Антон Чехов. Семиз ва ориқ (ҳикоя)

Николаев темир йўлининг вокзалида икки ошна учрашиб қолди. Бири семиз, бири ориқ. Семиз ҳозиргина вокзалда овқат еган — ёғлиқ лаби пишган олчадай ялтираб турибди. Ундан херес виноси ва флерд оранже деган атирнинг ҳиди келар эди. Ориқ эса вагондан ҳозиргина тушган ва чемодан, тугун, картонлар кўтариб олган эди. Ундан ветчина ва қаҳва ҳиди келар эди. Унинг орқасида ориқ, чўзиқ юзли хотини, қисиқ кўзли новча гимназист ўғли турибди.
— Порфирий! — деди семиз, ориқни кўриб. — Сенмисан! Бўталоғим! Неча-неча ёз, неча-неча қишлар ўтиб кетди!
— Э! — деди ориқ ҳайрон қолиб. — Миша! Биродарим! Қадрдоним. Хўп эсон-омон бормисан?
Ошналар қайта-қайта, уч марта, оғиз-бурун ўпишгандан кейин кўзларига ёш олиб тикилишди. Иккови ҳам ўзида йўқ хурсанд бўлиб довдираб қолди.
— Азизим! — деди ориқ оғиз-бурун ўпишгандан кейин. — Буни қара-я! Хўп учрашиб қолдик-да! Қани менга тузукроқ қарачи! Ҳали ҳам ўша илгаригидек, чиройликсан-а! Ҳамон ўшандай жонон, олифта! Оббо сен-ей! Хўш қалайсан? Бойидингми? Хотин олдингми? Мен уйландим, мана… Бу хотиним, Луиза Ванценбах… Лютеран мазҳабида… Бу эса ўғлим Нафанаил, учинчи классда ўқийди… Нафанаил, бу киши менинг қадрдон дўстим! Гимназияда бирга ўқиганмиз.
Нафанаил бироз ўйлаб туриб, шапкасини бошидан олди.
— Гимназияда бирга ўқиганмиз,— деди ориқ давом этиб. — Эсингда борми, сени нима деб калака қилишарди? Ҳукумат китобини папирос билан куйдирганинг учун сени Герострат* деб калака қилишар эди. Мен чақимчи булганим учун Эфиальт* деб калака қилишарди. Ҳа-ҳа… Бола эдик! Тортинма, Нафаня! Яқинроқ кел… Бу менинг хотиним Ванценбах… Ўзи лютеран…
Нафанаил бироз ўйлаб туриб, ўзини отасининг орқасига олди.
— Хўш, ишлар қалай, дўстим? — деди семиз, дўстига назар ташлаб. — Бирон жойда хизмат қиласанми? Каттароқ амалга миндингми?
— Хизмат қиламан, дўстим! Икки йилдан бери коллежский асессорман, Станислав* олдим. Маошнинг мазаси йўқ… Садқаийсар-куя! Хотиним музика дарси беради, мен уйда ёғочдан портсигар қилиб сотаман. Жуда ғалати портсигарлар ясайман. Биттаси бир сўм. Улгуржи оладиган одамга арзонроқ қилиб бераман. Сабаби тирикчилик-да. Департаментда хизмат қилар эдим, шу маҳкама бўйича бу ёққа ишлар мудири бўлиб келдим… Шу ерда хизмат қиламан. Хўш, сенчи? Статский советник бўлгандирсан, дейман? А?
— Йўқ, азизим, юқорироқдан келавер, — деди семиз. — Мен тайний советник бўлиб қолдим… Иккита Юлдузим* бор.
Бирданига ориқнинг ранги оқариб кетди, тошдай қотиб қолди, лекин сал ўтмай юзи тарвайиб, куйдирган калладай иржайди; худди юз-кўзидан учқунлар ёғилаётганга ўхшар эди. Ўзи қўнишди, букчайди… чамадони, тугуни ва картонлари ҳам буришиб қолгандай бўлди… Хотинининг чўзиқ юзи яна ҳам чўзилди; Нафанаил ғоз туриб, мундирининг ҳамма тугмаларини солди…
— Мен жаноби олийлари… Кўп яхши!.. Болалигингдан бери дўст бўлиб юрган кишинг шугдай мартабага етса! Ҳи-ҳи!
— Қўйсангчи! — деди семиз афтини буриштириб. — Бу гапларнинг нима кераги бор? Бирга, кўрпа тепишиб катта бўлган одамлармиз, мунча эҳтиром-у қўл қовуштиришнинг нима кераги бор!
— Қўл қовуштирмасдан бўлар эканми… Наинки… — деди ориқ яна ҳам қўнишиб, жанобларининг назари марҳаматлари!.. Гўёки обиҳаёт… Бу жаноби олийлари, ўғлим Нафанаил… хотиним Луиза, лютеран, бир даража…
Семиз унга қарши нимадир демоқчи эди, унинг юзидаги ортиқ даражада бўлган мутелик, хоксорлик аломатлари энсасини қотириб юборди. У ўгирилиб, хайрлашгани қўл узатди.
Ориқ бутун вужуди билан таъзим қилиб хайрлашди ва хитойдан ҳи-ҳилади. Хотин илжайди. Нафанаил товони билан қадам ташлайман деб шапкасини қўлидан тушириб юборди. Уччови ҳам ўзида йўқ хурсанд эди.

Абдулла Қаҳҳор таржимаси
_________
* Герострат – юнон афсонасининг қаҳрамони. Ном чиқариш учун маъбуда Диананинг ибодатхонасига ўт қўйган.
* Эфиальт – афсона қаҳрамони. У Эрон қўшинига тоғдан ўтгани йўл кўрсатиб, ватандошларига хиёнат қилган.
* Станислав – орден.