Гўзал Ванда ёки паспортида ёзилишича ҳурматли гражданка Настасья Канавкина, касалхонадан шифоланиб чиққандан кейин, илгарилари ҳеч бошига тушмаган мушкул аҳволда: бошпанасиз, қўлида бир тийинсиз қолди. Нима қилсин?
Даставвал у қарз берадиган кассага равона бўлди ва у ерда биттагина қимматбаҳо нарсаси — феруза кузли узугини гаровга қўйди. Узук учун унга бир сўм бердилар. Бироқ… бир сўмга нима олиш мумкин? Бу пулга на калта модали кофта олиб бўлади, на тепаси чўққайган шляпа олиб бўлади, на бронза рангли туфли олиб бўлади. Булар бўлмаса ўзини у яланғочдек сезар эди. Унинг назарида одамларгина эмас, ҳатто отлар ва итлар ҳам унинг оддий кўйлагига кулиб қараётганга ўхшарди. Унинг фикри-зикри фақат кўйлакда, нима ейиш, қаерда тунаш хаёлига ҳам келмас эди.
«Бирорта таниш эркак учраб қолса кошкийди… — деб ўйларди у. — Мен ундан пул олардим… Мендан ҳеч ким аямайди, чунки…»
Бироқ таниш эркаклар учрамас эди. Уларни кечқурун «Ренессанс»да учратиш қийин эмас, лекин «Ренессанс»га бу аҳволда ва шляпасиз киргизишмайди. Нима қилса бўлади? Узоқ хаёллардан кейин, юриш ҳам, ўтириш ҳам, ўйлаш ҳам кўнглига теккандан кейин Ванда охирги чорага: бирорта таниш эркакнинг тўппа-тўғри уйига бориб пул сўрашга қарор қилди.
«Кимга борсам экан? — деб ўйларди. Мишага бориб бўлмайди — оиласи бор… Сариқ чол ҳозир хизматда…»
Ванда, православ мазҳабига кирган, тиш доктори Финкельни эслади, у бундан уч ой илгари билак узук тақдим қилган эди ва кунлардан бир кун у немис клубида овқатланиб ўтиришган пайтда Финкельнинг бошидан бир стакан пиво қуйиб юборган эди.
«Ҳар ҳолда у йўқ демас, иш қилиб уйидан топсам булди… — деб ўйлади уникига кета туриб, — Бермаса мендан кўради, ҳамма чироқларини синдириб ташлайман».
У тиш докторининг эшигига келгунича ҳамма режаларини тузиб қўйди. У хохолаб кулиб зинапоядан чиқади, тиш доктори кабинетига югуриб киради-да, йигирма беш сўм беришини талаб қилади… Лекин қўнғироққа қўл чўзиши билан ҳамма режалари ўз-ўзидан хаёлидан кўтарилди. Тўсатдан Ванда қўрқиб қолди ва юраги ҳовлиқиб кетди, бу аҳвол унда илгари ҳеч қачон бўлмаган эди. У фақат ичкиликбозликларда жуда ботир ва хира бўлиб кетар, лекин ҳозир оддийгина кўйлак кийган, оддий хайр тиловчи тарзида қабул қилмай қўйишлари ҳам мумкин. У ўзини жуда қўрқоқ ва хор бўлганидек сезди. У уялди ҳам ваҳимага тушди.
«Балки мени эсидан чиқариб юборгандир… — деб ўйлади у, қўнғироқни босишни ҳам билмай — Шу аҳволда унинг олдига қандай кираман-а? Худди гадой хотин ёки аллақанақа мешчанкага ўхшайман.»
Ванда қўнғироқни секингина босди. Эшик орқасидан оёқ товуши эшитилди, бу швейцар эди.
— Доктор уйдами? — деб сўради у.
Ҳозир швейцар унга «йўқ» деб қўя қолгани тузукроқ эди, аммо у жавоб ўрнига уни йўлакка киргизиб, устидан пальтосини ечди. Зинапоялар унга жуда ҳашаматли ва дабдабали кўринди, лекин бутун ҳашаматлар ичида унинг кўзи тушган нарса катта ойнак бўлди бу ойнакда у чўққайган шляпаси, модали кофтаси ва оёқларида бронза рангли туфлиси бўлмаган чувриндини кўрди.
Уни машиначига ёки кирчи аёлга ўхшатиб қўйган мана бу эски кийимларда Ванда ўзини уятчанг сезгани илгариги сурбетлик ва жасурликдан ҳеч нима қолмагани энди у хаёлида ўзини Ванда эмас, илгаригидек Настя Канавкина деб аташи ўзига ғалати туйилар эди…
— Марҳамат! — деди уй хизматчиси, уни кабинетга кирита туриб. Доктор ҳозир… Ўтиринг.
Ванда юмшоқ креслога ўтирди.
«Қарзга беринг! — дейман қўяман! — деб ўйлади у — ШУ тузукроқ, чунки у менга таниш-да. Бироқ, шу хизматчи бу ердан чиқиб кетсин-да. Унинг олдида сўраш ўнғайсиз… Нима қилиб туриптикин энди?».
Бир пасдан кейин эшик очилди ва новча, қора тўрдан келган, лўппи юзли, чақчайган кўзли Финкель кирди. Унинг ортиқча тўқликдан дарак берувчи ёноқлари, кўзлари, қорни, йўғон сонлари беўхшов ва ёқимсиз эди. «Ренессанс»да ва немис клубида у одатда жуда хушчақчақ бўлар, хотинларга пулни совирар ва уларнинг ҳазилларини тоқат қилиб кўтарар эди (масалан Ванда унинг бошидан пиво қуйиб юборганда, у фақат илжайиб, бармоғи билан пўписа қилиб қўя қолди); энди бўлса қовоғидан қор ёғади, кўзлари уйқусираб, худди бошлиқлардек гердайиб, совуқ қарар ва нимадир кавшарди.
— Нима хизмат? — деди у Вандага қарамай туриб.
Ванда хизматчининг жиддий юзига ва чамаси уни таний олмаётган Финкельнинг ёғ босган гавдасига қаради ва қизариб кетди…
— Нима хизмат? — деб такрорлади тиш доктори бу гал асабийлашиб.
— Ти-ши-м оғрияпти, — деб пичирлади Ванда.
— Ҳа, ҳа… қанақа тишингиз? Қани?
Ванданинг битта қурт еган тиши борлиги эсига тушди.
— Пастдан ўнг томонда… — деди у.
— Ҳмм!.. Оғзингизни очинг.
Финкель хўмрайиб олди, нафасини ичига олиб, оғриқ тишни кўра бошлади.
— Оғридими? — деб сўради у қанақадир темир билан тишни кавлаб.
— Оғриди… — деди ёлғондан Ванда. — «Эсига солсам, балки танирмиди… — деб ўйлади у. Бироқ… хизматчи бор! Нега у бу ерда турипти?»
Финкель тўсатдан унинг оғзи олдига худди паровоздек пишиллаб:
— Тишни замаскалатишга маслаҳат бермайман… Бу тишнинг сизга барибир фойдаси йўқ, — деди.
Тишни яна бироз кавлагандан кейин ва тамаки ҳиди уриб кетган бармоқлари билан Ванданинг лаб ва миликларини булғатиб, нафасини ичига олди ва унинг оғзига қандайдир совуқ бир нарса тиқди… Ванда бирдан қаттиқ оғриқ сезди, бақириб юборди ва Финкельнинг қўлига ёпишди.
— Ҳеч нима, ҳеч нима қилмайди… — деб дўнғиллади У — Сиз қўрқманг… Бу тишдан сизга, барибир, ҳеч қандай фойда йўқ. Ботир бўлиш керак.
Тамаки ҳидли ва қонга беланган бармоқлар унинг кўзлари олдига суғирилган тишни олиб келдилар, хизматчи хотин бўлса келиб унинг оғзига тоғорача тутди.
— Уйда оғзингизни совуқ сув билан чайинг… — деди Финкель, — шунда қон тўхтайди…
У Ванданинг қаршисида худди тезроқ кета қолсачи, тинч қўйсачи дегандек турар эди…
— Хайр… — деди Ванда эшик томон бурилиб.
— Ҳмм!.. Хўш, хизматим учун менга пулни ким тўлайди? — деб сўради Финкель кулгили бир оҳангда.
— Вой, айтгандек… — деб эслади Ванда қизариб кетиб ва докторга феруза кўзлик узуги учун олган бир сўмни чўзди.
Кўчага чиққандан кейин у бадтарроқ уялди, лекин бу уялиш ўзининг камбағаллиги учун эмас эди. У энди бошида чўққайган шляпаси йўқлигини ҳам, модали кофточкаси йўқлигини ҳам сезмас эди. У кўча бўйлаб борар, қон тупурар ва ҳар бир қон тупуриш унинг ҳаётидан, ёмон, оғир ҳаётидан, умрида эшитиб келаётган ҳақоратлардан ва эртага ҳам, бир ҳафтадан кейин ҳам, бир йилдан кейин ҳам — бир умр, ўла-ўлгунча ҳам эшитадиган ҳақоратлардан дарак берар эди…
— О, нақадар мудҳиш! — деб шивирларди у. — Нақадар оғир, ё раббий!
Бироқ эртасигаёқ у «Ренессанс»да рақсга тушиб юрарди, унинг бошида яп-янги каттакон қизил шляпа, устида янги модали кофта ва оёғида бронза рангли туфли бор эди. Уни Қозондан келган ёш савдогар зиёфат қилмоқда эди.
Ҳ. Зиёхонова таржимаси