Антон Чехов. Саҳро (қисса)

(Бир саёҳат баёни)

I

Июль ойининг эрта саҳар пайтида Z губернасининг N. уезд шаҳарида дақиёнусдан қолган шалоқ, рессорсиз бричка шаҳардан чиқиб, катта йўлдан шалдираб кета берди. Россияда бундай араваларда ҳозир фақат савдогарларнинг гумашталари, қўйчи пойкўпчилар ва қашшоқ домлалар юради. Арава қимирлади дегунча оламни тақир-туқур босади. Арава орқасига осилган челакнинг товуши тақир-туқурга яна бир овоз қўшади. Бу товушлар ва шалоқ араванинг у ён бу ёнидан осилиб ётган увада чармлар унинг кўҳналигидан, ўтин бўлишга аллақачон тайёр бўлганидан гувоҳлик беради.
Бричкада N уезди фуқароларидан икки киши ўтирибди: бири соқол-мўйлови қирилган, кўзида ойнак, сават шапка кийган кўпас Иван Иванович Кузьмичов, бу кишининг қиёфаси кўпас эмас, сипоҳга ўхшайди; иккинчиси N уездидаги Николай черковининг бош руҳонийси паст бўйли, сочлари ўсган чол Христофор ҳазрат Сирийский. Бу кишининг эгнида қопга ўхшаган қалин бўздан кафтан, бошида соябони кенг цилиндр, белида тикилган, кашта камар. Буларнинг биринчиси хомуш ўтириб, алланарсани ўйламоқда; гоҳо ўйқусини ўчирмоқчи бўлиб калласини силкитиб қўяди. Бунинг башарасида юмуш ташвиши билан машғуллик ва ҳозиргина хеш-ақраболари билан хўшлашган ва меъёрига еткизиб ичиб олган кишининг бепарволиги акс этмоқда; иккинчиси бўлса, ҳайрон қолиб, намли кўзлари билан ёруғ дунёни томоша қилиб, шундай илжайиб борадики, оғзи қулоғига етиб, цилиндрининг соябони ҳам оғзига кириб кетгудай бўлади; юзи совуқ егандек қип-қизил. Кузьмичов ва Христофор ҳазрат энди юнг сотгани боряптилар. Уйларидан хўшлашиб чиқаётганларида, ширмонни қаймоқ билан еб, тўйиб олган, эрталаб бўлса ҳам боплаб ичишиб олган эдилар. Икковларининг димоғлари жуда чоғ.
Бричкада бу икки киши ҳамда бир пар гижинг жийрон отни қамчилаб бораётган Денискадан бўлак, юзлар офтобдан қорайган ва йиғлайвериб шалаббо бўлиб шишган тўққиз яшар бола ҳам бор. Бу бола Кузьмичовнинг жияни Егорушка эди. Тоғасининг рухсати ва Христофоп ҳазратнинг фотиҳаси билан аллақаёққа бориб, гимназияда ўқиш учун кетяпти. Боланинг онаси Кузьмичоқнинг синглиси Ольга Ивановна уезд маҳкамаси мирзаси бўлмиш эридан бева қолган. Ўқимишли кишиларни ва киборлар жамиятини яхши кўрганидан, юнг сотгани кетаётган акасига ялиниб, Егорушкани гимназияга ўқишга юборди. Бола қаёққа ва нега кетаетганидан бехабар, йиқилиб тушмай деб, Денисканинг тирсагидан маҳкам ушлаб, самовар устидаги конфракда турган чойнакдек сакраб-сакраб ўтирибди. Арава чопиб кетаётганидан Дениснинг қизил кўйлаги дўмбира бўлиб, укки пари таққан янги қалпоғи ҳадеганда орқасига тушиб боряпти. Боланинг кўнгли бузилиб, хўрлиги келиб, йиғлагудай бўлиб кетяпти.
Бричка қамоқхона ёнидан ўтганида Егорушка баланд оқ девор тагида юриб турган соқчиларга, панжарали кичкина дарчага ва томда ярқираб турган крестга қараб ўтган ҳафта Казанский божематер куни онаси билан хайит қилиб, қамоқхона черковига боргани эсига тушди. Бундан аввал, пасха куни, оқ соч Людмила ҳам Дениск билан қамоқхонага кулча нон, тухум, сомса ва қовурдоқ келтирган эди. Қамоқдагилар дуо қилиб, келтирган худойини олиб қолган ва ҳатто, биттаси Егорушкага қалайи запонкалар берган эди.
Бола таниш жойларга қараб, ҳайрон булиб бормоқда; лаънати бричка бўлса, ҳамма нарсани орқада қолдириб чопиб кетмоқда. Қамоқхонанинг орқасида қора куя босган темирчилик, сўнгра чағир тошлардан атрофига девор қилинган кўркам гўристонлик орқада қолди. Кўм-кўк олчалар ичига яширинган ва йироқдан оқариб кўринган крестлар ва ҳайкаллар девордан мўралар эди. Олчалар гуллаганда, оқ крестлар олчалар гулига қўшилиб, ҳамма ёқ оппоқ оқаради. Олча пишганда оқ ҳайкалларга ва крестларга қондек қип-қизил хол тушади. Деворнинг нариги ёғидаги олча тагида Егорушканинг отаси билан бувиси Зинаида Даниловна кеча-кундузни билмай уйқуда ётадилар. Бувиси ўлганда узун ва ингичка тобутга солиб, юмилмай қолган кўзларини беш тийинлик чақа билан бекитиб қўйган эдилар Бувиси ўлмасдан олдинроқ бозордан кўкнор уруғи сепилган юмшоқ нон, тешик кулчалар келтирган эди, энди ухлагани-ухлаган… Буларнинг ҳаммаси Егорушканинг хаёлидан бирма-бир ўтди.
Гўристон орқасида хумдонлар тутаб турибди. Ер бағирлаб ёпилган узун қамиш томлардан буруқсаб чиққан тутун секин юқори чирмашиб бормоқда. Хумдонлар билан гўристон устидаги паға-паға тутундан тушган кўланкалар кўча ва ерда судралиб бормоқда. Томларнинг ёни-верида одамлар, отлар қип-қизил тўзон ва тутун ичида ғимирлашади…
Заводларнинг орқасида шаҳар тугаб, дала бошланди. Егорушка шаҳарга сўнгги марта кўз ташлаб, Денисканинг қўлига юзини қўйиб, ҳўнграб йиғлаб юборди…
Кузьмичов болага қараб:
— Ҳали ҳам йиғлаб бўлганинг йўқми? Эрка бола яна сўлагингни оқизаётибсанми! Бормасанг борма, ҳеч ким сени зўрлаб олиб кетаётгани йўқ, — деди.
Христофор ҳазрат ҳам ғўлдираб:
— Қўй, қўй чироғим… худога ёлвор… ёмонликка кетаётганинг йўқ, хайрли ишга бораётибсан. Ўқиган кишининг кўзи очиқ, ўқимаганники кўр дейдилар. Бу тўғри гап.
— Уйга қайтасанми? — деб сўради Кузьмичов.
Бола энтикиб-энтикиб:
— Қайтиб… кетаман… — деди.
— Қайтганинг ҳам тузук эди. Барибир етти чақирим жойга ҳалим егани боргандек овора бўлиб кетаётибсан.
— Майли, хафа бўлма оғайни, худога шукур қил. Ломоносов ҳам балиқчилар билан сафарда юриб, Европага донғи кетган одам бўлиб чиқди. Ихлос билан олинган билим, худо севган мевалар беради. Оятда нима дейилган? Яратувчига шукур. Ота-оналаримизни худо ярлақасин, дин ҳам ватан фойдасига… Ана шунақа… — деди Христофор ҳазрат.
Кузьмичов арзон баҳо сигарини чекаркан:
— Фойда ҳар хил бўлади. Баъзи одам йигирма йил ўқиса ҳам одам бўлмайди, — деди.
— Туғри, бундай ҳам бўлади.
— Баъзи одамга илм фойда келтиради, баъзи одамнинг миясини айнитади. Синглим ҳеч балони фаҳмламайди-ку лекин жуда баланд парвоз. Егорушкани мулла одам қилмоқчи бўлади, аммо ўз касби корим билан ўғлини умрбод бахтиёр қилиш менинг ҳам қўлимдан келади-ю, лекин бунга ақли етмайди. Бу гапни сизга айтишдан муродим шуки, агар ҳамма мулла бўлиб мартабага миниб кетса, савдогарликни ким қилади-ю, буғдойни ким экади? Ҳамма очидан ўлади.
— Агар ҳамма савдогарлик ва деҳқонлик қилса, илм кимга қолади!
Кузьмичов билан Христофор ҳазрат икковлари маъқул бир гап айтгандек, чеҳраси жиддий бир тус олиб, бирданига йўталишди. Буларнинг сўзларини тинглаб турган ва лекин ҳеч нарса фаҳмламаган Дениска калласини қимирлатиб андек кўтарилиб, жийронларни бир қамчидан уриб қўйди. Сукут бошланди.
Бу орада йўловчилар кўз олдида, атрофи қирлар билан ўралган поёнсиз кенг яйлов очилди. Бир-бирлари орқасидан мўралашиб турган бу қирлар қўшилиб, баланд бир қирликка айланди. Бу қирлик йўлнинг ўнг томонидан бошланиб кўк аралаш қизғич уфуқ ичига кириб кетади. Боравериб, боравериб, киши бу қирликнинг қаердан бошланиб, қаерда тугашини билмайди… Қуёш орқадан, шаҳарнинг нариги ёғидан кўринди ва жимгина ўз юмушига киришди. Аввал йироқда, осмон билан ер қушилган жойдаги қўрғончалар ҳамда йироқдан қўлларини силикитиб турган кичкина одамга ўхшаган шамол тегирмонлар ёнида сап-сариқ шуъла ерни силаб ўтди. Бир ондан сўнг бундай шуъла йироқдан кўриниб, қирлардан ошио кела берди. Егорушканинг орқасига илиқ теккандай булди. Ёруғ орқадан секин келиб бричка билан отнинг устидан ошиб ўтиб кетди ва бирдан куннинг ёруғи бир-бирига қўшилиб, кенг саҳро эрталабнинг нурсиз либосини эгнидан ташлади, шудринг товланиб, саҳро жилваланди.
Ўриб олинган қора буғдой, бурганлар, сут ўтлар, ёввойи кунжут, куннинг иссиғидан сўлиб, қовжираб сарғайиб қолган ўланлар энди шудрингдан сўлиб бўлиб, куннинг нуридан очилиб яна яшнади. Қушлар йўл устида бозор қилиб айланиб юради, юмронқозиқлар чинқиради, йироқда, чап томонда лойхўраклар чийиллийди. Бир гала каклик бричка тўпалонидан ҳуркиб, пириллаб учиб, қирларга бориб қўнди. Ниначилар, чигирткалар ўтлар ичида бир хилда чириллаб юрипти.
Бир оздан сўнг шудринг кўтарилиб, ҳавода яна жимлик қарор топди. Алданган саҳро яна июль ойидаги маъюс ҳолига тушди. Ўтлар сўлиди, ҳаёт ўчди. Узоқдан қип-қизилдай кўринган, иссиқдан куйиб кетган қора қирларнинг кўланкадек ўлик бағри, йироқларга қараганда туман босгандек кўринади. Яйла ва бу яйла устига тўнкарилган ва ўрмонлари, баланд тоғлари бўлмаган саҳрода таг-туги, поёни йўқдай кўринган тип-тиниқ осмон энди хафаликдан, қайғу ва ҳасратдан қақшаган тубсиз, поёнсиз бир бўшлиққа ўхшайди…
Ҳаво дим, ҳамма ёқ сўнук. Бричка югуриб кетмоқда, лекин Егорушка осмон, яйла ва қирлардан бошқа ҳеч нарсани кўрмайди… Ўланлар ичидаги хуш овоз тинди. Қушлар учиб кетди, какликлардан асар қолмади. Сўлиган ўтлар устида қузғунлар бекорга учиб юради. Қузғунларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшаганлигидан саҳронинг ғурбатини яна оширади.
Калхат қанотларини секин-секин қоқиб, ер бағирлаб учади; бирдан ердаги ҳаётнинг шунчали зерикарли эканлигидан андишага тушгандек, ҳавода бир оз тўхтаб, сўнгра қанотларини қоқиб, ўқдек учиб кетди. Учиб нима қилади, мақсади нима, номаълум. Узоқда шамол тегирмон айланмоқда…
Саҳро тусини ўзгартириб унда-бунда ўт ичида оқ калла суяги ёки оқ тош, йўлга тош қозиқлар ёки юқориги шохига кўк қарға қўнган қуруқ тол кўриниб қўяди, йўлдан юмронқозиқ югуриб ўтади-да, яна ўша бурганлар қир ва қузғунлар кўз ўнгингиздан ўта беради…
Худога шукурки, боғланган буғдой ортган бир арава рўпарадан келяпти. Буғдой устидан кўзини уйқи босган, иссиқдан тинкаси қуриган бир қиз бошини кўтариб, йўлда учраганларга қарайди. Дениска қизга қараб эси оғиб кетди. Жийрон отлар буғдойга қараб бўйинларини чўздилар, бричка ғижирлаб, буғдой ортган арава билан гўё ўпишди, буғдойнинг тиканли бошоғи Христофор отанинг цилиндрини супуриб ўтди.
— Ҳай, кўзингга қара, лўппи! — деб қичқирди Дениска. — Одамларни босиб кетасан! — Башарангни қара-ю, ари чаққандай шишиб кетибди.
Қиз унқисираб жилмайди, лабларини қимирлатиб, бир нарса дегандай бўлди-да, яна ётди… Қир устида якка туп терак кўринади; уни ким ва нега ўтқазганини худо билади. Унинг узун бўйидан, кўм-кўк тўнидан кўзни олиб бўлмайди. Бу чиройлик дарахт бахтиёрми? Ёзда иссиқ, қишда совуқ ва бўрон, кузда даҳшатли кечалар ва бу кечаларда қоронғиликдан бошқа нарса кўринмайди, қаҳрли шамолнинг изғишидан бошқа нарса қулоққа эшитилмайди. Бу ҳам майли-ку, лекин бутун умри якка-ю ягона, танҳо ўтади… Терак орқасидан қир тепасидан йўлга тушкунча сап-сариғ олтиндек буғдой гилам ёйган. Қир тепасидаги буғдой ўрилиб хирмон қилинган. Пастроқда энди ўряптилар… Олти ўроқчи қаторига чалғи билан ўряптилар. Чалғиларнинг олтови бирданига ярқиллаб, бароварига «виж-виж» деган товуш чиқаради. Ўрилган буғдойларни боғлаётган аёлларнинг, ўроқчиларнинг башараларидан, чалғиларнинг ҳаракатларидан, ярқиллашидан куннинг иссиқлиғи ва димлиги кўриниб турибди. Қора ит тилини чиқариб ўроқчилар томонидан бричкага қараб келяпти. Келишдан нияти акиллаш бўлса ҳам, ярим йўлга келиб, қамчисини ўхталган Денискага қараб мўлтайиб қолди, гўё иссиқдан акиллагиси ҳам келмайди. Аёллардан бири ўрнидан туриб, увишиб, қотиб қолган белини икки қўли билан ушлаб, Егорушкани алвон кўйлагига қараганича қолди. Кўйлакнинг қизил ранги ёқдими ёки болалари эсига келдими, ҳарҳолда хийла вақтгача қараб тикилиб турди…
Энди буғдойлар ҳам орқада қолди. Яна қип-яланғоч ялангликлар, офтобдан куйган қирлар, мисдек қизиган осмон ва бу осмоида баланд парвоз калхат; йироқда ҳали ҳам тегирмон қанотларини қоқади, ҳали ҳам қўлини айлантириб турган кичкина одамга ўхшайди. Унга қарай бериб чарчайди киши, унга ҳеч етиб бўлмайдигандай, саҳро бричкадан қочиб кетаётгандай кўринади.
Христофор ҳазрат ва Кузьмичов жим бормоқдалар. Дениска жийронларини қамчилаб гоҳо бақириб ҳам қўяди. Егорушка бўлса, йиғисини тўхтатиб, атрофга қараб ҳайрон бўлиб кетяпти. Ҳавонинг иссиғи ва саҳронинг зерикарли манзараси уни чарчатди. Унинг назарида аллақачондан бери йўл юриб келяпти, аллақачондан бери бричка қоқмоқда, офтоб ҳам аллақачондан бери орқасини қизитмоқда. Бироқ ҳали ўн чақирим ҳам юрганлари йўқ-ку. У «қачон дам оламиз!» деб ўйлайди… Тоғасининг башарасидаги беғамлик аста-секин йўқолиб, юмуш ташвиши билан машғулликкина қолди. Қирилган, озғин юзи,
хусусан кўзойнагини таққанда, бурни билан чаккасини чанг босганда, ундаги хомушлик унинг қиёфасини шафқатсиз ва марҳаматсиз қилиб кўрсатади. Христофор ҳазрат бўлса ёруғ дунёнинг ажойиботларини томоша қилиб, ҳайрон бўлиб, кулимсираб бормоқда. У кўнглида аллақандай нарсани ўйлаб, хурсандлигидан ёқимли табассум юзидан кетмай қотиб қолди. Яхши қувончли фикр ҳам иссиқдан миясида қотиб қолгандай кўринади…
— Дениска, бугун араваларга етиб оламизми? — деб сўради Қузьмичов.
Дениска осмонга қараб олиб, ўрнидан андек кўтарилиб, отларга бир-икки қамчи ургач, жавоб берди:
— Худо хоҳласа, тунгача етиб оламиз…
Итлар вовуллаши эшитилди. Олтита катта-катта саҳро овчаркаси гўё пусиб ётган жойдан ирғиб чиққачдай тўсатдан югуришиб чиқиб, вовуллашганича бричкани қувлашди. Ҳаммаси ҳам қопонғич, кўзлари ғазабдан қизарган, тумшуқларини жун босган итлар бричкани ўраб олиб, бир-бирларини итаришиб ириллай бошладилар. Итларнинг ғазаби шундай зўр эдики, отларни ҳам, бричкани ҳам, одамларни ҳам тилка-пора қилгундай бўларди… Итларни бир-бирига олқишлашни ва қамчиларни яхши кўрган Дениска, пайт келганига хурсанд бўлиб, чеҳрасида қувонч аломатларини кўрсатиб, энгашиб туриб, қамчи билан итни бир урди. Итлар баттар ириллаб, отлар қаттиқроқ чопиб берди. Егорушка йиқилиб тушгудай бўлса итлар дарҳол тилка-пора қилишларини фаҳмлаб, аравани маҳкам ушлаб, итларнинг тишлари ва кўзларига тикилганича қолди, лекин қўрқмади, Денискага ўхшаб қувонди, қўлида қамчиси йўқлигига ачинди.
Бричка қўйлар қўтонига яқин келди. Кузьмичов:
— Шошма. Тўхта! Диррр… — деди.
Дениска ўзини орқага ташлаб, отларни тўхтатди.
Кузьмичов чўпонни чақириб:
— Бери кел. Падар лаънати итларнинг товушини ўчир, — деди.
Чувринди, оёқяланг, бошида қалпоғи, белида ифлос тўрваси, қўлига илмоқли узун таёқ кўтарган, қадимги «авлиё»ларга ўхшаган қари чўпон, итларни жим қилиб, бошидан қалпоғини олиб, бричкага яқин келди. Қўтоннинг нариги ёғида ҳам худди шунга ўхшаган яна бир киши йўловчиларга қараб ағрайиб турибди.
— Бу қўтон кимники? — деб сўради Кузьмичов.
— Варламовники! — деб қичқирди чол.
Қўтоннинг нариги томонида турган чўпон ҳам:
— Варламовники, — деди.
— Кеча бу ердан Варламов ўтдими?
— Йўқ, ўтгани йўқ. Гумашталари ўтдилар, бу тўғри…
— Юр.
Бричка жўнади, чўпонлар қопоғон итлари билан орқада қолди. Егорушка йироқдаги кўкаламзорга истар-истамас қараб кетяпти. Қанотларини айлантириб турган тегирмон яқинлашиб қолгандай кўринади. Тегирмон борган сари улғайиб, каттакон бўлиб, қанотлари ҳам аниқ кўринади. Бир қаноти эски ва ямоқ солинган, иккинчиси яқинда янги ёғочдан қилинганидан офтобда ярқираб турибди.
Бричка тўғрига қараб кетди, тегирмон эса негадир чап томонга ўта бошлади. Бричка йўл босган сари тегирмон чапга қараб кетяпти-ку, лекин кўздан ғойиб бўлмаяпти.
— Болтва ўғлига хўп яхши тегирмон қилиб бериптида, — деб қўйди Дениска.
— Нега унинг қўрғончаси кўринмайди.
— Адирнинг нариёғида.
Бир оздан сўнг Болтванинг қўрғончаси ҳам кўринди, шамол тегирмон ҳали ҳам ғойиб бўлмай, ярқираган қанотларини қоқиб Егорушкага қарайди, холос. Қандай жодугар экан!

Тўлиқ ўқиш