! Тўғри, шундай деб айтиш керак бетига! Орамиздан бирон кимса кирсин-да, бундай бўлиши ярамайди, десин! Ҳаммамизнинг тилимиздан гапирсин! Қани ким киради? Шундай деб, тўппа-тўғри бетига қараб айтабериш керак! Қўрқмангиз, ҳеч нарса бўлмайди! Ким киради? Тфу… қуриб кетгур… роса бўғилиб қолибман…
Вакил сайлашга киришдилар. Узоқ можаролар ва сен кир, сен кирдан кейин ақлли, нотиқ ва энг жасоратли деб Дездемоновни сайлашди. Ўзи кутубхонага аъзо, маълумоти баланд, ойим қизлар билан таниш, демак шундан маълумки, ақлли одам, гапини топиб гапира олади. Дадиллиги тўғрисида гапириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ: ҳаммага маълумки, бир кун маҳалла назоратчиси уни «ҳой малай!» деб чақиргани учун ундан афв сўрашни талаб қилган; маҳалла назоратчиси бу даъвони эшитиб, қовоғини солмасданоқ, Дездемоновнинг жасорати бутун оламга ёйилиб кетган эди…
— Киравер, Сеня! Қўрқма! Шундай деб айтавер! Мана, керак бўлса, дегин! Сен айтган одамлар биз эмас, жаноби олийлари, дегин! Бўлди, етар! Керак бўлса, бошқа малайларни топиб ол, биз унақангилардан эмас, жаноби олийлари, биз ўзимиз ҳам олифталикни биламиз, дегин. Бундай қилиқларинг ярамайди, деб айт. Худди шундай деявер… Кир олдига! Сеня.. дўстим… Олдин сочларингни тараб ол… Тўғри шундай деб айтавер бетига.
— Жаҳлим тез-да, жаноблар… Яна ортиқча гап айтиб қўйсам… Зрачков, сен ўзинг кирсанг яхшироқ бўлар эди!
— Йўқ, Сеня, ўзинг киравер… Зрачковинг фақат қўй оғзидан чўполади, ўшанда ҳам маст бўлса… У аҳмоқ одам ўзи, сен бўлсанг ҳар ҳолда… Киравер, азизим, киравер…
Дездемонов сочларини таради, желеткасининг уёқ-буёғини тортиб қўйди, қўли билан оғзини беркитиб, бир йўталиб олди-да, кабинетга кирди. Ҳамма нафас олмай кута-бошлади. Дездемонов кабинетга кириб, эшик олдида тўхтади ва титроқ қўли билан лабларини силади, гапни нимадан бошлашини билмасдан саросималаниб қолди. Ўзига таниш қоп-қора ҳолли тепакалга кўзи тушган эди, юраги шув этиб, эти жимирлашиб кетди… Орқасидан чумоли ўрмалаб кетаётгандай бўлди… Бунинг зарари йўқ, албатта; ўрганмаганликдан, ҳарким ҳам шунақа бўлади, фақат юрак дов берса бўлгани… Тетик бўл!
— Э-э-э… Хўш нима деб келдинг?
Дездемонов олдинга бир қадам ташлади, тилини қимирлатган эди, бироқ ҳеч товуш чиқмади: тили танглайига ёпишиб қолган эди. Шу билан бирга вакил, ичининг ҳам аллақандай бўлиб кетганини сезди… Унинг мардлиги юрагидан чиқиб, қорнига ўтди, у ерда ғулдираб, сонлари орқали товонига ўтиб кетди-да, этик тагига кирди… Афсуски, этиги йиртиқ эди!
— Э-э-э… Нима ишинг бор эди! Эшитмаяпсанми ўзинг? — Ҳим… Мен ўзим… Ўзим, шундай. Мен, жаноби олийлари, қулоғимга кирувдики!..
Дездемонов тилини тўхтатиб олмоқчи бўлган эди, бироқ итоат қилмай, давом этди:
— Мен, жаноби рафиқангиз ташқил этган лотореяга соявон арава ҳам чиқармиш деб эшитувдим… Битта билет бўлса… Жаноби олийлари… Ҳим… Жаноби олийлари…
— Билет дейсанми? Хўп бўлади… Атиги бешта билет қолди… Бешаласини ҳам оласанми?
— Йў… йў… йўқ, жаноби олийлари… Биттагина бўлса бас…
— Бештасини ҳам оласанми деб сўраётибман.
— Жуда яхши, майли, жаноби олийлари!
— Биттаси олти сўмдан… Сен беш сўмдан берақол… Мана, қўлингни қўй… Илоҳим толеинг келиб ютгин…
— Ҳе-ҳе-ҳе… Раҳмат, жаноби олийлари… Ҳим… Жуда хурсанд қилдингиз…
— Жўна энди!
Бир минутдан кейин Дездемонов қоровулхона ўртасида қисқичбақадай қип-қизариб турар ва йиғлагудай бўлиб, ўртоқларидан 25 сўм қарз сўрар эди.
— 25 сўм пулимни бериб чиқдим, оғайнилар, ўзи меники эмас эди! Ижара ҳақини тўлаб кел деб қайнанам берган эди… Бериб туринглар, оғайнилар! Ўтинаман сизлардан!
— Нега йиғлайсан энди? Соявон аравада юрасан, маза қилиб!
— Соявон аравада… Соявон арава-я! Соявон арава билан одамларни қўрқитиб юраманми энди? Мен руҳоний эмасман! Мабодо ютиб олганимда ҳам, қаерга қўяман уни?
Анча вақтгача гапиришиб турдилар; улар гапиришар экан, Макар (унинг хат-саводи бор) ҳамма гапни бирма-бир ёзиб олмоқда эди, ёзиб бўлгандан кейин… уёғи маълум. Айтаман десанг жуда узун, жаноблар! Ҳарҳолда бу қиссадан келиб чиқадиган ҳисса шуки, исён қилмаслик керак.

О. Раҳимий таржимаси