Антон Чехов. Ўғил болалар (ҳикоя)

— Володя келди! — деб қичқирди ҳовлида аллаким.
— Володичка келдилар! — деб бақирди Наталья ошхонага югуриб кираётиб. — Э, худойим-е!
Володянинг келишини интизорлик билан кутаётган Королёвлар оиласи дераза ёнига югурди. Дарвоза олдида кенг, пастак бўш чана турар, унга қўшилган учта оқ; отдан буғ кўтарилар эди. Володя аллақачон даҳлизга кирган ва совуқдан қизариб кетган қўллари билан қулоқчинини ечишга уринар эди. Володянинг гимназия формасидаги пальтоси, фуражкаси, калиши ва икки чеккасидаги сочларини қиров босган бўлиб, ундан шундай ёқимли совуқ ҳиди келар эдики, кўрган кишининг совуқотгиси ва «бррр» деб юборгуси келарди. Онаси билан холаси уни қучоқлаб ўпишди, Наталья бўлса унинг оёғидан пиймасини еча бошлади, сингиллари бақириб-чақиришди; эшиклар ғичиллади, тарақлади. Володянинг отаси эса эгнида жилетка, қўлида қайчи, даҳлизга югуриб чиқди-да:
— Биз сени кеча келади деб ўйлаган эдик! — деб баралла гапира бошлади. — Эсон-омон келдингми? Соғ-саломатмисан? Э худойим, халақит бермасаларинг-чи, отаси билан ҳам кўришиб олсин! Нима, мен ота эмасманми!
— «Вов! вов!» — дейди Милорд номли каттакон қора ит девор ва мебелларни думи билан уриб.
Шов-шув, севинч-қувонч икки минутча давом этди. Учрашув қувончи бироз пасайгач, Королёвлар даҳлизда Володядан ташқари қулоқчин кийган, рўмол билан ўралган, ҳамма ёғини қиров босган яна бир кичкина одам турганини кўриб қолишди. У бир бурчакда, почапўстин соясида қимир этмай турарди.
— Володичка, бу ким? — деб сўрайди онаси шивирлаб.
— Вой! — дейди Володя тўсатдан эслаб. — Танишинглар, бу — менинг ўртоғим Чечевицин, иккинчи синф ўқувчиси… Мен уни меҳмон бўлиб кетсин деб бирга олиб келдим…
— Жуда хурсандман, марҳамат қилсинлар! — дейди отаси қувониб. — Камзилсиз юрганим учун кечирасиз… Марҳамат қилинг! Наталья, жаноб Черепициннинг ечинишларига ёрдам бер! Э худойим-е, ҳайдаб юборсаларинг-чи бу итни, жонимга тегди.
Бироздан сўнг, кутиб олиш маросимидаги шов-шувдан довдираган, совуқдан ҳамон қизариб турган Володя билан унинг дўсти Чечевицин стол ёнида чой ичиб ўтиришарди. Қиш офтоби қор ва деразалардаги совуқдан тушган нақшларни ёриб ўтиб самоварга шуъла сочар, бу равшан шуълалар эса баркашдаги сувда ўйноқлар эди. Уй иссиққина эди. Болалар совуқотган таналарида икки куч: совуқ билан иссиқ бир-биридан бўш келмай курашаётганини сезишди.
— Ана, рождество байрами ҳам яқинлашиб қолди! — дейди чўзиб тўқ сариқ тамакидан папирос ўраётган отаси. — Яқиндагина ёз эди, онанг сени кузатиб, йиғлаб қолган эди… Ана, қарабсанки, келиб ҳам қолибсан… Вақт шунақа тез ўтади, оғайни! Ана-мана дегунча қариб ҳам қоласан. Жаноб Чибисов, олинг, еб ўтиринг, тортинманг! Ўз уйингиздай, бемалол…
Володянинг уч синглиси — Катя, Соня ва Маша, — уларнинг энг каттаси ўн бир яшар эди, — стол ёнида ўтирар ва янги танишдан кўз узмас эдилар. Чечевициннинг ёши ҳам, бўйи ҳам Володя билан тенг бўлса-да, Володя сингари семиз ва оппоққина эмас, ориқ, қорачадан келган, юзини сепкил босган бола эди. Унинг сочлари тиканакка ўхшар, кўзлари қисиққина, лаби қалин эди. Хуллас у хунуккина бўлиб, эгнида гимназия камзили бўлмаса, ташқи қиёфасига қараган киши ошпаз хотиннинг ўғли деб ўйларди. Унинг қовоғи солиқ, ҳамма вақт индамай ўтирарди, бирон марта бўлсин жилмаймади ҳам. Чечевициндан кўз узмай ўтирган қизлар уни жуда ақлли ва доно одам бўлса керак деб ўйлашди. У ҳамма вақт алланарса тўғрисида ўйлар ва ўз хаёли билан шу қадар банд эдики, ундан бирон нарсани сўраганда чўчиб тушар, бошини силкитар ва саволни такрорлашни сўрар эди.
Қизлар илгари хушчақчақ ва сергап бўлган Володянинг ҳам бу гал кам гапиришини, бутунлай жилмаймаганини, уйга келганига севинмагандай кўринганини ҳам пайқашди. Чой ичиб ўтиришганида у сингилларига фақат бир марта мурожаат қилди, ўшанда, ҳам аллақаёқдаги гапларни айтди. У бармоғи билан самоварни кўрсатди-да:
— Калифорнияда чой ўрнига джин ичишади, — деди.
У ҳам аллақандай хаёллар билан банд эди. Аҳён-аҳёнда дўсти Чечевицин билан кўз уриштириб қўйишйга қараганда, уларнинг фикри бир эди.
Чойдан кейин ҳамма болалар хонасига кирди. Қизлар оталари билан стол ёнига ўтириб, болалар келганда қолиб кетган ишни давом этдиришди. Улар ранг-баранг қоғозлардан арча учун гул ва безаклар ясашарди. Бу қизиқарли ва серғовға иш эди. Ҳар бир гул тайёр бўлганда қизлар завқланиб қичқиришарди. Бу гул гўё осмондан тушаётгандек ҳатто ваҳима билан бақиришарди, оталари ҳам завқланар, баъзан қайчининг ўтмаслигидан нолиб, ерга улоқтирар эди. Гоҳ оналари югуриб кирар ва ташвишланиб:
— Қайчимни ким олди? Яна сен олдингми, Иван Николаевич? — деб сўрар эди.
— Э худойим-е, ҳатто қайчини ҳам беришмайди, — деб жавоб қайтарарди Иван Николаевич йиғламсираб, стулнинг суянчиғига ўзини ташлаб хафа бўлиб ўтирарди, лекин орадан бир дақиқа ўтар-ўтмас яна завқланарди.
Олдинги гал келганида Володя ҳам арчани безашга иштирок этган ёки извошчи билан чўпоннинг қордан тепалик ясаганини томоша қилгани ҳовлига югурар эди. Лекин бу гал у ҳам, Чечевицин ҳам ранг-баранг қоғозларга парво қилишмади, отхонага бирон марта ҳам боришмади, дераза ёнига ўтириб олиб алланарса тўғрисида шивирлашди. Кейин иккалови география атласини очиб аллақандай картани кўздан кечиришди.
— Аввал Пермга… — дейди секингина Чечевицин. — У ерда Тюменга… кейин Томскка… кейин… кейин… Камчаткага… У ердан бизни самоедлар қайиқда Беринг бўғози орқали ўтказиб қўяди… Қарабсанки, Америкага бориб қолибсан… У ерда мўйнали йиртқич ҳайвонлар кўп.
— Калифорния-чи? — деб сўрайди Володя.
— Калифорния пастроқда… Америкага етиб олсак бўлди, ундан Калифорнияга қўл узатсанг етади. Овчилик ва таланчилик билан кун ўтказамиз.
Чечевицин кечгача ўзини қизлардан четга тсртиб юради, уларга фақат ер остидан қараб қўяди. Кечки чойдан кейин у беш минутча қизлар билаи ёлғиз қолади. Миқ этмай туришга ўнғайсизланиб йўталиб қўяди, ўнг кафти билан чап қўлини ишқалайди, Катяга хўмрайиб қарайди-да:
— Сиз Майн-Риднинг китобларини ўқиганмисиз? — деб сўрайди.
— Йўқ, ўқимаганман… Менга қаранг, сиз конкида юришни биласизми?
Ўз хаёллари билан банд бўлган Чечевицин бу саволга жавоб бермайди, фақат икки лунжини шишириб жуда исиб кетган кишидек уфлаб қўяди. У яна Катяга қарайди-да:
— Бизонлар подаси пампас орқали югуриб кетаётганда ер титрайди, мустанглар эса қўрққанларидан ер тепиниб кишнайдилар, — дейди.
Чечевицин хомушлик билан жилмаяди-да, қўшиб қўяди:
— Шунингдек ҳиндлар поездларга ҳужум қилади. Лекин искаб топарлар билан термитлар ҳаммадан ҳам ўтиб тушади.
— У нима ўзи?
— Чумолига ўхшаган нарса, лекин қаноти ҳам бор. Жуда қаттиқ чақади. Менинг кимлигимни биласизми?
— Жаноб Чечевицинсиз.
— Йўқ. Мен Монтигомо Қирғий Чангал, енгилмаслар йўлбошчисиман.
Оиладаги энг кичик қиз — Маша аввал унга, кейин деразага қарайди. Ташқарида қоронғи тушмоқда эди. Қизча бироз ўйланиб туради-да:
— Бизда кеча чечевицадан овқат пиширишган эди, — деб қўяди.
Чечевициннинг тушуниб бўлмайдиган сўзлари, доимо Володя билан шивирлашиши, Володянинг эса ўйинга аралашмай, нуқул алланарсани ўйлаши, — жуда ғалати ва сирли эди. Шунинг учун ҳам икки катта қиз — Катя билан Соня болаларни кузата бошлашди. Кечкурун болалар ухлашга ётганда қизлар оёқ учи билан юриб уларнинг ётоғи эшиги ёнига бориб, гапларини эшитиб туришади. У-ҳў, улар шундай гапларни эшитишдики! Болалар олтин излаш учун Америкага қочишни мўлжаллаган эдилар; йўл учун керакли нарсаларнинг ҳаммаси тайёрлаб қўйилган бўлиб, пистолет, иккита пичоқ, сухари, ўт ёқиш учун ишлатиладиган шиша, компас ва тўрт сўм пуллари бор эди. Қизлар болаларнинг бир неча минг чақирим пиёда юришларини, йўл-йўлакай йўлбарс ва ёввойи одамлар билан курашишларини, кейин олтин ва фил суяги топишларини, душманларни қириб, денгиз йўлбосарларига қўшилиб кетишларини, джин ичишларини ва охирида гўзал маликаларга уйланиб, плантацияда деҳқончилик қилиб кун кечиришларини эшитишадп. Володя билан Чечевицин гапирар, қизишиб кетиб бир-бирларининг сўзларини бўлар эдилар. Чечевицин ўзини «Монтигомо Қирғий Чангал» деб атар, Володяни эса «заъфарон юзли биродарим» деярди.
— Яна ойимга айтиб қўйма, — дейди Катя Соняга ухлаш учун ўз хоналарига кириб кета туриб. — Володя Америкадан бизга тилла билан фил суяги олиб келади. Агар айтиб қўйсанг, уларни юборишмайди.
Сочельник байрами арафасида Чечевицин кун бўйи Осиё харитасини кўздан кечириб, алланарсаларни ёзиш билан шуғулланади, худди асалари чаққан кишиники сингари юзи лўппи Володя ғамгин бир тарзда хонадан хонага ўтар, ҳеч нарса емасди. Ҳатто болалар хонасига кириб, икона ёнида тўхтаб, чўқиниб олади:
— Э худойим, гуноҳларимни кечир! Худоё худовандо бечора онамни ўз паноҳингда сақла, —дейди.
Кечқурун бўлса йиғлаб юборади. Ухлашга ётиш олдидан эса отаси, онаси ва сингилларини қучоқлайди. Катя билан Соня нега бундай қилаётганини билишади.
Кичкина Маша эса, ҳеч нарсага, тушунмас, Чечевицинга кўзи тушганда ўйланиб қолар ва:
— Энага рўза кунларида нўхат билан чечевица солинган овқат ейиш керак дейди, — деб қўяди уҳ тортиб.
Сочельник куни Катя билан Соня эрталаб вақтлик ўринларидан туришади ва болаларнинг Америкага қандай қилиб қочишларини томоша қилмоқчи бўлиб, писиб эшик ёнига келишади.
— Шундай қилиб бормайсанми? — дейди Чечевицин аччиғланиб. — Гапир: бормайсанми?
— Э худо! — деб секин йиғлайди Володя. — Қандай қилиб кетай? Ойимга раҳмим келяпти.
— Заъфарон юзли биродарим, илтимос қиламан сендан, жўнайлик! Борамиз деб мени тоза ишонтирган эдинг-ку. Ўзинг мени бу ишга бошлаб, кетадиган вақт етганда энди қўрқоқлик қиляпсан.
— Мен… Мен қўрқаётганим йўқ… Менинг… Ойимга раҳмим келяпти.
— Қани менга шунисини айт: борасанми, йўқми?
— Бораман, бораман… Фақат шошмай тур. Уйда бироз турайлик.
— Бўлмасам ўзим кетаман! — дейди Чечевицин қатъият билан. — Сенсиз ҳам ишим битади. Яна бу киши йўлбарсларни овламоқчи, жанг қилмоқчи эдилар. Бормайдиган бўлсанг пистонларимни қайтариб бер!
Володя шу қадар алам билан йиғлайдики, сингиллари ҳам ўзларини тутолмай йиғлаб юборишади. Жимлик чўкади.
— Шундай қилиб бормайсанми? — деб яна сўрайди Чечевицин.
— Бо… бораман.
— Бўлмаса кийимларингни кий!
Чечевицин Володяни кўндириш учун Американи мақтар, йўлбарсга ўхшаб ўкирар, пароход бўлиб вишиллар, сўкинар, фил суягининг ҳаммасини, арслон ва йўлбарс териларининг ҳаммасини Володяга беришга ваъда қилар эди.
Қорачадан келган, тиканак соч, сепкилли озғингина бола қизларнинг назарида ажойиб бўлиб кўринади. Қизлар уни ҳеч нарсадан тап тортмайдиган қаҳрамон деб ўйлашади. Бунинг устига у шундай усталик билан ўкирадики, эшик орқасида турган одам ҳақиқатан йўлбарс ёки арслон ўкиряпти деб ўйлайди.
Қизлар ўз хоналарига қайтиб, кийина бошлаганларида Катя кўзига жиққа ёш олиб:
— Жуда қўрқяпман! — деб қўяди.
Соат иккигача, тушки овқат егани ўтирганларида ҳаммаёқ жимжит эди. Фақат овқатга ўтирганларида болаларнинг йўқлигини сезиб қолишади. Хизматкорлар уйига, отхонага, приказчиклар турадиган уйга одам юборишади — болалар у ерларда йўқ эди. Қишлоққа одам юборишади — у ердан ҳам топиша олмайди. Кейин чой ичаётганларида ҳам болалар йўқ эди. Кечки овқатга ўтирганларида эса оналари жуда хавотирланади, ҳатто йиғлаб юборади. Кечаси яна қишлоққа бориб қидиришади, фонарь билан дарё бўйини ахтаришади. Уйда тоза олағовур кўтарилади!
Эртасига урядник келади, ошхонада ўтиришиб, аллақандай қоғоз ёзишади. Она ўшанда ҳам йиғлаб ўтлради.
Мана дарвоза олдида кенг, пастак чана тўхтади, унга қўшилган учта оқ отдан қуюқ буғ кўтарилар эди.
— Володя келди! — деб қичқиради ҳовлида аллаким.
— Володичка келдилар! — деб бақиради Чаталья, югуриб овқатхонага кириб.
Милорд йўғон товуш билан: «вов! вов!» дейди. Болаларни шаҳарда, гостиний дворда тутиб олишибди (улар порох сотадиган жойни суриштириб юришган экан). Володя даҳлизга кирган ҳамоно ҳўнграб йиғлаб юборади ва онасининг бўйнидан қучоқлаб олади. Қизлар дир-дир титраб нима бўлар экан деб туришади. Улар оталари Володя билан Чечевицинни кабинетига олиб кириб кетганини, улар билан узоқ гаплаштанини эшитишади; она ҳам гапиради ва йиғлайди.
— Шунақа қилиб бўладими ахир? — деб уқдирарди отаси. — Худо кўрсатмасин, буни гимназияда билиб қолишса, ҳайдаб юборишади-ку. Уялмайсизми, жаноб Чечевицин! Яхши эмас! Шу ишларни сиз бошлагансиз. Ота-онангиз, албатта, адабингизни беришар! Шунақа қилиб бўладими ахир? Қаерда тунадингиз?
— Вокзалда, — деб жавоб беради Чечевицин гердайиб. Кейин Володя ётиб қолади ва унинг бошига сиркага ҳўлланган сочиқ босиб турадилар. Аллақаёққа телеграмма юбордилар. Эртасига бир хотин — Чечевициннинг онаси келиб ўғлини олиб кетди.
Жўнаб кетаётганда Чечевициннинг чеҳраси шиддатли ва мағрур эди. Қизлар билан хайрлашаётиб ҳеч нарса демайди; фақат Катянинг дафтарчасини олиб эсдалик учун:
«Монтигомо Қирғий Чангал» деб ёзиб қўяди.

Ҳ. Аҳророва таржимаси